СССР хавфсизлик идоралари ўзининг қаттиқ интизоми, шафқатсизлиги билан бутун дунёга танилганди. Совет давлатининг қурилиши ва 75 йил умр кўришида хавфсизлик хизматларининг роли жуда катта. Айнан улар миллионлаб инсонларни қатағон қилди, даҳшатли қийноқлар орқали юз минглаб одамларнинг иродасини синдирди. Ўзбекистоннинг бир асрга яқин қулликда сақланишида ҳам ушбу бошқармаларнинг ўрни беқиёс эди.
ВЧК’дан КГБ’гача
Совет давлати ўзининг илк кунлариданоқ жазоловчи кучга таянишни бошлади. Хусусан, октябрь инқилобидан кўп ўтмай, 1917 йил декабрь ойида большевиклар ҳукуматининг қилич ва болғаси – ВЧК (Аксилинқилоб ва саботажга қарши кураш бўйича Бутунроссия фавқулодда комиссияси – Всероссийская чрезвычайная комиссия по борьбе с контрреволюцией и саботажем) тузилади. Ушбу идора вазифалари ва характери жиҳатдан давлат хавфсизлик хизмати эди. ВЧК ёхуд Чека ходимлари («чекистлар» деб аталган) совет давлати рақиблари, аксилинқилобчилар, синфий душманларни қидирган ва уларни жойида йўқ қилган. Советларнинг чет эл мамлакатлари ҳамда оқ гвардиячилар билан курашда ғалаба қозонишида ВЧК фаолияти жуда катта аҳамият касб этган.
1922 йилда Фуқаролар уруши тугаши билан фавқулодда ҳолат ташкилоти бўлган ВЧК ҳам тугатилади ва унинг ваколатлари РСФСР (Россия Совет Федератив Социалистик Республикаси) Ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) қошидаги Давлат сиёсий бошқармасига (Государственное политическое управление, қисқартмаси ГПУ) ўтказилади.
Аммо орадан бир йил ўтгач, СССР тузилиши билан давлат хавфсизлик хизматини энди Россия эмас, бутуниттифоқ даражасидаги муассасага айлантириш керак бўлади ва Давлат сиёсий бошқармаси Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси(Объединённое государственное политическое управление, қисқартмаси – ОГПУ)га айлантирилади. Шунингдек, хавфсизлик хизмати Ички ишлар вазирлиги тасарруфидан олиниб, тўғридан-тўғри Халқ комиссарлари совети(Вазирлар маҳкамаси)га бўйсундирилади.
Бироқ СССР хавфсизлик хизматлари эволюцияси шу билан якун топмайди. 1934 йилда ОГПУ қайта ташкил этилган СССР Ички ишлар халқ комиссарлиги ихтиёрига қайтарилади ҳамда Давлат хавфсизлиги бош бошқармасига ўзгартирилади.
Ушбу бошқарма 1937-1938 йиллардаги Сталин репрессияларида асосий зарбдор куч бўлган ва миллионлаб инсонларни қатағон қилган.
1943 йилда СССРъда алоҳида Давлат хавфсизлиги халқ комиссарлиги (НКГБ) ташкил этилади ва қисқа танаффус билан 1954 йилга қадар фаолият юритади (1946 йилдан Давлат хавфсизлиги вазирлиги сифатида).
1954 йилда, ниҳоят, дунёга машҳур совет хавфсизлик хизмати – Давлат хавфсизлик қўмитаси (Комитет государственной безопасности – КГБ) тузилади ҳамда шундан сўнг СССР хавфсизлик тизими бошқа ўзгаришга учрамайди.
СССРдаги барча давлат хавфсизлик хизмати тизимлари ҳар жиҳатдан ВЧКнинг меросхўрлари эди.
Ушбу хавфсизлик идоралари иттифоқ республикаларида амалда давлат бошқарувини олиб борган ва барча ташкилотларни назорат қилган. Жумладан, Ўзбекистон ССРда ҳам хавфсизлик хизмати раҳбарлари жуда катта таъсирга эга бўлган.
ЎзССР хавфсизлик хизматлари
ВЧК ва ГПУ РСФСР ихтиёрида ташкил этилган тузилмалар бўлиб, уларнинг ҳудудий бўлимлари республикалар Ички ишлар халқ нозирликлари, ёки минтақавий округлар таркибида бўлган. Масалан, 1924 йилгача мавжуд бўлган Бухоро ва Хива халқ совет республикалари, шунингдек Туркистон автоном совет социалистик республикасида чекистлар қўриқлаш кучлари таркибида ишлаган. Умумиттифоқ хавфсизлик идораси ҳисобланган ОГПУ ўзининг Ўрта Осиё ваколатли бошқармасига эга бўлган. Марказий Осиё республикалари ГПУ бўлимлари айнан ушбу бошқармага бўйсунган.
Фақат 1934 йилда ОГПУ Ички ишлар халқ комиссарлиги назоратига ўтгачгина, республикаларда алоҳида, тизимлашган, вертикал хавфсизлик хизматлари ишлай бошлайди. Иттифоқдош республикаларда Ички ишлар комиссарлари аксарият ҳолларда бир вақтнинг ўзида Давлат хавфсизлик бош бошқармаси раҳбари ҳам ҳисобланган.
1934 йилдан 1943 йилгача, яъни Давлат хавфсизлиги халқ комиссарлиги (НКГБ) тузилгунга қадар ЎзССРъда қуйидаги инсонлар Ички ишлар халқ комиссари лавозимида ишлаган.
Ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) раҳбарлари
1. Наум Маркович Лехтман. Лехтман жуда қисқа вақт ЎзССР Ички ишлар комиссари лавозимида ишлаган – 1934 йилнинг июлидан ноябрь ойига қадар.
Давлат хавфсизлиги катта майори ҳисобланган Маркович Украинанинг Виннитса вилоятида туғилган. 1933-1934 йилларда ЎзССР ХКС қошидаги ГПУ раиси бўлиб ишлаган ва махсус хизмат НКВД таркибига ўтказилгач, Ички ишлар халқ комиссари этиб тайинланган.
Совет тузуми болғасида ишлаганига қарамай Лехтманнинг ўзи ҳам 1937 йилда қатағонга учраб, отиб ташланган.
2. Лев Залин. 1934 йил 4 ноябрдан 1935 йил 9 январга қадар ЎзССР Ишки ишлар вазири. Давлат хавфсизлиги 2-ранг комиссари.
Залин Белорус республикасининг Гродно вилоятида таваллуд топган. Бир неча турли республикаларда ГПУ ходими бўлиб ишлаган. У ЎзССР Ички ишлар комиссарлигидан сўнг Қозоғистон НКВДни ҳам бошқарган.
Залин ҳам ўзи ишлаган тизим қурбони бўлган ва 1940 йилда отиб ташланган.
3. Николай Загвоздин. 1935 йил 9 январдан 1937 йил 19 августгача ЎзССР НКВДни бошқарган Загвоздин Ўзбекистон тарихида «махсус учлик»даги фаолияти билан алоҳида ўрин тутади.
Гарчи қатағон сиёсатининг энг авжига чиққан палласида Тожикистон НКВДъга ўтказилган бўлсада, Загвоздиннинг имзоси ЎзССРдаги кўплаб отувга ҳукмларда мавжуд эди.
Сталин репрессиясининг асосий ташкилотчиларидан бири бўлган хавфсизлик хизматининг бу раҳбари ҳам 1939 йилда, ўтмишдошлари каби отиб ташланган.
4. Дереник Апресян. Загвоздин ўрнига ЎзССР Ички ишлар халқ комиссари лавозимига тайинланган Апресян Ўзбекистондаги қатағон сиёсатида фаол қатнашган. У «махсус учлик» бошлиғи сифатида «катта террор»нинг асосий ташкилотчиси бўлади, отув ҳукмларини чиқарган ва уларнинг ижросини назорат қилган. 1937 йил 19 августдан ЎзССР НКВД раҳбари лавозимига киришган Апресян бу мансабда 1938 йил 21 ноябргача қолади.
Апресян кўплаб ўзбек жадидлари, жумладан Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Ғози Олим Юнусов, Раҳим Иноғомов, Қаюм Рамазон ва бошқалар қамоққа олиниши, сўроқ қилиниши ва ўлимга ҳукм қилинишида иштирок этган ва ижро қилган.
Бироқ, тизимга қанчалик содиқлик билан ишламасин, бу совет «жаллоди»нинг ўзи ҳам «айғоқчилик» айби билан ҳибсга олиниб, 1939 йилда отиб ташланади.
5. Алексей Саджая. 1938 йил ноябрдан 1941 йил февралга қадар ЎзССР НКВДъни бошқарган Саджая Грузиянинг Кутаиси вилояти туғилган. Унвони давлат хавфсизлиги 3-ранг комиссари.
Иккинчи жаҳон уруши бошланишидан бироз олдин ЎзССР НКВД раҳбарлигидан кетган Саджая Кавказорти фронти ҳарбий совети аъзоси қилиб тайинланган ва олдинги ўтмишдошларидан фарқли ўлароқ, репрессия эмас, портлаш оқибатида ҳалок бўлган.
6. Йўлдош Бобожонов. ЎзССРънинг маҳаллий аҳолидан чиққан илк хавфсизлик хизмати раҳбарларидан бири. Хоразмнинг Гурлан туманида туғилган Бобожонов 1941 йилда Ички ишлар комиссарлиги раҳбарлигини қабул қилиб олгач, орадан бироз ўтиб Германия СССРъга ҳужум бошлайди.
Урушнинг биринчи ойида НКВДъни бошқарган Бобожонов 1941 йил июлда лавозимидан туширилади ва вазир ўринбосари этиб тайинланади. Бироқ уруш тугагач яна Ички ишлар вазири лавозимини эгаллайди ва 1953 йилгача республика НКВДъсини бошқаради.
7. Амаяк Кобулов. Кобулов машҳур СССР разведкачиси эди. Унинг исми ЎзССР НКВД бошлиғи бўлганидан ташқари, Германияда элчи маслаҳатчиси бўлиб ишлагани билан ҳам таниқли. Айнан у профессионал айғоқчи бўлмагани учун сохта маълумотларга ишониб, Германиянинг СССРъга ҳужумини олдиндан баҳолай олмаган ва Сталинни Германия билан уруш бўлмаслигига ишонтирган.
Берлиндаги фаолиятдан сўнг, 1941 йил июлдан 1945 йил январга қадар ЎзССР Ички ишлар вазири бўлиб ишлаган Амаяк даврида НКВД тизимида бўлиниш содир бўлади. 1943 йилда мамлакат хавфсизлик хизмати Ички ишлар комиссарлигидан ажратилади ва алоҳида ЎзССР Давлат хавфсизлиги халқ комиссарлиги (НКГБ) тузилади.
Амаяк Кобулов ҳам ўзи ишлаган тизим томонидан қатағон қилиниб, 1955 йилда отиб ташланади.
Давлат хавфсизлиги халқ комиссарлиги (НКГБ, кейинроқ МГБ) раҳбарлари
1. Михаил Каверзнев. 1943 йил 7 майдан 1945 йил февралга қадар ЎзССР НКГБънинг етакчиси сифатида ишлаган Каверзнев Украинанинг Одесса шаҳрида туғилган.
Уруш йилларида республика хавфсизлик хизматини бошқарган Михаил олдинги ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, қатағонга учрамаган.
Евгений Питовранов. 1945 йил февралдан 1946 йил июнгача ЎзССР хавфсизлик хизмати раҳбари. Россиянинг Саратов шаҳрида таваллуд топган.
Питовранов иттифоқ даражасидаги ҳарбий амалдор эди. У Андропов, Примаков каби совет даври намоёндаларининг устози сифатида кўрилади. Ўзбекистондаги фаолиятидан сўнг Бутуниттифоқ Давлат хавфсизлиги вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.
Унинг даврида ЎзССР Давлат хавфсизлиги халқ комиссарлиги (НКГБ) номи ЎзССР Давлат хавфлиги вазирлигига (Министерство государственной безопасности — МГБ) ўзгартирилади.
Михаил Баскаков. Сталин репрессия ташкилотчиларидан бири. 1946-1951 йилларда ЎзССР МГБ раҳбари. Москва шаҳрида туғилган Баскаков Ўзбекистондан ташқари Карело-Фин ва Белоруссия ССР кучишлатар тизимларига ҳам раҳбарлик қилган.
Карело-Фин республикасидаги фин халқини қирғин қилганига қарамай, Баскаков Сталин ўлимидан кейин жиноий жавобгарликка тортилмаган ва олий жазо(ўлим)дан омон қолган. Унинг ЎзССР МГБ раҳбарлиги даври республикада янги қатағонлар сиёсати бошланиши билан характерланади.
Павел Дроздеский. 1951 йилнинг 3 январидан 13 ноябрга қадар ЎзССР Давлат хавфсизлиги вазири. Сталин қатағонларида фаол қатнашган.
Жумладан, сохта «Тампилерлар ордени» жамиятини фош қилган ва унинг аъзоларини ўлимга ҳукм қилган. Шунингдек, 1950 йилги иккинчи қатағон тўлқинида ҳам иштирок этган.
Дроздеский ҳам қатор жиноятларига қарамай жавобгарликка тортилмаган.
Сергей Гоглидзе. СССРънинг қотил офицерларидан яна бир. 1951 йил ноябрдан 1952 йил февралгача ЎзССР МГБъни бошқарган.
Гоглидзе 1941 йилги молдован халқи депортацияси ташкилотчиларидан бири эди. Унинг ташаббуси билан Бессарабия ва Украинанинг чегара вилоятларида яшовчи молдован аҳоли Қозоғистон ҳамда Грузияга мажбуран кўчирилган. Ушбу кўчиш жараёнида минглаб молдован ҳалок бўлган.
Шу билан бирга, Гоглидзе «шифокорлар иши»да ҳам кураторлардан бири бўлган. 1953 йилда, Сталин ўлимидан кўп ўтмай, «ватанга хиёнат»да айбланиб, отиб ташланган.
Сергей Оголсов. 1952 йил февраль ноябрь ойларида ЎзССР МГБ вазири. СССРънинг катта нуфузга эга хавфсизлик ходимларидан бири. Бир муддат СССР МГБ раҳбари ҳам бўлган Оголсов СССР халқ артисти Соломон Михоэлсни ўлдириш операцияси ташкилотчиси эди. Айнан шу «хизмати» учун юқори унвонларга лойиқ кўрилган.
Оголсов 1953 йилда СССР Давлат хавфсизлик вазири биринчи ўринбосари лавозимига қайтиши муносабати билан ЎзССР МГБ раҳбарлигидан кетган.
Қурбон Рўзметов. Оголсовдан кейин вазир ўрни 1953 йил мартгача, яъни Сталин ўлимига қадар бўшаб қолган ва ЎзССР МГБ вазири биринчи ўринбосари Қурбон Рўзметов вақтинча вазир вазифасини бажарган.
Урганчда туғилган Рўзметов МГБ вазири ўринбосари бўлишдан олдин Хоразм, Наманган, Бухоро вилоятлари хавфсизлик бошқармаларига раҳбарлик қилган. Кейинчалик ЎзССР КГБ раиси ўринбосари, ЎзССР прокурори даражасигача кўтарилган.
1953 йил 1 мартда «халқлар қотили» Сталин вафот этгач, унинг энг яқин сафдошларидан бири Лаврентий Берия Давлат хавфсизлик ва Ички ишлар вазирлигини яна бирлаштиради ҳамда унинг ягона раҳбарига айланади. Бироқ 1953 июнда Берия қамоққа олиниб, декабрда отиб ташлангач, кун тартибига Ички ишлар ва хавфсизлик хизматини қайта иккига бўлиш масаласи чиқади.
1954 йилда совет давлатининг энг машҳур идораси — Давлат хавфсизлиги қўмитаси (Комитет государственной безопасности, қисқартмаси КГБ) тузилади. Бу хавфсизлик муассасаси эндиликда тўғридан-тўғри СССР Коммунистик партияси Марказий қўмитасига (республикаларда маҳаллий МҚъларга) бўйсуниши белгиланади.
ЎзССРни қулликда сақлаб туришдан асосий қуроли бўлган ЎзССР КГБ тузилмаси раҳбарлари ҳақида кейинги мақола тўхталамиз.
Муҳаммадқодир Собиров
Oyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ