“Бир белбоғ, бир йўл” ташаббуси негизидаги мақсадлар
Ванг Йивэй ўзининг китобини “Шиже ши тунгдэ – “Идай илу” дэ лоцзи”[1] (“一带一路”的 逻辑 – “Очиқ дунё – “Бир белбоғ, бир йўл”нинг асл мақсади”) деб номлаган. Бунинг сабабини тушунтирар экан, муаллиф ушбу ташаббус заминида Хитой учун очиқ бўлган ва янги тартибга асосланган Дунё яратиш турганлигини айтади. Шундан келиб чиқиб таъкидлаб ўтиш жоизки, “Идай илу” деб ўқилган 4 та иероглиф (сўз) билан ўзгалар тушуниши учун қийин бўлган асл мақсад яширилган. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, Ванг Йивэй асарининг номи ушбу ташаббус заминидаги асл мақсадни маълум даражада очиқлайди.
Ўз асарида Ванг Йивэй “Бир белбоғ, бир йўл” ташаббуси доирасига киритилган Пекиннинг кенг қамровли транспорт йўлакларини очишга қаратилган стратегик режаларини ҳам изоҳлаб ўтади. Унинг айтишича, ушбу ташаббус заминида ХХР билан Европа, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари ўртасидаги савдо алоқаларни ривожлантириш ва кенгайтириш учун зарур бўлган транспорт йўналишлар, жумладан денгиз орқали ўтадиган ҳамда Пекин учун фойдали ва хавфсиз, Хитой молларининг эркин ҳаракатда бўлишини таъминлайдиган транспорт йўлакларини очиш ётади [Ванг Йивэй. 2016: 65]. Шу аснода олим бу режани амалга ошириш учун қуйидаги амалий ишларни қилиш зарурлигини таъкидлайди.
1) Хитой манфаатларига хизмат қиладиган кенг доирадаги иқтисодий ҳудудни шакллантириш;
2) Қуруқлик ва денгиз йўллари йўналишлари билан боғланган мамлакатлар асосида глобал иқтисодий ҳудуд пайдо қилиш учун зарур чораларни кўриш ва амалий ишлар қилиш;
3) Тенг ҳуқуқли халқаро савдо алоқаларда тенг фойда кўриш ва жавобгар бўлиш, тенг ривожланиш принципини жорий этиш;
4) Табиий бойликлардан тенг фойдаланиш, янги бозорлар шакллантириш ва уларни назорат қилиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш ишларида бир хил қоидага асосланиш, ҳамкорлик қилиш, бу ишларни координация қилишда ва амалга оширишда ҳамкор давлатларнинг жавобгарлигини ошириш;
5) Режали савдо қилиш, маблағ ҳаракатларини эркинлаштириш, халқларнинг сиёсий онгини юксалтириш, иқтисодий билимини ошириш, тафаккурини яқинлаштириш каби 5 та йўналишда очиқликни таъминлаш;
6) Қуйидаги 6 та транспорт йўлакларини замонавийлаштириш ва тадрижий ҳолатда ишлашини таъминлаш:
– “Янги Евросиё кўприги” деб номланадиган иқтисодий йўлак, яъни шарқий Хитой ўлкалари бўлмиш Жянгсу ва Шандунгдаги денгиз портлари жойлашган шаҳарлар билан Қозоғистон–Россия–Белоруссияни боғлайдиган, жумладан Лянюнгганг, Цингдао, Жичжао, Сюйчжоу, Чжэнчжоу, Луоянг, Шиан, Ланчжоу, Урумчи, Қўрғос, Астана ва Каспий денгизи атрофидаги нефть ишлаб чиқариладиган жойлардан ўтадиган темир йўллар;
– Хитой–Монголия–Россия иқтисодий йўлаги, яъни Тянжин, Далян ва ХХРнинг шимоли-ғарбий чеграсидан ўтиш нуқтаси бўлмиш Манчжоули, Монголия, Россия орқали Болтиқ денгизига чиқадиган темирйўллар билан боғланган жойларни ўз ичига олган иқтисодий йўлак;
– Хитой-Марказий ва Ғарбий Осиё орқали Форис кўрфазига чиқадиган йўллардан ташкил тобган иқтисодий йўлак, яъни Урумчи (Шинжянг-Уйғур автоном ўлкаси маркази) Козоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркияни боғлайдиган йўлларни ўз ичига олган иқтисодий йўлак;
– Жанубий Хитойнинг Кунминг шаҳри билан Жануби-Шарқий Осиё, Сингапур, Лаос, Вьетнам, Камбоджа, Тайланд, Малайзия давлатларини боғлайдиган иқтисодий йўлак;
– ХХРнинг жануби-ғарбий қисмидаги тоғли чегара ҳудудидан ўтиш нуқтаси бўлмиш Хунджераб (Хунчилапу) ва Покистоннинг Исломобод шаҳарлари орқали жанубий Покистон портлари Гхаро ва Карачини боғлайдиган иқтисодий йўлак;
– Ипак йўлининг денгиз йўналишлари, яъни жанубий Хитой портларидан, Жанубий денгиз ва Сингапур, Ҳиндистон ярим ороли, Жанубий Покистон, Жанубий Эрон, Форис кўрфази портлари орқали Жанубий Европага ҳамда Африкага борадиган сув йўлларини ўз ичига олган иқтисодий йўлак [Ванг Йивэй. 2016: 13–17].
Ванг Йивэйнинг фикрича, “Бир белбоғ, бир йўл” ташаббуси доирасидаги вазифалар ва режалар қуйидаги уч босқичда амалга оширилади:
1) 2016 йилдан 2024 йилгача бўлган 9 йиллик давр давомида ташаббус доирасида ишлаб чиқилган вазифаларни тўлақонли ижро қилиш ва бунинг учун зарур асосларни яратиш;
2) 2024 йилдан бошлаб – Ипак йўли иқтисодий йўлакларига алоқадор давлатлар ҳамкорлиги асосида ягона глобал иқтисодий ҳудуд яратиш ишларини якунига етказиш, бунинг учун зарур бўлган транспорт йўлакларини очиш ва улардан фойдаланиш ҳамда ҳамкорлик қилиш учун керак бўладиган барча меъёрларни жорий этиш;
3) 2049 йилга қадар – ХХР етакчилигидаги ягона глобал иқтисодий ҳудуд шакллантириш, бунга қатнашувчи барча давлатлар учун эркин ҳаракатланиш, тенг фойда олиш, яратилган шароитлардан тенг фойдаланиш, тенг ҳуқуқли мулоқот қилиш, тенг ҳуқуқли жавобгар бўлиш ва ривожланиш истиқболлари сари қадам қўйиш каби омилларни тўлалигича юзага келтириш [Ванг Йивэй. 2016: 157].
Шунинг билан бирга, Ванг Йивэй маблағ солиш, савдо алоқалар ва ҳамкорлик қилиш “Бир белбоғ, бир йўл” ташаббусининг асосий мазмуни бўлишини айтиб [Ванг Йивэй. 2016: 25], ХХР доирасида етарли даражада замонавий тезюрар темир йўллари қурилганлигини, бундан кейин Хитой ҳукумати “Ипак йўли иқтисодий белбоғи” билан боғланган давлатлар ҳудудида шундай йўллар қуриш жавобгарлигини ўз зиммасига олишга тайёр эканлигини таъкидлайди [Ванг Йивэй. 2016: Кириш сўзи. 9].
Ванг Йивэйнинг фикрича, мазмун жиҳатдан “Бир белбоғ, бир йўл” ташаббуси “Хитойнинг анъанавий донишмандлик тафаккури” (“Чжунггуо чуантунг чжихуэй” 中国传统智慧) асосларини акс эттиради [Ванг Йивэй. 2016: 157]. Ушбу тафаккур заминида эса турли халқлар ва мамлакатлар орасида ўзаро ишонч, ўзаро мулоқот ва бир-бирини тушуниш ҳамда “хитойлар ақл-идроки”ни бошқа маданият эгалари тафаккури билан уйғунлаштиришга қаратилган [Ванг Йивэй. 2016. Кириш сўзи. 7]. Олимнинг таъкидлашича, ташаббус заминида 200 йил давомида Хитой учун асосий мақсад бўлиб келган “чжунгхуа минзу” (中华民族 – “цивилизация маркази халқи”)[2]ни қайта оёққа турғазиш ғояси ётади [Ванг Йивэй. 2016: 157].
Юқорида ХХР олими таъкидлаб ўтган масалалар ва тамоиллар синчиклаб ўрганилса, улар қанчалик амалиётга тўғри келади, Хитойнинг хорижий давлатлар билан амалга оширадиган иқтисодий муносабатлари тенг ҳуқуқли меъёрлар асосида ривожланадими деган саволлар пайдо бўлиши табиийдир.
ХХР фойдаси нуқтаи назаридан олиб қараганда, кўрсатиб ўтилган транспорт йўлаклари албатта муҳим аҳамиятга эга. Лекин улардан олинадиган сиёсий ва иқтисодий фойда жиҳатидан қараганда, ҳамма давлатларга бу йўлаклар бир хил натижа беришига ишониш қийин. Фойда кўришда йирик давлатлар, айниқса уларни қуриш, замонавийлаштириш ишларига кўпроқ маблағ солганлар, албатта устунлик қилади. Нисбатан кичик давлатлар катталари билан тенг фойдага эга бўлиши учун улар Япония, Жанубий Корея каби ишлаб чиқаришда, замонавий техника ва технология соҳасида, ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларини эскпорт қилишда катта салоҳиятга эга бўлмоғи ва бу масалаларда йирик давлатлардан устун келиши лозим. Акс ҳолда, Ванг Йивэй айтган масалалардаги тенглик қоғозда қолиши мумкин. Қолаверса, ХХР ҳукумати хорижий мамлакатларда ўз маблағи асосида йўллар қурар экан, улардан фойдаланишда ўз манфаатларини устун қўйишга ҳаракат қилади. Бу табиий ҳолат, ҳеч қайси давлат ўз зарарига бошқаларнинг муаммосини ҳал қилиб бермайди, ўзгаларнинг манфаатини ўзиникидан устун қўймайди. Хитойнинг икки ярим минг йиллик ташқи алоқалари тарихига бир назар солинса, бунинг исботини кўп учратиш мумкин. Илгари Хитой императорлари ўзларини “Осмоннинг ер юзидаги вакили” деб ҳисоблаган ва шу тушунча асосида ҳаракат қилишган ва ўз ҳудудини тадрижий ҳолда секин-аста бошқалар ерларини тортиб олиш ҳисобига кенгайтирган. Улар бу ҳаракатларини тажовузкорлик деб билишмаган, аксинча, хитойлар цивилизацияси доирасини кенгайтириш ва ўзга халқларга ғамхўрлик қилиш ва ёрдам кўрсатиш деб ҳисоблашган. Императорлар ҳаракатларига қарши чиққанлар шафқатсизлик билан жазоланган.
Стратегик жиҳатдан келиб чиқиб, Ванг Йивэй тилга олган 6 та юк ташиш йўналишлари ёки “иқтисодий йўлаклар” (“жингжи дай”)нинг қайси бири Хитой учун энг муҳим ва хавфсиз деган масалага эътибор берар эканмиз, бир овоздан қадимги буюк ипак йўли йўналишидаги транспорт йўлагини айтиш мумкин. Бунинг сабаби қуйидагилардан иборат.
– Денгиз йўлларига асосланган қатнов йўлаги орқали контейнерлар ташиш анча арзон, лекин кўп вақтни олади. Маълум бир вазиятда унинг Хитой учун бекилиб ёки қийинлашиб қолиш эҳтимоли йўқ эмас. Пекин сиёсатчи ва иқтисодчиларининг фикрига кўра, бундай ҳолат, биринчи навбатда, ХХР ва АҚШ муносабатларининг ёмонлашиб қолиши натижаси бўлиши мумкин. Хитой йил сайин кучайиб бораётган ва истиқболда дунёдаги энг қудратли давлатга айланишни, жаҳон миқёсидаги давлатлараро муносабатларни яхшилаш учун янги тартиб ўрнатишни мақсад қилиб турган бир вазиятда, бу икки давлат ўртасида низо чиқиш, ҳаттоки тўқнашув юз бериши эҳтимолдан холи эмас.
– Сиёий ва иқтисодий томондан олиб қараганда, Пекин учун Хитой–Монголия–Россия орқали Европага ўтадиган транспорт йўлаги ишончли ва нисбатан хавфсиз ҳисобланади. Бироқ бу йўлак доирасидаги йўлларнинг катта бўлаги Россия ҳудудидан ўтади. Шу боис мазкур йўналиш орқали Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан савдо бўйича алоқа қилиш, транзит юклар олиб ўтиш учун ХХР ҳукумати Москва фойдасига катта маблағ сарфлайди. Бундан ташқари, Хитойда ишчи кучи йил сайин қимматлаб бораётган ва экспорт учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархи эса борган сари ошиб кетаётган бир даврда, ушбу транспорт йўлагидан фойдаланиш ХХРга моддий зарар келтиради. Шу билан бирга, Хитойнинг Россияга боғлиқлигини кучайтиради. Бундан ташқари, ХХР ҳукумати РФ билан ҳар томонлама муносабат қилишда эҳтиёткорлик қилади. Икки катта давлат орасидаги муносабатларнинг бузилиб қолиши мумкинлигини эътибордан қочирмайди. Тарихда кузатилган воқеалардан сабоқ олиб, Пекин маълум бир вазиятда йирик қўшни давлатлар манфаатлари тўқнашиб қолиши мумкинлигини унутмайди. Қолаверса, Хитой ҳукумати учун Ғарб билан иқтисодий алоқа қилишда мазкур транспорт йўлагидан фойдаланиш ягона имконият ҳисобланмайди.
– Айни пайтда Пекиннинг Ғарб билан иқтисодий алоқа қилиши учун Урумчидан Алашанкоу ва Қозоғистон, Россия орқали ўтадиган темирйўл мавжуд. Бу транспорт йўлагининг ХХР ҳудудидан ўтадиган бўлаги Сибир орқали ўтадиган шимолий транспорт йўлагидан анча катта. Лекин бу йўлакдан фойдаланиш Хитойнинг Россияга боғлиқлигини сақлаб қолади. Урумчидан Алашанкоу ва Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон орқали Эрон портларига борадиган темирйўл ҳам мавжуд. У 1990 йилда очилган [Ходжаев А. 2020. 197–207]. Бу йўлнинг катта бир қисми ХХР ҳудудидан ўтмаганлиги туфайли транзит юк олиб ўтиш учун Пекин Қозоғистон фойдасига қўшимча маблағ сарфлайди.
– Стратегик ва иқтисодий нуқтаи назардан олиб қараганда, ХХР учун Ғарб билан иқтисодий алоқа қилишга энг қулай ва қисқа транспорт йўлаги Хитойнинг шарқий ўлкаларидаги саноат шаҳарларидан Шиан (қадимги Чангъан), Ланчжоу, Турфан, Урумчи, Қашқар, Ош (Қирғизистон), Андижон, Тошкент ва Самарқанд (Ўзбекистон), Туркманистон, Теҳрон (Шимолий Эрон), Боғдод (Ироқ) орқали Анқара ва Истанбулга (Туркия) борадиган йўллардан ташкил топган транспорт йўлаги ҳисобланади. Биринчидан, истиқболда ушбу йўлак бўйича Европа, Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларини темир йўллар билан боғлайдиган транспорт йўлагини шакллантириш ва унга кўпгина минтақавий темир йўлларни улаб олиш мумкин. Иккинчидан, бу транспорт йўналишидан транзит юк олиб ўтишда Пекин ҳукумати катта маблағ тежаб қолади. Чунки бу йўналишдаги йўлнинг катта қисми ХХР ҳудудидан ўтади. Бундан ташқари ушбу транспорт йўлаги Россия ҳудудидан ўтмаганлиги туфайли, Ғарб билан савдо алоқалари масаласида Пекин Москвага боғлиқ бўлмайди. Аммо бу транспорт йўлагининг катта бир қисмида ҳали ҳам темирйўл қурилгани йўқ. Турли сабабларга кўра, ХХР ҳукуматининг бу борадаги кўп йиллик ҳаракати натижа бермади. Лекин Пекин бу йўналиш бўйича зарур жойларда темирйўл қуриш ва мавжуд автойўлларни замонавий тезюрар йўлларга айлантириш режасидан воз кечгани йўқ [Ходжаев А. 2020. 197–212].
Ҳозирги ҳолатда ХХРнинг шарқий саноат шаҳарлари билан ғарбий чегара ҳудудларини боғлайдиган темирйўл Қашқарга етказилган. Ўзбекистон темир йўлларининг бир йўналиши Фарғона водийсидаги Поп шаҳрига етказилган. Қирғизистон орқали Қашқар–Поп темирйўллари уланса[3], ХХР учун қуйидаги янги имконият қўлга киритилади.
Биринчи навбатда, ХХРнинг транзит юклар олиб ўтиладиган ички йўллари анча чўзилади. Бу эса, бир томондан, логистика масаласида Пекинга сезиларли даражада маблағ тежаш имкониятини берса, иккинчи томондан, Шинжянг-Уйғур автоном ўлкасининг (тарихий Шарқий Туркистоннинг) имкониятларидан тўлароқ фойдаланишга янги шароит яратади. Учинчи томондан, истиқболда бу темирйўл йўналишида замонавий тезюрар автойўллар қуриш, газ қувурлари олиб ўтиб, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Озарбойжон каби мамлакатларнинг ёқилғи ва бошқа бойлигидан бевосита фойдаланиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Тўртинчидан, Қашқар–Қирғизистон–Поп темир йўли қурилса, Пекин учун Афғонистонга кириб борадиган энг қисқа транспорт йўлаги пайдо бўлади. Бу эса нафақат жанубий Марказий Осиёнинг, балки Афғонистоннинг табиий бойлигидан фойдаланишга қулай шароит яратилади.
Аммо Пекиннинг бу борадаги режаларининг амалга ошиши албатта ХХРдаги ички сиёсий ва иқтисодий ривожланишига ва сиртқи омилларнинг қўл келишига, жумладан, РФнинг ички сиёсий ва иқтисодий вазиятига ҳамда ушбу транспорт йўлаги бўйича темир йўл қуришга бўлган муносабатига боғлиқ.
Албатта, Қашқар–Қирғизистон–Поп темирйўлининг қурилиши Россияга фойда келтирмайди. Мавжуд шимолий транспорт йўлаги, яъни КНР–РФ–Европа йўллари орқали олиб ўтиладиган транзит юкларнинг катта қисми жанубий транспорт йўлаги ҳисобига ўтиб кетади. Бу ҳолат Москва ҳисобига тушиб турадиган даромаднинг салмоқли бир қисмининг камайишига олиб келади. Бундан ташқари, бу транспорт йўлагининг очилиши ХХРнинг Марказий Осиё давлатларидаги иқтисодий ва сиёсий позициясининг яна ҳам кучайишига олиб келиши мумкин. Бу ҳолат ҳам РФ ҳукуматини xавотирга солиши эҳтимолдан холи эмас. Лекин у бу транспорт коридорининг очилишига очиқдан-очиқ қаршилик қила олмайди. Бунинг олдини олиш учун Москва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ), Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ)нинг фаолиятини кучайтириш, Ўзбекистонни бу ташкилотга киритиш орқали очилажак янги транспорт йўлагини ўз назоратига олишга ҳаракат қилиши мумкин. РФнинг манфаатини ва мавжуд геосиёсий ва геоиқтисодий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ХХР ҳукумати Москвани “Бир белбоғ, бир йўл” иқтисодий программасида ҳамкорлик килишга қизиқтиришга ҳаракат қилиши мумкин.
Сўнгги пайтда халқаро саҳнада пайдо бўлган вазият, яъни РФнинг Украинада “махсус ҳарбий операция” номи билан бошлаган уруш ҳаракати туфайли АҚШ ва Европа иттифоқи томонидан Россияга нисбатан қўлланган санкциялар оқибатида юзага келган сиёсий ва иқтисодий қийинчилик, Москванинг Қашқар–Қирғизистон–Поп темирйўлининг қурилишига бўлган қарашига таъсир қилмай қолмайди. РФ ҳукумати эса юзага келган янги сиёсий ва иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб ва Пекин билан келишган ҳолда бу масалада ХХР режалари фойдасига ўз позициясини юмшатиши мумкин.
Юқорида айтиб ўтилганидек, ХХРнинг Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон, Ироқ каби мамлакатлар орқали ўтадиган Қашқар–Форис кўрфази ва Истанбул транспорт йўлагининг очилишига қизиқиши бу давлатнинг ички иқтисодий зарурияти, геосиёсий ва геоиқтисодий мақсадлари билан боғлиқ. Қолаверса, 1 млрд. 400 млн. аҳолига эга бўлган ва жаҳон бозорларини ўз маҳсулотлари билан таъминлайдиган Хитойнинг ички зарурияти билан, биринчи навбатда унинг газ ва нефтга бўлган эхтиёжи билан боғлиқ.
Айни патда, ХХР эҳтиёжи учун керак бўлган ёқилғининг катта бир қисми темир йўл ва қувурлар орқали Россиядан ва денгиз йўллари орқали Яқин шарқ мамлакатларидан импорт қилинади. Бу мақсадда сув йўлларидан фойдаланиш талайгина сиртқи омилларга, жумладан, АҚШ, Ҳиндистон ва Жанубий Осиё давлатлари билан ХХР муносабатларига боғлиқ. Мазкур муносабатлар, айниқса АҚШ–Хитой алоқалари бузилса, Пекин учун денгиз йўли бекилиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу ҳолда ХХР қийин вазиятга тушиб қолиши мумкин. Айни пайтда ХХР билан АҚШ, Ҳиндистон ва Вьетнам орасида турли зиддиятлар мавжуд.
Ҳозир Россия ва ХХР муносабатлари яхши ҳолатда. Яқин ўтмишда улар ўртасида қуролли тўқнашувлар ҳам юз берган. Қолаверса, турли иқтисодий асосга, сиёсий тафаккурга эга бўлган иккита йирик қўшни давлатлар орасидаги манфаатлар ҳеч қачон тўқнашмайди деб бўлмайди. Зотан, давлатлар орасида манфаатлар бўлади, дўстлик бўлмайди, деган тушунча мавжудлиги ҳаммага маълум. Лекин бу манфаатлар ҳар доим бир хил бўлмайди. Бундан ташқари РФнинг ери катта, аҳолиси нисбатан кам, табиий бойликларни экспорт қилувчи давлат, ХХР эса бунинг тескариси. Қолаверса, сўнгги 30 йил давомида нашр этилган ХХР матбуотидаги маълумотларга ва тарихий хариталарга эътибор берилса, ишонч ҳосил қилиш мумкинки, гарчи икки давлат чегараларига оид масалалар ҳал бўлганига қарамай, Пекиннинг Москвага нисбатан норозилик руҳияти мавжудлигини англаш мумкин. Масалан, 1996 йилда ХХРда нашр этилган тарихий хариталарида айни замонда РФ таркибига кирадиган талайгина жойлар 1664–1911 йилларда Хитой тахтини эгаллаган ва тарихда Цин дея номланган манчжурлар империясининг ҳудудий доирасига кирганлиги кўрсатилган [Чжунго лиши. 1996. 65-66]. Шуларга асосланиб, истиқболли РФ билан ХХР ўртасида манфаатлар тўқнашуви бўлмайди, деб айтиш қийин. Агар шундай ҳолат юз бериб қолса, ёқилғи импорт қилиш масаласида Хитой ҳукумати қийин вазиятга тушиб қолиши мумкин. Шунинг учун Пекин бунинг олдини олиб, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон, Ироқ каби мамлакатлар орқали ўтадиган Кашқар–Форис кўрфази ва Истанбул транспорт йўлагининг тезроқ очилишига катта эътибор беради.
Кейинги даврда ХХРнинг Африка мамлакатлари билан олиб бораётган сиёсий ва иқтисодий алоқалари анча юқори паллага кўтарилган. Зотан, ушбу қитъанинг табиий бойликларидан ва бошқа имкониятларидан фойдаланиш ҳам Пекиннинг стратегик мақсадларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, ХХР ҳукумати мамлакатдаги экологик ҳолатларни яхшилаш дастури доирасида, бу масалага кўпроқ салбий таъсир кўрсатадиган ишлаб чиқариш корхоналарини кўчириб юбориш учун қулай макон сифатида ҳам қарайди. Шу боис Пекиннинг Африкага солаётган маблағи, олиб бораётган техникаси ва бориб ишлаётган хитойларнинг сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Шунинг учун Пекин Африкада ўзига керак бўлган шароитни яратишга, жумладан, жадаллик билан темирйўллар, портлар, электростанциялар, заводлар, касалхоналар, мактаблар қуриш ҳаракатларини фаоллаштириб келмоқда [Томберг. 2008: 84–90]. Масалан, 2000–2017 йиллар давомида Хитойнинг Африкага солган маблағи 40 млрд., ушбу минтақа давлатлари билан амалга оширган савдо алоқалари ҳажми 170 млрд. АҚШ долларни ташкил этган. 2018 йилда Пекиннинг Африкага юборган тиббиёт ходимларининг сони 25 минг кишини ташкил этган. Бу рақамлар йил сайин ошиб бормоқда. Хитой ҳукумати бу ишларни маҳаллий халқнинг қаршилигига учрамаслик мақсадида, уларнинг ички ишларига аралашмаслик, мавжуд қонун-қоидаларни ўзгартиришга ҳаракат қилмаслик асосида амалга оширмоқда.
Африкада ўз позициясини мустаҳкамлаш ва бу қитъанинг бозорларидан ва табиий бойликларидан фойдаланиш мақсадида, ХХР ҳукумати барча шароитларда маблағ, товар, олий малакали мутахасислар беришга тайёрлигини намойиш қилиб келмоқда. Шу билан бирга, олдинроқ Африкага кириб борган АҚШ, Россия ва Европа давлатларига нисбатан ўзини маҳаллий халқга яхши, ғамхўр ва тинчликпарвар қилиб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.
Агар Хитойнинг ўтмишдаги ҳудудий кенгайиш сиёсатига, айниқса ҳукмрон сулоланинг мақсадга эришишдан олдинги ва эришгандан кейинги амалиётига бир назар солинса, икки хил муносабатни кўриш мумкин. Мақсадга эришгунча Хитой императорлари ўзларини очиққўл, ўзгаларга нисбатан ғамхўр, тинчликпарвар, меҳмондўст қилиб кўрсатишга ҳаракат қилганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Бу ҳолатнинг мисоли 1664–1911 йилларда Хитой тахтини эгаллаб турган Цин (манчжурлар) сулоласининг 1700–1758 йилларда амалга оширган ва Шарқий Туркистондаги Жунғор ва Ëркенд хонликларини[4] йўқотишга қаратилган дипломатик ва ҳарбий ҳаракатларининг ибтидосида кузатилган. Цин сулоласининг мазкур хонликларни йўқотиб, уларнинг ерларини эгаллаб олганидан кейин маҳаллий халққа нисбатан қилган муносабати бутунлай бошқача бўлган[5]. Умид қиламизки, ҳозирги ХХР ҳукумати бундай қилмайди.
(Давоми бор)
Аблат ХЎЖАЕВ,
тарих фанлари доктори
[1] Хитойча “луожи” сўзининг луғавий маъноси мантиқ (логика) тушунчасини беради. Лекин ушбу китоб номида у асл маъноси, мантиқий асоси маъноларида қўлланилган.
[2] “Чжунгхуа минзу” сўзи хитой халқининг янги номи сифатида XX асрнинг бошида пайдо бўлган, аниқроғи, япон тилидан ўтган. Кейинроқ бу сўз Хитойда яшайдиган барча этнос ва миллат ваклларини ҳам ўз ичига олган халқ номи сифатида қўлланилган. Ундаги “Чжунгхуа” (“Маданият маркази”) атамаси “Чжунггуо” (“Марказий давлат” ёки “Марказда жойлашган давлат”) топонимининг синоними сифатида қўлланилади [Хўжаев А. 2007. 16].
[3] Ўтган асрнинг охирида тайёрланган лойиҳага кўра, темирйўл Қашқардан Ўшгача бўлган қадимий карвон йўли йўналишида қурилиши керак эди. Кейин Қирғизистон ҳукумати бу йўлни Бишкек орқали олиб ўтишни талаб этди. Шунга кўра ишлаб чиқарилган янги лойиҳага бўйича, Қашқар–Ўш бўлаги 500 километрга чўзиладиган бўлди. Бундан ташқари бу оралиқда 14 та тунел қазиш ҳисобига йўлни тоғли жойлардан олиб ўтиш зарурияти туғилади [Бу ҳақда батафсил қаранг: Ходжаев А. 2020. 197–207].
[4] Жунғор ёки Ойрат хонлиги 1635 йилда, Ëркенд хонлиги эса 1465 йилда ташкил топган. Биринчи хонлик 1755 йилда, иккинчиси эса 1759 йилда йўқ қилинган.
[5] Ушбу хонликларнинг йўқотилиши ва улар ерларининг Цин империяси қўлига ўтиш тарихига қизиқувчилар қуйидаги асарларга қараши мумкин: [Ходжаев А. 1991; Khodjaev A. 2002. Т. 5. p. 867–881, 882–893; Ходжаев А. 2003].
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ