“Бир белбоғ, бир йўл” ташаббусининг юзага келиши
“Бир белбоғ, бир йўл” номли Хитой ташаббусининг юзага келиши 2013 йилда ҳокимиятга келган амалдаги ХХР раиси Ши Жинпинг (习近平) исми билан боғлиқдир. Ушбу ташаббус қуйидаги вазиятда пайдо бўлган:
1) Иқтисодий ривожланишда, жумладан ёшларни чет элларда ўқитиб замонавий техника ва электроника соҳасида етук мутахассислар тайёрлаш муаммосини ҳал қилишда[1] ХХР катта ютуқларни қўлга киритди. Шу асосда турли маҳсулот ва асбоб-ускуналар, жумладан, кийим-кечак, замонавий электрон аппаратуралар ишлаб чиқариш бўйича дунё фабрикасига айланган ХХР ҳукуматининг “Халқаро саҳнага чиқиш” ёки “Ташқарага қараб юриш” стратегияси ижобий натижа бера бошлаган [Сидикова М. 12. 19–21];
2) Хитой “шяоканг” (小康)[2] деб номланган жамият ҳаётини ўрта ҳол даражага етказиш программасини амалга оширишнинг сўнгги даврига етиб келган;
3) Мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортининг ва зарур бўлган турли хомашё, ёқилғилар импортининг ўсиши юқори даражага етган;
4) Хорижий валюталар захираси[3] кўпайгани ҳисобига ХХР капитал экспорт қилувчи давлатга айланган ва глобал иқтисодий кризис пайтидан фойдаланиб талайгина Европа компанияларининг акцияларини ва қарзларини сотиб олишни фаоллаштирган;
5) Ëқилғилар истеъмолининг йил сайин ошиб бориши, ёқилғи танқислиги кучая бошлагани туфайли мамлакатдаги ишлаб чиқариш суръатини 8% дан пасайтирмай ушлаб туриш хавф остида қолиши;
6) Ëқилғилар импорт қилиш масаласида ХХРнинг РФга боғлилиги кучайиб борди;
7) Ижтимоий ҳаёт даражасининг кўтарилиши, ишчи кучининг тадрижий ҳолда қимматлашиши мамлакатда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг таннархи ошишига сабаб бўлди. Бу эса жаҳон бозорларида Хитойнинг экспорт моллари рақобатбардошлигига салбий таъсир қила бошлади. Натижада бунинг олдини олиш, жумладан, Европага ва бошқа олис мамлакатларга маҳсулот экспорт қилиш логистикасини такомиллаштириш, масофани қисқартириш ва энг қулай маршрутларини очиш зарурияти туғилди;
8) Хитой билан Европа ва Яқин шарқ оралиғидаги энг қисқа ва қулай бўлган тарихий карвон йўли йўналиши, яъни Қашқардан Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва шимолий Эрон орқали ўтадиган темир йўл йўлагини очиш режаси кўпдан бери амалга ошмай келди. Лекин Хитой ҳукумати учун бу режанинг долзарблиги ошди;
9) Африка бозорларидан ва табиий бойлигидан фойдаланиш зарурияти кучайди. Бу зарурият йирик давлат бўлмиш РФ ҳудудидан ўтмайдиган тарихий Буюк ипак йўлини замонавий йўлга айлантириш режасининг аҳамиятини оширди;
10) Ишлаб чиқаришнинг кўпайиши ва ҳавога турли зарарли газларнинг тарқалиши, ички дарё ва каналлар сувларининг ифлосланиши, турли чиқиндиларнинг кўпайиши туфайли мамлакатнинг экология ҳолати ёмонлашди. Бу ҳолатни тузатиш мақсадида амалга оширилган ҳаракатлар кутилган натижа бермагани ҳукуматни янги чора-тадбирлар излашга мажбур қилди;
11) Давлат олдида экспорт миқдорини камайтирмаслик учун турли континентлардан янги бозорлар топиш, Хитой капиталини унумли ишлатиш учун янги майдон излаш, хорижий алоқаларни яна ҳам кенгайтириш вазифалари кўндаланг турди;
12) Хитой молларини турли континентларга етказиш мақсадида денгиз ва ер юзидаги осон ва фойдали логистика йўлларини очиш ва замонавийлаштириш зарурияти ошди;
13) ХХР учун АҚШ долларига ҳамда еврога боғликликдан чиқиш мақсадида Хитой юанини халқаро валютага айлантириш ва хорижий мамлакатлар билан олиб борилаётган савдо алоқаларининг аксарият қисмини шу валютада амалга ошириш зарурияти туғилди;
14) Иқтисодий ислоҳотларнинг чорак асрлик самараси Ғарб маданиятига зид тарбияланган айрим ХХР раҳбарларида Хитойни дунёдаги энг йирик ва қудратли давлатга айлантириш ғоясини пайдо қилди. Бу ғоя “Хитой орзуси” (“Чжунго мен”) деб ўртага ташланди ва унинг амалга ошадиган вақти шу юз йилликнинг ўртаси, ХХР ташкил топганлигининг 100 йиллиги деб белгиланди.
2013 йил сентябрида Қозоғистоннинг Назарбаев номидаги университетида сўзлаган нутқида ХХР раиси Си Жинпинг илк бор “Буюк ипак йўли иқтисодий белбоғ” (“Сичоу чжилу жингжи дай” 丝绸之路经济带)ни шакллантириш Хитойнинг буюк орзусидир” деб айтган. Орадан кўп ўтмай ушбу фикр Индонезияда таъкидлаб ўтилган.
Ўз маърузасида “Хитой орзуси” деган тушунчага изоҳ берар экан, ХХР раҳбари “мамлакатларнинг сиёсатини яқинлаштириш, йўлларни очиқлаш, товарларнинг ва маблағларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, халқларни бир-бирига яқинлаштириш асосида иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш ва бунинг учун зарур бўлган ҳудудни кенггайтириш ётади” деб айтган [Ма Юан. 2014: 6.].
Си Жинпиннинг бу сўзидан кейин ХХРда “Буюк ипак йўли иқтисодий белбоғи”нинг мазмун-моҳияти ва истиқболи ҳақида жадаллик билан тантанали турли тадбирлар ва кенг кўламли халқаро конференциялар ўтказилди.
Масалан, 2013 йил 28 ноябрида Урумчи шаҳрида Буюк ипак йўлига алоқадор 7 хорижий давлат вакиллари иштирокида илмий-техникавий ҳамкорликка бағишланган халқаро конференция ўтказилган. Ушбу анжуман “Буюк ипак йўли иқтисодий белбоғи”ни шакллантиришга, унинг фойдали томонлари ва истиқболига бағишланган. [Ма Юан. 2014: 136-137].
2014 йил май ойида Сиан шаҳрида Буюк ипак йўлига бағишланган 18-халқаро анжуман, ХХРнинг шарқий ва ғарбий минтақалари ҳамкорлиги натижаларига оид кўргазма, савдо-инвестицион халқаро ярмаркаси каби тадбирлар ўтказилди. Ушбу тадбирлар “Биргаликда Буюк ипак йўли иқтисодий белбоғини шакллантириш – минтақалараро ҳамкорликни ва ривожланишни кучайтиришнинг заминидир” деган шиор остида ўтказилган [Ма Юан. 2014: 159].
2014 йил 26-27 июнь кунлари Урумчи шаҳрида “Буюк ипак йўли иқтисодий белбоғ – қатнашувчилари учун биргаликда иқтисодий ривожланиш, даромаддан тенг фойдаланиш ва равнақ топишга янги имконият яратиш” номли халқаро анжуман ўтказилди[4].
2014 йил сентябрь ойида “Буюк ипак йўлидаги шаҳарлар бошлиқларининг IX халқаро анжумани – Буюк ипак йўли иқтисодий белбоғ шаҳарларининг биргаликда ривожланиши – 1014” номли анжуман ўтказилди. Унга 25 та мамлакатдан 48 та шаҳар вакиллари таклиф этилди.
ХХР раҳбарияти “Буюк ипак йўли иқтисодий белбоғни шакллантириш”ни матбуотда ва оммавий ахборот воситаларида кенг ташвиқ қилишга катта эътибор берди.
Шу соҳада қилинган ишлар қаторида “Шин сичоу чжилу – чунгшин кайши дэ люйчэнг” (“Янги ипак йўли – янги саёҳат воситаси”) номли қисқача изоҳлар билан таъминланган катта форматдаги рангли фотоальбом нашр этилганини айтиш мумкин. Баҳоси 198 юан бўлган ушбу альбом хорижда кенг тарқатилди. ХХРга ташриф буюрган меҳмонларга тақдим этиладиган муҳим совғалардан бирига айлантирилди.
Альбом муаллифи Ма Юн “Буюк ипак йўли иқтисодий белбоғи тарихнинг янги саҳифасини очади, халқларнинг ўзаро ҳамкорлик қилиши ва йўллардан тенг ҳуқуқли асосда фойдаланишига янги шароит яратди” деб таъкидлаган [Ма Юан. 2014: 6].
Йирик давлатлар манфаати, мақсадлари ва сиёсий-иқтисодий имкониятидан келиб чиқиб масалага ёндошилса, Ма Юннинг фикрига қўшилиш мумкин. Лекин Хитой тарихида бундай “тенг ҳуқуқли муносабат” мисолларини топиш қийин. Ушбу мамлакат бирликка келиб қудрат топганида, унга ҳукмрон бўлган императорлар ўзларини Осмоннинг ер юзидаги вакили ва ер юзидаги барча юртларнинг эгаси деб билишган. Халқаро муносабатларда ўзга юртлар элчилари олиб келган совғаларни итоаткорлик белгиси, ўзларининг жавобан берган совғаларини уларга кўрсатган ҳиммат деб билишган. Айни замондаги халқаро муносабатларда ҳам йирик давлат билан кичик давлатлар орасида амалга оширилаётган алоқаларда, барча масалаларда “тенг ҳуқуқли муносабат” бўлаяпти ва бўлади деб айтиш амримаҳол. Чунки бунга, биринчи навбатда, уларнинг иқтисодий, молиявий ва техникавий имкониятларининг бир хил бўлмаслиги таъсир этади.
Тилга олиб ўтилган тадбирлар амалга ошириб бўлингандан кейин, кўп ўтмай ХХР раҳбари Ши Жинпинг “Бир белбоғ, бир йўл” (и-дай и-лу / yi-dai yi-lu / 一带一路) ташаббусини ўртага қўйди. Амалда бу аввал олға сурилган “Ипак йўли иқтисодий белбоғ”ни шакллантириш сиёсатининг давоми ҳисобланади. Лекин янги ташаббус анча такомиллаштирилган ва Пекиннинг стратегик мақсад ва узоқ муддатли режаларини ўз ичига олган. Уни турлича талқин қилиш мумкин, аммо унинг негизида ётган асл маънони билиб олиш қийин. Ўз даврида Мао Цзэдун ҳам Хитой билимдонларининг анъаналарига биноан, ўз мақсадларини сирли сўзлар билан шиор ёки ташаббус шаклида ифодалашни яхши кўрган. Шу сўзлардан бири “Дунгфэнг ядао Шифэнг” (“Dongfeng yadao Xifeng” 东风压倒西风) бўлган. Сўзма сўз таржима қилганда у “Шарқ шамоли Ғарб шамолини босиб кетади” деган маънони англатган. Лекин унинг заминида келажакда Хитой Ғарбий давлатлардан ўзиб устунликни эгаллайди, деган маъно яширилган.
Қадимги хитой донишмандлари одам ўз фаолиятида ҳақиқий мақсадни сир сақлаши керак, ўзидан бошқа инсон билмаслиги керак деб таъкидлаб ўтган. Лекин улар бу фикрни тўғридан тўғри айтмай, 4 та иероглиф билан “ман Тян гуохай” (瞞天過海 – “денгизни кечиб ўтмоқчи бўлсанг, буни Тангрига ҳам билдирмай қил”) деб ифодалашган. Бу сўз қадимий Хитой сиёсатчилари ва билимдонлари томонидан битилган “Сан ши лю жи” (三十六计 – “36 стратегия” ёки “36 режа”) асарида келтирилган биринчи уқум ҳисобланади [Stefan.1999: 5].
“Бир белбоғ, бир йўл” сўзининг луғавий маъноси
Хитой иероглифларининг луғавий маъноларидан келиб чиққанда, яъни Ши Жинпинг илгари сурган ташаббусда икки марта ишлатитилган йи (yi 一) сўзи бир, ягона, дай (dai带) – белбоғ, камар, лента, шарф, лу (lu 路) – йўл, қоида маъноларини билдиради. Юзаки қараганда, бу сўзлар ташаббуснинг асл маъносини билдирмайди. Шунга қарамай, бу ташаббус турли мамлакатлар вакиллари тилида жаранглайдиган бўлди. Хитойликлар ХХРнинг ташқи сиёсати ва алоқалари доирасидаги барча ҳаракатларини шу 4 та сўздан иборат ташаббус билан боғлашади.
Синчковлик билан бунга бир назар ташланса, одамда бу сирли сўзлар билан ифодаланган ташаббус заминида қандай маъно ва мақсадлар ётибди деган савол туғилади. Кўрсатилган учта иероглифларнинг луғавий маъносидан, фалсафий анъаналаридан, шу асрнинг ўрталарига амалга оширилажак иқтисодий программаси, яъни “Хитой орзуси” мазмунидан ва ХХРнинг сўнгги даврида олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатидан келиб чиққанда, ушбу давлат раҳбариятининг ташаббуси заминида “Хитой манфаатларига хизмат қиладиган глобал иқтисодий ҳудуд шакллантириш” деган маъно ётганлигини англаб олиш мумкин. Маълумки, “Хитой орзуси” – ХХРнинг 100 йиллигига жаҳон миқёсида ушбу мамлакат энг қудратли давлатга айланиши, унинг моллари, пуллари, техникаси ва ишчи кучи эркин ҳаракат қила оладиган янги иқтисодий ҳудудни юзага келтиришдан иборат.
Айрим ўзбекистонликлар нутқида ва ўзбек тилли матбуотларида ушбу ташаббуснинг таржимасини “Бир макон, бир йўл” шаклида ишлатиш ҳоллари учраб туради. Ўзбекча макон сўзи арабчадан келиб чиққан бўлиб, у турар жой, яшаш жойи, ҳудуд, маскан, ватан, даража, мартаба маносида ишлатилади [Ўзбек тили. 206. Жилд 2. 531]. Хитойча дай (dai带) сўзини маълум бир шароитда қоида маъносида ҳам ишлатиш мумкин. Шулардан келиб чиқиб “йидай, йилу” ташаббусига таъриф берилса, у “ягона ҳудудда ягона қоида” деган жумбоқли тушунчани беради. Бу ХХР раҳбари олға сурган ташаббуснинг асл маъносига тўғри келмайди.
Атоқли хитой олими ва “Бир белбоғ, бир йўл” ташаббусининг фаол ташвиқотчиси Ванг Йивэй (Wang Yiwei王义桅)нинг тушунтиришига кўра, ушбу сўздаги йи (yi 一) иероглифи “бойлик, доимий кўпайтириш”, дай (dai 带) – “бойликни Хитой модели асосида одиллик билан тенг бўлиш”, лу (lu 路) эса XXI асрда – барча мамлакатларни Хитой модели йўлидан юришга қизиқтириш ва ёрдам кўрсатишдан иборат [Ванг Йивэй. 2016: 157].
Интернет маълумотларида ёзилишича, ХХР раҳбари Ши Жинпингнинг “Бир белбоғ, бир йўл” ташаббуси илк бор Хитой Ташқи ишлар вазири Ванг Йининг нутқида айтилган. Сўнг у расмий сиёсий ҳужжатларда, жумладан “ХХРнинг 2015 йил ижтимоий-иқтисодий ривожланиш режаси”, “Ҳукумат хизмати ҳақида” каби маърузалар матнида акс эттирилган. Сўнг ушбу ташаббус давлат программаси сифатида ХХР янги ҳукуматининг муҳим ва долзарб вазифалари қаторига киритилган [Wikipedia. Пояс и путь].
“Бир белбоғ, бир йўл” ташаббусининг пайдo бўлишига сабаб бўлган омиллар
Хитой матбуотида ХХР раҳбари ташаббусининг юзага келиш сабаби қуйидаги факторларга боғлиқлиги айтилади:
1) ушбу ташаббус доирасига дунё аҳолисининг 63% ва иқтисодий ҳажми 21 трлн АҚШ долларига тенг ва ниҳоятда бой табиий бойликка эга бўлган ҳудудни ўз ичига олади, бу эса катта имконият;
2) халқаро ҳамкорликнинг янги моделини яратиш, Хитой ёрдамида мавжуд минтақавий икки томонлама ва кўп томонлама муносабатлар тузилмалари фаолиятини яхшилаш учун муносиб йўл топиш заруриятининг юзага келиши;
3) мазкур ташаббус “иқтисодий омилларнинг эркин ва тартибли ҳаракатланишини таъминлашга, табиий бойликларни унумли ишлатиш, бозор муносабатлари доирасидаги ҳамкорликларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, рағбатлантириш усули билан “Буюк ипак йўли иқтисодий белбоғи” доирасига кирадиган мамлакатларнинг иқтисодий ва сиёсий ҳаракатларини координация қилиш заруриятининг ошиб бориши;
4) минтақавий алоқаларни кенгайтириш ва бойитиш, биргаликда минтақавий муносабатларнинг янги қурилмасини барпо этиш, унинг доирасида барча мамлакатлар ривожини тенг ҳуқуқли ва фойдани тенг бўлиш асосини яратиш заруриятининг юзага келиши [Ванг Йивэй. 2016: 157].
“Бир белбоғ, бир йўл” ташаббусининг пайдо бўлиш сабабини Ванг Йивэй қуйидаги ҳолатлар билан асослайди:
1) “Хитой ислоҳотлари инсониятнинг янги ютуғи сифатида намоён бўлди” [Ванг Йивэй. 2016: 9];
2) “Хитойдаги ички муносабатларни такомиллаштириш, аҳолида якдилликни шакллантириш, фуқороларнинг бири бирини англаш ва тушуниш онггини ошириш” ишларининг якунига етиши;
3) Хитой учун очиқ бўлган “янги дунёни шакллантириш учун асос яратиш вақти етиб келганлиги” [Ванг Йивэй. 2016: 19];
4) Сунг сулоласи (960–1279) ҳукмронлиги давридан кейин жаҳон миқёсидаги иқтисодий марказ Шарқдан Ғарбга кўчганлиги, айни пайтда эса бунинг тескариси бўлаётганлиги ва 2025 йилда иқтисодий ривожланишнинг маркази тўлалигича Ғарбдан Шарқга кўчиб ўтиши аниқ бўлиб қолганлиги;
5) XXI асрнинг дастлабги 10 йили Хитой учун энг тез суръатда ривожланиш даври бўлгани жаҳонда нафақат иқтисодий марказнинг, балки сиёсий марказнинг Ғарбдан Шарққа кўчишининг намоён бўлиши ва бу жараёнда асосий оғирлик Хитой зиммасига тушаётганлиги;
6) Хитой моллари, маблағи ва ишчи кучининг эркин ҳаракатда бўлиш зарурияти ошиб боришидир [Ванг Йивэй. 2016: 9].
Аблат ХЎЖАЕВ,
тарих фанлари доктори
[1] Масалан, 2005 йилнинг ўрталирига қадар 400 минг нафар хитой ёшлари ривожланган давлатларда талим олган, шулардан 160 минг киши ватанига қайтган [Шазаманов Ш. 2014. 71 Шазаманов Ш. 2014. 71]. Қолганлар хорижда турли ташкилотларда ишлаб Хитой учун ўз ҳиссасини қўшган.
[2] Сўзма сўз таржима қилганда “шяоканг” (小康) атамаси соғломликнинг пастки даражаси маъносини англатади.
[3] 2012 йилда ХХРнинг валюта захираси 3.5 трилион АҚШ долларини ташкил этган [Шарапов А. 2014. 17].
[4] Хитой тилида ушбу анжуман номи “Sichou zhilu jingji dai – gongjian gongxiang gongying gongrong dexin jiyu” (丝绸之路经济带 – 共建共享与共赢共荣的新机遇), инглпиз тилида эса “The Silk Roud Economik Belt: An Opportunity tu Work, Share, Prosper and Succeed Together” деб ёзилган [Ма Юан. 2014: 174].
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ