Хоразм ва Бухоро тараққийпарварларининг маорифни ислоҳ қилиш учун бошлаган ҳаракатлари демократик тартибдаги республика тузумини ўрнатиш билан ниҳоясига етди. Айниқса, Ёш Бухороликлар ҳукуматда ўз фаолиятларини бошлаган илк кунларидан Озарбойжон, Афғонистон, Туркия давлатлари билан нафақат иқтисодий, балки, илмий, маданий ва маърифий алоқаларни йўлга қўйишга киришдилар. Ёш хиваликларда эса бу жараён сал бошқача кечди.
1920 йил августда Бобоохун Салимов бошчилигидаги Хоразм Халқ Совет Республикаси мухтор ҳайъати РСФСР билан ҳар томонлама шартномалар имзолаш учун Москвага борган. Мухтор ҳайъат Москва сафаридан қайтишда Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукумати раҳбарлари билан учрашган. Бобоохун Салимов ўз эсдаликларида ёзишича, улар Когон темир йўл бекатига келиб тушганларида “Бухоронинг муваққат раиси, жумҳурият хорижия нозири Файзулла Хўжаев тарафидан кишилар келиб, бизларни файтунга миндириб, Бухоро шаҳридаги Хорижия нозирига олиб бордилар. Унда бориб, биродар Файзулло Хўжаевни кўриб, Бухоро инқилобини табрик қилдик”, деб ёзади. Файзулла Хўжаевнинг илтимосига кўра, Хоразм мухтор ҳайъати 1920 йил 6–8 октябрь кунлари Бухорода ўтказилган Бухоро Халқ вакилларининг I қурултойида иштирок этадилар. Бобоохун Салимов ХХСР Нозирлар кенгаши раиси Полвонниёзҳожи Юсуповнинг Файзулла Хўжаевнинг мустақил давлат тузгани ва қурултой иши якунларига муваффақият тилаб ёзган табрик телеграммасини топширади.
Хоразм Халқ Совет Республикаси ташкил топгач, ўз фаолиятини бошлаган ҳукуматнинг расмий органи “Инқилоб шуъласи” (1920), “Хоразм хабарлари” (1921) саҳифаларида, Туркистондаги даврий нашрларда, хорижий газета ва журналларда Шарқ мамлакатлари билан илмий, маърифий ва маданий алоқаларига оид маълумотлар деярли учрамайди. Шунингдек, Хоразм Халқ Совет Республикаси ҳукумати томонидан Озарбойжон, Туркия ва бошқа Шарқ мамлакатларига ўқиш учун талабалар юборилмаганлиги илмий тадқиқотлар орқали ойдинлашади. Фақатгина 1922-1923 йиллари Германияга Хоразм Халқ Совет Республикасидан 5 нафар талаба борган бўлиб, тарихчи олим А.Йўлдошев ўз тадқиқотларида уларнинг икки нафари ҳақида маълумот бериб ўтган. Унинг ёзишича, Германияга борган икки талабанинг бири ўз ҳисобидан, иккинчиси эса БХСР ёрдами билан ўқиган. Хоразм Халқ Совет Республикасидан Германияга ўқишга борган ёшлардан бири Марямхон Султонмуродова бўлиб, унга ҳукумат томонидан моддий ёрдам берилмаган. Бу ҳақда ўша вақтда Германияда таҳсил олаётган Саттор Жабборнинг: “Орамизда Марямхон, Хайринисо, Саодатхон отлиқ ўқиш учун мамлакатимиздаги тўсиқларга қарши Оврупога отилган фидокор қизларимиз ҳам бор. Уларнинг ўқишлари яхши. Бироқ, хивалик Марямхон моддий томондан яхши таъмин қилинмагани учун йўлларида кўп чатоқликлар кўрадир. Чиндан ҳаёт хотини бўлмоқ ва Туркистонда қолган опа-сингилларининг истиқболи учун ҳеч ким кўрсатмас қаҳрамонлик қилиб келган қийматлик қизимизга Хоразм Жумҳуриятининг шундай совуққонлик билан қарашига Туркистон ёшлиги таассуф айтмай тура олмайдир”, деб ёзган маълумотлари орқали билиб олиш мумкин. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, Хоразм Халқ Совет Республикаси истеъдодли ёшларни хорижга ўқишга юборишни давлат сиёсати даражасида ҳал қилмаган.
1920 йили Бухоро Халқ Совет Республикаси тузилгач, ҳукумат раҳбарлари турк зобитларини мудофаа ишлари ва ҳарбий таълим соҳаларига жалб қилганлар. Турк зобити Али Ризобейга Бухоро ҳукумати ҳарбий вазирининг ўринбосари вазифаси юклатилган. У Бухоро ҳукуматида ҳарбий соҳадаги ишларни ташкил қилиш билан бир пайтда Аҳмад Заки Валидийнинг кўмаги остида Сибирда сургунда бўлган турк зобитларини асирликдан қутқаришга ҳаракат қилган. Жами 985 нафар турк ҳарбий асирларини озод этишда жонбозлик кўрсатиб, 1921 йили ўзи билан Самарага 237 нафарини олиб келганини, уларнинг 80 нафарини Бокуга, қолганини Тошкентга юборганини таъкидлайди.
Бухоро Халқ Совет Республикаси ташкил топганидан 4 ой ўтар-ўтмас (1920 йилнинг қишида) Мустафо Камол Отатурк ўз вакилларини Бухоро шаҳрига юборган ва Туркия элчихонаси очилган. Унга Ғолиб пошо раис, таниқли турк ёзувчиси Рушан Ашраф эса биринчи котиб лавозимида фаолият олиб борган. Орадан бир йил ўтиб, 1921 йил январь ойида иккинчи бор Туркия вакиллари Бухорога ташриф буюрган ва БХСР раҳбарлари Файзулла Хўжаев, Абдулқодир Муҳиддинов, РСФСРнинг Бухородаги вакили Ҳакимовлар томонидан қабул қилинган.
Бу вақтда Туркия давлати олдида миллий бирликни сақлаб қолиш вазифаси турар ва мамлакат мустақиллигини сақлаб қолиш учун курашлар давом этаётган эди. Туркия озодлик кураши воқеалари БХСР аҳолиси ва ҳукуматининг диққат марказида бўлиб, Мустафо Камол Отатурк шахсияти ва фаолияти, турк-юнон уруши ҳамда унда туркларнинг кўрсатган жасоратлари ҳақида ҳукуматнинг расмий органи “Бухоро ахбори” ҳамда “Озод Бухоро” газеталарида мунтазам мақолалар бериб борилган.
Турк-юнон урушида Туркияни қўллаб-қувватлаш мақсадида Бухоро Халқ Республикаси парламенти Москвага олиб кетилган амир хазинасининг бир қисмини Анқара ҳукуматига ёрдам тариқасида юборишга оид қарор қабул қилган. Бухоро Республикасида Абдулқодир Муҳиддиновдан сўнг жумҳурраисликка тайинланган Усмон Хўжа ўғлининг хотирлашича, у Файзулла Хўжаев билан бирга Москвада Ленин билан учрашиб, Туркияга ёрдам масаласи устида ҳам тўхталиб ўтганлар. Ленин билан келишиб олингач, Бухорога қайтиб, парламент раиси Абдулқодир Муҳиддиновга учрайдилар ҳамда Туркияга ёрдам масаласида мажлис чақирадилар. Усмон Хўжа йиғилганларга турклар оғир аҳволда экани, юнонлар томонидан тазйиқ остига олинганини айтиб, уларга ёрдам бериш кераклигини тушунтиради. Ўша пайтда Бухоро парламенти туркларга ёрдам кўрсатишни қўллаб-қувватлайди. Фақатгина Бухоро Коммунистик партияси раиси Нажиб Ҳусайн ўғли ёрдам масаласига қарши чиққан. Аммо кўпчилик овоз билан Туркияга юз миллион рубллик олтин ёрдам беришга қарор қилинади. Аммо Ленин бошчилигидаги ҳукумат 100 миллион рублнинг фақат 11 миллионини Туркияга юборган, холос.
1922 йил 12 октябрда БХСР МИҚ қарори билан Масжиди калонда Бухоро маориф нозири Қори Йўлдош Пўлатов бошчилигида ислом руҳонийлари ва талабалар иштирокида митинг ўтказилади. Унда БХСР Нозирлар Советининг муваққат раиси Отаулла Хўжаев, Марказий Ижроия Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Муинжон Аминов, РСФСРнинг Бухородаги мухтор вакили Фонштейн иштирок этадилар. Митинг иштирокчилари номидан туркларнинг юнонлар устидан ғалабаси шарафига Туркия Миллий мажлиси раиси Мустафо Камол номига табрик телеграммаси юборилган.
БХСР ҳукумати раҳбари Файзулла Хўжаев Туркия билан муносабатларда таълим соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратган. 1921-1922 йиллари БХСР замонавий олий маълумотли мутахассисларга эга бўлиш мақсадида бир гуруҳ ёшларни Туркия ва бошқа хориж мамлакатларига ўқишга юборади. Ўқувчи ёшларни танлаш ва хорижга жўнатишда Абдурауф Фитрат, Қори Йўлдош Пўлатов, Абдувоҳид Бурҳонов кабилар мутасаддилик қилишган. Хорижда ўқитиш учун талабаларни танлаш мураккабликлар келтириб чиқарар, бадавлат кишилар ўз фарзандларини чет элга ҳамма вақт ҳам юбормасди. Бухоро ҳукумати дастлаб ўғил болалар учун очилган дорилайтом (етимхона)лардан иқтидорли ёшларни танлаб, Туркияга юборадилар.
1922 йил 2 январда Бухоро Халқ маорифи назорати томонидан 25 нафар бухоролик ва Туркистон АССРда яшовчи ёшлар олий таълим олиш учун Туркияга жўнатилган бўлиб, уларни олий ўқув юртларига жойлаштириш, моддий ва маънавий таъминотини таъминлаш мақсадида Халқ маориф назоратининг нозири ўринбосари Исмоил Садр юборилган.
1922 йили Бухоро Халқ Совет Республикасининг Туркиядаги талабалар рўйхатида 19 та ўқувчининг исм-шарифи, ёши, миллати, оилавий аҳволи, манзили қайд қилинган. Бухородан Туркияга юборилган ёшларнинг энг кичиги 10 ёшда, энг каттаси 24 ёшда бўлган.
1922 йилнинг март ойида Бухоро Халқ Совет Республикаси раҳбарларидан Абдурауф Фитрат ташаббуси билан Маҳмуд Назар ҳамда Маҳмуд Ражаб бошчилигидаги Бухоро вакиллари Мустафо Камол пошо ҳукуматини расмий суратда таниш ва ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатиш мақсадида Анқарага жўнатилган. Бухоро Халқ Совет Республикаси элчиларини Анқара муваққат ҳукумати ташқи ишлар нозирининг муовини Зиёдбек ҳамда хорижий ишлар вакили Юсуф Камолбейлар расмий кутиб оладилар. Мустафо Камол Бухоро элчилари билан учрашиб, дипломатик, маданий, савдо-сотиқ муносабатлари ўрнатиш бўйича музокаралар олиб борган. Учрашув сўнггида Бухоро ҳайъати вакиллари ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида Мустафо Камолга олтин дастали қилич, Амир Темур даврида кўчирилган Қуръони каримнинг нодир нусхаси, бухороча сарпо, шунингдек, турк зобитлари ва аскарларига Бухоро регистони тасвири туширилган нишонлар тақдим этганлар. Ўз навбатида Мустафо Камол ҳам элчиларга қимматбаҳо совғалар беради. Туркия давлат раҳбари ва Бухоро элчилари орасидаги бу музокаралар 1920–1923 йиллари икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилган.
1922 йил охирига келиб, совет ҳукумати Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукуматидан Туркияда таҳсил олаётган ёшларни зудлик билан чақириб олишга буйруқ беради. Қайтганларга “ватан хоини”, “жосус” тамғалари ёпиштирилиб, қатағонга учрайди. Натижада улар ўз юртларини ташлаб Афғонистон ҳудудига ўтиб кетишга, хорижда юрганлари эса юртига қайтмасликка мажбур бўлади.
1923 йилга келиб, Бухоро ҳукумати раҳбарларининг кўпчилиги истеъфога чиқиб, муҳожирликка кетишга мажбур бўлган. Жумладан, Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукуматида дастлаб молия нозири, кейин эса Марказий Ижроия Қўмитасининг биринчи раиси лавозимида ишлаган Усмон Хўжа Туркия ҳукуматига сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилган. У 1923 йил сентябрда Истанбулга келган ва Туркия Республикасининг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк томонидан давлат раҳбарларига кўрсатиладиган олий мақомда кутиб олинган. Мустафо Камол Усмонхўжага Туркия Ресубликаси ҳукуматида масъул вазифада ишлашни таклиф қилади, аммо Усмон Хўжа бундан кейин сиёсий ишларга аралашмаслиги, Туркистон маданияти масалалари билан шуғулланиш мақсади борлигини айтади. Мустафо Камол Усмонхўжага маънавий ва моддий мадад беришини айтиб, унга Туркия давлати миқёсида нафақа белгилайди. Ушбу нафақани Усмонхўжа умрининг охиригача, вафотидан сўнг эса хотини оладиган бўлади.
1924 йил ноябрда совет Россияси томонидан Туркистон ҳудудидаги учта республика Туркистон АССР, Бухоро Халқ Совет Республикаси ва Хоразм Халқ Совет Республикаси тугатилади. 20-юзйилликнинг 30-йилларига келиб, совет ҳукумати талаби билан Афғонистондаги ўзбек зиёлиларига нисбатан жабр-зулм ўтказилади. Бундан хабар топган Мустафо Камол Отатурк Туркиядаги афғон элчиси Файз Муҳаммадхонни ҳузурига чорлаб: “Агар мамлакатингизда Туркистон мусулмонлари учун жой бўлмаса, бизга топширинг”, деб айтади. Натижада кўплаб ўзбеклар Туркияга кўчиб ўтади ва Мустафо Камол томонидан уларга арзон нархларда мол-мулк, ер ва чорва моллари бериш тўғрисида қарор чиқарилади.
Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукумати Афғонистон билан ҳам дипломатик муносабатлар ўрнатишга киришган. 1920 йил 20 сентябрда БХСР ҳукумати Афғонистон амирига махсус хат жўнатиб, икки давлат ўртасида элчилик алмашинувини йўлга қўйишни сўрайди. Бунга жавобан Афғонистон ташқи ишлар вазири Маҳмудбек Тарзий бу муносабатларни қўллаб-қувватлашини билдирган. Бухоро ҳукумати томонидан Афғонистонга Абдураҳим Юсуфзода, кейинроқ Ҳошим Шойиқ Ёқубовлар элчи қилиб тайинланган. Бу икки давлат ўртасидаги алоқалар совет ҳокимиятининг тазйиқи остида бир қатор қийинчиликларга дуч келса-да, ҳар иккала томон ҳам дўстона муносабатларни сақлаб қолишга ҳаракат қилган.
1922 йил 8 апрелдан Бухоронинг Афғонистондаги элчиси бўлган Ҳошим Шойиқ Афғонистонда муҳожирликда бўлган сиёсий арбоблар Амир Олимхон, Усмон Хўжа ва Абдулҳамид Ориповлар билан яқин алоқада бўлган. Ҳошим Шойиқ БХСР элчихонаси мустақил фаолият олиб боришга ҳаракат қилган ва Кобулдаги Россия элчилари Раськолников ва Сурицга бўйсунмаган. Аммо 1923 йили совет ҳокимияти талаби билан БХСРнинг Афғонистондаги элчихонаси фаолияти тугатилган. Файзулла Хўжаев элчихонанинг ёпилиши ҳақида: “Биз Бухоро Халқ Республикасида афғон ваколатхонасининг тугатилишига рози бўлиб, катта хатога йўл қўйдик. Афғон ваколатхонасини сақлаб қолишгина эмас, балки бошқа мамлакатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатмоғимиз керак эди”, деб афсусланган.
Ҳошим Шойиқ Кобулдаги Бухоро элчихонаси ёпилгач, юртига қайтмаган. Афғонистон маориф нозирлигида ўз фаолиятини давом эттириб, мактаблар учун дарсликлар ва ўқув қўлланмалар ёзган.
Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукумати қардош Озарбойжон Республикаси билан ҳам илмий, маданий ва дипломатик муносабатларни йўлга қўйган эди. 1921 йил октябрда Бухоро Халқ Совет Республикаси Ташқи ишлар нозири Файзулла Хўжаев Озарбойжон Республикаси Ташқи ишлар нозирлигига икки давлат ўртасида вакиллар алмашинувини амалга оширишни сўраб ёзган телеграмига Озарбойжон ташқи ишлар нозири Ҳусайнов: “Озарбойжон Жумҳурияти билан биродарлик робитасини кўрмак орзу-изҳорингизга ҳукуматим номидан арз қиладирманки, тарафингиздан юборилатурғон намояндангизни сабрсизлик билан кутамиз. Унинг учун шаҳримизнинг марказида хусусий жой тайёрланадур. Сизнинг жумҳуриятингизда бизнинг намояндамизни бўлиши тўғрисинда бўлса, ҳеч иккиланмасдан тарафимиздан бир киши тайин қилиниб сизга юбориладур”, деб жавоб берган. Натижада Озарбойжон пойтахти Бокуда Маҳмуд Саид Аҳрорий Бухоро Халқ Совет Республикаси ваколатхонасини бошқарган, Эски Бухоро шаҳрида эса Али Ризо Наримонов Озарбойжон Республикаси элчиси сифатида фаолиятини бошлаган.
Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукумати иқтидорли ёшларни Туркияга Озарбойжон орқали юборган. Шунингдек, Бухоро Халқ Совет Республикаси ваколатхонаси ёрдамида Бокуда ҳам талабалар олий таълим олганлар. Бу ҳақда “Бухоро ахбори” газетасида: “Маориф назорати тарафиндан намояндамиз Муҳиддин Рафиқ ила Боку мактабларида илми таҳсил қилмак учун Бухородан 5 нафар талаба юборилиб, у талабаларимизнинг тарбиялари Боку намояндамиз ҳузурида бўлғусидир”, деб ёзилган. Бундан ташқари, Бухоро Халқ Совет Республикасининг Озарбойжондаги ваколатхонаси Бухорода театр ва мусиқа санъати, маориф соҳаларини ривожлантириш мақсадида озарбойжонлик малакали мутахассисларни юбориш чораларини ҳам кўрган.
Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукумати даврида Бухоро жадидлари татар зиёлилари билан ҳам ҳамкорликни давом эттирганлар. Айниқса, маориф соҳасини ривожлантириш ишларида татар мутахассислари тажрибасидан кенг фойдаланилган. Маориф нозири Қори Йўлдош Пўлатов (1920–1922) туркий халқ вакилларидан (татар, бошқирд, озарбойжон, турк) саводли, малакавий тажрибага эга, ижодий қобилиятли шахсларни ўзи раҳбарлик қилаётган нозирликда ишлаш учун таклиф қилган. Қозон маърифий ва адабий муҳитида вояга етган, татар миллатига мансуб Маҳмуд Субоҳ Бухоро Республикаси ҳукуматининг дастлабки йилларида маориф нозирлиги умумий ишлар бўлими мудири лавозимига таклиф этилган ва самарали хизмат қилган. У 1921–1923 йиллари “Бухоро ахбори” газетасида маърифий-илмий йўналишдаги бир қатор мақолалари ва ҳикоялари билан ҳам иштирок этган.
Маҳмуд Субоҳ малакали кадрлар тайёрлаш учун ҳамма ёшларни хорижда ўқитиб бўлмаслигини таъкидлаб, Бухородаги ўқув муассасаларини замон талабларига мослаштириш масаласини ҳал қилишни кун тартибига қўйган. Мактабларни таъмирлаш билан боғлиқ ишлардаги масъулиятсизликлар, ўқув курсларидаги юзакилик ҳамда сохтакорликлар, мутахассисларнинг тажрибасизлиги масалаларини кескин танқид қилган ва: “Қатъий тартиб ва интизомсиз ҳукуматгина, мактабгина эмас, бир оила ҳам яшай олмайдур. Эшкак тутмоқни билмаган маъмурлар ҳукумат қайиқларига ўлтирмаганлари маъқул”, деб кўрсатма берган.
1921 йили Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукумати томонидан ўзбек тилини давлат тили сифатида қўллаш тўғрисида махсус қонун қабул қилинган ва унга кўра ҳукумат идораларида ким ўзбек тилида иш тутмаса, жаримага тортилиши белгиланган. Аммо қонун қабул қилинганига бир йил бўлган бўлса-да, ҳукумат идораларидаги ҳужжатларнинг ярми рус тилида юритилаётганига Маҳмуд Субоҳ жим қараб тура олмаган. Ўзининг “Тил масаласи” мақоласида тил софлигини сақлаш тўғрисида фикр-мулоҳазаларини тақдим қилиб, “Ҳукумат тили шу ҳукуматнинг хўжаси бўлғон халқнинг она тилидур. Шу тил билан унинг адабиёти негизланган, қалбининг теран ериндан ўрин топғондур”, деб таърифлаган.
Бухоро Халқ Совет Республикасида театр ишларини ривожлантириш ишларида ҳам татар зиёлилари иштирок этган. Татар зиёлиси Басир Нўғаев республика театрларининг бош режиссёри қилиб тайинланган. Унга театр соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш, сифатли саҳна асарлари яратиш ишларини бошқариш вазифаси юклатилган.
Хулоса қилиб айтганда, Хива жадидларидан фарқли равишда Бухоро жадидлари республика даврида (1920–1924) ҳам татар, озарбойжон, афғон ва турк тараққийпарварлари билан илмий, маърифий, маданий алоқаларни давом эттирадилар. Истеъдодли ёшларни ўқитиш масаласида турк ва озарбойжон тараққийпарварлари Бухоро ҳукуматини қўллаб-қувватлаган бўлса, татар зиёлилари ҳукуматнинг ички ишларида Бухоро тараққийпарварларига кўмаклашганлар.
Дилноза ЖАМОЛОВА,
тарих фанлари доктори,
ФА Тарих институти директорининг
илмий ишлар бўйича ўринбосари
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ