Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да шундай ёзади: “Ул куни йигитлар шўхлуқ қилиб, етган била-ўқ қўрғонининг тошида янги том қўпориб, соладурғон қўрғонни олдилар. Сайид Қосим эшик-оқа бу кун борчадин яхшироқ юруб, ўзуб қилич тегурди. Султон Аҳмад Танбал ҳам қилич тегурди. Муҳаммад Дўст тағойи ҳам қилич тегурди, вале баҳодур улушини Сайид Қосим олди. Баҳодурлуқ улуши мўғулда қадимий расмдур. Ҳар тўй ва ош бўлғонда ҳар кимки элдин ўзуб қилич тегургон бўлса, ул улушни ул олур. Шоҳруҳияда бориб тағойим Султон Маҳмудхонни кўргонда баҳодурлуқ улушини Сайид Қосим олди” [Бобурнома 1960: 88; Baburnâme 1970: 47]. Бундан кўринадики, Тошкент воҳасида тоғалари олдида юрган кезларда мўғулларнинг урф-одатларидан бири – “баҳодирлик улуши” маросимига дуч келган бўлиб, илгари бундай одатга кўзи тушмаган, ё бўлмаса темурийларга хос бўлмаган бу одат билан илк бор танишган Бобур уни ўз асарида келтириб ўтишга қарор қилган.
Хўш, “мўғулда қадимий расм” бўлган “баҳодур улуши”, “баҳодурлуқ улуши” нима эди? Бу тўғрида тўлиқроқ танишиб чиқишдан олдин ўтмишимизнинг айрим томонларига қисқача тўхталиб ўтсак.
Туркий эл-улусларнинг довюраклиги ва эпчиллиги кўплаб халқларнинг ёзма манбаларида келтирилган. Жумладан, хитой, юнон, форс, ҳинд, арман ва араб муаллифлари уларнинг жангларда қўлга киритган ютуқлари, ҳарбий интизоми, бошқарувда абжирлиги кабиларга айрича урғу беришган. Туркларнинг ўзи эса, Ўрхун-Энасой битиктошларида тилга олинганидек, турли эл-юртларга қилган юришларини алплик, довюраклик – эр йигитнинг бош улгиси деб билишган. Туркийлар буни Алп Эр Тўнга – Афросиёб, “Ўғузнома”, “Манас”, “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби қаҳрамонлик “йирлари” – достонлар орқали куйлаб ҳам эл-улусни ботирликка чорлаганлар. Қизиғи шундаки, туркий эллар ўтмишида урушлар қанчалик кўп юз берган бўлмасин, битиктошлар тили билан айтганда урушнинг “қайғу келтирувчи” эканини унутишмаган. Шунинг учун бўлса керак, Ўрхун битиктошларида қўшни элларга, айрим ўринларда эса ўз элдошларига қарши қилинган ҳарбий юришлар тўғрисида эслаб ўтилар экан “уларнинг ўзлари янглишди, ўкиниб қўшин тортдим” деган очиқламалар учрайди [Абдураҳмонов, Рустамов 1982: 105, 109-110].
Милодгача бўлган даврда Олтой тоғи теграларидаги хун қўшинларининг Хитой ва қўшни элларга қарши кўрсатган довюраклиги хитой йилномачиларини қанчалик тонг қолдирган бўлса, Турк хоқонлиги (522–744) ва унинг издошларининг давлат бошқаруви, туркийларнинг урушда ўзларини қандай тутишлари тўғрисида юнон, арман, форс ва бошқа тиллардаги ёзма манбаларда бирламчи маълумотлар сақланиб қолган. “Бэй-ши” (Шимолий сулолалар кечмиши), “Суй-шу” (Суй сулоласи кечмиши) ва “Тан-шу” (Тан сулоласи кечмиши) каби илк ўрта асрларга тегишли хитой йилномаларида урушларда олд сафда йўлбошчилик қилиб, ёғийларга энг кўп қўрқув солган кишиларни Турк хоқонлиги ўз тилларида “мохэду” (баҳодур) деб атаганликларига урғу берилган. Хоқонлар ичида энг юксак унвонга эга бўлиш “Мохэду-кехан” (Баҳодур-хоқон)лик экани айтиб ўтилади [Бичурин 1950]. Бу унвон илк бор милоддан олдинги 234–174 йилларда бошқарувда бўлган хунлар етакчиси Маодун – Баҳодурга нисбатан қўллангани ёзма манбаларда учрайди. У Хун элига ёғий бўлган ўнлаб қўшни ҳумдорларни енгган, бир бўлак ер сўрагани учун Дунху (тунгус)ларга қарши курашиб, юртни асраб қолган алп – ботир ўлароқ эсга олинади [Бичурин 1950, I].
Бундан кўринадики, милоддан олдинги юзйилликлардаёқ туркий ва мўғулларнинг ота-боболари бўлмиш хунларда “баҳодур” сўзи алпликнинг бош улгиларидан бири бўлган. “Баҳодур” атамаси юксак унвонлардан бири сифатида туркий эллардан бошқа, Байкалбўйи томондан қўшнилари – мўғул тилли “шивей” элатлари орасида ҳам тарқалган эди. Буни “Тан-шу” йилномасининг қуйидаги битиклари кўрсатиб турибди:
“(Шивэй) элатлари бошқарувида ягона бошқарувчи йўқ‚ бироқ мохеду (баҳодур) деб аталувчи йирик уруғ бошлиқлари бор. Улар ўз кўчманчиларини бошқаришса-да, тукюе (Турк хоқонлиги)га бўйсунадилар” [Таскин 1984: 136, 140, 143].
Демак, милоддан олдинги сўнгги юзйилликларда муомала луғатига киритилган мазкур атама орадан 500–600 йил ўтгач ҳам Турон яйловларида от чоптирган эр йигитларнинг, алпларнинг бош улгиси эди. Бундан минг йилча олдин шивейлар ва уларга яқин қариндош-уруғ бўлган “мохэ” (мўғул)лар Туроннинг энг чекка ўлкаларидан бири – Байкалбўйидан йўлга чиқиб, ўнлаб турк-мўғул уруғларини бирлаштирар экан, бу юмушни бажариш Чингизхон ва унинг ота-боболари чекига тушади. Чингизхоннинг отаси Есугай Баҳодур (1134–1171) даштликлар – бўзқир эллари орасида донғи чиққан йўлбошчилардан бири бўлиб, ўша чоғларда у қиёт – бўржигин уруғини бошқарар эди.
Есугай баҳодурнинг ўғилларидан бири – Чингизхон юрт сўраб Евросиё кенгликларини бирин-кетин қўлга киритган кезларда унинг қўл остидаги ўнлаб турк-мўғул қўшинбошлиқлари бошқаларга ўрнак бўлиш учун “баҳодур” унвонига эришишга интилар эди. Шу йўсинда ўнлаб турк-мўғул аскарлари эга бўлган алплик довруғи остида “баҳодурлик” кўплаб эл-улуслар орасида кенг ёйила бошлайди. Юқорида тўхталганимиздек бунгача бу атама Олтой тоғлари, Ўрхун ўлкаси ва Байкалбўйида яшовчи турк-мўғул эллари орасида кенг қўлланилаётган бўлса-да, туркий эл-улусларнинг кунботардаги ўлкалари – Шарқий Туркистон, Еттисув, Амударё – Сирдарё оралиғи, Хуросон ва Кичик Осиёдаги етакчи кучлар бошқарувида унутилаёзган. Қорахонийлар (940–1212), Ғазнавийлар (961–1186), Салжуқийлар (1038–1157), Хоразмшоҳ-Ануштегинийлар (1071–1231) ва бошқа туркий сулолалар бошқарувида мазкур унвоннинг учрамаслиги бу қарашимизни кучайтиради. Ўша кезларда яратилган Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит-турк” асарида шунга ўхшаш бирор сўз келтирилмаганидан, “баҳодур” ёки “ботир” атамалари туркийларнинг кунботар ўлкаларда яшаган қондошлари орасида бирмунча унутилган эди, деб айта оламиз.
Ҳолбуки, Маҳмуд Кошғарийдан 300–400 йил илгари бу атама “бағатур” кўринишида эски турк битиктошларида, “мохеду” (баҳодур) кўринишида эса хитой йилномаларида учраб, Турк хоқонлиги унвонлар тизимида юқори ўринлардан бирини эгаллаган эди. Энасой битиктошларидан бирида “Bitgäçi esiz yavïz qul bitidim atïm bağatur çigşi (Мен) битикчи эссиз ёвуз қул (Тангрининг ёзуқлиқ бандаси) битдим. Отим Баҳодур-чигши)” деган ёзувнинг учраши буни кўрсатиб турибди [Кызласов 1999: 103].
“Бағатур” ёки “Баҳодур” атамаси Ғарбий Турк хоқонлиги (568–740) бошқарувчиларидан бир қанчасининг оти ёки унвони ўлароқ хитой йилномаларида учрайдики, ушбу унвон Ўрта Осиёда Чингизийлардан 500 йилча илгари ҳам анча кенг тарқалганини қўллаб-қувватлайди:
1) “Тан шу”да Чжен-гуань чоғида (627–649) Ғарбий турклардан Ган Мохэду (*Тўн Баҳодур) Боханна (Фарғона)нинг Киби деган бошқарувчисини ўлдиргани ва водий Ғарбий турклардан Ашена (Ашина) Шуни қўлига ўтгани урғу берилади [Бичурин 1950, II: 319];
2) Ғарбий турк хоқони Тун ябғу 630 йилда амакиси Мохеду (Баҳодур) томонидан ўлдирилади [Бичурин 1950, I: 284];
3) 640–750 йилларда Тошкент воҳасини турк хоқонлари номидан бошқарган Чоч тудунларидан бири Мохэду-тутун (Баҳодур тудун – 740 й.й.) эди [Бичурин 1950, II: 313-314].
Турк хоқонлиги даврида тузилган бақтрий тилли ҳужжатларда magatoro bokoloho атамаси учраб, изланувчилар уни эски туркча “бағатур” сўзининг бир кўриниши деб очиқлаган [Sims-Williams 2011: 15–26].
Шарқий Европадан Узоқ Шарққача чўзилган Чингизийлар бошқарувида, айниқса, Олтин Ўрда ва Чиғатой улуси ва уларнинг ўнлаб издошлари кенг қўллаган “баҳодур” сўзи бугунги кунда туркий ва мўғул элларининг бир қанчасида, шунингдек, туркийларга қўшни славянлар, венгрлар, кавказликлар, форсийлар ва ҳиндларда учрайди. Кўпчилик изланувчилар бу сўзнинг келиб чиқишини туркий тил билан боғласа, айримлар уни ҳинд-европа тилларига кирувчи бир неча тиллардан, аниқроғи, форсий “баға-пур ” – “Яратганнинг ўғли”, ё бўлмаса, “баға-тур” – “Яратувчи + ҳўкиз” деб изоҳлашга уринадилар. Баъзи тадқиқотчилар мазкур сўзни украинчада “багатир” – “бой” (бадавлат) сўзи билан боғласа-да, кўпчилик бунга иккиламчи деб қарайди: туркчада йирик амалдорларга нисбатан қўлланилган атама славянлар томонидан ўзлаштирилгач, “богатий” (бой) англамида ҳам ишлатила бошлаган дейдилар.
Туркий тил негизидан қаровчилар бу сўзни “қаҳрамон”, “жасур” маъносидаги “ботир”, “ботур” сўзлари билан боғлайдилар. Бугунги кунда айрим туркий элларда, айниқса, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ ва татарларда “баҳодур” сўзи деярли учрамайди, кўпроқ “ботир” сўзи кенг тарқалган. Ўзбек тилида ҳам “баҳодир”, ҳам “ботир” сўзлари учраб, биринчиси бирмунча эскиргани, иккинчиси эса кўпроқ қўлланилаётгани кўзга ташланади. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “ботир – мўғулча баатар, қўрқмас, жасур, баҳодир” деб келтирилиб, унинг мўғулчадан ўзлашган сўз экани кўрсатилиб, баҳодир сўзига ҳам “мўғулча баатар – жасур, қўрқмас”, “ҳеч нарсадан ҳайиқмайдиган, довюрак, ботир” каби изоҳлар берилган [ЎТИЛ 2006: 328-329]. Шунингдек, ушбу луғатда “баҳодирлар – мўғуллар ҳукмронлиги даврида хоннинг шахсий жанговар гвардияси бўлгани, уруш кезларида улар илғор қисм билан ҳаракат қилгани айтиб ўтилади [ЎТИЛ 2006: 194-195]. Бундай ёндашув бу ҳар иккала сўзнинг негизи эски туркча экани, илк бор хунлар томонидан бундан икки минг йил бурун ҳам қўлланилгани, хунлар эса турк ва мўғулларнинг ота-боболари бўлгани, Турк хоқонлигида кенг ишлатилган бу унвон Чингизийлар бошқаруви орқали дунё бўйлаб кенг ёйилганини кўпчилик яхши билмаслигини кўрсатади.
Дунайбўйида илк туркий давлатни қурган булғорларда “бағатур” кўринишида учраган ва кейинчалик славян ҳамда кавказ элларига ўзлашган деб қараладиган бу сўз Ўрхун-Энасой битиктошларида “Бағатур” кўринишида учрайди. Шунингдек, эски туркларнинг тўғридан тўғри издолшларидан бири бўлган олтойлик шор туркларида “пағаттир” (қаҳрамон) маъносида сақланиб қолган. Демак, Чингизийлар “баҳодур” деб ишлатган бу сўзнинг илк кўриниши “бағатур” бўлган дея оламиз. Бироқ на “бағатур”, на “ботир” сўзлари Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит-турк”ида учрамаслиги кишини бирмунча ўйлантириб қўяди. Бошқа томондан эса “эски туркларга тегишли барча сўзлар “Девону луғатит-турк”да учраши керак эди, деб қарамаслик керак. Чамаси, “ботирмоқ” феълидан ясалган сифат деб изоҳласа бўладиган бу атамани Ўрта Осиё ва унга яқин қўшни туркийларда, айниқса, мусулмон турк элларида бирмунча унутилиб, кўпроқ эски инонч тизимини сақлаган, кунчиқар ўлкаларда яшайдиган туркий ва мўғул эл-улусларда сақланиб қолган эди деб хулосаласа бўлади.
Маҳмуд Кошғарий “батирмоқ” (ботирмоқ) феълини келтириб ўтган бўлиб [Кошғарий 1963, II: 76, 339], “батур” ва “бағатур” атамаларининг келиб чиқиши ушбу феълга бориб тақалган дейиш учун айрим омилларга таянамиз. Биринчидан, бу сўзга “ботирмоқ – ёғийни енгмоқ” маъносидаги феъл негизидан келиб чиққан деб қарашга туртки берадиган қуйидагича асослар бор: 1) эски туркчада турли от ва сифатлар “-ар, -ур, -ир” қўшимчалари ёрдамида ясалган: “булғар” – “булғамоқ” (аралаштирмоқ)дан булғар, “кезмоқ” ё бўлмаса “қазмоқ”дан “қазар” (хазар), “қапмақ” (эгалламоқ, қопмоқ)дан “қабар”, “татмақ”, “татиқмақ” (ўзгармоқ, ёт, ёт бўлмоқ)дан “татар” каби этник атамаларнинг ясалгани, шунингдек, “санчмақ”дан “санчар” (Санжар) сингари сифат+от ясалганидек, “батмақ, батирмақ”дан “батур” (ботир, жасур) деган сифат+от юзага келган. Чамаси, “бағатур” (баҳодур) эса “батур”нинг кейинчалик ўртага чиққан кўринишидир. Биламизки, эски туркча тил қоидаларига кўра унлиларда, айниқса, узун унлилардан кейин “ғ” ундошини қўшиб айтиш ҳоллари ҳам учраган. Ўрнак келтирадиган бўлсак, “Ўғузнома”нинг эски туркча – уйғурча ёзувли нусхасида “қар” (қор) сўзи “қағар” ёзилганидек [Ўғузнома 2007: 9], “қаған” (хоқон) сўзи “қан” (хон). Ушбу сўзларнинг ўртасида, унлидан кейин “ғ” ундошнинг қўшилиб айтилишидан ясалган деган қарашлар бор. Бундан келиб чиқадики, “батур” сўзини, бирмунча кейинроқ, орада “ғ” ундоши қўшилиши “бағатур”га айлантирган, кейинроқ эса ундан “баҳодур” сўзи келиб чиққан, чамаси.
“Баҳодур” атамаси билан боғлиқ анъанани Бобур “мўғуллар расми” деб келтиришини қуйидагича очиқласа бўлади: 1) кўринишидан темурийлар даврида, ҳеч бўлмаганда Бобур бошқарувда бўлган кезларда бу анъана чиғатой турклари орасида унчалик кенг тарқалмаган бўлиб, у кўпроқ Тошкент ва унинг теграларини бошқарган мўғул хонлари қўшинида сақланиб қолган эди; 2) Темурийларда “баҳодур”лар – хос гвардиячиларга ўхшаш тизим бўлса-да, у билан боғлиқ “баҳодур улуши” ёхуд “баҳодурлуқ улуши” деган тушунча Бобур тахтга келишидан олдин бирмунча унутилганди.
Бу тизим аслида Амир Темур ва унинг издошлари томонидан яхшигина мустаҳкамланган. Ўша кезларда ёзилган ўнлаб ёзма манбаларда Амир Темурдан бошлаб сулоланинг девони қуйидагича юмушчи – вазифадорларни ўз ичига олар эди: 1) умаро – амирлар, 2) нависандагони турк – туркий тилли битикчилар – котиблар, 3) нависандагони тожик – форс тилли битикчилар, 4) тавочилар – ҳарбий нозирлар, 5) муҳрдорлар – муҳр эгалари, ҳужжатларини расмийлаштирувчилар, 6) баҳодурлар, 7) ясовуллар – қўшин ташкилий ишлари билан шуғулланувчилар, 8) йарғучилар – тергов, маҳкама (прокуратура) ишларига қаровчилар ва бошқалар [Yağlı 2014: 102–106].
Ёзма манбаларда келтирилишича, Темурийлар чоғида “баҳодур”лар “амир”лар билан деярли тенг ўринда бўлган. Баҳодурлик ҳам амирлик сингари меросий бўлиб, отадан ўғилга ўтган. Кўпинча амир ва баҳодур бир-бирининг ўрнида қўлланилган. Амир Темур ўз бошқарувини ўрнатган илк йиллардаёқ ёнидаги яқин кишиларни баҳодур ва қўшин бошлиғи ўлароқ тайинлаган. Темурийлар даврига тегишли “Муиз ал-ансоб” асарида Амир Темур тайинланган ушбу мансаб эгаларининг барчаси “баҳодур” унвони остида тилга олинади. Шу билан бирга, айрим маълумотларга таянилса, ўша кезларда “амир” унвони “баҳодур”дан бирмунча юқори ўринда тургани пайқалади [Yağlı 2014: 96].
Уруш чоғида довюраклик кўрсатганларни арбоқлаш – рағбатлантириш эски турк анъаналаридан бири бўлган. Хитойча “Тун-дян” (Бошқарув ишларининг ялпи ҳисоботи) ва туркий битикларда ёзилишича, туркийларда эл-юрт бошқаруви ва ҳарбий ишларга тайинланаётган кишининг эрдами – фазилатига, туғма қобилиятига, ташқи кўринишига (соғломлиги, юриш-туриши, ўзини тутиши)га қаралган [Зуев 2002: 280-281]. Айниқса, йилномаларда туркларда бошқарувга ва қўшинга олинадиган кишиларнинг “қандай еб-ичиши-ю, тўла ёки ориқлиги”га синчиклаб қаралгани айтиб ўтилади. 630-йилларда ўлкамиз орқали Ҳиндистонга борган Сюан Цзан Ғарбий турк хоқони Тун ябғу (618–630) билан кўришгани, ва ҳукмдор хитойликларга йўл кўрсатиб бориш учун йўлларни ва турли тилларни биладиган аскарни танлаб, унга “модэ-даган” (баҳодур-тархон) деган атоқ (унвон) берганини тилга олади [Ekrem 2003]. Бундан кўринадики, тил билиш ва йўл таниш ўша кезларда юксак фазилат деб баҳоланган.
Қисқаси, бу атама минг йиллар давомида ўзининг ҳарбий ишда эпчиллиги билан танилган туркийлардан мўғулларга ўзлашган, ёки ҳар иккала қариндош элнинг ота-боболари – хунлар бошқарувида қўлланила бошлаб, хитой йилномаларида “мао-дун” (баҳодур) кўринишида тилга олинган бўлса, Турк хоқонлиги чоғида хоқонлар ва йирик бек (амалдор)ларнинг юксак унвонларидан бирига айланган. Чингизийлар даврида янада кенг қамров топиб, фақатгина қўшин бошлиқларининг унвонигина бўлиб қолмасдан, уруш чоғида ёғийга биринчи бўлиб ташланиб, енгиб чиққан жангчиларнинг ҳам мақоми бўлган.
Демак, Бобур “баҳодур улуши”, “баҳодурлуқ улуши” деб ёзар экан, уруш чоғида ботирлик кўрсатган кишилар хон томонидан айрича ардоқланиб, “баҳодур” унвони тортиқ қилинганига, шу билан бирга, хонлар элга тўй қилиб бераётганда, ош тортилган чоғларда ҳам турли тадбирлар ўтказилиб, пойгада кимки барчани қувиб ўтиб, белгиланган нишонга қилич тегкизса, унга ушбу улуш берилганига урғу бергани англашилади. Бу эса туркийлар ва мўғулларнинг биргина уруш кезларида эмас, тинчлик чоғида ҳам ўз ҳарбий эпчилликларини йўқотмасликка интилганликларини кўрсатади.
Ғайбулла БОБОЁРОВ,
тарих фанлари доктори, профессор
Қўлланилган адабиётлар
Бичурин Н. Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. В 3-х томах. – М. – Л., 1950.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. Нашрга тайёрловчилар: П.Шамсиев, С.Мирзаев. – Тошкент: ЎзССР ФА нашриёти, 1960.
Зуев Ю.А. Ранние тюрки: очерки истории и идеологии. Алматы, 2002.
Материалы по истории древних кочевых народов группы дунху / Введение, перевод и комментарии В. С. Таскина. – М.: Наука, 1984.
Кызласов И.Л. Материалы к ранней истории тюрков. IV. Образованность в эпоху рунического письма // Российская археология. №4. – М., 1999.
Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Б ҳарфи. А.Мадвалиев таҳрири остида. – Тошкент, 2006.
Ўғузнома. Нашрга тайёрловчи Б.Исабек. – Тошкент: “Ўзбекистон”, 2007.
Baburnâme – Babur’un hâtirati. Türkçeye çeviren R.R. Arat. – İstanbul: Milli Eğitim Bakanlığı, 1970.
Ekrem E. Hsüan-Tsang Seyahetnamesi’ne göre Türkistan. Basılmamış doktora tezi. Hacettepe Üniversitesi, Sosyal Bilimler Enstitüsü. Ankara, 2003.
Sims-Williams N. Turks and other peoples in the Bactrian documents // Ötüken’den İstanbul’a Türkçenin 1290 Yılı (720–2010) 3–5 Aralık 2010, İstanbul, Bildiriler / From Ötüken to Istanbul, 1290 Years of Turkish (720-2010) 3rd-5th December 2010, İstanbul, Papers. Yayıma Hazırlayanlar / Edited by Mehmet Ölmez, Erhan Aydın, Peter Zieme, Mustafa S. Kaçalin, İstanbul 2011. – P. 15–26.
Yağlı A.R. Timurlu Devleti’nde Vezîrler Ve Vezîrlik Kurumu. Doktora Tezi. Ankara, 2014.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ