Буюк сулолалар даврида туркий ўзлик тушунчасига қандай қаралган?


Сақлаш
23:05 / 21.05.2024 483 0

Евроосиё кенгликлари ва туташ ўлкаларда деярли икки ярим минг йил ичида 250 га яқин сулола тузган туркий элларнинг энг улкан ютуқларидан бири – ўзлик тушунчасини ардоқлаб келганликларидир. Ўзлик – бу ҳар бир кишининг, эл-улуснинг ўз она тилида сўзлашиши, дунёга ўз сўзини айта олиши, ўз ерига, ўз давлат бошқарувига, ўз қадриятларига эга бўлишидир. Дунёда қанчалаб эллар, элатлар, ўлкалар бугунгача яшаб келаётган, сақланиб қолаётган бўлса, унинг негизида албатта ўзлик тушунчасининг у ёки бу даражада етакчилик қилиши ётади. Буни бир неча юзлаб сулолаларнинг тамал тошини қўйган туркий эл-улуслар ўрнагида кўра оламиз. 

 

Бугун 30 дан ортиқ эл ва элатларга уюшган туркийларнинг қай бири 50 миллиондан кўп, қай бирларининг сони эса 10–15 мингдан ошмайди. Бунинг боиси уларнинг турли тарихий ўзгаришларни бошдан кечиргани, шунингдек, элининг ўзлигини дунёга кўз-кўз қиладиган йўлбошчилар – баҳодирлар, бошқарувчилар, билгаларнинг юрт ва давлат манфаатларини тенгма-тенг юритганликлари эвазигадир.

 

Туркий эллар давлатчилигининг юксак чўққиларидан бири Амир Темур ва унинг издошлари томонидан деярли юз эллик йил яшатилган Турон–Туркистон бирлиги ўтмишимизнинг энг ёрқин босқичларидан бири ҳисобланади. 1370-1507 йиллар орасида ҳукм сурган ушбу салтанатда ота-боболардан мерос бўлиб келаётган ўзлик тушунчасига катта эътибор қаратилган. Умуман, туркийларнинг 2 500 йиллик давлатчилиги билан танишиб чиқилганда, қай бир сулоланинг бу масалага анча теран ёндашгани, қай бирида юзаки қаралгани англашилади. Милоддан олдинги сўнгги мингйиллик адоғида хитой йилномаларида Сюнну деб тилга олинган, туб кўриниши эса Хун бўлган илк турк салтанатида бу тушунча кўпроқ ер-сув, тупроқ, ялпи олганда, она юртни асраш, Узоқ Шарқдан Сибирнинг кунботаригача чўзилган улкан Ватанни сақлаш туйғусини англатган. Орадан асрлар ўтгани сари бу тушунча янада кенгайиб, бир неча ўнлаб уруғларга бўлинадиган туркийларни битта этник атама остида бирлаштириш, давлатнинг мангу яшашига эришиш, ўз элига бу каби тушунчаларни сингдириш етакчилик қила бошлаган. Буни қуйидаги ўрнакларда кўришимиз мумкин:

 

Милоддан олдинги II юзйилликка тегишли хитой йилномаларидан бири «Хан-шу» («Хан сулоласи тарихи»)да хунлар етакчиси тўғрисида шундай билгилар келтирилган: «Хунлар бошқарувчиси Маодун (Баҳодур), ўта кучли қўшинига эга бўлишига қарамай, ўз юртида тинчлик бўлишини истарди. Бироқ қўшни Дунг-ху элати хунларни ҳали ҳам кучсиз деб санар эди. Бир куни Дунг-ху бошқарувчисидан элчи келди ва хунлар етакчисидан севимли отидан воз кечишни талаб қилди. Баҳодур юртидаги тинчликни бузишни истамай, Дунг-ху бошқарувчисига отини бериб юборди. Бироқ улар шу билан чекланмадилар. Кейинроқ улар хунлар бошқарувчисидан унинг севикли хотинидан воз кечишни талаб қилишди. Баҳодур уларга хотинини юборди. Уларнинг истаклари бирма-бир амалга ошар экан, Дунг-ху бошқарувчиси тобора кўпроқ нарсани истай бошлади ва сўнгра уларга чегарадаги тақир, шўр ботқоқ ернинг кичик бир бўлаги берилишини талаб қилди. Бу талаб Баҳодурнинг шахсий ғазабини ўз халқининг ғазабига айлантирди. Шу ондаёқ у қурултой чақириб: «От ўзимники эди, бердим… хотиним меники эди, у учун ўзим жавоб бердим, юрт тинчлиги учун ундан кечдим», деди. Бироқ улар талаб қилаётган бир парча ер эл-улусники, давлатимизники. Бу ер қуруқ менга эмас, барча элимга тегишли. Биз ардоқли ўлкамизнинг бир бўлагини ёвларга бермаймиз! Шу йўсинда у ёвларига қарши уруш бошлади ва ғалабага эришди».

 

Туркийлар дунё бўйлаб кенг ёйилиб, турли тилларда сўзлашувчи элатлар билан қўшни бўларкан, улуснинг ўзгаларга қўшилиб, аралашиб кетиши, бу эса она тилининг унутилишига олиб келишини, оқибатда айри бир эл ўлароқ яшаб қола олмасликларини тушуниб етадилар. Шу боис, эндиликда ўзлик деганда биргина ер-сув, тупроқ эмас, оғзи бирлик, она тил, киши оти – исм, тўра-тузук – урф-одатлар, ялпи олганда, элни эл қиладиган барча қадриятлар тушунила бошлайди. Буюк Турк хоқонлиги (552-744) чоғининг энг ёрқин ўрнаклари бўлмиш Кул Тегин, Билга хоқон ва Тунюқуқ битиктошларида бу тўғрида ўлмас сўзлар ўрин олган: «Турк беклари туркча оти – исмини ташлаб, табғач – хитойча отлар билан аталди, хитойга қарам бўлди, шу йўсинда турк эли йўқ бўла борди … Эй, Турк беклари! Тепадан Тангри босмаган бўлса, тубанда ер ёрилмаган бўлса, эй турк будуни, элингни — давлатингни, улусингни ким бузди?»

 

Юрт мустақиллигини сақлаб, озод бир эл бўлиб яшаб қолишни шу йўсинда таърифлаган Турк хоқонлиги чоғида қуйидаги тушунчалар ўзликнинг улгисига, ўрнагига айланади:

 

1) эл-улуснинг ялпи оти – «турк»;

2) барча туркийларнинг тарихий ери – «Турон – Туркистон»;

3) туркийларнинг енгилмас ўз давлати – «Мангу Эл».

 

Туркий ўзликни асрашга бўлган ҳаракатларни Ўрхун битиктошлари, Чоч (Тошкент) ва Суғд (Самарқанд)да чиқарилган мис тангалар, суғдий, паҳлавий (ўрта форс), арман ва тибет тилларидаги ёзма манбаларда туркийлар юрти ўлароқ тилга олинган «Туркистон», «Другу-юл», яъни «Турк эли» тўғрисидаги билгиларда ҳам учратиш мумкин.

 

Ушбу тушунчалар хоқонликдан кейинги ўнлаб туркий сулолаларда у ёки бу кўринишда яшаб, кучайиб борди. Қорахонийлар (960-1212) бошқаруви чоғида Юсуф Хос Ҳожиб томонидан ёзилган «Қутадғу билиг» («Қут-баракага элтувчи билим»)да қуйидагича билгилар учрайди: «Мочин (Улуғ Чин) билағонлари бир тўхтамга келдиларки, Машриқ вилоятида, Туркистон элларида Бўғрахон (Қорахонийлар) тилида бирор кимса бугунгача бу китобдан яхшироқ китоб битмаганлар … Туронликлар буни «Қутадғу билиг» деб атадилар».

 

Қорахонийлар билан деярли бир вақтда яшаб ўтган бошқа йирик туркий сулолалар – Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Қипчоқ хонликлари бошқаруви чоғида ўзлик тушунчасига қандай ёндашилгани унчалик аниқ эмас. Теран изланишлар олиб борилмагани учун бу тўғрида етарлича билгиларга эга эмасмиз. Бошқарувда «илик-хоқон», «бўғра-хоқон», «арслон-хоқон», «бўри-тегин», «битикчи», «тамғачи» каби юзлаб туркий атоқ – унвону юмуш отларига урғу берган, туркий тилда китоблар ёзишга ундаган Қорахонийлардан бирмунча фарқли, ушбу туркий сулола етакчиларининг бошланғичда туркий ўзликни қўллаб-қувватлашгани Алп-тегин, Себук-тегин, Чағрибек, Тўғрулбек, Алпарслон каби отларидан кўриниб туради. Аммо, афсуски, кейинчалик уларда ҳам фарзандларига форсча, арабча исмлар қўйиш кучайиб кетгани кўзга ташланади. Ушбу сулолаларнинг иш юритиши, адабиётда она тилига қанчалик урғу берганликлари ҳам қоронғу. Аммо яна бир туркий сулола – Хоразмшоҳ-Африғийлар (1077-1231)нинг кўп йиллар бўйи болаларига Ануштегин, Отсиз, Эл-Арслон, Такаш, Мангуберди каби туркча от қўйгани, уларнинг туркий ўзликка нечоғлик яқин бўлганини кўрсатади. Ануштегинийлар бошқаруви чоғида туркий адабиёт анча ўсганини ҳам ўзлик тушунчаси билан боғлаб тушуниш керак бўлади.

 

Чингизий сулолалар бошқаруви чоғида турк дунёсида ўзига хос ўрин тутадиган турк-мўғул улуслари – Олтин Ўрда, Чиғатой, Қозон, Қрим, Сибир, Қозоқ хонликлари ва Ўзбек улусларидаги туркий ўзлик янги бир босқичига ўтади. Деярли беш юз йил бошқарувда бўлган Чингизийлар ҳам туркий тилда иш юритишади, ёрлиқлар ёзишади, ёзишмалар олиб боришади, ўз болаларига туркча ёки туркча-мўғулча от қўядилар. Чингизий сулолалар чоғида туркий адабиёт янада ўсиб, Қримда, Қозонда, Хоразмда ўнлаб тарихий ва бадиий улуғ-битик (китоб)лар ёзилади.

 

Амир Темур ва унинг издошлари эса Турк хоқонлиги ва Қорахонийлар сингари туркий ўзликка янада кенг урғу беришади. Темурийлар чоғида қуйидаги тушунчалар тобора кенгаяди:

 

1) бир вақтлар ягона она юрт ўлароқ билинган «Турон», «Туркистон» туйғуси қайтадан жонланади;

2) туркий эл-улуслар юзлаб уруғларга уюшган бўлсада, улар учун «турк» сўзи қайтадан бирлаштирувчи атамага айланади, шу билан бирга, янада аниқлаштириш эҳтиёжи туғилганда «рум турки» – Усмонийлар, «чиғатой турки» – Темурийлар, «туркмон» – Озарбайжон, Ироқ ва Эрон туркийлари, «қипчоқ турки» – Дашти қипчоқликлар учун қўлланилади;

3) туркий тилда гўзал асарлар ёзиш давлат кўламидаги улуғ юмушлардан бири бўлиб қолади.

 

Буюк Темурнинг ўзи Тўхтамишхонга юриш қилиб, Дашти Қипчоқнинг қоқ ўртаси – Улуғтоғ (Улитау – бугунги марказий Қозоғистон)га етиб борганда туркий элларга юзланар экан, ўша чоғларда мусулмон эллар орасида кенг ёйилган араб ва форс тилларида эмас, ўз она тилида битик ёзиб қолдиради. Ёзганда ҳам араб ёзуви негизидаги туркийда эмас, эски турк ёзуви бўлмиш, айрим ўринларда «уйғур ёзуви» деб аталаётган ёзувда туронликларга шу йўсинда юзланади: «Туроннинг султони Темурбек уч минг черик бирла ислом учун Тўхтамишхон Булғор хонига юриди …».

 

Амир Темур битикни ёздираркан, биринчи ўринда туркийларнинг ўзак ерларидан бири – Дашти Қипчоқ турғунларининг кўпчилиги туркий эл-улуслар эканини, бу гап барчага тушунарли бўлишини кўзда тутган бўлса, иккинчидан, «Турон» сўзи бутун туркийларни бирлаштирувчи қадимий тарихий атама эканини яхши англаб, ота-боболардан мерос ёзувни қўллайди. Бизнингча, Темурнинг битикдаги сўзлари ва ёзув тури туркий ўзликнинг ўзи, унинг қисқа ва лўнда ифодаси эди. Шунингдек, айримлар Темур билан, айримлар унинг издошлари билан боғлайдиган донгдор ибора – «Биз ким, мулуки Турон, амири Туркистонмиз! Миллатларнинг энг улуғи туркнинг бош бўғинимиз!» сўзлари темурийлар давридаги туркий ўзликка ёрқин ўрнак бўла олади.

 

Темурийлардаги ўзлик тушунчаси Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи», Бобурнинг туркий шеърлари ва «Бобурнома»сида, шунингдек, Алишер Навоийнинг асарларида ҳам ўз кўринишини топган. Биламизки, айниқса, Навоийчалик ҳеч бир туркий эл вакили ўзликни куйлай олган эмас: «Агар бир қавм, юз, йўқса мингдур. Муайян турк улуси худ менингдур. Олибмен тахти фармонимға осон. Черик тикмай Хитодин то Хуросон … Хуросон демагил Шерозу Табриз».

 

Бу тўртлик орқали Навоий Хитойдан то Хуросонгача, ундан ҳам наридаги Эроннинг Шероз ва Табриз каби туркийлар кўп яшайдиган шаҳар ва ўлкаларига ҳам туркий ўзликни танитишга урингани ва буни уддалаганига урғу беради. Навоийдан анча олдин ҳам Темурийларда туркий ўзлик кучли бўлганига бир ўрнак келтириб ўтсак. Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асари темурий бошқарувчиларнинг қўллаб-қувватлаши билан 1439 йили Ҳирот шаҳрида эски турк – уйғур ёзувида кўчирилади. Тили бирмунча «эскирган» ушбу асарнинг Темурийлар чоғида кўчирилиб, ардоқланиши, кейинчалик Усмонийлар саройига етиб бориши ўз-ўзидан бўлмаса керак. Бунинг негизида аждодларга ҳурматдан ташқари бошқа нарсалар ҳам ётган деб ўйлаймиз. Бу албатта ўзликка интилиш, уни очиқ ифодалаш эди.

 

Бобурийлар эса ўзлари учун бутунлай ёт бир маданий муҳитга тушиб қолишларига қарамай, «Турон», «Туркистон», «турк», «чиғатой турки» деган тушунчаларни анча кенг қўлладилар, она тилида тўртликлар битувчи билга кишиларга ўз саройларида ўрин бериб, ўнлаб туркча-форсча, туркча-ҳиндча сўзликлар яратилишига туртки бўлдилар.

 

Негизи Хун салтанатига бориб тақаладиган туркий ўзлик тушунчаси минг йиллар бўйи янада кенгайиб, янада бойиб борди ва Амир Темур ва Темурийлар салтанати чоғида ўзининг чўққисига, янги босқичига етди. Бу босқич ўз бошланмасини Турк хоқонлигидан олган Қорахонийлар чоғиданда ёрқинроқ ва юксакроқ эди. Албатта, бунда шубҳасиз Амир Темурнинг буюклиги ва билгалиги катта ўрин тутади.

 

Ғайбулла БОБОЁРОВ,

тарих фанлари доктори, профессор

 

Феруза ЖУМАНИЯЗОВА,

ЎзР ФА Шарқшунослик институти катта илмий ходими, доцент

 

Қўлланилган адабиётлар

Абдураҳмонов Ғ., Рустамов А. Қадимги туркий тил. Тошкент: Ўқитувчи, 1982.

Бабаяров Г., Кубатин А. К новому чтению и интерпретатсии легенд на некоторых доисламских монетах Самаркандского Согда // Тарих тафаккури. «Баркамол авлод» йилига бағишланган Республика тарихчи олимларининг илмий ишлар тўплами. Масъул муҳаррир ва тузувчи: Ш.Ҳ. Воҳидов. Бухоро, 2020. С. 22-32.

Кошғарий, Маҳмуд. Туркий сўзлар девони (Девону луғотит турк) / Таржимон ва нашрга тайёрловчи С.М. Муталлибов. 3 томлик. Тошкент, 1960-1963. I том.

Содиқов Қ. Темурбекнинг уйғур ёзувли мангутоши // Амир Темур таваллудининг 660 йиллик юбилейига бағишланган «Амир Темур даврида фан ва таълим ренессанси» мавзуидаги анжуман маърузаларининг тезислари. Тошкент, 1996. Б. 61-62

Тер­-Мкртичян Л. Х. Армянские источники о Средней Азии V – VII вв. М.: Наука, 1979.

Babayar G. Kutadgu Biligʼte Geçen Türkistan ve Turan Terimleri Üzerine // JOTS, 2/2, 2018. S. 26-49.

Babayar G. Semerkantʼta Bulunan «Kağan» Ve «Hatun» Unvanli Eski Türk Sikke Ve Mühürleri Üzerine // GTTAD, Cilt/Volume 1, Sayı/Issue 2, Temmuz/July 2019. S. 177-202.

Uray G. The Old Tibetan sources of the Central Asia up to 751 A. D.: a Survey // Prolegomena to the History of Pre-Islamic Central Asia. Ed. by J. Harmatta. Budapest, 1979. 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 49
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10436
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//