
6-юзйилликнинг иккинчи ярмида вужудга келган ва минтақа тарихида чуқур из қолдирган муҳим давлат бирлашмаларидан бири Турк хоқонлиги (551–774) ҳисобланади. 551 йилда Турк хоқони Бумин ўз даврида турклар устидан сиёсий устунликка эга бўлган жужанларга (роуранларга) қарши ҳарбий курашни бошлади. Бу курашлар натижасида турклар Жужанлар давлатини узил-кесил мағлубиятга учратиб, уларнинг сиёсий ҳукмронлигига барҳам берди. Шу тариқа турклар томонидан барпо этилган давлат – Турк хоқонлиги Турон заминидаги энг йирик ва қудратли сиёсий тузилмалардан бирига айланди. Кейинги даврларда Турк хоқонлигининг ҳудудий чегаралари шарқда Кореядан ғарбда Қора денгизгача бўлган масофагача кенгайди.
Тор-мор этилган жужанларнинг бир қисми милодий 554 йилда Шимолий Хитой ҳудудларига чекинди, иккинчи бир гуруҳи эса ғарбга – Шарқий Европа йўналишида силжиди. Милодий 558 йилга келиб улар ушбу минтақага етиб келиб, аварлар номи билан қайд этилди ва Паннонияда (ҳозирги Венгрия ҳудудида) ўзларининг Авар хоқонлиги деб номланган янги давлатига асос солди.
Биринчи Турк хоқонлигининг вужудга келиши Марказий Осиёдаги геосиёсий кучлар нисбатида туб ўзгаришларга сабаб бўлди. Уларнинг ҳарбий юришларидаги зафарлар ҳамда стратегик аҳамиятга эга савдо йўллари устидан назорат ўрнатишга бўлган интилишлари абдаллар билан юзага келиши муқаррар бўлган қарама-қаршилик учун шарт-шароитларни ҳозирлади.
Минтақада вужудга келган янги геосиёсий вазият абдаллар ва Турк хоқонлиги ўртасидаги ҳарбий-сиёсий тўқнашувни тақозо этди. Зеро, бу пайтга келиб абдаллар кенг ҳудудларни, муҳим савдо йўлларини назоратда тутиб турардилар. Айни пайтда янги пайдо бўлган Турк хоқонлиги ўзига тегишли ҳудудларни кенгайтириш табиати туфайли минтақавий гегемонликка ва Буюк Ипак йўли устидан тўлиқ назорат ўрнатишга ҳаракат қиларди. Бинобарин, бир-бирига туташ ёки кесишувчи географик маконда жойлашган, ўхшаш ҳудудий даъволар ва иқтисодий манфаатларга эга бўлган икки йирик сиёсий куч ўзаро тўқнаш келиши мантиқан табиий бир ҳол эди.
Жужанлар мағлубиятидан сўнг туркларнинг ҳудудий кенгайиши жадал тус олгани уларнинг яқин истиқболда абдаллар таъсир доираларига бевосита дуч келишини англатар эди. Шундай экан, ушбу можаро тасодиф эмас, ҳар икки томоннинг ўзаро рақобатдош геосиёсий мақсадлари ва империя қуришга қаратилган лойиҳаларидан келиб чиқувчи объектив, таркибий муқаррарлик сифатида баҳоланиши лозим.
Эрон сосонийлари ва абдаллар ўртасидаги дастлабки муносабатлар, афтидан, маълум даражада прагматик (фойдали натижаларга йўналтирилган) асосларга қурилган эди. Аммо абдалларнинг Хуросон ва сосонийлар салтанатининг шарқий ҳудудларига нисбатан бошлаган ҳудудий кенгайиши натижасида икки томонлама алоқаларда кескинликнинг ортиши кузатилди. Сосонийлар учун ўз империясининг шарқий сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш ҳамда минтақадаги муҳим савдо йўллари устидан назоратни сақлаб қолиш ҳаётий стратегик аҳамият касб этарди.
Кейинги даврларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихи сосонийларнинг бир неча бор оғир ҳарбий мағлубияти билан характерланади. Жумладан, сосоний шоҳи Яздигард II абдалларга қарши нечи марта ҳарбий юришлар қилган бўлса-да, омадли якунланмади. Унинг вориси Фируз эса абдаллардан бир неча бор қақшатқич мағлубиятга учраб, катта миқдорда ўлпон тўлашга мажбур бўлган. Хусусан, милодий 484 йилда содир бўлган жанг Фирузнинг ҳалокати ва сосонийлар қўшинининг мисли кўрилмаган даражадаги тор-мор этилиши билан якунланди.
Ушбу мағлубиятлар оқибатида абдаллар Шарқий Эрон устидан амалда назорат ўрнатиб, Сосонийлар давлатининг ички ва ташқи сиёсатига жиддий таъсир ўтказиш имкониятига эга бўлдилар. Сосонийлар салтанатининг абдаллар томонидан узоқ йиллар давомида сиёсий босимга учраши кейинчалик тахтга чиққан Хусрав I Ануширвон (531–579) сиёсатида уларга қарши кескин чоралар кўриш учун асосий туртки бўлди. Ўтмишдаги мағлубиятлар учун қасос олиш, давлатнинг обрў-эътиборини тиклаш ва оғир ўлпонлардан халос бўлиш истаги уни абдалларга қарши иттифоқчилар қидиришга ундади.
Хусрав I Ануширвон бошқарувидаги Сосонийлар Эрони 6-юзйилликнинг 30-йилларида жадал юксалишни бошлади. Бунинг илк натижаси абдалларга тўланадиган ўлпоннинг тўхтатилиши бўлди. Бироқ у абдалларга қарши очиқ жанговар ҳаракатларга киришишга ҳали тайёр эмасди. Вужудга келган бундай сиёсий вазиятларда 554 йилда сосонийлар империяси ва Турк хоқонлиги абдалларга қарши ҳарбий иттифоқ тузилишига олиб келди. Бу иттифоқ Хусрав I нинг Истами хоқоннинг қизига уйланиши билан мустаҳкамланди. Шу билан бирга, никоҳ абдаллар устидан қозонилган ғалабадан сўнг бўлиб ўтгани ҳақида тахминлар мавжуд. Зеро, милодий 555 йилдан эътиборан турклар абдаллар билан уруш ҳолатида бўлган ва бундай шароитда Хусрав I Ануширвоннинг туркий келинининг абдаллар ҳудуди орқали ўтиши жуда хавфли бўларди. Никоҳ карвонининг сосонийлар империясига етиб бориши учун ягона имконият Хоразм орқали ўтиш бўлган. Шунингдек, Хусрав I 557 йилда Византия билан сулҳ тузди ва бу беш йилдан сўнг тинчлик шартномасига айланди, шу тариқа у ғарбий чегаралардаги вазиятни барқарорлаштирди.
Абдал ябғуси Гадфар сосонийлар ва Турк хоқонлиги ўртасида шаклланаётган иттифоқдан хавотирга тушиб, ушбу иттифоққа путур етказиш ёки унинг олдини олиш мақсадида кескин ҳаракатларга қўл урган, пировардида кенг кўламли можарога сабабчи бўлган. Хусусан, абдаллар назорати остидаги Сўғд ҳудудидан ўтаётган Турк хоқонлигининг элчилик карвони ҳужумга учратилиб, элчиларнинг қириб ташланиши урушнинг бошланишини таъминлаган. Абдаллар томонидан амалга оширилган ушбу тажовузкорона ҳаракат, хоҳ у стратегик хатолик бўлсин, хоҳ шаклланаётган иттифоқни барбод қилишга қаратилган умидсиз уриниш сифатида баҳолансин, ҳар қандай ҳолатда ҳам Турк хоқонлиги томонидан абдалларга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаш учун бевосита баҳона бўлиб хизмат қилди.
Шу тариқа, абдаллар икки томондан – шимолда Турк хоқонлиги ва жанубда Сосонийлар Эрони томонидан қисувга олинди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, жанубда абдалларнинг бошқа бир гуруҳи ҳамон ҳинд ҳукмдорлари билан жанг қилаётган эди ва ўзларининг шимолдаги қисмига ҳеч қандай жиддий ёрдам кўрсата олмасди.
Бундай вазиятда абдаллар Хитой билан муносабатларини тиклашга ҳаракат қилдилар, аммо бу уринишлар муваффақиятсиз якунланди.
Абдаллар ябғуси Гадфарнинг Катулф исмли бир маслаҳатчиси бўлган. Катулф подшони ҳарбий ҳаракатларни бошлашдан қайтариб, ўз ерларида душмандан кўра кучлироқ экани ва шу ерда жанг қилиш афзалроқлигини таъкидлаган. Бироқ Гадфар томонидан ҳақоратлангач, у ўз юртига хиёнат қилиб, Хусрав I ҳузурига қочиб ўтади.
Милодий 558 йилда ябғу-хоқон Истами Хусрав I билан иттифоқда абдалларга шимолдан ҳужум қилди. Улар аввал Чоч (Тошкент)ни эгалладилар, сўнгра Чирчиқ дарёсидан ўтиб, Турк қўшинлари Маймурғда (Самарқанд вилоятидаги, Зарафшоннинг жанубидаги князлик) тўхтадилар. Бу пайтга келиб Гатфар аллақачон қўшин тўплашни бошлаган эди. Бухоро воҳасида Балх, Шуғнон, Вашгирд, Термиз, Амул, Зем ва давлатнинг бошқа ҳудудларидан келган қўшинлар жамланди. Эфталийлар подшоси жангни текисликда ўтказмасликка қарор қилди, чунки у ерда Турк отлиқ қўшинлари устунликка эга эди. У тоғларга чекинди ва Несеф (Қарши)да жанг қилди. Жанг саккиз кун давом этди ва Туркларнинг ғалабаси билан якунланди.
Мазкур жанг тарихга “Гол-Зарриун” ёки “Бухоро жанги” номи билан кирган. Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида Бухоро гурзилар ва болталарга тўлгани, абдал ябғуси Гатфар барча томондан қўшин йиғгани, бироқ жангнинг 8-кунида Ҳайталий (Абдал) қўшини йиллар давомида тузатиб бўлмас даражада мағлуб бўлгани, ярадорлар ҳамма жойга тарқалиб кетгани, бутун йўл ўликлар ва асирлар билан тўлгани келтирилган.
Табарий абдаллар ва турклар ўртасидаги жанг ҳақида шундай хабар беради: “...Туркларнинг энг кучли, энг жасур ва қудратлиси хоқон Синжибу бўлиб, абдаллар подшоси Варазга қарши курашган унинг қўшини сон жиҳатдан энг улкани эди. Шарқда у (Синжибу) уларнинг (абдалларнинг) кўплиги ва қудратидан чўчимади, уларнинг подшоси Варазни ва бутун қўшинини ўлдирди, уларнинг бойликларини тортиб олди ва мамлакатларини – фақат Хусрав томонидан аввалроқ қўлга киритилган қисмидан ташқари – эгаллади”.
Динаварийнинг ёзишича, Хусрав I абдаллар мамлакатига қўшин юбориб, Тохаристон, Зобулистон, Кобулистон ва Чағониённи босиб олган. Сўнгра Турк ҳукмдори Синжибу хоқон ўз одамларини тўплаб Хуросонга юриш қилди, у Чоч, Фарғона, Самарқанд, Кеш ва Насафни эгаллади ва Бухорони ҳам қўлга киритди.
Менандр Протекторнинг қайд этишича, милодий 568 йилда турк элчилари Константинополга келганида Император Юстин II улардан сўради: “Сиз Эфталийларнинг бутун кучини бўйсундирдингизми?” – “Ҳаммасини”, – деб жавоб беришди элчилар.
Шундай қилиб, 563 ва 567 йиллар оралиғида Турк хоқонлиги ҳамда Эрон сосонийлари иттифоқлиги натижасида абдалларнинг сиёсий фаолиятига нуқта қўйилди.
Хулоса қилиб айтганда, 6-юзйиллик ўрталарида Марказий Осиё геосиёсий саҳнасида рўй берган Турк хоқонлиги ва Абдаллар давлати ўртасидаги тўқнашув тасодифий ҳодиса бўлмай, балки бир нечта муҳим тарихий омилларнинг мантиқий натижаси эди. Бир томондан, янги вужудга келган Турк хоқонлигининг ҳудудий кенгайишга бўлган интилиши ва Буюк Ипак йўли устидан назорат ўрнатишга қаратилган стратегик мақсадлари, иккинчи томондан, минтақада узоқ йиллардан буён ҳукмронлик қилиб келган Абдаллар давлатининг мавжуд мавқеини сақлаб қолишга уриниши бу икки қудратли туркий сулолани муқаррар тўқнашувга олиб келди.
Ушбу жараёнда Сосонийлар Эронининг роли ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Абдаллардан аввалги йилларда қақшатқич мағлубиятларга учраб, оғир ўлпон тўлаб келган Сосоний шоҳи Хусрав I Ануширвон учун қасос олиш ва давлатининг шарқий чегараларидаги таҳдидни бартараф этиш биринчи даражали вазифа эди. Бу вазият Турк хоқонлиги ва сосонийлар ўртасида абдалларга қарши стратегик ҳарбий иттифоқнинг тузилишига олиб келди.
Натижада, икки фронтда – шимолдан Турк хоқонлиги ва жанубдан Сосонийлар қўшинлари томонидан қисувга олинган абдаллар давлати 563–567-йиллар оралиғида бўлиб ўтган жангларда узил-кесил мағлубиятга учратилди. Бу ғалаба нафақат абдаллар давлатининг сиёсий фаолиятига тўлиқ нуқта қўйди, балки минтақа харитасини бутунлай ўзгартириб, Турк хоқонлигининг Туроннинг етакчи геосиёсий куч сифатидаги мавқеини мустаҳкамлади ва янги бир тарихий даврни бошлаб берди.
Мардонбек РАЖАПОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Тарих
Тарих
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ