«Ҳаётдан азизроқ орзу». Гравитация билан ўйнашган «қуш одам» – Лео Валентин ҳикояси


Сақлаш
16:31 / 23.09.2024 131 0

Дунё сўнгги бир ярим асрда жуда шиддат билан ривожланди. Илм-фандаги ихтиролар инсон турмуш тарзини кескин ўзгартирди. Бироқ бу кашфиётларга осонлик билан эришилмаганди. Бир муваффақиятли ихтиро ортида бир неча омадсиз тажрибалар ётади. Шундай тажрибалардан бири, инсон уча олишига ишонган, ўз орзуси рўёбини ҳаётидан ҳам устун қўйган францийалик Лев Валентин томонидан амалга оширилган.

 

«Дунёдаги энг жасур одам»

 

1956 йил 21 май куни Англиянинг Ливерпул шаҳрида юз мингдан кўпроқ одам Муқаддас Руҳ куни байрамини ўтказиш учун шаҳар аэропортига тўпланади. Тадбирга афсонавий «Биттлз» гуруҳининг бўлажак аъзолари Пол Маккартний ва Жорж Ҳаррисон ҳамда шаҳар масъуллари ҳам ташриф буюрганди.

 

Бироқ бу одамлар фақатгина диний байрамни нишонлаш учун йиғилмаганди. Улар Франциядан келган машҳур учувчилар, жумладан, Лео Валентиннинг ҳаво трюкларини томоша қилиш ниятида эди.

 

Ливерпулнинг Speke (ҳозирда Жон Леннон номида) аэропортига жам бўлган ушбу оломон учувчилар ва каскадёрларнинг нозик ҳамда жуда хавфли чиқишларини завқ билан қарши олади. Навбат асосий чиқишга келади: 37 ёшли Лео Валентин амалга оширувчи трюк «Бирдман», яъни “Қуш одам деб номланганди. Унда, Валентин 2700 метр баландликдан сакраши ва ўзи ясаган ёғоч қанотлар орқали бир неча миль масофага учиб, кейин парашют ёрдамида ерга қўниши керак эди.

 

Лео Валентин

 

Қуш каби учишни истаган инсон

 

Мақола қаҳрамони Лео Валентин 1919 йилда Франция ғарбида жойлашган Эпинал шаҳрида таваллуд топади. У ёшлигиданоқ самолётлар, двигателлар, умуман аэродинамикага қаттиқ қизиқади. Болакай учоқлар ҳақидаги газета ва китобларни иштиёқ билан ўқийди.

 

Валентин дастлаб қирувчи самолёт учувчиси бўлишни орзу қилган бўлсада, замон зайли сабаб Жазоирдаги француз десантчилари батальонига қўшилишга қарор қилади. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач бир неча жангларда иштирок этади. 1940 йилда ватани Германия томонидан оккупация қилингандан сўнг, Марокашдаги Франция десантчилари (парашютчилари) мактабида муҳандис бўлиб ишлайди. Орадан уч йил ўтиб, Англияга йўл олади.

 

Валентин 1944 йилдан бошлаб юртини озод қилиш учун яна жангларда қатнашади ва Озод Франция ҳаво кучларининг 4-батальонига қабул қилинади.

 

Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг Валентин парашют спорти муҳандислигига қайтади ва бўш вақтини қуш каби учиш орзусини рўёбга чиқаришга учун сарфлайди. У тез орада «Валентин позицияси» деб номланувчи самолётдан сакраш техникасини ишлаб чиқади. Валентинни машҳур қилган ушбу позиция десантга ҳаводаги ҳаракатларни яхшироқ бошқариш имконини беради. Ўша даврда парашютда барқарор тушиш ва оддий амалларни бажариш ҳамманинг ҳам қўлидан келадиган иш эмасди.

 

 

1948 йил февраль ойида Валентин парашютдан респиратор(нафас олиш органларини ҳимоя қилувчи қурилма)сиз сакраш бўйича жаҳон рекордларини ўрнатади: у кундузи 20 минг 200 фут (6156 метр), тунда эса 14550 фут (4434 метр) баландликдан парашютда сакрайди.

 

Унинг биринчи «бирдман» – «қуш одам» услубидаги сакраши 1950 йилда Париж яқинидаги Виллакулей аэродромида содир бўлади. «Қуш одам» ҳақдаги афсона илк бор шу ерда туғилганди.

 

Валентин ўзининг илк «қанотли сакраши»ни қаттиқ матодан тайёрланган қанотлар ёрдамида амалга оширади. Бироқ у горизонталь учишга эриша олмайди: мато катта босимга дош беролмай, йиртилиб кетади. Шундан сўнг Лео ёғоч асосли қаттиқ қанотлардан фойдаланишга қарор қилади.

 

1954 йил 13 майда қаттиқ ёғоч қанотлар ёрдамида Валентин, ниҳоят, горизонталь парвознинг дастлабки босқичида бироз барқарорликка эришади. Кейинроқ Валентин ўзининг ёғоч қанотлари билан уч миля масофага учишга муваффақ бўлганини айтган. Шу тариқа у тарихдаги биринчи «қуш одам»га айланади.

 

 

Ушбу парвоздан сўнг Валентиннинг парашютчи-ихтирочи сифатидаги обрўси кескин ошади. У Европа қитъаси бўйлаб яна юзлаб сакрашларни амалга оширади. Ва ҳар сафар кичик силжишга эришади. Ҳаво каскадёри ўша даврдаги «Флеш Гордон» каби кўплаб илмий-фантастик сериалларда кўриниш беради. Энг машҳур газета ва журналлар Валентиндан интервью олади.

 

Сўнгги парвоз

 

1956 йилга келиб, Лео Валентин жами 700 марта самолётдан сакраган эди.

 

Шу йилнинг май ойида француз парашютчиси Англиянинг Ливерпул шаҳрида бўлиб ўтаётган авиашоуга ташриф буюради. Бу унинг Буюк Британиядаги биринчи чиқиши эди. Унинг ташрифи ҳақидаги хабар Туманли Албионда катта шов-шувга сабаб бўлади. Юз мингга яқин одам Валентин ва бошқа учувчиларнинг қизиқарли трюкларини кўриш учун Ливерпулнинг Speke аэропортига тўпланади.

 

Ушбу авиашоуда Canberra T4, Sea Hawk, Meteor F8, Blackburn Beverley, BEA Pionair ва Airwork Viking  каби ўша давр учун замонавий самолётлар қатнашади. Улар томошабинларга турли ҳаво комбинатсийларини намойиш қилади.

 

Ва навбат, «қуш одам»нинг чиқишига келади. Валентин Starways Dakota русумидаги самолётда 9000 фут (2743 метр) баландликка кўтарилиши, кейин эса самолётдан сакраб, янги ёғоч қанотлари ёрдамида бир неча миль масофага учиши ва шундан сўнг парашют ёрдамида ерга қўниши лозим эди.

 

 

Валентин хавфсиз сакраши учун «Дакота»нинг орқа эшиги олиб ташланади. Лео бортдан туриб, уни кузатаётганларга қўл силкитади ва учоқ ҳавога кўтарилади. «Дакота» етарли баландликка чиққач, янги ёғоч қанотларини таққан Лео ерга сакрайди.

 

Валентин билан бирга самолётда бўлган журналист кейинчалик Лео ҳали сакрашга тўлиқ тайёр бўлмасдан шамол уни ортга итаргани, унинг чап қаноти самолётга тегиб, шикастланганини айтган.

 

Дарҳақиқат, танишлари Леога ўша куни Ливерпул осмони сакраш учун мос эмаслиги, об-ҳаво ноқулайлиги ҳақида айтган. Бироқ «қуш одам» 100 минг инсоннинг ҳафсаласини пир қилишни хоҳламаган.

 

«Дакота» осмонга кўтарилиши билан одамлар кўзларини қуёш нуридан қўли билан беркитиб, уни томоша қилишни бошлайди. Валентин самолётдан сакраши биланоқ шарҳловчи ҳар бир лаҳзани изоҳлайди. Бироқ орадан бироз ўтиб, оломон уларнинг боши устида ҳаммаси яхши кетмаётганини пайқайди. Шарҳловчи ҳам жимиб қолади.

 

 

Валентин ерга яқинлашган сари у қуш каби учаётгани эмас, балки қулаётгани аниқ бўлади. Одамлар бақиришни бошлайди. «Қуш одам» томошабинлардан сал нарироқдаги майдонга қулаб тушади.

 

Лео Валентин ҳавода қаноти шикастлангани ва энди учиш иложсизлигини билгач, парашютни очишга уринади. Бироқ парашют қанотларга ўралашиб, катта, тартибсиз ўрам ҳосил қилади. Муҳандис иккинчи захира парашют ҳалқасини тортади, аммо у ҳам ёйилиш пайтида қанот ва биринчи парашютга чирмашиб, Валентинни ўраб олади.

 

Инсон қуш каби уча олишига ишонган Лео Валентин 701-сакрашида, 2743 метр баландликдан тушиб, ҳалок бўлади.

 

 

Лео Валентиннинг жасади самолётда унинг она шаҳри Эпинал яқинидаги Люксей-Сен-Совер авиабазасига олиб келинади ва бу ерда у ҳарбий қоида бўйича кутиб олинади. 1956 йил 3 июнда Валентин Франция ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбийлари иштирокида Сен-Совер шаҳрига дафн этилади.

 

Шундай қилиб, ўз соҳасида яна бир қадам олдинга юришга уринган Лео Валентиннинг ҳаёти ҳалокатли тарзда якун топади.

 

Франция ва Буюк Британияда Валентин шарафига ёдгорликлар ўрнатилган. Унинг образи кўплаб кинокартиналарда акс этган.

 

Муҳаммадқодир Собиров

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10337
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//