Мирзо Салимбек ибн Муҳаммад Раҳим ўз даврининг йирик маърифатпарвар ва илмли кишиларидан бири бўлиб, мирзолик ва парвоначилик лавозимидан токи вилоятларда бек ва амир девонида девонбеги мансабигача кўтарилган шахс эди. У 1848 йилда Бухоро шаҳрининг Жўйбор мавзеидаги Чақар гузарида амалдор оиласида туғилган. Унинг аждодлари ҳам Бухоро амирлигининг юқори мансабларида ишлаган илмли кишилар бўлган. Мирзо Салимбек йигирма ёшида амакиси Абдулазиз бий ибн Олимбек додхоҳ ёрдами билан Наҳрпой ва Зиёвуддин беклигига бориб, Остонақулбекнинг мирзохонасида мирзолик вазифасида ишлайди. Кейинчалик амир Музаффарнинг фармойиши билан (1873–1985) Тошкентга рус маъмурларининг хатти-ҳаракати ва айниқса, Бухоро амирлиги борасидаги сиёсатини кузатиб бориб амирга маълум қилиб туриш учун юборилади.
Амир Музаффар томонидан Туркистон генерал-губернатори Черняевни кузатиб юбориш ва унинг ўрнига келадиган губернатор Розенбахни қабул қилиш муносабати билан Тошкентга жўнатилган элчилар гуруҳида ҳамда амир Абдулаҳадхон томонидан 1885 йилда Питербургга жўнатилган элчилар делегацияси таркибида Мирзо Салимбек ҳам бор еди. Шунингдек, Туркистон генерал-губернатори Розенбах Чариковни Бухорога вакил қилиб тайинлаганда, амир Музаффар Салимбекни Тошкентга Бухоро амирининг доимий вакили қилиб жўнатган эди (1880–1983).
Мирза Салимбек 1876 йилда амир Музаффар топшириғи билан илк маротаба Тошкентга жўнатилади, у ерда 12 йил яшайди ва амирнинг махфий топшириқларини бажаради. Шу йилларда (1878) Абдураззоқ ота исмли тошкентлик савдогарнинг қизига уйланиб ундан 8-нафар фарзанд кўради. 1885 йили у Сомжин туманига амлокдор қилиб тайинланган эди. Тошкентдаги хизмат вазифаси ниҳоясига етгач унинг мартабаси йил сайин ортиб боради. 1888 йилда амир Абдулаҳадхон томонидан Бухоро шаҳрининг миршаббошиси лавозимига тайинланади ва 5 йил давомида шаҳар хавфсизлигини таъминлайди. Шу орада Бухоронинг Масжиди баланд гузарида ўз маблағлари ҳисобидан пишиқ ғиштдан бир қаватли мадраса ҳам қурдиради. Мазкур 13 ҳужрали мадрасага кўп миқдордаги ер сув ва дўконлардан иборат мулкларни вақф қилиб, дарслик китоблари билан ҳам таъминлайди.
Салимбек мадрасаси
Ундан сўнг Яккабоғ (1893–1998), Нурота (1898–1902), Бойсун (1902–1905), Шеробод (1905–1909), Шаҳрисабз (1910–1914) ва Чоржўй (1920) вилоятларининг ҳокими вазифаларида ишлайди. 1913 йил февраль ойида Романовлар сулоласининг 300 йиллигини нишонлаш учун Петербургда ташкил этилган тадбирда Саид амир Олимхон ва Бухоро делегацияси император Николай II қабулида бўлади. 22 февраль кунида Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан қурилиши бошланган жоме масжидининг расмий очилиш маросимида таркибида Мирзо Салимбек ҳам бор делегация қатнашади.
(Юқори қатор, ўнг томондан учинчиси Мирзо Салимбек).
Мирзо Салимбек 1918 йил март ойида қизил қўшинларнинг Бухорога ҳужуми пайтида амирнинг Колесов билан музокара олиб борган вакиллари ҳайъатига раҳбарлик қилган. Шу йилларда унга Амир Олимхон томонидан бош закотчи лавозими берилиб, девонбеги мансабига кўтарилган (1917–1920).
Айтиб ўтилганидек Мирзо Салимбек 1920 йил 29 августда қизил қўшинлар томонидан ҳибсга олинган эди. Чоржўйда қўлга олинган амирлик амалдорлари аввал Тошкентдаги қамоқхонага, сўнгра у ердан қаҳратон қиш келаётганлигига қарамай Россияга олиб кетилади. Ниҳоят 4 ойлик саргардонликдан сўнг маҳбусларни ортга қайтариш ҳақида фармон чиқарилиб, улар яна Тошкентдаги қамоқхонага олиб келинади. Шу орада вагонлари собиқ амирлик амалдорларига тўла поезд Россия ҳудудидаги темирйўл станцияларидан бирида қаҳратон қишнинг баланд қорли маҳалида бир неча кун тўхтаб қолади, маҳбуслар эса таъминотсиз қолиб кетишади. Улар орасидан Мирзо Салимбек ва Мирзо Абдусаломлар кўмак излаб бекатга яқин аҳоли пункти томон йўлга чиқадилар, 3 чақирим масофани пиёда кечиб, ниҳоят инқилобий ҳукумат идорасидан озиқ-овқат кўмаги ҳамда ортга қайтиш фармонига эга бўлишга эришадилар. Бироқ Мирзо Салимбекнинг бир кўзи мазкур совуқда қаттиқ шамоллаб хаста бўлиб қолган эди. Озодликка чиққанидан сўнг Тошкент ва Самарқандда узоқ муддат даволаниш ва ҳатто жарроҳлик амалиёти ҳам фойда бермай Мирзо Салимбекнинг бир кўзи кўрмай қолади.
Мирзо Раҳимбекнинг ёзишича отаси ва бошқа маҳбусларнинг Тошкентдан Бухорога олиб келингани ҳақида у 1921 йил баҳор кунларининг бирида хабар топади. Мирзо Салимбек Ситораи Моҳи Хоссадаги зиндондан Абдурауф Фитрат ва бошқа жадид маърифатпарварлари кўмаги билан озодликка чиқади. Зеро, Мирзо Салимбек каби зиёли, хат-саводли киши янги тузум учун ҳам сув ва ҳаводек зарур эди. Исмоил Салимовнинг қайд этишича, Колесов воқеасидан кейин тузилган сулҳ шартларидан бирида очарчилик ҳукм сураётган Россияга Бухоро донини етказиб беришга ўзаро келишиб олинган. Сулҳнинг асосий банди айнан Мирзо Салимбек томонидан илгари сурилганлиги боис ҳам шўролар ҳукуматининг бошлиғи – шахсан Владимир Ульянов (Ленин) томонидан унинг илгариги “гуноҳлари” кечирилиб, озодлик марҳамат қилинади.
Озодликка чиққан Мирзо Салимбек янги тузилган давлат шароитида энди фақат илмий ва ижодий ишлар билан шуғуллана бошлайди. У дастлаб Абдурауф Фитрат раҳбарлигидаги “Анжумани тарих” жамиятида фаолият кўрсатади. Мазкур жамият аъзолари Мир Араб мадрасасидан жой олиб, Бухоро Арки ва мадрасаларда сақланаётган китобларга шарҳ ёзиш билан шуғулланадилар. Салимбек янги ҳукумат даврида Бухоронинг қадимий Санъат ва табиат ёдгорликларини муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан амалга оширилган Бухоро Арк тарихини тузишда иштирок этган, шунингдек, солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, сўнгра вақф даромадлари билан шуғулланувчи идорада қадимий қўлёзмалар кутубхонасига ҳам раҳбарлик қилган. Янги ҳукумат Мирзо Салимбекга озодликка чиққанидан сўнг Жўйбор гузаридаги дала ҳовлисини керакли жиҳозлари билан яшаш учун қайтариб берган. Шунингдек, 2 та чорбоғ ва бир нечта дала ҳовлилари ҳам деҳқончилик қилиб ҳукуматга маҳсулот етказиб бериш учун қайтарилган. Инқилобга қадар Мирзо Салимбекнинг Бухорода 14 та катта ҳовлиси бўлган, инқилобдан сўнг эса бу уйларнинг бари бор бойликлар билан бирга руслар томонидан тортиб олинади.
Мирзо Салимбекнинг ўғли Мирзо Раҳимбекнинг “Эсдаликлар” китобида келтирилишича 1922 йилда Молия назорати ҳузурида Солиқ қўмитаси ташкил этилди. Мирзо Салимбек мазкур солиқ идорасига ишга киради. Ундан сўнг мазкур идоранинг Бухорода ташкил этилган закот ишлари бўлимига мудир бўлган Остонқулбийнинг муовуни этиб тайинланади. Ўша вақтда ҳукумат “Молия назорати” идораларига эски тажрибали амалдорларни ишга тайинлай бошлаган эди. Мирзо Салимбек ундан сўнг вақф кутубхонасига ишга киради ва бир муддат шу ерда ишлайди. Шу ўринда Мирзо Раҳимбекнинг қайд этишича, отаси “Тарихи Салимий” асарини мазкур кутубхонадан бўшаган вақтларида ёза бошлаган (тахминан 1923 йилда). 1924 йилнинг апрель ойида (Рамазон ойи) собиқ амирликнинг барча амалдорларини қамоққа олиш ҳақида фармон чиқарилади. Натижада бир нечта ҳукумат одамлари Мирзо Салимбекнинг уйига келиб, унинг ҳовлисида тафтиш ўтказадилар ва ўзини ҳибсга оладилар. Маҳбуслар Тошкентга олиб борилиб, уларнинг ҳар бирига бирин-кетин жазо тайинланади. Улар орасида фақат қариб қолган 4 кишинигина тўрт ойдан кейин озод қиладилар, шулардан бири 74 ёшли Мирзо Салимбек эди. Мирзо Салимбек 1925 йилда 75 ёшида яна бир ўғил фарзанд кўради ва унга Носириддин (Абдулфаттоҳ) деб исм қўяди.
Мирза Салимбек 1930 йилга келиб қаттиқ бетоб бўлиб қолади. Мирзо Раҳимбекнинг ёзишича отаси ўша пайтда нафас қисиши (астма) касалига дучор бўлган ва мазкур йилнинг март ойида вафот этган . Унинг жасади Фоиз ул-анвори Ҳазрати имом мозорида 40 йил олдин ўз авлодлари учун атаб қурдирган махсус жойда дафн қилинади.
Мирза Салимбек ҳаёти давомида турли лавозимларда ишлаган бўлса-да, у ўзидан бир қанча тарихий ва адабий асар мерос қолдирган. “Тарихи Салимий”, “Кашкули Салимий”, “Жоме ал-гулзор”, “Аҳодис ал-аъмол”, “Дуррат ал-воизин”, “Мухбир ал-ҳикоёт” ва “Каъб ул-ахбор ҳикоялари” шулар жумласидан. Mирза Салимбек тазкира ҳам тузган. Қори Раҳматулла Возехнинг “Туҳфат ал-аҳбоб” (“Дилга яқин кишиларга туҳфа”) тазкирасини нашрга тайёрлашда ўзига замондош бўлган юзга яқин шоирлар ҳақидаги маълумотни унга илова қилган. Тарихчилар учун энг муҳими унинг “Тарихи Салимий” асаридир. Мазкур асар 1920 йилларда ёзилган бўлиб, унинг биринчи қисмида Чингизхондан то амир Музаффар даврига қадар, иккинчи ва асосий қисмида эса амир Музаффар, амир Абдулаҳад ва амир Олимхон даври тарихи ёритилган. Асарининг асл қўлёзмаси ЎР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади. Ушбу қўлёзма 1968 йилда шарқшунос олим Найим Норқулов томонидан рус тилига таржима қилиниб, асар юзасидан номзодлик диссертацияси ёқланган ва бир қанча илмий мақолалар ҳам эълон қилинган.
“Эсдаликлар”да келтирилишича 1934 йилда араб ёзувидаги китобларга қарши шўролар ҳукумати томонидан адоватли ҳужумлар бошланди. Натижада, аҳоли ҳукумат тазийқидан қўрқиб, барча қўлёзма китобларни пинҳона сақлашга ёки уларни йўқотишга мажбур бўладилар. Хусусан Мирзо Раҳимбек ҳам Мирзо Салимбекга тегишли бошқа китоблар қаторида “Тарихи Салимий”ни ҳам чекка қишлоқда истиқомат қилувчи отасининг дўстларидан бирига сақлаб қўйиш учун омонат топширади. 1965 йилда эса Норқулов Наъимжон исмли тадқиқотчи мазкур китоб юзасидан илмий тадқиқоти сабаб, асар ва унинг муаллифи ҳақида маълумот излаб Мирзо Раҳимбекнинг уйига боради. Асар қай тариқа Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондига келганлиги номаълум. Зеро Мирзо Раҳимбек ҳам орадан 30 йилдан ошиқ вақт ўтиб китобнинг сақланиб қолгани ҳақида хабар топади.
Файзулло ФАРОМАРЗИ,
Ўзбекистон Фанлар академияси
Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти
кичик илмий ходими
Малоҳат ВОҲИДОВА,
эркин тадқиқотчи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ