Собиқ чекист, Сталинга содиқ кадр ҳамда яхши ташкилотчи – ЎзССР раҳбари Амин Ниёзов


Сақлаш
19:36 / 14.08.2024 401 0

Ўзбекистон тарихининг маълумотлар етарлича кўп, бироқ жуда кам ёритилган саҳифаларидан бири ЎзССР давридир. Кўплаб ўзбекистонликлар «қизил империя» даврида Ўзбекистонни бошқарган инсонларни яхши танимайди ва уларнинг аксариятининг фаолиятидан бехабар. Шундай раҳбарлардан бири Ўзбекистон ССРни беш йил бошқарган Амин Ниёзовдир.

 

Чекистликдан молия вазирлигига

 

1950 йилнинг апрель ойида ЎзССР Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси пленуми бўлиб ўтади. Унда республиканинг 13 йиллик раҳбари Усмон Юсупов СССР Пахтачилик вазири этиб тайинлангани муносабати билан лавозимидан озод этилади ва унинг ўрнига ЎзССР Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби этиб Амин Эрматович Ниёзов тайинланади. Ниёзов бунга қадар ЎзССР Олий совети Президиуми раиси вазифасини бажариб келаётганди. Шу тариқа ЎзССР бошқарув тарихида янги давр бошланади.

 

1903 йилда Фарғона вилоятининг Оқтепа қишлоғида (Марғилон шаҳри яқинида) туғилган Амин Ниёзов 16 ёшидаёқ меҳнат фаолиятини бошлаганди. У 1919 йилда Фарғона уездининг Озиқ-овқат комитетига ишга киради. Бу пайтда бутун иттифоқ бўйлаб, очарлик ҳукм сураётган палла эди. Ниёзов бу лавозимда қандай (халқчил ёки аксинча) ишлагани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

ЎзССР раҳбарияти. Амин Ниёзов биринчи қаторда ўнгдан иккинчи

 

Энг аниқ маълумотлардан бири, ЎзССРнинг бўлажак раҳбари 1920 йилда қиличидан қон томиб турувчи, «қизил террор»нинг асосий ижрочиси бўлган «Аксилинқилоб ва саботажга қарши кураш бўйича Бутунроссия фавқулодда комиссияси» (қисқартмаси ЧК, ходимлари «чекист» деб аталган) аъзосига айланади. Фарғона шаҳар ишчи-деҳқон милициясининг махсус бўлинмаларида ишлаган Ниёзов 1922 йилда ЧК тугатилгач, ЧК’нинг вориси бўлган НКВД қошидаги Давлат сиёсий бошқармаси(Государственное политическое управление – ГПУ)да фаолиятини давом эттиради. 1930 йилга қадар совет давлатининг энг шафқатсиз жазоловчи органида ишлаган Ниёзов республикада ўтказилган «ғалла операцияси», «қулоқлаштириш» ва «ер ислоҳоти»да фаол иштирок этади.

 

Амин Ниёзов ГПУ’да ишлаб юрган кезларидаёқ Коммунистик партияга қўшилади ва турли партия лавозимларида меҳнат қилади. 1930 йилда Ниёзов оиласи билан Москвага йўл олади. У бу ерда Бутуниттифоқ саноат академиясига ўқишга киради. Ушбу академия олий ўқув юрти ҳисобланса-да, аслида ўрта мактаб даражасида, техник таълим берувчи муассаса эди. Ниёзов академияда Никита Хрущёв, Надежда Аллилуева (Сталиннинг иккинчи хотини) каби совет намоёндалари билан бирга таҳсил олади. Кейинчалик «Сталин номидаги саноат академияси»га айланган ушбу олийгоҳдаги таълим Ниёзовга келажакда партия пиллапояларидан кўтарилишга катта ёрдам беради.

 

Ўқишни тугатиб, Москвадан қайтган Ниёзов Чирчиқ электрокимё комбинати қурилишида ишлайди. Ҳали ёшлиги ва унча катта лавозимларни эгалламагани сабаб 1937-1938 йиллардаги қатағонлардан қутилиб қолади.

 

 

Қатағон сиёсатидан кейин бўшаб қолган партия ўринларини тўлдириш доирасида Ниёзов ЎзССР Компартияси МҚ’нинг Қурилиш бўлимига мудир этиб тайинланади. Иккинчи жаҳон уруши СССР ҳудудига кўчиши билан, Ниёзов ЎзССР Молия халқ комиссари (вазири) лавозимини эгаллайди. Шу тариқа собиқ чекист республиканинг энг нуфузли мансабдорларидан бирига айланади.

 

Саноат фидоийси

 

Маълумоти ва иш тажрибасига кўра, техник бўлган Ниёзов Иккинчи жаҳон уруши йилларида СССР’нинг ғарбий ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган заводларни тезкор лойиҳалаштириш ва ишга туширишда муҳим роль ўйнайди. Чунончи, уруш йилларида Ўзбекистонда 280 та янги саноат корхонаси қурилиб, ишга туширилади. Саноат ишлаб чиқаришининг янги тармоқлари — самолётсозлик, оғир саноат, рангли ва қора металлургия ҳамда бошқа соҳалар вужудга келади. Ушбу қурилишларни молиялаштириш, чекланган маблағни тўғри тақсимлашда Ниёзов анча жонбозлик кўрсатади.

 

Усмон Юсупов ва Амин Ниёзов бир гуруҳ меҳнат фаоллари билан

 

Амин Эрматович 1946 йилда, ЎзССР Вазирлар совети Раисининг ўринбосари (яъни, бош вазир ўринбосари) этиб тайинланган сўнг ҳам республикада саноатни ривожлантириш, ички захираларни аниқлаш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, ишлаб чиқаришни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда фаол қатнашади.

 

Ниёзов Каттақўрғон ва Чимқўрғон сув омборлари каби йирик ирригация иншоотларини қуриш, Марказий Фарғона ва Мирзачўл ерларини ўзлаштириш, Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилашда катта ишларни амалга оширади. Ушбу хизматлари учун «Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган қурувчи» медалига ҳам соҳиб бўлади.

 

Москвага ўта содиқ раҳбар

 

1946 йилда ЎзССР Халқ комиссарлари совети Вазирлар советига айлантирилади. Ниёзов Молия вазири лавозимидан Вазирлар совет раиси ўринбосарлигига ўтказилади. Амин Эрматович бир йил давомида раис Абдужаббор Абдураҳмоновга ўринбосар бўлиб ишлагач, 1947 йилда Абдували Мўминов ўрнига республиканинг расмий раҳбари – ЎзССР Олий совети Президиуми раиси этиб тайинланади. Бироқ СССР’да Президиум раиси расман республика раҳбари ҳисобланса-да, ҳақиқий ҳокимият Компартия МҚ биринчи котиб қўлида тўпланганди. Орадан уч йил ўтиб Ниёзов бу лавозимни ҳам эгаллайди.

 

Сталиннинг содиқ сафдошларидан бири ҳисобланган Ниёзов урушдан кейинги йиллардаги тикланиш ишлари давом эттиради. У ўта қаттиққўллик ва шафқатсизликка асосланган қайта тиклаш ишларида ўзини кўрсатади.

 

Ниёзов Юсупов давридан мерос қолган «пахта колонияси» сиёсатини давом эттиради: 1950 йилда ЎзССР илк бор 3 миллион тонна пахта ҳосили олади. «Ташселмаш» заводида СХМ-48 русумли биринчи маҳаллий пахта териш машиналари серияли ишлаб чиқарилади ва амалиётда қўлланилади. Асосий истеъмол маҳсулотлари етиштирилишига етарли эътибор қаратилмайди. Сталинга ёқишга интилган Ниёзов зўр бериб пахтачилик ва оғир саноатни ривожлантиришга уринади.

СССР Министрлар совети раиси Алексей Косигин Тошкентда. Чап томонда Амин Ниёзов ва Шароф Рашидов

 

Бунинг натижаси ўлароқ Ниёзов икки бор «Қизил юлдуз» ва «Ленин», уч бор «Меҳнат қизил байроғи» ордени билан тақдирланади.

 

Амин Ниёзов бошқарув даврининг яна бир муҳим қисми 1950 йиллардаги янги қатағон сиёсатидир. Иккинчи жаҳон уруши тугагач «халқлар қотили» Сталин СССР’да янги репрессиялар тўлқинини бошлайди ва бу Ўзбекистонга ҳам етиб келади. Хусусан, 1952 йил 21-22 февралда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг мафкуравий масалаларга бағишланган Х пленумида Амин Ниёзов республикадаги мафкуравий ишлар аҳволи ва уни яхшилаш чоралари тўғрисида маъруза қилади. Маърузада Ўзбекистон зиёлиларининг бир қанчаси миллатчиликда айбланади.

 

МҚ ташаббуси билан 1950 йилларда бир қатор ўзбек ёзувчи ва шоирлари, жумладан, Саид Аҳмад, Шукрулло, Мирзакалон Исмоилий, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Сулаймон, Шуҳрат ва бошқалар «миллатчилик», «аксилсовет ҳаракати олиб боргани» учун қамоққа олинади ва узоқ муддатларга кесилади.

 

1953 йилда «халқлар қотили» Сталин вафот этгач ҳам Ниёзов унга содиқлигини тўхтатмайди. У Хрущёвнинг Сталин шахсига сиғинишни фош қилувчи нутқларини салбий қарши олади. Биринчи котибнинг маккажўхори сиёсатини танқид қилади. Москванинг ЎзССР’да Сталин портретларини камайтириш ҳақидаги буйруғини бажаришдан бош тортади.

 

Бундан ташқари Сталиннинг «ягона совет миллати» ғояси тарафдори бўлган Ниёзов ЎзССРда бошланган миллий уйғониш ҳаракатига қарши чиқишда давом этади, бутун иттифоқда бошланган кадрларни маҳаллийлаштириш сиёсатига қўшилмайди.

 

Кўпчилик Амин Ниёзовнинг миллийликка қарши ҳаракатлари ва умуман марказга қаттиқ содиқлигини ЎзССР’нинг иккинчи котиби Роман Мелников билан боғлайди. Бироқ ундан кейинги биринчи котиблар Нуриддин Муҳиддинов ва Собир Камолов Мелников билан бирга ишлаган ҳолда ҳам миллий уйғониш ҳаракатини қўллаб-қувватлайди ва тизимни кенг миқёсда «маҳаллийлаштириш»тиради.

 

Никита Хрушчёв ва Амин Ниёзов КПСС сессиясида

 

Амин Ниёзов Сталин ўлимидан сўнг ҳам бирмунча вақт ҳокимиятда қолишга эришади. Фақатгина, 1955 йилда Хрущёв билан келишмовчиликлар кучайгач Ниёзовни республика сиёсий раҳбарлигидан олиб ташлаш кун тартибига чиқади. 1955 йил декабрида МҚ пленумида Амин Ниёзов ЎзССР Компартияси МҚ биринчи котиби лавозимидан озод этилади ва ЎзССР коммунал хўжалик вазири этиб тайинланади. Нуриддин Муҳиддинов Амин Ниёзов ўрнига ЎзССР Компартияси МҚ биринчи котиби бўлади.

 

Туркманистондаги фаолият ва сўнгги кунлар

 

Ниёзов вазир сифатидаги бир йиллик фаолиятидан сўнг, Ўзбекистон ССР Вазирлар Совети қошидаги Газлаштириш бош бошқармаси раҳбарлигига ўтказилади.

 

1961 йилда Ниёзов қўшни Туркманистонга жўнатилади ва Туркманистон Компартияси Марказий қўмитаси котиблигига тайинланади. Бундан ташқари у Туркманистон Компартияси МҚ Бюроси аъзоси ҳам бўлади.

 

Бироқ сталинсеварликдан ҳали ҳам қутулолмаган Ниёзов 1961 йилда Сталин жасадининг Ленин мавзолейидан кўчирилишини қаттиқ танқид қилади ва натижада эгаллаб турган мансабларидан бўшатилади.

 

Амин Ниёзов меҳнат фидоийсини тақдирламоқда

 

Шундан кейин Амин Ниёзов катта сиёсат билан шуғулланмайди ва 1973 йил 26 декабрда Тошкент шаҳрида вафот этади.

 

Амин Ниёзовнинг ЎзССР раҳбари сифатидаги фаолияти марказга ўта содиқ қилиб тарбияланган маҳаллий кадрлар ишининг ёрқин намунасидир. Беш йиллик бошқарув даврида Ниёзов Ўзбекистонга эмас, Москвага кўпроқ хизмат қилди. Аксарият ўринларда марказ манфаатларини республика манфаатларидан устун қўйди. Ўзбек зиёлиларни қатағон қилишда иштирок этди. Ҳатто имкон туғилганда ҳам миллий уйғонишни қўллаб-қувватламади. Бу унинг ватанпарварлик тушунчасини умуман бошқача тарзда тушуниши билан боғлиқ эди.

 

Муҳаммадқодир Собиров

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//