«Ассалом алайкум дорнинг оғочи» – ҳар бир кадрини тушунтириш керак бўлган «Абдулла Қодирий» фильми сабоқлари


Сақлаш
14:58 / 31.08.2024 96 0

Эркинлик, руҳан ва жисмонан мустақил яшаш не эканлигини тутқунлик, бандилик азобини бошдан кечирганлар яхшироқ тушунади. Бугунги мустақил авлод ҳур яшаш неъматини у қадар ҳам англашга қодир эмас, зотан бу ҳам унинг чин бахтидир. Мустақил Ўзбекистонимизнинг 33 йиллиги арафасида биз қачонлардир халқнинг мустақил ва озод яшаши учун қатл этилган шаҳидларни яна бир бор хотирлаймиз. Бу ўринда Оyina.uz колумнисти Шоҳида Эшонбобоеванинг фикрича жадидлар яшаган ва бевақт қатл этилган замоннинг асл муҳитини англамоқ, ҳис этмоқ учун кейинги йилларда яратилаётган ҳужжатли фильмларни кўриш кифоя. Хусусан, режиссёр Умид Ҳамдамовнинг «Абдулла Қодирий» ҳужжатли фильми фақатгина адибнинг ҳаёти ва ижоди билангина кифояланмай, ХХ асрнинг бошланғич палласидан то жадидлар шаҳид кетган давргача ўтган муҳитни чуқур ўрганишга бағишланган.

 

 

Абдулла Қодирий ҳақида, унинг ижодий мероси тўғрисида бир эмас, бир неча ҳужжатли фильмлар, кўрсатув ва эшиттиришлар яратилган. Беҳисоб илмий-оммабоп, публицистик ва санъат асарлари мавжуд. Аммо ҳар замон-ҳар замонда бадиий ижод уммонига кирган ёш авлод Қодирийнинг феноменига қайта-қайта мурожаат этишга ўзида бир эҳтиёж туяди. Бу эҳтиёжнинг тўйинишига эса ҳар доим ҳам имконият берилган эмас. Охирги 6-7 йил ичида биз яна жадидлар дарди хусусида ўйлаш, фикр юритиш ва сўз айта олиш имконига эга бўлдик.

 

Қодирий ва унга замондош ижодкорлар яшаган давр жасоратлилар маҳв этилган давр эди. Қодирийнинг ўз тили билан айтганда: «Биз жасорат сўрар эдик. Лекин… жасоратимизнинг қолган-қутганини ҳам олмоқ муддаосида эдилар. Биз сўз эркинлиги сўрар эдик. Лекин тилимизни таг-тугидан кесмоқчи эдилар. Жасорат битган эди, тил кесилган эди.»

 

 

Ўша давр муҳитини тасаввур қилсак, бир томонда йиртқичлар қиёфасидаги ҳукумат, бир томонда Тошпўлат тажанг, Овсар, Калвак махсумлардан иборат оломон, бир томонда «қизиллар»га интилган ёшлар ва буларнинг барчасига қарата «Маърифат» дея, ҳайқирган Жадидлар. Аммо, фоиз миқдорида жуда озчиликни ташкил этган маърифатпарварларни шу уч қисм осонгина маҳв этди, қолди. Жасорат битди, тиллар кесилди. Абдулла Қодирий яшаган давр ана шундай давр эди ва биринчи марта, бу даврни бор бўйича, ёмонини яширмай, яхшисини оширмай ҳужжатлар билан исботлаб берган режиссёр Умид Ҳамдамов бўлди.

 

Мозийга қайтиб

Миллат тафаккурининг омбори ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бугунги замондошимиз тафаккури тубида нима бор? Бизнинг танамиз, миямиз, ҳужайраларимизда узоқ-яқин ўтмишнинг қандай хотиралари мавжуд?

 

Абдулла Қодирий ҳужжатли фильмининг дастлабки кадрларида замондошимиз ана шу миллий тафаккур ертўласига тушиб, мозийга қайтади. Миллий тафаккур ертўласида, аниқроқ айтадиган бўлсак миллатимизнинг қон ҳужайраларида яқин ўтмишдан қолган чиқиндилар чириб ётибди. Афсус, бу чиқиндилардан чиқадиган заҳри қотил танимизни ҳам, онгимизни ҳам ҳамон ўз исканжасидан бўшатгани йўқ.

 

 

Бу ертўлада қачонлардир миллионлар сиғинган Ленин, Сталиннинг бюсти, суратлари совуқ қотган. Кечагина ёқимли хотира бўлиб эсланадиган қизил байроқлар, шиша бутилкалару стаканлар энди лойга қоришган. Деворнинг қай бир бурчагидан таниш бир ёзувчи нигоҳи мўлтайиб термилади. Бу ярим чала кўриниб турган чеҳрага боқиб, ҳақиқат бари-бир бир кун юзага чиқишини яна бир бор кўнгилдан ўтказасиз.

 

Замондошимиз айтади: «Ҳужжатлар қатидаги воқелик ҳамон мавҳум, ҳамон чигал. Бир савол ортидан ўн савол келади. Абдулла Қодирий ва унинг сафдошлари нега эски замонга ҳам, янги замонга ҳам сиғмади? Бу қонуниятмикин? Бу саволларга жавоб топиш учун, Қодирийнинг таъбири билан айтганда… тарихимизнинг энг кирли, энг қора кунларига боқиб, ундан ҳақиқат излаймиз.»

 

Фильм дебочасида шу тариқа аниқ мақсад белгиланди. Эътибор берсангиз, ижодкорлар бир эмас бир неча саволларга жавоб топишга бел боғладилар. Фильм сўнгида бу саволларга етарли жавоб топилдими ёки 45 минутлик вақт ичига сиғиши даргумон бўлган вазифани бўйинга олган ижодкорлар қулочни ҳаддан ортиқ катта отдилармикин? Кўрамиз…

 

Дорнинг оғочи

Қодирий ҳақидаги кўплаб публицистик ва илмий асарларда ёзувчининг биографияси, ижодий потенциали, бадиий маҳорати ва фожиали тақдири тўғрисида илмий, илмий-оммабоп битиклар кўп ва хўб битилган. Уларнинг ҳар бири ёзувчи ижодининг бир ёки бир неча қиррасини чуқур ўрганишга бағишланган. Мазкур ҳужжатли фильмда эса ҳаммасини бирваракайига ва чуқур жиддий таҳлил этишга уриниш бор.

 

Дастлаб, ёзувчининг падари бузруквори Қодир Муҳаммад бобонинг асли сарбоз бўлгани ва у хонликлар ва тўралар ҳаёти билан боғлиқ жонли ҳикоялари билан ёш Абдуллада ёзувчиликка катта ҳавасни уйғотгани ҳақида муҳим ахборот берилади. Кейин, кўпда ҳам тилга олинмайдиган кичик публицистик асарлари орқали ёш Абдулла гоҳ Жулқунбой, гоҳ Овсар тахаллуси билан «бошини минг бир тошга уриб» бўлса ҳам даврнинг иллатларидан очиқ кулгани, жамоатчилик эътиборини бу иллатларни бартараф этишга чақиргани тўғрисида эслатилади.

 

Ҳажман ва мазмунан катта бўлган маълумотларни сўз ва тасвир уйғунлигига бўйсундиришда режиссёр Умид Ҳамдамовнинг бадиий маҳорати ва фуқаролик позицияси синтезини кўришимиз мумкин. Оғзаки ҳикоя этилаётган ҳар бир ахборот ХХ аср бошидаги Туркистон муҳитидан сўзлайдиган тасвирлар билан бойитилади. Бангилар, хўроз уриштирувчилар, тиланчи қариялар фонида Қодирийнинг сўзлари янграйди:

Кўр бизнинг аҳволимиз

Ғафлатда қандай ётамиз.

Жойи келган чоғида

Виждонни пулға сотамиз.

Ўғлимизга на адаб, на фан, на яхши сўйламак,

На худони буйруғи бўлган илм ўргатамиз.

 

 

Азроил жонингга кўз тикса, уч бора кўриниш бераркан. Абдулла Қодирийнинг биринчи бор ўлим ёқасига бориши «Ўткан кунлар»да Отабекнинг жаллод қўлига топширилиши билан қиёсланган. Эътибор бериш керакки, жуда мураккаб йўл бўлмасин, режиссёр Қодирийнинг ижодига мансуб барча асарлардан (шеър, мақола, қатралар, бадиий асарлар ва улар асосидаги фильм) ўз ўрнида тўлақонли фойдаланишга ҳаракат қилган. Баъзан жуда катта ахборотлардан энг кераклиси ва мосини танлаб олиш қийин кечади. Лекин бу ҳужжатли фильмда ҳар бири ўз ўрнида.

 

1917 йилда Туркистонда бир «ҳовуч» зиёлилар тузган мухторият ва унинг эшелон-эшелон қизил аскарлар билан, дашноқлар ҳаракати ила йўқ қилиниши. Кетганда халқнинг жони кетди, сиёсатнинг ёлғони авж олди, ёш пионерлар барабанлари садоси ортида миллат ясоққа тортилди. 1924 йилга келиб ҳаммаси барҳам топди. Советларнинг асл қиёфасини халқ танимасди, лекин жадидлар ким-кимлигини яхши биларди. Аввалига Мадаминбек, Иброҳимбек, Шермуҳаммадбек, Анвар пошо кабиларни маҳв этган большевиклар кейинги босқичда «ақлли» зиёлиларни йўқ қилиш режасини тузган эдилар.

 

«Абдулла Қодирий» ҳужжатли фильмини кўрар экансиз, 1937 йиллар қурбонлари бирданига қатағон этилмагани, бунга советлар ҳукумат тепасига келган илк кунларданоқ катта режа тузишгани ва ҳар ўн йилликда режанинг амалдаги натижаси рўёбга чиқиб келганини англайсиз. Сценарий муаллифлари ва режиссёр мамлакатни қонга ботирганларга нисбатан ўз нафратларини яширмайдилар, ижодкорларни туғёнга солган, эҳтимол қон йиғлатган ҳужжатлар қатидаги маълумотлар сизни ҳам жунбишга солади: «1921 йилда 1 350,000 аҳоли қириб ташланган…»

 

Бу маълумотларга муносабат сифатида Отабекнинг саволи эшитилади: «Йиртқичларнинг бу қирғиндан қандай мақсадлари ҳосил бўларкин?» Саволга жавобан Юсуфбек ҳожи: « Агар биз шу йўлдан кетар эканмиз ва ўзимизнинг тагимизга ўзимиз сув қуядиган бўлсак, яқиндирки, ўрис истибдодининг ифлос оёғи билан Туркистонни булғайдур ва биз ўз қўлимиз билан келажак наслимизни бўйнига ўрис бўйинтуруғини кийдирган бўлармиз.»

 

Қодирий «Ўткан кунлар»да кўрсатиб берган мустамлакачининг асл қиёфасини улардан ҳам аввал, ҳасадчилар яхши англаган эди. Мунаққид сифатида бор «маҳоратини» намойиш этган Сотти Ҳусайн гўё ўз миллатдошининг «гўштини» чайнар экан, ҳузур билан қалам тебратади… Бу ва шу каби қаламлардан тўкилган сатрлар ва ниҳоят, Қодирийни дорнинг оғочи томон етаклаб келади…

 

Сценарий

Фильм муваффақияти омиллари ҳақида гап кетганда сценарий, сценарий, сценарий деб бежиз айтилмаган. “Абдулла Қодирий” ҳужжатли филмида бу фикрнинг нақадар тўғрилигига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Сценарий муаллифлари Фаррух Жабборов ва Иқбол Қўшшаева нафақат қаҳрамоннинг ўзини, балки у яшаб ижод этган даврни ҳам пухта ўргангани сезилади. Қодирийнинг тўрт марта дор тагига бориши – Отабек ва Анвар билан мажозан, 1926- ва 1937-йилги қамалиши чоғи жизмонан ўлим билан юзма-юз келиши сценарий асосини ташкил қилади. Ушбу эпизодларни ҳужжатли фильмни тутиб турувчи тўрт устунга менгзаш мумкин. Ёзувчининг йирик асарлари, ҳажвий ҳикоялари, мақолаларида акс этган фикрлари мағзи “мана” деб томошабин кўз ўнгига тутилади. Айтиш мумкинки, сценарий муаллифлари, режиссёр ва фильмнинг бошқа ижодкорлари шунчаки ҳамкасб эмас, чинакам ҳаммаслакка айланишган. Пировардида Абдулла Қодирийни севган, у яшаб ижод этган давр фожиасини англаган ва даврни ҳаққоний кўрсатишга бел боғлаган миллатпарвар ижодкорлар ягона мақсад йўлида бирлашиб, бир-бирларини тўлдирадилар.

 

 

Бошловчи учун ёзилган матн ниҳоятда мазмундор. Бинобарин бу мазмун шунчаки, ахборотга тўйинтирилган эмас. Аксинча, ХХ аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт оқимини яхши билган, ўрганган ва ҳис этган ижодкорларнинг ўз аждодлари тақдиридан куюниб, қалбдан кечган туйғуларни қоғозга кўчирган ва Қодирийларнинг фожиасини ифодалаш учун муқобил калом топа билган ижодкорлардир. Шунинг учун ҳам Рауф Парфи ўқиган шеърни бошингизни эгганча, қайта-қайта тинглагингиз келади.

 

Нон сўраб келганга, жонингни бердинг,

Сендадир матонат, сендадир тоқат.

Ўлдирсанг ўзингни ўлдирдинг фақат,

Ассалом алайкум дорнинг оғочи

 

Режиссура

Ўтган асрда ҳужжатли фильмларга қўйиладиган жиддий талаблардан бири – жанр софлигини сақлаб қолиш эди. Бугун бу талаб ўз-ўзидан сусайиб, кўпроқ жанрлар қоришуви тенденцияси авж олган. Бу тенденция бирда ўзини оқласа, бирда кутилмаган хатоликлар учраётганини айтиб ўтиш жоиз. Бундан фарқли тарзда мазкур ҳужжатли фильмда бир неча жанрлар ва услублардан фойдаланилганига қарамай, ҳар бир жанр софлиги сақланган ва ўзига хос услубий бирликка эришилган. Жуда мураккаб йўлдан борган режиссёр фильмда анимация элементларидан, актёрлар ижросига таянган «игровой» услубдан, жуда катта ҳажмдаги ҳужжатлар ва суратлар мажмуасидан ва кадр орти матни изоҳларидан бирваракайига фойдаланишдан чўчимайди. Умид Ҳамдамовнинг кинопублицист сифатида ўзига хос топилмаси ҳам шунда – у ХХИ аср томошабинига мос монтаж йўлидан фойдаланган. Ҳар хил ҳажм ва мазмундаги парча-парча ахборотлар йиғиндисини ягона ғоя йўналишига сингдириб юборган режиссёр бошловчи, Тошпўлат тажанг, Калвак махсум ва Овсар, Кашмири ромчи образлари, Сотти Ҳусайн, Шевердин, Березкин, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Қодирий – Шокирбек каби роллар ижрочиларига ўз вазифаларини муваффақиятли ифода этишлари учун кенг имконият яратиб беради. Шунингдек, хроникал кадрлар билан мизансаҳна қоришмасидан ҳосил бўлган кадрларда ўтмиш воқеалари билан кинофильмдан олинган кадрлар орасидаги фарқни ажратиш қийин. Бу эса яхлит бир ўтмиш воқелигини яратишга ва бу воқеликдаги фожиани тўла тўкис англатишга ёрдам берган, десак хато эмас. Режиссёр топган мажоз ва тимсоллар ҳужжатли фильмда беҳисоб. Рамзийликка йўғрилган анимацион кадрларни ҳам, актёрлар ижросига берилган «юк»ни ҳам, мизансаҳна жиҳозлари жойлашувидаги маъноларни ҳам малакали томошабин яхши англайди. Бу худди узоқ вақт сўзлашга чора тополмай, ниҳоят берилган имкониятдан тўлиқ фойдаланиб қолишга интилган жоннинг аламли монологи кабидир. Зинҳор ва зинҳор бу монологни қоралашдан йироқмиз, аксинча бундай монологлар қачон бирлашиб, ўзаро диалогга айланиб, пировардида ХАЛҚ ОВОЗИ бўлиб бирлашаркан, деган савол хаёлга келади, холос.

 

Хулоса ўрнида

Қодирий ҳам, унинг ҳаммаслакдошлари ҳам халқ манфаати йўлида «ҲАҚ» дея қатл этилдилар. Аммо… аммо буни халқ билдими? Авлодлар билди, ўз замондошларичи? Бирлашиш йўқ бўлган, ҳар ким жон қайғусида бўлган у вақтда, Ўртадан чиқса агар миллатни яхши суйгувчи, Биз уни даҳрий санаб тўфонча бирла отамиз, дегувчи кўп бўлди.

 

Шу боис, фильмда Ленин ва Сталин образи, қизиллар, большевикларга кўп урғу берилгани бир мулоҳаза уйғотганини айтиб ўтмасак бўлмас. Нафс, ҳасад, хусумат каби қусурлар миллат, давр ва мафкура танламайди. Демак, 37- йиллар фожиасининг сабабчиси большевиклар ва уларнинг сиёсати сифатида акс этган ғоя қанчалик тўғри бўлмасин, чақимчилар ва «қулоқлар» аслида ўзбекларнинг ўзидан чиқди. Яна бошқарув ва давлат хавфсизлиги саводсиз оломон вакиллари қўлига топширилгани учун ҳам зиёлилар майдондан чиқариб ташланди. Саводсизларни бошқариш эса ҳамиша жуда осон бўлган…

 

Тан олиб айтадиган бўлсак, «Абдулла Қодирий» ҳужжатли фильми томошабинни шундай ўйлар гирдобига ташлайди. Фикримизча, бу фильм ва шу каби ўтмишдан ҳаққоний сўзлайдиган асарларни мустақил давлатимизнинг ёшларига мунтазам намойиш этиш, кези келса кадрма-кадр тушунтириш керак бўлади. Шояд, шу тариқа бу анъанага айлансаю, бугунги эркин ҳаёт неъмати ортида шаҳид кетганлар номи ҚАДРИЯТ даражаси қадар кўтарилса.

 

Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

14:09 / 24.09.2024 0 22
Ажиниёз образига бир назар





Кўп ўқилган

Барчаси

//