Туркистонга дарвеш қиёфасида келган Вамбери нега хон туҳфасини олмаган?


Сақлаш
18:00 / 24.04.2024 471 0

Можор (венгер) миллатига мансуб Арминий Вамбери Рашид афанди номи билан Ҳаж зиёратидан қайтаётган Туркистонлик ва Қашқарлик ҳожиларга ҳамроҳ бўлиб, Эрон Мозандарони ва туркман чўлларидан ўтиб, Хива хонлигига қадам қўяди. Вазиятга кўра, бу маҳалда европаликларнинг Ўрта Осиё тупроғига очиқ келиши мураккаб ва хатарли тус олганди. Гап шундаки, Россия Туркистонни босиб олиш даъвосида бўлиб, Буюк Британия қандай бўлмасин, бунга монелик кўрсатаётган эди. Яқин орада юз беражак руслар босқинидан Амир Насруллони огоҳ этиш учун Бухорога келган Чарльз Стоддарт ва Артур Коноллининг тақдири бунга мисол. “Булар инглиз жосуси” деган бир оғиз гап ажнабийларнинг калласи кетишига сабаб бўлган. А.Вамбери шу важдан фавқулодда  йўлни танлаб, юртимизга чувриндиларга ўралган дарвиш (қаландар) – Рашид афанди қиёфасида кириб келади. Ислом ўлкаларида дарвеш ниқобида тиланчилик қилиб юриш одатий ҳол бўлиб, ҳаёт учун бехавотир эди. А.Вамберига биз “инглиз айғоқчиси” деган тамғани тақишдан тийилган ҳолда, унинг “Бухоро ёки Мовруннаҳр тарихи” асарини туркчага таржима қилган Фотиҳ Каримийнинг “Бу олим сиёсий тафаккур жиҳатидан очиқдан очиқ турк мухлиси, инглизларнинг хайрихоҳи, чор Россиясининг мухолифи эди, шу боисдан чор Россияси назарида у номақбул кимсалар жумласидан ҳисобланар эди” деган гапларини айтиш билан чекланамиз.

 

1863 йил 28 март куни у карвонсаройга келганида Эрон чегарасигача хачир ва эшакларни ёллаган ҳожилар сафарга шай, уловсиз, яъни пиёда зиёратчилар ҳам чориқларини кийиб, қўлларида хурмо дарахтидан қилинган ҳасса билан йўлга чиқишга тайёр эдилар. Ҳаждан қайтаётган шайх Билолнинг фотиҳаси билан карвон йўлга тушди. Европалик сайёҳ йўлларда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган саргузаштларни бошдан ўтказди.

 

Ниҳоят Хивага етиб келиб, хон билан учрашади.

 

“Болхон чўлларида икки ҳафта йўл босиб, 31 майда биз Оқ ёп ариғига тегишли ўзбек қишлоғига етиб келдик. Кумуштепа ва Хива орасидаги чўл мана шу ерда тугайди. Қишлоқ аҳли мен кўрган биринчи ўзбеклар бўлиб, жуда яхши инсонлар экан. Бу ернинг одатига кўра биз хонадонларга кириб, Қуръони карим сураларидан (Фотиҳа сураси) ўқиб, яхшигина хайр-садақа йиғдик”, дейди Вамбери бу ҳақда. У Туркиядаги танишлари тавсия этган Шукуруллабой деган амалдор ёрдамида Хива хони саройига қадам қўяди.

 

“Бир неча дақиқада иккита ясовул иззат-ҳурмат билан қўлтиғимдан олишиб, етаклашди. Қаршимдаги саропарда кўтарилиб, Хоразм ҳукмдори Саид Муҳаммадхонни кўрдим. Хон ўнг қўли билан бахмал болишга суяниб тахтда ўлтирар, чап қўлида салтанат рамзи калта тилла асо бор эди”, дея ҳикоя қилади сайёҳ.

 

Маросим таомилига кўра, хон ҳузурида турганлар Қуръони каримдан оятлар ўқишиб, “омин” дея қўлларини дуога очишади ва ҳамма хонга “Қабул бўлғай” дея хитоб қилишади. Хон суҳбат чоғида ундан бундай узоқ сафарнинг боисини, йўл таассуротларини сўрайди. Вамбери йўл қийинчиликлари қанчалик оғир бўлмасин, хоннинг жамоли муборакларини кўргач, бундай бахт насиб этганидан Аллоҳга беҳисоб шукроналар айтиб, барча машаққатлар ортда қолганини таъкидлайди.

 

Хон Рашид афандидан бу ерда қанча қолишини ва саёҳат учун маблағи бор-йўқлигини сўраганда, у хонлик ҳудудида мангу ором топган азиз-авлиёлар хилхоналарини зиёрат қилиш ниятини билдиради. Маблағ борасида эса у “Биз тарки дунё қилган дарвишлар дунёвий майда-чуйдаларни ўйлаб ғам чекмаймиз. Пири  муршид томонидан солинган дам (руҳий қувват) 4-5 кун оч-наҳор юришимизга имкон беради ва ягона истагим Аллоҳ сиз – олампаноҳга 120 йил умр берсин”, дейди.

 

Яхши гап кимга ёқмайди? Хоннинг унга 20 тилла ва бир эшак ҳадя қилиши меҳмоннинг ҳукмдорга манзур бўлганини англатади. Вамбери дарвешларнинг қўлларига пул ушлаши катта гуноҳ эканини айтиб, тилладан воз кечади. Аммо ногирон дарвиш (оқсоқлигини кўзда тутиб)га сафарда эшак энг қулай уловлигини кўзда тутиб, бу марҳамати учун хонга миннатдорлик билдиради. Ҳукмдорнинг меҳмонга кўрсатган такаллуфи туфайли, Хиванинг манаман деган амалдору боёнлари ҳам хондан улгу олиб галма-галдан меҳмонга чорлашади. Худонинг берган куни 5-6 марта зиёфат. Ўша пайтда ҳам эрталабки ошлар бўлганини Вамберининг қуйидаги сўзлари тасдиқлайди: “Эрталаб азондан соат 4-5 ларда оч қоринга катта лагандаги ёғлиқ паловни ейишни эсласам, сочларим ҳурпайиб кетади”.

 

Вамбери Хивани таърифларкан, мақтовларда асло хасислик қилмайди: “Аввалбошда Хиванинг шунчалик тароватини фақат қиёсдан бўлса керак деб ўйлардим. Йўқ, асло! Хива атрофидаги юксак миноралар, дов-дарахтлар соясига кўмилган ҳовлилар, ям-яшил яйловлар ва тўкин-сочин бозорлар, кейинчалик, яъни шу кунларда Европанинг ғоят кўркам шаҳарларини кўрганимдан кейин ҳам менга ўта гўзал бўлиб туюлаяпти.

 

Хоразм мева-чевалари Эрон ва Туркияникидангина эмас, европадагилардан тотли. Хивада етиштириладиган ширин қовунларни эса нафақат Осиёда, балки бутун дунёда ҳам топа олмайсиз. Бу қовунларнинг ширин мазасини европаликлар ҳатто тасаввур ҳам эта олмайди. Тилни ёрадиган таъмли ва хушбўй бўлиб, оғзингизда болдай эриб кетади ва одамни соғломлаштиради. Агар уни нон билан есангиз, бундай озуқа табиат бизга инъом этган энг тансиқ таом ҳисобланади. Қовунларнинг навлари жуда кўп: зомча (эртапишар, думалоқ шаклда, сариқ рангли), гурвак (яшил рангли), бобошайхи, кўкча, шакарпалак, чатойи, кўкноввот ҳамда оқноввот. Қишки қовунлар: қорагулоби, қизилгулоби, пояндаги, саксовул қовун...” дейди Вамбери.

 

Вамбери Хоразм саёҳатидан кейин Бухоро амирлиги ҳудудида сафарни давом эттиради. Ҳатто амир билан мулоқотда ҳам бўлади, мазкур учрашув тафсилотларини қуйидагича таърифлайди: “Мен тезда қисқа бир сурани ўқиб, давлатпаноҳнинг ҳақларига “омин” деб дуо қилдим ва рухсатни кутиб ўтирмай ҳукмдор ёнига чўкка тушдим. Дарвиш мақомига тўла мос келувчи менинг бу журъатим ҳукмдорни ҳайрон қолдирди”, дея қўшимча қилади.

 

Амир билан қилган суҳбатини қуйидагича келтирган.

– Ҳожи, эшитишимча, сен Баҳовуддин Нақшбанд ва Туркистоннинг бошқа азиз-авлиёларини зиёрат қилиш учун атайлаб Рум (Истамбул)дан келмишсан?

 

– Ҳа, тақсири олам, шу билан бирга Сизнинг муборак дийдорингизни кўриш ҳам менга катта ҳузур бағишлайди.

 

– Қизиқ! Наҳотки сенда бундан бошқа мақсад-муддао йўқ бўлса? Ахир шунча узоқ юртдан келиш осонми?

 

– Тақсири олам, камина қулингиз жуда узоқ йиллардан буён сизнинг қаламравингизда  бўлмиш Бухоройи шариф ҳамда гўзал Самарқандни зиёрат этиш орзусида эдим. Бундан бошқа нима ҳам мақсадим бўларди?

 

– Қандай қилиб? Шу оқсоқ оёғинг билан-а?

 

– Тақсири олам, қурбонингиз бўлай. Сизнинг улуғ бобонгиз Амир Темур ҳазратлари ҳам оқсоқ оёқда дунёни забт этиш шарафига сазовор бўлганди.

 

Арминий Вамберининг Туркистонга оид аксарият китобларида бу ерда яшовчи халқлар орасида кўпроқ ўзбекларга муҳаббат ва ихлос бўртиб туради. У ўзбек халқининг этногенези, тили, урф-одатлари ҳақида жуда кўплаб қимматли маълумотларни беради.

 

“Ўзбекларнинг Марказий Осиёга келиб жойлашиши ҳақида қанчалик кам маълумотга эга бўлсак, уларнинг келиб чиқиши ҳақида ҳам жуда кам биламиз” дейди Вамбери. “Гарчи форс муаррихлари ўзбеклар қудрати Темурийлар қудрати харобалари устида пайдо бўлди, деса-да, бу далил масалани  унчалик ойдинлаштирмайди. Албатта, бу ҳолат уларнинг довруқларини юксалтирди. Аммо Амир Темур ва Чингизхон замонларидан анча илгарироқ уч хонликда ўтроқ яшаган туркий аҳоли қайси уруғга мансуб бўлганини ким айта олади? Масалан, мўғуллар босқинидан анча аввал Хоразмшоҳ-Ануштегинлар (X–XIII асрлар) салтанатида ўзбеклар ҳукмрон бўлганини Хивада эшитганман”.

 

А.Вамбери учта хонликда ҳам ўзбеклар босим ва устун халқ эканини эътироф этади. Хусусан, Бухорода амирнинг ўзи ҳам ўзбекларнинг манғит уруғидан бўлиб, бу уруғ мамлакат қуролли кучларининг ўзагини ташкил этади, деб қайд этади.

 

Ўзбек ўтроқ ва деҳқончилик билан шуғулланадиган халқ номидир, дейди у. Ўзбеклар Орол денгизидан то Комулгача (Хивадан 40 кунлик йўл) бўлган бепоён кенгликларда яшайди ва уч хонликнинг хамда Хитой Туркистони (Қашқар)даги кўп сонли халқ ҳисобланади. Ўзбеклар 32 та асосий тоифа (қабила)га бўлинади. 1 қўнғирот, 2 қангли, 3 хитой, 4 манғит, 5 нукус, 6 найман, 7 қулон, 8 қиёт, 9 ас, 10 тоз, 11 саёт, 12 чиғатой, 13 уйғур, 14 оқбет, 15 дўрман, 16 ёшун, 17 қанжиғали, 18 нўғай, 19 болғали, 20 митан, 21 жалойир, 22 кенагас, 23 қангли, 24 эшкили, 25 буюрли, 26 олчин, 27 очамайли, 28 қорқурсоқ, 29 бирқулоқ, 30 тиркиш, 31 каллакесар, 32 минг. Бу бўлиниш қадимдан мавжуд бўлиб, дейди у, фақат бунда бир ҳолатга эътибор қаратиш  керак. Масофа қанчалик улкан бўлмасин, ўзбек уруғлари бу ҳудудларда нотекис сочилиб кетган. Тадқиқотчини ҳайрон қолдирадиган жойи шуки, Хива, Қўқон ёки Ёркентда яшайдиган ўзбек гапириши, урф-одати, юз кўринишидан сезиларли фарқ қилса-да, у ўзини нафақат ўзбек миллатига, балки битта қабилага, битта уруғга мансублигини тан олади, дея фикрларини давом эттирган.

 

Ўша даврда йўл машаққатлари ҳақиқатдан ҳам оғир бўлган. Айниқса, туркман чўлларидан ўтишда қароқчилар қўлига тушиш, жондан умид узиш билан баробар бўлган. А.Вамбери  ўзи билан келаётган дарвешлардан бири бошидан кечирган ушбу воқеани келтиради: “Йўлдошларимдан бири увада кийимларда  туркман қишлоғига йўл олди. Кун бўйи садақа йиғиб, кечқурун тунашга бир ўтовга қўнди. Қараса, меҳмон нимадандир безовта, бир нарсани йўқотиб қўйиб, излаб тополмаётгандек.

 

Алқисса, уй соҳиби минг хижолат бўлиб, қўноқни (яъни дарвишни) тузукроқ овқатлантириш учун ундан қарз сўрайди. У жулдур кийимлари орасига бекитган ҳамёндан 5 қиронни бериб, мезбонни хижолатдан қутқаради. Кечки овқат, ширин суҳбатдан сўнг уйқуга ётишиб, эртасига меҳмон иззат-ҳурмат билан кузатилади.

 

“Бу ердан чиққанимдан ҳаял ўтмай бир туркман орқамдан ҳай-ҳайлаб етиб келди” дея ҳикоя қилди шеригим. “Менга пўписа қилиб, ҳамёнимни талаб қилди. Қароқчи ўзим кеча ўтовида меҳмон бўлган туркман эканини кўриб, ҳайратдан қотдим. У ҳазиллашяпти, деган хаёлда бу иши инсофдан эмаслигини яхшиликча тушунтира бошладим. Аммо иш жиддий тус олгач, ҳамёнимни, унга қўшиб пичоқ, тароқ ҳамда чойимни қароқчига беришдан бошқа иложим қолмади. Тезроқ  қутулиш учун жадаллаганимда, у мени тўхтатиб ҳозиргина меники бўлган ҳамёндан 5 қиронни олиб узатди ва деди:

 

“Мана, кечаги қарзимни тўладим, энди орамиз очиқ, истаган ёғингга кетишинг мумкин”.

 

А.Вамбери саёҳати давомида ўзбек хонликларининг бир-бири билан муносабати, қишлоқ хўжалиги соҳаси, Россия ва Туркистон савдо муносабатлари, уларнинг ҳарбий салоҳиятини  батафсил ўрганади. Жумладан, у кўплаб асарларида Россиянинг Туркистонга таъсири ва Буюк Британиянинг бу ҳолатга муносабатига атрофлича тўхталиб ўтган. Энг муҳими, у рус аскари ҳали Туркистон тупроғига қадам қўймасдан 2-3 йил олдинроқ кейинги замонларда мазкур ҳудудларда кечадиган сценарийни башорат қилади.

 

“Бундан 25 йиллар олдин рус сиёсатида Ўрта Осиёга жуда кам эътибор берилган”, дейди у. “Афғонистоннинг инглизлар томонидан босиб олиниши, рус-форс иттифоқи ва Хивага қарши дастлабки юриш Петербург ва Лондон кабинетларида бўлган дипломатик ёзишмаларда илк марта Туркистон масаласини кўтарди. Ўрта Осиё ғарбида, айнан Орол денгизида русларнинг таъсири сезиларли  ўсди. Айни пайтда Амударё делтасидан ташқари Оролнинг барча қирғоқлари руслар тасарруфига ўтди. Эндиликда асосий ҳаракатлар Яксарт (Сирдарё)нинг чап қирғоғида рўй бермоқда. Рус фортлари (истеҳком)нинг узилмас ҳалқаси ҳимоясидаги  рус форпост (қалъа)лари Раим қалъасигача (Ҳозирги Қизилўрда вилояти, Орол тумани) етиб келди. Қўқон хонлигининг шарқий чегарасида, Наманган тарафдан ҳам руслар жуда қисиб келаётир.

 

Русларнинг Ўрта Осиё режаларини муваффақиятли амалга оширишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Цивилизация манфаати учун (барча европаликлар каби А.Вамбери ҳам руслар Туркистонга маданият олиб келади, деб ишонган. А.А.) рус қуролига омад тилашимиз мумкин. Лекин биз рус қўшинларининг охир-оқибатда қаерга бориб тўхташини мулоҳаза қилсак, вазиятнинг ўта мураккаблигини тушунамиз. Россия фақат Бухоро билан қаноатланиб қоладими, Оксус (Амударё)ни ўз таъсирининг сўнгги чегараси деб ҳисоблайдими, деган саволларга жавоб топишимиз жуда мушкул. Ҳарқалай, Россия Туркистонни забт этиб, Афғонистон ва Шимолий Ҳиндистонга бевосита ёки билвосита тажовуз қилмаслигини истардим” дейди муаллиф.

 

Машҳур можор олими Арминий Вамбери (1832 йилда Дуна-Сердахелида туғилган, 1913 йилда Пештда вафот этган)  атоқли муаррих, шарқшунос ,тилшунос ва адиб. У ота-онадан ёш етим қолганига қарамай, маҳаллий мактабда таълим олади. Ноёб қобилиятли ўспирин 16 ёшида лотин ва можор тилларидан ташқари француз, инглиз, скандинав тилларини, шунингдек, рус тилини яхши ўзлаштира олган. 1861 йилда Венгрия фанлар академияси аъзолигига сайланган. Олим можор тилининг илдизларини, унинг туркий тиллар билан нечоғли қон-қариндошлигини ўрганиш мақсадида 1852 йилда Туркияга йўл олади. Истамбулдаги бадавлат турк оилалари фарзандларига француз тилидан сабоқ беради.

 

Ўрта Осиёга сафари давомида у дастлаб Хивада, кейинчалик Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва бошқа шаҳарларда бўлади. Сўнгра Амударёдан ўтиб Ҳирот, Машҳад, Теҳрон  ва Истамбул шаҳарлари билан ортга қайтади.  А.Вамбери  илк бор “Немисча-туркча луғат”, “Немисча-Чиғатойча луғат”  китобларини тузган. Унинг “Бухоро ёки Мовароуннаҳр тарихи” китоби яратилганига бу йил 160 йил бўлди. Олим, шунингдек, “Менинг ҳаётим”, “Ўрта Осиё  ҳаёти ва урф-одатлари очерклари”, “Чиғатой тили дарслиги” каби 20 дан зиёд китоблар ёзган. Аҳмад Яссавий,  Низомий-Ганжавий, Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий, Бобораҳим Машраб, Сўфи Оллоёр каби шоирлар ижодига бағшлаб мақолалар ёзган.

 

Абдумажид АЗИМОВ,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10349
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//