Фредерик Старр: Европани уйғотган олимлар


Сақлаш
21:41 / 28.03.2024 486 0

Марказий Осиёлик олимларнинг саъй-ҳаракати билан бошланган илк Шарқ уйғониши Мовароуннаҳр, аниқроғи, бу ерлик олимларни бутун жаҳонга танитди. Уларнинг оламшумул кашфиётлари эса ҳозирга қадар инсониятни ҳайратлантириб келаётир. АҚШдаги Марказий Осиё, Кавказ бўйича тадқиқотлар институти президенти, Жон Хопкинс университети ҳузуридаги халқаро тадқиқотлар мактаби профессори Стивен Фредерик Старр ўзининг “Йўқотилган маърифат” китобида буюк тамаддун тадрижига теран назар ташлаб, унинг равнақи ва инқирозга юз тутиши сабабларини таҳлил этади. Асрлар ўтиб Марказий Осиёнинг “Евросиё маркази” мақомидан овлоқ ҳудудига айланиб қолиши омилларини очиб беради. 

 

Тарихчи гапни 26 ёшли Абу Райҳон Беруний ва 19 ёшли Абу Али ибн Сино ўртасидаги милодий 999 йилдаги ёзишмалардан бошлайди. Ёзишмаларда бўлажак даҳоларнинг нималарни муҳокама қилганига эътибор берайлик. Коинотдаги юлдузлар орасида галактикамизга ўхшаш бошқа дунёлар ҳам борми? Икковлон Ер сайёраси бир лаҳзада яралганми ёки узоқ муддатли давомийликдами, деган жумбоқ устида ҳам бош қотирган. Ушбу мунозаралардан 600 йил ўтиб, Жордано Бруно коинотда бошқа оламлар мавжуд деган қараши учун даҳрийликда айбланиб оловда ёқилди. Икки буюк аллома эса биз(ерликлар) коинотда якка-ёлғиз эмаслигимизни ўшандаёқ башорат қилишган.

 

Америкалик файласуф Томас Кун ўзининг “Илмий инқилоблар тузилиши” китобида илмий кашфиётлар камдан кам ҳолларда бирдан юз беришини, аслида фан кумулятив жараёнлигини, унда кузатилаётган воқелик ва умумқабул қилган назария (парадигма) ўртасида фарқланиш кучайиб бораверишини таъкидлайди. Охир-оқибатда бундай фарқланиш ва аномалиялар янги назария ёки парадигмалар ривожига олиб келади. Тарихчи Беруний, Ибн Сино ҳамда Марказий Осиёлик ўнлаб алломаларнинг илм-фанда эришган ютуқлари Европада XVI-XVII асрларда улкан илмий инқилоб ясаганини таъкидлайди. Хусусан, Ибн Сино илмий мероси – бир неча саҳифадан тортиб бир неча жилдни ташкил этувчи асарлари номи 400 дан ошишини эътироф этади. Афсуски, улардан бизга атиги 240 таси етиб келган. Берунийнинг 180 та қомусий асаридан эса 22 тасигина сақланиб қолган.

 

“Location, location and location” яъни жуғрофий жой муҳим, дея хитоб этади Ф. Старр Марказий Осиёда олтин аср ибтидоси сабабларини очиш асносида. Буюк денгиз йўллари ҳали очилмаган пайтларда Марказий Осиёнинг жуғрофий ўрни минтақани Евросиёнинг муҳим савдо-сотиқ йўллари туташган марказга айлантирди. Шарқда Хитой, жанубда Ҳиндистон, жанубий- ғарбда Арабистон ярим ороли, ғарбда Усмонийлар империяси ва Европа. Савдо логистикасининг асосий воситаси икки ўркачли Туркистон маҳаллий туяси эди. “Буюк Ипак йўли” орқали минг-минг километрга отланган карвонларни бошқарганлар  ҳам араблар ёки хитойликлар эмас – балки Марказий Осиёлик тужжорлар эди. “Девону луғотит-турк” муаллифи Маҳмуд Кошғарий илк хариташунос олим сифатида узоқ Японияни ҳам қамраб олган жаҳон харитасини яратиб, унда Болосоғун ва Иссиқкўлни Евроосиёнинг қоқ марказига қўйиши Марказий Осиёнинг ўша даврдаги мавқеига тўлақонли мос келади.

 

Ўша замон Европа тиббиёти айнан қадимги юнон ва Марказий Осиё тиббиёт мактабига асосланиб, беморларни даволаган. Бухоролик Абу Али ибн Сино асарлари XII асрдан XVII асрга қадар (беш аср!) мағрибу машриқда асосий дарслик ҳисобланган “Тиб қонунлари”да муаллиф сувни ифлослайдиган ва касалликлар тарқатувчи кўзга кўринмас мавжудотлар мавжудлигини фараз қилади. У чечак, ўлат ва вабо касалликлари ўртасидаги фарқни, мохов ва бошқа кўплаб касалликларни аниқ тавсифлаб беради. Авиценнанинг (ғарбда Ибн Сино шундай аталади) “Тиб қонунлари” асрлар давомида энг нуфузли Европа университетларида қимматли манба сифатида қўлланилиб келинди. Марказий Осиёлик яна бир олим, Ар-Розийнинг чечак ва қизамиқ касалликларига оид изланишлари китоб ҳолида Европада тахминан 1475 йиллардан 1866 йилларгача камида 40 маротаба нашр этилган. Абу Райҳон Берунийнинг “Тиббиётда фармакогнозия” (“Доривор ўсимликлар ҳақида”) ги китобида қарийб 900 га яқин турли хил ўсимликлар, уларнинг бир нечта тилда номланиши, даво хусусиятлари ва тавсифлари берилган.

 

Фарғонада (ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди) туғилиб ўсган Аҳмад ал-Фарғоний “Астрономия ибтидоси” асарида ўзидан олдин яшаб ўтган олимларнинг кашфиётларини янада такомиллаштирган. Ал-Фарғоний дунёда энг кўп ўқилган ислом астрономи бўлиб, ҳатто 500 йилдан кейин машҳур денгизчи Христофор Колумб унинг китобларини мутолаа қилган. Мазкур китоб Дантенинг “Илоҳий комедия” асарида  ҳам тилга олинади.

 

“Фозил одамлар шаҳри” асари муаллифи Абу Наср Форобий Шарқда “муаллими соний” яъни Арастудан кейинги иккинчи муаллим дея шуҳрат қозонган. Аллома Аристотелнинг “Категория”, “Херменевтика”, “Софистика”, “Риторика”, “Мантиқ” ва “Шеърият” ҳамда Порфирийнинг “Фалсафа асослари” каби асарларига шарҳлар битган. Форобийнинг шарҳларини ўқиганлар юнон фалсафаси моҳиятини осон англай олган. Хусусан, Ибн Сино ҳам Форобийни ўқигандан кейингина юнон фалсафаси моҳиятини тушунганини таъкидлайди. Олимнинг табиий-илмий фанлар ҳақидаги қарашлари “Илмларнинг келиб чиқиши ва таснифи” асарида батафсил ёритилган. Китобда ўрта асрларда маълум бўлган 30 дан ортиқ фаннинг таърифи, аҳамияти кўрсатиб берилган. Форобийнинг тиббий қарашлари эса “Инсон аъзолари ҳақида”ги рисоласида батафсил баён этилиб, у инсон аъзолари, турли хил касалликлар сабаби, уларнинг пайдо бўлиш шарт-шароитларини алоҳида-алоҳида ўрганиш, организмнинг саломатлигини тиклашда тановул қилинадиган озиқ-овқатларга эътибор қаратиш зарурлигини қайд этади. Инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳолати ташқи омиллар ва муҳит таъсирига боғлиқлигига эътибор беради. Форобийнинг тиббиёт вазифаси ва мақсади ҳақидаги фикрлари ёш Ибн Синога катта таъсир кўрсатган.

 

Абу Мусо Муҳаммад ал-Хоразмий ва унга сафдош астрономлар Курраи арз (Ер) меридиани градусини ўлчовчи ва горизонтал қуёш соати қурилмаси лойиҳасини ишлаб чиққан, алгебрани тизимга солган ва моҳиятан, унга мазкур номни берган. Алгебра стандартларини 500 йил олдинга суриб, квадрат тенгламаларни ечишнинг қулай услубини таклиф қилгани, сферик тригонометрия, ҳинд ўнлик сон тизимининг кенг тарқалиши, “ноль” рақами, манфий сонларни қўллаш Ал-Хоразмийнинг нафақат ўз даври, балки барча даврларнинг буюк математикларидан бири бўлганининг яққол исботидир. Унинг “Алгебра” китоби Марказий Осиё олимлари учун ҳамда савдо-сотиқ ишларини олиб боришда, жумладан, мол-мулк мероси, уни бўлиш, суд даъволари ва савдо-сотиқ ҳамда ўзаро битимлар, ерларни чамалаш, каналлар ва турли хил объектларни қуриш, геометрик ҳисоблашларда қўл келган. Ҳозирда замонавий дастурлашда қўлланиладиган “алгоритм” термини Ал-Хоразмий номидан олинган бўлиб, рим рақамлари ўрнига араб рақамларини ишлатишни афзал билган европалик математиклар Ал-Хоразмий шарафига ўзларини “алгоритмчилар” деб аташган.

 

Яна бир марвлик олим Ал-Ҳазиний ўзининг “Донишмандлик вазнлари китоби”да “вазн”, “масса”, “куч” тушунчаларининг дифференциалларини топади. У истеъдодли механик сифатида оддий нарсаларни ўлчайдиган, нисбий зичликни аниқлайдиган ва турли аралашмаларнинг таркибини ўрганадиган дунёдаги энг аниқ ускунани яратган – замонавий тадқиқотлар ушбу асбобнинг аниқлиги 1:60 000 га тенг эканини кўрсатди.

 

Илк глобусни яратган шахс, “Геодезия” асари муаллифи Абу Райҳон ал-Беруний ҳам Марказий Осиёлик ҳисобланади. Олим 1038 йилда “Минералогия” ёки “Қимматбаҳо тошларни аниқлаш учун маълумотлар” асарини битган. Унда кўплаб минералларнинг солиштирма оғирлиги кўрсатилган, 50 дан ортиқ минерал, руда, металл, қотишмалар ҳақида батафсил маълумотлар берган. Берунийнинг “Ҳиндистон” асари халқаро муносабатлар, илоҳиёт ва илм-фан тарихи соҳасида эришилган буюк ютуқлардан саналади. Мазкур асарда Ҳиндистон тарихи, дини, аҳоли маиший турмуши ва маданияти билан бирга, ҳиндларнинг илмий ютуқлари, пи сонининг ҳинд услубидаги ҳисоби баён этилган. Олим “Қонуни Масъудий” асарига сайёрамизнинг минглаб жуғрофий координаталарини киритган. У астрономик маълумотлардан фойдаланиб, қуруқлик ва денгиз нисбатлари ўлчами асосида, биринчи бўлиб Атлантика ва Тинч океани орасида қуруқлик мавжудлиги ҳақидаги фаразни илгари сурганки, бу, шубҳасиз, ўрта асрларнинг буюк кашфиёти бўлган.

 

Мирзо Улуғбек ўз даврида 12 та мадрасадаги 10 минг талабага молиявий ёрдам кўрсатган, замонавий тилда айтганда стипендия тўлаган ҳукмдор эди. Бу толиби илмлардан 500 нафари математикага ихтисослашган эди. Темурий ҳукмдорнинг илмпарварлигини 1417 йилда Регистон майдонида қад ростлаган маҳобатли Улуғбек мадрасаси ҳам тасдиқлаб турибди. Мирзо Улуғбекнинг ушбу мадраса пештоқига пайғамбар Муҳаммад Мустафо(с.а.в.)нинг “Илм талаб этиш ҳар бир мусулмонга фарздир” деган сўзлари(ҳадис)ни ёздириб қўйишининг ўзи мамлакатда илмга эътибор нақадар катта эканини кўрсатиб турибди. Мазкур мадрасанинг ўқув дастурида дунёвий фанлар, айниқса, математика ва астрономия асосий ўринни эгаллаган. Улуғбекнинг аниқ фанлардан ташқари, тарих, адабиёт ва мусиқага чуқур қизиқишини назарда тутсак, ушбу фанлар ҳам мадраса ўқув дастуридан жой олгани аниқ.

 

Мўғуллар босқинидан олдин мавжуд бўлган улкан кутубхонанинг Улуғбек томонидан қайта тикланиши Самарқанд ёшларининг барча фанларни ўрганишлари учун  туртки берди. Мударрислар гуруҳини Улуғбекни устози Қозизода Румий бошқарарди. Устозлар орасида асли Эрондан бўлган Жамшид ал-Коший (1380-1429) ҳам бор эди. Самарқандга келгандан бир-неча ой ўтиб, ал-Кошийнинг отасига ёзган 2 та хати сақланиб қолган. Ушбу битикларда пойтахтдаги илмий муҳитнинг очиқлиги ва олимлар ўртасида рақобат жуда кучлилигини таъкидлаб, Мисрда ўқиб келган мақтанчоқ кимсанинг мунозара пайтида уялиб қолгани баён қилинади. Шармисор бўлган ҳалиги олим пировардида бу ишдан воз кечиб, тинчроқ соҳа бўлган доришуносликка ўтиб кетган экан.

 

Юқорида кўрганимиздек, Ф.Старрнинг буюк темурий ҳукмдор Мирзо Улуғбек илмий салоҳияти ва шахсига эътибори юксак. Муаллиф Улуғбекнинг умр бўйи астрономия билан  шуғулланиб, юлдуз йили узунлигини Коперникдан кўра аниқроқ ҳисоблаб чиққанини эътироф этади. Унинг шогирди Али Қушчи кометалар ҳаракатидан келиб чиқиб, Ер сайёраси ўз ўқи ва қуёш атрофида айланишини исботлаб берган. Улуғбекнинг  сафдоши бўлган Жамшид Ал-Коший “Хорда (Эгри чизиқнинг икки нуқтасини туташтирувчи тўғри чизиқ) ва синус ҳақидаги асар”ида учинчи даражали (куб) тенгламаларни ечишнинг янги усулини тавсифлайди ва икки асрдан бери олимлар еча олмаган бир градуснинг синусини ҳисоблаб чиқади. У “Арифметикага кириш” рисоласида  Пи сонини қийматини юнонлар ва хитойликлардан икки баравар аниқликда ҳисоблаб бериб, Европадан 150 йилга олдинлаб кетади. Улуғбек расадхонасида олиб борилган ишлар асосида 300 саҳифалик “Зижи жадиди Кўрагоний” (Астрономик жадваллар тўплами) яратилган бўлиб,  унда 992 та (асл манбаларга кўра 1018та) юлдузнинг аниқ жойлашувига оид ҳисоб-китоблар келтирилган. Оксфорд университети арабшунос олими Томас Хайд 1665 йилда буюк ватандошимиз  Мирзо Улуғбекнинг  ушбу асарини инглиз тилига таржима қилади ва юлдузлар каталогини нашр этади. Улуғбек илмий мактабининг нуфузи ва таъсири, айниқса, Усмонлилар империясида яққол кўринади. Жумладан, Улуғбекнинг устози Қозизода Румий салтанатда биринчи олим, бухоролик Али Қушчи эса, Истанбулда бир йилгина яшаганига қарамасдан, биринчи астроном деб эълон қилинган.

 

Ф.Старр кўплаб ғарб манбаларида бугунги кунгача Беруний, Абу Али ибн Сино, Хоразмий, Форобий, Фарғоний, Улуғбек ва бошқа кўплаб Ўрта Осиёлик олимларни араб миллатига мансуб дейилишига эътироз билдириб, бу хато фикр эканини алоҳида таъкидлайди: “Минг йил аввал араб тилида ижод қилган бу олимларнинг аксарияти ўз касбий фаолиятини араб тили муҳитида олиб борган бўлса-да, атиги бир қисми эронийларга мансуб, аммо кўпчиликлари туркий олимлар эди,” дея қайд этади тадқиқотчи.

 

Мухтасар айтганда, америкалик олим Ф.Старрнинг буюк боболаримиз кашфиётлари Европа уйғониш асрига кўрсатган оламшумул таъсири борасидаги эътирофлари ҳар қандай таҳсинга муносиб. Энг асосийси, муаллиф тарихни бузмай, воқеликка имкон қадар холислик  билан ёндашган.

 

                                                       Абдумажид АЗИМОВ,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//