Тўйдан тўйгача, қарздан қарзгача ўтаётган умр


Сақлаш
22:28 / 23.10.2024 99 0

Мен дунёга келиб нима қилдим?..

 

Бу саволни одам ўзига қачон бериши керак? Ҳаётининг қай палласида: ўсмирликдами, ўрта ёш ёки кексаликдами? Кексаликда кеч бўлмайдими?

 

Кўпчилик бу саволдан муддао нима ўзи дейиши мумкин. Яна бир тоифа бу саволдан не наф, пешонага ёзилгани бўлади-да, дейди тақдири азал ҳукмига ишора этиб. Ҳа, биз дарҳол мақсадга ўтмоқни истаймиз. Аслида, сарлавҳага чиқарилган сўроқ “Мен дунёга нима учун келдим?” деган саволдан бир оз жўнроқ. Зотан дунёга келишимиз бизнинг ихтиёримиздан хорижда.

 

Кузатишларимга таяниб айтсам: шу вақтгача бу саволга бирданига, қатъий ишонч билан жавоб берган одамни учратмадим. Савол янграши билан эшитгувчи ҳушёр тортади, бир оз тин олади, ўйга чўмади, орада ўнғайсиз сукунат пайдо бўлади. Назаримда, бир лаҳзада жавоб бергувчининг кўз олдидан бутун ҳаёти ўтади. ­Гўёки у дунёда бериладиган саволдек...

 

Тараддуд боиси не? Наҳот ўз ҳаётимизга дахлдор саволга жавоб қайтармоққа қийналсак?! Шартта-шартта жавоб бериш шунчалар мушкулми?

 

Аччиқ ҳақиқат шуки, биз ўзгаларнинг ҳаётини “тўғрилаш”га интиламиз, атрофимиздагиларнинг умр йўлига “таҳрир”лар киритамиз, доноларча маслаҳат берамиз, йўл-йўриқ кўрсатамиз. Ўзимизга келганда эса, нимагадир депсиниб қоламиз, тараддудга тушамиз. Ҳолбуки, бир мардумнинг ҳаёти бошқасига дастуруламал бўлолмаслиги кундек равшан.

 

“Дунёни ўзгартиришни истасанг, аввало ўзингни ўзгартир”, деган эди буюк қалб эгаси, ҳинд давлат арбоби Маҳатма Ганди. Назаримда, бояги саволга жавобнинг мушкуллиги – дунё биз ўйлагандан, китоб­ларда ўқигандан, фильмларда кўргандан кўра мураккаблигида! Дунё бошқа, ўй-хаёл, мақсад-мўлжалларимиз бошқа, уларнинг йўли доим ҳам кесишмайди. Истагимиз борлиғимиз ила номутаносиб, қутблар ўзга-ўзга.

 

Қадим замонлардан буён дунё икки қутбга бўлинган: эзгулик ва ёвузлик. Қай томонда бўлиш инсон тафаккури, ақл-ид­рокининг оғиш нуқталарига боғлиқ. Теран фалсафий, назарий ёндашув бу. Таъкидлаганимиздек, ҳаёт бошқачароқ, илкимизга доим ҳам танлов эрки тутқазилмайди.

 

Инсоннинг тахайюли саркаш, уни турли томонларга итқитади. Бинобарин, ҳаётда ҳамма йиқилганлар ҳам турмоққа куч топа олмайди ва барини тақдир ҳукмига йўйиб қўяқолади. Дангалига кўчсак, кўпчилигимиз бу ёруғ дунёда нима қилаётганимизни анг­ламаймиз, билмаймиз.

 

Камина учун саволнинг жавоби оддий: атрофдагиларга (табиат, одамлар) бе­эътибор, лоқайд бўлмаслик, ўзаро кўмакка интилиш, ҳар дақиқа меҳнат, ижод-ла банд бўлиш, сабр-қаноатнинг этагидан тутиш, мудом ишонч ва эътиқодга суяниш. Инсон бу дунёга келиб қиладиган кори хайр шу. Ҳарқалай, мен шундай деб би­ла­­ман. Истага­нингча яша, илло ўзгага ёмонлик раво кўрма – ақидам шу. Машҳур қў­шиқ сатрларини ёдга олсак: “Бу дун­ёга келиб не қилдинг деса, // Одамга одамлик қилиб қўйдик биз...” Яна билмадим, ҳар кимнинг ўз дунёси бор. “Яхшилик қорин тўйдирмайди” деган мод­диюнча қараш тарафдорлари бутун умр эзгулик қилиб яшаш мумкинлигига ишонмайди.

 

Бугун дунё ўзгармоқда. Катта авлод хотирасидаги дунё бизникидан афзалроқ туюлади. Олам ёмонлашмоқдами ёки одамзод?! Азалий савдо: ҳамма яхши, дунё ёмон! Ҳозирда курраи арзда манфаатпарастлик, “сиздан угина, биздан бугина” тарзидаги ёндашув устунлик қилмоқда. Аслида-ку, доим ҳам шундай, бу хил муносабат фақат ҳар бир даврда турлича намоён бўлади. Шундай даврда яхшиликдан сўз очиш айримларга ғалат ҳодиса бўлиб кўринади. Сизни энг камида ҳаётда омади келмаган файласуфга чиқаришади.

 

“Аслида нимага ишониш кераклигини ҳеч ким билмайди”, деган эди япон адиби Котаро Исака. Бу фикрда жон бордек, бироқ инончсиз яшашнинг ҳам иложи йўқ-да! Бошқа томондан эса, Дэн Браун таъбири билан айтганда, “Қанча кутсак ҳам, барибир биров келиб бизга қаҳва дамлаб
бермайди”.

 

 

Ақллилик балоси

 

Русларда “безумие разума” деган ибора бор. Буни ўзбекчага “ақллилик балоси” деб ўгирса бўлади. Назаримда, бу нуқтада ахлоқ ва илм зиддияти мавжуд. Ҳаётда кўп учратганимиздек, ақлли, илмли одам доим ҳам юксак ахлоқ соҳиби бўлавермайди. Балки шунинг учун ҳам халқ “Олим бўлма, одам бўл” дейди. Албатта, гап бу ерда “юксак маънавиятли шахс” ёки “етук инсон” тўғрисида кетмаяпти. Бу хусусда кўп ва хўб ёзилган. Шунга қарамай, бу мавзу ҳануз ўз долзарблигини йўқотмади. Бизнингча, доимий равишда етукликка даъво қилиш пировардида илоҳийлик иддаосини келтириб чиқаради. Оддийроқ бўлган маъқул.

 

Сўнгги вақтларда жамиятда башанг ки­йинган, қўш дипломли, лекин одоб-ахлоқдан йироқ мизантроплар (содда қилиб айтганда, одамларга паст назар билан қарайдиган, ахлоқий меъёр ва қадриятларни тан олмайдиган тоифа) гуруҳи шаклланаётир. Улар ўзини ўта кибор тутади, оммадан қочишга интилади, одамлар билан мулоқотдан хавфсирайди, шахсий манфаат йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди. Бундайлар учун виждон, инсон шаъни ва қадр-қиммати анчайин китобий тушунчалар, холос.

 

Не тонгки, жамиятда ахлоқли инсонларга ўгай қараш кузатилмоқда. Янада ачинарлиси, аксар замондошларимизда мизантропларга ҳавасмандлик, уларни идеал деб билиш, умуман, ҳашамдор ҳаётга ҳарислик оммалашмоқда. Таассуфки, биз яшаётган дунёда алифни калтак деёлмасдан ҳам, ахлоқсизликни тарғиб қилиб ҳам машҳурлик ва тўкин-сочин ҳаётга эришиш мумкин бўлиб қолди. Назаримда, бу ҳол аксар замондошларимизни чалғитаётир. Жамиятда билимли, зиёли ва хушахлоқ инсонларга нисбатан беписандликнинг пайдо бўлиши ҳам шундан. Ўзим гувоҳ бўлган воқеа: бозорда бир харидор сотувчи билан зўр бериб савдолашаётган эди. “Бор барака” чўзилиб кетганидан таъби тирриқ бўлган сотувчи “Намунча савдолашмасангиз, ўқитувчимисиз?!” деди пичинг ва кесатиқ оҳангида. Бир сескандим, ичимда нимадир узилгандек бўлди. Аттангки, биз жуда кўп нарсани бой бердик, йўқотишлардан ҳали ҳам сабоқ чиқаргимиз йўқ. Муаллимлар, зиёлилар латифа қаҳрамонига айланаётганига жимгина рози бўлишимизни нима деб оқлаш мумкин?..

 

Олий маълумотли киборлар ҳақидаги мулоҳазани давом эттирсак, яна талай саволлар туғилади. Хўш, бизга нима керак: дипломми ёки ахлоқ? Иккиси бир бирини тўлдириши керак эмасми? Таълим ва тарбия орасидаги ришта узилдими; узвийлик, изчиллик йўқолдими? Нега ҳануз “фозил одамлар шаҳри”га эҳтиёжмандмиз? Ўзи қачонгача биз учун тарбия “ё ҳаёт, ё мамот масаласи” бўлиб қолади?

 

Саволлар бисёр, аммо қалбга қаноат ва қанот бахш этгувчи жавоблар қани?!

Гўё дунёда тобора “тафаккур қуёши ботиб бораётгандек”, “чинакам инсоний ҳаётни арзон кийим-кечак сотиладиган бозорда деб тасаввур қиладиган, маърифат аҳли устидан кулиб, уларни телба, овсар, эси паст деб атайдиган” (Нитше таъбири) оломон даври келаётгандек...

 

Алҳол, бугун одамзод чуқур тушкунликда, чорасиз аҳволда. Оғиримизни енгил қилмоғи лозим бўлган фан-техника ривожи акс таъсир қилди, инсоннинг қарамлигини кескин кучайтирди.

 

“Sapien Labs” ташкилоти экспертлари дунё аҳолисининг руҳий ҳолати бўйича 2023 йили ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, 30 фоиз респондент кучли стрессни бошдан кечираётганини қайд этган. Социологик сўровларга асосланган тадқиқот 71 та мамлакатдаги 500 минг респондентни қамраган (https://mentalstateoftheworld.report/).

 

Натижаларни баҳолашда руҳий са­ло­­­матлик коэффициенти (MHQ – Mental health quotient) қўлланган бўлиб, у қуйидаги олти асосий мезонни ўз ичига олади: 1) инсон дунёқараши ва кайфияти; 2) ижтимоий ўз-­ўзини баҳолаш; 3) интилиш ва ҳаракатга ундовчи омилларнинг мавжудлиги; 4) ақл, тафаккур ва жисмоний саломатлик уйғун­лиги; 5) билиш / англаш кўникмалари; 6) мослашувчанлик ва бардошлилик.

 

Тушкунлик ва стресс 35 ёшгача бўлган аҳоли вакилларида кўпроқ кузатилаётгани аниқланган. Мутахассислар бунга смартфонлардан кичик ёшдан ва меъёрдан зиёд фойдаланиш, фаст-фуд ва ярим тайёр маҳсулотларга ружу қўйиш ҳамда оила инс­титути ролининг пасайишини сабаб қилиб кўрсатган.

 

Дунё бўйича руҳий саломатлик коэффициенти ўртача 65 деб баҳоланган. Демак, руҳий ҳолат “назорат остида”. Ўзбекис­тонда эса мазкур кўрсаткич 48 га тенг. Бу мамлакатимизда тушкунлик аломатлари мавжудлигидан далолат беради. Ўзбекистонга оид кўрсаткичлар қу­йидаги кўринишда: 1) инсон дунёқараши ва кайфияти – 48; 2) ижтимоий ўз-ўзини баҳолаш – 47; 3) интилиш ва ҳаракатга ундовчи омилларнинг мавжудлиги – 73; 4) ақл, тафаккур ва жисмоний саломатлик уйғунлиги – 58; 5) билиш / англаш кўник­малари – 65; 6) мослашувчанлик ва бардошлилик – 74.

 

Одамзод мудом табиат бағрига, кенг­лик, эркинликка интилади, дунёларни қучгиси келади. Табиийки, руҳият эркинлиги фикр эркинлигига доялик қилади. Атоқли рус адиби Фёдор Достоевский ёзганидек, “Тангу тор жойда ҳатто фикрлар ҳам тораяди”. Бизнингча, шу боис ҳам аксар жамиятлардаги одамлар асабий, тажовузкор, жоҳилликка мойил, ҳашаматга ўч. Наҳот дунё ақлли одамларга тўйинган-у, Нитшенинг телбасига муҳтож бўлса?!

 

 

Суқрот замонидан мерос жумбоқ

 

Ёшлар мавзуси донишманд Суқрот замонидан буён муҳокама ва мунозаралар марказида. Дарҳақиқат, бу мавзу барча макон ва замонлар учун долзарб бўлиб қолаверади.

 

Бугунги кун ёшлари нима истайди? Қайси булоқдан сув ичяпти улар? Ўй-хаёл, қизиқиш, дунёқараши нимага асосланган? Эҳтиёж ва манфаатлари-чи?

 

Шу сира саволларга жавоб топсак, боя муҳокама қилганимиз “дунёда нима қилганимизу қилишимиз кераклиги” ойдинлашади, келгуси авлод олдидаги мажбуриятимиз ҳам бирмунча енгиллашади. Ёшлар хусусида баландпарвоз чақириқ, шиор ва даъватлар билан чиқиш мумкин, лекин икки ўсмирга тўғри йўл кўрсата олмасак, бундан не наф!

 

Аввало, айтиш керакки, чаманзордаги турфа гуллар сингари ёшларнинг ҳар бири бетакрор ва ўзига хосдир. Шу боис уларни яхлит, ягона “қолип” асосида тарбиялаш, “комил инсон”га айлантиришга уринишдан тийилиш керак. Ёшларни шахс сифатида тарбиялашда катталар ибрат, намуна бўлиши лозим. Таҳлил ва кузатиш­лар шуни кўрсатадики, аксар ҳолларда ёшлар салафларининг хатти-ҳаракатини такрорлайди. Бошқача айтганда, ҳар бир давр ёшлари олдинги давр ёшларининг “маҳсули” ҳисобланади.

 

Жамиятдаги ўзгариш ва эврилишлар даставвал ёш авлодга ўз таъсирини ўтказади. Таҳлил қила олиш салоҳияти суст бўлгани боис ёшлар ўзгаришларни борича қабул қилади. Пировардида катта ва ёш авлод вакиллари ўртасида тушунмовчиликлар юзага келади. Бизнингча, бу ҳолатга катталарнинг муайян ўзгаришларни ёшларга тушунарли тарзда етказиб бера олмаслиги, кўпинча кенжа авлоднинг ҳаё­тий эҳтиёж ва манфаатлари рад этилиши сабаб бўлади. Охир-оқибат ёшлар янгиланиш, ўзгаришларни катталар истагандек ўзлаштиролмайди.

 

Катта авлод ёшларни доим ўз йўриғида юрғизишга уринади. Ўзимиз эришолмаган марраларни фарзандларимиз, невараларимиз забт этишини хоҳлаймиз. Аслида, бу хайрли ниятда ёмонлик йўқ, бироқ кўпинча орзу-истак кетидан чопиб, боланинг қизиқиш, уқув, салоҳият ва интилишларини ҳисобга олмаймиз. Алҳол, аввал-бошда катталар изми билан бирон соҳани танлаб, 35-40 ёшида ўзи хоҳлаган касбга ўтиб кетганлар талайгина. Эҳтимол, ёшларни бир муддат ўз ҳолига қўйиш керакдир?..

 

Катта авлодга хос хусусиятлардан яна бири бу – ёш авлоднинг ўзига нисбатан дангаса эканини бот-бот таъкидлаш ва мудом ўзи билан солиштириш, муқояса этишдир. Мутахассисларнинг фикрича, бу ўринда асосий муаммо катта авлод вакилларининг замон ва макон ўзгаришларини ҳисобга олмаслиги ёки қабул қилмаслигида (Куда пропал конфликт отцов и детей // https://www.vedomosti.ru/opinion/articles/2018/09/25/782022).

 

Замонавий ёшларга келсак, кенжа авлодда ҳамма нарсага тез ва бирданига эришиш ҳисси кучли. Бунинг илдизини замонавий ахборот технологияларининг шиддат билан ривожланаётгани, тенгдош­лар ўртасидаги кучли рақобатдан қидириш керак. Демак, бу интилишни салбий ҳолат деб баҳолаш унчалик ҳам тўғри эмас. Айрим мутахассислар буни ҳатто “ютуқ стратегия”си деб ҳам баҳолайди (Yusupov А. Youth is a strategic resource of Uzbek society // www.eureporter.co/world/uzbekistan/2021/10/11).

 

Сирасини айтганда, бугунги кун ёшларига қўйиладиган талаблар мутлақо янги. Шиддаткор давр ёшлардан тезқадам ўзгаришларга мослашиш, мунтазам билим, малака оширишни тақозо этмоқда.

 

Янги давр эврилишлари ёшларни ҳайрату ҳаяжонга солган бугунги кунда “бой берилган авлод” (lost generation) мавзуси яна кун тартибига қайтгандек. (Асли Америка адабиётига дахлдор бу истилоҳ болалиги Биринчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган авлодга нисбатан қўлланган.) Замонавий дунёда бу атама барча соҳаларнинг изчил рақамлаштирилиши таъсирида ёш авлоднинг – катта авлод анъанавий тарзда муҳим деб билган адабиёт, илм-фан, меҳнат кабиларни устувор ҳисобламаслиги билан изоҳланади. Бу, ўз навбатида, оталар ва болалар зиддияти (социологик феномен), авлодлар тўқнашуви каби адабиёт ва илм-фаннинг бир неча асрлик мавзулари теграсида янги баҳс-мунозараларни туғдирмоқда. Аксар мутахассислар буни табиий жараён деб ҳисоблайди. Социолог олим Комил Калоновнинг ёзишича, “Авлодлар ўртасидаги ворисийлик ёки ихтилофларнинг вужудга келиши, биринчи навбатда, даврий ҳолат билан боғлиқ бўлиб, кўпинча у авлодларнинг ўзаро тўқнашуви чоғида содир бўлади. Истиҳола қилган ҳолда, авлодлар ўртасида юзага келадиган тўқнашувларни инкор этсак, биз жамиятдаги долзарб социал муаммоларнинг биридан кўз юмган бўламиз” (Каланов К. Авлодлар алмашинувининг социал муаммолари: “йўқотилган авлод” тўғрисидаги баҳс-мунозаралар ҳақида // “Ўзбекистонда хорижий тиллар” илмий-методик электрон журнали. №2 (21), 2018).

 

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 2 миллиардга яқин одам турли тўқнашувлар ва зўравонлик бўлаётган, беқарорлик ҳукм сураётган минтақаларда яшайди. Уларнинг учдан бир қисмидан зиёди 15–24 ёшлилардир. БМТ Бош котиби эса дунёда ҳар тўртинчи ўсмир зўравонлик ёки қуролли низолардан жабр кўраётганини маълум қилган. Бу рақамлар ёшлар масаласи нечоғли долзарб тус олаётганини тасдиқлайди. Тезкор дунёда “шошган авлод” ўсиб вояга етмоқда...

 

 

Кун кўриш эмас, яшаш керак

 

Хўш, биз қачон бой бўламиз? Бу ўринда бойлик деганда фаровон ва бахтли турмуш назарда тутилмоқда. Зотан, инсон мол-дунёга эга бўлатуриб, бахтсиз ва аксинча, катта бойликсиз ҳам ўзини саодатманд ҳис этиши мумкин. Бироқ бугун шундай қусурли одатлар пайдо бўлдики, инсонни ташвишли ўйларга толдиради.

 

Ҳозирда сайёрамиз бўйлаб 783 миллион киши доимий равишда оч – бу дунё аҳолисининг қарийб 10 фоизига тенг. Шундай шароитда Ер юзидаги истеъмолга яроқли озиқ-овқат маҳсулотларининг 17 фоизи чиқиндихонага улоқтирилмоқда (Food Waste Index Report 2024 // www.unep.org/resources/publication).

 

БМТнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури (UNEP) ҳисоботига кўра, курраи заминда яшаётган ҳар бир одам йилига ўртача 79 килограмм яроқсиз бўлиб қолган озиқ-овқат маҳсулотларини чиқиндихонага ташлайди. 2022 йилда чиқитга чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий ҳажми 1 миллиард 50 минг тоннани ташкил этган. Бу кунига миллионлаб порция овқатнинг баҳридан ўтилади дегани. Давлатлар кесимида таҳлил этилса, АҚШда йилига кишибошига ўртача 115 кг, Европада 65 кг, Россияда эса 56 кг озиқ-овқат маҳсулоти чиқиндига ташланади.

 

Озиқ-овқатнинг 60 фоизи якка тартибдаги истеъмолчилар ва уй хўжаликлари томонидан исроф қилиниши аниқланган. Қолган 28 фоизи умумий овқатланиш муассасалари ҳиссасига тўғри келса, 12 фоизи эса талаб йўқлиги туфайли дўкон пештахталарида қолиб кетган ва муддати ўтган маҳсулотлардир.

 

Масаланинг қизиқ томони шундаки, озиқ-­овқат маҳсулотларининг “ортиб қолиши” нафақат бадавлат мамлакатлар, балки ри­вожланаётган давлатларда ҳам кузатилаётир. Мутахассисларнинг фикрича, бу айниқса, иссиқ иқлимли мамлакатларда кўпроқ кузатилмоқда. Табиийки, бундай шароитда маҳсулотларни сақлаб туриш бир оз мушкул ва янги маҳсулотларга талаб катта.

 

Озиқ-овқат чиқиндилари ҳажмининг ортиб бориши атроф-муҳитга жиддий зарар етказаётгани урғуланади. Жумладан, атмосферага чиқарилаётган йиллик парник газларининг 8–10 фоизи чириётган озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, озиқ-овқат маҳсулотларининг чиқиндихонага ташланишидан жаҳон иқтисодиёти тахминан 1 триллион доллар зарар кўрмоқда.

 

Ўзбекистонда ҳам камбағалликка қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганини эътироф этиш лозим. Бунинг натижаси ўлароқ қисқа муддатда камбағаллик даражаси пасай­гани кузатилди. 2021 йили ушбу кўрсаткич 17 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йил якунида 11 фоизга тушган (Узбекис­тан на пути к искоренению бедности: выводы международных сопоставлений // blogs.worldbank.org).

 

Масаланинг нозик жиҳатига эътибор қаратмоқчимиз. Аҳоли орасида фақирона турмуш тарзига рози бўлганлар ҳам учрайди. Улар ҳаётини ижобий томонга ўзгартиришдан ҳадиксирайди, гўё борини ҳам йўқотиб қўйишдан қўрқади. “Қора қозон қайнаб турибди”, “Оч қорним – тинч қулоғим” каби иборалар уларга хос. Ачинарлиси, бир неча авлод шу тахлит вояга етмоқда... Бундай фикрлаш камбағалликдан қашшоқлик сари етаклаши ҳеч гап эмас. Зеро, камбағаллик бизнинг хатти-ҳаракатларимиз, аввало, тафаккуримизнинг инъикосидир. Демак, камбағаллик якуний ҳукм ҳам эмас.

 

Бошқа тарафдан эса, нонни ҳамиша эъзозлаб кўзига суртган халқимиз орасида ҳам исрофгарлик иллати пайдо бўлди. Маълумотларга кўра, биргина Тошкент шаҳрида ҳар куни 3 тонна нон чиқиндихонага ташланар экан. Мамлакат миқёсида ушбу рақамни тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат! Шу ўринда атоқли муҳаррир Маҳмуд Саъдийнинг “Кун кўриш эмас, яшаш керак” деган фикри ёдга келади.

 

Беармон гапирилган яна бир мавзу бу – ўзбекона тўй, аза ва бошқа маросимлар. Назаримда, халқни “камбағалликка элтувчи йўл”лардан бири – тўй. Парадоксал ҳолат: бир томондан, турмуш муштини дўлайтиряпти, яшаш қийинлашяпти; бош­қа томондан, одамлар тўйларда янгича одатлар ўйлаб топиш борасида мусобақа қилаётгандек. Пандемия даврида тўйларни ихчамлаштириш, жумладан, сарф-харажатларни қисқартириш, 500 эмас, 200-250 кишини таклиф қилиш, ортиқча дабдабага йўл қўймаслик бўйича қарор қабул қилинди. Натижа нима бўлди дерсиз. “Орзу-ҳавасли” оилалар “Уят бўлади, халқнинг ошини еганмиз” дея зиёфатни икки қисмга бўлиб, кунлаб тўй қилди. Ачинарлиси, бир оз муддатдан сўнг тўй учун олинган қарзларни тўлаш учун ҳали чилласи чиқмаган куёв яна хорижга ишлагани кетади...

 

Умр шундай ўтмоқда: тўйдан тўйгача, қарздан қарзгача.

                                                                                                             

Сўзимиз бошида муҳокама қилганимиз “Мен дунёга келиб нима қилдим?” деган ­саволга жавоб бермоқнинг қийинлиги сабаб­ларидан бири ҳам шу одат, шу иллатда.

 

Дарвоқе, кейинги йилларда ўзига тўқ боқимандалар гуруҳи ҳам пайдо бўлмоқдаки, улар камбағалларга аталган рағбатларни ҳам ўзиники қилиб олишга интилмоқда. Назаримизда, ҳар иккала тоифада тафаккур ноқислиги, кемтиклиги манаман деб турибди. Биринчисида у қўрқув, ҳадик ортига яширинган бўлса, иккинчисида нафс қутқусига ботган.

 

Ваҳоланки, Ер юзида камбағал оилада вояга етса-да, улкан натижаларга эришган, ўзини ўзи кашф этган, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқара олган минг­лаб инсонлар бор. Бунга тарихда ҳам мисоллар бисёр. Демак, камбағалликдан қутулиш йўлидаги ҳаракатлар, энг аввало, тафаккурни ўзгартиришдан бошланмоғи даркор.

 

Аброр ЮСУПОВ

 

Tafakkur” журнали, 2024 йил 3-сон.

“Идрокнинг оғиш нуқтаси” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10332
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//