Адабиёт
Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” асарида “Китоб” деган каттагина бўлим бор. Буни аср-асрлар китоб, ёзув нималигини билмаган, ХХ асрга келибгина ўз алифбосига эга бўлган тоғли бир халқнинг вакили битган. У доғистонликларнинг аср-асрлар ўқиш-ёзишни билмаганидан ўкинади: “Алгебра яратилганди, биз эса ҳали санашни билмасдик. Дунёда машҳур достонлар битилганди, биз эса ҳали “она” деган сўзни ҳам ёза олмасдик”. Бу соҳиби қалам китобни шунчалар улуғлайдики, ҳатто “Агар Эрон шоҳи Доғистонга қилич ва уруш олови билан эмас, Фирдавсийнинг донишмандлиги, Ҳофизнинг севгиси, Саъдийнинг ҳикматлари билан келганда тумтарақай қочмаган бўларди”, деб ҳисоблайди.
Шу сўзларни ўқир экансан, халқларнинг тарихий тараққиётда тутган ўрнини айнан китобга муносабатига қараб ҳам белгилаш мумкин, деган хулосага келади киши. Беихтиёр бундан қарийб уч минг йил муқаддам она заминимизда дунёга келган “Авесто” кўз ўнгингда гавдаланади. Кейин бирин-кетин “Саҳиҳи Бухорий”, “Девону луғатит-турк”, “Қутадғу билиг”, “Қисаси Рабғузий”, “Темур тузуклари”, “Зижи Кўрагоний”, “Хамса”, “Хазойин ул-маоний”, “Бобурнома”, “Ўткан кунлар”… ёдга тушади.
Ҳа, биз тарихда кўп буюк китоблар битган халқмиз.
Дунё биз билан гаплашганда буни ёдда тутади, албатта.
Халқ ва китоб
Ўзбекистон Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” 2017 йил 12 январдаги фармойиши ўзўзидан қабул қилингани йўқ. Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 4 ноябрь куни Нурота туманида Навоий вилояти сайловчилари вакиллари билан учрашувида шундай фикрлар баён этилди: “Одамларнинг онгу тафаккури, дунёқарашини ўзгартириш, маънавий савиясини юксалтириш ҳақида гапирамиз. Лекин бу борада энг оддий ва айни пайтда, энг таъсирчан восита бу – китоб эмасми? Мен шунга аминман – китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ”.
Биз деярли барча соҳада давлат ташаббускор бўлишига ўрганиб қолган халқмиз. Президентимиз ташаббуси билан бугун китоб тарғиби давлат сиёсатининг таркибий қисмига айланди. Шу маънода, давлат раҳбари фармойиши барчамизни китобга муносабатимизни қайта кўриб чиқишга ундайди.
Ушбу қонуности ҳужжати билан танишар эканмиз, кўз олдимизга ҳаммадан бурун Алишер Навоий сиймоси ва бу улуғ зот яратган китоблар келади. Чунки миллатимиз меросида Навоий асарларидан буюкроқ манба йўқ. Шу боис биз халқ сифатида китоб ва китобхонлик масаласини буюк бобокалонимиздан айри тасаввур эта олмаймиз. Сирасини айтганда, бундан буён ўзбек китобхонлиги умумий савиясини Навоийни тушуниш даражаси билан ўлчаш лозим, бизнингча.
Навоийни Навоий қилган – китоб!
Она тилимизда Алишер Навоийдан кўп ва хўб китоб ёзган яна ким бор?
Унгача ҳам, ундан кейин ўтган беш асрдан ошиқроқ давр мобайнида ҳам бу улуғ зот эришган юксак чўққига чиқа оладиган ижодкор пайдо бўлмади.
Баралла айта оламизки, Навоийни Навоий қилган ҳам айнан китоб эди. Чунки у ўзигача яшаб, туркий, форсий ва арабий тилда ижод этган деярли барча қаламкашлар ижоди билан танишган эди.
Ўтган асрнинг биринчи ярмида атоқли олим Евгений Бертельс “Навоий кутубхонасини ўрганиш керак” деган масалани ўртага ташлаган эди. Бу, Навоий ўқиган китоблар рўйхатини тузиб, уларнинг шоир яратган асарлар билан алоқадорлигини аниқлаштириш керак, дегани эди. Айни йўналишда анча ишлар қилинди. Лекин бу вазифа ҳали-ҳануз узил-кесил бажарилгани йўқ. Қилишимиз зарур бўлган юмушлар – қилинган ишлардан анча кўп.
Мурғак қалбнинг мутолаага муҳаббати
Алишернинг отаси – Ғиёсиддин Кичкина темурийлар салтанатининг содиқ мулозимларидан бири эди. Онаси ҳам ана шу хонадон хизматида бўлган аёллардан эди. Ғиёсиддин Кичкина оиласида илму маърифат, хусусан, адабиётга кучли меҳр устувор эди. Алишерлар хонадонида тез-тез маърифий суҳбатлар бўлиб ўтар, улар табиий равишда шеърхонликка айланиб кетар эди. Бўлажак мутафаккирнинг тоғалари – Мир Саид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийлар ҳам шоир эди. Ғарибий мусиқа илмини пухта билар, яхши созанда ҳам эди. Икки тоғанинг туркий шеърга майли кучлироқ эди.
Ана шундай муҳитда ўсган Алишер уч-тўрт ёшида шеър ёдлай бошлайди. У ёдлаган илк байт Амир Қосим Анворнинг:
Риндему ошиқему ҷаҳонсӯзу ҷома чок,
Бо давлати ғами ту зи фикри ҷаҳон чи бок?! –
деган мисралари эди. Ғазал матласи бўлмиш бу сатрлар “Риндмиз, яъни ҳур фикрлилармиз, ошиқлармиз, жаҳонга ўт қўйганмизу тўнимизни йиртганмиз, (эй ёр, яъни эй Оллоҳ), сенинг ғаминг давлати билан фикримиз банд экан, жаҳонни ўйлаб нима қиламиз?!” деган мазмунда.
Алишер тўрт-беш ёшида мактабга борган. У олти ёшга тўлган 1447 йили Хуросон подшоси Шоҳрух Мирзо вафот этди. Шу тариқа Ҳиротда темурийларнинг тож-тахт учун кураши авж олди. Пойтахт аҳли бу нотинчликлардан қочиб, атроф шаҳар ва қишлоқларга равона бўлади. Бундайлар орасида Ғиёсиддин Кичкинанинг оиласи ҳам бор эди. Алишерлар оиласи Ироққа кўчади. Йўлда Тафт шаҳрига қўниб ўтишади.
Навоийнинг ўзи “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида эслаб ўтишича, олти ёшларида Тафтда машҳур тарихчи, Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги улкан “Зафарнома” китобини ёзган Шарофиддин Али Яздий билан учрашади. Ярим кечаси бу ерга етиб келган карвон айнан Яздий хонақоҳи ёнига жойлашади. Эрталаб болалар ўйнагани хонақоҳга киради. Улуғ олим мусофирлар ҳақида билиш учун болалардан бирови унинг ёнига келишини сўрайди. Шунда Алишер унинг олдига боради. Нимани сўраган бўлса, жавоб беради. Бу ёғини Навоийнинг ўзидан эшитайлик: “Табассум қилиб, таҳсин қилдилар. Дағи сўрдиларки: “Мактабға борибмусен?” Дедимким: “Борибмен”. Дедиларким: “Не ергача ўқибсен?” Дедимки: “Таборак” сурасиғача”. Дедиларким: “Бу жамоат атфолидин биз тилаганда сен келиб, биз била ошно бўлдунг, сенинг учун фотиҳа ўқули”, деб ўз фотиҳалариға мушарраф қилдилар” (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 13-том. Тошкент, “Фан”, 1997. 31-бет).
Бу тасодифий учрашув чоғида муаррих олим ҳиротлик болакайнинг зийраклиги, ўткир зеҳни, кучли ақлу фаросатига қойил қолади. Алишер нуроний зотга Қуръоннинг “Таборак” сурасигача ўқиганини айтади. “Таборак” – “Мулк” сурасининг иккинчи номи. Биласизки, Каломуллоҳ жами ўттиз жуз, яъни порадан иборат. “Таборак” сураси билан эса йигирма тўққизинчи жуз бошланади. Демак, Алишер олти ёшида ўттиз пора Қуръоннинг йигирма саккиз порасини ўқиб туширган эди.
“Лисон ут-тайр” достонида ёзилишича, мактабда ўқиб юрган кезлари муаллим болаларнинг ҳар қайсисига бадиий китоблардан бирини ўқишни буюради. Кимдир Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”ини, бошқа биров унинг “Бўстон”ини танлайди. Ёш Алишер эса Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”ини ўқишга тушади. У достон мутолаасига шу қадар берилиб кетадики, ота-онаси бундан қаттиқ хавотирланади. Охири улар боланинг қўлидан китобни олиб, яширишади. “Фойдаси йўқ эди, – деб ёзади Навоий, – чунки мен уни тўлиқ ёдлаб олган эдим”.
Хўш, сабийлик чоғиданоқ шаклланган бундай юксак даражадаги китобхонлик қандай самара берди?
Кўп шеърни ёд билиш ҳар қандай шоир учун жуда-жуда асқатади. У сатрлар тизишга, қофиялар топишга қийналмайдиган бўлади. Салоҳияти юксалади. Ҳозирги тил билан айтганда, шеър битишда автоматлашиш жараёни юз беради. “Агар бир сўзни бир бор қўллаб, унга бир неча маъно юклашга асосланган ийҳом санъати билан ёзиш талаб қилинганида ҳам, кунига юз байтни осонгина ҳолва егандек бита оламан”, деб ёзади Навоий кейинчалик:
Агар хосса маъни гар ийҳом эрур,
Анинг кунда юз байти ҳалвом эрур.
Навоий “Мантиқ ут-тайр” достонини тўлиқ ёдлаб олганида неча ёшда бўлгани ҳақида манбаларда маълумот йўқ. “Лисон ут-тайр”да унинг ўзи мактабда ўқиб юрган кезлари (“туфулият чоғи мактаб аро”) ёдлаганини айтади, холос. Мутахассислар, ҳарҳолда, бу маҳалда ўн ёшларда бўлганини тахмин қилишади. Лекин навоийшуносликдан узоқ муаллифларга осон чоғи, қўрқмасдан-нетмасдан “Навоий ҳазратлари етти ёш(лар)ида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини ёддан билганлар”, деб ёзаверишади (Сатторов Ш. Мир Алишер Навоий ҳақида 15 маълумот, 10 ҳикмат ва бир ривоят. “Жаноб”, 2017 йил 1-сон, 6-бет).
Бу борада бир кишигина хато қилса ҳеч гап эмас. Лекин бошқа бир ерда ҳам “Алишер етти ёшида “Мантиқ ут-тайр”ни ёд олган”и айтилади (“Жомбой тонги”, 2015 йил 7 февраль).
Навоийга муносабатда бундай тахминларга ўрин бермаслик керак. Ёшини кичрайтириб кўрсатиш билан шоирнинг обрўйи ортиб қолмайди ҳам.
Китобхонлик – ёш танламас
“Бешикдан қабргача илм ўрган”, деган машҳур ҳадиси шариф бор. Навоий ҳам бунга қатъий амал қилган зотлардан бири.
Ғиёсиддин Хондамир “Хулосат ул-ахбор фи баёни аввал ил-ахийр” асарида келтирган бир маълумот Атоуллоҳ Ҳусайнийнинг олимликда нақадар юксак қадр топганидан далолат беради: “Сабот ва матонат билан илмда шундай олий даражага етдики, 902 (милодий 1496/97 – С.О.) йили бир неча ой давомида амирнинг (Навоий – С.О.) даргоҳидаги олийжаноб мажлисларда дарс ўқиди, ул ҳазратнинг ўзлари ҳам қўлларида қоғоз ва қалам билан мавлоно муаллимнинг шогирдлари қаторидан ўрин олдилар”.
Қаранг, Навоийдек буюк қалам соҳиби айни камолотга етган даври – эллик олти ёшида қўлида қоғозу қалам билан бир неча ой Атоуллоҳ Ҳусайний қошида адабиётшуносликдан дарс тинглабди! Бу нафақат Шарқ, балки жаҳон адабиёти ва адабиётшунослиги тарихида ҳам ноёб ҳодиса бўлса ажаб эмас. Ҳолбуки, шунгача Навоий адабиётшуносликка оид “Мажолис ун-нафоис” тазкирасини (1491 йили) ҳам, аруз назариясига оид “Мезон ул-авзон” рисоласини (1493/94 йили) ҳам ёзиб битирган эди.
Филология фанлари доктори Раҳим Мусулмонқулов Навоий шу дарсларни тинглагандан кейинги йилларда “Мажолис ун-нафоис”ни қайта таҳрир қилгани (1498/99), “Муҳокамат ул-луғатайн”ни ёзгани (1499), “Хазойин ул-маоний” чоркитоби “Дебоча”сини янгидан битганини (1492/99) таъкидлайди.
Шукрки, бугун Навоийнинг тўлиқ асарлари нашрига эгамиз. Шунинг учун шоирга турли соҳаларда бевосита таълим берган устозлари айнан кимлар эканини аниқлаштириш имкони бор. Чунки улуғ бобокалонимиз ҳеч бир устозини унутмаган, уларнинг ҳар бири ҳақида маълумот бериб кетган. Буни алоҳида қайд этаётганимизнинг сабаби бор. Ҳар бир устоз шогирдига китоб воситасида таълим берган.
Навоий Самарқандда Абуллайсийдан таълим олган. “Мажолис ун-нафоис”да бу ҳақда унинг ўзи, жумладан, бундай деб ёзади: “Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий – Самарқанд акобиридиндур. ...Фақир икки йил аларнинг қошида сабақ ўқуб эрдим, онча (Нашрда “анча” тарзида хато берилибди, биз тузатиб ёздик. “Онча” ҳозирги тилимизда учрайдиган “шунчалик” сўзига тўғри келади – С.О.) илтифотлари бор эрдиким, “фарзанд” дер эрдилар” (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 13-том. Тошкент, “Фан”, 1997. 33-бет).
Навоийнинг бевосита устозлари масаласи – илмимизда алоҳида ўрганишга лойиқ мавзу. Ҳозир “Хамсат ул-мутаҳаййирин” рисоласига суянган ҳолда биргина устози ва пири Абдураҳмон Жомий ҳузурида Навоийнинг шогирд сифатида ўқиган китоблари рўйхатини тузиб чиқайлик: Жомий қаламига мансуб “Қофия”, “Муаммо” (иккинчи рисоласи), “Аруз”, “Лавоеҳ”, “Лавомеъ”, “Шарҳи рубоиёт”, “Ашиъа”, “Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс”, “Шавоҳид ун-нубувват” асарлари; Хожа Муҳаммад Порсонинг “Қудсия”си, Фахриддин Ироқийнинг “Ламаот”и, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валийнинг “Волидия”си, Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг “Илоҳийнома”си.
Бундан ташқари, Навоий устозининг “Ҳафт авранг”и достонларини муаллиф сифатида ўқиганларида қулоқ тутгани ёки “қулоқ тутқувчилар мадади учун алар мажлисида” ўзи ўқиб берганини айтади.
Демак, китоб ўқиш билан китоб ўқишнинг ҳам фарқи бор экан. Хусусан, устоз ҳамкорлигида китоб ўқиш анъанаси амалда қандай буюк ҳосилалар берганини биргина Ҳазрат мисолида ҳам кўриш мумкин.
Навоийга ўз асарлари орқали устозлик қилганлар яна қанча. Масалан, “Хамса”ни ёзиш учун у ўзидан олдин яратилган Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Ашраф, Хожу, Абдураҳмон Жомий “Хамса”ларини изчил ўрганган. Улар орасидан ҳар бир асари учун намуна танлаб, ўшаларга жавоб битган. Ўзининг таъкидлаб ўтишича, “Ҳайрат улаброр” Низомий Ганжавийнинг “Махзан ул-асрор”и, “Фарҳод ва Ширин” Хусрав Деҳлавийнинг “Ширин ва Хусрав”и, “Лайли ва Мажнун” Хожунинг “Гавҳарнома”си, “Сабъаи сайёр” Ашрафнинг “Ҳафт пайкар”и ва “Садди Искандарий” Абдураҳмон Жомийнинг “Хирадномайи Искандарий”ига назира тарзида битилган. Умрининг охирларида яратилган “Лисон ут-тайр” достони эса Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”ига “таржума расми била” жавоб эди.
Ғазал бобида эса Навоий Ҳофиз Шерозий, Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомийни устозлари сифатида санайди (Исҳоқов Ё. Алишер Навоийнинг илк лирикаси. Тошкент, “Фан”, 1965. 13-бет).
Мутафаккир бобомиз китоб ёзган зотларни жуда-жуда улуғлайди. Бу “Мажолис ун-нафоис” ва “Насойим ул-муҳаббат...” асарларида, “Хамса” достонлари ҳамда “Лисон ут-тайр”да ўзидан олдинги салафлари таъриф-тавсифида ёрқин намоён бўлган.
Дунёни лашкар эмас, китоб забт этади
“Фарҳод ва Ширин”даги фахриясида шоир қайси мамлакатга бир фармон юборган бўлса, уни забт этиш учун бир девон жўнатганини битади:
Не мулк ичраки бир фармон йибордим,
Анинг забтиға бир девон йибордим.
Навоийнинг девонлари мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни йўлга қўйишда улкан вазифа бажарган. Эътиборлиси, бу жараён шоир вафотидан кейин ҳам давом этиб келаётир. Ҳозирги пайтда ҳам унинг асарлари қайси тилга таржима қилинса, бу амалда ўша мамлакат билан адабий-маданий ҳамкорликларимиз равнақ топаётганидан далолат беради.
Навоий Ҳирот илмий-ижодий муҳитининг ҳақиқий раҳнамоси эди. Китоб ёзиб, уни Навоийга бағишлаш Хуросон мамлакатида ўзига хос бир мусобақа ва анъанага айланган эди.
Бу буюк зот талай муаллифларни муайян мавзуларда китоблар ёзишга даъват этган. Ўз-ўзидан, бу муаллифлар ҳам битган янги асарини Ҳазратга бағишлаган.
Ғиёсиддин Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” асарида эринмасдан Навоийга бағишланган китоблар рўйхатини келтиради. Жами – 21 асар. Улар орасида Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Тафсири форсий” (“Қуръоннинг форсий тафсири”), Имом Наввавийнинг “Шарҳи “Арбаъин” (“Қирқ ҳадис” шарҳи”), Мавлоно Абдурраззоқ Кирмонийнинг “Рисолае дар илми фаросат” (“Фаросат илми тўғрисида бир рисола”), Мавлоно Низомиддин Аҳмад Пир Шамснинг “Таржимаи арабиёти “Нафаҳот...” (Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс” тазкираси арабча қисмининг таржимаси) каби машҳур ва эътиборли китоблар бор (Ғиёсиддин Хондамир. Макорим ул-ахлоқ. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2015. 35-36-бетлар). Навоийга бағишланган китоблар рўйхати шу билангина тугамайди. Хондамир бу саноқни яна давом эттиради (ўша асар, 51-52-бетлар).
Навоий кўплаб асарларнинг ёзилишига сабабчи, ташкилотчи, ташаббускор ва ҳомий ҳам бўлган. Бу ерда биргина мисол келтирамиз. Навоий пири ва устози Абдураҳмон Жомийни авлиёлар ҳақида тазкира ёзишга даъват этади. 1471/72 йили тугалланган “Нафаҳот...” тазкираси шу тариқа дунёга келган. Орадан 24 йил ўтиб – 1495/96 йили Навоий мазкур тазкирани айрим қисқартириш ва қўшимчалар билан туркийга таржима қилди. Бу асарга “Насойим ул-муҳаббат ва мин шамойим ул-футувват” (“Улуғлик хушбўйликларини таратувчи муҳаббат шаббодалари”) деб ном берди. Сўфийлар ҳақидаги бу туркий тазкира исломнинг бошланишидан то ХV аср иккинчи ярмигача ўтган талай шайх ва авлиёлар ҳақида маълумот берувчи бой манба ҳисобланади.
Буюк китобхон
Навоий ҳаётининг сўнгги 15 йили ниҳоятда қизғин ижод даври бўлди. Меросининг каттагина қисмини айнан шу 45 ёшдан кейин яратди.
Навоийнинг асарлари яратилиши кетма-кетлигига назар ташласак, у шошилиб, улгуриб қолишга интилиб, жуда қаттиқ ишлагани маълум бўлади. “Лисон ут-тайр”да муаллифнинг “Ёш олтмишга тўлмоқда, ният қилганим шу достонни ҳозир ёзмасам, битилмай қолиб кетадими, деб қўрқаман”, деган мазмундаги фикри ҳам бор.
Шоир севимли қаҳрамонларининг болалик даврини тасвирлар экан, уларнинг илму маърифатга, демакки, китобга муҳаббатини айрича меҳр билан қаламга олади. Кўнгилдан кечадики, муаллиф улар баҳонасида ўз болалигини тасвирлагандек бўлади.
Фарҳод ҳам илмпарвар йигит эди. Ўн ёшга етганида у ўрганмаган илм қолмаган эди. Бу борада Ширин ҳам Фарҳоддан асло қолишмайди. Саройда унинг ўн дугонаси бор эди. Ҳар бири бир фан соҳасида камолотга етган қизлар эди.
“Фарҳод ва Ширин”да шаҳзода Абулфаворис Шоҳғариб Баҳодирга насиҳат боби келади. Унда шоир Искандарнинг айнан илму ҳунар эгаллагани учун ҳам қуруқлик ва денгизга эга чиққанини битади-да, кейин шоҳ ва олим Мирзо Улуғбек таърифига ўтади.
Темурхон наслидин султон Улуғбек,
Ки олам кўрмади султон анингдек, –
деб бошланадиган олти байтли парчада улуғ шоир Мирзо Улуғбекни Ҳусайн Бойқаронинг ўғли – Абулфаворис Шоҳғариб Баҳодирга намуна қилиб келтиради. Не-не замондошлари ўтиб кетгани, уларни ҳеч ким ёдга олмаётганини қайд этиб, лекин бу олимнинг илмга интилгани, кўзи олдида осмон паст бўлганини эсга солади. Унинг жаҳон ичра яна бир осмон бўлган расадхонаси оламнинг зийнати ҳисобланиши, осмон илмини ўрганиб, “Зижи Кўрагоний” деб аталган китоб ёзгани, қиёматга қадар олимлар унинг ҳукмларидан фойдаланиб, хулоса битишини таъкидлайди.
Бу сатрларда мутафаккирнинг китобни нақадар улуғлагани, шаҳзодани ҳам шундай илмга даъват этаётгани кўриниб турибди.
Бундай буюк китобларни ёзиш учун, аввало, буюк китобхон бўлиш керак эди.
Шоир ўзидан олдинги туркий, форсий ва арабий шеъриятнинг барча даҳолари асарларини сув қилиб ичганига ҳеч кимда шубҳа бўлмаса керак. Бироқ бобокалонимиз замонаси қаламкашлари асарларидан ҳам тўлиқ хабардор бўлган. Ахир, “Мажолис ун-нафоис”даги саккиз мажлисда ижодлари қисқа-қисқа таҳлил этилган шоирларни эсланг. Муаллиф Ҳусайн Бойқаро таваллуд топган 1438 йилдан то асар тугалланган 1498 йилга қадар ўтган туркийзабон ва форсийзабон қалам аҳли ҳақида (459 шоир!) эринмай маълумот бериб ўтади. Бунча маълумотни йиғиш, тартибга солиш, муаллифларнинг энг гўзал байтларини танлаш, уларнинг ҳар бирига хос муносабат билдириш учун нақадар буюк китобхон бўлиш керак эди.
Навоийнинг ўзигагина хос мутолаа усули бўлгани аниқ. Шулардан бири ёдлаш қобилияти эди. Иккинчиси – материал йиғиш маҳорати. Шоир ўқиганлари асосида ижодий ниятига мос равишда кўп материал йиғиб борган. Учинчиси – саралаш салоҳияти. Шоир ўқиган ва йиққан материалларини жиддий саралаган. Китобхонлигининг санаганимиз кейинги икки хусусияти ҳақида “Мажолис ун-нафоис” муқаддимасида бундай деб ёзади: “Жамъ қилилғай ва ҳар қайсининг натойижи табъидин бирор нима нишона йўсунлуқ ёзилғай”. Бу ерда гап шоирлар ҳақидаги маълумотларни бир ерга тўплаш ва улар ижодидан намуналарни мисол тариқасида келтириш хусусида бораётир.
Навоийни бугунги кўз билан ўқийлик
Навоий билан бизни, эҳ-ҳе, қанча-қанча замонлару неча-неча маконлар ажратиб туради. Бу зот асарларидаги асл маънони тушуниш учун ўша замон ва ўша маконга “қайтиш” керак. Акс ҳолда, қаттиқ адашамиз.
Навоийга ҳозирги замон қолиплари билан ёндашиб, ундан ғоя қидириш – мутлақо хато усул. Шўро даврида шундай қилинди. Масалан, собиқ Иттифоқ федератив давлат, кучли бир империя эди. Шу боис, хўжакўрсинга бўлса ҳам, халқлар дўстлиги ғоясини ўлиб-тирилиб тарғиб этди. Амалда миллатлараро тенглик таъминланмаган, дилда тамоман бошқа мақсад-муддаолар ётган бўлса ҳам, тилда миллатлар ўртасидаги дўстлик тараннум қилинаверди.
“Фарҳод ва Ширин”га ҳам шу қолип билан ёндашилди: “Ана, халқлар дўстлигию мана, халқлар дўстлиги! Бундаги географик кенгликни қаранг! Фарҳод – хитойлик, унинг севгилиси бўлмиш Ширин – арманиялик, унинг қадрдон дўсти Шопур – эронлик!” деб бонг урилди.
Ҳозиргача ҳам бу достон ҳақидаги омманинг содда тасаввурлари шунга ўхшаш сохта қарашлардан нарига ўтмай келаётир. Достоннинг русча, тожикча ва озарбойжонча таржималари асосида диссертация ёқлаган мутахассис сифатида ишонч-ла айтаманки, достонда бундай талқиндаги халқлар дўстлиги ғояси йўқ. Фарҳоднинг хитойлик, Шириннинг арманиялик ва Шопурнинг эронлик бўлиши асарда тамоман бошқа ғоявий-бадиий мақсадлар учун хизмат қилган. Бу борада батафсил тушунтириш бериш учун алоҳида тадқиқот керак.
Шўро даврида Ўзбекистонимизда қўриқ ерларни ўзлаштириб, у ерларга Амударё ва Сирдарё сувини олиб бориш бош масалалардан бирига айланди. У қилдик, бу қилдик, ишқилиб, Оролни ўз қўлимиз билан қуритдик. Ўша кезларда “Фарҳод ва Ширин” жуда-жуда асқатди ўзиям! Чунки достонда Фарҳоднинг канал қазиб, сув келтириши тасвири бор эди-да. Уруш йиллари катта ҳашар билан ишга туширилган ГЭСнинг номини ҳам “Фарҳод” деб қўйдик.
Ҳолбуки...
Достонда Фарҳод чўлга сув чиқаргани йўқ. Қайтанга, бир кишининг орзу-ҳаваси учун халқ азоб-уқубат чекди. Гап шундаки, Армания ҳукмдорининг эркатой жиянчаси бўлмиш Ширин тоғнинг тепасида ўзига қаср қурдирмоқчи бўлди. Қаср тикланса-ю, сув бўлмаса, унинг қасрлиги қаерга борар эди?! Эркатойнинг майлича, шу иморат атрофидан сув айланиши керак. Сув эса узоқда. Тоғнинг нари ёғида бир булоқ бор. Уни одамлар “Айн ул-ҳаёт”, яъни “Ҳаёт булоғи” деб аташади. Қасргача орада ўн йиғоч масофа бор.
Уч йилдирки, икки юз уста тоғда ариқ қазиди. Ҳар теша урганда нўхатдай-нўхатдай тош учади, холос. Инсон зоти бундай азобни кўрган эмас эди. Уч йилда бор-йўғи икки-уч юз қадам қазилди. Синмаган тешаю метин қолмади. Усталар бу ишнинг оғирлигидан қон йиғлади, лекин ишбошилар зуғумини қўймади. Азоб-уқубат шу даражага етган эдики, усталар дардларини Фарҳодга тўкиб солди. Аммо Меҳинбоную Ширин уларнинг узрини қабул қилмади. Фарҳоднинг уларга раҳми келди. Ана ўшанда Фарҳод машҳурдан-машҳур:
Ҳунарни асрабон неткумдур охир,
Олиб туфроққаму кетгумдур охир, –
деган сўзларини айтди-да, ишга киришиб кетди. Қорандан ўрганган ҳунарларини қўллаб, ҳар ўн-ўн беш тешадан бир катта теша, ҳар ўн-ўн беш метиндан бир катта метин ва бошқа асбоблар ясаб, тоғ қазишга киришди. Бир кунда бир ўзи икки юз уста уч йилда қазганчалик ариқ қазди. Ана шу шов-шувли хабар саройга етиб, Меҳинбону билан Шириннинг ўзи Фарҳодни кўргани келди.
Бу ерда Навоийнинг учта мақсади бор. Биринчиси – Фарҳоднинг элга раҳми келгани, унинг корига ярагани, ҳунарини ишга солиб, эзгу иш қилгани. Иккинчиси – яхшиликка яхшилик қайтгани. Яъни элга қайишган эди, бунинг савоби етиб, ёрини топди – Шириннинг ўзи уни кўргани келди. Учинчиси – Ширин ҳам Фарҳодни севиб қолиши учун, адабиётдаги анъанага кўра, йигит бирон бир “каромат” кўрсатиб, қизнинг диққатини жалб этиши лозим эди.
Алҳосил, Фарҳод тоғда ариқ қазиб, сувни Ширин қасри томон оқизди. Лекин бу ерда ҳеч ҳам сув чиқариб, қўриқ ерларни ўзлаштириш мақсади йўқ.
Навоий – бошқа замон кишиси, ахир у XV асрда яшаган. У давр тушунча-тасаввурлари ҳар жиҳатдан бугунги тушунча-тасаввурларга тўғри келади, деб ўйлаш ўта соддалик бўлур эди. Демак, мутафаккирнинг айрим ҳаётий қарашлари, нуқтаи назарлари бугунги тартиб-қоидалар, ҳозирги замон кишилари онг-тафаккурига, яшаш тарзига тўла мос тушмаслиги мумкин ва бу табиий. Шундай экан, энди яна бир жиҳатга аниқлик киритиб олайлик. Мутафаккир бобомизнинг айрим қараш, хулоса ва талқинлари бугунги даврга мос келмаса, марҳамат, тадқиқотчи бунга муносабатини билдириши, айнан ана шу мос келмаслик сабабларини баён этиши мумкин. Бироқ бу уни тескари тушунишдан тамоман фарқ қилади.
Узоққа бормай, “Маҳбуб ул-қулуб”дан бир мисол келтирайлик. Асардаги 27-фасл “Шаҳарда олиб сотқувчилар зикрида” деб номланади. Муаллиф уларни қаттиқ қоралайди. Бу танқид шўро даври сиёсатига ҳам “лаббай” деб жавоб берган эди. Хўш, ҳозир-чи?
Албатта, олибсотарларнинг алдоқчилиги, катонни бўз, шолни тўрқа, бўрёни зарбафт пулига сотиши, инсофсизлигини қоралаш ҳозир ҳам аҳамиятли. Бироқ мана бу фикр ҳозирги кунга тўғри келмайди: “Элга зиён анинг суди (яъни фойдаси), ўнғой (яъни арзон) олиб, оғир (яъни қиммат) сотмоқ анинг мақсуди”. Чунки бозор иқтисодиёти шароитида катта бозорлардан кўтара савдо йўли билан арзонроқ олиб, аҳоли яшайдиган ҳудудларда нисбатан қиммат нархда сотиш орқали тадбиркорлик қилиш бугунги қонунларимизга ҳеч ҳам зид эмас. Бундай иш билан шуғулланаётган кишининг фойдаси айнан ана шу нархлар ўртасидаги фарқдан келиб чиқади. Кимдир Қўйлиқ кўтара бозоридан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб, Сергели кўпқаватли уйлари орасидаги дўконида сотади, дейлик. Албатта, устига нарх қўяди. Лекин бир қадамгина, шундоққина уйингиз ёнида сотилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, сал қимматига бўлса ҳам, оғринмай харид қиласиз. Қимматлигига розилигингиз шундаки, бу олибсотар йўлингизни яқин қилди, йўлкира сарфламадингиз, вақтингиз тежалди. Бу ҳам тадбиркорлик. Бунинг жамиятга фойдаси бор.
Демак, Навоийни бугунги кун нигоҳи билан ўқиш даркор.
Энг асосий масалага энди етиб келдик, чамамда. Бугун ҳар биримиз Навоийни ўқишимиз керак. Бу номигагина айтилаётган насиҳат ёки баландпарвоз бир шиор эмас. Бироқ Навоийни ўқиш осон иш эмаслигини ҳам ҳаммамиз яхши биламиз. Навоийни ўқиш бошқа муаллифларни ўқишдан кескин фарқ қилади. Негаки, бу китобхондан жиддий тайёргарлик талаб этади.
Навоийни ўқишга тайёргарлик кўриш учун кўп имкониятлар мавжуд. Буюк мутафаккир ҳаёти ва ижоди умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқитилади. Шоирнинг кўплаб шеърлари қўшиқлар орқали ҳам китобхон онг-шуурига етиб боряпти. Қолаверса, ўзбек навоийшунослиги ўтган бир аср мобайнида катта ютуқларга эришди. Луғатлар тузилди. Хусусан, тўрт жилдли “Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” бор. Яқинда икки жилдли “Алишер Навоий” энциклопедик луғати чоп этилди. Достонлари насрий баён қилинди. Лирик асарларининг шарҳлари юзага келди. Қанча-қанча тадқиқотлар яратилди. Шоир асарлари таъсирида адабиётимиз ва санъатимизда қанчадан-қанча янги ижод намуналари пайдо бўлди. Яъни бугун шоирни англаш учун кўпдан-кўп қўшимча илмий-маърифий манба ва материалларга эгамиз. Навоий асарлари мавзулари бўйича мультфильмлар ишлаш ҳам жадаллашиб қолди. Интернетда шоирнинг асарлари матнини топиш мумкин ва ҳоказо. Айримлар ҳатто асарларининг русча таржимасини ҳам ўқияпти. Чунки бу асарлар ҳозирги рус тилига ўгирилган-да. Уларни аслиятга қиёслаб мутолаа қилаётганлар ҳам топилади. Майли-да, ихтиёри.
Буларнинг бари, ялпи олганда, китобхонни Навоийга яқинлаштиришга ҳисса қўшади. Лекин бундан буён бобокалонимиз асарларини шунчаки ўқишдан унда илгари сурилган ғоя ва талқинлар, бадиий гўзаллик ва донишмандликни обдон уқишга ўтишимиз керак. Навоийни сидқидилдан ўқийман, деган ҳар бир китобхон ўзини шунга чоғлаши, бу ишга астойдил киришмоғи лозим. Ҳаммаси ниятга боғлиқ. Шоир асарлари холис ниятли китобхонга юз очади. Бунга чин дилдан ишониш керак.
Бу гапларнинг ҳаммаси яхши. Лекин, очиғи, оддий ўқувчиларни қўятурайлик, бугунги аксар зиёлиларимиз ҳам Навоийни ўқимаганини барчамиз биламиз. Кўпчилигимизнинг Ҳазратнинг ҳаёти ва фаолияти, унинг асарлари ҳақидаги тасаввурларимиз мактабда ўқиганларимиздан нарига ўтмайди. Кимки бу сўзларимизга ишонмаса, хоҳласа, ўзи бир эксперимент ўтказсин. Столига оқ қоғозни қўйсин-да, Навоий ҳақида бори билганларини ёзиб чиқсин, қани, неча варақ тўлар экан?..
Нима қилмоқ керак?
Касб тақозосига кўра, малака ошираётган мактаб муаллимларига дарс бераман. Баъзан бир тажриба ўтказаман. “Хамса”ни тингловчилардан бирининг қўлига тутқазаман-да, исталган бир варағини очиб, тўрт-беш байтни ўқиб беришини илтимос қиламан. Кейин маъносини сўрайман. Бир қисм тушунилади, албатта. Чаласини эшитиб ўтирган тингловчилардан айримлари тўлдиради ҳам. Кейин бошқа бир тингловчи ўқийди. Шу тариқа ўқиш савияси ҳам, тушунтириш даражаси ҳам оз-оздан кўтарила боради. Дарс охирига келиб, хаёлимда ҳамма навоийхон бўлиб қолаёзади. Ўқиётганлар нотаниш сўзлар маъносини ҳам, матн умумий мантиғидан келиб чиқиб, англай бошлаётгандай туюлади ҳатто.
Истеъдодли режиссёр Авлиёқули Хожақули билан ҳамкорликда, асосан, “Лисон ут-тайр”, қисман, “Мантиқ ут-тайр” достонлари асосида “Қуш тили” спектакли сценарийсини тайёрладик. Навоий ва Аттор сатрларини ўзгартирмасдан қўлладик. Асар саҳнага қўйилганида Миллий театрни тўлдирган томошабинлар шу қадар таъсирландики, айримлар ҳатто йиғлаб юборди. Албатта, асар мазмун-моҳиятини тушунишда театр санъатининг хизмати катта, режиссёрнинг маҳорати, актёрларнинг моҳирона ижроси ҳам бунга ёрдам берди. Бироқ сўз сўзлигини қилди – Навоийнинг фикри, мақсад-муддаоси унинг ўз сўзлари орқали етказилди.
Демак, Навоийнинг китобини очингу ўқийверинг. Мақолда айтилганидек, иш иштаҳа очади – ўқиганингиз сари ўқигингиз келаверади. Кейин ўзингиз луғат, шарҳ, таҳлил... қидира бошлайсиз.
Шуни унутмайликки, Навоийни ўқиш биз кўниккан оддий китобларни ўқишдан кескин фарқ қилади. Улуғ шоир асарларини ўқиш меҳнат, заҳмат талаб этади. Мақола аввалида эслаганимиз Расул Ҳамзатов “Менинг Доғистоним”да “Китоб ўқиш – ёзувчи учун иш билан баравар”, дейди. Навоийни ҳам ёзувчидай масъулият билан ўқишга тўғри келади. Амин бўлинг, тилимизда бирон бир китобни мутолаа қилиб, Навоийдан олганчалик баҳра топмайсиз. Барча роҳат эса ана шу машаққатли меҳнатнинг ортидан келади.
Навоийни ўқиган одам, шубҳасиз, инсонийликни англай бошлайди, ўзини маънавий юксакликларда ҳис қилади.
Султонмурод ОЛИМ
“Tafakkur” журнали, 2017 йил 2-сон,
“Навоий қандай мутолаа қилган?” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
ЗАЙНИДДИН НОРМАН
17:09 / 23.09.2023
Навоий бобомиз тўғрисида шунча илмий ишлар,яъни докторлик диссертациялар ҳимоя қилинди.Минг афсус ҳеч бири яққол илмий очиб беролмаяпти. Чунки олдига қўйилган мақсад улкан даражада эмас! Вазифаларни гапирмаса ҳам бўлади. Шунга қараб Навоий бобомизни шеърларини ҳам пала-партиш таржима қилиб расво қилган. Бу кишини асарларини таржима қилиш учун Навоий бобомиздек ақлга, билимга ва маънавиятга эга бўлиш кетак деб ўйлайман! Кеча тамомлаган талаба таржима қилиб расво қилмоқда. Бу ишларни тўхтатиш керак. Бу нарсалар ҳаммани чаласаводликка олиб келиши мумкин.Навоий бобомизни асарларини ўрганишда жуда эътибор билан мутолаа қилишга тўғри келади.Акс ҳолда асарларини мазмуни йўқолади.23.09.2023