«Тарих бу яхши, бу ёмон деб эмас, ундан хулоса чиқарган ҳолда таҳлил қилинади». Амир Олимхон шахсиятига назар


Сақлаш
20:05 / 09.04.2024 664 0

Тарихда шундай шахслар борки, уларнинг ҳаёти доимий равишда муҳокамаларга сабаб бўлади. Мустақил Ўзбекистонда сўнгги йилларда олиб борилаётган сиёсат туфайли баъзи тарихий шахслар ҳаёти ва фаолияти борасида янги маълумотлар эълон қилина бошлади. Бироқ, Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон ҳаёти, сиёсий фаолияти, ўтказган ислоҳотлари ҳақидаги маълумотлар ҳалигача етарлича очиб берилмаяпти. Ёхуд ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳолатда талқин қилинмоқда. Ваҳоланки, бу борада олиб борилган сўнгги тадқиқотлар воқеаликка бошқа томондан қарашга имкон беради.

 

Саид Олим Тўра 1881 йил 3 январда Бухоро амирлигининг Кармана беклигидаги Олчин саройида дунёга келган. Олимхоннинг тўлиқ исми Саид Мир Муҳаммад Олимдир. Олимхонни ёшлигидан «Тўражон» деб эркалашган. Онасининг исми Давлат Бахт ойим бўлган.

 

Амир Саид Олимхон оилада иккинчи фарзанд эди. Отаси Амир Абдулаҳадхон томонидан Олимхоннинг акаси Саид Мир Абдуллоҳ тахт вориси этиб тайинлангани сабабли ҳеч ким Олим Тўранинг тахтга ўтиришини кутмаганди.

 

Аммо 1888 йилда Саид Мир Абдуллоҳнинг кутилмаганда безгак билан касалланиб, вафот этиши Саид Олимхонга тахт учун йўл очади.

 

Амир Абдулаҳадхон ўғлининг замонавий таълим олиши ва тахт вориси сифатида Россия томонидан эътироф этилишини хоҳларди. 1893 йилда Петербургга ташкил этилган илк сафарида Александр ИИИ Олимхонни Бухоро тахти вориси сифатида эътироф этишига эришади.

 

Олимхон отаси амир Абдулаҳад билан

 

Олимхон 13 ёшида отаси амир Абдулаҳадхон буйруғи билан ҳарбий таълим олиш учун Петербургга жўнайди. Уч йил давомида ҳарбий муҳандислик бўйича билим олади. Аслида ўқиш даври етти йил бўлсада, отасининг хасталиги сабаб бу муддат қисқартирилди. Олимхоннинг таълим олиш учун Петербургга юборилиши унинг меросхўр этиб танланишининг натижаси эди. Чунки Россия империясига қарам Бухоро амирлиги учун рус подшоҳи томонидан валиаҳднинг тасдиқланиши ўша давр тақозосига кўра мажбурий эди.

 

Олимхон Николаев кадет корпусида императорнинг фахрий қоровуллари – «пажлар» бўлимида ўқишни бошлайди. Олимхон рус зодагонлари таълим оладиган мактабга ўқишга қабул қилинади ва бир муддат ўтгач, ҳарбий қисмга олиб кетилади. Бу қисмда ҳарбий тайёргарликдан ташқари сарой қоровули вазифасини ҳам бажаради. Ҳарбий хизматни муваффақиятли тамомлаб, казаклардан ташкил топган лейб-гвардия полкига командир этиб сайланди.

 

Бухоро тахтига ўтиргач, Олимхоннинг худди Петербургдаги каби қўриқчилар полкини тузган. Бу қўриқчилар полки амирнинг хизматидаги қуллардан иборат эди. Олимхон олган таълим унинг ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатади.

 

Ёш Олимхон

 

Россияда уч йил ўқигач, 1896 йил 7 майда диплом олиб отаси ёнига қайтади. Саид Олимхон отасидан иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий масалаларини ўрганади. Отаси буйруғига биноан, 1898 йил Бухоро амирлигининг Қарши беклигига ҳоким қилиб тайинланади.

 

Олимхоннинг Қаршидаги беклик даврини унинг ўғли Саййид Мансур Олимий ўзининг «Бухоро – Туркистон бешиги» рисоласида қуйидагича таърифлайди: «Ўн икки йиллик ҳукмронлиги даврида Қарши наҳри устига кўприк қурдирди, мадраса барпо этди».

 

Олимхон отасининг соғлиги ёмонлашиши муносабати билан, Карманага ҳоким этиб тайинланади. Орадан икки йил ўтгач, Абдулаҳадхон вафоти этади ва Олимхон Бухоро амирлигининг янги раҳбарига айланади. Бу ҳақда ўша даврдаги Нива газетасининг 1911 йил 3 сонида ҳам эълон қилинган.

 

Шу тариқа Амир Саид Олимхон Бухоро амирлигини бошқаришга киришади. Олимхон Санкт-Петербургда рус ва Европа маданиятлари билан маълум даражада танишиш имконига эга бўлгани учун жамоатчилик ва зиёлилар у мамлакатда ислоҳотлар ўтказишидан умидвор эди.

 

Чунончи, Олимхон тахтга ўтиргач бир қатор ислоҳотларни амалга оширади. 1910 йил 29 декабрда Аркдаги йиғинда вазир Низомиддин Урганжий амирнинг биринчи фармонини йиғилганларга ўқиб эшиттиради. Фармон асосан солиқ тизими ва ҳарбий соҳани ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, порахўрлик ва тамагирликни тақиқлашга доир кўрсатмалардан иборат эди.

 

Амир Абдулаҳад

 

Фармон 4 банддан иборат бўлиб, Абдурауф Фитрат бу ҳақида ўзининг «Амир Олимхоннинг ҳукмронлик даври» асарида қуйидагиларни келтириб ўтади:

 

1) саройнинг тортиқ ва пешкашларини ман этиш;

 

2) фарсах(тош) пули солиғини тайинлаш;

 

3) ер солиғини ўндан бир ҳиссага камайтириш;

 

4) ҳарбийлар ойлик маошини ошириш.

 

Бундан ташқари, амир Олимхон 1911 йил март ойида «Жуда исрофли тўйларни тугатиш тўғрисида» ҳам қарор чиқарди. Бу ҳақда «Туркестанский ведомости» газетасининг 1911 йил 28 апрелда чиққан 92 сонида шундай дейилган: «Тўйларда паловдан бошқа овқат берганларга 75 дарра жазоси тайинланиб, суннат ва никоҳ тўйларида ташкил қилинадиган улоқ чопиш ва пойга тадбирлари бекор қилинсин. Амал қилмаганлар ўлим жазосига маҳкум этилсин. Бундан ташқари тўйларга келган меҳмонларга зиёфатдан ташқари тўн кийдириш удуми тақиқлаб қўйилсин. Қиз олганда бериладиган, оддий халқ учун оғир маҳр пуллари миқдори камайтирилсин».

 

Худди шу йили амир Олимхон таълим ислоҳотига ҳам қўл уради. Ўша давр матбуоти бўлмиш «Таржимон» газетасининг 1911 йил 18 мартдаги 12-сонида амир буйруғидан парча келтирилади: «Мадраса талабаларига турли ЪҲошияълар ўқитилмасин. Тафсир ва ҳадис расмий дарс сифатида ўқитилсин. Вақфлардан йиғилган пулларга мамлакатнинг турли ерларида мактаблар қурилсин ҳамда уларга муаллимлар тайинлансин. Мактаб муаллими олим, хушхат ва хушқироат бўлсин ва уларга мактабларнинг вақфларидан ташқари давлат хазинасидан йиллик 120 танга маош тайинлансин. Таҳсил учун болалардан пул олинмасин. Мактабларга бир нозир тайинлансин ва у ҳар ой мактабни тафтиш қилиб, амирга ҳисобот берсин».

 

Юқоридаги фактлардан келиб чиқилса, амир Саид Олимхон совет даври адабиётлари ва ҳозирги айрим «тарихчилар» томонидан талқин қилингандек маишатпараст, қўрқоқ, худбин эмас, балки қайсидир маънода халқ ҳолига бефарқ бўлмаган ҳукмдор сифатида гавдаланади.

 

 

Яқинда интернет нашрларида амир Олимхон ҳақида икки мақола эълон қилинди. Булардан бири «Муштум» журналининг «Бухоро амирининг қанча бойлиги бўлган?» сарлавҳали мақоласи. Мақолада «амир 1920 йилда тахтдан ағдарилгач, ўзи билан 10 тонна олтинни Бухородан олиб кетган» дейилади.

 

Бу маълумотда бироз ғализлик бор. Биринчидан, большевиклар Бухорони ҳам ҳаводан, ҳам ердан бомбалаб турган пайтда олтин у ёқда турсин, чўп олиб чиқиш ҳам бир муаммо эди.

 

Иккинчидан, асли олтин илинжида келган қизиллар амирнинг 10 тонна олтинни олиб чиқиб кетишига қаршилик қилолмаганига ишониш қийин. Амир ўзи билан хазинанинг бир қисмини олган, албатта. Аммо 10 тонна – бу катта рақам. Ушбу маълумотни руслар ёзиб қолдирганига эътибор қаратилса, унинг ҳақиқатдан йироқ эканлигини тахмин қилиш мушкул эмас. Большевиклар бутун СССР тарихида давомида амир шахсини обрўсизлантириш, унинг ҳақдаги маълумотларни халққа атайлаб бузиб етказишга ҳаракат қилди.

 

Мақолада айтилишича, амир бу бойликларни Ҳисор тоғига яширган бўлиши ҳам мумкин экан. Амирлик бойликлари хусусида тадқиқот олиб борган С. Холбоевнинг «Бухоро амирининг олтин хазинаси» асарида Бухородан олиб чиқиб кетилган бойликлар Бухоро истиқлолчиларига қурол етказиб бериш ҳамда уларнинг бошқа таъминотига сарфлангани айтиб ўтилади.

 

Бир давр ёки тарихий шахс ҳақида фикр билдирилар экан, бир манба асосида хулоса қилиш тарихий ҳақиқатни очиб беролмайди. Амир иккита тожини ва шахсий тўппончасини сотиб, пулини Бухоро истиқлолчилари қўмондони Иброҳимбекка юборгани тарихий ҳужжатларда қайд этилган. Агар мақолада айтилгани сингари амир 10 тонна олтин билан кетганида эди бу буюмларнинг сотилишига, катта эҳтимол билан, ҳожат бўлмасди.

 

 

Иккинчи мақола «Ҳуррият» газетасида «Бухоро халқининг ҳасратли ўтмиши ёхуд амирликка буюрмаган хазина» номи остида эълон қилинди. Мақолада «Бухорони большевикларга шармандаларча топшириб, халқни ёвга ташлаб қочган амир» жумлалари бор. Мақола муаллифи Бухоро шунчаки топширилмаганлиги, 4 кунлик жанглар натижасида олингани, амир эса қочмагани, обидаларни ва Бухоро халқини омон сақлаш мақсадида шаҳардан чиқиб, қаршиликни аввал Бойсунда, ундан кейин Ҳисорда давом эттирганидан хабари йўқ чоғи.

 

Мақолада яна «ҳукмдорга ярашмаган ҳолда йиғламсираб, Буюк Британия қироличаси Викторияга мактублар ёзди» дейилади.

 

Биринчидан, қайси манбага таяниб амирнинг йиғламсираганлиги айтиляпти?

 

Иккинчидан, амир ҳақиқатдан ҳам мактуб юборган, лекин, қиролича Викторияга эмас балки қирол Георг Въга. Мақолада таъкидланган Виктория бу пайтда аллақачон вафот этган эди. Мактубда шундай дейилган: «Инонаманки, онҳазратлари айни мададга муҳтож чоғимизда биздан ёрдамларини аямагайлар. Бизга 100 000 пунт ақча, ўқ-дорилари билан биргаликда 20 минг қурол, 30 пулемёт, учувчилари билан биргаликда 10 та учоқ бериш воситаси ила ёрдамсеварлигингизни кўрсатасиз деган умиддаман. Бу нарсаларнинг биз юборган одамларга берилиши мени бахтиёр этгай. Руслар билан қандай уруш қилинишини сиз кўп яхши биладирсиз, ўшанга муносиб қуролланган 2000 ёрдамчи аскарингизни Қоратегин йўли орқали жўнатсангиз, ниҳоятда қувонгайман. Бу орамиздаги дўстлик ва ҳамкорликни кучайтириши шубҳасиздир».

 

Мактубдан кўриниб турибдики, Олимхон шахсий эҳтиёжи учун эмас, балки Бухорони босиб олган русларга қаршилик кўрсатиш мақсадида инглизлардан ҳарбий ёрдам сўраган. Англия ёрдам юбормаганини эса мақолада айтилганидек «ўз халқини ташлаб қочган амир билан улар гаплашишни ҳам истамаганлигидан» эмас, балки қизиллар ва Англия ҳукумати ўртасида яширин келишув борлиги билан изоҳлаш мумкин.

 

 

Россияда ҳокимият алмашгач, амир қўшинда ислоҳот бошлайди. Олимхон бир қатор ҳарбий бўлинмалар тузгани ҳақидаги маълумотни ҳатто амирга мухолифатда бўлган Абдурауф Фитратнинг «Амир Олимхоннинг ҳукмронлик даври» асарида ҳам учратиш мумкин.

 

Мақолада яна «Амир Олимхон дастлаб жадидларнинг янги ислоҳотлар ўтказиш тўғрисидаги фикрларини қўллаб-қувватлагандек бўлади. Лекин кейин яна ўз билганидан қолмайди, жадидларни, халқпарвар инсонларни яқинига йўлатмайди» дейилади. Давр воқеалигига ҳозирги замондан эмас, ўша вақтдан келиб чиқиб назар ташланса хулоса тўғри бўлади.

 

Ҳукмрон сулола авлодидан бўлган амирга, албатта, унинг ҳокимиятини чеклайдиган, конституцион идора усулини жорий қилишни таклиф қиладиган жадидлар ёқмасди. Умуман, ўша даврдаги ҳеч қайси монарх мухолифатга ҳомийлик қилмаган. Ҳатто ўша инқилобчи Оливер Кромвел, Максимилен Робеспер ҳам инқилобни ўз фойдасига буриб, диктаторга айланганди.

 

Агарда Олимхон тужжор оиласида туғилганда ё савдогар, ёки жадид бўлиб етишарди. Албатта, бу ўринда амирни камчиликдан холи шахс сифатида тасвирлаш хато. Амир Саид Олимхон қаҳрамон эмасди. Аммо бу шахсни хоин ҳам деб бўлмайди. Давр, вазият тақозоси билан Бухородан чиқиб кетса ҳам, Олимхон қизилларга қарши жисмонан ва маънан жангни давом эттирди.

 

Тарихни тарихий шахсларнинг ютуқларидан намуна, камчиликларидан эса сабоқ олган ҳолда холисона ўрганиш лозим. Тарих бу яхши, бу ёмон деб эмас балки ундан хулоса чиқарган ҳолда таҳлил қилинади.

 

Навоий давлат педагогика институти таянч доктаранти

Маҳмуд Ҳамраев

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//