Рости, мен бундай фильм оламан деб ўйламаганман – Андрей Тарковский иқрорлари


Сақлаш
18:54 / 30.07.2024 347 0

…Алқисса, мен ватандан хорижда, лекин корчалон киноарбобларимизнинг расман ижозати билан илк фильмимга қўл урган эдим. Ўша кезлар ватан равнақи учун кино оляпман дея астойдил ишонганман. Назаримда, бу ҳол кундек равшан, ҳаммага маълум ҳақиқат эдида. Аммо кейин рўй берган воқеалар аён этдики, ўша казо-казо киноарбобларга менинг мақсадим ҳам, олаётган фильмларим ҳам ҳали-ҳамон мутлақо бегона, тушунарсиз экан...

 

Мен «русча соғинч»ни – ватандан олисда яшаётган рус кишисининг ҳаловатини ўғирлаган қўмсовни, айнан шу вазиятга тушганда инсон қандай руҳий ҳолатда бўлишини кўрсатмоқчи эдим. Буни қалб амри – ватанпарварлик бурчим деб билганман, агар таъбир жоиз кўрилса. Бир рус фарзанди ўзининг миллий қонтомирларига, ўтмишига, маданиятига, туғилиб ўсган тупроғига, жондош дўст-ёрига нақадар боғлиқ экани, қисмат уни дунёнинг қай кунжига улоқтириб ташламасин, бу туйғудан воз кечолмаслиги ва уни умр бўйи ортмоқлаб юришидан баҳс этмоқчи эдим. Руслар камдан-кам ҳоллардагина янги ҳаёт тарзига ўнғай мослашиб, қовушиб кетади. Ғарбликлар бежиз «руслар нўноқ муҳожирдир» демайди – бутун рус муҳожироти тарихи буни исботлаб қўйган: бегона ҳаёт тарзига кўникиб-сингишиб кетишда оғиркарвонлигимиз, уқувсизлигимиз жумлаи жаҳонга маълум. «Қўмсов»ни суратга олаётганимда фильмни бошдан-оёқ қамраган иложсиз-имконсиз соғинч ҳисси ўзимнинг қисматим – пешонам ёзуғига айланажагини туш кўрибманми?! Қайтмас бўлиб кетган ўтмишимдан «ёдгор» бу дард-оғриқ билан энди сўнгги кунимгача яшашим эс-хаёлимга келибдими денг!..

 

 

Италияда мен ҳар томонлама: ахлоқий, руҳий, сиёсий ва ҳиссий жиҳатдан батамом русча фильм суратга олдим. Узоқ муддатли хизмат сафарига борган бир рус ўғлони ва унинг бу мамлакатдан олган таассуротлари ҳақида. Лекин менинг мақсадим гўзал манзараларию миллионлаб ададда дунёга тарқаладиган фотолавҳалари билан сайёҳларни ҳайратга солаётган Италияни яна бир карра экранда намойиш этиш эмас эди. Қаҳрамоним таассуротлар уммонига ғарқ бўладию, бўлишай деса ёнида бирон яқин кимса ёки жон-жигари йўқ, бари олисда. Янги орттирган тажрибаларини ўзи нақд киндиги билан боғлиқ бўлган кечмиш малакаларига татбиқ этай деса, не ёзиқки, бу ҳам сира имконсиз. Шундан эзилади у – не қилари, қайга бош урарини билмайди. Узоқ вақт ватандан олис яшаганимда бу ҳол ўзимнингда танамдан ўтган. Бошқа дунё, бошқа маданиятга тўқнаш келганда унга қўл-оёғингиз билан боғлиқ эканингиз ғайришуурий, аммо ожиз бир ғазаб уйғотади дилингизда: бу гўё жавобсиз севгидек, гўё чоғингиз келмайдиган юмушга бел боғлагандек, гўё бу дунёда қиладиган ишларингиз, юрадиган йўлларингиз энди чекли-абас эканини эслатиб қўяётгандек. Гўёки ҳаётингиз мавжуд шарт-шароит эмас (буни осонгина ҳал қилса бўлади!), айнан ўзингиз ўзингизга қўйган ботиний тақиқлар сабабли чекланган ва қисмат этилганининг нишонасига ўхшайди бу…

 

Мен ўрта асрларда яшаб ўтган япон уста-санъаткорларига мудом таҳсин айтаман: улар хожасининг саройида хизмат қилароқ ном қозонган, ўз мактабини яратган, бир сўз билан айтганда, шуҳрат чўққисига чиққан бир чоғи барига қўл силтаб, ўзи билмаган-кўрмаган ерларга бош олиб кетган ва исм-шарифини ўзгартириб, буткул бошқа санъат йўналишида ижод бошлаган. Ҳатто улар орасида умри мобайнида бир-биридан фарқли беш хил ҳаёт тарзини яшаб ўтишгада муваффақ бўлганлари ҳам борлигига нима дейсиз! Айнан шу мисол доим хаёлимни банд этиб туради, эҳтимол, ўзим ҳаётий тутумларим, инсоний ва санъатга хос ҳавас майлларимни ўзгартиришга асло қодир эмаслигим сабаблидир – гўё булар тақдири азал этиб пешонамга битилгану мен бир қадам бўлсин четга ҳатлай олмайман…

 

 

«Қўмсов» («Носталгия») фильми қаҳрамони – Горчаков деган шоир. У Италияга Березовский отлиғ крепостной бастакор тўғрисида маълумот тўплаш ниятида боради – унинг ҳаётидан либретто ёзмоқчи. Березовский ҳаётда бўлган тарихий шахс. Унинг мусиқий иқтидорини кўрган хўжайини ўқисин, тажриба орттирсин дея Италияга йўллаган. Мусиқачи у ерда кўп йиллар яшаб, томошалар қўяди – машҳур бўлиб кетади, лекин барибир ўша – биз урғу бериб таъкидлаётган, рус кишисининг жон-жонига сингиб кетган қўмсов ҳисси сабаб кўп йиллардан сўнг Россияга қайтмоққа қарор қилади, ватанга келгач эса ўзини осиб қўяди… Тўғри, мусиқачи воқеаси фильмга бежиз киритилмаган. У Горчаков қисмати ва айниқса, шоир ўзининг ёт ҳаётни четдан, узоқдан кузатаётган шунчаки бир «бегона» эканини алам билан англаган бир паллани, туғилиб ўсган уйи ифори, қон-жондошларининг юз-чеҳраси, сас-садоси эс-ёдида бот-бот бош кўтарарак кечмиш хотираларига ғарқ бўлган бир аҳволини ифодалашда муайян киритма ҳикоя бўлиб хизмат қилади...

 

Фильм тўлиқ тасвирга олиб бўлингач, лавҳаларини илк марта кўрганимда ҳайратда қолганман: тушкун, маҳзун бир томоша бўлибди. Бунчалик бўлишини кутмаган эдим. Асар руҳи менинг ўша вақтдаги аҳвол-руҳиятим билан айнан бир хил эди. Рости, мен бундай фильм оламан деб ўйламаганман. Ҳайратланарлиси шундаки, мақсад-муддао аниқ бўлгани ҳолда камера аввало менинг фильмни суратга олаётган чоқдаги руҳий ҳолатимга бўйсунибди. Оиламдан айро, одатий ҳаёт тарзим ўзгарган, кинони тасвирга олишда мен учун янги бўлган қонун-қоидалар ва ниҳоят бегона тил сабаб ўта толиққан эдим… Ҳам танг қолдим, ҳам хурсанд бўлдим. Негаки, кинотасмага муҳрланган ва қоронғи томоша залида кўз ўнгимда илк марта намоён бўлган меҳнатим самараси менинг кино санъати вазифаси ва имкониятлари борасидаги фикрларим қуруқ хомхаёл эмас, балки кўз ўнгимда кечган шак-шубҳасиз ҳаққоний воқелик эканидан далолат эди. Яъни кино санъати мен учун инсон қалбининг таржимони бўлиш, бетакрор инсоний тажрибани ифодалаш имконини берарди...

 

 

Кино яратишда мени одатдаги хатти-ҳаракатлар, қаҳрамонлар ҳаётидаги можарою воқеалар тизими қизиқтирмайди – фильмларимда борган сари бунга камроқ эҳтиёж сезмоқдаман. Мудом инсоннинг ички дунёси қизиқ – унинг руҳият олами, у улги олажак фалсафа, унинг руҳонияти таянадиган адабий ва маданий анъаналар «қаърига саёҳат» мароқли эди менга. Кинотасма «бир нуқтада қотиб қолмай», тез-тез жой алмаштириши, фильмга янгидан-янги таъсирчан тасвирлар, ажабтовур манзаралар ва «сертаассурот» интерьерлар киритиш лозимлиги тижорий нуқтаи назардан кони фойда эканига фаҳмим етади. Аммо бундайин «ташқи таъсирлар» бор кучим билан рўёбга чиқаришга уринаётган мақсадимдан чалғитади, узоқлаштиради. Мени бутун бир оламни ўзида мужассам этган инсон қизиқтиради, бу ҳолни ифодаламоқ учун эса инсон ҳаёти мазмун-моҳиятан маълум бир воқеалар тизимига мослаштирилиши шарт эмас.

 

Ўрни келди, шуни ҳам айтиб ўтишим ортиқчалик қилмас: аввал-бошданоқ кино санъати деганда Американинг саргузашт фильмлари кўз олдимга келмас эди. Мен ҳайратомуз лавҳаларни кетма-кет тизиш усулига қаршиман. «Иваннинг болалиги»дан тортиб «Сталкер»гача воқеа-ҳодисаларни қарийб анъанавий: замон, макон, ҳаракат учлиги асосига қурганман, серҳаракатликдан қочиш пайида бўлганман. Шу нуқтаи назардан «Андрей Рубльёв» фильми композицияси ҳам бугун менга ўта узуқ-юлуқ, тарқоқ туюлади…

 

Пировардида, «Қўмсов» сценарийсида кўзлаган мақсадимни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган ортиқча ёки тасодифий бирон нима бўлмаслигига астойдил интилдим. Яъни мен нафақат ўз-ўзи, балки бутун олам билан муроса қилолмай мислсиз ички зиддиятга киришган, реаллик билан кўнгил уйғунлиги ўртасида мувозанат топа олмай сарсон, нафақат ватан соғинчи сабаб, балки борлиқнинг бир бутунлигини ўйлаб ғам-ҳасрат чекаётган инсон ҳолатини намойиш этмоқчи эдим. Сценарий маълум бир фалсафий яхлитлик касб этмагунча ундан кўнглим тўлмади.

 

 

Маиший шароит сабаб эмас, балки доим ҳам инсон талаб-эҳтиёжларига мос келавермайдиган ҳаётнинг ўзи – ҳақиқий воқелик билан фожиавий бир муросасизликни бошдан кечираётган чоғи Италия Горчаковнинг кўз ўнгида йўқликдан бунёд бўлган улуғвор хароба мисоли ястаниб ётарди. Бу умуминсоний, айни чоқда бегона тамаддун қолдиқлари – бандасига хос манфаатпарастлик аслида беҳуда, башарият адашиб-улоқиб юрган йўллар ҳалокатли эканидан далолат бергувчи қабр­тош рамзи эди гўё. Горчаков руҳий зўриқишларга дош беролмай, афтидан, ўзи учун ҳам «узуқ-юлуқ туюлган замонлар робитаси»ни кетма-кет «улай» олмай ҳалок бўлади… 

 

Бош қаҳрамоннинг аҳвол-руҳиясига мос келадиган, бир қарашда ажабтовур кўринадиган персонаж – итальян Доменико асарда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Жамият ҳимоя қилмаган, юраги таҳликага тўлиб-тошган бу одам инсон зотини хўрлайдиган воқеликларга қарши чиқиш учун ўзида маънан куч топади. Собиқ риёзиёт муаллими, эндиликда «толеи паст» Доменико ўзининг «ҳеч ким» эмаслигини (бошқалар назарида) енгиб ўтиб, бугун жумлаи олам ҳалокат ёқасида, дея жар солишга жасорат топади. Инсониятни бу ҳалокатнинг олдини олишга чақиради. Ўзини «рисолавий» санайдиган одамлар кўзига у бир тентак бўлиб кўринади. Бироқ Горчаковга шу «тентак»нинг руҳияти беҳад яқин эдики, у ёлғиз боши қайғусини ўйлаб эмас, балки бутун инсониятни замонавий тамаддуннинг бемулоҳазакорлигу шафқатсизлигидан қутқариш ташвишлари ила туну кун ҳалак эди…

 

Менинг барча фильмларимда қай тарзда бўлмасин инсон фарзанди бу чексиз коинотда ёлғиз эмас, ҳомийсиз қолдирилмаган деган фикр илгари сурилади. Улар минглаган ришталар-ла азалу келажакка шундай боғланганки, лозим кўрилса, ҳар бир инсон қисмати аввали билан дунё ҳамда умуминсон тараққиётига алоқадор эканини намоён этади… Лекин ҳар бир инсон ҳаёти ва кори-амалининг беҳуда кетмаслигига бўлган бу ишонч одамзоднинг Ҳаёт олдидаги масъулиятини янада оширади.

 

 

Уруш таҳликаси инсониятни кунпаякун этишга қодир бўлган, ижтимоий офатлар ўз кўлами билан тирик жонни танг аҳволга солиб қўяётган, азоб-уқубатлар чидаб бўлмас даражага етган бу дунёда одам боласи бир-бирига елкадош бўлишга йўл топиши зарур. Бу инсониятнинг, таъбир жоиз кўрилса, ҳар битта одамнинг ўз истиқболи олдидаги муқаддас бурчидир. Горчаков ич-ичидан Доменикони бор-йўғи бир бемаъни тентак деб ҳисоблайдиган қорни тўқ, беғаму худбин сўқирларнинг «умумеътироф»идан ҳимоя қилишга ўзида эҳтиёж сезади ва унга меҳр қўяди. Лекин у «бало-қазодан Ўзинг асра» дея ўзига умр сўраш ўрнига, тап ортмай ўлимни танлаган Доменикони йўлидан қайтара олмайди…

 

Горчаков Домениконинг ўсмирларча таваккалчилигидан ҳайратга тушади – сабаби, унинг ўзи ҳамма катта ёшлилар қатори озми-кўпми муросасоз эди, ҳаёт шуни тақозо этардида. Бироқ Доменико ўзини ёқиб юборди. У одамлар менинг огоҳлантирув фарёдимга қулоқ тутармикан деган анойи умид-ла сўнгги чора саналмиш шу мудҳиш ишга қўл урди. Бу билан ўзининг ҳаётдан яккаш манфаат излайдиган тамагир эмаслигини намойиш этмоқчи бўлди. Горчаков Домениконинг қилмишидан, унинг маънавий етуклиги, қарийб авлиёдек поклигидан ҳайратда қолди. У ҳаётнинг ур-сурларини бошдан кечирарак энди-энди уларни таҳлил этишга уринаётган бир паллада Доменико шартта ўзини қурбон этди-қўйди. Доменико шундай қилмоққа ўзида куч топган экан, демак, ҳаёт олдида чинакам жавобгарликни ҳам ҳис этган. Горчаков эса бу вазиятда бор-йўғи тор фикрли, тутуриқсиз кимса эканини англаш билан овора бир банда бўлиб кўринади. Лозим топилса, ўлимигина уни оқлайди – нақадар азоб чекканини кўрсатади…

 

«Қўмсов» суратга олинган чоқдаги кайфиятим экрангада кўчганини ёздим. Тириклигингизнинг ҳар они танангиздан ўтказадиган, ватандан, қондошларингиздан олисда мудом юрагингизни симиллатиб турадиган аччиқ ҳис бу – соғинч. Ўтмишингизга қўл-оёғингиз билан чандиб боғланган эканингизни бир дақиқа бўлсин унуттирмайдиган, гўёки пешонадаги ёзуққа айланиб бораётган кўникиб бўлмас бу дарднинг номи – қўмсов… Лекин мен китобхонни огоҳ этиб қўяй: лирик қаҳрамонни бевосита муаллифнинг ўзи деб ўйламанг. Бу ўта жўн қараш. Ҳар қандай санъаткор ижодда ҳаётий тажрибасидан фойдаланади, бу табиий ҳол – таассуфки, бизнинг бошқа йўлимиз йўқ! Бироқ шахсий ҳаётидан ўзлаштирилган воқелик ҳам, кайфият ҳам ижодкорнинг шахсиятига тегишли деб қатъий хулоса ясашга асос бермайди бу. Эҳтимол, бу гапим кимнингдир ҳафсаласини пир қилар, бироқ муаллифнинг ҳиссий тажрибаси камдан-кам ҳоллардагина унинг ҳаётий, маиший амалларига айнан мос келади.

 

Муаллифнинг ўзи яшаб турган воқеликдан таъсирланиши натижаси ўлароқ юзага келган бадиий асарда мазкур воқелик айнан тасвирланмаслиги, муаллиф ушбу воқеликдан «ташқари чиқиши», у билан муросасиз ихтилофга киришиши мумкин. Ва энг муҳими ҳамда зиддиятли жиҳати шуки, у баъзан нафақат «мавжуд ҳақиқат», балки ўзининг ички ҳақиқати билан ҳам муроса қилолмайди. Масалан, кўпгина тадқиқотчилар фикрича, Достоевскийнинг пок-покдомон қаҳрамонлари худди разилу пасткаш қаҳрамонлари сингари муаллифнинг айнан ўзи эмиш… Лекин биронта қаҳрамонини унинг айнан ўзи деб бўлмайди. Тўғри, ҳар бир қаҳрамони унинг фикр-мулоҳазаларини ўзида жамлаган, аммо ҳеч қайсиси муаллифни ҳаётда қандай бўлса, шундайлигича мукаммал акс эттирмайди.

 

 

«Қўмсов»да ҳам ташқи кўринишидан курашчи эмас, «ожиз», лекин менинг назаримда, бу ҳаётда ғолиб бўлган инсон мавзусини кўтаришим муҳим эди. Ҳув «Сталкер»нинг ўзиёқ бугун ҳаётда қадрият саналмиш ожизликни ёқлаб монолог ирод этади. Менга доим мавжуд воқеликка мослаша олмайдиган одамлар ёққан. Фильмларимда чинакам қаҳрамон йўқ (эҳтимол, Иван истиснодир), лекин доим маънавий эътиқоди кучли ва бошқа биров учун масъулиятни бўйнига ола биладиган одамлар (табиийки, Иван ҳам шу сирага киради) бўлган. Бундай кишилар кўпинча катталардек завқ-шавққа эга болаларни эсга солади – яхшилаб ўйлаб кўрилса, уларнинг қилган иши содда ва беғараз. Дейлик, роҳиб Рубльёв зулмга зулм билан жавоб қайтармаслик, муҳаббат ва эзгуликка қаршилик қилмасликни тарғиб этаркан, бу оламга болаларча беғуборлик ила жавдираб қарайди. Гарчи у дунёни бошқараётгандек туюлгувчи ўта қўпол, шафқатсиз зўравонликларга шоҳид бўлсада, кўплаб кўнгилсизликларни бошдан кечирсада, охир-оқибат, қалбида қайта бош кўтарган инсоний меҳр-оқибат ва соф муҳаббатдек ягона қадриятга қайтади. Аввалига тирикчиликдан бошқасини билмайдиган оддий одам бўлиб кўринган Келвин («Солярис» фильми) қалбида шундай инсоний «тақиқ» бор эдики, бу унинг виждон амрига бўйсунмаслигига, шахсан ўзи ва бошқанинг ҳаётига масъулиятли бўлишдек оғир юкни елкасидан итқитиб ташлашига йўл қўймасди. 

 

«Кўзгу» фильми қаҳрамони ожиз, худбин, жондош-қондошларигада беғараз, бетама бир меҳр инъом эта олмайдиган банда эди. Умри сўнгида ҳаёт олдидаги қарзини тўлай олмаслигини англаб етиб, бошдан кечирган руҳий азоб-уқубатлари уни бир мунча оқлайди. Дарров жазавага тушиб кетадиган, ажабтовур табиатли Сталкер худди бутун вужудга ёйилган саратон мисол манфаатпарастликка булғанган бу дун­йога қарата пок виждон билан ўзининг қатъий фикрини айта олди. Доменико ҳам Сталкерга ўхшаб ўз ғоясини ўйлаб топди ва уқубатли йўлни танлади. Шунчаки, аксарият-кўпчиликка ўхшаб сурбетларча шахсий манфаат кетидан қувиб кетмаслик учун ва худди ақлдан озгандек муқаррар инқироз томон жадаллаб бораётган инсониятни бу йўлдан қайтармоқ учун ўзини қурбон этди. Энг асосийси – бу одамларнинг виждони уйғоқ. Айнан шу хислат одамзоднинг эл ҳақидан мўмайини юлиб, жиғилдонга урганча тараллабедод яшашига халақит беради. Одатда, рус зиёлиларининг аксар қисмига хос эди бу фазилатлар. Мен Горчаков табиатидаги виждони уйғоқлик, доимий беҳаловатлик, ночор-нотавонларга мудом қайишиш каби инсоний хислатларга яна бир карра урғу бермоқчиман…

 

 

Инсон Буюк амаллар учун хизмат қилишга ҳозирлиги, одатий-маиший турмуш «одоб-ахлоқ»ини ҳазм қила олмаслиги, буни хоҳламаслиги билан мароқлидир менга. Ҳаётдан, яшашдан мақсади, аввало, ўз ичидаги ёвузликка қарши курашиш эканини англаб, умри мобайнида маънавий жиҳатдан ҳечқурса бир поғона баланд кўтарила оладиган инсон қизиқдир менга. Зеро маънавий камолотга эришиш йўлига фақат маънавий таназзул йўли муқобил туради, таассуфки, кундалик турмушимиз ва бу ҳаётга мослашиш жараёни билан биз унинг тегирмонига сув қуямиз, холос!..

 

«Қурбонлиқ» деб номланган яна бир киноасарим қаҳрамони ҳам, агарда бу сўзни жўн маънода тушунадиган бўлсак, ожиз бир одам. У одатдаги қаҳрамон эмас, аммо қарангки, юксак ғоялар учун ўзини қурбон этишга қодир олижаноб ва ҳалол инсон бўлиб чиқади. Вазият тақозо этса ҳам, масъулиятни ўзидан соқит қилиб бошқанинг елкасига ортмайди. Дўст-ёрлари назарида, у ўзини янглиш тушунишларидан чўчимай, чидаб бўлмайдиган ҳалокат йўлига қадам қўяди. Қилган ишининг аччиқ фожиаси ҳам шунда аслида. Оддий инсоний ахлоқ чегараларини босиб ўтиб, очиқдан-очиқ жинни деган тамға босилишидан қўрқмай, ўзининг бутун борлиққа, ҳаттоки бутун олам қисматига дахлдор эканини билган ҳолда шу ишни қилади. Шунингдек, у қалб амрининг итоаткор ижрочиси – ўз қисматига хўжайин эмас, балки хизматкордир. Ким билсин, унинг ана шу саъй-ҳаракатлари балки сезиб-сезилмаган, англаб-англанмаган бир тарзда дунё уйғунлиги барқарорлигига озми-кўпми ҳисса қўшгандир…

 

Бу ерда, Ғарбда одамларни кўпроқ ўз шахсияти ташвишга солади. Уларга яшашдан маъно ўзингизни ким учундир қурбон қила олишингизда, деб айтиб кўрингчи, нима бўларкан? Ишонмайди! Устингиздан кулади! Одам боласи мутлақо бахтиёр яшамоқ учун дунёга келмаган, шахсий омад ва шахсий манфаатданда муҳим нарсалар бор ҳаётда десангиз, сизга баттар таажжуб билан қарайди. Руҳ боқийдир деган гапларгаку, афтидан, ҳеч ким ишонмай қўйган!

 

 

Ожизлик ҳақида гапирганда мен тирик жонга нисбатан ва умуман ҳаётда тажовузкор бўлмаган, ўз мақсади, манфаати йўлида бошқалардан фойдаланмайдиган одамни назарда тутмоқдаман. Бир сўз билан айтганда, моддий қарамликка қаршилик қиладиган инсоннинг ғайрат-шижоати мени ўзига жалб этади ва худди шу ерда миямга янги ва янги ғоялар қуйилиб келади. Айни нуқтаи назардан менга Шекспирнинг «Ҳамлет»и жуда қизиқ ва бу асарни яқин келажакда фильм қилиш ниятим бор. Ушбу машҳур пьесада маънавий жиҳатдан юксак бўлган, аммо нопок, тубан бир вазият тақозоси билан иш кўришга мажбур қолган одамнинг абадий муаммоси кўрсатилган. Бу худдики келажак одами ўзининг ўтмишида яшашга мажбур қилингандек гап. Назаримда, Ҳамлетнинг фожиаси унинг ўлимида эмас, балки ўлими олдидан ўз маънавий талабларидан воз кечиб, анчайин бир қотилга айланишдан ўзга чораси қолмаганидадир. Айни чоқда ўлим унинг учун энг мақбул йўл, акс ҳолда, барибир ўз жонига қасд қилиши лозим бўларди…

 

Янги бир фильм олишга киришар эканман, алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, ундаги ҳар бир тасвир янада ишонарли ва самимий чиқишига ҳаракат қиламан. Албатта, табиат инъом этадиган бевосита таассуротлар ва вақт асари қолдирган аломат-белгиларга таянаман. Натурализм бу – табиатнинг кинода акс этиши. Кинода табиат қанчалик табиий кўрсатилса, бир томондан, томошабин унга кўпроқ ишонади; бошқа томондан, тасвир шу қадар кўркам ва салобатли чиқадики, гўё табиат экранда илоҳийлаштирилгандек.

 

 

Охирги вақтларда томошабин билан кўп бора юзлашишга тўғри келди. Мен фильмларимда ҳеч қандай рамзу мажоз йўқ, дея таъкидлаганим сайин улар кўпроқ ишонмайди. Дейлик, асардаги ёмғир лавҳаси нимани англатади, нега бу мажозлар фильмингиздан фильмингизга кўчиб юради, нега шамол, олов, сув тимсоллари ҳар гал қайтарилади, деб зўр қизиқиш билан саволга тутгани тутган. Бундай сўроқлар қаршисида нима дейишни билмай шошиб қоламан…

 

Айтайлик, ёмғир – мен туғилиб ўсган иқлимга хос табиий ҳодиса. Россияда ойлаб юракни зиқ этадиган рутубатли ҳаво ҳукм суриши, муттасил ёмғир ёғиши одатий ҳол. Дейлик, мен табиат шайдосиман – ҳа, ҳаёт қайнаган азим шаҳарларда яшаш менга малол келади, замонавий тараққиёт янгиликларидан нарида ўзимни беҳад бахтиёр сезаман. Россияда ҳам Москвадан уч юз километрлар узоқ бир қишлоқдаги кулбамда кунларим хотиржам кечар, кўнглим тинч, осойишта яшардим. Ёмғир, олов, сув, қор, шабнам, изғирин – биз умргузаронлик қиладиган моддий муҳитдаги унсурлар, таъбир жоиз кўрилса, ҳаёт ҳақиқати бу. Шу боис одамлар экранда меҳр ила тасвирга олинган табиат манзарасини кўрганда шунчаки завқланиш ўрнига, ундан аллақандай яширин маъно ахтариши менга эриш туюлади. Табиийки, ёмғир лавҳасида фақат нохуш об-ҳавони кўриш мумкин, мен эса ундан фойдаланарак маълум маънода фильм воқеалари кечадиган эстетик муҳит яратаман. Лекин бу – фильмларимда табиат ниманингдир рамзини акс эттириш воситаси дегани эмас, худо асрасин. Тижорат фильмларида об-ҳаво, айтайлик, кўпинча мутлақо кўрсатилмайди, тезкор суратга олиш учун бирмунча қулай ёруғлик ва шарт-шароит мавжудки – томошабин сюжетга эргашиб кетади ва ҳеч ким тахминий яратилган муҳит, вазиятга шубҳа қилмайди. Палапартиш тафсилотларга биров ҳатто эътибор бермайди. Қачонки экран томошабинга ҳақиқий воқеликни яқинлаштирса, уни борича яққол кўриш, яъниким, иссиқ-совуғини танасидан ўтказиш, «ҳиду таъм»ини сезиш имконини берса – томошабин бефарқ! Афтидан, у шунчаки ҳиссиётга берилиш, бевосита гўзалликдан завқланиш қобилиятини аллақачон бой берган. Дарров нега, нима учун, дея савол қалаштириб ўзини ўзи тафтиш қилади.

 

 

Баъдаз, мен экранда ўз оламимни мукаммал ва ўзим қандай кўрсам, ҳис этсам – имкон қадар шундай кўрсатишни хоҳлайман. Томошабиндан яширадиган аллақандай сирли ниятларим бўлмайди, унга мақтанмайман, ўйин қилмайман – бу оламнинг менга энг аниқ, энг жонли туюлган, мавжудлигимиз, тириклигимизнинг тутқич бермас мазмун-моҳиятини ифодалайдиган белги-аломатларга таяниб иш кўраман, холос.

 

Фикримга ойдинлик киритиш учун Бергман*дан мисол келтирай. «Қизчашма» фильмида мени доим бир манзара: жон таслим этаётган қаҳрамон – ҳайвонларча зўрланган қиз ҳайратга солади. Баҳор, новдалар оралаб сизиб ўтган қуёш нурида қизнинг юзи ёришиб кўринади – у жон бермоқда ёки аллақачон жон берган, шуниси аниқки, ортиқ азоб чекмаяпти… Бизнинг тахминимиз негадир тасдиғини топмагандек туюлади… Гўё ҳаммаси тушунарлига ўхшайдию, нимадир камдек. Нимадир етишмаяпти... Дафъатан қор ёға бошлайди, баҳор фаслида камдан-кам учрайдиган ҳодиса!.. Мана, бизга «озроқ» етишмаётган ўша нимадир, ҳиссиётларимизни аниқ ифода этишга, ҳайратдан тилимиз танг­лайимизга ёпишиб қолишига туртки берган нарса айнан шу! Қор зарраси қизнинг кипригига илиниб қолади... Бу айни вақтда кадрда ўз изини қолдиради, албатта... Гарчи айнан шу тасвирнинг давомийлиги ва суръати туйғуларимизни ҳадди аълосига олиб чиқсада, ёғаётган қор нимани англатади дея ижикилаб ўтиришимиз тўғримикан ёки шартмикан?.. Табиийки, йўқ! Бу шунчаки, фожиани айнан етказиб бериш учун моҳир санъаткор ўйлаб топган манзара. Ижодни асло мафкурага чалкаштириб юбормаслик керак. Акс ҳолда биз санъатни қалбан, бевосита тушуниш имконидан маҳрум бўламиз...

 

 

Тўғри, «Қўмсов»нинг якуний лавҳаси мажозий маъно касб этади: итальян черкови деворлари ўраб турган рус ҳовлиси… Бу «ясама» манзара бадиий жиҳатдан ўзини оқлайди. Бу қаҳрамон руҳиятининг рамзи, ифодасидир: энди унинг хаёли паришон, у энди илгаридек бўла олмайди, яшай олмайди. Ёки, лозим кўрилса, аксинча – унинг янги хаёлот олами жону қон туйғусини ҳам, Тосканя адирларини ҳам, рус қишлоғини ҳам бир бутунликда ўз ичига олган. Горчаков шу аҳволда, яъни ўзи учун янги – ҳамма нарса табиий ва узвий равишда бирлашиб кетган, кимдир не сабабдандир узил-кесил ўзгартириб юборган ана шундай ғаройиб ва омонат бир оламда яшайтуриб вафот этади. Шунга қарамай, айни тасвирда кино санъатига хос аниқлик бўлмасада, ҳеч бир сохта рамзийлик ҳам йўқ деб умид қиламан. Бу, менга қолса, қаҳрамоним ҳаётида кечаётган бирмунча мураккаб, мавҳум воқеа-ҳодисотнинг образли ифодасидир. Яъни ҳеч қандай сирли, бош қотириладиган рамзийлик йўқ бунда.

 

Тўғри, айни вазиятда мени тутуриқсизликда айблаш мумкиндир, лекин пировардида ижодкор қонун-қоидаларни ўзи ўрнатади ва уни ўзи бузади. Санъаткор эътироф этган эстетик таълимотга юз фоиз мос тушадиган санъат асари кўп эмас. Одатда, бадиий асар муаллиф таянган соф назарий ғоялар билан айнан уйғун келавермайди ва шу билан чекланиб қолмайди. Бадиий мазмун назарий қолипларга сиғмайди, у нисбатан бойдир. Ушбу китобни ёзатуриб менда иштибоҳ туғилди: хўш, ўз чегараларим билан ўзимни чеклаб қўймаяпманми ишқилиб?

 

Шоҳсанам Рўзимат қизи таржимаси

«Тафаккур» журнали, 2024 йил, 2-сон

Андрей Тарковский, «Қўмсов»

 

Андрей Тарковский номи қулоғимизга кўп чалинган, аммо тан олиб айтиш керак, фильмларини кўрганлар кўп эмас. Ўзим ҳам (унча-мунча «киноман»ман дея мақтана олганим ҳолда) уч-тўрт йил аввалмикан, азбаройи шахсиятига бўлган қизиқишим сабаб «Солярис» фильмини томоша қилган эдим. Зерикканда кўриладиган оммабоп-овунчоқ кино эмас, хос томошабинга мўлжалланган, фикрлаш-ўйлашга, туғилган саволу иштибоҳлар мағзини чақишга ундайдиган интеллектуал фильм деган бўлар эдим. Муаллифнинг ўзи томошабинлар унинг асарларини шунчаки мароқ ила томоша қилиб қўяқолмай, бош қотириб, савол устига савол қалаштириб, рамзу мажоз қидириб кўришидан ёзғирган. «Солярис»дан сўнг амин бўлдимки, томошабин ноҳақ эмас – саволлар бежиз туғилмас экан.

 

Тарковский кино соҳасида ўзига хос мактаб яратган режиссёр, дунё миқёсида феномен, даҳо санъаткор дея эътироф этилган, тан олингани ҳолда ватанида рўшнолик кўрмаган. У яратган «Иваннинг болалиги», «Андрей Рубльёв», «Кўзгу», «Сталкер», «Солярис», «Қўмсов», «Қурбонлиқ» каби фильмларнинг аксари собиқ Иттифоқда танқиду тақиққа учраган, аммо жаҳон киноҳамжамияти, киноэстетлар томонидан шоҳ асар, дурдона дея юксак баҳоланган.

 

Тарковскийнинг кундалиги – «Мартиролог», кино соҳасини ўрганаётган толиби илмлар учун қўлланма – «Режиссура сабоқлари» (маърузалар тўплами), салмоқли «Ўчмас лаҳзалар» китоблари нашр этилган. Сўнггиси режиссёрнинг кино санъати, ўз ижоди, касб-кори ва ҳаётига оид фикрлари жамланмасидир. Ана шу китобдан бир улуш – «Қўмсов» фильми баҳонасида айтилган мулоҳазаларни журналхонга илиндик.

 

 

«Қўмсов» Италияда суратга олинган. Шу баҳона ҳақиқий ижод эркинлигини туйган А. Тарковский фильм якунлангандан сўнг ватанга қайтмайди, бу қарорини Миланда бўлган матбуот анжуманида эълон қилади. Табиийки, шундан кейин собиқ Иттифоқда режиссёр фильмларига баттар тақиқ қўйилади, номи «унутилади». 

 

Тарковский хорижда эмин-эркин ижод қилсада, турли соврину мукофотларга, имтиёзларга ноил этилсада, сўнгги нафасигача ватанни қўмсаб яшайди. Эҳтимол, унинг она юрт соғинчи, қўмсов хусусидаги қарашлари ҳозирги китобхон учун бирмунча жўн, эскиргандек туюлар (бундан қарийб эллик-олтмиш йил бурунги битикларда), зотан бугун инсон қавми дайди космополитга айланган, дунёнинг ҳар кунжига бориб истиқомат қилаётир. Лекин барибир юрагимизнинг туб-тубида инжа бир илинж бор – ватансеварлик ҳисси яшаётир, ўлмагай…

 

Таржимон

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//