Келиб чиқиши қул, амирликда 25 йил вазир бўлган Остонақулбий тақдири


Сақлаш
21:33 / 17.04.2024 885 0

Миллий тарихимиз акс этган манбаларга эътибор бериб қарайдиган бўлсак, уларнинг аксарида кўпроқ ҳукмдорлар, ҳукмрон сулола вакиллари ҳақида сўз боради. Аммо авом, аёллар, амалдорларга оид қайдлар салмоқ жиҳатидан анча оқсайди. Яқин тарихимизга қадар бу ҳол кузатилганининг маълум сабаблари бор. Мисол учун, ҳукмдорлар тарихчи ва котибларнинг бош ҳомийси саналган, ундан қуйи турувчи амалдорларда асар ёздириш имкони бўлса-да, манбаларда уларга атаб битилган ҳамд ҳукмдорларга нисбатан юқори келишидан ҳайиқишган. Жумладан, Низомулмулкнинг “Сиёсатнома”, Хондамирнинг “Дастур ал-вузаро”, шунингдек, муаллифи номаълум “Ҳикоят ул-қирқ вазир” сингари асарларни келтириш мумкин. Қолаверса, муайян амалдорларга бағишлаб доим ҳам махсус асар ёзилмаган, тарихий манбалардан айрим ҳукмдорлар хусусида қимматли маълумотларни олиш мумкин. Шундай амалдорлардан бири Остонақулбий (1860–1923) саналади. Ушбу шахс ҳақидаги маълумотларни сиз билан ўртоқлашамиз.

 

 

Келиб чиқиш тарихи

 

Остонақулбийнинг асл келиб чиқиши қуллардан бўлиб, бобоси Машҳаддан Бухорога олиб келинган. Унинг давлат ишларидаги истеъдоди қўл келиб, амир назарига тушади, мансаб пиллапояларини бирин-кетин тез фурсатларда босиб ўтади. Бу шароитнинг юзага келишига тўхталадиган бўлсак, амир фақатгина тахтга даъво қилиши мумкин бўлган маҳаллий амалдор ва зодагонларга суянишни истамай, турли йўллар билан Бухорога олиб келинган қуллардан ўзи учун амалдорлар синфини шакллантирган. Бу тоифа одамларнинг аксари этник туркманлар дея талқин қилинади. Уларнинг диний эътиқоди масаласида ҳам турли хил қарашлар мавжуд. Сафавийлар ҳукмронлиги даврида ўзлари бошқарган ҳудудларда тотал шиалаштириш сиёсатини юритган, хусусан, мавзуимизнинг бугунги қаҳрамонининг аждодлари истиқомат қилган Машҳадда ҳам уни қабул қилмаган аҳоли қаттиқ таъқиб остига олинган. Шу боисдан уларнинг шиа бўлиш эҳтимоли юқори. Унинг лавозимидан кетишига ҳам айнан диний омил сабаб бўлган. Бу тоифа қулларнинг кўпчилиги Нодиршоҳ босқини ва кейинчалик Амир Шоҳмурод даврида кўчириб келтирилган. Бир қисм аҳоли эса Хива хонлигининг босқинчилик юришлари ўлжаси сифатида олиб келиниб, маълум қисми Бухоро бозорларида сотилган. Шу тариқа Остонақулнинг бобоси Муҳаммадбий (тахминан 1811 ёки 1813–1889 й.й.) Бухоро амирлигига келиб қолган.

 

У амир Насрулло даврида сотиб олинган. Кейинчалик Музаффар бошқаруви даврида қўшбеги лавозимига кўтарилган. У ҳатто амир Музаффарга русларга қарши урушида ҳамроҳлик қилган, кейинчалик, Амир Абдулаҳадхоннинг тахтга ўтказилиш маросимида ҳам иштирок этган. Унинг ўғли Муҳаммад Шариф (1837–1888) иноқ (олий даражадаги ҳарбий амалдор унвони) бўлиб, унинг беш ўғли (Остонақулбий, Ҳайдарқулибек, Латифбек, Орифбек, Содиқбек) ва исми ҳозирча номаълум бир қизи бўлган. Улар орасида Остонақул, Ҳайдарқулибек, Латифбеклар юқори давлат лавозимларига кўтарилган. Хусусан Ҳайдарқулибек акаси Остонақул Россия сафарида бўлган кезларда бош закотчилик вазифасини бажариб туради. Бу маълумот Остонақулбий оиласининг амирликдаги ўрни анча мустаҳкам бўлганидан дарак беради. Абдулаҳадхоннинг онаси Шамшот асли келиб чиқиши эронлик қуллардан экани ҳамда амирнинг 1894 йилдаги сунний уламолар билан тортишуви Остонақул қўрбошининг амирлик бошқарувида энг ишончли вакил бўлишида муҳим роль ўйнаган. Бу воқеадан сўнг амир Абдулаҳадхон Карманада ҳаёт кечира бошлаган.

 

 

Остонақулбийнинг сиёсий фаолияти

 

Бухоро амирлигида яхшигина обрўга эга оила фарзандининг мансаб пиллапояларини тез орада забт этишига ҳеч кимда шубҳа йўқ эди. Остонақулбий 1879–1886 йиллар оралиғида стратегик муҳим саналган Қарши ва Чоржўй ҳокими вазифасини бажаради. Отасининг вафотидан сўнг чин иноқ, девонбеги, қушбеги (1906–1910) ва бош закотчи (закотчийи калон) каби ота лавозимларини эгаллайди. Шу ўринда лавозимлар кўплиги борасида ўқувчида савол туғилиши табиий. Амирликда бир нечта лавозим ворисийлик асосида бир вақтнинг ўзида бир кишига бириктириб берилиши мумкин эди – бу Аштархонийлар давридан сақланиб қолган анъана бўлган. Ушбу тизимнинг янада ривож топишида ҳудудларнинг аксари Россия империяси таркибига қўшиб олиниши ва доимий тушумлар миқдорининг камайиши сабаб бўлди. Айни вақтда қўшбеги лавозимининг ваколатлари ҳам кенгаяди. Қўшбеги Бухоро амирлигида манғитлар сулоласи даврида бош вазир, амирдан кейинги олий мансаб ҳисобланган. Унга барча вилоятлар ва бекликларнинг ҳокимлари, беклари бўйсунган ҳамда амирнинг пойтахтда бўлмаган пайтида у амирликнинг барча ишларини бошқарган.

 

Маълумот ўрнида, Бухоро амирлигида Қўшбегилар иккита бўлган: “қўшбегийи боло” (юқори Қўшбеги) ва “қўшбегийи поён” (қуйи Қўшбеги). Қўшбегийи боло аркда, яъни баланд қўрғонда яшаган ва сарой ишларида етакчи мавқени эгаллаган. У доимий равишда аркда амир билан мулоқотда бўлиб турган. Қўшбегийи поён – бош закотчи эса арк қуйисидаги ҳовлилардан бирида яшаб, амирлик ҳудудидаги бутун солиқ ишларини назорат қилиб турган. Фавқулодда вазият юз берса ёки уруш бошланса ҳар икки лавозим бирлаштирилиб “кулли Қўшбеги” (“кулл” арабча сўз бўлиб, “барча” деган маънони билдирган) лавозими жорий қилинганлиги Мирзо Салимбекнинг “Тарихи Салимий” асарида келтирилади. Кулли Қўшбеги амирликда бутун ҳукумат ишларини ўз қўлида тўплаган ва шошилинч қарорлар қабул қилган. Айни пайтда Амир Абдулаҳадхоннинг Карманадан туриб давлатни бошқариши ортидан Бухорони идора этиш ҳам қўшбеги зиммасидаги вазифалардан бири эди.

 

Лавозимидан четлатилганидан сўнг (1910) ҳам у сиёсий фаолиятини давом эттирди. Дастлаб Амир буйруғи билан Хатирчига чақириб олинади. Хатирчи ҳамда Зиёвуддин бекликларида ҳокимлик қилади, кейинчалик тахт валиаҳди Саид Олимхон томонидан қамоққа ташланади. Бу ҳодисани унинг сиёсий рақиб сифатида кўрилиши билан изоҳласа бўлади.

 

1920 йилда амирнинг пойтахтдан қочиши ортидан тузилган янги ҳукуматда Остонақулбий Муҳаммад Юнус девонбеги билан “ушр” марказига раҳбар этиб тайинланади.

 

Россия сиёсий агентлиги очилиши билан Остонақулбийнинг зиммасига яна бир масъулият юкланган, яъни вақтида отаси бажарган вазифа – мазкур давлат билан сиёсий алоқалар ўрнатишга киришади. Бунда у Бухоро номидан иш юритган, шартномалар тузган ва келишувларга бош бўлган. Мазкур лавозимларни у ўлимига қадар эгаллаган. Унинг сиёсий фаолиятида Россия империяси билан олиб борилган алоқалар ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Остонақулбий амирнинг 1893 ва 1903 йиллардаги сафарларида ҳамроҳлик қилган. Бу сафарлар Россия ташаббуси билан амалга оширилган ва давлат ташрифи ҳисобланган. Аҳмад Дониш бу сафарларга таъриф берар экан, асосий мақсад Туркистон ва ислом жавоҳири саналган Бухоронинг уларга тобеъ эканини кўрсатиш бўлган, дейди. Остонақулнинг дипломатик алоқаларга “қўшган ҳиссаси” Россия империясининг “Муқаддас Алексадр Невский” ҳамда “Муқаддас Анна” императорлик орденлари билан тақдирланган.

 

 

Сиёсий ҳокимиятдан кетиши

 

Остонақулбий 1908 йил шиаларнинг муқаддас байрамларидан бири “Ашуро[1]”ни шаҳар кўчаларида нишонлашга изн беради. Шу вақеа сабаб унга қарши кучлар томонидан бир йил давомида фитна тайёрланади. 1910 йилги “Ашуро” маросимида сунний талабаларнинг шиаларни мазаҳлаши ортидан ўзаро жанжал келиб чиқади ва бунинг натижасида бир талаба вафот этади. Жанжални бошлаган талабаларнинг уч нафари шиалар томонидан тутилади. Айни вақтда суннийлардан иборат жамоа ҳам Амир қабулига киришга киришади, амир Карманадаги резиденциясида бўлгани боис Аркдаги вазиятни Остонақул қўшбеги назорат остига олишга ҳаракат қилади. У шиалардан иборат кичик қўшинни оломонни тарқатиш учун юборади. Келишмовчилик бозорга кўчади ва 240 нафар атрофидаги суннийлар ўлимига сабаб бўлади. Ва суннийлар барча шиаларни ўлдиришга киришишади. Вазият издан чиққанлиги боис Остонақул қўрбоши Россия империясининг сиёсий агентлиги раҳбари Яков Лютшдан ёрдам сўрашга мажбур бўлади. Табиийки бу мурожаат Агентлик раҳбари томонидан ижобий ҳал этилади, 11 январь куни Ўрта Осиё темир йўли орқали Ф.Панов қўмондонлиги остида Самарқанд ва Каттақўрғондан (Туркистон ўлкаси) II Урал казаклари полки қўшини Бухорога етиб келади, тартибсизликларни бостиради. Аммо бу хабар Санкт-Петербургга етиб бориши ортидан империя мудофаа вазири П.Столипин Туркистон армияси бош қўмондони генераль-майёр Г.Лилиенталь бошчилигида қўшин юборади. Уни тахт валиаҳди Амир Саййид Олимхон кутиб олади ва оломон тинчланишига эришилади. 15 январда томонлар ўртасида тинчлик маросими ўтказилади. Мазкур жараён оммавий равишда Остонақул бошчилигидаги шиа амалдорларининг ишдан олинишига сабаб бўлади. Е.К.Михайловскийнинг мудофаа вазирига ёзган ҳисобот қайдномасидан бу биринчи навбатда Россия империясининг мағлубияти сифатида ҳам баҳоланганини билиб олиш мумкин. Ушбу воқеалар сабаб ўша даврдаги Туркистон генерал-губернатори И.В.Самсонов Бухорони тўлиқ империя таркибига қўшиб олиш таклифини билдиради.

 

Этник озчилик вакили саналган Остонақул ўз оиласининг амирликдаги мавқеини сақлашда Россия империяси ва унинг амалдорларига суянишни лозим топган. Аммо ўзи томонидан йўл қўйилган хато туфайли амирлик тақдирининг салбий кўринишда якунланишига сабаб бўлиши ҳам мумкин эди. Шунингдек, унинг сиёсат масаласидаги истеъдодига шубҳа йўқ – 25 йиллик бош вазирлиги даврида Амир Абдулаҳадхон бирон маротаба Бухоро шаҳрига ғалаён сабаб ташриф буюрмаган.

 

Жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси Исмоил Ғаспиралининг Остонақулга берган таърифини сўнгсўз ўрнида келтириб ўтсак: “Жуда ёш ва фаҳми ўткир одамдир. Бухоронинг молия бошқаруви ва хазинасининг ҳисоб-китоби унинг қўлида”.

 

Жаҳонгир ОСТОНОВ,

ЎзРФА Шарқшунослик институти

таянч докторанти

 

Акбар ИДИЕВ,

ЎзРФА Шарқшунослик институти

кичик илмий ходими



[1] Шиаларда халифа Алининг ўғли Ҳусайннинг Карбало ёнидаги жангда ҳалок бўлганлиги хотирасига бағишлаб муҳаррам ойининг дастлабки ўн кунлигида ўтказиладиган мотам маросимлари. Эрон ва Ироқда Ашуро куни масжид ва мадраса ҳовлиларида, такяхона ва ҳусайнияхоналарда имом Ҳусайн ва сафдошлари чеккан азоб-уқубатлар ҳақидаги қиссалар жамоат орасида ўқилади. Кўчаларда шиалар юриш қилиб, мотам туғлари ва шиорларини кўтариб: “Шоҳ Ҳусайн, воҳ Ҳусайн” сўзларини такрорлаб, нола чекишади. Айримлари кўкракларига тўхтовсиз мушт уриб, занжир ва ханжарлар билан баданларини тилкалайдилар.

Ашуро кунида ислом мамлакатларидан минглаб шиалар Карбало ш. га йиғилишиб, имом Ҳусайн ва сафдошлари қабрини зиёрат этишади. Суннийларда Ашуро куни одатдаги диний маъракалардек ўтади, айрим жойларда “ашур оши” улашилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10349
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//