ХIХ аср охирида поляк халқи уч давлат: Германия, Австрия-Венгрия, Россия империялари таркибида яшарди ва ўз миллий давлатига эга бўлмаган жаҳондаги энг катта халқ ҳисобланарди. Орадан бир аср ўтиб, поляклар ўз давлатига эга бўлди, аммо Осиёда яшовчи бошқа бир йирик халқ – курдлар бунга эриша олмади.
Курдлар ким?
Бугуни кунда умумий адади 40 миллиондан ошувчи курд халқи Яқин Шарқ мамлакатларида яшовчи халқлардан бири. Бу халқ тарихи милоддан аввалги даврларга бориб тақалади.
Қадимда Загрос тоғ тизмаси ва Юқори Месопотамияда яшаган қабилалар номи «қаҳрамон» маъносини билдирувчи курд халқининг шаклланишида асосий роль ўйнаган. Бу қабилалар сирасига кардухлар, хурритлар, мард(амард)лар, мидянлар, луллабилар ва эламитлар киради. Улар Эроннинг марказий қисмидан Шимолий Кавказнинг қорли тоғларига қадар бўлган ҳудудлар истиқомат қилишган ва жанговар халқ ҳисобланган.
Манбаларда илк курд давлати сифатида милоддан аввалги ИИ асрда ташкил топган Кордеун (Бет-Карду) қироллиги кўрсатилади. Ушбу қироллик ҳудуди ҳозирги шимолий Ироқ ерларига тўғри келади. Қироллик аҳолиси қадимги ғарбий эроний тилларда сўзлашган ва осмон худоси Тешшубга сиғинган. Ҳозирги курд халқи қадимги Кордеун қироллиги аҳолисининг авлоди, «Кордеун» сўзининг ўзи эса Курдистон номининг эквиваленти ҳисобланади. Кордеун қироллиги кейинчалик Арманистон, Рим империяси ва Парфия давлати таркибига кирган. Парфия қулагач, икки юз йилдан ортиқ вақт давомида Сосонийлар шаҳаншоҳлиги курд халқи ерларини назорат қилган. Ўлкада Араб халифалиги ҳукмронлиги ўрнатилгач, курдлар араблардан кейин исломни қабул қилган биринчи халқ бўлади.
Курд халқи тарихидаги энг машҳур инсонлардан бири – бу Салоҳиддин Айюбийдир. Қуддусни салибчилардан озод қилган султон Салоҳиддин Ироқнинг Тикрит шаҳрида, курд оиласида дунёга келган. Айнан у асос солган Айюбийлар империяси даврида езид курдлари (диний гуруҳ)га нисбатан тоқатлилик сиёсати олиб борилган. Минтақадаги бошқа ҳеч қайси сулола бундай йўл тутмаган: езидлар доим таъқиб остига олинган. Салжуқий султон Санжар даврида илк бор Курдистон номли маъмурий бирлик тузилган: 1120 йилда Жанубий Озарбойжон ва Бахтиёрия ҳудудларини ўз ичига олувчи Курдистон вилояти ташкил қилинган.
Курдлар Салжуқийлардан сўнг, аввалига Сафавийлар, сўнг Усмонийлар салтанати таркибига кирган. Турклар ҳукмронлиги пайтида мусулмон курдлар эмас, асосан езид-курдлар босимга учраган. 1606 йилда Али Пошо Янпўлат бошчилигида бошланган курд халқи қўзғолони усмонли қўшинлари томонидан бостирилган. Усмонийлар империяси Биринчи жаҳон урушида мағлуб бўлгач, Яқин Шарқ мандатини олган Франция ва Буюк Британия мустақил Курдистон давлати тузишни режалаштиради. Бироқ Туркия республикаси буни рад қилади ва курдлар яшовчи собиқ султонлик ҳудудларини ўзига қўшиб олади. Британия ва Франция назорати остида қолган курд ерлари Сурия ва Ироқ мамлакатларига қўшиб юборилади. Курдларнинг Сафавийлар давлати таркибида қолган қисми Эрон фуқароларига айланади. Шу тариқа курд халқи ва унинг ерлари тўртга бўлиниб кетади.
Курд миллий давлатлари ва қирғинлари
Курдлар бугунги кунга қадар бир неча бор ўз миллий давлатини тузишга уриниб кўрган. Жумладан, Туркиядан қочиб, Кавказга (Тоғли Қорабоғга) жойлашган курдлар Жанубий Кавказда ўз маъмурий бирлигига эга бўлади: 1923 йилда Озарбойжон Марказий Ижроия қўмитаси қарори билан республика таркибида Курдистон уезди ташкил қилинади. 1930 йилда ушбу уезд Курдистон округига айлантирилади, аммо орадан 75 кун ўтиб, Курдистон округи бутунлай тугатилади. 1936-1944 йилларда эса СССРъдаги деярли барча курдлар Қозоғистон ва Сибирга мажбуран депортация қилинади. Уларнинг катта қисми оғир йўл ва қийин шароитлар туфайли ҳалок бўлади.
Курд халқи Иккинчи жаҳон уруши даврида қисқа умр кўрган миллий давлатга эга бўлади. 1941 йилда СССР қўшинлари Эрон шимолини оккупация қилгач, минтақада Теҳрон таъсири заифлашганидан фойдаланган Эрон курдлари мамлакат ғарбида «Курд халқ республикаси» ёхуд «Маҳабад республикаси» тузилганини эълон қилади. Бу республика 1946 йилгача, совет қўшинлари Эрондан олиб чиқилгунга қадар мавжуд бўлади ва шу йили шоҳ армияси томонидан тугатилади. Республика раҳбари Қози Муҳаммад ва ҳукумат аъзолари дорга осилади, курд зиёлилари таъқибга олинади. Эрондаги қирғинлардан кейин курдларнинг бир қисми қўшни Ироққа кўчиб ўтади.
Ироқ Курдистони
1918 йили Буюк Британия қуролли кучлари асосан курдлар яшовчи Мосул вилоятини эгаллаб олади. Лондон дастлаб майда курд қабилаларни бирлаштирувчи Мосул федерацияси тузишни режалаштиради, аммо 1922 йили ҳудудда катта нефть қудуқлари топилгач, инглизлар бу ернинг бошқарувини мўрт қабилалар иттифоқига эмас, нисбатан мустаҳкам марказий ҳокимиятга эга Ироққа топширишга қарор қилади. Шу тариқа курдлар истиқомат қилувчи музофотлар Ироқ таркибига киргизилади. Бу ерда яшовчи курдлар бир неча ўн йил давомида мухторият ва мустақиллик учун кураш олиб борган. Уларга курдларнинг барзанжи қабиласи раҳбарлик қилган. Хусусан, 1960 йиллар охирида Мустафо Барзани қўзғолон кўтариб, тоғли Курдистоннинг барча қисмини ўз назорати остига олади ва Саддам Ҳусайн билан мухторият бўйича музокаралар ўтказади. Расмий Боғдод Курдистон автономиясига асосан курдлар яшовчи, нефтга бой Киркук туманини беришдан бош тортади ва бу ердаги курдларни мажбуран депортация қилади. Натижада 1980 йил Эрон-Ироқ уруши бошланиши билан курдлар Эрон томонда туриб, Ироққа қарши урушади. Бунга жавобан, Саддам Ҳусайн уруш охирида курдларни жазолайди. «Анфал» номини олган операция давомида Боғдод Ироқ Курдистонида этник тозалаш ўтказади. Икки юз мингга яқин курд изсиз ғойиб бўлади, юз минглаб курдлар эса махсус лагерларга жойлаштирилади. Фақатгина 2003 йилда, Саддам Ҳусайн қулатилгач, курдлар ўзининг деярли мустақил мухториятига эга бўлади.
Ироқ Курдистони кенг ваколатларга эга ва деярли конфедерация кўринишида Ироқ таркибига киради. Мухторият ўз ҳукумати ва президентига эга. Бундан ташқари курдлар вакиллари Ироқ губернаторлар кенгашида ҳам қатнашади. Умуман олганда, Ироқ курдлари қолган қардошлари ичида энг кўп имконият ва эркинликлардан фойдаланади. 2016 йилги маълумотларга кўра, Ироқда 6-8 миллион атрофида курд истиқомат қилади.
Эрон Курдистони
Бугунги кунда Эроннинг Курдистон, Кирмоншоҳ, Элам, Луристон, Ғарбий Озарбойжон ва Ҳамадон вилоятларида яшовчи курдлар аҳолининг асосий қисмини ташкил қилади. Мамлакатдаги курд халқининг жами адади 9-10 миллион атрофида ва уларнинг асосий қисми мамлакат ғарбида яшайди. Бу ерда ҳам курдлар ва марказий ҳокимият ўртасида келишмовчиликлар бор. Теҳрон курд фаолларининг миллий мухторият ҳақидаги чиқишларини муттасил бостириб келади. Ўз навбатида курд элитаси Ироқдаги каби ваколатларга эга мухторият учун курашмоқда. Бугунги жараёнда Оятуллоҳга қарши мухолифат таркибида курдлар жуда муҳим ўринга эгалигини кузатиш мумкин.
Туркия Курдистони
Туркия – дунёдаги курдлар энг кўп яшовчи давлат бўлиб, охирги маълумотларга кўра, жумҳуриятда 20 миллиондан ортиқ курд миллатига мансуб инсон бор. Туркия курдлари Анқара билан доимий, муросасиз курашлари орқали танилган. Туркия республикаси ташкил топгандан буён Курдистон муаммоси билан шуғулланиб келади. Курдлар 1925-, 1927- ва 1937-1938 йилларда Туркияга қарши бош кўтарган, аммо уларнинг барчаси муваффақиятсиз якунланган.
Туркияда курдларга кўпинча алоҳида халқ эмас, балки турк халқининг бир қисми – «тоғ турклари» сифатида қаралган. Курдларга нисбатан сиёсат ҳукуматлар алмашинуви билан ўзгариб турган. Масалан, 1950-1960 йилларда президентлик қилган демократ Маҳмуд Жалол Баяр даврида курдларга муносабат ижобий томонга ўзгаради. Бироқ, 1960 йилги ҳарбий тўнтаришдан сўнг курдлар масаласи яна «ўткирлашади». 1978 йили Анқарага қарши кураш учун Курдистон Ишчи партияси (КИП) тузилади. Бу ташкилот дастлаб курд халқи ҳуқуқлари учун сиёсий кураш олиб борган бўлса, кейинроқ террор йўлидан ҳам фойдаланишни бошлайди. Ҳозирда КИП Туркия, АҚШ, Буюк Британия, Канада ва бошқа бир қанча давлатларда террористик ташкилот деб тан олинган. КИП 1984 йилдан бери Туркия билан уруш ҳолатида бўлиб, Анқара курд айирмачиларига қарши бир неча бор ҳарбий операциялар ўтказган. Туркия қуролли кучлари жумҳуриятдан ташқари Ироқ ва Сурия ҳудудидаги курд позицияларига ҳам зарбалар бериб келади. Анқара Суриядаги курд бўлинмалари КИПъга бўйсунишини таъкидлайди, аммо Суриядаги курдлар бу даъвони инкор этади.
Сурия курдлари
Сурия шимоли-шарқида 1,5 миллиондан 2 миллионгача курд истиқомат қилади. Франция мандати остига ўтган бу халқ ерларини Сурияни келажакда федерацияга айлантиришни кўзлаб Сурия таркибига қўшиб юборган. Бироқ воқеалар бошқача ривожланди. Сурийдаги курдлар мухторияти Дамашқ томонидан доимий равишда инкор этилади, чунки Суриядаги ҳукмрон Баас партияси араб миллатчилиги мафкурасини тарғиб қилади. Сурия ҳукумати ҳатто курдлар орасида кенг тарқалган Наврўз байрамини нишонлашни ҳам чеклаб қўйган. Тенг ҳуқуқлар ва мухторият учун Дамашқ билан курашган курдлар Сурияда фуқаролар уруши бошлангач, марказий ҳокимият билан яқинлаша бошлади.
Курдлар Башар Асад армиясига Исломий давлат билан курашда ёрдам берди. Ғарб давлатлари ИШИДъга қарши урушда курдларга таяна бошлади ва уларни қуроллантирди. Тез орада ИШИДъдан сезиларли ҳудудлар тортиб олинди ва бу ерларда курд, туркман, оссурий ва бошқа халқларни бирлаштирган Рожава республикаси тузилди. Курдлар Асадга қарши ҳаракатларни қўллаб-қувватламади. Сурия армияси бунга жавобан мамлакат шимоли-шарқидаги курд қўшинлари назорати остидаги ҳудудларни эгаллаб олишга ҳаракат қилмади. Сурия ҳукумати ва курдларнинг алоқалари янада яхшиланишига Туркия ҳам сезиларли таъсир кўрсатди, дейиш мумкин.
Туркия ва унинг Суриядаги иттифоқчи кучлари Рожавага қарши операциялар олиб боргач, Россиянинг Ҳмеймим базасида Дамашқ ва Рожава республикаси ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Курдларнинг таклифига кўра, Россия ҳарбийлари томонидан дастакланувчи Сурия армияси Туркия ва унинг иттифоқчилари томонидан забт этилишнинг олдини олиш учун мамлакат шимолидаги, курдлар яшовчи чегара шаҳарларига киритилди. Ҳозирда дунёвий, конфедератив Рожава республикаси деярли мустақил сиёсат олиб бормоқда. Мухторият кучли дунёвий, феминистик қадриятларга эга. Сурия шимолидаги курдлар назорати остидаги ҳудудларда АҚШ ва Европа давлатлари ўқув лагерлари ташкил қилинган. Ғарб курдларни Яқин Шарқдаги хавфсизлик кафолатларидан бири сифатида кўради.
Курдлар ягона республика тузишга ҳаракат қиладими?
Тўрт давлатдаги турли курд тузилмалари анархизмга асосланади. Уларни бирон марказий тизимга бирлаштириш мураккаб вазифа. Қолаверса, ғоя ва қарашлар ҳам фарқли. Ироқ, Эрон ва Сурия курдлари мустақил давлат тузиш борасида иккига бўлинган: мўътадиллар ва айирмачилар. Барзоний ғояси тарафдорлари мустақиллик учун курашни идеал деб билади, мўътадиллар эса, аксинча, мухториятга эришиш умидида Эрон ва Сурия тузумлари билан фаол ҳамкорлик қилишни ёқлайди.
Ҳозир курдларда мустақиллик орзусидан бошқа ягона мафкура йўқ ва буни ҳам айтилганидек, турли гуруҳлар ўзига хос тарзда тушунади: Турк курдлари алоҳида давлат учун, Эрон курдлари эса мухторият учун курашмоқда. Сурия ва Ироқ курдлари Рожава республикасини тузиб, алоҳида ҳаётга интилмоқда, лекин улар ҳам баъзида ўз мамлакатлари ҳукуматлари билан турли шаклларда бирлашиш имкониятларини кўриб чиқишни рад қилмайди. Шундан келиб чиқиб, курдларнинг бирлашиб ягона республика тузиши узоқ вақтли ёки балки ҳали-бери юз бермайдиган ҳодиса, дейиш мумкин.
Муҳаммадқодир СОБИРОВ,
Oyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ