Кичик хонимнинг катта “уруши”


Сақлаш
15:38 / 21.10.2024 26 0

Коннектикут штатининг Личфилд шаҳрида руҳоний оиласида туғилиб ўсган, саксон беш йил умр кечирган адиб Ҳарриэт Бичер-Стоу хоним 1851 йилда Том тоғанинг кулбаси асарини ёзади. Асар дастлаб қуллик мухолифларининг асосий тарғибот воситаси бўлмиш Вашингтондаги The National Era” ҳафталик нашрида 10 ой давомида мунтазам нашр қилинади ва мислсиз шуҳрат қозонади. Ва ниҳоят 1852 йилда китоб ҳолида чоп этилади.

 

Нашр қилинганидан кейин бир йил ичида китобнинг уч юз минг нусхаси АҚШда, бир миллион нусхаси эса Буюк Британияда сотилади. Бу китоб ХIХ асрда “Инжил”дан кейинги энг кўп сотилган китоб ҳисобланади.

 

Асар дунёнинг бошқа тилларига ҳам таржима қилинади. Россияда Николай Некрасов ташкил этган нуфузли Современник журналида илк бор 1857 йилда рус тилида босилади. Аммо мамлакатда ушбу асарни тарқатиш, ўқиш қатъиян тақиқлаб қўйилади.

 

 

АҚШнинг жанубидаги штатларда ҳам роман тақиқ ва тазйиққа учраган,  ҳатто 1857 йилда мерилендлик фуқаро бу китобни уйида сақлагани учун 10 йилга қамалган.

 

1853 йилдаёқ асар расмий Ватиканнинг тақиқланган адабиётлар рўйхатига киритилган эди. Китобни Ватиканга махфий олиб кирилган хориж асари сифатида мусодара қилган инквизиторнинг ҳисоботидан кейин эса роман иши бўйича Италияда суд жараёни ҳам бўлиб ўтган.

 

АҚШнинг 16-президенти Авраам Линколн китоб муаллифи билан учрашган чоғида шундай дейди: “Мана, катта урушни бошлаган кичик хоним!”. Президент Ҳ.Бичер-Стоуни эҳтиром билан қабул қилади ва унинг ғояларини қўллаб-қувватлашини маълум қилади. Линколн катта уруш деганда қулликка қарши курашни назарда тутган эди.

 

Ниҳоят,  1863 йилда қора танли қулларни озод этиш ҳақидаги қонун қабул қилинади.

 

* * *

 

Кўп асрлик адабиёт тарихида шундай асарлар борки, уларсиз инсоният тамаддуни, тафаккур захираси, маънавий йиғиндилари, ижтимоий юксалиш даражаси анча қашшоқ бўлиб қолади. Худди шундай асарлардан бири “Том тоғанинг кулбаси” номи билан ўзбек китобхонига ҳам яхши таниш бўлган романдир. Бу асар дунё романчилигида жуда катта эврилиш ясамаган бўлиши мумкин. Лев Толстой, Достоевский, Кафка, Камю, Маркес ва бошқа сўз усталарининг асарлари олдида бироз содда ва жўн асар саналар. Бироқ битта роман Америка қитъасидаги, нафақат АҚШда, балки бутун дунёда инсонларнинг ҳаётини, турмуш тарзини ўзгартиришга сабаб бўлди десак, хато бўлмайди.

 

Романни ўқиган китобхонга яхши маълумки, асар қулдорлик тузумининг ўта бешафқат манзарасини акс эттирган. Романдаги воқелик қалбида инсонийликдан озгина нишона бўлган ҳар қандай кишини титратиб юборади. Том исмли кекса, қора танли қулнинг бошидан ўтказган мусибатлари ўқувчида раҳм-шафқат, меҳр-оқибат туйғуларини уйғотиб юборади.

 

Инсоннинг худди буюм каби, тилсиз жонивор каби сотилиши, барча ҳуқуқлардан маҳрумлиги ёзувчининг қалбидаги оғриқлар ифодаси ўлароқ қоғозга тушган.

 

“Агар биз яхшилик қилиш йўлида ёмонликка учрашдан қўрққанимизда эди, инсон номига лойиқ бўлмас эдик”, дейди ёзувчи. Дарҳақиқат, бу унинг асарига ҳам, ўзига ҳам тегишли. Ҳар бир асарнинг ҳам худди бир инсон каби ўз тақдири бор. “Том тоғанинг кулбаси” асари ҳам ўз кўп кўргуликларни бошдан кечирган. Унда кўтарилган буюк ғоя инсон озодлиги ва эркинлиги эди. Эркинлик эса доим қимматга тушади. Адибнинг бу асари бепоён Америка қитъасида инсонларнинг қалбини уйғотди. Роман қулларнинг занг босган хотирасига инсон эканини, улар ҳам бошқалар қатори эркин яшаши мумкинлиги ҳақидаги фикрни қайтарди. Инсоннинг руҳи уйғонди. У ўз ҳақи учун қаддини кўтариб курашга кирди. Қулликка маҳкум инсонлар учун бу роман улкан инқилобга куч берди.

 

 

Инсоният тарихида муҳим рол ўйнаган адабий қаҳрамонларга бағишланган “Мавжуд бўлмаган 101 та нуфузли шахс” китобидаги рўйхатда Том амаки 11-ўринни эгаллаган (2006 йил, АҚШ). Шу қадар оламшумул нуфузга эга бўлган бу асар шунинг учун ҳам китобхонларга манзур бўлдики, унда инсоннинг асл тийнати, асл йўли, чин муроди яширин, инсон эркин яшаши керак деган оддий ва буюк туйғу ҳимояга олинган.

 

Асарда руҳонийнинг тили билан айтилган “Қабрда биз ҳаммамиз эркин ва тенгмиз” деган сўзлари асарнинг бош ғояси каби эшитилади.

 

ХХ аср Америка адабиётидан катта ўрин олган, афроамерикаликлар ҳаётига бағишланган юзлаб катта-кичик, пасту баланд асарларнинг дояси шу Ҳ.Бичер-Стоунинг романи бўлди. Қора танлилар ҳақидаги қотиб қолган тасаввурларни тамоман ўзгартирган бу китоб кўплаб фазилатлари қаторида адабиётга янги қаҳрамонлар бергани билан ҳам қимматлидир.

 

* * *

 

Бугун мураккаб замонда яшаяпмиз. Бизни қуршаб олган электрон кесишувлар, интернет тўрлари хуружида барибир китобдан анча олислаб кетаяпмиз. Аммо унутиб қўяётганимиз бир ҳақиқат бор: тараққиётнинг барча қадамлари замирида, барча 4-5D форматдаги эврилишлар асосида инсон тафаккури бор. Бу тафаккур эса ўзига керакли қувватни китобдан, айнан китобдан олади. Баайни барча атом, гидро ва шамол электр манбалари ҳамма кучни қуёшда олгани каби.

 

Шу боис ҳам фақат инсонгагина ато қилинган китоб деган мўъжизага бепарво бўлмайлик.

 

Собир ЖУМАЕВ

 

Tafakkur” журнали, 2024 йил 3-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 45
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//