“Йирик бой, қулоқ, босмачилар тўдасини ташкил этган ва уларни қурол-аслаҳа билан таъминлаган” Абдураҳмон Абдуллахонов тақдири


Сақлаш
22:40 / 19.08.2024 123 0

Қўлимиздаги ҳужжат маҳбус Абдураҳмон Абдуллахоновнинг 5369-сонли айблов иши юзасидан НКВД Марғилон шаҳар бошлиғи Давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Кулешовнинг айблов хулосаси. У ЎзССР Жиноят кодексининг 66-моддаси 1-банди билан айбланган. Айблов хулосаси қуйидагича:

 

“Собиқ подшоҳ амалдори, давлат думаси аъзоси, йирик савдогар, мухториятчилик ҳаракати иштирокчиси, аксилинқилобий ташкилот “Миллий иттиҳод”нинг раҳбари аксилинқилобий ишлари ва 1920 йили босмачилар тўдаси билан алоқада бўлгани учун Марғилон шаҳрида ФК томонидан ҳибсга олинган. Шу кунда душман кайфиятида бўлган Абдураҳмон Абдуллахонов аксилинқилобий гуруҳлар ва бошқаларни ўз атрофига тўплаб, иш олиб борган, партия ва Совет ҳокимияти тадбирларига қарши норозилик кўрсатган.

 

Пахта заводига раҳбар пайтида тузумдан норози бўлган Каримбобоев, Мулла Мамашариповларни ўз томонига оғдириб, “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий ташкилот раиси ўринбосари сифатида босмачиликни қўллаб-қувватлаб, советларга қарши кураш олиб борган. 1920 йили миллатчилик, тескаричилик, 1933 йили аксилинқилобий фаолияти учун Марғилон ГПУси томонидан қамоққа олинган.

 

Иш бўйича тергов жараёнида қуйидагилар аниқланган: аввал аксилинқилобий кайфиятда бўлган, мухтор ҳукумат даврида адютант бўлиб, “Миллий иттиҳод”нинг фаол аъзоси сифатида давлатга қарши кураш олиб борган. 1920 йили Марғилон ЧКси адюданти, Марғилон уезд-шаҳар революцион комитети собиқ раиси, ҳозирда халқ душмани Шомансур Алихўжаев ёрдами билан жазодан қутулиб қолган.

 

1922 йили қўрбоши Муҳаммад Иброҳимов Марғилон раёни милицияси биринчи бошлиғи этиб тайинланди. Милиция собиқ босмачилар билан аксарият камбағал деҳқонларни талашган, террор этган, уларнинг аёлларини зўрлаган, қаршилик кўрсатганларни ўлдиришган. Шунингдек, улар Совет ҳокимиятига ишонган, ҳалол милиция ходимларини, масалан Юсуфжон Тожик ва бошқаларни ҳам ўлдирган. Марғилон шаҳрида ер-сув ислоҳотини ўтказиш даврида Каримбобоев штаб раиси бўлган, хизмат ваколатини суиистеъмол қилиб аксилинқилобий ташкилот “Миллий иттиҳод” топшириғи бўйича онгли равишда партия ва ҳукуматнинг директиваларини бузган. Каримбобоев аввалида аксилинқилобий “Миллий иттиҳод”нинг котиби бўла туриб, 1935 йилгача халқ душманлари – Марказ ходимлари, ҳозирда қамоққа олинган Шомансур Алихўжаев, Абдулла Каримов ва бошқалар билан яқиндан алоқада бўлган.

 

Абдураҳмон Абдуллахоновнинг ўзи – йирик бой, пахта тайёрловчи заводчи, қулоқ. Қўқон мухтор ҳукуматининг аъзоси. Марғилондаги “Миллий иттиҳод” ташкилоти раисининг ўринбосари ва аъзоси. Босмачилар тўдасини ташкил этган, қурол-аслаҳа билан таъминлаган. 1920 йили Каримбобоев ва “Миллий иттиҳод”чилар билан биргаликда Марғилон фавқулодда комиссияси томонидан ҳибсга олинган. Бироқ Марғилон уезд-шаҳар революцион комитетининг собиқ раиси Шомансур Алихўжаев томонидан озод қилинган.

 

Абдураҳмон Абдуллахонов 1929 йили Марғилондаги аксилинқилобий ташкилот “Азизовчилик”нинг раҳбари бўлган. Бу ташкилот аксари ўқув муассасаларида миллатчилик ишларини олиб бориб, ўқувчиларнинг коммунистик тарбиясини орқага сурган. Абдуллахонов ўқитувчилик қилиш билан бирга ўқувчилар орасида фашистик тарғибот олиб борган. Бунинг учун у Марғилон раён­ижроия комитети томонидан ҳайдаб юборилган. Халқ таълимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

 

Абдуллахонов Каримбобоевнинг ёрдами билан шу йили кооператив “Совет” номли колхозга ишга жойлаштирилган. У бу ерда қулоқлардан иборат йирик гуруҳ ташкил этган. Колхоздаги ишлаб чиқаришни издан чиқариш, социалистик мулкни талон-тарож қилиш, колхозда зараркунандачилик олиб бориш, фаоллар, комсомол аъзоларини қувиш, колхозчилар орасида тартибсизлик келтириб чиқаришга ҳаракат қилган.

 

Юқорида Каримбобоев ва Абдураҳмон Абдуллахоновнинг аксилинқилобий фаолияти Ўлмас Жалилов, Ортиқ Абсаров, Шарипжон Абдуллаев, Мухтор Исомиддинов, Қосим Ҳакимов, Абдулазиз Мелихўжаев ва бошқалар кўрсатмалари билан тасдиқланган. Ишда тегишли маълумотлар мавжуд.

 

Айбланувчилар ўзларига билдирилган айбларни эътироф этмаганлар.

 

Абдураҳмон Абдуллахонов 1892 йилда туғилган, Марғилон шаҳридан. “Совет” кенгаши кўчасида яшаган. Йирик савдогар. 40 таноб ерга эга, чорикорларни эксплуатация қилган, оилали, партиясиз. 1920 йили аксилинқилобий фаолияти учун ЧК органлари томонидан қамоққа олинган. 1930 йили иккинчи марта аксилинқилобий фаолияти учун ГПУ органлари томонидан қамоққа олинган. Ҳибсга олингунгача Марғилон қишлоқ матлуботида магазин мудири бўлиб ишлаган. Ҳарбий мажбурияти бўлмаган. СССР фуқароси, Марғилон шаҳар милицияси томонидан паспорт олган. Каримбобоев ва Абдураҳмон Абдуллахоновнинг жиноят ишлари ЎзССР Жиноят кодексининг 66-моддаси 1-банди билан белгиланган. Каримбобоев ва Абдураҳмон Абдуллахоновнинг айблови бўйича бу иш учлик томонидан ЎзССР НКВДсида кўриб чиқилган.

 

1937 йил 27 ноябрда ЎзССР Ички ишлар халқ комиссарлиги ҳузуридаги ЎзССР НКВД Марғилон шаҳар бўлими Учликнинг йиғилишида Абдураҳмон Абдуллахонов собиқ қулоқ, “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий ташкилот раҳбари сифатида 10 йил меҳнат-тузатув лагерига ҳукм қилинган. Муддати 1937 йил 14 сентябрдан ҳисобланган.

 

Орадан 12 йил (!) ўтиб, 1949 йил 21 мартда Фарғона област прокурори ўринбосари, Фарғона област давлат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Аванесовнинг профилактика чорасини белгилаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган. Унинг ижросини таъминлаш Фарғона област давлат хавфсизлиги бошқармаси тезкор вакили, катта лейтенант Арустанов, давлат хавфсизлиги 5-бўлим мудири, майор Митрофанов, тергов бўлимининг бошлиғи, майор Иксановларга юклатилган.

 

Қарорда шундай дейилган: “Мен, давлат хавфсизлиги министрлиги бошқармаси Фарғона области катта оператив вакили, катта лейтенант Арустанов Фарғона области Марғилон шаҳрида 1892 йили туғилган, миллати ўзбек, СССР фуқароси, партиясиз, саводли, катта бой оиласидан, туғилган жойи бўйича яшаётган, аниқ машғулоти бўлмаган Абдураҳмон Абдуллахоновга тегишли материалларни кўриб чиқиб, қуйидагиларни маъқул топдим.

 

Абдураҳмон Абдуллахонов ЎзССР Жиноят кодексининг 66-моддаси 1-банди бўйича жиноятчиликда шубҳа остига олинганлигидан озодликда юриб тергов ва суддан бош тортмаслиги ва ишни текшириш жараёнига таъсир этмаслиги учун ЎзССР Жиноят кодексининг 49-, 51-моддаларига асосланиб қарор қилдим:

 

Тергов ва суддан бош тортгани, қаршилик билдиргани учун Абдураҳмон Абдуллахонов чора сифатида Давлат хавфсизлиги министрлиги Фарғона области бошқармасига қарашли ички турмада сақлансин ва мазкур қарордан тилхат асосида маҳбус огоҳлантирилсин.

 

ЎзССР Жиноят кодексининг 52-моддасига мувофиқ, мазкур қарор нусхаси прокурор ва турма бошлиғига юборилсин ва маҳбуснинг шахсий ишига киритилсин”.

 

1949 йил 3 августда ССР Иттифоқи давлат хавфсизлиги министрлиги қошидаги махсус кенгашда Абдураҳмон Абдуллахонов РСФСР Жиноят кодекси ва ЎзССР Жиноят кодексининг 66-моддаси 1-банди билан айбланиб, советларга қарши миллатчилик ташкилотига мансублиги учун сургун қилинган.

 

Изоҳ: Қаҳрамонимизнинг сўнгги тақдири ҳақида маълумотлар изланмоқда. Бу инсон ҳақида хотирага эга бўлганлар таҳририятга ва муаллифга хабар қилиши сўралади.

 

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,

тарих фанлари доктори, профессор

 

“Jadid” газетаси, 2024 йил 16 август 34-сон.

“Миллат фидойилари: Абдураҳмон Абдуллахонов” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//