Бошланма
Бухоро шаҳрида 1920 йилдаги руслар босқинига қадар Исмоил Сомоний авлодлари яшаган бир маҳалла бўлиб, улар гўёки Исмоил Сомонийнинг ўз авлодларига қолдирган вақфлардан келган даромадлар эвазига кун кечирганлар. Бу Исмоил Сомоний авлодлари кимлар эди, улар вақф мулкига бўлган ҳуқуқларини оқлаш учун қандай ҳужжатларни сақлаганлар? Ушбу мақола ана шу ва у билан боғлиқ бўлган айрим бошқа масалаларга бағишланган.
Исмоил ибн Аҳмад ас-Сомонийнинг вақфлари
Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида Исмоил Сомоний хайрия мақсадларида Бухородаги жумъа масжиди ва катта работнинг эҳтиёжларини қондириш учун, камбағаллар фойдасига, исломда эъзозланувчи кишилар (Али, Жаъфар ва бошқалар) авлодларининг эҳтиёжларини таъминлаш учун, шунингдек, ўзининг “мавло”, яъни мижозлари, ва ўзининг авлодларига атаб ерлар сотиб олиб, уларни вақф мулкига айлантиргани ҳақида маълумот келтирилган. Хусусан, асарнинг Бухорога туташ ҳудудлар бўлимида амир Исмоил Сомонийнинг Сомжан (سامجن) рустоқидаги Шарғ (شرغ) қишлоғини барча мулклари ва ерлари билан бирга сотиб олганлиги ҳақида ёзилган. Буларнинг барчасини у шаҳар ичида Самарқанд дарвозаси ёнида ўзи қурдирган катта работнинг эҳтиёжларини таъминлаш учун вақфга берган [Наршахи: 29]. Ўша рустоқнинг ўзида у Баркад (بركد) қишлоғини сотиб олди, бу қишлоқ Баркад-и Алавийён (بركد علويان) деб ҳам аталган, чунки Амир Исмоил Сомоний уни вақф мулкига айлантириб, унинг икки қисмини Али ва Жаъфар авлодлари фойдасига, икки қисмини камбағаллар фойдасига ва яна икки қисмини ўзининг меросхўрлари фойдасига ажратган [Наршахи: 29]. Асарнинг Жуй-и Мулиён ҳақидаги бўлимида бу мулк илгари Бухор-Худат Туғшада авлодларига қарашли бўлган деб ёзилган. Амир Исмоил Сомоний уни халифа ал-Мустаъин ибн ал-Муътасим (ҳукмронлиги 248–252/862–866)нинг сарҳанги, яъни ҳарбий қўмондони бўлган Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Толутдан сотиб олган. Амир Исмоил Жуй-и Мулиёнда саройлар қурдириб, боғлар солиб, уларнинг кўпини ўзининг мавло (مولى)ларига вақф мулки қилиб берди. У доимо ўзининг мавлолари ҳақида қайғурар эди. Шундан кейин бу ерларни Жуй-и Маволиён (جوي مواليان) деб атай бошладилар, оддий одамлар эса Жуй-и Мулиён (جوى موليان) деб атаган [Наршахи: 38]. Бухорода Ҳисорга туташ Даштак деган текислик бор эди. Бу ернинг ҳаммаси қамишзор эди. Амир Исмоил у ерни ҳам Ҳасан ибн Толутдан 10 минг дирҳамга сотиб олди. Биринчи йилнинг ўзида у қамиш сотишдан 10 минг дирҳам фойда кўрди. Амир Исмоил бу жойни жумъа масжидига вақф мулки қилиб берди. Амир Исмоилдан кейин унинг амир бўлган барча авлодлари Жуй-и Мулиёнда ўзларига боғлар барпо этиб, саройлар қурганлар, чунки бу ер “жуда ҳам гўзал, гуллаб-яшнаган ва салқин” эди. Амир Исмоил Сомоний мулкларига шаҳарнинг Нав дарвозаси (دروازه نو) яқинидаги ҳудуд ҳам кирган, у ер Корак-и ‘Алавиён (كارك علويان), яъни “Алавийларнинг экин ерлари” деб аталган. У ерда 356/966-67 йилда амир Мансур ибн Нуҳ жуда гўзал қаср (кўшк) қурдирдики, унинг гўзаллиги ҳақида овоза тарқалган эди. Жуй-и Мулиён ва Корак-и Алавиён Сомонийлар сулоласи ҳукмронлигининг охиригача обод бўлиб келган. Ҳокимият Сомонийлар қўлидан кетгач, у саройлар вайрон бўлди [Наршахи: 38-39].
Бу маълумотларнинг барчаси Исмоил ибн Аҳмад ас-Сомонийнинг ҳақиқатан ҳам йирик ер эгаси бўлганлиги ва ўз ерларининг бир қисмини хайрия мақсадларида вақфга айлантирганидан далолат беради. Лекин мол-мулкининг асосий қисмини у ўзининг ворислари, авлодлари ва мижоз (мавло)ларига қолдириб, улар учун махсус вақфлар ажратган.
Исмоил Сомонийнинг вақф гувоҳномалари
ЎР ФАнинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар жамғармасида 527а сонли рақам остида 931/1524-25 йилда форс тилида ёзилган ва ҳеч қандай муҳр билан тасдиқланмаган номи йўқ бир ҳужжат сақланади. Фиҳрист китобида у шартли равишда “Исмоил Сомоний вақфномаси” деб аталган. Бу ҳужжатда Исмоил Сомоний ўз авлодларига вақф мулки қилиб қолдирган Бухоро вилоятидаги айрим қишлоқлар ҳақида сўз боради. Ҳужжатда Исмоил Сомонийнинг вақф мулкини ташкил этган жами 13 та ҳудуд номлари келтирилган. Ҳужжатга кўра, Исмоил Сомоний ўз авлодларига Наҳр-и Навканда (نهر نوکنده), Паркат (پرکت), Хожа Убон (خواجه اوبان), Мазра'aи Алишоҳ (مزرعهء علیشاه), Арбоб-и Ката (ارباب کته), Талл-и Гармоба (تل گرمابه) қишлоқларини, ва Ҳазорбоғ (هزارباغ), Сабуқ (سبوق) ва Босандиқ (باسندق) ерларини вақф қилиб қолдирган, Жуй-и Мулиён (جوی مولیان) ҳудудлари, Катта Чорбоғ (چارباغ بزرگ) ва Регистон-и Бухоро (بخارا رگستان) ерларини эса нафақат ўз авлодларига, балки мижоз (мавло)ларига, шунингдек, камбағал мусулмонларга (фуқаро) васият қилган. Фақиҳлар (фуқаҳо), илоҳиёт олимлари (уламо) ва мусофирлар (матнда “келиб-кетувчилар”) учун Варахша (ورخشه) ҳудудида ерлар вақф қилиб ажратилган, бу ерда қадимда 12 та суғориш ариқлари ва суғориладиган ерлар бўлган. Ҳужжатнинг якуний қисмида амир Абдулмалик ибн Мансур даврида (ҳукмронлиги 389–390/999–1000) Хуросонда Сомонийлар ҳукмронлигига барҳам берилганлиги қайд этилган. Бу вақтда Қорахонийлар ҳукмдори Иликхон қўшинлари бутун Мовароуннаҳрни эгаллаган. Шундан кейин Сомон хонадонига мансуб султонлар сулоласи барҳам топди. Бу хонадон авлодларининг бир қисми савдо-сотиқ билан шуғулланган бўлса, яна бир қисми илм-фан ва тақво соҳаларида фаолият олиб борди. Уларнинг ҳаммаси оддий одамларга айланди. Ҳужжат сўнггида ёзилишича, бу ҳужжат ҳижрий 931 йил ражаб ойининг 20-кунида Бухоро шаҳрида “Баҳр ад-дурар” асаридан ишончли кишилар ҳузурида кўчирилган” [Камолиддин, Мусаметов 2017: 6–12].
1-сурат. ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган 527а рақамли ҳужжатнинг бир қисми (ХVI аср боши).
ЎзР Марказий давлат архивининг 323-сонли асосий жамғармасида 758/6-7-рақам остида Исмоил Сомоний авлодларига берилган вақф ҳужжатининг кейинги асрларда кўчирилган нусхаси сақланади. Форс тилида ёзилган бир-бирига ёпиштирилган қоғоз варақларнинг узун ўрами кўринишидаги ушбу ҳужжат “Вақфия-и авлод-и подшоҳ-и Исмоил Сомоний” (“Подшоҳ Исмоил Сомоний авлодларининг вақф ҳужжати”) деб номланади. Ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун ўрамдаги варақларнинг бир-бирига ёпиштирилган жойларида варақларнинг ҳар икки томонига 2,5 см айланали думалоқ шаклдаги жами 13 та муҳр босилган.
2-сурат. ЎзР Марказий давлат архивининг 323-сонли асосий жамғармасида сақланаётган 758/6-7-рақам остида сақланаётган ҳужжатнинг бошланиш қисми (ХVIII аср).
Муҳрда амир Шоҳ-Мурод (ҳукмронлиги 1785–1800) исми ёзилган ва 1198/1784-85 йил кўрсатилган. Ҳужжат матнида унинг 254/868 йилда Исмоил Сoмoний томонидан тузилганлиги қайд этилган. Ҳужжатда Сомжан (سامجن) ариғи атрофидаги ерларнинг Исмоил Сомоний авлодларига вақфга ўтказилиши ҳақида сўз боради. ЎзР ФАнинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган 527а сонли ҳужжатдан фарқли ўлароқ ушбу ҳужжатда вақфга айлантирилган барча ерлар, қишлоқлар ва аҳоли масканларининг аниқ чегаралари кўрсатилган. 1287-сонли ва 758/6-7-сонли ҳужжатларга кўра, Исмоил Сомонийнинг вақф мулклари шаҳарнинг ўзида ва 4 туман – Сомжан, Хутфар, Руд ва Пой-и Руд ерларида жойлашган.
ЎзР Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Маданий мерос ёдгорликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бош бошқармасининг архивида 3499–3510-рақамлар остида форс тилида тузилган бир ҳужжатнинг фотонусхаси мавжуд бўлиб, унинг асл нусхаси илгари ЎзР Марказий давлат архивида сақланган, аммо ҳозирда йўқолган. Архивнинг Бухоро вақф ҳужжатлари жамғармаси қайд китобида бу ҳужжат 1287-рақам остида “Исмоил Сомоний вақф ҳужжати” сифатида қайд этилган. Мазкур ҳужжат матни мазмун жиҳатдан 758/6-7-сонли ҳужжат матни билан бир хил бўлиб, унда жиддий тафовутлар йўқ. Ҳужжат матнига кўра, гўёки у 254/868 йилда ёзилган асл нусхадан кўчирилган, кўчириш санаси ҳижрий 676 йил муҳаррам ойининг 4-куни (милодий 1277 йил 7 июнга тўғри келади) деб кўрсатилган. Бироқ буни ҳужжатнинг қўлёзмаси хусусиятлари тасдиқламайди. У оддий настаълиқ ёзувида ёзилган бўлиб, бу ёзув ХVII асрдан ХIХ асргача Ўрта Осиёда кенг тарқалган. Ўрамнинг 17 жойида 1800–1826 йилларда Бухорода ҳукмронлик қилган “Султон Амир Ҳайдар” исми ёзилган, узунлиги тахминан 2,5 см бўлган бодомсимон муҳрлар босилган. 6 ўринда бошқа ҳужжатлардан ҳам маълум бўлган Мирзо Муҳаммад Аминнинг ўғли Олий қози Мирзо Муҳаммад Фозил исми ёзилган думалоқ шаклдаги муҳрлар босилган. Шундай қилиб, ҳужжатнинг ёзуви хусусияти ва муҳрлардаги ёзувларнинг мазмуни ушбу нусха ХIХ аср бошларида кўчирилган деб хулоса чиқаришга имкон беради. Ҳужжатга 1332/1914 йилларда тузилган деҳқонларнинг мажбуриятлари кўрсатилган 6 та тўлиқ низом ва 1 та низомнинг ярми, илова қилинган [Чехович 1950: 259–270].
3-сурат. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Маданий мерос ёдгорликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бош бошқармасининг архивида 3499–3510-рақамлар остида сақланаётган 1287-рақамли ҳужжат фотонусхаси (ХХ аср боши).
О.Д.Чехович Исмоил Сомонийнинг вақф ҳужжатида келтирилган маълумотларни батафсил таҳлил қилиб, натижада шахсий муҳрларнинг ёзуви ва мазмунига асосланиб, шу хулосага келдики, бу сохта ҳужжат ХVI аср бошида тузилган (527а сонли ҳужжат), ХVIII аср охирида янгиланган (758/6-7-сонли ҳужжат) ва ХХ аср бошларида қайта тикланган (1287-сонли ҳужжат) [Чехович 1950: 265–267; 1951: 266–268].
Шу билан бирга О.Д.Чехович Исмоил Сомонийнинг ҳақиқий вақф гувоҳномасининг мавжуд бўлганлигини инкор этмасдан, ўз хулосасида шундай ёзади: “Фақат икки маълумот сир бўлиб қолмоқда: Навканда ариғи ва Регистон майдонининг эски номи – Коҳ-фурушон тилга олиниши, ва бу ернинг илгари қамишзор бўлганлигидир. Иккала ном ҳам Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида учрайди. Бунга асосланиб, у сохта ҳужжат матнини тузувчи ундан ҳам қадимги ҳужжатдан манба сифатида фойдаланган бўлиши мумкинлигини тан олади.
Қандай бўлмасин, бу ўта шубҳали ҳужжат 1914 йилда деҳқонларни Исмоил Сомонийнинг “авлодлари” фойдасига пул тўлатиш учун асос бўлиб хизмат қилди. Бухорода 1920 йилдаги руслар босқинига қадар Исмоил Сомоний авлодлари истиқомат қилиб, шу вақфлардан келган даромад ҳисобига яшаганлар [Чехович 1950: 260, 266]. О.Д.Чехович ўзининг кейинги асарларидан бирида (1979) Исмоил Сомонийнинг вақф ҳужжатларини “кечки нусхалар (ёки баёнлар)” деб ифодалайди, ва улардаги маълумотларни ХIII асрга мансуб ҳақиқий вақф гувоҳномасидаги маълумотлар билан солиштиради [Бухарский вакф: 26].
Қадимги ҳужжатнинг мавжудлигига амир Саййид Муҳаммад ибн Амир Султон Ҳусайннинг Бухоро қозисига унинг Исмоил Сомоний авлоди эканлигини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатганлиги ҳақидаги хабар ҳам далолат беради. Ҳужжатларда Наҳр-и Навканда ариғи ва Коҳ-фурушон (Регистон) майдонидан ташқари IХ-Х асрларда мавжуд бўлган ёки келиб чиқиши ўша давр билан боғлиқ бўлган Арбоб-и Ката, Паркат, Варахша, Жуй-и Бут, Жуй-и Мулиён, Кақиштувон, Қоракўл, Сабуқ, Салор-и Ҳаж, Жан, Тарнау(з), Ҳубб-и Калкон ва Хутфар жой номлари ҳам қайд этилган. 527а сонли ҳужжатда “ҳозиргача Систон Бану Лайс оиласига мансуб” (280-сатр) дейилади. Саффорийлар сулоласи Систонда тахминан ХV аср охиригача ҳукмронлик қилганини ҳисобга олсак, ушбу ҳужжат маълумотлари кўчирилган “Баҳр ад-дурар” асарининг матни шу вақтда тузилган деб тахмин қилишимиз мумкин.
Бу маълумотларга асосланиб, шу хулосага келиш мумкинки, ушбу ҳужжатнинг 3 нусхасида келтирилган маълумотлар Исмоил Сомоний томонидан араб тилида тузилган матнга асосланган бўлиб, у 527а сонли ҳужжатдаги фақат вақфга ўтказилган ерлар билан боғлиқ бўлган қисмни, яъни 24–41-сатрлар, 1287-сонли ҳужжатнинг 2, 3 ва 4-қисмларини ва 758/6-7-сонли ҳужжатнинг бошланиш қисмини ўз ичига олган. Кейинги асрларда бу матн, эҳтимол, форс тилига таржима қилинган, бироз ўзгаришларга учраган ва бизгача янада ўзгарган ва кенгайтирилган шаклда етиб келган. Исмоил Сомонийнинг вақф мулклари, шунингдек, айрим жой номлари, масалан, Коҳ-фурушон фақат Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида тилга олинганидан келиб чиқадиган бўлсак, айнан шу асар кейинчалик ушбу вақф ҳужжатлари матнини тузишда асосий манбалардан бири бўлиб хизмат қилган. Наршахий маълумотларидан келиб чиқадики, Исмоил Сомонийнинг Сомжан ариғи бўйларида жойлашган вақф мулклари ХII асрда мавжуд бўлмаган, бизгача етиб келган вақф ҳужжатида эса Исмоил Сомонийнинг вақф мулклари орасида 3 та қишлоқ ерлари билан мазкур ариқ бўйида жойлашганлиги кўрсатилган. Бу вақфлар мўғуллар истилосидан кейинги даврда, яъни ХIV-ХV асрларда тикланган деб тахмин қилиш мумкин.
Исмоил Сомоний авлоди Жандий-бек
“Исмоил Сомоний вақфномаси” (527а рақамли ҳужжат)да ёзилишича, Сомон уйининг султонлари сулоласи тугагандан сўнг бу оила аъзоларининг баъзилари ҳунармандчилик билан, бошқалари эса илм-фан ёки хайрия ишлари билан шуғулландилар. Уларнинг ҳаммаси ўрта ҳол одамларга айландилар [Исмоил Сомоний вақфномаси: 456-457-сатрлар]. Лекин баъзи маълумотларга кўра, Сомонийлар сулоласининг айрим авлодлари маҳаллий бошқарув тизимида қолиб, ХIV асргача ўз насл-насабини сақлаб келган.
Хусусан, ХVI асрда ўзбек тилида номаълум муаллиф томонидан ёзилган “Таворих-и гузида-йи Нусратнома” номли асарда “Исмоил Сомоний авлоди” бўлган Жандий-бек ҳақида маълумот келтирилган. Бу асарда ёзилишича, Жандий-бек Жўчийлар сулоласи билан қариндош-уруғчилик алоқаси боғлаб, ўз қизини Жўчи Бука набираси ва Шайбонхоннинг 4-наслдаги авлоди бўлган Минг Темурхонга никоҳлаб берган. Бу никоҳдан Эл-бек ва Пўлад исмли ўғиллар дунёга келган. Минг Темурхоннинг Жандий-бекнинг қизидан туғилган 4-наслдаги авлоди Абу-л-Хайрхон эди, унинг набираси эса Шайбонийхон эди [Таварих-и гузида: 34-35].[1] Худди шу маълумотни ХVII аср муаллифи Маҳмуд ибн Валий ҳам келтиради, унга кўра, Жандий-бек “Сомон авлодларидан бўлган, Сомон эса Баҳром Чубин уруғидан бўлган” [Махмуд ибн Вали 1969: 348].
Минг Темурхон Олтин Ўрданинг Шайбон улусида тахминан 1340–1359 йилларда ҳукмронлик қилган. Шайбон улуси Шарқий Қозоғистон ва Ғарбий Сибир ерларини ўз ичига олган эди. Унинг пойтахти Урал дарёсининг ўнг қирғоғида жойлашган Сарайчиқ шаҳрида эди [Костюков 2010]. Шуниси диққатга сазоворки, ХIV аср ўрталарида Минг Темурхоннинг Жандий-бекнинг қизига уйланишидан олдин Жўчийлар шажарасида бирорта ҳам араб-мусулмон исми бўлмаган, ва айнан шу никоҳдан кейин Жўчийларнинг кейинги авлодлари шажарасида Пулод, Илёс, Таваккул-Хожа, Иброҳим, Арабшоҳ, Хизр, Давлат-Шайх, Бахтиёр, Ҳамза, Маҳдий, Мутталиб, Суфён, Ёдгор, Қул-Аҳмад, Маҳмуд, Абу Саид, Исо, Мусо-Ризо, Мустафо, Муртазо, Қосим, Турди-Муҳаммад, Кел-Муҳаммад, Муҳаммад-сўфи, Мусташ, Жаъфар-Содиқ, Навруз каби араб ва форс исмлари пайдо бўлган. Шундай қилиб, агар Х асрда Сомонийлар Қорахонийларнинг исломлашувида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган бўлса, XIV-XV асрларда уларнинг авлодлари Жўчийлар ва Дашти-Қипчоқ ўзбекларининг исломлашувида худди шундай аҳамиятга эга бўлган.
Исмоил Сомоний авлодининг исми (Жандий-бек)ни Сирдарёнинг қуйи оқимидаги Жанд (جند) шаҳри ёки ўғузлар томонидан Бухоро атрофида асос солинган Турк-и Жандий (ترك جندي) маҳалласининг номи билан боғлаш мумкин. Маълумки, Сомонийлар Сирдарёнинг қуйи оқимида яшаган ўғузларнинг илтимосини қаноатлантириб[2], уларга Зарафшон водийсидаги Нур атрофлари ва Бухоро атрофларига кўчиб келишга рухсат берганлар [ал-Хусайни: 164; Байхаки: 823]. Бу ўғузларнинг авлодлари бугунги кунгача Бухоро вилоятининг Нурота ҳудудида истиқомат қилаётган туркманлар ҳисобланади [Шаниязов 1973: 5]. Маълумки, ўғузлар нафақат шаҳардан ташқаридаги ерларда, балки Бухоро шаҳрига бевосита туташ ерларда ҳам ўрнашган. Хусусан, Бухоро яқинида Жанд атрофларидан келган туркман кўчманчилари ал-Қарийя ал-Жадида (القرية الجديدة) – “Янги қишлоқ” номли қишлоққа асос солганлар [ас-Самъоний III: 319]. Кейинчалик бу қишлоқ шаҳар таркибига кирган ва Турк-и Жандий деб аталган[3] [Сухарева 1976: 91-92]. Ораларидан кейинроқ Салжуқийлар сулоласи етишиб чиққан бу ўғузлар Сомонийларни кўп марта қўллаб-қувватлаганлар, уларнинг энг яқин иттифоқчилари сифатида ҳаракат қилганлар. Масалан, ал-Утбийнинг ёзишича, 382/992-93 йилда Сомонийлар амири Нух II ибн Мансур (ҳукмронлиги 365–387/976–997) даврида Бухорода ҳокимиятни қўлга олган Буғрохон касал бўлиб қолиб, шаҳарни тарк этганда[4], унинг йўли ўғузларнинг ерларидан ўтди. Ўғузлар унинг кетидан бир неча чақирим таъқиб қилиб, қўшинидан ортда қолган ва кучсизланган жангчиларни ўлдирганлар [ал-‘Утби 1939: 223; ал-‘Утби 1988: 26-27]. Иликхоннинг ўғли Ҳорун Сомоний амирларидан бирига қарашли чекка ҳудудларнинг бир қисмини қўлга киритганда, Ҳорун ўғузлар ҳукмдори Салжуққа ёрдам сўраб мурожаат қилади ва Салжуқ унга ёрдамга ўз ўғли Арслонни қўшин билан юборади [Ибн ал-Асир 2006: 198]. 391/1000-01 йилда Сомонийларнинг сўнгги амири ал-Мунтасир Қорахонийларнинг Ўзганддаги зиндонидан қочиб, Хоразмга йўл олади [ал-‘Утби 1939: 223; ал-‘Утби 1988: 37], чунки аҳолининг салмоқли қисмини ўша пайтда Хоразм ўғузлари ташкил қилар эди [Ҳудуд ал-‘Алам: 121–122]. Охирги Хоразмшоҳ Абу-л-Аббос Маъмун ибн Маъмун (ҳукмронлиги 399–407/1009–1016) саройида бир қанча Сомоний шаҳзодалари бўлган [Байхаки: 808-809, 812–817].
Сомонийлар сулоласининг охирги амири ал-Мунтасир
Маълумки, Сомонийлар сулоласининг сўнгги амири ал-Мунтасир номи билан машҳур бўлган Абу Иброҳим Исмоил ибн Нуҳ ас-Сомоний (вафоти 395/1004-05) Ғуз турклари етакчиси Ябғунинг қизига уйланиб, у билан қариндош тутинган [Гардизи 1939: 229]. Ал-Мунтасирнинг атрофидаги унга соқиқ одамларнинг деярли барчасини унинг турк амирлари ва ҳожиблари – Арслон Ялу (Балу), Абу-л-Қосим Симжур, Ҳусам ад-Давла Тош, Абу Наср Ҳожиб ва бошқалар ташкил қилган, унинг энг ишончли ҳимоячиси ва таянчи, дўсти ва ёрдамчиси эса Тузтош Ҳожиб эди [ал-‘Утби 1939: 224-225; ал-‘Утби 1988: 37, 39, 40, 43]. Хуросонда амир Наср қўшинлари томонидан мағлубиятга учраган ал-Мунтасир ҳимоясиз қолиб, ўғузлар ҳузурига қочиб кетади, чунки улар доим “Сомонийлар сулоласига қилган хизматлари билан мақтанар, бу хонадонга муҳаббат ва дўстлик туйғуларини ҳис қилар эди”. Улар ал-Мунтасирга ёрдам ва мадад беришга тайёр эканликларини билдирдилар ва 393/1002-03 йилда у билан бирга Иликхонга қарши юриш қилиб, унинг қўшинини мағлуб этдилар [ал-‘Утби 1939: 224; ал-‘Утби 1988: 41]. Кейинчалик, 394/1003-04 йилда ал-Мунтасир Нур қалъасида беркинганида, унинг тарафдорлари орасида самарқандлик турк ғуломлари ва яна ўғузларнинг қўшинлари қайд этилади [ал-‘Утби 1939: 225 – 226; ал-‘Утби 1988: 43]. Сомонийларнинг сўнгги амири ал-Мунтасир 395/1004-05 йилда Замм қалъаси яқинида жойлашган кўчманчи арабларнинг лашкаргоҳида ўлдирилган [Ибн ал-Асир 2006: 174–177]. Ривоятга кўра, у ҳозирги Керки шаҳрининг шимоли-ғарбидаги Остона Бобо қишлоғида жойлашган “Аламбардор” мақбарасига дафн этилган [Пугаченкова 1983: 19].
Ўғузларнинг насабномаларида Сомонийлар
Айрим далиллар ал-Мунтасир билан ўғузлар бошлиғи Ябғу ўртасида оилавий алоқаларнинг ўрнатилиши, шунингдек, ўғузларнинг Сомонийлар билан яқинлиги тасодифий эмаслигини кўрсатади. Хусусан, ўғузларнинг ўрта аср ривоятларида Сомонийлар уларнинг аждодлари сифатида намоён бўлади. Масалан, қадимги ўғузларнинг афсонавий ҳукмдорлари қаторида Сомон Худот ҳам тилга олинади. Рашид ад-Диннинг “Ўғуз-нома” асарига кўра, Тўқуз (Дукур) Явкуй исмли хондан кейин Мовароуннаҳрда Сомон Явкуй деб аталган Аслзода хон ҳукмронлик қилган, у яна Сомон Худот деб ҳам аталган ва барча Сомонийларнинг аждоди бўлган [Рашид ад-Дин: 94]. [5] Абу-л-Ғозий асарида ўша хон (яъни Сомон Явкуй) “Аслзода” номи билан тилга олинади ва унинг 20 йил ҳукмронлик қилгани қайд этилади. Унга кўра, Сомон Худот 10 йил ҳукмронлик қилган Арслонхондан кейин ва Салжуқийларнинг бобоси Арслонхондан олдин ҳукмронлик қилган [Кононов 1958: 69]. Худди шу ривоятнинг кейинги даврда ёзилган нусхасига кўра, “явкуй” сўзи “қабила бошлиғи” маъносини билдирган ва сулолавий ном сифатида хизмат қилган [Мухамедова 1978: 169–171].
Муслиҳ ад-Дин Муҳаммад ал-Лорий (XV аср)нинг “Миръот ал-адвор ва мирҳот ал-ағёр” (“Замон ва ўзгаришлар шодлиги кўзгуси”) асарида ҳам Рашид ад-Диннинг Сомонийларнинг ўғузлардан келиб чиқиши ҳақидаги хабари келтирилган, ва Рашид ад-Диннинг “Жомеъ ат-таворих” (“Йилномалар тўплами”) асарига ишора қилинган. Ал-Лорийнинг ёзишича, Сомонийларнинг аждоди Сомон Ябғу[6], уни Аслзода деб ҳам атаганлар, ўғуз турклари оиласидан келиб чиққан. Ислом дини тарқалишининг бошида унинг оиласидан Тўғрул исмли ҳукмдор бўлган, ундан кейин Сомон Ябғу ҳукмронлик қилган [ал-Лорий: 234а]. Тўғрул исмли худди шу ҳукмдор Рашид ад-Диннинг юқорида тилга олинган “Ўғузнома” асарида Токуз (Дукур) Явкуй деб қайд этилган. Сомонийлар аждодларининг Сирдарёнинг қуйи оқими ҳавзасидаги ўғузлар билан алоқаси яна бир ривоятда акс этган. Унга кўра, Сомон Худотнинг отаси исломга қадар лашкарбоши бўлган. Араблар истилосидан кейин Сомон отасининг мавқеи ўзгариб, Хуросон зодагонларидан бирига туя йўлбошчиси бўлиб қолади. Бироқ бу унинг учун ҳақоратли эди, чунки у асилзода эди. Исломгача бўлган даврда Баҳром Чубин авлодлари бутун Мовароуннаҳрнинг ҳукмдорлари бўлган. Шунинг учун у Туркистонга бориб, у ерда талончилик билан шуғулланади. Бироз вақт ўтгач, у кучли қўшин тўплаб, Ашнос (اشناس) [7] шаҳрини эгаллади ва унинг ҳукмдори бўлди [Mustawfi-i Qazwini: 379]. Хондамир (XV аср) асарида ҳам шундай маълумотлар келтирилган [Хвандамир II: 352]. Эслатиб ўтамизки, Туркистоннинг Ашнос шаҳрида илк ўрта асрларда аҳолининг кўпчилигини ўғуз турклари ташкил қилган, бундай шаҳарда ҳокимиятни фақат ўша муҳитнинг ўзидан чиққан киши қўлга киритиши мумкин эди. Номаълум муаллиф томонидан 611/1214-15 йилда араб тилида ёзилган бир қўлёзмада келтирилган яна бир ривоятда Сайхун дарёси (Сирдарё) ҳақида сўз юритилади, унга кўра, бу дарё Маъ Жанд (ماء جند), яъни “Жанд суви” деб ҳам аталган.[8] Бу дарёда Сомонийларнинг ватани Ашнос (اشناس) шаҳри жойлашган, Сомон (سامان) эса унинг ‘амили (عامل), яъни ноиби бўлган [Togan 1964: 63].
Хулоса
Юқоридаги маълумотларга асосланиб[9], тахмин қилиш мумкинки, юқорида тилга олинган XIV аср ўрталарида яшаган “Сомон ва Баҳром Чубин уруғидан бўлган Исмоил Сомоний авлоди” Жандий-бек Сомонийлар сулоласининг сўнгги вакили Абу Иброҳим Исмоил ибн Нуҳ ал-Мунтасирнинг ўғузлар етакчиси Ябғунинг қизи билан турмуш қуриши (Гардизи)дан қолган авлоди бўлган. Жандий-бек Жўчийлар сулоласи билан қариндошлик алоқаси ўрнатиб, ўз қизини Жўчи Буканинг набираси, Шайбонийхоннинг тўртинчи наслдаги авлоди бўлган Минг Темурхонга никоҳлаб беради (Таварих-и гузида, Махмуд ибн Вали). Минг Темурхоннинг Жандий-бекнинг қизидан бўлган тўртинчи наслдаги авлоди Дашт-и Қипчоқ ўзбекларининг бевосита аждоди Абу-л-Хайрхон эди. XVI асрда Ўрта Осиёда ҳукм сурган Шайбонийлар сулоласининг асосчиси Шайбонийхон эса унинг набираси эди. Бу маълумотлар шундан далолат берадики, Сомонийлар оиласининг сўнгги вакилининг қони Дашт-и Қипчоқ ўзбеклари аждодларининг қонига қўшилган.
Афтидан, XVI аср бошларида Темурийларга қарашли ерларда ҳокимият тепасига келган Шайбонийхон Бухорони ўзига бежиз пойтахт қилиб танламаган. Чунки бу шаҳар унинг узоқ аждодлари бўлган Сомонийларнинг пойтахти бўлиб, уларнинг оилавий мақбараси ҳам шу ерда жойлашган эди. Айнан шу даврда Бухорода Исмоил ибн Аҳмад ас-Сомоний вақфномасининг янги матни тузилган, унинг қўлёзмаси ЎзР ФАнинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Айнан ўша пайтда Бухорода “Исмоил Сомоний авлодлари” истиқомат қилувчи маҳалла ташкил этилган бўлиб, улар кейинчалик 1920 йилдаги руслар босқинига қадар шу вақфлардан тушган даромад эвазига яшаб келганлар. Эҳтимол, бу “Исмоил Сомоний авлодлари” аслида юқорида тилга олинган Жандий-бекнинг авлодлари бўлиб, у эса ўз навбатида сўнгги Сомоний амири ал-Мунтасирнинг авлоди бўлган.
Шамсиддин КАМОЛИДДИН,
тарих фанлари доктори, профессор
Фойдаланилган адабиёт
Манбалар
Hudud al-‘Alam – Hudud al-‘Alam, the Regions of the World, a Рersian geography / Translated and explained by V. Minorsky. London: E. J. Brill, 1970.
Mustawfi-i Qazwini – Hamdallah Mustawfi-i Qazwini. The Tarikh-i Guzida or Select History, compiled in A.H. 730 (A.D. 1453) / Ed. by E. G. Browne with indices of the fac-simile text by R. A. Nicholson, vol. 1, Text (“E. J. W. Gibb Memorial” Series, XIV). Leiden – London: E. J. Brill, 1910.
Mustawfi of Qazwin – Hamdallah Mustawfi of Qazwin / The geograpghical part of the Nuzhat al-Qulub (composed in 740/1340) / Ed. by G. le Strange (“E. J. W. Gibb Memorial” Series, XV). Leiden – London, 1915.
Байхаки – Абу-л-Фазл Байхаки. История Мас'уда (1030 – 1041) / Пер. с перс., введение, комментарий и приложения А.К.Арендса. Издание второе, дополненное. М.: Наука, 1969.
Бухарский вакф – Бухарский вакф ХIII века / Факсимиле, издание текста, перевод с арабского и персидского, введение и комментарий А.К.Арендса, А.Б.Халидова, О.Д.Чехович (Памятники письменности Востока, LII). М.: Наука, 1979.
Гардизи – Абу Са'ид Гардизи. Зайн ал-ахбар. Украшение известий. Раздел об истории Хорасана / Пер. с перс. А.К.Арендса. Введение, комментарии и указатели Л. М. Епифановой. Ташкент: Фан, 1991.
Гардизи – Гардизи. Извлечения из «Зейн ал-Ахбар» / Пер. с перс. А. А. Ромаскевича // Материалы по истории туркмен и Туркмении. Том 1. VII–ХV века. Арабские и персидские источники. М.; Л.: Изд-во АН СССР, 1939. С. 227–233.
Джувейни – 'Ала ад-Дин Атамелик Джувейни. Извлечения из «Тарих-и Джеханкуша» / Пер. с перс. под ред. А.А.Ромаскевича // Материалы по истории туркмен и Туркмении. Том 1. VII–ХV века. Арабские и персидские источники. М.; Л.: Изд-во АН СССР, 1939. C. 442–449.
Ибн ал-Асир – Ибн ал-Асир. Ал-Камил фи-т-та'рих / Пер. с араб., примечания и комментарии П.Г.Булгакова. Дополнения к переводу, примечаниям и комментариям, введение и указатели Ш.С.Камолиддина. Ташкент: Ўзбекистон, 2006.
Исмоил Сомоний вақфномаси – ЎзР ФАнинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар жамғармасида сақланаётган 527a сонли ҳужжат.
ал-Лорий – Муслиҳ ад-Дин Муҳаммад ал-Лорий. Мир’от ал-адвор ва мирҳот ал-ағёр / Истанбул университети қўлёзмаси (Туркия), тартиб рақами: Ф 725.
Махмуд ибн Вали – Махмуд ибн Вали. Бахр ал-асрар фи манакиб ал-ахйар / Пер. с перс. З.Н.Ворожейкиной // Материалы по истории казахских ханств ХV – ХVIII веков (Извлечения из персидских и тюркских сочинений). Алма-Ата: Наука, 1969. С. 320–368.
Наршахи – Мухаммад ан-Наршахи. Та'рих-и Бухара. История Бухары. Вступительная статья Д.Ю.Юсуповой. Перевод, комментарии и примечания Ш.С.Камолиддина. Археолого-топографический комментарий Е.Г.Некрасовой. Ташкент: SMI-АSIА, 2011.
Рашид-ад-Дин – Рашид-ад-Дин. Сборник летописей. В 3-х частях / Пер. с перс. Л.А.Хетагурова, О.И.Смирновой, Ю.П.Верховского и А.К.Арендса. М.; Л.: Изд-во АН СССР, 1946, 1952, 1960.
ас-Самъоний – Абу Са’д ‘Абд ал-Карим ибн Муҳаммад ас-Сам’оний. Ал-Ансоб / ‘Абд ар-Раҳмон ибн Яҳё ал-Муъаллимий ал-Йамоний нашри, 12 жилдлик. Байрут: Муҳаммад Амин Дамаж, 1981.
Рашид ад-Дин – Фазлаллах Рашид ад-Дин. Огуз-наме / Пер. с перс., предисловие, комментарии, примечания и указатели Р.М.Шукюровой. Баку: Элм, 1987.
Таварих-и гузида – Таварих-и гузида-йи Нусрат-наме / Перевод с узбекского В.П.Юдина // Материалы по истории казахских ханств ХV–ХVIII вв. (Извлечения из персидских и тюркских сочинений). Алма-Ата: Наука, 1969. С. 9–43.
Та'рих-и Систан – Та'рих-и Систан (История Систана) / Перевод, введение и комментарий Л.П.Смирновой (Памятники письменности Востока, ХLII). М.: Наука, 1974.
ал-'Утби 1939 – Извлечения из «Тарих ал-Йамини» Абу Насра ал-'Утби / Пер. с араб. С. Волина // Материалы по истории туркмен и Туркмении. Том 1. VII–ХV века. Арабские и персидские источники. М.; Л.: Изд-во АН СССР, 1939. С. 223–227.
ал-'Утби 1988 – Извлечения из «Тарих-и Йамини» ал-'Утби / Пер. с перс. М.А.Салахетдиновой // Материалы по истории Средней и Центральной Азии Х–ХIХ веков. Ташкент: Фан, 1988. С. 24–57.
Хвандамир – Ғиёс ад-Дин ибн Ҳумам ад-Дин ал-Ҳусайний Хвандамир. Тарих ҳабиб ас-сияр фи ахбор афрод ва башар, 3 жилдлик. Теҳрон: Интишорот-и китобхона-йи Хайём, 1333 шамсий (мил.1924).
ал-Хусайни – ал-Хусайни, Садр ад-дин 'Али. Ахбар ад-даулат ас-салджукиййа или Зубдат ат-таварих фи ахбар ал-умараъ ва-л-мулук ас-селджукиййа («Сообщения о сельджукском государстве» или «Сливки летописей, сообщающих о сельджукских эмирах и государях») / Издание текста, перевод, введение, примечания и приложения З.М.Буниятова. М.: Наука, 1980.
Илмий адабиёт
Акрамов 1967 – Таварих-и Гузида Нусрат-наме / Исследование, критический текст, аннотированное оглавление и таблица сводных оглавлений А.М.Акрамова. Ташкент: Фан, 1967.
Будагов 1869 – Будагов Л.З.Сравнительный словарь турецко-татарских наречий, с включением употребительнейших слов арабских и персидских и с переводом на русский язык. В двух томах. Санкт-Петербург, 1869. [М., 1960].
Гафурова 1992 – Гафурова Р.Л. Китоб-и Мулла-заде. Ташкент: Фан, 1992.
Камолиддин, Мусаметов 2017 – Камолиддин Ш., Мусаметов Б. Вакфные документы потомков Исма'ила Самани. Текст. Перевод. Комментарии. Saarburücken: LAP, 2017.
Кононов 1958 – Кононов А.Н. Родословная туркмен. Сочинение Абу-л-Гази хана хивинского. М.; Л.: Изд-во АН СССР, 1958.
Костюков 2010 – Костюков В.П. Улус Шибана Золотой Орды в XIII–XIV вв. / Под ред. И.М. Миргалеева. Казань: Изд-во «Фэн» АН РТ, 2010.
Мухамедова 1978 – Мухамедова З. Б. Несколько слов об антропонимах в «Огуз-наме» из сочинения Салар Баба // Ономастика Средней Азии. М.: Наука, 1978. С. 169–171.
Пугаченкова 1983 – Пугаченкова Г.А. Хорасанские мавзолеи // Художественная культура Средней Азии IХ–ХIII веков / Отв. ред. Л. И. Ремпель. Ташкент: Изд-во лит-ры и иск-ва им. Г. Гуляма, 1983. С. 14–29.
Сухарева 1976 – Сухарева О.А. Квартальная община позднефеодального города Бухары (в связи с историей кварталов). М.: Наука, 1976.
Чехович 1950 – Чехович О.Д. Крестьянские обязательства 1914 г. на основании мнимой грамоты Исмаила Самани // Исторические записки AH СССР, том 33 / Отв. ред. Б.Д.Греков. М.: Изд-во АН СССР, 1950. С. 259–270.
Чехович 1951 – Чехович О.Д. Новая коллекция документов по истории Узбекистана // Исторические записки АH СССР, том 36 / Отв. ред. Б. Д. Греков. М.: Изд-во АН СССР, 1951. С. 263–268.
Шаниязов 1973 – Шаниязов К. Древние элементы в этногенезе узбеков // ИХ Международный конгресс антропологических и этнографических наук (Чикаго). Доклады советской делегации, 15. М.: Наука, 1973.
Togan 1964 – Velidi Togan A.-Z. Peygamberin zamanında Şarkı ve Garbi Türkistan’ı Ziyaret eden Çinli Budist rahibi Hüen-Çang’ın bu ülkelerin Siyasi ve Dini Hayatına ait kayıtleri // İslam Tetkikleri Enstitüsü Dergisi, IV / 1-2. Ankara, 1964. S. 21–128.
ИЛОВА
Минг Темурхон шажараси
Шайбонхон, Жўчининг 5-ўғли
↓
Баҳадур
↓
Жўчи-Бука
↓
Бадагул
↓
Минг Темурхон + “Баҳром Чубин ва Сомон уруғидан бўлган Исмоил Сомоний
авлоди” Жандий-бекнинг қизи (ХIV аср ўрталари)
↓
Пулод-султон
↓
Иброҳим-султон
↓
Давлат-Шайх-султон
↓
Абу-л-Хайрхон (1428–1468 йилларда ҳукмронлик қилган),
Дашт-и Қипчоқда Ўзбек хонлиги (1428–1524)га асос солган
↓
Шоҳ-Будаг-султон
↓
Абу-л-Фатҳ Муҳаммад Шайбонийхон (1500–1510 йилларда ҳукмронлик қилган),
Бухорода Шайбонийлар сулоласи (1500–1599)га асос солган.
[1] Бу маълумотлар Осиё халқлари институти Ленинград бўлимининг Б 745-сонли қўлёзмасида келтирилган. Уларнинг таржимаси А.М.Акромов томонидан тайёрланган асарнинг танқидий матни нашр этилгунга қадар амалга оширилган, танқидий матнда мазкур қўлёзма маълумотлари ҳисобга олинмаган [Акрамов 1967: 25-26].
[2] Араб тилидаги манбаларда ўғуз турклари “ал-ғузз” (الغز) деб аталган.
[3] XV асрда бу ер қабристон бўлиб, унда Хожа Жандий номи билан шуҳрат қозонган Абу Наср Аҳмад ибн Фадл Мусо мазори жойлашган. У ҳанафийя мазҳабининг машҳур фақиҳи шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ Калободий ал-Бухорийнинг (вафоти 380/990-91 ёки 385/995-96) шогирдлари ва сафдошлари (асҳобларидан)дан эди [Гафурова 1992: 70].
[4] Ибн ал-Асирнинг ёзишича, бу воқеа 383/993-94 йилда содир бўлган [Ибн ал-Асир: 155 – 157].
[5] “Ўғузнома” – Рашид ад-Диннинг “Жомеъ ат-таворих” (“Йилномалар тўплами”) тарихий асаридан парча бўлиб, унинг қўлёзмаси Истанбулдаги Тўпқапи саройи кутубхонасида (Бағдод кўшки фонди) 282-рақам остида “Мажмуъа-и” Ҳофиз-и Абру” (вв. 590а – 601б ва 641а) тўплами таркибида сақланади.
[6] Матнда: سامان باوغي – Сомон-бовғи. Форс тилидаги манбаларда ябғу унвони турли шаклларда келтирилган: биёғу (بياغو) [Наршахи: 23], бойғу (بايغو) [Джувейни: 444], бойку (بايكو) [Рашид ад-Дин I (2): 274. ], бийғу (بيغو) [Та'рих-и Систан: 343 – 351], пайғу (پایغو) [Байхаки: 576, 602, 646; Гардизи: 117-118], бовғи (باوغي) [ал-Лорий: 234а] бўлиб, “халқ ёки қабила оқсоқоли” маъносида қўлланган [Будагов 1869 И: 234].
[7] Ашнос (اشناس) – Сирдарёнинг қуйи оқимида, Жанд ва Сиғноқ оралиғида жойлашган туркларнинг шаҳри [Mustawfi of Qazwin: 261; Рашид ад-Дин I (2): 200].
[8] Туркча Жанд суйи (جند سوي) ёки форсча Аб-и Жанд (آب جند) номининг арабча таржимаси.
[9] Манбаларда Сомонийларнинг авлодлари ҳақида бошқа маълумотлар йўқ.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ