Туркистонни забт этилишида иштирок этган чор аскар ва зобитларининг машъум хунрезликлари, разилликлари тарихга қонли саҳифалар билан ёзилган. Хива хонлиги, Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигини босиб олишда қатнашган ҳарбийлар авлиё Георгий нишони, шунингдек, махсус – «Қўқон хонлигини забт этгани учун», «Марказий Осиёга юриши учун», «Хива хонлигига юриши учун» каби медаллар билан мукофотланган. Ҳақиқат шуки, нишон ва уни безаб турган «Георгий тасмаси» мардлик ва жасорат учун эмас, аксинча, босқинчилик, қишлоқ ва шаҳарларнинг кулини кўкка совуриш, тинч юртни вайронага айлантиришнинг мукофоти сифатида мустабид чор Россияси ҳарбийларига берилган.
Шундай ҳарбийлардан бири, ўрта Осиё халқларини ўта ёмон кўрган, ярим пошшо лақабини олган Туркистон генерал губернатори, қонхўр генерал адъютант фон Кауфман ҳисобланади. 1868 йили унинг бошчилигидаги армия Самарқандни забт этиб, Зирабулоқда амир Музаффар қўшинларини мағлубиятга учратади. Уруш авж палласига кирганда Шаҳрисабз ва Китоб беклари ҳамда шаҳар атрофида яшовчи эл-элатлар бирлашиб, руслар эгаллаган Самарқандни қамал қилишади. Натижада қалъадаги 500 га яқин рус аскари ниҳоятда танг аҳволда қолади. Вазиятдан хабар топган Кауфман тезда орқага қайтиб, исённи шафқатсизларча бостиради. Унинг тинч аҳолини қириш, талаш ва муаззам шаҳарни култепага айлантириш ҳақидаги буйруғи рассом В.Верешчагиннинг «Хотиралар» китобида шундай битилади:
…Кауфман зоти олийлари бу ипирисқиларга қатъият қанақа бўлишини кўрсатиш мақсадида бутун шаҳарни жазолаш, ҳеч кимга шафқат қилмаслик ҳақида буйруқ берди. Жазо отряди ҳеч кимни аяб ўтирмади. Майор Назаров саккиз кунлик қаршилик ва етказилган зарар учун ёввойи шаҳарликлардан аёвсиз ўч олди. Улар орасида Шердор мадрасаси минораларидан чиқиб, аскарларимизни ўққа тутган ифлослар ҳам бор эди. Бу лаънатилар шунақа мерган эканки, қанча мард йигитларимизни ҳалок қилишди.
Ниҳоят шаҳар аҳлидан боплаб ўч олган Кауфман жаноблари қўрғонимизга ташриф буюрди. Зобитлар қуршовидаги муҳтарам Константин Петрович папирос чекканча шоҳона курсида савлат тўкиб ўтирар ва бепарволик билан бир гапни қайтарарди: «Буларни отиш керак, отиш керак, отиш керак!.. »
Хива юришида Кауфманга ҳамроҳ бўлган америкалик журналист Мак Гахан эса хотираларида чор аскарларининг Хива тупроғидаги ваҳшийлик ва бедодликларини қуйидагича тасвирлайди: «Жангчилар қўлларида ёниб турган калтаклари билан чуқур ва деворлардан худди иблис каби сакраб ўтиб, ортидан олов ва тутунни қолдирарди. Улар бемалол уйларга яқинлашиб сомон бўғотларга ва буғдой ғарамларига оловни ирғитишарди. Ҳаял ўтмай олов тўлқини ва осмонга кўтарилган қоп-қора тутун аскар ўз ишини қойилмақом уддалаганини тасдиқларди».
«Бутун мамлакат олов ичида ёнарди. Аянчли бу манзара – мушфиқ мамлакат ва унинг содда фуқаролари билан ёвузларча ҳисоб-китоб қилаётган урушнинг ваҳшатли томошаси эди», дея сўзида давом этади муаллиф. – Мен атрофга қараш учун бир дақиқа тўхтадим. Мана, бошидан ўқ еган туркман қумда ётибди: ундан сал нарида юзини қилич тилиб кетган казак жон талвасасида. 3-4 болани тўсиб олган икки аёл қумга ўтирганча казаклардан шафқат сўраб ёлвормоқда. Мен аёлларни тинчлантириш учун «омон, омон», дея бақираман.
Фон Кауфман аскарларининг ёвмутлар бошига келтирган шўришлари тарихчи Муҳаммад Юсуф Баёний тасвирида янада фожиали тус олади:
«Галавачоф ёвмутларнинг таъқиблари учун қазоқ отлиларининг ораларидин етти бўлак отлини интихоб этиб (ажратиб), Принс(шаҳзода) Южин отлиғ бир зобитни оларға саркарда қилиб ирсол этди. Булар бир миль йўл юруб, бир жамоат ёвмутларнинг изларидин еттиларким, баъзилари қаррилиқ жиҳатидин, баъзилари беморлиқ сабабидин ва баъзилари аёлу атфол(гўдак)лариға ҳамроҳлик этиб ўғлонларин орқалариға кўтармак била ҳориб суст бўлуб, афтону хезон борур эрдилар. Қазоқ отлилар оларни кўрган ҳамоно от солиб бориб ҳаммаларини қатл эттилар. Ондин ўтуб яна бир жамоа ёвмутларнинг изларидин етдиларким, уларнинг кўзлариға дунёву жаҳон қоронғу бўлуб, Русия аскарига ақсум(қасдма-қасд) бўлдилар. Баъзи хотунларнинг ҳам чап қўлида боласи ва ўнг қўлида тиғ била Русия отлилариға ҳамла қилур эрдилар. Бир миқдор уруш бўлғондин сўнг, Русия аскари ғолиб келиб, оларнинг ҳам ҳаммаларин тиғу тўфанг билан қириб тамом этдилар».
Генерал Кауфман Самарқанд аҳолисини ёппасига қиргани учун 3-даражали авлиё Георгий ва «Оқ бургут» нишонлари билан, 1873 йили Хивани вайрон этганида 2-даражали авлиё Георгий нишони ҳамда «Хива босиб олингани учун» медали, 1876 йил эса Қўқон хонлиги босиб олингани учун» медали билан тақдирланади.
Туркистонни босиб олишда «жонбозлик» кўрсатганлардан яна бири генерал Герасим Колпаковский ҳисобланади. 1860 йилда унинг бошчилигидаги минг кишилик казаклардан иборат махсус отряд 16 минг кишилик Қўқон хони қўшинлари билан тўқнашади. Уч кунлик аёвсиз жанглардан кейин, замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғлар билан қуролланган рус қўшинлари хонлик армиясини чекинишга мажбур этади. Қўқонликлар тарафида жанг қилган қозоқлардан тузилган отлиқ қўшиннинг чалғитувчи ҳийласи туркистонликларни бутунлай мағлуб бўлишдан асраб қолади. Мана шу жанг учун Герасим Колпаковский полковник унвонига ҳамда 4-даражали авлиё Георгий нишонига сазовор бўлади.
Шундан сўнг Колпаковский 1862 йили Чу водийси ҳудудига йўл олган махсус қўшинга ҳам бошчилик қилади ва Тўқмоқ шаҳрини эгаллайди. Ўн кунлик қамалдан сўнг Пишпек(ҳозирги Қирғизистон пойтахти) қалъасини вайрон қилади. 1871 йилда эса аллақачон генерал унвонини олган Колпаковский Ғулжа(Хитой) юришига қўмондон этиб тайинланади. Юриш давомида Или ўлкасининг 23 минг квадрат километр майдони Россия империяси тасарруфига ўтказилгани эвазига у энди 3-даражали авлиё Георгий нишони билан сийланади.
Колпаковский 1875-76 йиллардаги Қўқон урушида жазо отрядига қўмондонлик қилган. Бу вақтда хонликда вазият оғирлашган, босқинлар, Пўлатхон бошчилигида халқ қўзғолонларидан сўнг элнинг тинка мадори қуриганди. Ҳаёт тамомила издан чиқиб, қайғу-алам кўзёшлари ва қонлар дарёдай оқарди. Шундай вазиятда вақтинча Петербургда бўлиб турган генерал губернатор Кауфмандан Қўқон хонлигини империя таркибига қўшиб олиш тўғрисидаги шошилинчнома(телеграмма) келади. Шундан сўнг Хўжанд, Андижон ва Тошкентдан келган ҳарбий қисмлар Наманганда, Скобелевнинг қўл остида бирлашиб, Қўқонга юриш қилади ва 8 февралда хон ўрдасини эгаллашади. Собиқ хон Саид Насриддинхон ва Абдураҳмон офтобачи Тошкентга, кейин нафақа тайинланиб, Россияга сургун қилинади. 1 март куни Марғилонда Пўлатхон дорга осилади. Алқисса, шу тариқа 150 йилдан зиёд тарихга эга Қўқон хонлиги тугатилиб, ўрнида Фарғона вилояти тузилади.
Табиийки, 1917 йилдан кейин авлиё Георгий нишони ва тасмаси тарих чиқиндихонасига итқитилди ва кўп йиллар давомида унутилди. Аммо СССР тарқалиб кетгандан сўнг, аниқроғи, 2005 йилдан буён чор Россияси мафкураси рамзи бўлган Георгий тасмаси Россия империясининг ўтган асрлардаги зафарли босқинчилик юришларини қўмсаб, қайта тикланди. Рангли боғич эндиликда Россия Федерациясида Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабани ифодаловчи рамзий белги сифатида эътироф этилиб, миллий қадриятларга кўра таъсис этилган давлат белгиси ҳисобланади.
Миллий қадриятлари, сиёсати ва мафкурасидан келиб чиққан ҳолда жорий қилган турли мукофот ва давлат рамзларини ҳар бир давлат ўз ҳудуди, ўз халқи орасида тарғиб қилишига асло эътирозимиз йўқ. Аммо «Георгий тасмаси»ни бошқа бир мамлакат халқи, хусусан, Ўзбекистон Республикаси учун тиқиштиришнинг сабаби нимада? Бу, албатта, энг содда кимсага ҳам тушунарли, яъни империяпарастлартштп қутқуси. Ҳа, бугун собиқ империяни қўмсовчилар турли шаклларда ўзларнинг ғояларини тарғиб этишмоқда. Аммо анойилар йўқ, Георгий тасмасини тақиш МДҲ ҳудудларида тақиқланмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий руҳдаги Шараф тасмаси жорий этилиб, байрам арафасида аҳоли гавжум жойларда, кўчалар, майдонларда тарқатилаётгани айни муддао бўлди. Байроғимиз тасвири акс этган тасма аҳоли, айниқса, ёшларимизда миллий ғурурни уйғотишига шубҳа йўқ.
Абдумажид АЗИМОВ
Oyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ