Бухоро Амирлиги тарихи ва Марказий Осиёнинг 1920 йилдан кейинги тарихи борасида ўрганилиши керак бўлган мавзулар ва бизга номаълум манбалар оз емас. Уларнинг аксарияти мустамлакачи ҳукуматлар томонидан турли йўллар билан йўқ қилинган ёки хорижга олиб чиқиб кетилган. Шунингдек, сўнгги вақтларда маҳаллий аҳолимизда сақланиб қолган манбаларнинг янгилари маълум бўлмоқда. Хусусан Мирзо Муҳаммад Раҳимбекка тегишли “Эсдаликлар” китоби унинг ўғли Исмоил Салимовнинг шахсий кутубхонасида мавжуд эканлиги маълум бўлди.
Ушбу асар Мирзо Раҳимбекнинг ҳаёти давомидаги шахсий хотиралари асосида ёзилган бўлиб, унда Бухоро амирлиги ва Туркистон генерал-губенаторлигининг сўнгги даврлари билан боғлиқ воқеалар ва мазкур ҳудудларда кейинчалик ташкил этилган сиёсий бирликлар, хусусан, 1918 йилги Бухоро инқилоби, Бухоро амирлигининг тугатилиши, БХСРниг ташкил этилиши, большевиклар ҳукумати ва собиқ Совет Иттифоқининг салкам ярим асрлик тарихи билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий жараёнлар ўз аксини топган.
Мирзо Раҳимбек гарчи отаси каби йирик тарихчи сифатида катта ҳажмдаги тарихий асар ёзишни режалаштирмаган бўлса-да, унинг “Эсдаликлар”ида келтирилган хотиралари мамлакатимизнинг 1902–1970 йиллар билан боғлиқ тарихини тўлдиришга хизмат қилади. Унда тарих фани учун ҳанузгача номаълумлигича қолаётган Бухоронинг сўнгги тарихчиси Мирзо Салимбек ҳаётининг охирги йиллари, хусусан, вафот кунлари батафсил ёритилган.
Асарда шунингдек, инқилобчилар томонидан қўлга олинган Амирлик амалдорларининг кейинги тақдири, оилалариниг сарсон-саргардонликдаги ҳаёти, Марказий Осиё аҳолисининг мустамлака сиёсатидан чеккан заҳматлари ҳақида ҳам ёритилган.
“Эсдаликлар” махсус тарихий асар сифатида ёзмаганлиги муаллиф томонидан бир неча ўринда эслатиб ўтилган бўлса-да, у салкам бир асрлик тарихий жараёнларни тўлдирувчи маълумотларга эга. Мазкур китобнинг ижтимоий-сиёсий томонлама маълумотларини алоҳида мавзу сифатида қолдирган ҳолда, ушбу мақолада муаллифнинг ҳаёт харитасига тўхталмоқчимиз.
Мирзо Муҳаммад Раҳимбек
Муҳаммад Раҳимбек ибн Муҳаммад Салимбек Салимийнинг таржимаи ҳоли ўз “Эсдаликлар”и ва қисман отаси Мирзо Салимбекнинг “Тарихи Салимий” асарлари ҳамда ўғли Исмоил Салимовнинг “Мирзо Салимбек” номли рисоласи орқали маълум. Унинг тахаллуси “Қорибек” бўлиб, Салимбекнинг Тошкентлик аёлидан дунёга келган. 1906 йил 8 февраль ва 9 март оралиғи (ҳижрий 1319 йилнинг зулқаъда ойи)да Мирзо Салимбек Бойсун беклигида ҳокимлик чоғида (1902–1905) шу шаҳарда туғилган (Мирзо Раҳимбек таваллуд топган санаси ҳақида “Фақирул Ҳақир бўлган бу ожиз банда ҳижрий-қамарий 1319 йилнинг зулқаъда ойида ҳижрий-шамсий 1273 йили мезон ойида ва милодий сананинг 1899 йилида Бойсун шаҳрида таваллуд топдим” деб, қайд этган. Лекин ҳижрий-қамарий 1319 йилнинг зулқаъда ойи милодий санада 1902 йилнинг 8-февраль – 9-март оралиғига, ҳижрий-шамсийда эса, 1280 йилга тўғри келади. Кўриниб турибдики муаллиф томонидан келтирилган саналар бир-бирига мос эмас. Ўша даврда ҳижрий қамарий тақвим расмий муомалада бўлганлиги инобатга олинса, мазкур 1319 йил (1902 йил) санасини Раҳимбекнинг туғилган вақтига нисбатан аниқроқ сана деб қабул қилиш мумкин. Зеро Мирзо Салимбек ҳам айни 1902 йилда Бойсунга бек сифатида тайинланиб, шу йилдан у ерда яшай бошлаган эди).
Мирзо Раҳимбек ўзи қайд этишича, 10 ойлик пайтида оёғидан яра чиқиб, хасталик узоқ муддат давом этади ва жарроҳлик амалиёти ўтказилади, шунинг оқибатида бир оёғи чўлоқ бўлиб қолган. Унинг 3 ёшгача даври Бойсун беклигида ўтади ва отаси Шеробод беклигига тайинлангач (1905), оиласи билан 1909 йилга қадар ўша ерда яшайди. Илк таълимни Шеробод беклигида Бойсунлик Мулло Ориф исмли шахсдан олиб бошлаган (5 ёшида). 1910 йилда отаси Шаҳрисабзга ҳоким этиб тайинлангач эса ўша ердаги эски мактабда таълимни давом эттиради.
Муҳаммад Раҳимбекнинг таъкидлашича, у 8 ёшда бўлган вақтида (тахминан 1910 йил) Шаҳрисабз тараққийпарварларидан Исломқул Тўқсабо, Мирзо Юнус Мирохур Рожий, қори Турсун жомеъ масжиди имом-хатиби Имом Қўрғон ва Мирзо Умар Боқийлар Самарқанддан Авлиёқул исмли бир муаллимни олиб келиб у ерда янги усулидаги мактаб очадилар. Бу хабарни эшитган Мирзо Салимбек мазкур жадид мактабини Қўрғон даҳасига олиб келиб очишларини ва мактаб муаллимининг кунлик маоши ҳамда бошқа эҳтиёжларини ўзи таъминлашини айтади. Шу тариқа мазур мактабни Қўрғон даҳасига кўчириб, унда 20–25 толиби-илм таҳсил олади, улар орасида Раҳимбек ва унинг акаси Азимқулибек ҳам бўлган. Янги усулдаги жадид мактабида 4 йил таҳсил олгач, 1914 йилда отаси Бухорога яна саркардалик лавозимига тайинланади ва оиласи билан Бухорога қайтиб келади.
Муҳаммад Раҳимбекнинг қайд этишича отаси уни ёшлигидан мураттаб қори бўлишини истаган, шу сабабдан унга Қорибек деб мурожаат қилган ва араб тили, фиқҳдан савод чиқариши учун шароит яратган. Шунингдек, ҳуснихат ва имлони ҳам камолига етказганини таъкидлаб ўтади.
1920 йили март ойида Мирзо Салимбек закот ишларига масъуллик вазифасидан олиб, Чоржўй ҳукуматига тайинланади. Мирзо Раҳимбек ҳам ўша вақтда отасининг хизмати учун у томонга йўлга чиқади. Август ойи охирида қизил аскарларнинг Чоржўйга ҳужуми натижасида уларнинг қўлига тушиб Чоржўй вилоятидаги Девонбеги гузаридаги Девонабоғ зиндонида ҳибс қилинади. Ўша вақтда Чоржўй шаҳри ҳеч қандай зиддият ва қаршиликларсиз қизил аскарлар томонидан босиб олинган эди. Ҳибсга олинганлар орасида вилоят ҳокими бўлган отаси Мирзо Салимбек, Чоржўйнинг катта қозиси, раиси, закотчиси ва бошқа амалдорлар бўлиб, улар Тошкентдаги маҳбуслар зиндонига олиб бориб қамоққа солинади. 1920 йилнинг 2 сентябрида шўро ҳукумати томонидан Бухоро давлати бутунлай ишғол этилиб, амирлик ҳукумати барҳам топади ва унинг ўрнига Бухоро халқ совет жумҳурияти ташкил қилинади.
Бироздан сўнг қўлга олинганларнинг бир қисми озод этилади, шу тариқа Мирзо Раҳимбек ҳам кичик жуссали ва бироз озғинроқ бўлганлиги сабаб жазодан қутилиб қолади ва онасининг олдига Бухорога қайтади. Бухоро инқилобидан сўнг, Мирзо Салимбек ҳибсга олиниб унинг барча мол-мулклари янги ҳукумат томонидан мусодора қилинади, натижада унинг оиласи танг аҳволда қолади, барча хизматкорларию ёру биродарлари юз ўгирадилар, улар ўзларига ижара уй олиб яшашга мажбур бўладилар.
Мирзо Раҳимбек отаси каби илмли бўлган, амирлик ҳукуматининг сўнгги йилларида турли ҳудудларда мирзолик ишларида ишлаган бўлса, ўтган асримизнинг 30-йилларидан бошлаб Бухоронинг бир неча қишлоқ советларида (хусусан Когонда) бош котиблик лавозимларида фаъолият юритган.
Мирзо Раҳимбек 1938 йилда Наимжон исмли ўғил кўради, аммо у икки ёшида бетоб бўлиб олaмдан ўтади. 1941 йилда Иброҳимжон, 1946 йилда Исмоилжон исмли икки ўғли дунёга келган. Исмоилжон ака ҳозирда ҳаёт, у отаcининг кўпгина китоблари ва шахсий буюмларини сақлаб келмоқда.
Мирзо Раҳимбек жисмоний ҳолатида бироз заифлик бўлса-да, доим ҳалол меҳнат қилиб рўзғор тебратишга ҳаракат қилган. У 1920 йилдан кейинги пул чиқариш корхонасида бандеролчи, солиқ идорасида ҳисобчи, вақф идораси қошида тузилган кутубхонада ёрдамчи, пояфзал сотиш дўконида сотувчи, тери-пўстин савдоси билан шуғулланувчи ширкатда жаллоб, мисгарлик цехида тунукасоз, ковушдўзлар артелида ҳисобчи ва бир қатор дўппидўзлик цехларида тикувчи бўлиб ишлаган. Ўша вақтларда Бухоронинг бой кишилари турли хил ширкатлар ташкил этиб, иш юритар эдилар. Мирзо Раҳимбек ишлаган жойлари ҳақида маълумот бериш асносида ўша даврдаги кўплаб ишлаб чиқариш фабрика ва цехларнинг иш тартиби ва меҳнат интизоми ҳақида ҳам “Эсдаликлар”ида батафсил маълумот бериб ўтад.
Муҳаммад Раҳимбек идоравий ва ҳужжат ишларида ҳам етарли тажрибага эга эди, 1930 йилда Когон туманининг Маллабўш гузаридаги Каленин номли, 1935 йилда эса Совет номли қишлоғида бош котиб вазифасида фаолият юритади. Шу орада у икки марта қаттиқ бетоб бўлиб, хизмат вазифасидан ариза ёзиб бўшаб кетишга мажбур бўлади. Мазкур йилларда ҳар бир киши шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт) олиши тўғрисида фармон чиқарилган эди. У котибликдан бўшаб ишсиз юрган кезларда, ҳужжат ишларини яхши тушунганлиги боис Бухоронинг Гузарком идорасида одамларга анкеталарини тўлдиришга ёрдам бериб тирикчилик ўтказади. Ундан сўнг Тоқи тепакдўзон бозорида кичик идора очиб аҳолининг турли масаладаги ариза ва сўровнома каби ҳужжатларини ёзиб бериш ишлари билан шуғулланади.
Иккинчи жаҳон уриши бошланган вақтда Мирзо Раҳимбек Жўйбор гузаридан бир кичкина ҳовли олиб, у ерга кўчиб ўтади. Урушнинг шиддати кучайган сари яшаш ҳам қийинлашади. Раҳимбек қарзга ботади. Қарзларидан қутилиш учун уйидаги рўзғор буюмларини сотади, кейинчалик корхонада оддий ишчидан то цех мудири лавозимига қадар фаолият юритади. Бухородаги сартарошхоналардан бири ва фотография марказида ҳисобчи, қулф-калит ясаш сехида мудир, Колхоз бозорида пул терувчи (1943 йилда), мактабда хўжалик мудири, артелда табелчи (1946 йил) лавозимларида ишлаган.
1946 йилда жиянининг турмуш ўртоғи қўлида омборхона мудири бўлиб ишлайди. Кўп кирим-чиқим ҳужжатларига куёвиниг алдовларига ишониб имзо қўяди, оқибатда 24 минг камомад ҳисобига суд қилиниб 25 йилга озодликдан маҳрум этилади. У “жазо муддатини” Ангрен (1951 йилга қадар), Бекобод (8 ой), Тоштурма ва Жиззах (1952-1953 й.й.) Чирчиқ (1954 й.) ҳибсхоналарида ўтайди. Мирзо Раҳимбек қамоқхонада ҳам маҳбуслар ва нозирларнинг кийимларини тикиб берар ва шу йўл билан пул ишлаб олар эди. 1953 йил март ойида Сталиннинг вафотидан сўнг маҳбусларнинг кўпчилигига амниция эълон қилинади. 25 йилга қамалганлар орасида ёши 60 дан ошганлар озодликка чиқарилади, Мирзо Раҳимбекнинг ёши 60 га етмагани сабаб унинг муддати яримга камайтирилади, холос.
Мирзо Раҳимбек ниҳоят 8 йилдан сўнг, 1954 йилги амниция ҳукми билан Чирчиқ қамоқхонасидан озодликка чиқади. У ердан Тошкентга, сўнгра Бухорога келиб поччаси Нуруллоҳбекнинг уйига боради. Хотини у судланганидан сўнг қорнидаги ҳомиласини олдириб, бошқа кишига турмушга чиқиб кетган эди. Бухорога қайтганидан сўнг ўғиллари Исмоилжон ва Иброҳимжонлар отасининг олдига келиб яшашади ва оналарини бадфеъллиги сабаб уни кўришга бошқа бормайдилар. Узоқ муддат турли жойларда икки ўғли билан ижарада яшайди.
Мирзо Раҳимбек 1955 йили тўртинчи марта уйланиб, Муборакхон исмли аёлни ўз никоҳига олади. Муборакхон меҳнаткаш ва оилапарвар бўлганлиги боис ўгай фарзандлар тез орада унга меҳр қўядилар. 1959 йилда Горкомхоз томонидан давлат ишчиларига бериладиган ижара уйлардан бирига эга бўлиб, май ойида у ерга кўчиб ўтади.
Мирзо Раҳимбек кўп машаққатлар чекиб бўлса-да икки фарзандининг таълим-тарбтясига жиддий этибор қаратади. Катта ўғли Иброҳимжон 1961 йилда Москвага ҳарбий хизмага чақирилади ва хизмат вазифасини аввал Москвада, сўнг эса Куба Республикасида адо этиб қайтади. Бухорога келгач 1965 йилда уйланиб, шу ерда ўз меҳнат фаолиятини бошлайди. Исмоилжон эса 3 йил Бухоро Политехника институтини ва яна 3 йил Тошкент политехника институтини таҳсил олади, ундан сўнг ҳарбий таълим тайёргарлигини ўтаб, 1969 йилда Украинага лейтенант инжинер бўлиб хизматга боради.
Муҳаммад Раҳимбекдан ягона “Эсдаликлар” асари мерос қолгани маълум. Унинг бир қанча машҳур китобларни ўз хатида кўчирган дафтарлари ҳам сақланиб қолган. Улар орасида мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган “Чаҳор китоб”дан кўчирган қўлёзмаси яхши ҳолатда етиб келган. Мерос айни дамда ўғли Исмоил Салимовнинг шахсий фондида сақланмоқда.
Мирзо Раҳимбекнинг таржимаи ҳолидан кўрдикки унинг бутун умри таҳликали даврларнинг машаққатли ижтимоий ҳаёти билан ҳамоҳанг кечган. Шу боисдан у отаси каби комил илм ва юқори лавозим эгаси бўла олмаган бўлса-да, зиёли оиланинг фарзанди сифатида ўз даврининг саноқли хат-савод эгаларидан бири бўлган. У 1977 йилда ҳужжат бўйча 78 (аслида 75) ёшида вафот этади.
Ўзбекистон Фанлар академияси
Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти
кичик илмий ходими
Малоҳат ВОҲИДОВА,
эркин тадқиқотчи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ