“Молхона”, “1984” асарлари муаллифи Жорж Оруэлл: “Ҳеч бир асар сиёсий анъаналардан мутлақ холи бўлмайди”


Сақлаш
15:22 / 25.11.2021 1610 0

Болалик чоғимдан, беш-олти ёшларимда бўлса керак, улғайсам, албатта, ёзувчи бўламан деб ўйлардим*. Ўн етти ёшимдан йигирма тўрт ёшимгача бу фикримдан қайтишга ҳаракат қилдим, ўшанда ҳам ўзим ҳақиқий қизиққан соҳага содиқ қолмаётганим ва эртами-кечми, қачондир китоб ёзишга ўтиришимни ҳис қилиб турардим.

 

Биз оилада уч фарзанд бўлганмиз, мен ўртанчасиман, аммо орамизда беш йилдан фарқ бўлган. Устига устак, саккиз ёшга киргунимча отамни бирон марта кўрмаганман. Мана шундай ва бошқа айрим сабаблар боис мен одамови, якка-ёлғиз бола бўлиб улғайдим ва ўқувчилик пайтимда ёқимсиз қилиқларим сабабли ўртоқларим мендан узоқроқ юришарди. Ёлғиз болаларда турли воқеаларни тўқиб чиқариш ва тасаввурда туғилган суҳбатдоши билан сўзлашиш каби муаммолар туғилади. Менинг адабиётга даъвойим аввал бошдан якка-ёлғизлик ва иззатталаблигим туфайли пайдо бўлган, деб ўйлайман. Мен ўз сўзимни айта олишимни ҳамда турли ноҳақликлар юзига тик қарашга журъатим етишини англардим. Қандайдир ўз оламимни яратишимни, бу оламда ҳаётда неларни йўқотган бўлсам, барчасини қайтариб олишим мумкинлигини ҳис этардим. Шунга қарамай болалик ва ўсмирлигимда ёзилган жиддий (яъни, жиддий ёзилган) нарсаларим ўн саҳифага ҳам бормайди. Тўрт ёки беш ёшдами, биринчи шеърим ёзилган; мен айтиб турганман, онам қоғозга қоралаб қўйган. Уни бутунлай унутганман, фақат бу шеърнинг йўлбарс ҳақидалигини элас-элас эслайман: йўлбарснинг тишлари “стул”дай келарди (ўхшатиш чаккимас). Менингча, бу машқ Блейкнинг “Йўлбарс, о йўлбарс” шеърига тақлид бўлса керак. Ўн бир ёшимда, 1914–1918 йиллардаги уруш кучайганда ватанпарварлик мавзусида шеърлар битдимки, улар маҳаллий нашрларда эълон қилинди. Сўнгра, орадан икки йил ўтгач, бошқалар сингари Китченернинг (Горацио Герберт Китченер (1850–1916)– инглиз ҳарбий ва мустамлакачи арбоб) ўлимига бағишлаб марсия ёздим. Яна бироз улғайгач, баъзида георгиан даври шеърияти йўсинида, табиат ҳақида якунига етмаган шеърлар битдим. Икки марта ҳикоя ёзишга уринганман, аммо бу ҳаракатларим муваффақиятсизлик билан тугаган. Очиғи, менинг ўша йилларда жиддий ёзган асарларимнинг бори шу.

 

Ҳар қандай вазиятда ҳам мен ҳамиша қандайдир маънода адабий фаолият билан банд бўлганман. Айтайлик, ўртоқларим ҳазил шеърлар ёзиб беришимни сўрашарди. Мен тез, осон ва алоҳида бир завқланиб дарров тўқиб ташлардим. Мактаб вазифасидан ташқари бирон воқеа муносабати билан ярим кулгили, бўлар-бўлмас машқлар ёзардим, жуда тез тўқиб ташлардим (ҳозир уддалай олмасам керак – ўн тўрт ёшимда, тахминан, бир ҳафта ичида Аристофанга тақлидан бутун бошли қофияли пьеса ёзганман). Яна турли қўлёзмалар ва мактабимизда чиқадиган журналларни таҳрир қилишга кўмаклашардим. Бу журналлар тақлиднинг арзимас намунаси бўлса-да, бугунги ночор журналистикадан авлороқ эди – менга катта ташвиш орттирмасди. Мана шулар қатори ўн беш ёшимда, адабий фаолиятнинг турли йўналишларида ёзишдан ташқари мунтазам равишда ўзим ҳақимда интиҳосиз “қисса” бошлагандим, у хаёлимда чарх урган фикрлардан пайдо бўлган ўзига хос кундаликка ўхшаб кетарди. Шубҳасиз, бу ўсмирлар орасида кенг тарқалган одат бўлса керак, деб ўйлайман. Болалик чоғимда, баъзан ўзимни Робин Гуд деб тасаввур қилиб, қизиқарли саргузаштлар қаҳрамонига айланардим. Аммо аста-секин “қисса” мазмунида беўхшов иззатталаблик йўқолиб, кундалик ишлар ва кўрган-кечирганларим тафсилотига айлана бошлади. Ўшанда мен бошимни қотириб, мана шундай ажойиб лавҳалар ёзардим: “У эшикни катта очди ва хонага кирди. Қуёшнинг сариқ нурлари дераза пардаси қатидан ўтиб, столнинг устига тушди, столда сиёҳдон билан ярим очиқ қолган гугурт қутиси ётарди. У ўнг қўлини киссасига солганча очиқ дераза қаршисига келди. Пастда, кўчада ола мушук шамол учирган хазонлар ортидан қуварди” ва ҳоказо, ҳоказо. Бу одат мен ёзувчи бўлгунимча, йигирма беш йилларча чўзилди. Керакли сўзларни топишга уринардим ва уларни топардим. Бу нафсиз чиранишлар эркимдан ташқари, беихтиёр қандайдир ташқи эҳтиёж таъсирида юз бераётганини ҳис этардим. “Қисса” турли ёшларимда ўзим севиб ўқиган ёзувчилар услублари таъсирида ёзилган бўлса керак, аммо эслашимча, унда ягона бир нарса сақланган, бу – тавсифдир.

 

Ўн олти ёшга кирганимда, кутилмаганда сўз топиш бахтини, яъни сўз оҳанги ва бирикмалари бахш этаётган туйғуни ҳис этдим.

 

“Йўқотилган жаннат”даги:

Аммо, олға,

Қийналиб, тиришиб учарди Иблис,

Тиришиб, қийналиб енгиб ўтолди

Ғовни...

 

сатрлари оддийдир, аммо ўшанда менга шу қадар ғаройиб туюлардики, ўқиганда этим жимирлаб кетарди. Тавсифлаш тажрибасини яхшигина эгаллаб олгандим. Хуллас, қандай китоб ёзишим (агар, ўша пайтда китоб ёзишга шайланганимни айтсам) кундек равшан эди. Мен бахтсизлик билан якунланадиган, жарангдор сўзлар қўлланган, батафсил тавсифларга ва эсда қоладиган таққосларга тўла, дабдабали, кутилмаган воқеаларга бой катта натуралистик романлар ёзишни истардим. Ва умуман, менинг бирмунча вақт олдин ўйлаганим, ўттиз йил ёзганим ва якунланган илк романим – “Бирман кунлари”дир.

 

Бу тафсилотларни келтирганимнинг сабаби шундаки, ёзувчилик ишининг такомил босқичларини билмай туриб, уни баҳолаб бўлмайди. Ёзувчи танлаган мавзулар у яшаётган макон ва замон билан изоҳланади (нима бўлганда ҳам бизнинг шиддатли ва инқилобий асримизга нисбатан шундай десак, адолатлидир), аммо у ёзишни бошлашидан аввал, албатта, кейинчалик халос бўлолмайдиган қандайдир (эмоционал) туйғуни ҳис этади. Албатта, ёзувчилик иши характерни тоблайди, мижозини кўниктиради, асаб торларини созлайди, ҳаётда вояга етмай туриб қоқинишлардан, сохта оҳанглардан асрайди. Бироқ ёзувчи дастлабки туйғуларидан бутунлай халос бўлса, ўзидаги ижодга бўлган ички турткини сўндиради. Менингча, тирикчилик учун ёзишдан ташқари ижод қилишга, ҳеч бўлмаганда насрда ёзишга туртки бўладиган тўрт асосий омилни ажратиб кўрсатиш мумкин. Улар ҳар бир ёзувчида турли даражада нисбий мувофиқликда учрайди ва ҳар қандай ёзувчи яшаётган муҳитга кўра вақти-вақти билан ўрин алмашиб туради. Мана улар:

 

1. Ҳақиқий худбинлик. Бошқалардан ақллироқ кўриниш истаги: сен ҳақингда гапиришсин, вафотингдан кейин ёдга олишсин, болалигингда сени камситган катталардан ўзиб кетиш ва ҳоказо. Очиғини айтиш лозим: бу омил жуда муҳим ва қудратли. Ёзувчиларга хос бу омилни олимлар, мусаввирлар, сиёсатчилар, адвокатлар, жангчилар, иши юришган тадбиркорлар, қисқаси, жамиятнинг юқори қатлами вакилларининг аксариятида учратамиз. Одамларнинг катта қисми ўта худбин эмас. Тахминан, ўттиз ёшлардан кейин улар ўзига хосликни йўқота бошлайди ва асосан, бошқалар учун яшай бошлайди ёки аста-секин жонига теккан ишдан зерикади. Аммо улар орасида ҳамиша иқтидорли озчилик, ўжарлар бўладики, улар умрининг сўнгигача ўзгаришсиз қолади. Ёзувчи айнан шу тоифага мансуб. Таъкидлар эдимки, жиддий ёзувчилар журналистларга қараганда кўпроқ шуҳратпараст ва эгоцентрик бўлади, моддий бойликка эса камроқ қизиқади.

 

2. Эстетик жазава, завқланиш. Дунё гўзалликларини ҳис этиш ёки, бошқа томондан, сўз нафосатини, унинг аниқ талқинидан завқланиш ҳисси. Бир товушнинг бошқасига таъсиридан, насрнинг пишиқлиги, ҳикоянинг ажойиб оҳангидан қониқиш завқи. Алалоқибат, тажриба алмашинув истаги – бу жуда қадрли ва ундан айро ҳолда ижод ривожланмайди. Кўплаб ёзувчиларда эстетик завқланиш кучсиз, ҳатто памфлетчи ёки дарслик тузувчининг ҳам англаб бўлмас сабабсиз севимли сўз ва иборалари бўлади, ёзувчи баъзида босмахона ҳарфлари, қоғозда очиқ қолган жойларга алоҳида меҳр билан қарайди. Яъни, темир йўл маълумотномасидан ташқари барча китоблар эстетик тушунчалардан холи эмас.

 

3. Тарихий туртки. Нарса ва ҳодисаларни қандай бўлса шундайлигича кўриш, ҳаққоний далилларни топиш ва уларни авлодларга қолдириш истаги.

 

4. Сиёсий мақсадлар (“сиёсий” сўзи имкон қадар кенг маънода қўлланганда). Дунёни аниқ бир мақсад йўлида олға силжитиш, одамларнинг фикрини қандай жамият қуриш лозимлиги ҳақидаги ғоялар билан бойитиш истаги. Ва яна: ҳеч бир асар сиёсий анъаналардан мутлақ холи бўлмайди. Ахир, санъат сиёсат билан ҳеч қандай умумийликка эга эмас, деган фикрнинг ўзи сиёсий нуқтаи назарни англатади-ку!

 

Бу ички турткиларнинг зиддиятини, одамдан одамга, даврдан даврга кўчишини англаш қийин эмас. Мен табиатимга кўра (одам биринчи марта ўзини улғайдим, деб ҳисоблагандан сўнгги табиати, феъли мутлақ деб ҳисобланса), тўртинчи омил юқоридаги учтасидан зиёд бўлган ёзувчиман. Тинчлик замонлар бўлса, баландпарвоз ёки шунчаки тафсилотларга бой китоблар ёзармидим ва ўзимнинг сиёсий маслагимни ошкор этмаслигим мумкин эди. Маълум маънода памфлетчига ўхшашга мажбур бўлиб қолдим. Аввалига беш йил ўзимга номуносиб ишлар (Бирмада ҳинд империя полициясида хизмат қилдим) билан шуғулландим, кейин қашшоқлик таъмини татиб кўрдим, муваффақиятсизликларга учрадим. Буларнинг барчаси менда ҳукуматга нисбатан нафрат уйғотди ва илк бор меҳнаткашлар синфи борлигини теран англаб етишимга сабаб бўлди. Бирма тажрибаси менга империализмнинг мудҳиш табиатини фош этди. Аммо, бу тажриба аниқ сиёсий мўлжал олишимга ҳали етарли эмас эди. Кейин Гитлер келди, Испанияда фуқаролар уруши авж олди ва ҳоказо. 1935 йилнинг охирида ҳам мен тўлиқ хулоса чиқармаган – сўнгги қароримни қабул қилмаган эдим. Олдимда турган иккиланишларни ифодалайдиган кичик бир шеър ҳам ёзгандим:

 

Руҳоний бўлармидим,

Юз йил аввал яшасам,

Чоҳдан қўрқитармидим,

Боғу уй қуриб муҳташам.

 

Афсус, бевақт туғилдим,

Жаннат ранги йўқ бунда.

Руҳоний соқолсиз, жим,

Ажаб мўйлаб бор менда.

 

Биз гўл ўша паллалар

Ҳаёт бахтли, туш каби.

Ғамларимиз аллалар

Яшил ранглар сояси.

 

Яшармиз, дилда армон,

Энди бегона даврон.

Қушлар сайрарди бийрон

Душман чекарди афғон.

 

Ўрикзор, сарвбўй қизлар,

Балиқ тўла салқин сув,

Арғумоқ, тонгги қушлар

Бари тушдай ўтди-ку!

 

Энди кўролмаймиз туш,

Қалбда сақлаймиз ҳали,

Арғумоқ бўлди беҳуш,

Золимлар тақалади.

 

Мен – қурт, эшик оғаси,

Ҳеч қўймаслар ҳарамга,

Мен – руҳоний, комиссар,

Ўхшамайман Эрэмга**.

 

Карнайда чорлар мени,

Ғалабага комиссар.

Руҳоний аврар мени,

Жаннатий боққа чорлар.

 

Тушда Самовий боғ ва,

Орзулар ушалгандай.

Мен бу кунга бегона,

Смит-чи? Жонс-чи? Сен-чи?

 

1936-1937 йиллардаги Испан уруши ва бошқа қатор воқеалар менинг руҳий мувозанатимни бузди; шундан сўнг ўз ўрним қаерда эканини англаб етдим. 1936 йилдан буён менинг ҳар бир жиддий сатрим бевосита ёки билвосита тоталитаризмга қарши ва ўзим англаб етган демократик социализм ёқлаб ёзилган. Бизнинг даврга ўхшаш тутуриқсиз замонларда бу мавзудан қочиб қутулиб бўлмайди деб ўйлайман. Масаланинг моҳияти шундаки, ким қайси томонда ва кимга қандай муносабат бўлмоқда. Ўз сиёсий манфаатингни қанчалик чуқурроқ англасанг, эстетик ва маънавий бутунлигингни сақлаган ҳолда сиёсий мақсад сари интилиш имконияти шунчалик кўп бўлади.

 

Кейинги ўн йилликда кўпроқ сиёсий адабиётни санъат даражасига кўтаришга интилдим. Бошланғич нуқта – дахлдорликни, ноҳақликни ҳис этиш бўлди. Китоб ёзишга ўтирганимда ўзимга: “Санъат асари яратаман” демайман. Мен ёлғон, ҳақсизликка қарши ёзаман, демак, уни фош этишим керак, бунга далиллар етарли, бошқалар эътиборини жалб этишим лозим ва менинг бош вазифам – сўзимни эшитишларига ҳаракат қилишдир. Аммо мен эстетик кечинмалар туймасам, китоб ёки ҳатто, журнал учун катта мақола ҳам ёзолмайман. Истаган одам ишларимни таҳлил қилса, асарларимда, ҳатто очиқдан-очиқ тарғиботларимда ҳам моҳир сиёсатчилар ноўрин деб ҳисоблаган ўринлар кўплигини кўради.

 

Мен болалигимда шаклланган дунёқарашимдан воз кечолмайман, буни истамайман ҳам. Тирик ва саломат эканман, наср услуби ҳақида жиддий қайғуришдан, заминни севишдан, моддий нарсалардан ва бенаф ахборот деб аталувчи узуқ-юлуқ хабарларни ўқиб қувонишдан толмайман. Менинг бу сифатларимга босим ўтказишдан наф йўқ. Гап бошқа ёқда – гап шундаки, ёқимли ва ёқимсиз бўлган шахсий ташвишларни жамиятдан, асримиз зиммамизга юклаган умумий ҳаракатлардан устун қўймаслик лозим.

 

Бу осон эмас. Талқин ва тил муаммоси туғилади, ҳақчиллик масаласи янгича қўйилади. Шу сингари ҳали пишиб етилмаган қийинчиликлардан мисол: Испаниядаги уруш ҳақидаги китобим – “Каталония хотираси”, албатта, очиқдан-очиқ сиёсий асар, аммо унинг маълум қисми холисона ва композицияга асосланиб ёзилган. Мен, аввало, қатъий туриб ҳақиқатни ёзишга уриндим. Аммо адабий истакларим акс этган китобдаги турли бўлимлар орасида Франко билан келишув вақтида айбланган троцкийчиларни ҳимоя қилишга қаратилган газеталардан кўчирмалар ва бошқа материаллар жамланган катта боб бор. Шак-шубҳасиз, бу сингари боблар орадан бир-икки йил ўтмай, ҳар қандай китобхоннинг завқини сўндириши ва китобни барбод қилиши турган гап. Мен ҳурмат қиладиган бир танқидчи бу ҳақида бир ўзимга бутун бошли маъруза ўқиди: “Нега китобни сафсатага тўлдириб ташладингиз? – деб сўради у мендан. – Ахир, яхшигина асарни чинакам журналистикага айлантириб қўйибсиз-ку!” Бу тўғри, аммо мен бошқа йўлдан боролмасдим. Мутлақо бегуноҳ одамлар туҳматга қолганини билардим, Англияда деярли ҳеч ким билмасди, бундан ғазабланмаганимда ёзмаган бўлардим.

 

Муаммо у ёки бу кўринишда қайта-қайта кўтарилади. Тил масаласи ғоят нозик ва батафсил таҳлил, муҳокамани талаб қилади. Фақат шуни айтишим мумкинки, кейинги йилларда мен камроқ образли, кўпроқ аниқ ёзишга ҳаракат қиляпман. Нима бўлганда ҳам, англаб етганим – у ёки бу услубда мукаммалликка эришсанг, бу босқичдан ўтган бўласан. “Молхона” – нима иш қилаётганимни чуқур англаб, сиёсий ва бадиий мақсадлар муштарак этилган биринчи китобим бўлди. Орадан саккиз йил ўтди, бирорта роман ёзмадим, аммо умид қиламанки, тез орада ёзсам керак. У муваффақиятсизликка учради, ҳар бир китоб – муваффақиятсизликдир, аммо, мен қандай китоб ёзишни хоҳлаётганимни яққол тасаввур қиламан.

 

Мазкур мақоланинг сўнгги икки саҳифаси муҳокама қилиб кўрилса, адабиётда мени ёзувчи сифатида ижтимоий мавзулар руҳлантираётгандай кўринади. Ўқувчида шундай фикр қолишини истамаган бўлардим. Барча ёзувчилар шуҳратпараст, худбин ва дангаса, аммо бунинг замирида сир бор. Китоб ёзиш – бу ўта кучли, ҳолдан тойдирувчи, узоқ давом этадиган касаллик хуружига ўхшаш зўриқишдир. Агар қандайдир шайтон ундамаса ҳеч ким бундай ишга қўл урмайди. Уни тушуниб бўлмайди, унга қарши курашиб ҳам бўлмайди. Ким билади, балки у катталар эътиборини ўзига қаратиш учун ёш болани қичқиришга ундаган сезгидир. Айни пайтда бошқаси ҳам ҳақиқат – бутун куч билан ўз-ўзингдан халос бўлмасанг, ҳеч қандай ўқимишли асар ёзолмайсан. Яхши наср дераза ойнасига ўхшайди.

 

Ижод омилларимдан қай бири кучли эканини ишонч билан айта олмайман, аммо улардан қай бири мени бошқаришини яхши биламан. Ва амалга оширган ишларимга қараб, асарларимда сиёсий мақсадга эришолмаган ҳолларимда ҳамиша ҳиссиз китоблар туғилган, мен уларни муаллиф сифатида дабдабали, кутилмаган воқеалар, пуч иборалар, чиройли васфлар ва шунчаки сийқаси чиққан гапларга тўлдирганман.

 

 

Жорж ОРУЭЛЛ

1946 йил

 

Жорж Оруэлл (1903–1950) – британиялик ёзувчи ва публицист. Ўз замонасининг зиддиятли шахсларидан бири бўлган. “Молхона” сатирик қиссаси ва ҳикоялари билан танилган. Демократик социализм тарафдори, антиутопия адабиёти вакили.

** Южин Эрэм (1704–1759) – инглиз донишманди; қотиллиги учун қатл этилган.

 

 

ҲУМОЮН таржимаси.

"Ижод фалсафаси" китобидан "Мен нега ёзаман?" мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10337
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//