Туркистон легиони ҳақида илк бора 2006 йилда тўлиқроқ тасаввурга эга бўлдим, унга қадар узуқ-юлуқ маълумот бор эди, холос. Ўша-ўша бу мавзуга қизиқишим ортса ортдики, асло сусаймади. Илмий манбалар, тақдир тақозоси билан она юртдан айро тушиб, Истанбулда муқим жойлашиб қолган ватандошларимиз билан суҳбатлар, шунингдек, хотира китобларидан легион ҳақида ўрганишга киришдим.
Туркиялик олим ва журналист, асли туркистонлик Чиғатой Кўчарнинг шахсий кутубхонасида мавзуга доир бир дунё архив материаллари бор экан. Ўзбекистоннинг дўсти Чиғатой оғамизнинг Адана шаҳридаги уйида кўп бора қўноқ бўлганман, кечалари мижжа қоқмай узун суҳбатлар қурганмиз, китобу ҳужжатларни варақлаганман, улардан иқтибослар ёзиб олганман, йирикроқ асарлардан нусха кўчирганман. Қўли очиқ мезбон бир талай китобу журналлар туҳфа қилган. Чиғатой Кўчар журналист сифатида легиончилар билан суҳбатлашган, улар ҳақида радиоэшиттиришлар тайёрлаган. Хонадонида меҳмон бўлган чоғимда қарийб ярим аср аввал магнит тасмасига ёзилган суҳбатларни тинглаганман... Вақти-соати келганда Туркистон легиони ҳақида салмоқлироқ мақола ёзаман деган ниятда кейин ҳам изланишни тўхтатмадим.
Очиқ айтмоқ керакки, қаламга олинаётган мавзу ҳам қалтис, ҳам баҳсли. Расмий идоралар тугул олиму зиёлилар ҳам легиончиларнинг маслагу матлаби борасида якдил фикрда эмас. Тарихчиликка даъвом йўқ, баҳс-мунозара очмоқ ниятидан ҳам йироқман. Аммо мени кўп йиллардан буён ўйлантираётган масалада жиллақурса публицист нигоҳи ила недир қораламасам бўлмас эди.
“Ўзбекистоннинг янги тарихи” туркумидаги иккинчи китобда (“Шарқ” НМАК, 2000) бундай дейилади: “Легионерларга ижтимоий-сиёсий баҳо бериш ҳам мураккаблигича қолмоқда. Совет тарихшунослигида улар... “совет халқининг сотқинлари” деб таърифланган. Ғарб тарихшунослигида, кейинги вақтларда эса, бизнинг матбуотимизда “кўнгиллилар” – мустабид тузумга қарши ғоявий курашчилар, мамлакатни немис армияси ёрдамида сталинча зулмдан озод қилиш учун қуролли кураш олиб боришга тайёр турган кишилар деб баҳоланмоқда... Бу масалани чуқур ўрганиш ва холисона баҳо бериш тарихчи олимлар олдида турган муҳим вазифалардандир”.
Ушбу мақоламизни ҳам ҳассос мавзу тадқиқи йўлида камтарона бир қадам ўлароқ қабул қилгайсиз, азиз муштарий. Бу борада маслаҳату тавсияларини дариғ тутмаган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги полковник, билимдон тарихчи Худойберди Соҳибовга алоҳида миннатдорлик билдираман.
Бўронолди сукунат
Германия Биринчи жаҳон урушида мағлубиятга учрагач, 1919 йил 28 июнда Версаль шартномасини имзоламоққа мажбур бўлади. Иккинчи томондан ҳужжатга ғолиб давлатлар – Буюк Британия, Франция, АҚШ, Италия ва Япония имзо чекади. Гарданига талай мажбуриятларни олган Берлин кеч бўлса-да битим юзасидан норозилик билдиради, аммо бу вақтга келиб ғишт қолипдан кўчиб бўлган эди. 1926 йилдан эътиборан Германияда саноат яна юксалиш йўлига киради, мамлакат қайта тиклаш юмушлари билан ўзини ўзи овутади. 1929 йилда эса юрагида қасос ўти ёнаётган миллатчи социалистлар ҳокимиятга келади. Қисқа вақт ичида кучли қўшин тузган Берлин ҳукумати яна Европага таҳдид сола бошлайди...
1917 йили Русияда оқподшо инқилоб йўли билан тахтдан четлатилади. Давлат тепасига келган большевиклар Туркистон халқларига ҳам эркинлик ва адолат ваъда қилади. Аммо кўп ўтмай ниқоблар ечилади, коммунистлар ҳокимияти ўлкадаги озодлик ҳаракатини шафқатсизларча бостиради. Туркистон халқлари сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқлари қайтариб берилмаслиги, ҳуррият эшиклари ёпилганини англаб етади...
1930-йиллар охирида Европада ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий вазият мураккаблашиб, Иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетди. 1939 йилда немис қўшини аввал Польшани, кейин Болтиқбўйи ва Бенилюкс мамлакатларини ишғол қилади. 1941 йил 22 июнда Совет Иттифоқи ҳудудига бостириб киради. Ҳитлерчилар Москвага яқинлашади, Ленинградни қуршовга олади.
Фашистларнинг Совет Иттифоқига ҳужумидан тўрт-беш ой ўтар-ўтмас Қизил армиянинг 3,8 миллион аскари асир тушади. Олмон тарихчилари тўрт йиллик уруш давомида жами 5 миллион 270 минг ҳарбий асир тушган деб ёзса, совет манбаларида 4 миллион 600 минг рақами келтирилган.
Чиғатой Кўчар “Туркистонликлар – ота юртдан она юртда” (“Atayurttan Anayurtda Türkistanlılar”) китобида қайд этишича, 1941–1943 йилларда 4 миллион 487 минг 775 нафар туркистонлик жанг майдонига сафарбар қилинган. Бошқа манбаларда бундан фарқли рақамларни ўқиш мумкин. Илк муҳораба даври синчиклаб ўрганилса, янада қизиқ далиллар юзага чиқади.
Шахмат тахтасидаги пиёдалар
Урушнинг дастлабки йилларида Ғарбий жабҳада икки миллион туркистонлик аскар хизмат қилган (туркистонлик деганда бугунги Марказий Осиё халқлари тушунилмоғи керак). Ўша кезлар уларнинг ярмидан зиёди асир тушган.
“Афсуски, юз мингларча туркистонликлар Оврупонинг уларга жилла алоқадор бўлмаган уруши тугагунча шахмат тахтасидаги пиёда ролини ўйнадилар, ҳар икки тарафнинг жанг майдонларида қурбон бўлдилар”, деб ёзади туркиялик олим ва давлат арбоби Аҳад Андижоний “Жадидчиликдан ҳурриятгача: хорижда Туркистон кураши” (“Cedidizm›den Bağımsızlığa: Hariçte Türkistan Mücadelesi”) асарида.
Хўш, минтақамиз вакиллари қай тарзда киндик қони тўкилган заминдан минглаб чақирим олисдаги муҳораба майдонида пайдо бўлиб қолди?
Совет раҳбарияти Иккинчи жаҳон уруши бошлангунга қадар туркистонликларга тўла-тўкис ишонмаганини қайд этиш жоиз. Буни биргина факт – улар ҳарб ишларига жалб қилинмагани ҳам тасдиқлайди. Немисларнинг Польшага ҳужумидан кейин Совет Иттифоқида ялпи мажбурий ҳарбий хизмат жорий қилинади. Туркистонликлар илк бор 1939 йилнинг 30 ноябрида Совет Иттифоқи ва Финляндия савашида қатнашади. Келгуси йил баҳорда қирғинбарот тугайди, аммо туркистонлик аскарлар ватанига қайтмайди, балки Қизил армия сафида хизматни давом эттиргани Украина ва Польшага йўл олади.
1941 йилнинг июнида иттифоқдош республикалар аскарлари Ғарбий фронтга сафарбар қилинади. Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг норғул йигитлари пухта жанговар тайёргарликдан ўтган ва яхши қуролланган эди дея олмаймиз. Аскар йигитларимизнинг аксари рус тилини яхши билмаган. Боз устига, урушнинг дастлабки ойларида уларнинг қўлига ёғоч милтиқ бериб қўйилгани, ҳарбий анжомлар ҳам танқис бўлгани маълум. Шунга қарамай, улар олд фронтга – энг хатарли жабҳага йўлланган. Тасаввур қилинг, ортингизда рус зобити, қаршингизда немис фашисти. Иккисидан ҳам қочиб қутула олмайсиз: ё ҳаёт, ё мамот!.. Туркистонлик аскарлар урушнинг илк ойларида оммавий равишда фашистларга асир тушганининг асл сабаби шу. Немис эса азалдан ҳисоб-китобни тўғри оладиган халқ. Ўша вақтда ҳам стратегик режа тузиб, асирлардан самарали фойдаланмоқни кўзлаган.
Яна бир тарихий факт шуки, олмонлар XIX аср охири – XX аср бошидаёқ Туркистон ўлкаси ҳақида анчагина маълумотга эга бўлган. Ўша кезлар Германиянинг кўплаб мануфактуралари, корхоналари чор Русиясида ўз ваколатхонасини очади. 1895 йилда йирик шаҳар ва уездларда бўлинмалар сони 44 тага етган. Жумладан, Туркистонда ҳам олмон корхоналари бўлинмалари фаолият юритган. Манбаларда бир йилда салкам 69 минг дона “Зингер” тикув машинаси сотилгани қайд этилади.
Октябрь инқилобига қадар Усмонхўжа Пўлатхўжа, Абдурауф Фитрат, Ғози Юнус, Убайдулла Хўжаев каби туркистонлик зиёлилар Туркия, Россия ва бошқа хорижий мамлакатлар олий ўқув юртларида таҳсил олиб келган эди. Германия ҳам илмий-сиёсий жиҳатдан етук кадрлар тайёрлашда истиқболли мамлакат саналган. 1922 йили етмишга яқин миллатдошимиз Берлинга ўқишга юборилган.
Сираси, олмонларда туркистонликлар ҳақида илиқ тасаввур шаклланган эди.
Эҳтимол, бугунги авлоднинг советлар томонидан Озарбойжон, Ўрта Осиё, Шимолий Кавказ, Волгабўйи ва Қирим босиб олингани, кейинчалик туркистонликлар немисларнинг молиявий ва сиёсий дастаги билан “бузилғон ўлка”ни озод этмоққа уринганини тушуниши мушкул кечар. Аммо большевиклар зулмидан қочиб, нацистлар билан ҳамкорлик қилганларнинг бошида ўлка зиёлилари тургани тарихий ҳақиқат. Улар биринчи галда асирликдаги ватандошлари ҳаётини қутқармоққа ошиққан. Олмон манбаларига кўра, 1941–1945 йилларда 5,2 миллион совет аскаридан 3,3 миллиони лагерларда очлик, эпидемия ва қаҳратон сабаб вафот этган. Собиқ асирлар қўшни лагерда сақланаётган французларнинг емоқ-ичмоғи бадастир бўлгани, совет фуқаролари эса очликка маҳкум экани ҳақида ёзган.
Тутқунликдан қочишга муваффақ бўлган Олим Аламатнинг хотирлашича, олти ой ичида лагердаги саксон минг маҳбусдан бор-йўғи уч минги тирик қолади. Ҳар куни юзга яқин жасад машинага юкланиб, яқин-атрофдаги хандақларга кўмиб юборилган...
Илк одим
1941 йилнинг кузида Адольф Ҳитлерга кутилмаганда кўп сонли совет аскарлари асир олингани тўғрисида ахборот берилади. Ана ўшанда рус миллатига мансуб бўлмаган асирлардан советларга қарши курашда фойдаланиш фикри туғилади. Русларнинг қарши томонга қочиб ўтиши, дезертирлигидан хабардор бўлган нацистлар доҳийси уларга ишонмаган. Совет генерали, Русларни озод этиш армияси раҳбари Андрей Власовнинг тақдири бунга ёрқин далил эди. Шу сабаб рус асирлари асосан фронторти ёки жанубий фронтдаги иккинчи даражали объектларда меҳнат қилган.
Германиянинг Анқарадаги элчиси Франц фон Папенга рус бўлмаган асирлардан фойдаланиш борасида Туркия зиёлиларидан маслаҳат олиш топширилади. Дипломат Ташқи ишлар вазирлигига йўллаган ҳисоботида Шюкрю Йембағчи, Анвар пошонинг акаси генерал Нури Киллигил, Заки Валидий Тўғон, Жаъфар Аҳмад, Мемдуҳ Шавкат, генерал Ҳусну Эмир Эркилет билан мулоқотда бўлганини ёзади. 1918 йилда Кавказ ислом ўрдусига қўмондонлик қилган Нури пошо Берлинга таклиф қилинади. Музокаралар чоғида у Биринчи жаҳон урушида бўлгани каби пойтахт яқинида Вюнсдорф лагерини қайта тиклаш, туркий ва мусулмон асирларини қолган миллатлардан ажратиб олиш, уларни алоҳида жойлаштириш зарурлигини уқтиради. У асирлар лагерига раҳбар бўлишга рози эканини ҳам айтади. Бу орада Туркиядан олмон академиясининг собиқ қўмондони Али Фуат Эрден, генерал Ҳусну Эмир Эркилет ва бир қатор зиёлилар Германияга келади. Музокараларда турклар Германия раҳбариятидан уруш ниҳоялангач, Кавказ ва Туркистон ўлкаларига мустақиллик беришни талаб қилади. Германия бу талабга рўйхушлик бермади. Шу тариқа Берлиндаги музокаралар натижасиз якунланди.
Учинчи Рейх мафкураси асосчиларидан Альфред Розенберг туркистонлик ва кавказлик асирлардан иборат кўнгилли отрядлар тузиш, Украина ва Болтиқбўйи халқларини бошқалардан ажратиш ғоясини ўртага ташлайди. Таклиф инобатга олиниб, туркистонлик ва озарбойжонлик асирлардан иборат икки махсус бўлинма тузилади. 6-Туркистон бўлинмасига капитан Майер Мардер бошчилик қилади. Кейинроқ номи ўзгартирилган 450-пиёдалар батальонида фақат озарбойжонлар хизмат қилади. 1941 йил октябрда эса кавказликлардан иборат Бергман махсус иттифоқи бўлинмаси ташкил этилади.
Туркистон легиони “ота”лари
Урушнинг илк ойлари ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик ва қорақалпоқ асирлари Варшавадан 18 км узоқликдаги Легионово лагерига жойлаштирилади. Ўша йилларда Европанинг бошқа шаҳарларида ҳам кўплаб тутқунгоҳлар очилган. 72 кунгина яшаган Туркистон мухторияти сардори Мустафо Чўқай ва Германияда таҳсил олиб, у ерда қолиб кетган Вали Қаюмхон бу ишга бош бўлади. Шу ўринда легион фаолиятида муҳим ўрин тутган мазкур икки тарихий шахснинг мухтасар таржимаи ҳолини баён қилиб ўтсак.
Мустафо Чўқай (1890–1941) 1910 йилда Тошкент эркаклар гимназиясида, кейин Санкт-Петербург император университетининг юридик факультетида таҳсил олади. 1916 йилда Русия империяси Давлат думасида мусулмонлар фракцияси котиби бўлиб ишлайди. Думадаги фаолияти даврида дўстлари билан “Туркистон бирлиги” ташкилотини тузади. 1917 йилги инқилобдан кейин ўлкада янги давлат таъсис этишда жонбозлик кўрсатади.
1917 йил 27 ноябрь куни Қўқонда ўтган ўлка мусулмонларининг қурултойида Туркистон мухторияти ташкил этилади. Муҳаммаджон Тинишбоев ҳукумат раҳбари, Мустафо Чўқай унинг ўринбосари ва ташқи ишлар вазири этиб тайинланади. Большевиклар билан муносабатларнинг кескинлашуви оқибатида М.Тинишбоев истеъфо беради ва унинг ўрнини М.Чўқай эгаллайди. Қўқон қонга ботирилиб, Мухторият ағдарилгач, у чет элга кетади. Хусусан, совет давлатига қарши тузилган “Прометей” ҳаракатининг Париж бўлимида фаоллик кўрсатади. 1929–1939 йилларда туркистонлик муҳожирларнинг матбуот нашри – “Ёш Туркистон” журналига муҳаррирлик қилади. Мажалла илк сонидан Туркистон миллий истиқлоли мафкурасига бағишланган мақолалар чоп этади.
Фашистлар Совет Иттифоқига қарши уруш очиш арафасида сиёсий муҳожирларни оғдириб, ўз манфаатларига хизмат қилдириш режасини тузган эди. М.Чўқайнинг аксилсовет позицияси ва фаолияти ҳам нацистлар Германияси диққатини тортади. 1941 йил 22 июндан кейин Парижда махсус операция ўтказган нацистлар Мустафо Чўқайни тутиб, Берлинга келтиради. Мухториятнинг собиқ раҳбарига туркистонлик асирлар билан мулоқот олиб бориш, уларнинг кайфиятини ўрганиш топширилади.
Вали Қаюмхон (1904–1993) Тошкентда туғилган. Мунаввар қори очган жадид мактабида, сўнг Бухоро педтехникумида ўқийди. 1922 йили Бухоро Халқ Республикаси кўмагида 70 нафар ёшлар сафида Германияга йўл олади. Берлин университетининг қишлоқ хўжалиги факультетини муваффақиятли битиради. Талабалик йилларидаёқ Туркистон ва унинг озодлиги мавзуларида мақолалар ёзади. Шу важдан Совет Иттифоқининг Берлиндаги элчихонаси томонидан бир неча бор огоҳлантирилади. Катта умидлар билан олмон заминига ўқишга юборилган туркистонлик ёшларнинг тақдири фожиали якунлангани маълум. Уларнинг айримлари шўро давлати томонидан қатл этилган, яна айримлари сургун қилинган, оз сонли қисми хорижий мамлакатларда жон сақлаган. Вали Қаюмхон таҳсилдан кейин Германияда муқим яшаб қолган ягона туркистонлик эди.
У Туркистон миллий муҳожироти етакчиси Мустафо Чўқай ҳамда Германия дипломатлари, разведкачилари билан мустаҳкам алоқа ўрнатади. Манбаларга кўра, В.Қаюмхон 1920–1945 йилларда фаолият кўрсатган Немис миллий-социалистик партияси қарашларини қўллаган, Учинчи Рейхни Туркистон миллатининг иттифоқдоши деб билган.
Немисларнинг Совет Иттифоқига ҳужуми унинг Туркистон озодлиги орзусига қайта ҳаёт бахш этгандек бўлади: у легионни ташкил этишда жонбозлик кўрсатади. Озод Туркистон ғоясининг яна бир яловбардори Боймирза Ҳайитнинг гувоҳлик беришича, ўн минглаб туркистонликларни асирлик азоби ва муқаррар ўлимдан қутқариб қолгани учун Вали Қаюмхонга “Ота” деган шарафли ном берилган. В.Қаюмхон Туркистон миллий бирлик қўмитасини тузади, “Миллий Туркистон”, “Миллий адабиёт” журналлари ҳамда “Янги Туркистон” газетасини ташкил этади. Урушдан кейин Ғарбий Германияда яшаган сиёсатчи умрининг охиригача ҳуррият ғояси йўлида курашади.
Туркистон легиони хусусида сўз борганда, Боймирза Ҳайит (1917–2006) ва Рўзи Назар (1917–2015) номлари ҳам зикр этилади.
Тошкент давлат университетининг тарих факультетини битирган Боймирза Ҳайит 1939 йилнинг декабрь ойида ҳарбий хизматга чақирилади. Бараново шаҳри яқинида қисқа ҳарб таҳсилидан кейин 1940 йили танк қўшинига юборилади. Урушнинг дастлабки ойидаёқ немисларга асир тушади. 1942 йилда Туркистон легиони сафига қўшилади. “Миллий Туркистон” журнали, “Янги Туркистон” газетасида мақолалар чоп этади. 1944 йил апрелда Миллий Туркистон бирлиги қўмитасининг ҳарбий ишлар бўлими мудири этиб тайинланади. 1945 йилнинг 5 май куни америкаликлар тарафидан асир олинади. Тергов чоғида айби тасдиқланмай озод этилади. Б.Ҳайит кейинроқ Туркистон тарихи ҳақида талай китоб ва мақолалар ёзган.
Рўзи Назар айрим нашрларда Туркистон легионининг фаол аъзоси, раҳбарларидан бири деб таърифланади. Аммо, бизнингча, у кўпроқ Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ Марказий разведка бошқармасидаги фаолияти билан тилга тушган. Америка киноусталари суратга олган “Арго” операцияси” фильмини томоша қилганлар картина 1979 йилги Эрон инқилоби тўғрисида эканидан хабардор, аммо бош қаҳрамон прототипи Рўзи Назар эканини ҳамма ҳам билмаса керак. Бу энди алоҳида тарих...
Катта Туркистон орзуси
Алқисса, Мустафо Чўқай ва Вали Қаюмхон лагерларга бориб, туркистонлик маҳбуслар билан суҳбат ўтказади. Уларга Туркистон батальонини тузиб, ота-боболардан мерос ҳудудларни қайтариб олишдек хайрли ишга бош қўшиш таклиф этилади. Энг муҳими, ҳарбий тутқунларга жони омонда бўлиши муждаси берилади.
Иш авжи қизиган паллада, 1941 йил 27 декабрда лагерма-лагерь юриб, касаллик юқтириб олган Мустафо Чўқай вафот этади. Фашистлар билан мулоқотни давом эттириш, легион тузиш билан боғлиқ барча ташвишлар Вали Қаюмхон зиммасига тушади. У эндиликда Туркистон муҳожироти раҳбарига ҳам айланади.
Ниҳоят, 1942 йил бошида Вермахт (Германия Қуролли кучлари) раҳбариятининг дастаги билан Туркистон миллий легиони тузилади. Вали Қаюмхон расман раҳбар эканига қарамай, легионни немислар идора этган. Айрим рота ва взводларга легионерлардан етакчи тайинланса-да, ўринбосар албатта немис бўлган.
Март ойида 1000–1200 кишилик жанговар батальонлар тузилиб, завод-фабрикалар ва стратегик иншоотларни қўриқлашга жалб этилган. Легион жангчилари, шунингдек, Италия, Югославия ва Франциядаги партизанлик ҳаракатларида қатнашган.
Ҳодисаларга бугунги кун нигоҳи билан қаралса, туркистонлик йигитларнинг фашистлар билан ҳамкорлик қилгани эътироз уйғотиши табиий. Аммо тарихий давр ва муҳитни ҳам эътибордан соқит қилмаслик керак. Большевикларнинг истиқлолчилик (қизил мафкура даъвосича, “босмачилик”) ҳаракатини аёвсиз бостиргани, 20-йиллар охирида бошланган коллективлаштириш балоси, миллатнинг асл зиёлилари қатағон қилингани, диний ва миллий камситишлар... булар Туркистоннинг ялангтўш ўғлонлари қалбида чандиқ қолдирмаган деб ўйлайсизми?! Бу борада салкам бир аср умр кўрган собиқ асир Рўзи Назарнинг “Туркистон озодлиги учун биз – легионерлар ҳатто шайтон билан ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр эдик” деган образли гапини эслаш ўринлидир. Жаҳон муҳорабаси кечаётган мураккаб даврда минтақага ҳурлик бериш, Германия протекторати – ҳимояси остида Катта Туркистон давлатини тузиш ғояси ушалмас орзу эмас, балки муқаррар ҳодиса ўлароқ қабул қилинган бўлса ажаб эмасдир. Хўш, минглаб юртдошларимизнинг қўйни пуч ёнғоққа тўлдирилганмиди? Ё Ҳитлер ҳокимияти чиндан ҳам туркистонликларга мурувват кўрсатмоқчи бўлганми? Инсоният тарихига энг ёвуз тўдалардан бири ўлароқ кирган нацистларнинг асл мақсад-муддаоси нима эди ўзи? Булар – эҳтиросу ҳаяжонни жиловлаб, оғир-вазминлик билан мушоҳада юритмоқни талаб этадиган саволлардир...
Туркистонликлар бу терс жангга руҳан тайёр бўлганини таъкидламоқ лозим. Йигитларимиз фронт ортида, ёрдамчи бўлинмаларда хизмат бурчини ўтаган. Архив ҳужжатларига кўра, улар артиллерия омборларини қўриқлаш, темирйўл қурилиши ва таъминоти, шунингдек, сапёрлик ишларида фаолият юритган. Уруш даврида 202 та ёрдамчи бўлинма ташкил этилган бўлса, уларнинг 111 тасига туркистонликлар қабул қилинган.
Ҳарбу зарбнинг самарасиз экани аён бўлиб қолгач, охирги бир-бир ярим йил ичида легионерларнинг фикр-қараши ўзгаради ва улар ёппасига партизанлар томонига ўта бошлайди. Мана, бир мисол. Фашистлар асири андижонлик Ғулом Алиев легионда хизмат қилган. Ғалабага тўрт кун қолганда, яъни 5 май куни совет ҳарбийлари томонидан қўлга олинади. Тергов жараёнида у қуйидагиларни сўзлаб беради: “1944 йил 25 декабрь Рождество куни дўстим Исоқжон Нарзиқул билан немисларни уйимизга таклиф қилдик, зиёфат бердик, роса арақ ичказдик. Ўзини билмайдиган даражада маст бўлиб қолган немисларни жойи ростонига жўнатдик. Исоқжон билан туркистонликларга немислардан ортиқ фойда йўқлигини англаб, шу йўлни танлаган эдик. Кейин словакларга, полковник Большинский раҳбарлигидаги партизанлар отрядига қўшилиб, фашистларга қарши курашдик”.
Мафкура жабҳасида
Сиёсий мақсадларни кўзлаган ҳар қандай ташкилот, тузилма мафкура жабҳасига эътибор қаратиши табиийдир. 1942 йилнинг август ойида ташкил қилинган Миллий Туркистон бирлиги қўмитасига Вали Қаюмхон раҳбарлик қилган. Мазкур мафкуравий тузилма Туркистон легионининг сиёсатини белгилаб берган. Қўмитанинг 15 та бўлими бўлиб, уларда минтақамизнинг зиёлилари, олим ва ижодкорлари фаолият юритган. Масалан, 25–30 кишидан иборат Миллий ташвиқот бўлими аскарлар орасида сиёсий мавзуларда суҳбатлар ўтказган. Саломатлик бўлими шифокорлари ярадор аскарлар дардига малҳам бўлган. Ижтимоий бўлим зиммасига ногиронлар ва адолатсизлик қурбони бўлганларга ёрдам кўрсатиш вазифаси юкланган.
“Асирликдаги ёшлар Европа, қолаверса, фашистлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун ўз мафкурамизни шакллантиришга мажбур бўлганмиз”, деган эди Вали Қаюмхон ОАВга берган интервьюсида.
Қўмита таъсисчи бўлган “Миллий Туркистон” журналининг илк сони ўша йил 15 августда дунё юзини кўради. Келаси йилдан “Янги Туркистон” ҳафтаномаси чиқа бошлайди. Уруш охиригача газета адади 15 мингдан 80 мингга етади. 1945 йил апрелда сўнгги сони босилади.
Ўша кезлар тузилган Туркистон миллий ёзувчилар бирлиги теграсида тутқунликдаги шоир-ёзувчилар жамланади. Ҳуррият, миллият мавзуларида асарлар чоп эттирилади. Чунончи, 1944 йилда Абдурауф Фитратнинг беш пардали “Ҳинд ихтилолчилари” пьесаси лотин алифбосида босилади. Унга сўзбоши ёзган Аҳмаджон Умархон ўғли Туркистон халқлари кўп йиллар рус империализми зулми остида эзилгани, ҳуррият йўлида тарихий кураш олиб борилганини баён қилади.
Уруш даврида “Манас” достонининг бир қисми, Абай ва Махтумқули шеърий тўпламлари нашр этилади. 30-йилларда қатағонга учраган туркистонлик шоир ва ёзувчилар асарлари ҳам Берлинда дунё юзини кўради.
1944 йил июнь ойида Вена шаҳрида Туркистон миллий бирлиги қўмитасининг 70 кишидан иборат парламенти тузилади. Ташкилий йиғилишда мингдан зиёд киши қатнашади. Турли миллатлар вакилларидан иборат парламент хорижда миллий ҳукумат ўлароқ қабул қилинади.
Хорижий легионга Туркистон нисбаси берилгани бежиз эмас. Зотан, у кезларда Марказий Осиё халқлари ҳали тўла-тўкис миллатларга ажратилмас, барча ўзини туркистонлик ҳисоблар ва бундан ғурур туяр эди. Легион байроғи ҳам Туркистон мухториятига ҳамоҳанг бўлган. Легиончи зобит ва аскарлар ўз ҳарбий формасига эга эди. Кителнинг ўнг енгида “Туркистон. Биз Оллоҳ билан!” ёки “Туркистон. Тангри биз билан!” ёзуви битилган. Аъзоликка қабул қилиш чоғи номзод қўлини Қуръони карим ва икки қилич устига қўйиб қасам ичган.
Режиссёр Равил Ботиров суратга олган “Йигирма олтинчиси отилмасин!” фильмида (1966) легионга оид лавҳалар, хусусан, аскарлар жамоа бўлиб намоз ўқигани акс этган эпизод бор. Даҳрий тузум цензурасидан бу лавҳа қандай омон ўтган – бизга қоронғи. Аммо ушбу далил легиончиларга намоз ўқишга рухсат берилгани, умуман, диний эркинликка риоя этилганини тасдиқлайди.
Собиқ асир Ҳусан Икромнинг хотирлашича, Туркистон миллий бирлик қўмитаси Қуръони каримни ихчам ҳажмда тайёрлатиб, аскарларга тарқатган. Ҳайит байрамлари кенг нишонланган, ҳатто Қурбон ҳайити куни қўй сўйилиб, эҳсон қилинган.
Генерал Власовнинг таклифи
СССРни яшин тезлигида босиб олиш кўзланган “Барбаросса” режаси барбод бўлгач, немислар асирлар орасидан большевикларга қарши курашни бошқариш учун номзод қидира бошлайди, таъбир жоиз бўлса, яна “сопини ўзидан чиқариш” усули қўлланади.
Ҳарбий разведка (Абвер) ходимлари Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталиннинг 1941 йилда Белоруссияда асир олинган ўғли Яковга шундай таклиф билан мурожаат қилади. Доҳийнинг фарзанди душман билан ҳамкорлик қилишдан бош тортади.
1942 йилнинг июлида фашистлар қуршовига тушиб қолган совет армияси генерали Андрей Власов охир-оқибат таслим бўлади ва бир оз муддатдан кейин Қизил армияга қарши урушга розилик беради. Ҳитлерчилар дастлаб совет генералининг қўшин тузиб кураш олиб боришига ишонмайди. Лекин у миллионга яқин аскар тўплашга эришади. Армия шакллантиришга киришган А.Власов Туркистон легионини ҳам ўз назоратига олиш пайига тушади. Легиончилар кўзлаган мурод-мақсадлари мутлақо бошқа экани сабаб власовчиларга қўшилиш таклифини рад этади. Жумладан, Вали Қаюмхон 1944 йилнинг октябрь ойида нацистлар раҳбарларидан бири Ҳенрих Ҳиммлерга мактубида “Власов русларнинг озодлик ҳаракати етакчиси, у фақат рус халқи номидан иш кўра олади. Совет Иттифоқи ҳудудида яшаб келаётган рус миллатига мансуб бўлмаган халқлар номидан иш олиб боролмайди”, дея эътирозини баён қилади.
Власов қўшини ва Туркистон легиони фаолияти муқояса қилинса, икки ўртада ер билан осмонча фарқ бўлганини кўриш мумкин. Такрор бўлса-да таъкидлаш жоизки, Туркистон озодлигини орзулаган легиончилар Ҳитлер режими билан муваққат ҳамкорлик қилган бўлса-да, фашист мафкурасини қўллаб-қувватламаган.
Алвидо, Туркистон легиони!
1945 йилнинг февралида АҚШ, Буюк Британия ва СССР етакчилари бўлмиш Франклин Рузвельт, Уинстон Черчилль ва Иосиф Сталин Ялтада учрашади. Дунё тарихида муҳим ўрин тутган машварат якунидан кўпчилик воқиф. Ялта анжуманида асирларга оид яна бир қарор қабул қилинганки, у минглаб туркистонликлар тақдирига таъсир кўрсатган.
Иттифоқчилар ҳар бир мамлакат урушда асир тушган ўз ватандошини қайтариб олишга ҳақли деган тўхтамга келади. Бу ғарблик асирлар учун қувонарли ҳол, бироқ Германияга асир тушган совет аскарлари учун ватанга қайтиш ўлим билан баробар эди.
Орадан кўп ўтмай, АҚШ, Буюк Британия ва Франция армиялари ўз ихтиёридаги туркистонлик ва бошқа миллат тутқунларини мажбуран СССРга қайтара бошлайди. Маҳбуслар вагонларда пешма-пеш Совет Иттифоқига жўнатилади.
Асирлар тақдири ҳақида сўз борар экан, Совет Иттифоқидаги шафқатсиз амалиёт хусусида ҳам икки оғиз тўхталиб ўтиш жоиз. 1943 йил апрель ойида асирларни тутиш ва жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида СМЕРШ (“Смерть шпионам” – “Жосусларга ўлим”) аксилразведка бўлинмалари тузилади. Уч йил давомида ватан сотқинлари, хоинлар, ҳарбий қисмни ташлаб қочганлар устидан иш олиб борилади. Шу тариқа қарийб 630 минг “жиноятчи” аниқланиб, қамоққа ташланади. Маҳбусларнинг бир қисми отиб ўлдирилган, қолганлари Сибирга сургун қилинган. Даҳшатли қийноқлардан хабар топган бошқа тутқунлар ўз жонига қасд қилишни афзал кўрган...
СМЕРШ бўлинмалари юз бир ҳийла-найрангдан фойдаланган. Қабиҳликлар совет фильмларида фахр билан ҳикоя қилинади. Дейлик, асирлар “Ота-онангиз бағрига қайтасиз, фарзандларингиз билан дийдорлашасиз” қабилидаги ёлғон ваъда билан кемага чиқарилади. Унга сиғмаганлар афсус-надомат чекиб, дўстларига қўл силтаб қолади. Кема кўздан ғойиб бўлар-бўлмас портлатиб юборилади...
Советларнинг зулмкорлигидан воқиф бўлган иттифоқчи давлатлар 1945 йил ноябрь ойида асирларни қайтармаслик ташаббуси билан чиқади, аммо энди кеч эди. Собиқ легиончи Эргаш Шермат Булоқбоши (1910–1995) Туркия матбуотига берган интервьюсида туркистонлик асирларнинг бошига нечоғли оғир кулфатлар тушгани ҳақида гапириб берган.
Ўшанда туркистонликлар олдида шўро қўлига тушмаслик учун икки йўл бор эди – ё яшириниш, ёки Қочқинлар бўйича бошқарма лагерларига бориб жойлашиш. Афсуски, уринишлар зое кетади. Ялта конференцияси қарорига асосан асирларнинг сўрови рад этилади. Қизил ярим ой жамияти ҳам кўмак бера олмайди.
Алқисса, 70 минг туркистонлик советларга таслим этилади. Минглаб туркистонлик Германия ва Европанинг бошқа мамлакатларида яшаб қолади, бир қисми Туркияга, кейинчалик Америкага йўл олади. Мингларча ота-оналар фарзандидан айрилади, аёллар тул, фарзандлар етим қолади.
Архивларда Туркистон легионидан қочиб, ватанга қайтганлар ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Боя эслатганимиздек, уларнинг баъзилари мажбурлаб юртга олиб келинган, баъзилари ўз ихтиёри билан киндик қони томган жойга қайтган. Аксарининг асир тушгани исботланмаган, аммо орадан йиллар ўтиб, айримлари бошига ғавғолар ёғилган. Ўзаро келишмовчилик боис, “Фалончи сотқин бўлган, урушда душман томонга ўтиб, совет давлатига қарши жанг қилган”, дея чақув хати ёзиб берилган. Қарабсизки, улар устидан тергов олиб борилиб, узоқ муддатга қамалган ёки сургун қилинган.
1956 йил 17 сентябрда СССР Олий Совети президиумининг “1941–1945 йиллардаги Улуғ Ватан уруши даврида оккупантлар билан ҳамкорлик қилган совет фуқароларини амнистия қилиш тўғрисида”ги фармони чиқади. Унга мувофиқ, совет армияси ва флотининг Жиноят кодексининг 193-(жанг майдонидан қочиш ва асирга тушиш) ва 58-1 “б” (Ватанга хиёнат, душман тарафга ўтиб кетиш) моддалари билан судланган барча ҳарбий хизматчилар афв қилинадиган бўлди...
Сўнгги легиончи
1945-1946 йиллари Нюрнберг шаҳрида нацистлар Германиясининг раҳбарлари устидан очилган жиноят иши кўриб чиқилган. Илгари фашистлар партиясининг съездлари мазкур шаҳарда ўтказилган. Улар устидан ҳукм ўқиган маҳкама ҳам атайин Нюрнбергда ташкил қилинган.
Суд олмон, рус, француз ва инглиз тилларида олиб борилади. АҚШ таклифига биноан унда илк бор синхрон таржима усули қўлланади. Маҳкама якунида 24 киши ўлим, 118 киши қамоқ жазосига ҳукм қилинади, 35 нафар айбланувчи оқланади. Оқланганлар орасида Вали Қаюмхон ҳам бор эди. У икки йиллик умрини қамоқда ўтказади. Пировардида Туркистон легиони на советларга, на немисларга қарши қуролли кураш олиб боргани исботланади...
Сўнгги йилларда Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонликларнинг иштироки борасида янги рақамлар эълон қилинди. 6 млн 551 минг аҳолининг 1 млн 951 минги урушда қатнашган. Бу ҳар уч ватандошимиздан бири қўлига қурол олган деганидир! Жанг майдонларида 538 минг ўзбекистонлик ҳалок бўлган. Урушда дом-дараксиз йўқолганлар сони аниқ эмас эди; янги маълумотларда илк бора дом-дараксиз йўқолган 158 минг киши номи зикр этилади. Улар орасида легиончилар ҳам бўлгани шубҳасиз.
Уруш тугаб, замон тинчигач, Туркистон легионининг собиқ аъзолари Туркия ва Америкада яшаб қолган. Салкам бир аср умр кўрган сўнгги легиончи Мажидбей бултур апрель ойида Америкада вафот этди...
Аброр ҒУЛОМОВ
“Tafakkur” журнали, 2024 йил 1-сон.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ