Бозор иқтисодиёти замонида интроверт бўлиб яшаяпсизми ёки экстроверт?


Сақлаш
19:52 / 22.10.2024 137 0

Маънавият ҳақида муколамага, яъни гаплашишга тутинган заҳоти осмон остида ҳеч янгилик йўқ (Екклесиаст) деган аксиомамонанд ҳикматли сўзлар эсга келади. Дарҳақиқат, кимлар маънавият ҳақида ёзмаган ёки ёзмаяпти? Уни нима билан қиёслашмади ёки “қалб жилоси”, “руҳият изи” деб аташмади? Кимлар маънавият сирларини азалиятдан, илоҳиётдан қидириб донишмандлик қилмади?

 

Якуний гап эса қадимдагидек битта:

 

Кўплар донишманд деб билдилар ўзни,

Худонинг зотидан очдилар сўзни.

Ҳеч қайси билолмай азал сирларин,

Алжираб-валжираб юмдилар кўзни.

(Умар Хайём)

 

Наҳотки, одам зотига азалдан анимизм ва тотемизм давриданоқ маълум маънавият ҳар жиҳатдан илмий далиллар етарли ҳозирги замонда англаш мушкул воқелик бўлиб қолган бўлса? Наҳотки сезги, туйғу ва тажриба билан илғанган ҳодисамаънавиятни билим билан соғлом баҳолашга ожизмиз?

 

Маънавият донишмандликка элтадими ёки донишмандликнинг ўзи маънавиятми?..

 

Маънавият сўзининг туб илдизи арабча “маъно” сўзидан келиб чиққанини яхши биламиз. Инглизчадаги “spiritual” (“маънавий”) сўзини “spirit” cўзидан Э.Б.Тайлор ва Ж.Фрезер истеъмолга киритган бўлса, русчадаги “культура” сўзини Н.А.Бердяев “культ” сўзидан деган. Хуллас, ушбу этимологик талқинлар “маънавият”ни иймон-эътиқод ва дин омиллари билан ҳам боғлайди. Лекин бу ёндашув мавзунинг битта томонидир. Динга бўлган қизиқишнинг ортиши уни маънавият талқинида етакчи ўринга чиқариб қўйди. Бироқ динга эътиқод флуктацион, яъни тўлқинланиб турувчи воқелик эканини эсласак, маънавиятнинг негизи фақатгина диний эътиқод эмаслигини пайқаймиз. Масалан, рус социологларининг фикрича, ўзини дин тарафдорлари ҳисобловчилар 92-93 фоизни ташкил этгани ҳолда, диний догматикага амал қилувчилар 3-4 фоиз атрофида. Бу кўрсаткич европалик тадқиқотчиларнинг сўровлари натижасига яқин. Дин, эътиқод узоқ асрлар давомида инсон қалби ва руҳиятига самарали таъсир этувчи социопедагогик тажриба тўплаганини инкор қилолмаймиз. Демак, маънавий ҳаётда дин омили таъсири сақланиб қолади.

 

Маънавиятга жиддий таъсир этувчи иккинчи омил маданиятдир.

 

Маънавият билан маданият уйғун, опа-сингил. Улардан бирига берилган таъриф иккинчисига ҳам тааллуқлидир. Маданиятдаги маънавият – устқурма, маданиятдаги моддийлик – базис. Базис ва устқурма диалектик тарзда социомаданий маконни шакллантиради. Бу маконни микродаража (оила, маҳалла, меҳнат жамоаси) ва макродаража (трансмиллий уюшмалар, халқаро институтлар, глобал ташкилотлар)да ўрганиш мумкин. Ушбу даражаларнинг ўз белгилари ва хусусиятлари мавжуд. Масалан, микропоғонадаги оила маънавияти эр+хотин+фарзандлар+бува+бувилар муносабатларидан, икки томонлама алоқалардан иборат бўлиб, уларни бирлаштирувчи детерминант инсоний меҳр ҳисобланади. Бу детерминант бошқа институтларда ёки поғоналарда учрамайди, агар учраса расмий нормалар, вақт ва макон доирасида келади. Оиладаги меҳр ушбу чегарани тан олмайди, у истаган доирада, маконда ўзини намоён этиш кучига эга. Оилани бирлаштириб турган инсоний меҳр диахрон – икки томонлама алоқалар учун мутлақ қадриятдир. Демак, меҳр оила маънавиятининг ядроси. Меҳнат жамоасида шундай ядро ўзаро ҳамкорлик, умумий мақсад йўлида иттифоқ, макродаражада эса икки ёки кўптомонлама интеграция ҳисобланади. Кўриниб турибдики, маънавият ахлоқий фазилат(меҳр)дан тортиб, то глобал интеграция жараёнларигача ўз ичига олади.

 

Маънавиятни базисидан ажратиш асло мумкин эмас.

 

Бир яқиним бор. Касби – ҳайдовчи, киракаш. Унинг бетизгин ҳиссиётга ва важоҳатга берилиши одам зотидаги энг бад жиҳатлардан саналиши мумкин. Ушбу қусури туфайли оиласидан ажралган. Уни тўрт-беш йилда ўз туйғуларини идора қилишга ўргатдим. Мулоҳаза қиладиган бўлди. Лекин у ҳар сафар бензин нархи ошганида ёки радарга тушганида сабоқларимни унутади, аввалгидек ёввойи инстинктларга берилади ва важоҳат билан ҳаммага ташлана кетади.

 

Инсон, – деб ёзади Н.А.Бердяев, – биологик, социал ва маънавий мавжудот. Шунингдек, у эркин ва қул, фидойи бўлиш, севиш билан бирга эгоизмга, пасткашликка мойил зот. Унда илоҳийлик билан инсонийлик, ёввойилик билан маданийлик мужассам...”.

 

Мен киракаш танишимга ҳиссиётларини жиловлашни, устқурмани асрашни ўргатдим, аммо базис таъсирини идора этишга ўргатолмадим, у сабоқларимдан устун келаверади...

 

Ушбу поғоналарда субъект-объект муносабатлари муҳим рол ўйнайди. Субъект ушбу муносабатларни шакллантирувчи, уларга йўналиш ва манфаатларга муросавий руҳ берувчи шахс. Муроса ёки муроса маданияти – шахс билан жамиятни уйғунлаштирувчи детерминант. У ҳар доим жамият ҳаётига барқарорлик, осойишталик, ижодий рақобат бахш этиб келади, муроса маданияти бўлмаса, ҳатто позитив воқелик бўлган демократия ва адолат ҳам ўзларининг антиподига айланади.

 

Муроса маданияти ҳаётни, борлиқни, жамиятдаги иттифоқни, аҳилликни асрайди, усиз мен-сен, меники-сеники кабилар бошбошдоқликка, хаосга етаклайди. Инсондаги олийжаноблик, элсеварлик ва ҳаётсеварлик муроса маданияти орқали рўёбга чиқади, муросани билмаганлар мутакаббирлик қурбонига айланади. Бундай эгоистик шахсни олимлиги, донишмандлиги ҳам қутқаролмайди. Олмон файласуфи Ф.Ницше ижодининг чўққисига чиққан пайтида ўзи етишиб чиққан бутун ғарб маданияти, ахлоқи, дини ва маънавий бойликларини рад этиб, улар ўрнига янги маданият, ахлоқ, дин, маънавият яратмоқчи бўлади. Натижада умрининг охирги ўн йилини телбахонада ўтказади. Ибратли мисол!

 

Маънавиятли инсон яратувчан, яратиқларни асровчи, ҳеч бўлмаганда фарзанди ёки неварасига ибрат бўлишни исташи керак. Телбалиги хуруж қилмаган пайтларда Ф.Ницше оқиллик қилади: Ишларимиз инсоний, ўта инсоний бўлса, орқага виқор билан назар ташлаймиз”.

 

Маънавиятсиз шахс йўқ, бироқ кимдир кўпроқ маънавиятли, кимдир камроқ. Бу аввало жамиятимиз, ундаги тарихий-маданий бойликлар таъсири туфайлидир. Улар кимгадир кўпроқ таъсир этган, кимгадир озроқ; кимдир яхшироқ ўзлаштирган, кимдир бўшроқ. Ушбу зиддиятлар инсон ва унинг буд-борлиғига таъсир этиб уни, К.Юнг классификациясидан келиб чиқсак, ё интровертга айлантиради, ёки экстравертга. Интроверт ўзи, ўз манфаатлари учун яшовчи шахс, экстраверт унинг акси. Бироқ бозор иқтисодиётига, олди-сотдига қурилган бу замонда интроверт бўлмаслик қийин. Зоҳидона яшайдиган сўфийлар даври ўтди, бошқалар даврасида бўлмай, кимлигингни, нима учун яшаётганингни аён этолмайсан. Сен жамиятга эмас, жамият сенга кўпроқ зарур. Жамиятга зарурлигингни тасдиқлаб, нима учун яшаётганингни исбот қиласан-да. Мана, ҳикмат қаерда! Бу аслида экстравертликдир!

 

Маънавиятли бўлиш учун умр бўйи маънавий маданият юкини туйиб, зарур бўлса ушбу хочни, Исо мисоли, елкага ортиб яшаш керак. Ҳа, маънавий маданиятюк. Умр бўйи елкада кўтариб юрилиши керак бўлган юк. Ундан нолиш, воз кечиш, вовайло қилиш йўқ. Сабр, чидам, маънавиятга садоқат билан хизмат қилиб яшаш бор. Мукофот сўраяпсизми? Ҳеч бўлмаганда ўзингизга ўзингиз ибратсиз! Миллатга, халққа, башариятга деяётганим йўқ, ҳеч бўлмаса ўзингизга ўзингиз ибрат бўлинг! Нажот ичингдадур” дейди-ку Румий. Н.Бердяев эса “Ўзингдан ўзмай – илгари кетмай комилликка етмак йўқ” деган.

 

Маънавият – мудом сабоқ. Сабоқ олиш ва сабоқ бўлиш. Ҳатто йўлакда ётган тошдан ҳам сабоқ олиш мумкин.

 

Умар Хайём ёзади:

 

Тупроққа авайлаб қадамингни қўй,

Бу тупроқ қора кўз бир нигор эди.

 

Ана, тупроқдан, биз топтайдиган тупроқдан олинадиган маънавий сабоқ.

 

Ён-атроф – маънавий сабоқ. Дарахту майсалар – маънавий сабоқ. Тонгу тун, сойу булоқ, осмону ер, энг асосийси биродарларинг маънавий сабоқ. Улардан олишни, ўрганишни билмасанг, беҳуда яшабсан, оғайни. Сени ҳеч нимага ўргатишмабди. Биламан, инсоннинг бу сабоқлардан кўнгли тўлмайди. Уларнинг барчаси Гераклит назарда тутган оқар дарё, унга икки бор кириш йўқ. Мен севадиган Шарқ донишманди Умар Хайём афсусланиб ёзади:

 

Туну кун ўйладим етмиш икки йил,

Англадим, ҳеч нарса маълум бўлмабди.

 

Бу қисматимиз, ундан қочиш имкони йўқ. Бироқ берилган етмиш икки йил маънавий комилликка сабоқ бўлиши мумкин. Ҳа, мумкин!

 

Ўй, фикрмиядаги ўн саккиз миллиардга яқин тўқима бетўхтов юк ташиётган экан, маънавият муноқаша уйғотаверади. Балки мияни ўйлашга, фикрлашга ундаётган ўн саккиз миллиардга яқин тўқиманинг ўзи маънавиятдир. Балки ён-атрофдаги информацияларнинг 95 фоизини илғайдиган кўзимиз маънавиятдир. Балки вужудимизга жо, миллион-миллион километрларга чўзиладиган тери қопламаларимиз, тинмай айланаётган қон ҳужайраларимиз маънавиятдир. Балки... мана шу уч нуқтанинг ўзи ҳам маънавиятдир...

 

Виктор АЛИМАСОВ

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 3-сон.

“Маънавиятнинг сири нимада?” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 21
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10768
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//