«Амр қилдимки, ғаним томонидан қўлимизга ҳар қандай сипоҳий асир бўлиб тушса, уни ўлдирмасинлар» – Амир Темурнинг толерант сиёсати


Сақлаш
23:15 / 27.05.2024 379 0

Толерантлик тушунчаси адабиётларда турлича талқин қилинади. У «Оксфорд луғати»да «шахсни ёки буюмни норозиликсиз, аралашувисиз қабул қилишга тайёргарлик ва қобиллик» деб таърифланади. Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида эса «Бағрикенглик, ўзгаларнинг турмуш тарзи, хулқ-атвори, одатлари, ҳис-туйғулари, фикр-мулоҳазалари, ғоялари ва эътиқодларига нисбатан тоқатли бўлиш – толерантлик», дейилган. Шунга кўра, уни ҳурмат-эҳтиром, бағрикенглик маъноларига эга сўз сифатида изоҳлаш мумкин. 

 

Амир Темур давридаги толерантлик соҳибқироннинг бошқа элатлар ва халқларга нисбатан ҳурмат-эҳтироми ва бағрикенглигида ўз аксини топади. Соҳибқироннинг ҳукмронлиги остида йигирма етти мамлакат бўлиб, уларда турли диний эътиқоддаги халқлар истиқомат қилган. Темур ислом дини вакили ўлароқ, халқларни диний эътиқодларига қараб гуруҳларга ажратмагани, уларнинг миллий хусусиятларига ҳурмат билан муносабатда бўлгани турли манбаларда келтирилади. «Темур тузуклари»да бу борада шундай ёзилган:

 

«Менинг даргоҳимга илтижо қилиб, паноҳ истаб келган турку тожик, арабу ажам тоифаларидан бўлганлар… агар сипоҳийлар тоифасидан бўлсалар, хизмат ўринларини белгилаб, ҳол-аҳволларига яраша эҳтиёжлари таъминлансин... Ҳар тоифа ва ҳар синфдан кимки ўз ихтиёри билан сипоҳийлик хизматига киришни истаса, уни ҳарбий (хизмат)га олсинлар».

 

Амир Темур ҳар бир ҳарбий ёки маъмурий амалдорни қайси халқ ёки элат вакили бўлишидан қатъий назар давлат олдидаги хизматларини инобатга олган ҳолда тақдирлаган. Бу ҳақда тузукларда шундай дейилади: «Улуслар, қўшинлар ва туманларнинг амирларини тайинлаш тузуки»да «Қарамоғимдаги қирқ аймоқдан ўн иккитасига – барлос, тархон, арғин, жалойир, тулкичи, дўлдай, мўғул, сулдуз, тўқай, қипчоқ, арлот, тоторга тамға берилсинким, булар менинг хос навкарларим бўлиб ҳисоблансинлар». Қўшин шу тариқа тўхтовсиз тўлдириб борилган. «Яна амр қилдимки, ғаним томонидан қўлимизга ҳар қандай сипоҳий асир бўлиб тушса, уни ўлдирмасинлар. Унга ихтиёр берилсин, йўқ деса, уни озод этсинлар», дейилади аскарни энг қуйи мартабадан олий мартабагача тарбиялар кўтариш тузукида.

 

Амир Темур қўшинида турли мамлакатларнинг донгдор, ном чиқарган паҳлавонлари хизмат қилган. Жумладан, Афғонистоннинг шимоли-шарқий қисмида истиқомат қилувчи апарди қабилалари, Афғонистоннинг Хуросон вилоятида, Еттисув ҳудудлари, Термиз атрофларида яшаган арлот уруғлари, Мўғулистонда Отбоши атрофларида яшаган макритлар, Чағониён, Ҳисор водийси ва Шимолий Афғонистонда Балх вилоятида яшаган сулдузлар, туркманлар, уйғурлар, Дашти Қипчоқ ва Олтин Ўрдада яшаган ўзбеклар уруғ-қабилалари ва кўплаб Марказий Осиё ҳудудидаги халқлар иштирок этишган. Қўшинда хизмат қилган мазкур этносларнинг ҳаммаси ҳам ислом динига эътиқод қилмаган. Улар орасида туркий ва мўғул халқларининг қадимий дини ҳисобланган тангричиликка эътиқод қилувчилар ҳам талайгина эди. Негаки, Чиғатой улусининг шарқий қисмида истиқомат қилувчи этносларнинг катта қисми бу даврда тангричиликка эътиқод қилган. Бу ердаги халқларнинг бир қисми Туғлуқ Темур даврида ислом динини қабул қилгани манбаларда таъкидланади. Чиғатой хонзодаларидан Туғлуқ Темур 1348 йил Шарқий Чиғатой улуси ҳудудида ҳокимиятни қўлга олганидан кейин Мўғулистон давлатига асос солади. У тузган давлат тасарруфига Шарқий Туркистон, Жанубий Сибир ва Еттисув кирган. Туғлуқ Темур 1360-1361 йиллардаги ҳарбий юришлар натижасида Мовароуннаҳрни ҳам эгаллайди. Мирзо Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий» асарида келтирилишича, Туғлуқ Темур Мўғулистонда ҳокимиятни қўлга олгандан кейин бир муддат ўтгач, ислом динини қабул қилади. Манбада айтилишича, хон билан бирга бир кунда 160 минг киши ислом динини қабул қилган. Аммо, Туғлуқ Темурдан кейин унинг авлодлари даврида ҳам минтақада тангричиликка эътиқод қилувчи турк-мўғул халқлари мавжуд эди. Амир Темурнинг Мўғулистонга қилган бир неча йиллик юришлари давомида урушда асирга тушган ёки ўз хоҳиши билан соҳибқирон қўшини сафига келиб қўшилган қабилаларнинг барчаси ҳам ислом динида бўлган деб бўлмайди. Негаки, Мўғулистонда яшаган турк-мўғул этнослари Мовароуннаҳрга келиб ўрнашган турк-мўғул халқларига қараганда узоқ йиллар аждодларининг диний эътиқоди саналган тангричиликка эътиқод қилишни давом эттирган.

 

Амир Темур ислом динининг ёрқин вакили сифатида кўплаб халқларни бир давлат остида бирлаштирган бўлса ҳам, ҳеч бир халқни зўравонлик билан ислом динига эътиқод қилишга мажбур қилгани тўғрисида манбаларда маълумотлар келтирилмайди. XV-XVI асрларда яратилган манбаларда Темур бунёдкорлик йўлини тутган ҳукмдор бўлгани қайд этилади. Шунингдек, ислом дини уламоларини жуда қадрлагани, улар дафн этилган масканларни ободонлаштиргани тўғрисида сўз юритилади. Хусусан, 1375 йили ўз қўшини билан Хўжанддан илк бор ўтган Амир Темур Шайх Муслиҳиддин дафн этилган жойга алоҳида эътибор қаратади. 1376 йилнинг қишида Фарғонага Қамариддиннинг босқинчи қўшинларини қувиб чиқариш учун иккинчи бор Хўжанддан ўтаётган Темур шайхнинг қаровсиз қабрига бефарқ бўлолмайди. Темур қабрни зиёрат қиларкан, авлиё учун янги мақбара қуришга буйруқ беради.

 

Манбаларда Амир Темур тасаввуф тариқатига доир толерантликнинг амалий жараёнига боғлиқ бўлган, ўзининг бевосита ҳаётий фаолиятига алоқадор яна бир мисол келтирилади: «…халққа ёрдаму мадад мақсадида, мен ҳам Туқлуқ Темурнинг ўғли Илёсхўжага вазирлик ҳамда сипоҳсолорлик қилишга рози бўлгандим. Тангри таолонинг бандаларига ёрдам қилганимдан бўлса керакки, Оллоҳ таоло мени салтанат мартабасига етказди». Илёсхўжага вазир бўлиб хизмат қилиш қанчалик оғир бўлсада, мувозанатни сақлашга, тотувлик билан муроса қилишга мажбур бўлганини эътироф этади.

 

Чингизийлар ҳукмронлигининг сўнгги йилларида халқни бирлаштириш учун сиёсий воситаларга нисбатан диний бирдамлик, муроса қилиш, ҳамкорлик хислатлари кўпроқ роль ўйнарди. Амир Темур исломга катта қувват бериш баробарида, бошқа динлар билан муроса қилиш, урф-одат, расм-русумларга ва диний арбобларга нисбатан ҳурмат сақлашни амалий фаолиятга айлантиради.

 

Амир Темур ўнлаб муваффақиятли ҳарбий юришлар ва олиб борган сиёсати натижасида кучли марказлашган давлат қурди. У мамлакат ободончилигига, маданий юксалишга катта эътибор қаратди. Амир Темурнинг Табризга, Озарбайжонга, Хоразмга, Олтин Ўрдага, Ҳиндистонга, Румга қилган юришлари натижасида кўплаб ўлкалардан олиму фузалолар, ҳунармандлар ва бошқаларни кўчириб келиб, Мовароуннаҳрнинг шаҳар ва қишлоқларига жойлаштирди. Уларга шарт-шароит яратиб, мамлакат ривожига ҳисса қўшишлари учун замин яратди. Бу жараён темурийлар томонидан ҳам давом эттирилди. Жумладан, Умаршайх Мирзо Қошғарни эгаллагач, ерлик аҳолиси ва аслзодаларини Ўзганга келтирди ва улар учун Работи Сарҳанг номли касаба бунёд этди. Кўчириб келинганларнинг умумий сони испан элчиси Клавихонинг ёзишича, юз мингдан ошиқроқ бўлган.

 

Амир Темур ва темурийлар кўчириб келтирилган халқларга ўз халқи каби муносабатда бўлгани, уларга шарт-шароитлар яратиб бергани тўғрисида манбаларда турли маълумотлар келтирилади. Айниқса, илм аҳли ва ҳунарманд, уста-меъморлар доимо соҳибқироннинг ҳимматидан баҳраманд бўлишган. Бу ҳақда Ибн Арабшоҳ «Ажойиб ул-мақдур фи тарихи Таймур» асарида соҳибқирон ҳаётини ёритишда танқидий муносабатда бўлиш билан бирга баъзи воқеаларни, хусусан, кўчириб келтирилган халқларга муносабатини ҳам қайд этиб ўтган. У 1401 йил Шом забт этилгач, Самарқандга кўчирилгани, бу ерда истаганича билим олгани ва кейинчалик бошқа ўлкаларга саёҳат қилгани ҳақида ёзади. Жумладан, у Самарқандда форс, турк ва мўғул тилларини ўрганган, Идику Темур мадрасасида Саййид Шариф Муҳаммад Журжоний (1339-1413) ва Шамсуддин Муҳаммад ал-Жазарий (1350-1449) каби машҳур олимлардан таълим олган.

 

Амир Темур ва темурийларнинг кўчириб келтирилган ёки бу ерда яшаган бошқа этносларга муносабати хусусида яна кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Жумладан, Ғиёсиддин Кошийнинг Самарқанддан Кошонга, отасига ёзган мактубида бунга доир муҳим маълумотлар бор.

 

Ғиёсиддин Коший XIV-XV асрлар риёзиёт ва фалакиёт илмларининг буюк алломаси, Самарқандда Улуғбек мактабининг етакчи олими бўлиб, риёзиётчилар, табиблар ва ҳунармандлари билан шуҳрат қозонган Кошондан эди. Коший қадимги Юнонистон, Эрон ва Ўрта Осиёлик машҳур олимларнинг асарларини таржима қилиб, уларга шарҳ ёзар, табобат фани билан ҳам шуғулланарди. Ғиёсиддин Кошийнинг ижоди Ўрта ва Яқин Шарқда шуҳрат топади. Ҳаётининг сўнгги йилларини Самарқандда ўтказиб, тахминан 1429 йилда вафот этади. У отасига ёзган мактубида Самарқандга бошқа мамлакатлардан келиб илмий фаолият олиб бораётган ўзи каби олимларга Улуғбек томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ҳақида ёзади.

 

Шунингдек, Темур ва унинг авлодлари мўғуллар даврида Мовароуннаҳрдан бошқа ўлкаларга кўчирилган халқларнинг авлодларини ўз юртига қайтариб келган. Хусусан, Мовароуннаҳрдан Хитойнинг турли ҳудудларига ўтказилган халқлар ўлкаларига қайтган. Шу тариқа 1200 дан ортиқ мусулмон Самарқандга келтирилган. Ҳайринисо Алан Темурийлар манбаларига асосланиб, қайтарилганлар сонини юз минг атрофида бўлган, деб ёзади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Амир Темур Мовароуннаҳрда яшовчи турли қавмлар ва элатларни дини, келиб чиқиши, миллатидан қатъи назар аҳил яшаши учун барча чора-тадбирларни кўрган. Қавмлар ва элатлар аро низоларга йўл қўймаган. Кимки садоқат билан сидқидилдан мамлакатга хизмат қилса соҳибқироннинг эътиборидан четда қолмаган.

 

Севинч УЛАШEВА,

Тошкент амалий фанлар университети доценти, PhD

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//