(1-мақола)
Хакас фольклорини четдан туриб ўрганиш ёки тавсифлаш мумкин эмас. Чунки, хакасларнинг тили каби фольклори ҳам ўзгача бир руҳ билан суғорилганки, бу руҳиятни бошқа туркий ўлкаларда топиш мушкул. Шу пайтгача мен хакас эпосларини рус тилидаги таржималари орқали бўлса ҳам тушунишга ҳаракат қилганман, аммо натижа бўлмаган. Хакасияда бўлганимизда «Улгер»(Ҳулкар) фольклор ансамблининг раҳбари Айжариқ Сайин Кучен бизга хакас фольклорининг моҳиятини тушунтириб берди. Унга кўра, хакас фольклори бошқа туркийларнинг фольклоридан фарқ қилади. Хакаслар мақолни қипчоох, топишмоқни тапчанг ёки сиспек, эртакни нимах, достонни – алиптих(алп сўзидан) нимах деб аташади. Хакас фольклорида тахпах деб аталадиган бошқа бир жанр ҳам бор ва у асосан тўртлик шаклида тузилган бадиҳа шаклида ижро этилади.
Хакаслар бахшиларни хайжи деб аташади ва бу ўзбекча куйчи сўзининг бузилган шаклидир. Достонлар айтоладиган ва уларнинг янги вариантларини ярата оладиганларни хайжи-нимахжи(куйчи достончи) деб аташади ва улар ҳам композитор, ҳам машшоқ, ҳам шоир, ҳам ижрочи сифатларини ўзида жамлаган бўлади. Улар орасида Семён Кадишев, Моисей Баинов, Петр Қурбижековлар хакас достончилик мактабининг асосчилари саналишади. Янги даврда достончиликни сақлаб келаётган хайжинимахжиларнинг энг кўзга кўрингани «Ӱлгер» фольклор ансамблининг раҳбари Айжариқ Сайин Кучен ва унинг шогирдлари Тагир Асачах, Мирген Иргитлар саналади.
Хакас алиптих нимахлари яъни достонларидан юзлаб намуналар сақланиб қолган. Аймерген, Айдолай, Альтин Тойчи, Альтин Чус(юз), Қора тўриқ от минган Қорахон(Хара торо аттиҳ Харахан), Чипор от минган Оқхон(Ах пора аттиғ алип Аххан), Кўкхон достонлари алоҳида аҳамиятга молик. Улар орасида Қорахон, Оқхон, Кўкхон достонларининг номлари Ўғузхон даври қаҳрамонларини эслатади. Оқхон – «Ақ пора аттиғ алип Ақхан» номидаги «Ақ пора» олтой Алп-Манашида Ақ боро яъни оқ-кўк ола рангни билдиради. Бу эса Алпомишнинг оти Бойчиборнинг рангидир.
Хакасларнинг мусиқаси ва мусиқий чолғу асбоблари ҳам ўзгача. Улар орасида чатған (хак. чадыған) деб аталадиган кўп торли чертиб (нохунсиз) чалинадиган асбоб ўзбек чангига ўхшаб кетади, аммо ҳажми катта ва қўл билан чалинади. Унинг от ёлидан тайёрланган торлари 3 тадан 14 тагача бўлиши мумкин. Асбобнинг овози корпуси билан торнинг орасига жойланган суяк – ошиқни ҳаракатлантириш ҳисобига созланади. Чатған икки тиззанинг устига қўйиб ёки бир учи ерга қўйиб ўтирган ҳолатда чалинади.
Пирғи (бурғу) – хакасларнинг пуфлаб чалинадиган чолғу асбоби бўлиб, узунлиги 50–70 см. Унинг ярми конуссимон, қолган қисми цилиндрсимон қилиб ишланади. Пирғи қайрағоч кедр ёғочидан тайёрланади. Чалганда урғочи Сибир бўғусининг овозини чиқаради. Шунинг учун уни хакаслар овда эркак бўғуларни авраб чақириш учун қўллашган. Хакасларда дўмбирасимон асбоб хобис деб аталаркан. Хакас найи эса хобирах, дейилади. Бундан ташқари улар даф(довулбаз) ва бошқа турли ҳайвонларнинг товушларини чиқарадиган содда асбоблардан ҳам фойдаланишади[9]. Мақоллар – қипчоохлар хакас фольклорининг асосини ташкил қилади. Мақоллар болаларни ва ёшларни юртига ва халқига садоқатли қилиб тарбиялаш, йигитларда ботирлик, жўмардлик, қизларда ибо, ҳаё каби ахлоқий фазилатларни шаклантиришда муҳим ўрин тутади. Табиийки, ўрмон ва тайғанинг эгаси бўлган хакасларнинг мақолларида овчилик ва ов(хакасча анг) билан боғлиқ мавзулар кўп учрайди:
Аннабазан азыран полбассын
(Ов қилмасанг омон қолмассан)
****
Аңҷы кiзi ачын полбаҷан
(Овчи киши очкўз бўлмагай)
Бошқа туркийлар каби хакасларда ҳам мақолларнинг асосий қисмини яхшилик ва ёмонлик мавзулари эгаллайди:
Чабанын, ахсына чағ чарабаан
(Ёмоннинг оғзи ёғ яламас)
****
Чабан тилге тас таа чарылган
(Ёмон тил(сўз)га тош ҳам ёрилар)
Умуман олганда мақолларда хакасларнинг ҳаёти, турмуш тарзи акс этади:
Пабаның ибі истіг, iӌенің ибі паарсах
(Отангнинг уйи иссиқ, онангнинг бағри юмшоқ)
****
Ағасты пір хати саап аңдар полбассың-
(Дарахтни қаттиқ бир уриб ағдаролмассан)
***
Кӱс сағысха алдырӌаң-
(Кўз ақлни алдайди)
***
Астаан кізее альтын кирек чогыл
(Оч кишига олтиннинг кераги йўқ)
****
Аңнап парчатсаң чолдаң айланма-
(Овга бораётган бўлсанг йўлдан қайтма)
****
Ат ӧлзе изері халар
(От ўлса ҳам эгари қолар)
****
Тангдагызы тангда пiлдiрер, танг атса коршер
(Эртагини тонгда билдирар, тонг отса кўрарсан)
****
Харам кизинен алымны харагай пурi туссе аларзин
(Қурумсоқ кишидан қарзингни қарағайнинг барги ерга тушса оларсан)
****
Суга юргелекте, одш суурба,
Тага сыххалахта, таях таянма
(Сувдан юрган бўлсанг этигинг ечма,
Тоққа чиққунингча таёққа таянма)
****
Хойнинг табизиннан пасхази прай кирекка парча
(Қўйнинг маърашидан бошқа ҳамма нарсаси рўзғорга керак бўлади)
Хакасларнинг турмуш тарзи кўпроқ овчилик ва чорвачилик билан боғлиқ. Шунинг учун ошхонасининг асосий қисмини ўрмон, асаларичилик ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ва улардан тайёрланган таомлар ташкил қилади. Уларнинг кўпи бизга таниш: Айран(айрон), талған(талқон), потхи(бўтқа), угре(угра ош), чалбах(чалпак), пизилах(пишлоқ), коче(гўжа), поча(бўза), хурут(қурут), поорзоох(бўғирсоқ) ва ҳакозо. Хан(қон) яъни қондан тайёрланадиган хасип хакас ошхонасининг севимли таомларидан бири. Шунингдек, харбан деб аталадиган шўрва, хайма(хакасча қази), тоғрамчи(калла-поча), коптиргес(кўпган хамирдан лочира), тутпас(хакасча чучвара) ҳам севиб истеъмол қилинади.
Либослар миллий маданиятнинг энг муҳим элементи саналади. Унда миллатнинг ҳунармандчилик санъати, миллий безакларнинг бетакрор намуналари акс этади. Хакас миллий либоси бўйича мутахассис Раиса Абдинанинг «Хакастардинг кибирлиг културазинда националнай қип-азах (Хакасларнинг анъанавий маданияти миллий либос)» номли китобида бу ҳақда мухтасар ва мукаммал маълумотлар берилган[10].
Хакасларнинг устки либослари тон(тўн) деб аталади. Тўнларнинг тери тўн, киис(кигиз) тўн, хирна(қириб тозаланган тери) тўн, талбах(сигир терисидан) тўн, кис(сусар) тўн, торғи(ипак билан қопланган) тон, сикпен(мовут билан қопланган) тон, плис(бахмал билан қопланган) тон каби турлари бор. Хакасия ҳудудлари иқлими совуқ ва кескин ўзгарувчан бўлгани учун тўнлар турли шароитларга мосланган. Улар қишда ёки ёзда, ёмғирда ёки қуруқ кунларда, байрам ва тўйларда кийилишига қараб алоҳида бичимда тикилган. Тўнлар енгсиз, енгли, узун, қисқа (белгача), енгил ёки оғирлиги, ранги ва сифатига қараб ажратилган. Аёлларнинг тўнлари, айниқса, келин ва қудағайларнинг тўнлари жуда чиройли безаклар билан безатилган.
Хакаслар кўйлакни кўганак деб аташади. Кўганаклар ир кўганак(эркаклар кўйлаги) ва ипчи кўганакка(аёллар кўйлаги) бўлинади. Бу ерда ир – эр, ипчи – эв кишиси яъни аёл маъносини англатади. Ир кўганаклар белгача ёки тиззагача тушиб турган ва турли ёрқин рангдаги матолардан тикилган. Ипчи кўганаклар этаги ерга тегиб турадиган даражада узун, кўпроқ гулли матолардан тикилган.
Хакаслар бош кийимларни пўрик(бўрк), деб аташади. Хакас тилида бўри – пуур. Маълумки, туркийлар қадимда бош кийимларни бўри терисидан тайёрлаган ва шунинг учун уни бўрук, деб аташган. Пўрикларнинг ёзги(чайғы) ва қишги(хысхы) турлари бўлган. Улар кўпинча бўри, тулки, қуён, қундуз, сувсар ҳамда барра қўзининг териларидан тикилган. Шунингдек, кигиз(киис пўрик) ёки жун(тук пўрик) матолардан ҳам бўрк тикилган. Хакас аёллари ҳам бўрк кийишган, бироқ уларнинг шакли бироз нафисроқ ишланган.
Аёллар бош кийими асосан турли ҳажмдаги рўмоллардан таркиб топган. Хакасларда рўмол сўзининг туркийчаси унутилган шекилли, луғатга плат шаклида қабул қилинган. Аммо, шеваларда арчол шакли ҳам бор[11]. Хакас рўмолларининг саал(шол) ва хил/қил(жун) рўмол каби турлари бор. Аёллар рўмол остидан «тағаях» деб аталадиган айлана дўппига ўхшаш бош кийимини кийишган. Р. Абдиананинг таъкидлашича, тағаях сўзи татарлар орқали ўзлашган арабча «тақийя»нинг ўзгарган шакли бўлиши мумкин[12]. Айни бош кийимини бошқа туркий халқларнинг аёллари ҳам кийган ва уларни салла деб аташган.
Хакаслар оёқ кийимни маймах(маймоқ) ёки ўдук(этик) деб аташади. Тайга ва Сибир ҳудудларининг иқлими совуқ, ёзи ҳам ёмғирли бўлгани учун хакаслар кўпроқ этиклардан фойдаланишган. Тўпиқдан паст кийиладиган оёқ кийимлари эса асосан уй ичи ва ҳовлида кийилган. Хакасларда этикнинг кўн(ишлов берилган тери), кўлбўс(ёввойи эчки териси), писхах(йирик ҳайвонларнинг оёқ териси), сағир(от сағрини), сазан(юмшоқ тери), тим(аёллар оёқ кийими учун юқори сифатли тери), талбах(ишлов берилмаган тери), тууп(ошланган тери), хара(қорага бўялган тери), хатиғ(қаттиқ тери), кигиз ва бошқа турли матолардан тикилган ўнлаб турлари бор. Болалар этиги ёки бошмоқча кўпинча ўта юмшоқ теридан ёки кигиздан тикилган. Аёллар ва эркакларнинг байрамона этикларига кўпроқ ўсимлик гулли безаклар берилган.
Либослар ва уларнинг қисмлари, ҳамда тақинчоқларининг хакас ва ўзбек тилида солиштирма жадвали:
№ |
Хакасча |
Ўзбекча |
Ўзбек шеваларида |
тон |
тўн |
||
устун чапчан |
устки ёпинчиқ |
||
тўзек-частих |
тўшак ёстиқ |
||
киис |
кигиз |
кийиз |
|
кўгенек |
кўйлак |
кўган |
|
морқам |
қадама енг |
қайтарма енг |
|
эен/ингмен |
елкапўш |
қадимда:кийим елкасига тақилган безак |
|
кўбее |
жияк, уқа |
чироз |
|
хузуруғ |
хотин-қизлар кўйлагининг узайтириб тикилган орқа этаги |
қуйруқ |
|
обирчи |
жияк |
чироз |
|
мойиндириғ |
ёқа |
бўйинтуруғ маъносидан |
|
идег |
этак |
кўйлакнинг этаги |
|
паар |
аёллар кўйлагининг ол кесими |
бағир, бовур |
|
сиинчах |
қийиқ |
зулфак |
|
чииринди |
бурма |
жиринди |
|
холтих |
қулфак, хиштак, (кўйлакнинг қўлтиғига бошқа рангдаги материалдан солинган парча). |
||
истан |
иштон |
шалвар |
|
чайғи |
ёзги кийим |
||
хисхи |
қишги кийим |
||
арчол |
рўмол |
||
Саал арчол |
шолрўмол |
||
маймах |
оёқ кийими |
моймоқ |
|
чарқи |
оёқ кийими |
чориқ |
|
изирға |
сирға |
||
пурба |
болдоқ |
||
чустук |
узук |
||
пилектес |
билагузук |
||
мончих |
мунчоқ |
||
поғо |
кўкракпеш |
бўқоқ |
|
ингелдирик |
игна игна қадаб қўйиладиган ёстиқча |
ийна илдиргич |
|
пелбағ |
белбоғ |
||
чипег |
ип, калава |
ипак/жипак сўзи билан боғлиқ |
|
марха |
тугма |
||
торғи |
ипак |
Орнаментлар хакаслар маданиятининг бадиий образи саналади. Унда миллатнинг бутун тарихи, бугуни, келажаги акс этган. Орнаментлар асосан уч турда – геометрик, астрал, ўсимлик гулли ва зооморф мазмундаги безаклардан ташкил топган. Хакасларнинг безаклари қоятошларга, меъморий ва бошқа ёдгорликлар, хусусан қоятошлар, балбалтошлар, битиктошларга, турли предметлар, хусусан ов ва иш қуроллари, кийим-кечакларга туширилган. Уруғларнинг тамғалари, тангричилик дини ақидаларига кўра кўздан асровчи, ҳимоя ва омад келтирувчи дуолар акс этган белгилардан ҳам орнамент сифатида фойдаланилган.
Хакаслар орнаментида энг кўп қўлланиладигани ўсимлик гулли безаклардир. Улар орасида азир, чахаях хоози, ибирки хоози, чистек хоози, пурек, иргек каби орнаментлар кўп учрайди. Азир – гулбарг. Улар икки, уч ёки ундан кўп миқдорда бўлиши ҳам мумкин. Чахаях хоози – гул кўзи. Уни баъзан қуёш гули ҳам деб аташади. Иргек – тоқ сонли япроқлардан ташкил топган елпиғ гул. Иргек доим орнаментлар композициясининг марказини ташкил қилган. Чистек хоози орнаментида гулбаргли мевалар тасвирланган. Чистек меванинг хакасча номини англатади. Пурек – буйрак шаклидаги гул бўлиб, у шундай номланса-да, аслида унда «яралиш ғояси» олма мевасининг ичидаги уруғ тасвирланган.
Хакас орнаментларида ранглар уйғунлиги алоҳида мазмун касб этади. Унда ҳар бир рангнинг ўзига хос маъноси бор: қизил ранг – қувонч, гўзаллик, севги, тўкис ҳаёт; оқ ранг – поклик; кўк ранг – осмоннинг, сув, ҳаво; яшил ранг – ёшлик, яралиш; тўқ сариқ ранг – илиқлик, олтин, бойлик; сариқ ранг – буғдойнинг, кузнинг, ҳосилдорлик рамзи саналган[13]. Ҳунармандлар уларни ўз ўрнида, вазифавийлигига мос тарзда қўллай олиши чинакам санъат саналган.
Хакас орнаментларида ўсимлик гулли орнаментларнинг кўплиги уларнинг табиатга бўлган муҳаббатидан дарак беради. Зеро, бошқа кўплаб туркийларнинг безакларида зооморф – қўчқор муйиз, балиқ дум, туя ўркач, қуён қулоқ, аждар каби элементлар кўпроқ учрайди[14].
Хулоса ўрнида Хакаслар – туркий эл. Қипчоқ эмас. Улар Энасой қирғизларининг авлодлари. Бунга кўплаб далиллар келтирилган[15]. Хакаслар антропологияси монголоид ва европеоид, ҳамда икки ирқнинг қоришувидан иборат. Кўз тузилиши сибир татарлариникига ўхшаш. Айрим хакаслар юз тузилиши Америка ҳиндуларини эслатади.
Орнаментлар таҳлили шуни кўрсатадики, унда умумолтой, умумтуркий элементлар устунлик қилади. Қипчоқ орнаментлари кам. Тили қипчоқ, қарлуқ ва ўғуз лаҳжаларидан фарқ қилади ва туркий тилларнинг хакас тиллари гуруҳига киради. Хакас тилида 17 унли, 24 ундош товушлар бор. Унлиларнинг талаффузи бошқа лаҳжаларникидан фарқ қилади. Чунки кўплаб унлилар чўзиб талаффуз қилинади. Грамматикаси соф туркий. Лексикасида мўғул ва рус тилидан сўзлар кўпроқ ўзлашган. Араб ва форс тилларидан сўзлар ўзлашмаган. Хакас тили ўрхун-энасой ёзувлари тилига жуда яқин. Энг қизиғи ҳозир ҳам хакасларнинг жуда катта қисми Энасой ёзувларини ўқий олади.
Анвар БЎРОНОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
[9] Стоянов А. Описание хакасских народных музыкалных инструментов. Абакан, 1985.
[10] Абдина Р.П. Националный костюм в традиционной културе хакасов. – Абакан: Хакасское книжное издателство. 2018. – 96 стр.
[11] Арчол – арчмоқ ўзагидан ҳосил бўлган. Олтой тилида арчуул шакли бор.
[12] Абдина Р.П. Националный костюм в традиционной културе хакасов. – Абакан: Хакасское книжное издателство. 2018. – С 54.
[14] Кызласов Л.Р., Корол Г.Г. Декоративное искусство средневековых хакасов, как исторический источник». ‒ М. «Наука», 1990. 224 с.
[15] Потапов Л. П. Хакасы // Народы Сибири. — М.-Л., 1956. — С. 376—419. — С. 384.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ