Алибобоми ёки Али боб?


Сақлаш
16:13 / 27.05.2025 78 0

Тасаввуф адабиётида “боб” сўзи кенг қўлланади. Луғавий маъноси эшик ёки дарвоза демак. Кўчма маънода пир ёки шайх, дунё ва охират яхшилигига етаклайдиган эшик, саодат дарвозаси деган маъноларни англатади.

 

Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида 359-сон билан “Боб Фарғоний қуддиса сирруҳу” фасли келади: “Оти Умардур. Фарғонада бўлур эрди. Ул ерда улуғ машойихни “боб” дерлар. “Кашф ул-маҳжуб” соҳиби дер эмишки: “Ул автод ул арздиндур”. Шайхулислом дебдурки: “Шайх Аму ани кўриб эрди. Ул дедики: “Бир кун анинг қошида ўлтуруб эрдим. Бирав кирди ва дедиким: “Дуойи қилки, Саркаб келди” ва Саркаб бирав эрдики, келиб ул мулкка зарар еткурур эрди ва боб ўчоғ қироғида ўлтуруб эрди ва офтоба дағи ўчоғ қироғида эрди. Оёғин офтобаға уруб йиқитти ва дедиким: “Ани йиқиттим”. Саркаб ҳамул дам шаҳар эшигида отдин сарнигун йиқилди ва бўйни синди”. “Кашф ул-маҳжуб” соҳиби дебдурки: “Бобнинг зиёратига қасд қилдим. Чун анга еттим. Дедики: “Не ишка келибсан?” Дедим: “То шайхни кўргаймен сурат била ва андин назари топқаймен шафқат била. Деди: “Эй ўғул, мен худ фалон кундин бери сени кўрадурмен ва то сени мендин ғойиб қилмағайлар, кўргумдур ва ул кунни ҳисоб қилдим, менинг тавбамнинг ибтидоси куни эрди. Андин сўнгра деди: “Эй ўғул, йироқ йўл қатъ қилмақ ўғлонлар ишидур. Мундин сўнгра зиёратни ҳиммат била қилки, шахс анга кари (таъсир, ярарли) қилмас­ки, ани зиёрат қилғайлар ва ашбоҳ зуҳуриға ҳеч нима боғлиқ эмас. Сўнгра ходимасиға дедики, улча бор, олиб келки, дарвеш есун. Бир табоқ узум келтурди ва тоза чоғи эмас эрди ва анда неча рутаб (янги пишган) ва Фарғонада мумкин эрмаски, руб бўлғай” (Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат мин шамойимил футувват. Нашрга тайёрловчи, сўзбоши, изоҳ ва кўрсаткичлар муаллифи Ҳамидхон Исломий. Тошкент, “Мовароуннаҳр” нашриёти, 2017. 575-бет).

 

Маълум бўладики, бобга, яъни пирга мункирлик қилган ва жамоатга хавф солган, кишилар мулкига зарар етказган инсон боб томонидан жазоланган. Яна бу парчада улуғлар назарига тушиб насибадор бўлай дея бобнинг эшигига келган зиёратчининг сусткашлиги ислоҳ қилиниб, ўзини тарбиялаш ва мавсуми бўлмаса-да, янги пишган узум билан унга каромат кўрсатиб ихлос-эътиқодини парваришлаш жараёни ёритилган.

 

Бир замонлар сўфий ва дарвешлар, ҳақиқатан ҳам, катта нуфуз ва обрўга эга эдилар. Буни биргина “Насойим ул-муҳаббат”ни мутолаа қилиб билсак бўлади. Одамлар муқтадир шайхларнигина эмас, қаландарлар, эшонлар, мажзуб девоналар, дарвешларни ҳам ҳурмат қилганлар. Шунинг натижаси ўлароқ тасаввуф, тариқатлар ва унинг таркибида дарвешчилик ҳаракати кенг қулоч ёйган. Хонақо удумлари шаклланиб, дарвешлар алоҳида бир тоифа – табақа сифатида жамиятда муҳим ўрин эгаллаган. Бироқ бу бирданига юзага келган эмас; тасаввуф ва дарвешлик ҳаракати узоқ тадрижий тарихга эга. Олимлар тасаввуф тарихини дастлаб икки даврга ажратадилар: зоҳидлик даври, орифлик ва ошиқлик даври. Сўфийларнинг ўзини ҳам ориф сўфийлар, зоҳид сўфийлар, ринд сўфийлар, ошиқлар, фақир сўфийлар, файласуф сўфийларга ажратиш мумкин.

 

“Насойим ул-муҳаббат”да 69 ўринда “ориф” истилоҳи қўлланган. Хўш, ориф ким, орифлик нима? Маърифат билан ўзакдош бўлган бу сўзлар катта ва кўп маъно ташийди. Маълумки, тасаввуф аҳли билимни зоҳирий ва ботинийга ажратади. Шариат ва дунёвий билимлар – зоҳирий билим бўлиб, Оллоҳни билишнинг биринчи босқичидир. Оллоҳни билиш дунёни билишдан бошланади. Чунки моддий олам, борлиқ – Яратган Зотнинг тажаллийси бўлиб, улар ўртасида изчил уйғунлик бор. Сўфийлар моддий олам ва унинг Яратувчиси ҳақидаги ҳамда шариат билимларини яқиний илм деб билганлар. Орифлик, яъни маърифат босқичи ботиний илм билан боғлиқ, у Оллоҳга робита учун ташланган қадам ҳисобланади.

 

Аҳли тасаввуф соликларни ибодати, каромат даражасига кўра тўрт гуруҳга ажратади: обид, зоҳид, ошиқ ва орифлар. Обидлар шариат қавмидан бўлиб, Оллоҳ таолонинг буюрганини бажариб, қайтарганидан қайтадилар. Ҳалол ва ҳаром, пок ва нопокни ажратиб, шариатга амал қиладилар. Обид ўз номи билан обид, яъни ибодат қилувчидир. Уларнинг ибодати: намоз ўқимоқ, рўза тутмоқ, закот бермоқ, ҳажга бормоқ, нафс орзуларини енгиб охират неъматларига интилмоқдир.

 

Зоҳидлар тариқат аҳлига мансуб бўлиб, дунёдан юз ўгириб Оллоҳ розилигини топиш ва жаннатга киришни мақсад қиладилар. Уларнинг ибодати – кечаю кундуз зикр, қўрқув ва умид ичида нафас олмоқ; орзулари эса бу дунёда охират учун яроқли ишларни амалга оширмоқдир.

 

Ошиқлар – кўп ҳолати важд ва жазаба билан ўтадиган зотлардир. Улар фақат ишқ билан нафас олади; ишқи эса мажозий ёки башарий эмас, балки илоҳийдир.

 

Орифлар ҳолати ҳам ошиқларникига ўхшайди. Улар маърифат аҳлидан бўлиб, ақлу донишда етук, қалби ирфон нури ила лиммо-лим, пок ниятли, покиза ахлоқли закий одамлардир. Ориф – Оллоҳга таваккул қилиб, ишларни фақат Унга топширган, Унинг иродасига фоний бўлиш даражасига етган кишидир. Ибодати – тафаккур ила дунёни ва охиратни тарк қилмоқ, ҳиммат назари ила валоятни (Оллоҳга қурбат ҳосил қилишни) кутмоқ, орзуси эса Ҳақ таоло васлига етишмоқдир.

 

Азизиддин Насафий “Зубдат ул-ҳақойиқ” китобида бундай ёзади: “Нарса ва ҳодисаларнинг ботиний моҳиятини англаса, назаридан ҳеч нарса яширин қолмаса ва тақлид чегарасидан ирфон чегарасига қадам қўйган бўлса, уни донишманд­ориф” дейдилар” (Азизиддин Насафий. Зубдат ул-ҳақойиқ. Тошкент, “Маънавият”, 1997. 109-бет). Абдулқодир Жийлоний эса орифга бундай баҳо беради: “Сўнгги (зоҳидликдан кейинги) даражага кўтарилиб, имконияти қувватланади, Оллоҳ таолони танийди. У қалбига охиратни эмас, балки Мавлосига етишишни қарор қилиб олади. Шу вақт дунё амалларининг мингтаси кўрилса ҳам, қалбига зарар бермайди. Бунда у Оллоҳнинг буйруғига бўйсунади, ҳукмига, тақдирига мувофиқ келади. Оллоҳ учун инсонлар хизматида уларга енгиллик етказишда қойим туради. Зулмат ўрнига нурни етказади” (Муҳиддин Абу Муҳаммад Абдулқодир Жийлоний (Ғавсул Аъзам). Раббонийликни англаш. Фатҳ ур-Раббоний. Тошкент, “Шарқ” нашриёт матбаа концерни, 2001. 68-бет).

 

Алишер Навоий талқинича, ориф Оллоҳни таниган, билган ва илоҳий маърифатдан мукаммал хабардор бўлган сўфийдир. Ориф Оллоҳнинг ҳайй (тирик), илм, ирода, қудрат сингари сифатларини теран идрок этиш ёки ўзлаштириш билан чекланмайди; балки бутун коинот – борлиқ оламнинг сир-асроридан ҳам чуқур огоҳликка эришади. Оллоҳнинг иззати, азамати ва қудратини аъло даражада билади.

 

Мақолани тасаввуфда боб истилоҳи хусусидаги мулоҳазалардан бошлаган эдик. Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё”, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафоҳат ул-унс” асарларида ҳам “боб” сўзи эшик, яъни пир ва унинг дарвозаси маъносида келади. Дарвоқе, сўфиёна асарлар луғатида дарвеш калимаси ҳам дарвоза сўзи ўзагидан олинган дейилади.

 

“Минг бир кеча” туркумидаги “Али бобо ва қирқ қароқчи” эртагини герменевтик жиҳатдан таҳлил қилсак, ажододларимиз тасаввуф сирларини код шаклида эртак қатига яширгани маълум бўлади. Бош қаҳрамон Али бобо аслида Алибоб бўлган чиқар. Бир қанча тилсимни бағрига олган ғорнинг сири эртакда у туфайли очилади. Мажлисда ҳозир бўлганлар ёки эртакда яширинганлар Али боб билан ҳисоблаганда қирқ бир киши, ғор сири эса илми ладуний – яъни танлаб олинган зотларгина баҳраманд бўладиган илоҳий илмдир. Қирқ киши – чилтанлар ҳақида маълумотлар авлиёлар ҳақидаги адабиётларда учрайди. Чилтанлар – дунёда яширин шафоатчи тоифа, Худо билдирган кишиларгина уларнинг сирларидан огоҳ бўлиши мумкин...

 

Юртимизда боб билан боғлиқ зиёратгоҳлар ҳам мавжуд. Улуғ боблар комиллик, меҳр-мурувват, адолат, тўғрилик, виждон, ор-номус, ирода, тақво, матонат каби асл инсоний фазилатларнинг мужассам тимсолидир.

 

Шукур ЖАББОРОВ,

Тошкент давлат Шарқшунослик университети тадқиқотчиси

 

“Тафаккур” журнали, 2025 йил 2-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19278
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//