Ўзбек адабиётида кимни Шахс деб атасак бўлади? – Иброҳим Ҳаққул


Сақлаш
18:03 / 27.03.2024 407 0

Моддий дунёда ҳамма нарса ва барча мавжудликнинг ўз асоси, ботиний таянчи бўлганидек, инсон ва инсонийликнинг ҳам тамали бор. Кўзга кўринмас бу асос эса жисмоний куч-қувват, маънавий хислат ва фазилатларни ўзида мужассамлаштирган Шахс ва шахсиятдир. Мустақил шахс сифатида инсон ўз қиёфасини кўрсата олса, эркин фикрлаш, озод яшашда ташқи бир кучга тобелик сезмаса, демак, у – Шахс, мавжудлигини оқлашга қодир теран шахсиятдир. Жаҳондаги барча улуғ Шахсларнинг ҳаёти ва тақдири, энг аввало, айни шу томондан эътиборга молик ва ибратли.

 

Наинки илм-фан, санъат ва адабиёт, балки давлат, миллат ҳамда Ватаннинг ҳам ноёб бойлиги, таянч тоғи Шахсдир. Оломон ва тўдачилик офатларидан қутулишни кўзлаган халқнинг олий мақсади Шахсни вояга етказиш бўлмоғи керак. Бунда кўп нарса давр, замон, давлат ва жамиятнинг умумий савияси ва ҳақиқатни англаш лаёқатига боғлиқ, албатта. Улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий яшаб, ижод этган давр Шахс толеига ғамхўр, турмушнинг айтарли барча жабҳаларида истеъдодли шахсиятларнинг майдонга чиқишидан жуда манфаатдор бўлган. Шунинг учун Шахс масаласида давр ва замон, жамият ва ижтимоий-сиёсий муҳит орасида кескин ихтилоф кузатилмаган.

 

Навоий шахсига келсак, у тарихий, маърифий, ҳатто афсонавий бир шахс эди. Туркий халқлар илм-фани, маданияти ва адабиёти тарихида бундай мақом Навоийдан ўзга ҳеч бировга насиб этмаган, деса муболаға бўлмас. Бадиий ва илмий ижодда асрий орзуларини руёбга чиқарган, қанчадан-қанча уруғ, қабила, элатлар бирлашган туркий халқларга Навоий моҳият эътибори билан янги асарларни инъом қилган беназир санъаткордир. Унинг барча нодир хислатлари ва ва ноёб фазилатлари, ижодиётидаги камёб туйғу ва кечинмаларининг сирли манбаси бетакрор шахсиятидир. Навоий Шахсининг пойдевори, ҳеч шубҳасизки – Истеъдод, ҳаракат қуввати эса Эътиқод, Виждон, маслак ва маънавият жабҳаси: Ишқ, Ирфон, Ҳақиқат ва Ростликдир. Буларсиз улуғ шоир шахсидан сўз юритишни хаёлга ҳам келтирмаслик керак. Тўғрилик, шижоат, бутунлик ва фидойилик борлиғидан муқим жой эгалламаса, ҳеч қайси қалам соҳиби миллат тафаккури, хусусан, руҳониятига сезиларли таъсир ўтказолмайди. Мана шу учун ҳам Навоий илҳомни кашфдан, кашфни ижодий янгилик ва ўзига хосликдан асло ажратмаган.

 

Ҳақиқий шеърият шоир яшаб ижод қилган давр, замон, ижтимоий-сиёсий муҳит чегарасидан юксак бир руҳоний эркинликда яратилади. Мана шунинг учун даҳо шоирларнинг асарларида ҳамма давр, барча жамият одамлари учун зарур ва долзарб ғоя ҳамда ҳақиқатлар тасвирланади. Шеърият, аввало, гўзаллик ва завқ тазаҳҳури бўлгани боис инсонни моддий манфаат ва турмушнинг жўн, ўткинчи машғулотларидан халос қилади. Ана шунда шоир Шахси таъсири ва илҳомида, шеърхонда ҳам ўз шахси ҳақида ўйлаш эҳтиёжи юзага келади. Шоирликда маҳорат касб этишни кўзлашдан бош мақсад аслида мана шу.

 

Атоқли адиб Одил Ёқубов бир мақоласида “Ўзбек адабиётида кимни Шахс деб атасак бўлади?” деган саволга “Масалан, Машрабни шахс дейиш мумкин. Унинг биринчи вазифаси ҳақиқатни, халқнинг дардини айтиш бўлган”, дея жавоб қайтаради. Ва яна изоҳ тарзида бундай дейди: “Шахснинг қарашлари кўпинча жамиятдаги қарашларга тўғри келмаслиги мумкин, шунда унинг бўйнига бирор арзимас айб қўйиб ўлдириб юборишади. Бироқ Шахснинг руҳи ҳамма замонларни бедор қилиб туради” (“Сўз”, Тошкент, 2019, 424-бет). Тарихдан аёнки, Алишер Навоийга ҳам суиқасд қилиб, ҳақпараст шоир овозини ўчиришга уринишлар бўлган. Бироқ диёнат ва виждон жаллодлари бундай машъум жиноятнинг уддасидан чиқишолмаган. Низомулмулк, Мажидиддин бошлиқ баттол бандалар эса шоирга қарши тўхтовсиз иғво, бўҳтон, фисқу фасод тарқатиш билан машғул бўлишган. Навоий шахси ўтда ёнмас, сувга чўкмаслиги билан энг ҳосид, ичиқора зотларни ҳам ажаблантирган. Чунки Навоийда ёвузлик, гумроҳлик ва ваҳшийликка таслим ра зотларни ҳам ажаблантирган. од тарқатиш билан машғул бўлишган. бўлмайдиган илоҳий қудрат ато этилган. Бундай куч-қувватга соҳиб талантлар эса ниҳоятда кам туғилади.

 

Шахснинг ҳаёт ва адабиёт майдонида от суриши шу сабабга кўра ҳам ҳаддан ташқари сийрак кузатилади. Шунинг учун асрлар мобайнида адабиёт мард, жасур, чинакам шижоат соҳибларига қараганда муросачи, қўрқоқ, маддоҳ, иккиўйинчи, латтачайнар, ожизу нотавон қаламкашларнинг фаолият майдони бўлиб келган. Тўғриликка содиқ яшаш, сўз ва амал бирлигига риоя эта билиш, миллат ва Ватан манфаатини биринчи ўринга қўя олиш Шахснинг асосий фазилатларидандир. Адабиёт ривожига алоҳида таъсир ўтказиб, ижодкор шахсининг шаклланишини таъминлайдиган ботиний куч-қувват Дард ва Изтироб эканлигига дунёнинг кўп атоқли санъаткорлари ҳамфикрдирлар. Масалан, машҳур олмон адиби ва файласуфи Ф.Нитше: “Изтироб ҳақиқатга эришишнинг энг учқур усули” деса, рус файласуф ёзувчиси В.В.Резанов: “Фақат дард ва қайғу бизга буюклик, илоҳийлик эшикларини очади…”, дейди. Бошқа бир мусулмон файласуфининг фикрлари янада эътиборли: Изтироб инсоннинг қалб соҳиби эканлигининг илк нишонаси ва уни дўст каби қаршилаш қалбнинг шоҳона учрашуви эрур. Изтироб хотиралари қадар жонли, кучли ўтмиш ҳаётимизга маъно бағишловчи мавжудлик йўқ”. Дарҳақиқат, дард, алам, изтироб ёлқинидай кўнгилда, хусусан, руҳда юксалиш пайдо этадиган нарсани тасаввур қилиш қийин. Дард ва изтиробга аҳамият берилишининг боиси фақат шуми? Йўқ, албатта. Дард ва изтироб ақл ва ироданинг бирлашувидан юзага келганки, шахсиятнинг чиниқиши, аввало, шуларга боғлиқ. Акс ҳолда Навоий:

 

Кўнгил ичра ғам камлиги асру ғамдур,

Алам йўқлиғи дағи қаттиқ аламдур, –

 

демасди. Зеро, шу ҳолатдаги хаёл, фикр ва тушунчаларни бадиий асарга кўчирган ижодкорни истеъдодларнинг ҳам истеъдодлиси дейиш мумкин. Чунки сўз, маъни ва руҳ жилваларини дард ва изтироб ойнасида акс эттириш камдан-кам шоирга насиб айлайди. Навоийдаги ҳурлик ва озодлик шавқи мана бундай қаноатни бошқа бир шоир изҳор айлай олмаслигида ҳам кўринади:

 

Жон бериб олдим жунуни ишқ то бўлдим фано,

Аллоҳ-Аллоҳ, ул не хуш савдо, бу не хуш суд эрур.

 

Барча нодир санъаткорлардагидек, Навоий шахсида ҳам умуминсоний жозиба, ўзгаларникига ўхшамайдиган руҳоний бир куч мавжуд. Шоир шахсияти, яъни “мен”лигига кимки дилдан боғланиб, унга эргаша билса, ҳеч вақт фикран тўхтаб қолмайди, завқ-шавқ билан ҳолдан ҳолга юзланиб, “Кўнглум ичра дарду ғам аввалгиларга ўхшамас” дегандай ошиқона эътироф ва  сурурни юракдан ҳис қилади.  Орифлик эътиқоди эса шоир шахсининг маърифатда янада собитлашувини кўрсатади:

 

Эй Навоий, чархи золининг фирибин топмағум,

Ёр агар бўлса менинг бирла эранлар ҳиммати.

 

Навоий нуқтаи назарида эрлик билан эранлик – валийлик ажралмас тушунчалардир:

 

Эр кирар эр сониға ҳиммат била,

Эр эмас фахр айлағон зийнат била.

 

Эрга хулқу феъл эрур зебу камол,

Янги заркаш ҳулласидур эски шол.

 

Эр эсанг, оллингдадур баҳри фано,

Чўмғилу қилгил ўзунгни ошно.

 

Хуллас, Навоийнинг Шахси ибрат ва таҳсинга лойиқ неча ўнлаб хислату фазилатларнинг махзанидир..  қарашлари кўпинча жамиятдаги қарашларга тўғри келмаслиги мумкин, шунда унинг бўйнига бирор арзимас айб қўйиб ўлдириб юб

 

Тарихда Навоий Шахси қадар улуғланган, инсоний фазилат ва нодир хислатлари кўп мақталган шоир ниҳоятда кам учрайди. Унга нисбат берилган ҳис-туйғу ва гўзал сифатлар шоир сиймосини олдин айтганимиздек афсонавий қаҳрамонларга ёвуқлаштирган, деса муболаға бўлмас. Заҳириддин Муҳаммад Бобур инсонликда ҳам, ижодкорликда ҳам Навоийнинг тенги топилмаслигини алоҳида таъкидлаган.

 

Оддий меҳнаткаш халқ, илм ва ижод аҳли ҳамда амал ва мартаба соҳиблари тасаввурида жонланган Навоий сиймоси ўзаро умумлаштирилса, шоирлиги олимлигидан, мутасаввифлиги мутафаккирлигидан, ошиқлиги орифлигидан, давлат арбоблиги жавонмардлигидан баланд беназир даҳо бир Шахсга юзлашгандай бўламиз. Навоийнинг серқирра ижодиёти сир-синоат тўла Шахсига муҳташам кўзгу бўлганидек,  Шахси ижодига маънавият, эътиқод ва виждон манбаидир. Шунинг учун шоир ижод намуналарини унинг “Мен”лигидан ажратиб, руҳ ва руҳоний ҳаёт эҳтиёжларини эътиборга олмай таҳлил ва талқин қилиш – ниҳолни заминидан суғуришдай бир ишдир. Бир фардида у ёзади:

 

Мен синуқ, кўнглум синуқ, сабрим уйи худ ерга паст,

Билмагай ҳолим шикастин кўрмаган мунча шикаст.

 

Бу байтда фақир, дарвеш, ғариб, мискин Навоийнинг ҳис ва ҳолати бирлашиб кетган. Бунинг сиррига етмай фард мазмунини қайта сўзлашдан нима фойда? Шикасталик, бенаволикдан туғилажак бутунликни унда тасаввур айлаб бўладими?

 

Навоийни билиш, тадқиқ этиш собиқ совет замонида қолиплаштирилиб, қарийб бир андозага мослаштирилган. Натижада шоир асарларининг ижтимоий, сиёсий, ахлоқий мазмуни, моддий оламга тегишли ғояларини  изоҳлаш етакчи ўринга чиқарилган. Туйғу, руҳ, ҳол, дард, хаёл манзаралари тасвири унутилган. Навоий ёзади:

 

Йўқ даҳрда бир бесару сомон мендек,

Ўз ҳолиға саргаштаву ҳайрон мендек.

Ғам кўйида хонумони вайрон мендек,

Яъники, алохону аломон мендек.

 

Шарқ мумтоз шеъриятида ақлга эмас, руҳга таянилиб, дунё ва инсон сирлари руҳдаги ўзгариш ва эврилишлар орқали акс эттирилган. Тўртликда сийратда юз очган гўё тўрт сувратга эътибор жалб қилинган: 1.Бесару сомонлик. 2.Ўз ҳолига саргаштаву ҳайронлик. 3.Хонумони вайронлик. 4.Алохону аломонлик, яъни ҳаммасидан мосиволик. Бу ҳолларнинг ҳар бири галма-гал даҳрда ҳеч нимага боғланмаслик, бошқача айтганда, фано завқини акс эттиради. “Мен”га урғу берилиши эса “ўзлук иморат”ининг бузилганлигидан далолатдир.

 

Шахсият – яхши ва ёмон, яроқли ва яроқсиз, юксак ва тубан, инсоний ва шайтоний, эзгу ва ёвуз, собит ва ўткинчи майл, истак, хусусият ва кўникмаларнинг йиғиндисидир. Буларнинг керагини кераксизидан, гўзалини чиркинидан ажратиш моҳият иши бўлиб, бу шахснинг шаклланиш йўлидаги дадил одимидир.

 

Маълумки, дин уч устувор асосга таянади: иймон, илм, ҳол. Чин диндорлик исломий илмнинг ҳолга уйғунлигидир. Тасаввуфнинг хос бир хизмати шу илмнинг ҳаётга тадбиқи ва таъминидан иборат эрур. Чунончи: тасаввуф нафсни динга ром этиб, динни нафс учун виждонга айлантирган. Тасаввуф диннинг ҳукмрони эмас, толмас хизматкори, содиқ навкари. Дин ва тасаввуф иттифоқини  Навоий мана шундай тушунган, Шахс камоли учун эса тасаввуфдан ишқ ва ирфон манбаи ўлароқ фойдаланган. Унингча:

 

Давронда камол ичра қуёшдин бийик ўлди,

Ҳар зарраки бир комили давронға йўлуқти.

 

“Комили даврон” эса пир, муршид, мураббий, шайх номи билан машҳур бўлган ишқ ва ирфон пешволаридир. Шахс тақдирини асосан ана шулар ҳал қилишган.

 

Инсон руҳ(жон) билан бадандан иборат бўлиб, булардан бири латиф ва руҳоний жавҳар бўлса, иккинчиси жисмоний бир мавжудликдир. Аммо уларнинг иккаласи ҳам ўз манбасига қараб майл кўрсатиб, йўлдошини ўзи тарафига жалб қилади. Агар руҳ баданни енгиб, нафсоний шаҳватлар лаззатидан уни халос айлаб, турли қўполлик ва разолатлардан қутқазса, унинг билан бирга самовий манзилу маъволарга кўтарилади. Шу маънода Яссавий, Аттор, Румий, Жомий, Навоий, Машраб кабилар фақат шоир эмас, балки мутасаввиф, муршид, пири комил ва авлиё зотлар ҳисобланган. Шунинг учун уларнинг аҳвол руҳияти, ирфоний маслак ва тажрибалари ҳам бошқача бўлган. Тадқиқотчиларнинг хулосалари бўйича,  тасаввуф тарихининг дастлабки уч асрида сўфийлик йўлидан юрганлар курашчан бир руҳ, эркинлик шавқи ва ташаббус соҳиби бўлишган. Анча кейинги даврларда эса аҳвол бир қадар ўзгарган. Бу эса ишқ ва муҳаббат оташида тобланадиганлар шахсига салбий таъсир ўтказган. Ишқсиз, ирфонсиз яшаш фожиасини Насимий шундай талқин қилади:

 

Маърифат касб этмадинг, сен фонисен,

Уч-тўрт кун дунёнинг меҳмонисен,

Ҳақни билсанг, оламнинг султонисен,

Билмасанг, худ дев била шайтонисен.

 

Диний-илоҳий идрок Навоийда кучли бўлса-да, инсонни ҳаётдан, дунёдан ажратадиган туйғу ва тушунчаларни умуман у мақбул кўрмаган. Шу боисдан шоирнинг мутасаввифлиги ва дарвешлигига мутлақо бошқача ёндашиш лозим. Унинг гўзаллик ва нафосат завқ-шавқи ўзга бир шоирникига ўхшамайди. Воқелик бағрида у ўзини маърифат, маънавият, ишқ Фарҳоди қиёфасида тасаввур этган:

 

Навоий, бенаволиқ шевасин берма иликдинким,

Наво ҳар кимки истабтур, топибтур бенаволиғдин.

 

Бир умр шоир навони бенаволикдан, шодликни қайғу қаъридан, фикрни фикрсизлик биёбонларидан топган. Чунки кўнгли янгиланиш ва янгиликка муштоқ санъаткор шоирни шунчаки наво, шунчаки қувонч ёки оммабоп тушунчалар асло қониқтирмаган.

 

“Гўзаллик мушоҳадаси алоҳида бир ҳолатдир… Гўзалликнинг моҳиятини англаш ҳам бир завқ эрур”, дейди Имом Ғаззолий. Ана шу ҳолат ва завқ Навоийнинг илҳом малагини кўкларга кўтариб, санъатнинг турфа-турфа сирларидан уни воқиф этган. Нафс зулматида адашиб, манфаат тегирмонида янчилмаган киши дунёнинг ғам-ғусса, кулфат ва мусибат лашкарларига таслим бўлмайди. Унда фановашлик ҳоли бўлса, бас – ҳаммасига чидайди, ҳаммасини енгиб ўтишга куч топади. Навоийда шундай. Унинг хилма-хил ғанимлик, оқибатсизлик, жабру жафо ва ёвузликларга таҳаммулининг ўзи улкан бир сабоқ мактабидир.

 

Менки, ўлдум даҳр элига ошнолиғ ранжидин,

Қилмағаймен ошнолиғ, гар Масиҳ ўлсун яно.

 

Ошнолардин тилармен айласам бегоналиғ,

Қайда мумкин бўлмоғим бегоналарга ошно?!

 

Ошно – бегона, бегона – ошно, ошнолик – бегоналик, бегоналик – ошнолик. Буларнинг ҳам асабни қақшатиб, дилни ларзага соладиган драмаси бор. Шунинг ранж ва азоби шеърда дардли чизгиларда ифодаланган. Комиллик идеали Навоийда ахлоқий турғунлик, фикрий ночорлик, маънавий ожизликнинг тамоман тескарисига хизмат қилади. Йиғлаганни кулдириш, кулганни йиғлата билиш, ғам-ғуссани шодликка, қувончни кадарга эврилтириш салоҳияти Навоийда жуда кучли. Шеърхонни у ҳасрат, ноумидлик, бадбинлик, маҳдудлик офатларидан муҳофаза этиш билан бирга, сохта кўтаринкилик, макруҳ шодлик, файзсиз – хосиятсиз мамнуниятбозликдан ҳам қутқазади.

 

Юракда дин ва ирфон чироғини ёқмай, тариқат ва илоҳий ишқ чашмасидан сув ичмай, олий санъат сеҳрини идрок қилмай Навоий шахси билан ботиний муносабатга киришиб бўлмайди. Навоийнинг иқрори бўйича, истеъдодсиз давр, ўртамиёна замон, маърифати паст жамият ва золим салтанат ҳеч вақт улкан талантларни қўллаб-қувватлаб уларга эркинлик ва илҳом беролмайди. Мутафаккир шоирнинг қуйидаги каби сўзлари ҳаёт ва жамият ҳақида ўйлашга ҳам ундайди:

 

Ишқ аро дарду балодин ўзга йўқ,

Зулму бедоду жафодин ўзга йўқ.

 

Маслак ва шахсият эътибори билан Навоий сўнгги нафасигача севган, сидқу садоқатини сира сусайтирмаган Шахс, ҳеч шубҳасизки, сарвари коинот Муҳамад (с.а.в.) бўлган. Бундай меҳру муҳаббат эса Навоий дунёқараши ва шахсиятига оламшумул очиқлик ва сўнмас кўрк бағишлаган. Шоирдаги камтарлик, хоксорлик, жафокашлик ва ҳикмату ҳимматнинг дахлсиз бир асоси ҳам ана шу. Унинг:

 

Сенинг мадойихи наътингда, ё Расулуллоҳ,

Тамом бўлди Навоий такаллуми поки,

 

дейиши ҳам шундан. Навоий таржимаи ҳолидан хабардор киши биладики, бешафқат даҳр, ғаддор замон, субутсиз жамият умр шомида шоирни яна кетма-кет оғир синов, нисбатан бошқача ирода имтиҳонларидан ўтказганди. Турли жанрдаги шеърларида шоир буларни ҳам ёзиб қолдирган:

 

Юзланиб шавкату, жоҳу иқбол,

Қисматим бўлди басе мансабу мол.

 

Ҳар не эл қилди талаб, мен топтим,

Барчадин силкиб этак, кўз ёптим.

 

Улча мен топқали бор эрди ҳавас,

Ким топилмади вафо эрдию бас.

 

Бир вафо кимгаки, мен қилдим фош,

Юз жафо ўтруда эрди подош.

 

Кўз анинг йўлиғаким, еткурдум,

Кўзда юз неш балосин кўрдум.

 

Қайсининг оллидаким, қўйдум бош,

Ёғди бошимға жафосидин тош…

 

Умри илгарилагани сайин шоир бошига ёғилган жафо, кулфат, ҳасрат тошлари ортиб борганди.

 

Меҳрибон жияни Ҳайдарнинг ҳаётида жиддий хавф-хатар туғилиши, укаси Дарвеш Алининг ҳибсга олиниши, меҳр қўйиб умид боғлаган шаҳзода Мўмин Мирзонинг ваҳшиёна ўлдирилиши, майхўрлик ва маишатпаратликка муккасидан кетган Ҳусайн Бойқаронинг ўғиллари билан низолари, давлат ва ҳокимиятнинг таназзули, эл-юрт ҳаётидаги иқтисодий, ахлоқий, маданий буҳронлар Навоийнинг шахсига ҳам, соғлиғига ҳам ҳалокатли таъсир қилганди. Бироқ буларнинг барини донишманд Навоий ҳаётда юз кўрсатиши муқаррар ғам-ғусса, афсус-надомат чекиш билан бир ижобий натижа чиқмайдиган воқеа-ҳодисалар ўлароқ қабул қилганди.

 

Ким кўрди экин жаҳонда оё хушлуқ,

То бир киши айлагай таманно хушлуқ.

Юз йилда агар бир ўлса пайдо хушлуқ,

Омодадурур ёнида юз нохушлуқ.

 

Кўрган-билганлари қачонлардир битилган мазкур фикрларнинг давомий исботи эди. Эл-улус, мамлакат ва маърифат дардида жисму жони ёнган жафокаш шоир олдингига нисбатан ҳам ўзини ёлғиз, ғамзада ҳис этарди:

 

Оллимда табиби чорасозим ҳам йўқ,

Ёнимда рафиқи дилнавозим ҳам йўқ.

Теграмда аниси жонгудозим ҳам йўқ,

Бошимда шаҳи банданавозим ҳам йўқ.

 

Бунда таъкидланган айрилиқ ва ҳижроннинг ҳаммаси ҳам қийноқли. Ва чўнг қайғу. Лекин инсонпарвар меҳрибон бир подшоҳнинг йўқлиги – бу энди айтган билан адо бўлмас мусибат. Адабиёт, санъат, илм-фан, сиёсат, иқтисод, маънавият майдонларида от сурган, курашган, бироқ енгилмаган Навоий умрининг шомида шаҳаншоҳга эътимодсизлик ҳолати билан юзма-юз қолганди. Хўш, хулоса нима? Мана эшитинг ва ўйланг:

 

Ким бўлса бу мотамкададек олам аро,

Сайр айласа ғамсириштлик одам аро,

Гар одам эрур, бўлса керактур ғам аро,

Оламда эса, бўлса керак мотам аро.

 

Бу мисраларни битган шоирга, албатта, жуда оғир бўлган. Ўқиганга ҳам енгил эмас… Дарвоқе, бир ғарб файласуфи, “Менинг мақсадим йиғлаш ёки кулиш эмас, англашдир”, деган экан. Биз эса буюк Навоийнинг ҳам аҳволи, ҳам шеърининг моҳиятини англашга жаҳд этишимиз керак. Навоийдан бизгача тарихий масофа олти асрга яқин… Эзгулик ва ёвузлик, зулм ва адолат, ҳақиқат ва ҳақсизлик, маърифат ва жаҳолат кураши эса тўхтагани йўқ – ҳамон жадал давом этаётир.

 

Иброҳим ҲАҚҚУЛ

Дўрмон,

19.07.21.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси