1. Ҳештег – инглизча hash ва tag сўзларидан олинган бўлиб, ижтимоий тармоқда бирор мавзуга оид манбаларни осон топиш учун панжара белгиси (#) қўшиб ёзиладиган калит сўз ёки ибора.
2. Скриншот – инглизча сўз, экранни суратга олиш маъносини билдиради. Кўпчилик мобил телефони ёки шахсий компютери экранидаги маълумотларни сақлаш ва тарқатиш учун мазкур дастурдан фойдаланади.
3. Тютор – ўзбек тилида тарбиячи маъносини билдиради. Университет ва институтларимизда шу номдаги иш ўрни бўлиб, ушбу вазифадаги киши талабалар гуруҳига мураббий сифатида бириктирилади.
4. Челленж (challenge) – чақирув, даъват дегани. Ижтимоий тармоқ саҳифаларида баъзан эътирозни, баъзан эътирофни қўллаб-қувватлаш учун уюштирилади.
5. Негатив (nigativus) – лотинча сўз, манфий, салбий деган маъноларни билдиради. Аслида фотографияга оид бўлган бу атама ҳозир ижтимоий ҳаётда салбий фикр, ҳис ва муносабатни билдирувчи ибора сифатида кенг ишлатилади.
6. Имиж – қиёфа, тасвир маъноларига эга. Одамларда бирор шахс ёки ташкилот ҳақида тасаввурни шакллантириш учун қўлланади.
7. Бот – робот сўзининг қисқартмаси бўлиб, чех тилидаги робота – меҳнат сўзидан келиб чиққан. Бугунги кунда ботлар маълум дастур доирасида виртуал ҳаракатни амалга оширадиган махсус тизимдир.
8. Логин – инглиз тилидан олинган бўлиб, ахборот тизимлари, иловалар ва бошқа дастурларга киришда фойдаланувчи ишлатадиган маълум сўз ёки белги.
9. Парол – ҳарф, рақам ёки бошқа белгилардан иборат, шахс ёки ваколатни тасдиқловчи калит сўз.
10. Фейк инглизча сўз бўлиб, сохта деган маънога эга. Бугунги кунда нотўғри ва тасдиқланмаган маълумотларга нисбатан фейк ибораси қўлланади.
Филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Дадабоев тавсия этади:
1. Ҳештег – қулавуз; йўлчи. Илк бор “йўлчи, йўл кўрсатувчи” маъносида ХI асрда эски туркий тил обидалари “Қутадғу билиг” ҳамда “Девону луғотит-турк”да қулавуз //қулабуз истилоҳи қайд этилган:
Бу кўкдаки юлдуз бир анча безак,
Бир анча қулавуз, бир анча язак
(“Қутадғу билиг”).
Ўрхун ёдномаларидан Тўнюқуқ битигида қайд этилган маъно ерчи ясамаси билан ифодаланган: Ерчи тиладим – Йўл кўрсатувчи истадим.
Қадимги Турфон матнларида “йўлбошловчи, йўлчи” англами йўлчи-ерчи жуфт сўзи ёрдамида англашилган. Айни маънони билдириш учун Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” пандномасида қулавузнинг маънодоши йўлчи истилоҳини ишлатган: Қамуғ ишка йўлчи билиг бар уқуш – Ҳар қандай юмушда билим ва ақл йўлчидир.
Қулавуз истилоҳи XIV асрда Хоразм адабий муҳитида яратилган “Гулистон бит туркий” ҳамда “Наҳжул-фародис” асарлари сўз бойлигидан ўрин олган: Пайғамбар алайҳиссалом айтдиким, бизга бир қулавуз керак (“Наҳжул-фародис”, 12-б. 110).
Ҳозирги ўзбек компютер тилшунослиги терминлари тизимида муайян мавзуга тегишли манбаларни топиш енгил кечиши учун “#” белгисига қўшиб ёзилаётган инглизча ҳештег сўзини аждодлар тилида кенг қўлланган қулавуз, йўлчи, ерчи сўзларидан бири билан алмаштириш мумкин. Бу инглизча сўз ўрнида қулавуз истилоҳини истеъмолга киритиш тарафдориман. Зотан, ушбу бирлик тарихан бир маънода ишлатилгани билан эътиборга молик. Қолаверса, ҳозирги турк тилида кенг қўлланаётган kulavuz 1) йўлбошловчи; сайёҳларга тушунтириш берувчи (гид); 2) йўлкўрсаткич; маълумотнома; 3) бошқарувчи, етакчи (учақ); 4) совчи; 5) тех. йўналтирувчи (изга, йўлга) маъноларини ифодалашда қўл келмоқда.
2. Скриншот – мобил қурилма экранида акс этган маълумотларни сақлаб олиш ва тарқатишнинг энг осон тури сифатида оммалашган инглизча бу сўзнинг қўлланишига қаршилигим йўқ.
3. Тютор – ўзбек миллати ҳазм қилиниши қийин кечаётган мазкур сўзнинг тилимизда муқобили йўқми деган савол очиқ турибди. Унга қониқарли жавоб топиш учун ўтмишга назар ташлаш зарур. Мозийда мадрасаларда ўқиган ўқувчиларнинг оладиган билими ва тарбияси билан бевосита шуғулланган шахслар асл ўзбекча бегатка ва отабег, арабча мураббий, муаллим, форсча-тожикча устод//устоз истилоҳлари ёрдамида англашилган. Арабча тарбия ўзлашмасидан ясалган ўзбекча тарбиячи сўзи мактабгача таълим тизими(боғча)да болалар тарбияси билан машғул хотин-қизлар (боғча тарбиячиси), шунингдек, мактаб ва олий таълимда фаолият олиб бораётган муаллим ҳамда мураббийларга нисбатан қўлланаётгани янгилик эмас. Алоҳида штат бирлигига эгалик қиладиган, талабаларнинг маълум гуруҳига тарбия берувчи сифатида бириктирилган ходимни тарбияловчи деб аташ мақсадга мувофиқ. Зеро, ушбу сўзнинг ўзаги ҳисобланмиш тарбия ўзлашмаси “болани боқиб ва тарбия бериб катта қилиш, вояга етказиш учун қилинадиган меҳнат ва ғамхўрлик”дан ташқари “иш-ҳунар, одоб-ахлоқ ўргатиш ва умуман кишининг ғоявий-маънавий қиёфасини шакллантиришга қаратилган таълим тизими” маъносини ҳам ифодалайди.
4. Челленж (challenge) сўзининг вазифасини чақирув сўзи уддалайди деб ҳисоблайман.
5. Негатив атамасининг аксарият ижтимой муносабатлар мавзусидаги матнларда фаол ишлатилишидан келиб чиқиб, уни салбий муносабат ибораси билан алмаштириш мақбул кўринади.
6. Имиж кейинги кезларда жонли сўзлашув ва ОАВда тез-тез қўлланадиган янги сўзлар қаторидан ўрин ола бошлади. Қайсидир ташкилот, муассаса ёки ишлаб чиқариш билан банд корхона янгиликка тинимсиз интилиш туфайли қўлга киритган обрўсини сақлашга ҳаракат қилса, нутқда “Бу ташкилот ўз имижини ушлаб турибди”, муайян шахс объектив ёки субъектив омиллар боис қиёфасини ўзгартирса “Фалончи имижини ўзгартирибди” сингари жумлаларни ишлатамиз. Биринчи гапдаги имиж сўзи ўрнида донг, довруқ, овоза ҳамда XI–XIV асрларда кенг ишлатилган чов сўзларидан бирини қўллаш ўринли. Иккинчи гапдаги имиж англатган маънони кўриниш сўзи тўла ифодалаш қувватига эга.
7. Бот – компютер тилшунослиги терминлари сирасидан мустаҳкам жой эгаллашга улгурди. Шу сабаб уни ишлатиш ўзини оқлайди.
8. Логин атамаси истеъмолда қолгани маъқул. Мазкур сўз нафақат ахборот технологиялари, балки халқ тилида ҳам оммалашишга улгурди. Унинг муқобилини қидиришга эҳтиёж йўқ.
9. Парол сўзи рус тили орқали луғатимиздан ўрин олган бўлиб, илгари ҳарбий терминологияда кенг ишлатилган. Қадимда парол ўзлашмаси билдирган маъно асл туркча им ҳамда ўрон истилоҳлари иштирокида англашилган. Ўзлашма атаманинг маъно-мазмунини эътибордан қочирмаган ҳолда уни очқич сўз бирикмаси билан алмаштириш мумкин.
10. Фейк сўзининг рус тили орқали ўзбек ОАВ сўз бойлигидан жой ола бошлаганига унча узоқ вақт бўлгани йўқ. Бугунги кунда етарли асосга эга бўлмаган, тасдиқланмаган, пуч маълумот фейк хабар ибораси билан англашилмоқда. Ибора таркибидаги фейк сўзини қадимдан тилимизда қўлланиб келаётган ёлғон сўзи билан алмаштириш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди ва ибора маъносига путур етказмайди.
Байрамали ҚЎЛДОШЕВ тайёрлади.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 3-сон.
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ