Буддизм таълимотига асос солган шаҳзода Сиддхартха Гаутама Шакямуни эрамиздан олдинги 556 йилда ҳозирги Непал ҳудудида туғилган. Ушбу тарихий шахс кейинчалик Будда («нурланган») лақабини олган. Унинг таълимоти Бақтрия ҳудудига эрамиздан аввалги III асрнинг охири ва II асрнинг бошларида Ҳиндистоннинг Гандхара (Панжоб), Нагахара (Ҳиндикуш) ўлкалари оша кириб келган. Айнан шу мамлакатда буддизм дини ривож топиб, янги босқичга кўтарилди, давлат дини даражасига чиқди. Назарий жиҳатдан мукаммаллашиб, сўнгра Еттисув, Қошғар ва Или воҳалари орқали аввал Хитойга, кейин Корея ва Японияга кириб борди.
Буддизмнинг Бақтрияда ривож топиши ўша даврда ноёб тарихий қадамжолар барпо этилишига ҳам сабаб бўлди. Масалан, Осиё маданияти ва санъатига катта таъсир кўрсатган буддавийлик динининг қадамжоларидан бири Афғонистоннинг Бомиён водийсидаги ёдгорлик мажмуаси ҳисобланади. Эрамизнинг бошида ҳозирги Афғонистон ҳудудида кенг ёйилган буддавийлик Кобул, Жалолобод, Қандаҳор ва Балх шаҳарларида катта ёдгорликлар қолдирган бўлсада, Бомиёндагидек улуғвор мажмуа Ҳиндистонда ҳам учрамайди.
Кобулдан Ҳожигак довони орқали Бомиёнгача босиб ўтиладиган масофа 230 км. Унинг энг баланд чўққиси 3000 метр. Довон баландлиги йўловчига сезиларли таъсир этади. Гуллаган водий томон чўққилардан қорли чойшаб ёйилгандек туюлади. Қизғиш ер ва қор чегарасида арчалар кўкка бўй чўзган. Улар кичик буталардек кўринади. Довондан ошиб, беш соатда Бомиён чегарасига етасиз.
Бомиёнга яқинлашгач, тўсатдан бош айлантиргудек баландликда осилиб турган қизғиш қояларда қадимги шаҳарнинг қудратли қалъалари қолдиқларини кўрасиз. Улар худди Шаҳри Заҳҳокнинг (Заҳҳокнинг шаҳри) қадимги қалъасига кириш йўлини қўриқлаётгандек тасаввур уйғотади. Фирдавсий «Шоҳнома» достонида ҳаддан ташқари золим сиймосини Заҳҳок шахсида тасвирлаган, халқни унинг зулмидан темирчи Кова қутқарган эди. Бомиёндан унчалик узоқ бўлмаган тоғли водийда, ривоятларга қараганда, Кова яшаган ва шунинг учун ҳам ҳозиргача бу ерни темирчилар водийси деб аташади[1].
Пишиқ ғиштдан барпо қилинган Заҳҳок қўрғонининг қудратли девори қолдиқлари баландлиги 20 метргача етади. У деярли қизғиш тоғ чўққилари билан қўшилиб кетган, халқ орасида Қизил шаҳар дея ном олган. Тахмин қилишларича, бу шаҳарга эрамизнинг биринчи асрида (Кушонлар даврида) асос солинган. Археологлар Бомиёнда барпо этилган ғорлардаги ибодатхона ва Будданинг ҳайкаллари Кушонлар даврига тааллуқли деб тасдиқлашади.
Хитойлик буддавий роҳиб Фа Шен Ҳиндистон ва Сейлон бўйлаб 15 йил саёҳат қилгандан кейин 400 йилда карвон билан Бомиёнга келади ва кундалик дафтарида қуйидагиларни ёзади: «Бу мамлакатда Будданинг тошга ўйиб ишланган, садақалар йиғишга мўлжалланган косаси бор. У ерда Будданинг тиши ҳам бўлиб, унинг учун кишилар қадамжо барпо қилгандирларки, унда мингдан ортиқ роҳиб хизмат қилади… Бу мамлакат пиёзшакл тоғлар ўртасида жойлашган, унда ёзда ҳам, қишда ҳам қор бўлади. У ерда заҳарли аждаҳолар ҳам борки, агар улар безовта қилинса, оғизларидан заҳарли ҳавони пуфлаб, қор, қум ва тош ёғдиради ва бундай хавфга йўлиққан ҳеч ким нажот топа олмайди»[2].
Ислом дини кириб келгандан кейин қайта қурилган Бомиён шаҳри 1221 йилда Чингизхон қўшинининг ҳужумига учрайди. Қалъага ҳужум вақтида истилочи хоннинг яхши кўрган невараси ўлдирилгач, у шаҳарда ва шаҳар атрофида бўлган барча тирик жонни йўқ қилишга буйруқ беради. Улуғвор қалъа жуда яхши ҳимояланган бўлиб, агар тасодиф ёрдамга келмаганида, мўғул босқинчилари уни ололмас эди. Айтишларича, Бомиён ҳокимининг қизи Лали Хотуннинг сотқинлиги сабаб Бомиён таслим бўлган. У отасининг иккинчи марта уйланганидан ранжиб, ўч олиш ниятида Бомиённи сув билан таъминловчи сой йўлини махфий равишда Чингизхонга маълум қилган. Бомиённи ишғол қилиб, барча аҳолини қиличдан ўтказган Чингизхон ўз отасига хоинлик қилган қизни ҳам қатл эттирган.
Эски шаҳар харобалари тепасида Бомиён водийси кафтдагидек ястаниб ётади. Қояларга ўйиб қурилган ибодатхона бир-бирига туташиб кетган ғорлари билан яққол кўриниб туради. Ғорларнинг сони мингдан ошиқ. Мажмуа Будданинг қоятошни кесиб ишланган 38 ва 55 метрлик икки баҳайбат ҳайкали билан якунланади. Бу ҳайкаллардан энг қадимгиси Кичик Будда деб аталади. Унинг пастида квадрат шаклидаги ғор бўлиб, у ибодатхонага кириш қисмини қўриқловчи қоровулга мўлжалланган.
Тарихчи Жаҳонгир Остоновнинг ёзишича, Бомиён буддаларининг қурилиш санаси археологлар орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлган. Уларнинг аксарияти ҳайкаллар 300 ва 700 йиллар орасида қурилган деб ҳисоблайди. Баъзилар 55 метрли катта ҳайкал V асрда, 38 метрли кичик ҳайкал III асрнинг иккинчи ярмида қурилганини айтади. Ҳайкалларга берилган безаклар кейинги асрларга оид. Ҳайкаллар тўғридан-тўғри қояларни ўйиб ясалган. Деталлар эса лой ва сомон аралашмасидан ишланган ва ганч билан қопланган. Асрлар суронларида йўқолиб кетган ушбу қопламанинг юз, қўл ва кийим қисмларини аниқ кўрсатиш учун бўяб қўйилган. Ҳайкаллар қўлларининг пастки қисмлари худди шундай лой ва сомон аралашмасидан ясалган ва ёғоч рамкалар билан мустаҳкамланган. Юзларининг юқори қисми ёғоч ёки металл ниқоблар билан қопланган. Суратларда кўринадиган тешиклар ганч қопламани мустаҳкам тутиб туриш учун ўйилган.
Таъкидланганидек, эрамиздан олдинги II-I асрларда буддавийлик Афғонистон, Туркистон ва Хитойга кириб келгач, ушбу ўлкалар мафкураси, ҳаёт тарзи, маиший ва маданий жиҳатларига катта таъсир кўрсатди. Табиийки, буддавийлик ҳам бу ўлкалар маданияти ҳисобига бойиди. Шарқий Туркистонда I-VIII асрлар давомида барпо этилган ғорларда қурилган «Минг уй» (Минг ғор) ибодатхона мажмуаси ўзида меъморчилик, ҳайкалтарошлик ва рассомчилик синтезини ифодалаб, ҳинд, эрон, хитой ва уйғур санъатини уйғунлаштирган.
Бу ҳақдаги асосий маълумотлар VII асрда бу ерга келган хитойлик роҳиб Чжуан Сан хотираларида сақланиб қолган. У Бомиён водийсида ўндан ортиқ ибодатхона ва мингдан зиёд роҳиб фаолият кўрсатишини ёзиб қолдирган. Шунингдек, сайёҳ роҳиб мазкур икки улкан ҳайкал олтин ва қимматбаҳо тошлар билан безалганини айтган. Абу Райҳон Беруний ушбу ҳайкалларни бориб кўрган ва ҳайратга тушиб, улар ҳақида шеър ёзган. Аммо бу битик бизгача етиб келмаган.
Ғарбликлар орасида ҳайкалларни илк бор XIX аср бошларида Бухорога сафар қилган инглиз жосуси ва сайёҳи Уилям Муркрофт кўради. У узоқ йўлни босиб, Бомиён водийсидан ўтаётганда ушбу ҳайкалларга дуч келган. Инглизларнинг яна бир жосуси Александр Бёрнс ҳайкаллар суратини хотираларида чизиб қолдирган. 1920–1930 йилларда француз археологлари водийни ўрганиш учун бир қатор экспедициялар ташкил этган.
Будданинг улкан ҳайкалларини ўтмишда икки бор йўқ қилишга уринишган. Биринчиси XVII асрда, Аврангзеб Оламгир даврида, иккинчиси эса XVIII асрда, Нодиршоҳ Афшор даврида ҳайкаллар тўпга тутилган. 1931 йилдаги экспедиция раҳбари Жозеф Хакин ҳайкаллардаги тўп изларини кўриб, ўрганиб чиқади ва бу ҳақида ёзиб қолдиради. Афсуски, ўтмишда амалга ошмаган бу мудҳиш қўпорувчилик 2002 йилда якунга етказилди ва ўтмишнинг нодир асотири, Бомиёндаги Будда ҳайкаллари бузиб ташланди.
Абдуқаҳҳор РАҲМОНОВ,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD),
доцент
«Маънавий ҳаёт» журнали, 2024 йил, 2-сон.
«Берунийни ҳайратлантирган Бомиён» мақоласи
[1] Турдали Масутов. Афғон кундалиги. Олмаота, 2004. 103-бет
[2] Турдали Масутов. Афғон кундалиги. Олмаота, 2004. 107-бет
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ