ХХ аср бошларида Туркистон жадидлари иқтидорли ёшларни хорижда, айниқса, Усмонийлар салтанатидаги олий ва ўрта таълим муассасаларида ўқитишни мақсад қилди. Улар айнан ушбу мамлакатни танлашининг бир неча сабаблари бор эди. Биринчидан, икки халқнинг тили бир-бирига яқин, иккинчидан дини бир, учинчидан турклар томонидан Европадаги илм-фан янгиликларининг ўзлаштириши, таълим муассасаларида дунёвий билимлар ўқитилишининг йўлга қўйилгани эди.
1909 йили Садриддин Айний, Абдулвоҳид Мунзим, Аҳмаджон Ҳамдий, Ҳамидхўжа Меҳрий, Ҳожи Рофе ва Мукаммил Бурҳонов Бухорода «Тарбияйи атфол» («Болалар тарбияси») жамиятини тузади. «Тарбияи атфол» ўз фаолиятининг илк йилидаёқ бир гуруҳ ёшларни Истанбулга ўқишга юборади. Бундан кўзланган асосий мақсад амирликдаги жадид мактаблари ишини янада такомиллаштириш, «усули тадрис»нинг ҳам амалий, ҳам назарий асосларини ишлаб чиқиш, дарсликлар, ўқитувчилар учун услубий қўлланмалар яратиш эди.
Бухоро амирлигидаги жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган Усмонхўжа, Отаулла Хўжа ва Ҳамидхўжа Меҳрий 1909 йили ўқиш учун Истанбулга борганда, Анвар пошо уларни расмий делегация каби кутиб олган. Бу ҳодиса Россия империясининг Истанбулдаги элчисини хавотирга солиб, бу ҳақда рус императори Николай II га хабар берилган. Император Бухоро амири Абдулаҳадхондан Усмонхўжа ва Ҳамидхўжа Меҳрий ҳақида маълумот сўраганида, амир Россия императорига: «Улар ёш болалардирлар, Туркияга таҳсил олиш учун борганлар», деб жавоб қайтарган. Усмонхўжа, Отаулла Хўжа ва Ҳамидхўжа Меҳрий Истанбулдаги мактаб ва маориф, миллий маданият соҳасидаги шахсиятлар билан танишиб, суҳбат қурган. Шунингдек, хусусий дарс олиб, дунёвий фанлар бўйича билимини орттирган.
«Тарбияи атфол» жамияти кўмагида Истанбул дорулфунида таҳсил олаётган Усмонхўжа, Абдурауф Фитрат ва бошқалар Туркияда ўқиётган ватандошларга ҳам иқтисодий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатиш, Бухоро амирлиги ва Туркистондан талабалар келишини кўпайтириш ҳамда мунтазамлаштириш мақсадида «Бухоро таъмими маориф» хайрия жамиятини тузади.
Ушбу жамият ҳақда Аҳмад Заки Валидий қуйидагиларни ёзади:«Бу жамият Истанбулда бир шўба очароқ, унга 1911 йилда 15 нафар, 1912 йилда 30 нафар талаба юборди. Бу шўба «Бухоро таъмими маориф жамияти» номи билан расмий бир жамият шаклини олди. 1910 йилда Эрон йўли билан Истанбулга келган Фитрат ила Муқимиддин, Русия йўли билан келган Усмонхўжа, ғулжалик Абдулазиз ва Содиқ Ашур ўғли бу жамиятнинг қурувчилари эди».
Ушбу жамият ўз фаолияти давомида 60 га яқин бухоролик ва туркистонлик талабаларга ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатган.
«Бухоро таъмими маориф» жамияти Хива хонлигидаги истеъдодли ёшларни қамраб олиш учун ҳам ҳаракат қилганди. 1910 йили Ҳамидхўжа Меҳрий таътил вақтида Хива хонлиги ҳудудига бориб, ёшларни Истанбулда ўқишга даъват этган. Аммо Россия империясининг Амударё бўлими маъмурлари томонидан Ҳамидхўжа Меҳрийнинг таъқиб остига олиниши жамиятнинг Хива хонлигида ўз мақсадларига эриша олмаслигига сабаб бўлган.
«Бухоро таъмими маориф» жамиятининг таркиби доимий ва мухбир аъзолардан иборат бўлган. Жамиятнинг бош органи Кенгаш бўлиб, унга 14 кишидан иборат доимий аъзолар сайланган. Улар орасидан эса жамият раиси тайинланган. Жамиятга аъзо бўлувчилар ҳар ой 10 пиастр миқдорида бадал тўлаши шарт бўлган. Усмонли турк султонлигида таҳсил олишни хоҳловчи Бухоро ва Туркистондаги камбағал оилаларнинг фарзандларига моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида очилган бу жамият — 10 ёшдан 15 ёшгача бўлган соғлом болаларни қабул қилишни шарт қилиб қўйган. Жамият аъзолари Истанбулда мактаб очиб, Туркистон ва Бухородан келган ёшларга таълим берган.
Бухородан Истанбулга таълим олиш учун юборилган ёшлар Усмонийлар давлатидаги Россия империяси элчихонаси ходимлари томонидан доимий кузатиб борилиб, улар тўғрисида Санкт-Петербургга ахборот бериб турилган. Чунончи, элчихонанинг 1911 йили империя пойтахтига йўллаган махфий маълумотида шундай дейилади: «Бухоро амирлигидан бўлган жами 30 та ўқувчи Мукаммил Бурҳонов ва Мазҳар Бурҳонов ҳомийлигида Истанбулда ўқитилмоқда».
1913 йилга келиб, Усмонли турк султонлиги шаҳарларидаги таълим муассасаларида Туркистон ва Бухородан келган 250 дан ортиқ ёшлар таҳсил олаётганди. Уларнинг асосий яшаш жойлари Истанбул ва бошқа шаҳарлардаги ўзбек такялари бўлган.
1913 йилнинг баҳорида Усмонхўжа, Атоулла Хўжа, Абдурауф Фитрат ва Ҳамидхўжа Меҳрий Истанбулдан ватанга қайтиб, Бухорода жадид мактаблари очади. Мактабларни китоб ва дарсликлар билан таъминлаш мақсадида, 1914 йили «Маърифат» кутубхонаси, 1915 йили эса «Баракат» ширкатини тузилади. Ширкат Истанбул, Оренбург, Боғчасарой, Бокуда чиқадиган ҳар бир янги китоб, дарслик ва нашрларни кутубхонага етказиб бериб турган.
Тошкент жадидлари ҳам турк маърифатпарварлари билан яқиндан алоқа ўрнатган эди. 1901 йили Туркистон жадидларининг кўзга кўринган намояндаси Мунавварқори Абдурашидхонов Тошкентнинг Шайҳонтоҳур даҳасида Мирдадаҳожи исмли бойнинг меҳмонхонасида жадид мактаби очган. Мактаб учун дарслик ва ўқув қўлланмалар жуда зарурлигини яхши билган Мунавварқори Абдурашидхонов Истанбулдан диний ва дунёвий ўқув рисолалари, алифбо ва ўқиш китоблари келтирган. Бу ҳақда кейинчалик Муҳаммадамин Афандизода шундай ёзган: «Мунавварқори Туркистонни истило этганларга қарши курашишнинг ягона йўли таълимда деб билди. Халқни исёнга чорламади. Бизнинг ғалабамизнинг биринчи шарти ва асоси билим ва техникадир, деб, биз ёшларга таҳсилни Истанбулда давом эттириш кераклигини таъкидлар эди».
Мунавварқори Абдурашидхонов тошкентлик бойлар Саидкаримбой Саидазимбой ўғли, ака – ука Комилбек ва Каримбек Норбеков кабилар ҳомийлигида истеъдодли ёшларни Истанбул, Россиянинг мусулмон ўлкалари университетларида ўқитиш учун 1909 йили «Жамияти имдодия» («Ёрдам»)ни тузган. Саидкаримбой Саидазимбой ўғли жамият раиси, Мунавварқори Абдурашидхонов эса раис ўринбосари этиб тайинланган. Жамиятнинг 41 банддан иборат низоми тасдиқланган. Башируллахон Асадуллохўжа ўғли, Мулла Абдулла Авлоний, Низом қори мулла Ҳусайн ўғли ва Тошхўжа ҳожи Туёқбой ўғли жамият аъзоларига айланган.
Истанбулда таҳсил олаётган ёшлар Усмонли турк султонлиги ва Туркистондаги илм-фан тараққиёти ва таълим тизимини таққослаб, «Туркистонлиларга хитоб» номаларини «Ойина» журналига йўллайди.
Бу мурожаатномада:«Эй, мусулмонлар, биродарлар! Бизларга чалишмоқ вақти етмадими? Бу қадар жаҳолатга ботдикмизда етмасми?.. Эмди мозийимиз ила истиқболимизи ўйламоқ керак. Биз, туркистонликлар қадар орқада қолган ҳеч бир миллат қолмади. Африқо ваҳшийларида биздан илгаридурлар. Биз бошқа миллатлардан ибрат олайлукда, ўзимизни эркимизни билмоқчи ижтиҳод этайлик. Миллатимиз эҳтиёжини ва миллат ишларини тўғри йўлга солмакға ҳаракат эдалик. Ватан ишларимиза ҳар турли ёрдамда бўлиналик. Жаҳолат ва сафолатдин миллатимизни қутқармоқға чолишалик. Мактаб-мадраса очмакға, жамият ва ширкатлик тижоратхоналари таъсис этмоқға ҳаракат эталик. Русия, Оврупа, Миср ва Истанбулға талаба юбормоқ керакдур. Эй, туркистонли мусулмонлар, биродарлар! Кўзингизни очинг, мажалла ва жаридаларға боқуб, дунёни билинг, жаҳолат ичинда ғарқ ўлмиш ўлан ватандош ва миллатдошларимизни қутқармоқ керакдур», деб даъват этадилар.
Россия империясига хизмат қилувчи жосуслар махфий хатларида Тошкент жадидларининг етакчиси Мунавварқори Абдурашидхоновни Ёш турклар ҳаракатининг тарафдори деб атаб, турк тилидаги китобларни таржима қилганликда, тушган пулларни гўёки турк флотини таъминлаш учун Усмонли турк га юборганликда айблаган.
1916 йил Қўқон тараққийпарварлари томонидан «Ғайрат» жамияти тузилади. Бу жамиятнинг мақсади янги усул мактабларини дарслик, дафтар ва ўқув қуроллари билан таъминлаш, аҳоли орасида китоб, газета ва журналларни маҳаллий тилда чоп этиб, тарқатишдан иборат бўлган. Қўқоннинг эски шаҳар қисмида жойлашган жамиятга қарашли китоб дўконида Оренбург, Истанбул, Бокуда чиқадиган китоблардан ташқари газета ва журналлар ҳам сотилган. Фарғонадаги муҳофаза бўлими «Ғайрат» жамияти туркларнинг «Иттиҳод ва тараққий» жамиятининг шўбаси деган хулосага келган. Шунингдек, Туркистон зиёли вакиллари томонидан Россия билан урушда Усмонли турк султонлигига ёрдам учун пул йиғиляпти, деб ҳисоблаган. Туркистонга ташриф буюрган Ёш турклар ҳаракати вакиллари Туркистон генерал-губернаторлигининг махсус қўриқчи идоралари томонидан алоҳида назорат остида бўлган.
Самарқандлик жадид Абдуқодир Шакурий ҳам янги усул мактаби ташкил этгач, унинг фаолиятини такомиллаштириш, «усули тадрис»нинг ҳам амалий, ҳам назарий асосларини ишлаб чиқиш, дарсликлар ва ўқитувчилар учун услубий қўлланмалар яратиш учун 1911 йили Истанбулга борган ва янги усул мактаблари муаллимлари дарсларида бўлган. Аҳмад Мидҳат қаламига тегишли «Хўжайи аввал» алифбоси ва бошқа дарсликлар билан танишган ҳамда Туркистонга қайтаётганида китоблардан бир неча нусха, хариталар ва глобуслар олиб келган.
Абдуқодир Шакурий ўз мактаби фаолиятини ташкил этишда Шарқ мамлакатлари тажрибасидан унумли фойдаланилганлигини Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам тасдиқлайди: «Мулла Абдулқодир муаллим ва ман бу тартиб ва програмларни туш кўруб топганимиз ёки шайтондан ва ё бошқадан олганимиз йўқ, балки газета кўрдук ва муаллими Ҳўқанд, Тошканд, Бухоро, Оренбурғ, Қозон шаҳарларида юруб, ибрат олубдур, ман бўлса мазкур шаҳар ва диёрларнида кўрдим, Кафказ, Истанбул, Миср, Ҳижоз шаҳарларидаги эски ва янги мактаб-мадрасаларни озгина муддат бўлса ҳам кўруб, бироз тажриба ҳосил қилдим».
Абдуқодир Шакурий мактаби ривожланиб, ўқувчилар сонининг кўпайиб бориши Н. Остроумовни ташвишга солган ва Самарқанд халқ мактаблари нозири Грачкин билан тинтув ўтказган. Бу ҳақда кейинчалик Раҳим Ҳошим «Маориф ва ўқитғучи» журналида Абдуқодир Шакурийга бағишлаб ёзган мақоласида шундай маълумот берган: «Бу мактабнинг биринчи «муҳиби» маълум миссионер Остроумов эди. Ул газетасида ҳар нечада хўжаларига Шакурий мактабини эслатар эди. Чунки Остроумов Самарқандга келганида, уни Туркиядан келган хариталар ортиқ ҳуркитди».
Шундай қилиб, Россия империяси маъмурияти жадидлар ташаббуси билан истеъдодли ёшларнинг Усмонли турк султонлигига таълим олиш учун юборилишидан ваҳимага тушган ва доимий равишда тараққийпарварларнинг фаолиятини кузатиб юрган. Мустамлакачилар жадид мактабларини текшириб, уларни ёпиш чораларини кўрган. Туркистон жадидларининг турк тараққийпарварлари билан маориф соҳасидаги ҳамкорликларини чеклашга интилган.
Дилноза ЖАМОЛОВА,
тарих фанлари доктори,
ФА Тарих институти директорининг
илмий ишлар бўйича ўринбосари
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ