
Мумтоз адабиётдан улги олган ижод
Адабиётда энг кўп учрайдиган, барча даврлар ва давлатларда адабиётнинг асосий, бош мавзуси ёр образи, десак муболаға бўлмайди. Албатта, у адабиётга ўз-ўзидан кириб қолмаган. Бадиий асарда ёрнинг ўз вазифаси бор. Аммо турли ёзувчилар ижодида бу образ турлича талқин қилинган ва ўзига хос мақсадларни юзага келтирган. Шу ўринда бир савол туғилади: бугун адабиёт ҳам замон билан ҳамнафас ўсаётган бир пайтда ёр образи ҳам такомиллашдими? Асрлар оша яшаб келаётган образлар ўзгардими? Шубҳасиз, ҳа. Замонавий шеъриятда ёр образидаги ўзгаришлардан бири бу – мумтоз адабиётда ҳамиша у билан ёнма-ён юрадиган ағёр, рақиб образининг чиқиб кетгани бўлди. Айни пайтда ёзилаётган ишқий шеърларда фақат ошиқ ва ёр қолди. Буни Мансур Жумаевнинг шеърлари мисолида кўришимиз мумкин:
Бизга бир ёр ёрдир – тамиз,
сукут бизни эш этадир:
севгимизни севгилимиз
айтмасак ҳам эшитадир!
Саҳнада фақат ошиқ ва ёр бор. Нафақат бошқа одам, ҳатто ортиқча деталь ҳам йўқ. Ошиқнинг бор изҳори сукутида. Ўз ўрнида ёр ҳам «тамиз»ли, ақллики, ошиқдан ҳеч нарса сўрамаяпти, аксинча, сукутли изҳорларни ҳам эшита оляпти. Бу билан айтишимиз мумкинки, мумтоз адабиётдаги ёр образи ўзининг зулмкорлик, бевафолик хусусиятини ҳам йўқотди.
Бугунги кун шеърияти анча ижтимоийлашди. Шу жумладан, ишқ, севги ҳам ижтимоий-ҳаётий ҳодисага айланди. Одамлар учун чинакам муҳаббат фақат эр-хотин орасида бўлиши мумкин. Аммо, жамиятда ишқ ўзининг қамровини ўзгартирган бўлсада, шеъриятда сақланиб қолди. Мисол учун, Мансур Жумаев шундай ёзади:
Тоза ҳисларга тўлди
кўнгилкоса, сарвиноз;
тасвирга қараб, бўлдим
Мусаввирга ишқибоз.
Аниқлик киритадиган бўлсак, бу ўринда тасвир – ёр, Мусаввир – Аллоҳ. Шоирнинг ёри шу қадар нуқсонсиз, гўзалки, ошиқ ёрни кўриб, унинг Яратувчисига ишқибоз бўляпти. Бу сатрдан ёр шунчалик гўзал бўлса, унинг Мусаввири қандай экан, деган маъно англашилади. Мансур Жумаев ижодида илоҳий ишқ бошқа ижодкорларникига қараганда кўпроқ учрайди. Шунинг учун нафақат ишқ ҳақидаги, балки бошқа шеърларида ҳам тасаввуф унсурлари учрайди. Фақат замонавий шеъриятда тасаввуф тўғридан тўғри ёки сўзма-сўз эмас, мазмунан ифодаланяпти. Бир шеърида шоир шундай дейди:
Кўнглим эди кўзимда балққан,
Ёлғиз кема сингари қалққан.
Қалқиб-қалқиб элтажак ҳаққа,
Олиб бормас ҳилол ҳам, хоч ҳам.
Шоир кўзини денгиз, кўнглини кема, демоқда. Кейинги мисраларда одамни Ҳаққа фақат кўнгил элтишини таъкидлаб ўтади. Худди шу шеърнинг ниҳоясида шоир Мансур Ҳалложга тўхталиб, ўзининг ҳам шу йўлда эканини айтади. Шоир тўғри йўлдагиларни асло тушунишмайди, деб шеърига хулоса ясаган. Бу ерда шоир Мансур сўзини ишлатиб, ҳусни таълил ва талмеҳ санъатларидан фойдаланган:
Гадоману, шаҳман деб айтсам,
Йўлчиману, раҳмон деб айтсам...
Ишонмайсиз Ҳақман деб айтсам,
Мансур бўлган бобо Ҳаллож ҳам.
Мансур Жумаев ижодида мавзулар хилма-хиллиги кўзга ташланади, унинг айрим шеърларида панд-насиҳат яққол сезилиб турса, баъзиларини шоир шунчаки ўзининг ҳаётий хулосаси сифатида ёзиб қўйгандек туюлади. Мисол учун қуйидаги шеърни келтирсак:
Учраган ҳар таёқ силоҳ бўлмайди,
Ҳар топинганингиз илоҳ бўлмайди.
Умр – бир эн мато, пайпоқ қилсангиз,
Қолган ярми бошга кулоҳ бўлмайди.
Инсон яшар экан, умрида кўп яхши-ёмонларга дуч келади. Шундай пайтларда ҳар кимнинг ҳам ичидан «эҳҳҳ» деган аллақандай туйғулар ўтади. Шоирнинг юқоридаги мисралари худди шундай «эҳ»лар сабаб ёзилгандек гўё. Ижодкорнинг энг кўп эътироф этиладиган шеърларидан бири «Олдинда бир йўл бор...» деб бошланади. Унда қуйидаги мисралар бор:
Олдинда бир йўл бор – кўп йироқ,
тархини топмадим, ким бичган
қиличим дамидан ўткирроқ
сочларинг торидан ингичка.
Шаклан қаралганда, бу шеър ҳаммага тушунарлидек. Лекин шоир бу ерда қайси йўлни назарда тутаётганлигига бироз изоҳ шарт. Бу ерда шоир очиқ айтмасада, Сирот кўприги ҳақида айтмоқда. Кейинги мисраларда шоир таносуб санъатидан фойдаланади ва маънони кучайтириб боради:
Олдинда кўприк бор – ости жар,
билмадим ўзим не бўламан
азизим, сен ўтгил бехатар,
азизим, сен фақат қулама.
Мансур Жумаев шеърияти ўз бадиияти ва ранг-баранглиги билан бошқалардан ажралиб туради. Шоир шеърларини ўқиб қалбингиз тозаргандек, руҳингиз юксалгандек бўлади. Замонавий адабиётга эса мумтоз адабиётдан улги олган шундай шеърлар жуда ҳам керак.
Кучли исёнга вазмин ифода
Бугунги ижодкорга нафақат истеъдод, балки сўзини баралла айтиш учун ирода, жасорат ҳам керак. Мадина Норчаева бор жасоратини сўзга кўчирган ва ёзганларини ўқишга «мажбурлайдиган» ижодкорлардан бири. У Қашқадарёда, тоғлар орасида катта бўлгани шеърларидаги табиатга яқинлик, заминга ошноликдан сезилади. Ва айни шу ошиқлик уни бошқа шоирлардан ажратиб туради. Ижодкорнинг шеърларида қуш, ёмғир, ой, образлари кўп учрайди. Қалбдаги ҳисларни ифодалаш қанчалар қийин бўлса, ёзилган кечинмаларни таҳлил қилиш унданда мушкул иш. Шундай бўлсада шоиранинг ижодидан бир шеърни таҳлил қилишга уриниб кўрамиз. Шеър шундай бошланади:
Қорачиқларимдан учади
Полапон мусича – томчилар.
Чақинлар бедов от – оқшомнинг
Кифтига нақш солар қамчилаб.
Хуш борсин.
Дастлабки икки қатордаги фикрни битта сўз билан «йиғладим» деса ҳам бўлади. Аммо биргина йиғи ҳолатини ижодкор ўз нигоҳи билан кўриб, ёзяпти. Шоира томчи яъни кўз ёшини полапон мусича дейди. Эътибор берсак, полапон мусича кўп овоз чиқаради, талпинувчан бўлади. Шоиранинг қорачиқларидан учаётган томчилар ҳам кимгадир талпиняпти. Кейинги мисрадаги чақинлар сўзини қаҳрамон руҳиятига боғлайдиган бўлсак, бунинг сўз эканлигини англаймиз. Чақин тез ва шиддаткор бўлади. Бу оқшом шоира айтаётган сўзлар ҳам шундай. Бу сўзлар оқшомнинг кифтига нақш солди, энди бу сўзлар унутилмайди, йўқ бўлиб кетмайди. Тўртликдаги «оқшомнинг кифти» топилмаси эътиборимни тортди. Оқшомнинг кифти бўлмаслигини ҳисобга олсак, ижодкор бу ерда реал шахсни тасвирлагандир деган хаёлга боришингиз мумкин. Лекин мен бу ўхшатма реал шахс учун дейишдан йироқман. Шоира назаримда, оқшом деганда иккинчи шахс билан бўлаётган жараённи, кифти деганда жараённинг бориш мароми, йўсинини назарда тутган, деб ўйлайман. Шеърнинг кейинги бандига ўтсак:
Бир қучоқ шафақгул кўтариб
Суратнинг қўллари чарчаган.
Кунларни тўзғитиб юбориб,
Ой учиб кетади даричадан.
Хуш борсин.
Биринчи бандда мавҳум бўлган реал шахс иккинчи мисрада сурат сўзи билан аниқлаштирилади. Демак, шеърда икки киши ва улар ўртасидаги жараён тасвирланяпти. «Сурат» лирик қаҳрамон учун бир қучоқ гул келтирган. Бу гуллар шафақ рангда. Биламизки, шафақ қизғиш ва сарғиш ранг бўлади. Рангларга эътибор берсак, қизил муҳаббат ранги, сариқ эса айрилиқ, ғам рамзи. «Сурат» лирик қаҳрамон учун келтирган гуллар қизил аралаш сариқ. Демакки, бу муҳаббатда ғам ва айрилиқ бор.
Кейинги мисрада ойнинг кунни тўзғитиб юбориб, даричадан чиқиб кетиши тасвирланган. Бу ерда икки хил талқин юзага келади. Биринчиси, нега ой кунни тўзғитиб юборяпти, тунни эмас? Яна ой даричадан чиқиб кетяпти, демакки тун тугаяпти. Бу ерга кун сўзидан кўра тун сўзи кўпроқ мос келади. Иккинчи талқинга кўра, кун сўзини ҳафта кунлари, ой сўзини эса йил ойлари деб тушуниш мумкин. Шунда «кунларни тўзғитиб ойлар ўтиб кетмоқда» деган хулоса келади. Бу ердан вақт ўтмоқда, умр ўтмоқда деган мазмун келиб чиқади. Матндан келиб чиқсак, бу фикр ҳақиқатга яқинроқ туюлади. Кейинги бандни келтирсак:
Эртаклар қуйилган қадаҳга,
Лаб босиб хаёлга чўккан ким?
У ҳазин жилмайиб яшаган
Тушларнинг номини ёдладим.
Эртакларда, айниқса, ўзбек эртакларида фақат яхши хислатлар улуғланади. Лирик қаҳрамоннинг ҳаёти ҳам эртаклар каби содда, яхши ниятли, лекин чўпчаклари бор. Ҳаётининг эртаклигини англаган қаҳрамон четдан назар ташлар экан, ўзини таний олмайди. Ўтмишдаги ўзини «ҳазин жилмайиб яшаган» дейди. У кулмаяпти, балки ҳазин жилмаяпти. У кунлари энди қаҳрамон учун туш мисоли. Сўнгги бандни ўқиймиз:
Йўлларни фасллар чизмайди
Етолмай қисматнинг қаърига.
У чиқиб кетади кечадан,
Бугундан, эртадан нарига
Хуш борсин.
Йўл бу – умр. Фаслларни яхши-ёмон кунлар, оғир-енгилликлар десак бўлади. Умрни бундай кунлар ёзмайди, белгиламайди. Чунки бу фасллар қисматнинг қаърига, тубига етолмайди, ниҳояни билмайди. У (Сурат) қисматни ўзгартира олмади, бошқара олмади ва умрдан абадий чиқиб кетди. Шоира ёзган «кечадан, бугундан, эртадан нарига» сўзи кетган одамнинг қайтмаслигига ишора. «Хуш борсин» жумласи билан ижодкор тақдирга розилигини билдиради. Шоира биринчи, иккинчи ва охирги бандда шу жумлани ишлатиб, шеър бошидан қисматига розилигини билдиради.
Аҳамиятли жиҳати бу шеър ниҳояланаётган муҳаббат ҳақида. Икки ошиқнинг хайрлашуви ва айрилиқнинг бошланиши ҳақида. Лекин шеърда на муҳаббат, на айрилиқ сўзи ишлатилган. Шеърни биринчи марта ўқиган одам ундаги чиройли манзарани кўради, холос. Лекин сўзлардаги маҳзунлик одамни сўзларга чуқурроқ киришга ундайди. Шунда ижодкорнинг шеър ёзилаётган пайтидаги кайфиятини сезгандек бўласиз.
Шоира шеърдаги мусича, томчи, чақин, оқшом, шафақ, ой, фасл каби тасвир ва сўзларнинг ҳар биридан руҳиятини очиқлашда моҳирона фойдаланган. Ижодкор ўз қаршилигу исёнларини, розилигу кўникишларини босиқлик билан ифода этган. Мадина Норчаева ижоди ҳақида гап кетганда, кучли исёнга вазмин ифода деб изоҳ бериш мумкин. Айнан шу вазмин ифода услуби билан шоира ўзининг адабиётдаги ўрнини банд этган.
Мен кўрган ёмғирлар бариси кўзёш
Шоир ижод қилар экан, ўзидан олдинги адабиётни ўзгартиришни мақсад қилади. Аммо ҳамма шоир ҳам бу мақсадга эришолмайди. Кўплаб ижодкорлар на янги нарса кашф қилади, на ўз йўлини топа олади. Шунчаки ёзиб юраверади, тамом. Аммо Феруза Хайруллаева адабиётга ўз олами билан кира олган ижодкорлардан бири. Ферузагача ҳам адабиётда ёмғир бор эди, ғам бор эди. Лекин шоира бу тушунчаларни янги поғонага олиб чиқа олди. Унинг ижодида ёмғир, кўзёш, йиғи, ушалмаган армон, ёлғизлик образлари кўп учрайди. Шоира шеърларида сўнгсиз ва бошқаларда топилмас маъюслик етакчилик қилади. Жумладан, бир шеърида шоира шундай ёзади:
Сени топаманми изланган йўлда?
Кўнглимни тунайди миллионта ҳадик.
Хаёлий орзуга чап бериб турсам
Қайғунинг ўйида гуллайди шодлик.
Иккинчи мисрада биз муболағага дуч келсак, охирги қаторда тазодни учратамиз. Шоира ўзига савол бераркан, жавобни ҳам ўзи беради гўё. Унинг кўнглини ҳадиклар тунаб, ўғирлаб кетган. Буни бемалол ғулу деб олишимиз мумкин. Қайғу ва шодлик антонимлар эканини ҳисобга олсак, бу ерда тазоднинг гўзал намунасини кўрамиз. Яна шоира қайғунинг ўзида эмас, ўйида, хаёлида шодликнинг гуллашини айтади. Аслида қайғунинг ичида, замирида шодлик борлигига одамни ишонтиради. Бу билан шоир ўзидаги оптимистик руҳни китобхонга ҳам сингдиради. Шеърнинг давомида шоира яна шундай дейди:
Одамнинг кафтида чизгиси бўлиб
Пешона бўлмаган тақдир ҳайрондир.
Одатда одамлар икки хил ишонч билан яшайди: бир гуруҳ одамлар тақдирга ишонса, иккинчи гуруҳ одамлар ҳаётларини кўпроқ тасодиф ва омадга боғлашади. Шоира эса учинчи хил фикрни ўртага ташлайди: одамнинг қўлига чизилган, белгиланган тақдир ҳам ўзгариб кетиши мумкин. Энди шоиранинг ёмғир ҳақидаги ёзганларига кўз ташласак:
Ёмғирлар саловат айтиб жилмайди
Кўзингга боқмасдан жилмайганимда.
ёки
Хуш қол энди, сўнг бор кетяпман
Ёмғирларинг йиғлар паллада.
Яна бир жойда
Кўчаларда эса кезиб юрибди
Ёмғирда ивиган эгасиз бахтлар.
Биринчи ва иккинчи иккиликда ижодкор ёмғирнинг ўзига қанчалик яқин ва дардкаш эканини айтса, охирги парчада ёмғир ҳамма учун бахтли онларни туҳфа қилувчи ёки эслатувчи ҳодиса эканини ёзмоқда. Ёмғир пайти одатда одам худди ҳаётида етмаётган бир сокинликни топгандек бўлади. Шунинг учун ҳам ёмғирни кўпроқ ёлғизлар, интровертлар ёқтиришади. Шоира уларни бахтсизлар эмас, балки (ҳали) эгаси топилмаган бахтлар деб ёзяпти. Яна Феруза Хайруллаеванинг «Тутқун» тўпламида мовий рангни билан боғлиқ мисраларни ҳам кўп учратиш мумкин. Мисол учун,
Мовий маржонларни бўйнимга илиб,
Денгизни соғиниб келаман бу дам.
Ёки
Ўй ўсиб чиқади деворларимдан,
Гоҳида алвонранг, гоҳида мовий.
Яна бир мисол:
Бир куни шунчаки бўласан пайдо,
Сўзлайсан мовийранг ёмғирлар ҳақда.
Мен сенга заррача қилмайман парво,
Кўнглимни авайлаб, кетасан танҳо.
Ҳар бир рангни ўзига хос маъноси ва хусусияти бор. Мовий ранг шарқ мамлакатларида ҳимоя қилувчи сифатида талқин қилинса, ғарбда эса ишонч ва масъулиятни англатаркан. Адабиётда бўлса мовий соғинч ва яккаланишни ифодалайди. Жумладан, Феруза Хайруллаеванинг қуйидаги иқрорлари мовий рангни изоҳлайди:
Нигоҳинг тутмадим, яшайин десам,
Бармоқлар – умримнинг ҳижрон чолғуси.
Қўрқаман, сенингсиз қолган сўзларим
Ерга ҳам сенсиз ва менсиз боргуси.
Яна бир мисол:
Соғинчимни бадарға қилиб,
Унутаман юзин қайғунинг.
Юқоридаги дастлабки тўртликда «Бармоқлар – умримнинг ҳижрон чолғуси» мисраси гўзал топилма бўлган. Биз шеъриятда ҳижрон куйи деган бирикмага кўп дуч келганмиз, лекин шоира ҳижрон куйи эмас, чолғуси ҳақида ёзмоқда. Бармоқлар, аниқроқ айтганда, умрдаги ҳижроннинг қоғозга тўкилиши учун бармоқлар чолғучи вазифасини бажармоқда. Шоира бармоқлари билан ҳижрон ҳақида ёзаркан, ёзганлари муҳаббатсиз ва жўн бўлишидан хавотирда. Феруза Хайруллаева ижодини кўздан кечирар эканмиз, бир қанча камчиликларга ҳам кўз юмиб кетолмаймиз.
Зимистон куйига маст бўлган хонам
Оёғимни қучиб унсиз ўрмалар.
Бу ерда шоира айтаётган зимистон куйи тўғри ўхшатма. Лекин хонанинг оёқни қучиб ўрмалаши бироз ғализ. Ижодкор ташбеҳ топишда тасаввурга эрк бериши яхши, лекин мантиқни ҳам унутмагани маъқул. Яна бир жойда «Титроқ лаҳзаларга тўкилар умрим» деб ёзади. Бу ерда жўналиш эмас, ўрин-пайт келишиги кўпроқ мос тушарди. Умрнинг лаҳзага тўкилишидан кўра, лаҳзада тўкилиши ҳақиқатга яқинроқ.
Феруза Хайруллаева аллақачон ўз йўлини, ўрнини топган шоира. Унинг ҳар бир ёзиғи ҳали истеъдодини тўлиқ очмаганидан, ҳали дилида ёзилажак кўп сирлари борлигидан далолат бериб туради. Ижодкорнинг ёзиши учун дард қанчалик керак бўлса, ижодий ўсиши учун сир керак. Сири бор одам узоқ ёзади ва бошқалар ҳам уни узоқ ўқийди. Феруза Хайруллаевани ҳам мухлислари ҳали узоқ ўқишига ишончим комил.
Кумуш Одина ҚАРШИБОЕВА
Санъат
Тарих
Санъат
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ