Буюк Британия империяси бутун дунё тарихидаги энг катта империя ҳисобланади. Ушбу метрополия барча қитъаларда мустамлакаларга эга бўлган ва Россия билан Марказий Осиё учун ҳам кураш олиб борган. Гарчи, дастлаб бу курашда Россияга ён берган бўлсада, инглизлар кейинчалик барибир Марказий Осиёни эгаллашга ҳаракат қилди. 1918-1919 йилларда Ашхободни қўлга олган Британия аскарлари маҳаллий аҳоли ва оқ гвардиячиларга Туркистонда совет ҳокимиятини қулатишга бевосита ёрдам берган ҳамда ўлкада ўз ҳукмронлигини ўрнатишга уринган.
1918 йил. Туркистондаги вазият
1918 йил февралида Туркистон мухторияти қулатилгач, минтақада совет ҳокимиятига қарши қуролли (истиқлолчилар ҳаракати) кураш бошланади. Тошкентни Москва билан боғловчи Оренбург шаҳри ва унинг атрофлари Дутов бошчилигидаги оқ гвардиячилар томонидан эгаллангач, Тошкентдаги совет ҳокимияти марказ таъминотисиз қолади ва истиқлолчилар билан кураш олиб боришда жиддий қийинчиликларга дуч келади.
Советлар Германия билан Брест тинчлик шартномасини имзолаган бўлсада, немислар ва уларнинг иттифоқчиси бўлган Усмонлилар собиқ Россия империясининг ҳудудларини ўзига қўшиб олиш ниятидан бутунлай воз кечмайди. Хусусан, Усмонлилар «Шарқ» ҳарбий гуруҳини тузиб, 20 мингдан кўпроқ қўшин тўплайди. Ушбу бўлинманинг бош мақсади Озарбойжон, Доғистон, Шимолий Кавказ ҳудудларини Усмонлиларга қўшиб олиш бўлган.
1918 йилда турклар аллақачон Кавказда фаол ҳарбий ҳаракат олиб бораётганди.
Британия немис-усмонли кучлари Кавказни қўлга олса, улар учун Туркистонга йўл очилишидан хавотирда эди. Чунки бу пайтда Туркистонда 60 минг атрофида немис, турк, австро-венгер асирлари сақланаётган, минтақа усмонли кучлари томонидан забт этилса, улар тезда қуроллантирилиб, жиддий кучга айланиши мумкин эди. Бу жиддий куч эса Буюк Британиянинг энг асосий мустамлакаси – Ҳиндистон ва Эрон учун тўғридан-тўғри таҳдид туғдирарди.
Қолаверса, дунё пахта бозоридан узилиб қолган Германия ва Усмонийлар учун Туркистон хомашё базаси сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этган.
Айнан шу сабаблар ва коммунизмнинг дунё бўйлаб тарқалиши хавфи туфайли Лондон собиқ иттифоқчиси ҳудудига бостириб киришга қарор қилади.
Туркистонга илк ва ягона босқин
1918 йил январь ойида инглизлар туркларнинг Каспий денгиз томон йўлини ёпиш учун генерал Лионел Денстервил бошчилигида махсус бўлинма тузади ва уни Кавказга юборади. Ушбу гуруҳнинг вазифаси Каспий жанубида мустаҳкамланиш, сўнгра асосий порт-шаҳарлар бўлган Энзели ва Бокуни қўлга олиш эди.
Лондон Денстервил миссиясининг эҳтимолий муваффақиятсизлигини ҳам ҳисобга олади ва иккинчи чизиқ сифатида Каспиёрти вилоятини (ҳозирги Туркманистон ҳудудлари) эгаллашни режалаштиради. Бу вазифани бажариш учун асосан ҳиндлардан иборат британ-ҳинд алоҳида бўлинмаси тузилади ва унга генерал майор Уилфрид Маллесон қўмондон этиб тайинланади. Маллесон бунга қадар Туркистон, Афғонистон ва Эрондаги Британия разведка хизматини бошқарган, шу боис ўлка аҳволидан яхши хабардор бўлган тажрибали зобит эди.
У 1918 йилнинг июнь ойида ўз бўлинмаси билан Эрон шимолига етиб келади ва совет Туркистони билан чегарадош Машҳад шаҳрига жойлашади. Лондон Маллесон зиммасига «Усмонли-Германия босқинига маҳаллий қаршиликни ташкил этиш», «Марказий Осиё темирйўли хавфсизлигини таъминлаш», «Каспий денгиз назоратини қўлга олиш», «душман агентларини ушлаш», «душман пропагандасига қарши туриш» каби вазифаларни юклайди.
Бу пайтда, 1918 йил 11-12 июль кунлари Каспиёрти вилоятида большевикларга қарши эсерлар ва меньшевиклар бошчилигида қўзғолон кўтарилади ҳамда минтақадаги совет ҳокимияти тугатилади. Каспиёрти муваққат ҳукумати тузилиб, унинг таркибига эсерлар, меньшевиклар, дашноқлар ва туркман хонлари киради. 28 июль Чоржўй яқинидаги жангда Каспиёрти ҳукумати қўшини қизил армиядан мағлубиятга учрайди ва ҳукумат мавжудлиги хавф остида қолади. Вазиятга Буюк Британия қўшинлари аралашади.
Август ойининг бошида Марказий Осиё ўлкасига биринчи марта инглиз аскарлари оёқ қўяди. Британия кучлари тез фурсатда Ашхобод ва Красноводск(ҳозирги Туркманбоши)ни эгаллайди ҳамда Каспиёрти темирйўлининг асосий қисмини ўз назоратига олади. Ашхободда жойлашган инглиз қўшинларига Реджиналд Тиг-Жонсон бошчилик қилади. Маллесон фақатгина декабрь ойида Ашхободга келади.
13 август куни инглизлар Марказий Осиёда илк бор қизил армия билан бевосита жангда қатнашади. Байрамали темирйўл станция ёнида бўлиб ўтган ушбу тўқнашувда Британия кучларига таянган Каспиёрти муваққат ҳукумати советлар ҳужумини қайтариб, станцияни ўз назоратида ушлаб қолади.
Большевиклар август ойи охирига қадар Каспиёрти муваққат ҳукуматига яна тўрт марта ҳужум қилади. Бироқ уларнинг бари инглизлар аралашуви сабаб муваффақиятсиз тугайди.
«Туркистон демократик республикаси» ва Туркистон армияси
Инглизлар бутун Марказий Осиё минтақасини босиб олиш ниятидан узоқ эди. Улар бу ерда большевикларга қарши фронт яратиб, Британия таъсир доирасида бўлган янги давлат тузишни режалаштирганди. Бу йўлда улар оқ гвардиячилар, Хива хонлиги, Бухоро амирлиги, истиқлолчилар билан музокаралар олиб борди ва уларни дастаклашга ҳаракат қилди.
Хусусан, ўлкада советларга қарши кучлар билан келишувлар ўтказиш ва ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш учун август ойи ўрталарида Тошкентга Фредерик Бейли бошчилигида махсус делегация юборилади. Делегация Тошкентга Шарқий Туркистон орқали келади ва уларга Британиянинг Қошғардаги консули Жорж Маккарти ҳам қўшилади. Бундан ташқари бу вақтда Тошкентга АҚШ бош консули Традуэлл ҳам ташриф буюради.
Генерал Уилфрид Маллесон
Бир неча ҳафта давомида Тошкентда бўлиб турган инглизлар «Шўройи Уламо» ва истиқлолчилар билан учрашувлар ўтказгани ҳақида тахминлар мавжуд. Бу версияни советлар илгари сурган. Совет тарихчилари Бейли делегацияси истиқлолчиларга қурол-яроғ ва пул ёрдами ваъда қилганини ёзади.
Каспиёртида инглизлар билан тўғридан-тўғри жанглар юз бергач «Чк» («Всероссийская чрезвычайная комиссия по борьбе с контрреволюцией и саботажем» – «Аксилинқилобий ҳаракатлар ва саботажга қарши кураш бўйича Бутунроссия фавқулодда комиссияси») агентлари Бейлини уй қамоғига олади. Кейинроқ қўйиб юборилган Бейли, большевиклар уни яна қамоққа олмоқчи эканидан хабар топади ва Бухоро орқали Каспиёртига қочиб кетади.
Британия маъмурлари истиқлолчилардан ташқари Бухоро амирлиги ва Хива хонлигига ҳам ўз ёрдамини таклиф қилади. Маллесон Жунаидхон ва амир Олимхон орқали ўлкадаги большевиклар ҳукмронлигига барҳам бериб, бу ерда «Туркистон демократик республика»сини тузмоқчи эди. Бу республика Буюк Британия билан яқин алоқаларга эга бўлиши ҳамда Лондон таъсир доирасига тушиши лозим эди.
Бироқ инглизлар бу режани амалга оширишига вақт ва имконият етмайди. 1918 йил 9-октабрда Британия кучлари Каспиёрти муваққат ҳукумати қўшинлари билан биргаликда Душоқ (Тушув) темирйўл станциясига ҳужум қилади. Жуда оғир жанглардан сўнг совет гарнизони мағлуб этилади. Аммо ушбу муҳорабадан сўнг, қурбонлар кўп берилгани боис Маллесон инглиз аскарларини ортга қайтаради ва уларга советлар билан тўғридан-тўғри жангга киришни тақиқлайди.
Инглизларнинг Туркистонни тарк этиши
1918 йилнинг октабр ноябрь ойларида Усмонли империяси ва Германия бирин-кетин иттифоқчиларга таслим бўлди. Усмонли қўшинлари Кавказдан тўлиқ олиб чиқилади. Шу тариқа Марказий Осиёга усмонли-немис босқини хавфи бутунлай йўқолади.
Биринчи жаҳон урушининг якунланиши инглиз қўшинларининг Каспиёртида бўлишини савол остига қўяди. Биринчи жаҳон урушининг бир қисми ҳисобланган ушбу амалиёт эндиликда совет Туркистонига очиқ интервенция сифатида баҳоланарди.
1918 йил декабрь ойида Ашхободга келган Маллесон Каспиёрти муваққат ҳукуматининг советларга қарши тура олиш қобилиятига шубҳа билдиради. 1919 йил 1 январда Ашхободда янги «Жамоат нажот қўмитаси» тузилади. Инглизлар ёрдами билан Каспиёртига оқ гвардиячи генерал Антон Деникин дивизиялари кириб келади. 9 январда Деникин бўлинмалари, меньшевиклар ва маҳаллий кучлардан иборат «Туркистон армияси» ташкил этилади. Маллесон бошлиқ Британия зобитлари советларга қарши курашда айнан ушбу армияни қўллаб-қувватлайди.
1919 йил баҳорида Ҳиндистон ва Афғонистонда инглизларга қарши миллий-озодлик ҳаракати авж олади. Натижада Уилфрид Маллесон Лондон топшириғи билан Каспиёртидан Британия қўшинларини олиб чиқишни бошлайди. Охирги инглиз бўлинмаси 1 апрелда чегарани кесиб ўтади. Уларнинг ўрнини Деникиннинг Туркистон армияси эгаллайди.
1919 йил май ойида учинчи инглиз-афғон уруши бошланади. Шу билан бу минтақадаги Британия қуролли кучларининг асосий эътибори Афғонистонга қаратилади.
Инглиз гарнизони 1919 йилнинг августига қадар Красноводскда қолади. Чунки Британия Кавказда ҳали фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётганди. Краснводскдаги гарнизон эса инглизларга Каспий денгизни тўлиқ назорат қилишга имкон берган. Айнан ушбу сув йўли орқали оқ гвардиячилар ва бошқа советларга қарши кучларга қурол-яроғ етказиб берилган.
1919 йилда Британия-АҚШ кучлари Россиянинг бошқа ҳудудларига ҳам интервенция уюштиради
Лекин, 1919 йилдан Британия қўшинларининг умумий чекиниши ортидан Красноводскдаги инглиз бўлинмаси ҳам шаҳарни тарк этади. 1919 йил август ойи охирида инглиз дивизияси Красноводскдан чиқиши билан Британиянинг Марказий Осиёга ягона босқини якун топади.
Инглизларнинг Туркистонда пайдо бўлиши, шубҳасиз, оқибатларсиз қолмади. Айнан ушбу юришдан кейин советлар Бухоро ва Хива давлатлари Британия билан яқин ҳамкорлик қилишидан кўпроқ хавфсирашни бошлади ҳамда уларни тўлиқ тугатишга қарор қилди. Инглизларнинг Каспий минтақасида фаоллашуви советларни бир муддат маҳаллий аҳоли билан муросага боришга ҳам мажбур қилди.
Муҳаммадқодир СОБИРОВ
Oyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ