“Тарихни бегоналар ёзмаслиги керак” – миллий қўшин орзуманди Ҳожи Муин Меҳрий


Сақлаш
23:29 / 06.05.2024 661 0

Жадид тараққийпарвари шоир Ҳожи Муин Шукрулла ўғли 1883 йилнинг 19 март куни Самарқанд шаҳрининг Руҳобод мавзеида дунёга келган. Отаси Шукрулло савдогар бўлиб, 32 ёшида вафот этади. Ўн икки ёшида ҳам ота, ҳам онасидан айрилган Ҳожи Муин Руҳобод гузарининг масжид имоми – бобоси Мирсаид Муҳаммадшариф қўлида тарбият топади. Аввал эски мактабда, сўнг мадрасада таълим олган Ҳожи Муин ўз даврининг таниқли мударриси ва шоири Сайидаҳмад Васлийдан араб тили қоидалари билан бирга мумтоз шеъриятга муҳаббатни ҳам юқтирди. У 1901 йил ҳаж сафаридан қайтгач, ўқитувчилик фаолиятини бошлайди. 1903 йил Абдуқодир Шакурийлар таъсирида Хўжа Нисбатдор маҳалласида ўзининг “усули жадид” мактабини очади. 

 

Худди шу йили устози Васлийнинг уйида Маҳмудхўжа Беҳбудий билан танишуви унинг ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Айниқса, Беҳбудийнинг “Мухтасари жуғрофияи умумий” номли асари Ҳожи Муинда жуда катта таассурот қолдиради. 1908 йил илғор жадид муаллими сифатида “Раҳнамои савод” алифбо дарслигини ёзди. 1914 йил ўз уйида “Тарбият” номли хусусий “усули жадид” мактабини очади. Ҳожи Муин 1908 йили форс тилида “Раҳнамои савод”, Исматулла Раҳматуллазода билан ҳамкорликда ўзбек тилида “Ўқитувчи” номли алифбо китобларини битади.

 

Ҳожи Муин.

 

Ҳожи Муин 1900 йиллардан “Наҳиф” (Ожиз), “Меҳрий” тахаллуслари билан анъанавий мавзуларда шеърлар ёзган бўлса, 1908 йилдан устози Маҳмудхўжа Беҳбудий таъсирида маърифатпарварлик руҳидаги шеърлар ва публицистик мақолалар ёза бошлаган. Ҳожи Муин машҳур маърифатпарвар А.Шакурийнинг илтимоси билан болалар учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бир қанча шеърларни туркийдан форсийга таржима қилади. Кейинчалик М.Беҳбудий кўмагида уларни “Гулдастаи адабиёт” номи билан тўплам ҳолида чоп эттиради ва тўпламга ўзининг “Хитоб ва гўдаки беилм”, “Насиҳат”, “Мухаммас”, “Иттифоқ”, “Шикоят”, “Эътироф” каби шеърларини ҳам киритади.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш”ини матбуотда олқишлаб чиққан Ҳожи Муин тез орада ўзи ҳам саҳна асарлари ёза бошлайди. Драматургнинг “Эски мактаб, янги мактаб” пьесасида эски усул мактаби билан янги усул мактаби ўқув тизимидаги фарқ тасвирланиб, “усули жадид” мактаби олқишланса, “Тўй”, “Кўкнори”, “Мазлума хотин” каби саҳна асарларида халқ орасида урфга кириб қолган ёмон одатлар қораланади. Булардан ташқари, “Маориф қурбонлари”, “Жувонбозлик қурбонлари”, “Бой ила хизматкор”, “Қози ила муаллим” каби пьесалари ҳам саҳналаштирилган.

 

1913 йили Беҳбудийнинг “Самарқанд” газетасида ва “Ойина” журналида ишлай бошлайди. Ижодкор ва ташкилотчи сифатида Беҳбудийнинг рағбат ҳамда ҳурматини қозонади. 1914 йили Беҳбудий “Ойина” ишлари билан икки ойлик сафарга чиққанида журналнинг масъул мудирлигига Саидризо Ализодани, муваққат муҳаррирликка эса Ҳожи Муинни тавсия этиб, ҳукумат рухсатини олган эди. Ҳожи Муин миллатни уйғотиш учун унинг ҳаққоний тарихини яратиш зарур деб ҳисоблайди. Хусусан, 1915 йилда “Ойина” журналида чоп этилган “Миллий тарих ҳақинда” сарлавҳали мақоласида тарих ёзишни бегоналарга эмас, “туркистонийлар”нинг ўзларига ҳавола қилади. Бунинг учун жиддий ғайрат ва шижоат лозимлигини, барча зиёлилар бу ишга астойдил киришсалар, бирор натижага эришиш мумкинлигини таъкидлайди. Амалий ташаббус билан чиққан публицист халқ қалбида ифтихор ва ғурур ҳиссини уйғотадиган, юксалишга чорлайдиган тарих китобининг яратилишини орзу қилади.

 

Ҳожи Муин Шукрулла ўғли 1916 йил 2 ноябрда самарқандлик сафдошлари Абдуқодир Шакурий ва шоир Фахриддин Рожийлар билан мардикорликка олиниб, Минск губернясининг Новоборисов шаҳри яқинидаги ўрмонларда дарахт кесиш, хандақ қазиш ишлари билан шуғулланади. 1917 йилнинг майида, Феврал ўзгаришидан сўнг, она юртига қайтади ва матбуот ишларига шўнғиб кетади. Аввал Фитратнинг “Ҳуррият” газетасида ишлайди, сўнг 1918 йилнинг 11 июнидан “Меҳнаткашлар товуши” газетасини йўлга қўяди. Туркистон келажаги учун Фарғона водийсида ҳаёт-мамот жанглари бошланган бир вақтда газетанинг 1918 йил 2 август сонида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг машҳур “Ғалла, аскарлик, ер ва тазминоти ҳарбия” мақоласи, “Меҳнаткашлар товуши” газетасининг 1918 йил 13 август сонида эса Ҳожи Муиннинг “Бизга нима керак?” мақолалари чоп қилинди. Мазкур икки мақолада нафақат муаллифларнинг, балки бутун Туркистон жадид тараққийпарварларининг аскарлик, миллий қўшин тузиш бўйича қарашлари илгари сурилган дейишимиз мумкин. Жумладан Ҳожи Муин: “Ҳозирги вазифамизға қарағанда бизга энг аввал, аскар керакдир. Чунки ҳозирги дохилий уруш ва инқилоб, хорижий душманларнинг тажовузидан ортиқ бизга қарши хатарли бир ҳолға айланмақдадурки, бу урушдан ватан ва ҳурриятни қутқариб олмоқ учун аскарий зўр бир қувватға молик бўлмоғимиз мутлақо лозимдир”, дейди. Шу ўринда, Ҳожи Муин аскарлик масаласи негизида халққа озодликка чиқишни тарғиб қилган, бирлашишга чорлаб: “Дунёда золим остинда номуссиз яшамакдан ҳуқуқ ва ҳуррият йўлинда номус билан ўлмак минг марта яхшироқдир. Эй Туркистон халқи! Оёқға тур! Душманларингни бос! Юртингни сақла! Эй туркистонли турк ўғли! Яроғингни ол! Ёвингни от! Ҳурриятингни сақла!” деб бонг уради. Кейинги мақоласида эса: “Аскарсиз миллат жонсиз гавда ҳукмидадир. Ўзининг ерлик халқидан аскари бўлмаган бир юрт қўриқчисиз бир истеҳком кабидир. Аскарлик бир миллатнинг ҳаёт-мамот масаласини ҳал қилиш учун зўр рўллар ўйнайдурғон бир кучдир. Ҳар бир енгиш ва енгилишнинг боиси аскардир”, деб уқтирган.

 

Ҳожи Муин “Зарафшон” газетасининг 1923 йил 21 июн сонида босилган “Аскарлик тўғрисида” мақоласида юқоридаги фикрларини ривожлантириб, аскарликнинг қудрат белгиси эканлигини тарихий далиллар билан асослар экан: “Николайни тахтдан туширган – аскар, шўролар ҳукуматини бу кунгача муҳофаза қилиб келган ҳам аскар бўлади. Туркистон турклари ҳам бир вақт урушқоқлиқда мумтоз ва машҳур эдилар. Фақат бу сўнгғи асрларда ўзларининг аскарий кучларини Оврупа жаҳонгирларига қарши ташламай, ўзаро урушға сарф этдилар. Охири, уларнинг юртимизни истило қилишлариға сабаб бўлдилар. Шунинг учун бундаги халқда бора-бора аскарлик руҳи сўниб кетди”, дейди. 1918 йили бошланган ҳарбий хизматга олиш ишлари тўғри ташкил қилинмай, ёшларнинг мажбурий равишда аскарликка олиниши халқнинг норозилигига сабаб бўлганини, аскарларнинг армиядан оммавий қочиб кетиши ҳолатлари юзага келганини Муин “Халқнинг аҳволи руҳияси билан ҳисоблашмаганимиз учун бу тўғрида зўр хато қилдик. Ўшал вақтда фақат ихтиёрий суратда аскар олғонимизда, ҳозиргача ўн мингларча мунтазам аскарга эга булур эдик”, дея очиқлади.

 

 

Ҳожи Муин 1923 йилда ҳукуматда яна аскарликка олиш масаласи кун тартибига қўйилганини айтиб, илгариги хатоларни такрорламасликка чақирар экан: “Ана  букун яна ерлик халқдан аскар олиш масаласи қўзғатилуб турадир. Ўртоқ Троцкий ҳам ўзининг мактубида “ерлилардан секин-секин аскар олиш керак” мазмунида бир-икки сўз ёзиб ўтадир. Шундан ҳам маълум бўладирким, бу кунларда яна ҳукумат Туркистон халқидан аскар олишни тасвиб ва маслаҳат кўрган. Лекин бу дафъа қайси равишда, қандай шароит билан аскар олинадур? Бу ҳам билгулик эмас. Шояд бу тўғрида ҳукуматнинг юқори доираларида кенгаш ва музокаралар бўлиб турғондир. Ҳарҳолда, бу дафъа аввалги хатолар такрор воқеъ бўлмас, деб ўйлаймиз” дея фикрини тугаллайди. Шу ўринда у аскарликка олиш бўйича қуйидаги таклифларни беради: “Ҳарбий хизматга олиш тартибли ва кучлик ташвиқотдан сўнг мажбурий эмас, ихтиёрий суратда бўлиши лозим; аскарлик хизматининг муддатини қисқартириш керак; ҳарбий хизмат билан боғлиқ қонун ва қоидалар енгиллаштирилиши шарт; ерлик халқдан зобитлар етиштириш учун Туркистоннинг ҳар бир шаҳрида аскарий курс ва мактаблар очиш керак; аскарларнинг маишатларини яхши таъмин этиш ва баъзи урф-одатларга мудохала қилмаслик ва ўзларини Туркистондан бошқа давлатга юбормаслик каби қоида ва ён беришлар эълон қилиш лозим”. Ҳожи Муин ҳукумат шу тавсияларни инобатга олса, “Аскарликка олиш муваффақиятли чиқиши, шунинг билан баробар ҳар бир кўнгилли аскарга ўз яқинларидан икки кишининг кафил бўлиши ёки шунга ўхшаш бошқа бир тадбир шарт қилинса, келгусида ул аскарнинг қочишлиғи ва ё ҳукуматга қарши хиёнат қилмаслиғи учун бир амният ҳосил бўлур эди”, деб уқтиради. Бу фикрлар орадан юз йил ўтганига қарамай ҳамон ўта муҳим аҳамиятга моликдир.

 

Ҳожи Муин 1920 йилнинг 1 январидан “Меҳнаткашлар товуши” газетасига илова сифатида “Таёқ” номли кулгили журнал чиқаради. 1922 йилдан “Зарафшон” газетасининг таҳририятида ишлаб, 1924 йилнинг 1 июнидан унга қўшимча бўлиб чиққан “Машраб” кулгили журналига асос солади.

 

Ҳожи Муин советларнинг саводсизликка қарши кураш йилларида яна муаллимлик соҳасига қайтиб, 1925 йилда “Ўқитғувчи”, “Раҳбари бесаводон” алифболарини тузади. 1926 йилдан “Овози тожик” газетасига адабий ходим ва мусаҳҳиҳ бўлиб ишга ўтади. Бироқ Туркистон жадидларининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сафдоши Ҳожи Муинга нисбатан совет маъмурлари ҳамиша ишончсизлик назари билан қаради. 1929 йил “Овози тожик”да техник хатога йўл қўйган деган баҳона билан ГПУ томонидан Сибирнинг Капек округи, Пугачан районига сургун қилинади. 1932 йил сургундан ватанига қайтгач, 1932–1934 йиллар Ўзбекистон давлат нашриётининг тожик бўлимида адабий ходим, 1934–1937 йилларда 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясининг нашри афкори бўлган “Қизил юлдуз” ҳарбий газетасида иш олиб боради. Газетанинг кенг омма орасида машҳур бўлиб кетишида тажрибали публицист Ҳожи Муиннинг ҳам катта хизмати бор эди.

 

“Қизил юлдуз” ҳарбий газетаси.

 

Унинг мусаҳҳиҳлиги яна бахтсизлик олиб келади. “Отишга ҳукм этилган халқ душмани Муралов” деганнинг исм-шарифи шу йилларнинг довруқли арбоби Молотов номи билан алмашиб кетади. Ҳожи Муинни бу ишни онгли равишда қилганликда айблаб, уни 1938 йил 24 январь куни совет жазо идоралари яна қамоққа оладилар. Ҳожи Муин НКВД қошидаги машъум “учлик” томонидан “Аксилшўравий тарғибот билан шуғулланганлик”, “жосуслик, бузғунчилик”, “инглиз разведкасига хизмат этганлик” каби тўқима айбловлар билан 10 йилга қамоққа ҳукм қилади. Маълумотларга кўра, у 1942 йилнинг 21 июлида Перм областининг Соликамск шаҳрида вафот этган. Халқимизнинг буюк фарзанди, жадид бобокалонимиз Ҳожи Муиннинг покиза номи 1963 йили оқланди.

 

 

Айтиш мумкинки, Туркистон жадидлари ёшларни ҳарбий хизматга жалб қилиш, миллий қўшин тузишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида етарли илм ва тажрибага эга бўлганлар. Улар аскарлик – Ватан учун буюк хизмат эканлигини эътироф этган ҳолда, ёшларни ҳарбий хизматга жалб этишни халқнинг орзу-истаклари билан уйғун ҳолда олиб боришни муҳим деб билганлар. Дарҳақиқат, Туркистон жадид тараққийпарварларининг етакчиларидан бўлган Ҳожи Муиннинг ижодий ва публицистик мероси ҳам залворли. У ўзининг кундалигида ёзишича, 1907–1937 йиллар давомида 23 хил газета ва журналларда 200 та мақола, 400 та хабар ҳамда ўзбек ва тожик тилларидаги 1500 мисрага яқин шеърлари билан қатнашган. Ҳожи Муин том маънода ватанпарвар, қўрқмас ва шижоатли журналист. У “Меҳнаткашлар товуши” газетасининг 1919 йил 23 январь сонидаги мақоласида “Бизлар ҳеч кимга хўшомадгўйлик қилмаймиз ва ҳеч кимдан қўрқмаймиз. Бизлар виждон ва номусимизни пулға сотмаймиз. Бизнинг дўстимиз ва маъшуқимиз ёлғиз ҳақиқат бўлғонлиғи учун ҳақиқат ва тўғрилиқдан бошқа ҳеч кимни риоя этмаймиз. Тўғрилиқ йўлинда бўҳтон, ҳибс ва ҳатто, ўлимдан ҳам қўрқмаймиз. Тўғрилиқ ва муқаддас маслакимиз йўлинда қурбон бўлмоқни ўзимиз учун бир шараф деб биламиз” дейди. Ҳа, у шундай яшади ва ўз ҳаётини таҳликага солиб бўлса-да, юрт ва халқ манфаати учун матбуот майдонида мардона кураш олиб борди, ҳақиқий жадид тараққийпарварларимиздан бири бўлиб қолди.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//