Жаҳон тарихчилари Евросиё даштларидаги қабилаларнинг қисқа вақтда йирик империяга айланиш жараёнини доим қизиқиб ўрганган. Бу изланишлар натижасида улкан илмий материал тўпланган. Аммо ҳалигача кўчманчилар давлатчилиги мавзуси охиригача очилгани йўқ[1].
Энг олдин “кўчманчи давлат” ёки “кўчманчи империя” атамаларига тўхталсак. “Кўчманчи давлат”, луғатда “кўчма давлат” илк бор хитойча син го (сўзма‑сўз “чорваси билан бирга кезиб юрувчи давлат”) кўринишида Хитойнинг Хан сулоласи сарой ёзувчиси Сима Цзан (эрадан олдинги II юзйиллик)нинг “Ши‑цзи” (“Тарихий эсдаликлар”) битигида учрайди. Хитой йилликларида Жуан-жуан хоқонлигига қарата “го ло” (сўзма‑сўз “кўчиб юрувчи давлат”) атамаси ишлатилган бўлиб, хитойшунос В.С.Таскин уни “ўтов давлати” деб ўгирган [25: 264].
Аслида “кўчманчи давлат” анчагина тушунарсиз, тўла ойдинлашмаган атамадир. Антрополог А.М.Хазановнинг уқтиришича, кўчманчи давлат деб шундай мустақил тузилмаларни аташ керакки, у мос келувчи эволюциявий савия ҳамда сиёсий ташкилотларга эга, аҳолисининг кўпчилиги ҳукмрон ва бўйсунувчиларга бўлинувчи чорвадорлардан ташкил топган бўлиши керак. Бироқ айрим ҳолларда экин‑тикинчилик билан шуғулланган кўчманчилар жамиятини босиб олиши эвазига юзага келган ҳукмрон сулола ҳам “кўчманчи давлат” деб юритилади [35:362].
Тўғри, гарчи империя асосчилари чорвадорлардан келиб чиққан бўлса‑да, империя тузишда биргина чорвачилик иқтисодиёти эмас, балки экин‑тикинчилик ҳам керак бўлган. Бошқача қилиб айтганда, империянинг империя бўлиб қолиши ва давлат барқарорлиги учун кўчманчи сулола вакиллари ўтроқ аҳолини бўйсундиришлари шарт эди. Шу сабабли бундай давлатлар том маънодаги соф кўчманчи давлат эмас [35:451]. Бу эса “кўчманчи империя” атамасини эҳтиётлик билан, бутунлай шартли ишлатишни талаб этади.
Баъзи изланувчилар “кўчманчи давлат” атамаси ўрнига “дашт давлати” ёки “дашт империяси”ни ишлатган. ХХ асрнинг 30-йилларида О.Йанзе, кейинчалик француз шарқшуноси Р.Грусселар “дашт империяси” терминини илк бор қўллаган бўлсалар-да, унга мазмун бермасдан, географик кенгликларни кўзда тутганча “Буюк дашт” деб юритишган. Уларга кўра, ушбу атама остида кўпроқ Ички Осиё ландшафтларида яшовчи кўчманчи халқлар томонидан қурилган давлатлар тушунилган [15: 9].
Бизнингча, “кўчманчи давлат” ёки “дашт давлати” атамалари Евросиёнинг чорвачилик хўжалиги устувор бўлган элатлар томонидан тузилган сиёсий уюшмалар, ва умуман, уларнинг давлатчилигини ўзида тўла қамраб ололмайди. Шу боис ушбу кенгликларнинг ўтмишдаги давлатларини уларнинг ўзлари қандай номлаган бўлса, ўшани ишлатган яхшироқ. Айтайлик, эски турклар битиктошларида ўз давлатларини “хоқонлик” деб аташган ва худди шу атама, бизнингча, Турк давлатини тўла очиб бера олади.
Евросиёда чорвадорлар томонидан қурилган сиёсий уюшмаларнинг айримлари ўзининг хўжалик муносабатлари‚ маданий алоқалари ва юксалишига кўра империя савиясигача кўтарилган бўлса, айримлари бунга эриша олмаган. Империя давлатчиликнинг шундай кўринишики‚ у анча кенг теграларга ва вассаллар ёки қарам ҳукмдорликларга эга бўлиши керак[2]. Ана шундай империяларлардан бири, биргина Евросиё кенгликлари ва бугунги Хитой ўтмишида эмас, балки Марказий Осиё, тўғрироғи, Туркистон теграларида сезиларли из қолдирган шонли Хун империясидир.
Энг эски хитой битикларида Сюнну (Хун)ларнинг келиб чиқиши анча узоққа бориб тақалган. Айтайлик, “Зуо тўғрисида қисса” (“Зуо жюан”, эрадан олдинги VII юзйиллик)да ёзилишича, хитойларнинг шимоли-ғарбида яшаган халқлар “ху”, “хулу”, “худе”, “рунг”, “рунгди”, “сирунг”, “шанрунг”, “чюанрунг”, “динглинг”, “ди”, “дили” деб аталган. Изланувчиларга кўра, “ху” ва “рунг” атамаси хитойларнинг шимоли ва ғарбидаги барча халқларнинг умумий оти бўлган[3]. “Ди” атамаси эрадан олдинги VII–V юзйилликларда Хитойнинг шимоли-ғарбидаги кўплаб қабилалардан иборат халқларга қарата қўлланилган. Уларнинг “динглинг” (динлин) деб юритилган жануб тармоғи Сибирнинг жанубидаги Бойкўл атрофи, Энасой дарёсидан бироз наридаги ерларда яшаган[4].
Эрадан олдинги VII асрда Хитойдаги бир қанча кичик давлат ҳукмдорлари аҳолисининг кўпайиши туфайли қўшниларининг ерини тортиб ола бошлаган[5]. Ана шундай кичик давлат Чжао бошқа Хан ва Вэйлар билан иттифоқ тузиб, кучсизланган Цзинига қарши уруш бошлайди. Хитойдаги майда давлатларнинг ҳар бири кўчманчилардан ўзларини қўриқлаш учун шимол бўйлаб узун деворлар қуришга киришадилар[6]. Эрадан олдинги 221 йилда Цзин ҳукмдори Хитойни бирлаштириб, аввал қурилган, алоҳида мудофаа деворларини қайта тузатади, кенгайтиради ва уларни ўзаро туташтиради. Шундай қилиб, узоқ чақиримларга чўзилган Буюк девор ёки бугунги кунда “Буюк Хитой девори” оти билан машҳур обида хунлардан Хитойни қўриқлаш учун қурилган.
Эрадан олдинги III аср сўнггида Цзин империяси парчаланишидан олдин хунлар деярли ҳар томондан кучли қўшнилар билан ўралган эди. Умуман, кўпчилик жаҳон тарихи тадқиқотчилари Хитой текислигида битта марказлашган давлат – олдинига Цзин, кейин Хан империясининг ташкил топиши ва Буюк деворнинг қуриб битказилиши xунларнинг ўз сиёсий империяларини қуришларини тезлаштирган деб қарайдилар[7].
Эски хитой йилликларида “Хун” элати тузган сиёсий империя эрадан олдинги IV аср – эранинг V асрларигача Евросиё кенгликлари бўйлаб ўз бошқарувини ёйган эди. Хунлар Маодун (Модэ; эрадан олдинги 209–174 йиллар) шанюйнинг[8] давлат бошқаруви, шунингдек, қаттиқ қонунлар ва доимий қўшин тузиш каби бир қанча янгиликлар туфайли Евросиёдаги кучли империяга айланади. Шунга кўра, ташқи сиёсатда ўз ерларини кенгайтириш давлат даражасидаги масалалардан бири даражасига чиқди. Бунинг барчаси xунларда ижтимоий-иқтисодий ўсишнинг юксалганини англатади. Йўқса, Хитойдаги Хан империяси[9] xунларнинг тўла эркинлигинини тан олибгина қолмай, балки йилига уларга товон тўламас эди[10].
Маодуннинг тахтга келиши тўғрисида хитой битикларида афсонавий ҳикоя сақланиб қолган. Унга кўра, “Маодун Туманнинг тўнғич ўғли бўлса-да, отаси бошқа ўғлини тахт вориси деб топади ва Маодунни ғарбдаги Юэчжиларга гаровга юбориб, кейин улар устига юриш қилиб, Маодундан қутулмоқчи бўлади. Бироқ Юэчжилар Маодунни ўлдиришидан олдин, у энг яхши отларидан бирини ўғирлаб, қочиб кетишга эришади. Туман шанюй ўғлининг жасоратига қойил қолади ва унга 10 000 отлиқ камончилар қўмондонлигини бериш орқали мукофотлайди. Маодун бу камончиларни махсус ҳуштак ўқ билан ҳеч иккиланмай отишга ўргатган. Буни қилмаганлар шу ердаёқ ўлдирилган. Маодун олдин севимли отига, сўнг суюкли хотинига ҳуштак чаладиган ўқни отиб, иккиланиб қолганларни йўқ қилишдан бошлади. Маодун ўз отасининг энг зўр отини камон билан отганида, қўл остидаги камончилардан ҳеч бири тўсқинлик қилмаганида, уларнинг қаттиқ интизомга ўрганган камончилар бўлиб етишганини англади. Шундан кейин бузилмаган тартиб-интизомга ишониб, у отасига қарата ўқ узди ва унинг одамлари итоаткорлик билан эргашдилар. Кейин Маодун ўзига қарши фитна уюштирган оиланинг қолган аъзоларини ва ўзи билан биргаликда ишламайдиган амалдорларни йўқ қилди”. Шундай қилиб, Маодун бошчилигида Хун империяси ички томондан мустаҳкамлангач, энди бутун эътибор ташқи сиёсатга қаратилди.
Сима Цзаннинг юқоридаги ҳикоясини Н.Н.Крадин чинакам воқеликларни кўрсатмайди, нима бўлганда ҳам Маодун ҳокимиятга зўрлик билан келганини англатади, деб топган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, айнан Маодун шанюй бошқаруви – империя қурилишининг илк кезларида ҳарбий йўналишдаги қаттиқ тартиб‑интизом империянинг кучайишига олиб келган. Буни ўша чоғларда хунлар билан тенг, ҳатто, улардан бирмунча кучлироқ бўлган дун-хуларни енгганларидан билса бўлади.
Бу тўғрида хитой йилликларидан бири “Хан-шу” (“Хан сулоласи тарихи”, эрадан олдинги II юзйиллик)да яна бир ҳикоя сақланиб қолган: “Хун шанюйси Моде (Маодун) ўзининг ўта кучли қўшинига эга бўлишига қарамай, даштда тинчлик бўлишини истарди. Бироқ қўшни дун-ху қабиласи xунларни ҳалигача кучсиз деб ўйларди. Бир куни дун-хулардан элчи келди ва Модедан севимли отини уларга беришини сўради. Моде даштдаги тинчликни бузишни истамай, дун-хуларга отини берди. Бироқ улар шу билан тўхташмади. Кейин улар Модедан хотинини сўраб келишди. Моде уларга хотинини юборди. дун-хулар ўз истаклари бирин-кетин бажарилганини кўриб, кўпроқ нарсани талаб қила бошлашди. Энг сўнггида улар xунлардан чегарадаги тақир шўр ва ботқоқ ернинг кичик бир қисмини беришни талаб қилдилар. Бу Моденинг ғазабини келтирди. Шу куниёқ қурултой чақириб: “От ва хотин менинг ўзимники эди, шунга юрт тинчлиги учун уларни бериб юбордим. Бироқ улар талаб қилаётган ер давлатники. Бу бир менга эмас, барча Хунларга, халққа тегишли. Биз ўз юртимизнинг бир бўлагидан ҳам юз ўгирмаймиз!” деди. Маодун ғазабланиб, тўсатдан дун-хуларга юриш қилиб, уларни бутунлай енгди. Уларнинг йўлбошчисини ўлдириб, кўплаб тутқинлар ва чорва молларини қўлга киритди”.
Шундан кейин Маодун ғарбга – энг эски ғанимлари бўлмиш юэчжиларга юриш бошлади ва уларни бутунлай тор‑мор қилди. Юэчжилар олдин Гансу минтақасида яшаган ва тадқиқотчиларга кўра, 100 000 дан ортиқ камончилардан иборат ҳарбий кучга эга эдилар.
Юэчжилар орасида гаровда бўлганлиги сабаблими, Маодунда илк ҳукмронлик йилларида уларга нисбатан нафрат пайдо бўлгангандек эди. Биринчи урушида Маодун Гансу йўлагининг кўп қисмини юэчжидан тортиб олди. Чамаси эрадан олдинги 175 йилда Маодун юэчжиларни бутунлай тор‑мор этади. Ушбу мағлубиятдан сўнг юэчжи Гансу йўлагида ўз мавқеини сақлаб қола олмайди ҳамда Буюк ва Кичик юэчжи каби икки гуруҳга бўлинади.
Кичик юэчжи Помир тоғларининг жанубига (Гансу йўлаги билан чегарадош) чекиниб, бу ернинг маҳаллий цян халқи билан аралашиб кетди. Буюк юэчжилар эса ғарбга қараб кетади. Бироқ кейинроқ, эрадан олдинги 162 йили хун шанюйси Буюк юэчжи ҳукмдорини ўлдириб, унинг бош чаноғини шароб идишига айлантирган. Шундан сўнг уларнинг ўрнига усунлар кўчиб ўтадилар ва Буюк юэчжиларнинг қолган бир қисми ғарбга, Суғднинг жанубига йўл олади. Хунлар Гансу йўлагини эгаллагач, Тарим ҳавзаси атрофидаги Ғарбий ўлкаларни босиб олишни давом эттирган. Тез орада хунлар назорати барча Ғарбий ўлкаларга тарқалиб, ўз империясининг сиёсий ва иқтисодий асосларини янада мустаҳкамлайди. Ғарбий ўлкаларни бошқариш учун хун шанюйси “Қуллар учун масъул назоратчи” (хитойча “Тонгпу ту-вей”) лавозимини ўрнатди ва у Қорашаҳр (хитойчаси Янци) атрофидаги қароргоҳдан туриб вассал ўлкалардан ҳар хил солиқларни йиғиш билан шуғулланган[11].
Эрадан олдинги 203–165 йиллар – Маодун ва унинг ўғли бошқаруви даврида бугунги Синцзян уйғур автоном республикасидаги Тарим ҳавзасининг барча шаҳар-давлатлари хунларга бўйсундирилади[12]. Бу ерлардаги шаҳар-давлатлар хунлар учун иқтисодий томондан сезиларли аҳамиятга эга эди. Тарим ҳавзаси ҳудудида улар ҳукмронлиги даврида экин-тикинчилик билан шуғулланганлиги тўғрисида қуйидагилар учрайди: “Эрадан олдинги 66 йилда ҳар бири 10 минг отлиқдан тузилган иккита қўмондон Ғарбий юртга[13] экин-тикинчилик билан шуғулланиш учун юборилди”[14] ёки “эрадан олдинги 87 йилда 4 минг қўшинни биргина ҳарбий гарнизон ўлароқ эмас, балки экин-тикинчилик қилиш учун ҳам юборди”[15]. Умуман, хитой йилликларида Тарим ҳавзасидаги давлатларда ўз бошқарувини ўрнатиш учун Хун ва Хан империяси ўртасида бўлиб ўтган урушлар кўп бор эслатилган.
Ғарбни қўлга киритгач, жанубга – xунларнинг эски ерлари – Ордосни Хитойнинг Цзин сулоласи қўлидан қайтариб олиш учун юриш бошлади. Эрадан олдинги 200–133 йиллар xунларнинг Хитойдаги Хан сулоласига сезиларли юришлари ва Хан империясининг тинчлик ҳамда қариндошлик битимини тузиш босқичи, деб қаралади[16]. Умумий қилиб олганда, Хан сулоласи билан xунлар ўртасида барчаси бўлиб 25 бора уруш бўлган[17].
Хитойнинг Хан сулоласи xунларнинг ҳарбий куч‑қудратига тенг кела олмас эди, шунинг учун улар ўртасидаги муносабатлар “Хо‑цзин келишуви” доирасида олиб борилган. Бу келишувнинг моҳияти аслида ўта жўн бўлиб, Хан маликаси Хун шанюйсига узатилган, йилига бир неча бор Xан сулоласидан хунларга турли совғалар, жумладан, белгиланган миқдорда ипак, шароб ва озиқ-овқат жўнатилган. Бунда хунларнинг мақоми хан сулоласи билан тенглашган қардош давлат эди. Бунинг эвазига хунлар хан ерларига бостириб кирмасликка сўз берган. Эрадан олдинги 198 йили Хан сулоласи оиласидан бир қиз “Император маликаси” номи билан xунларга узатилиб, биринчи Хо-цзи келишуви тузилди[18].
Бироқ Хун империяси кенгайиб боргани сари Маодун бу келишув шартларидан кўпроқ норози бўлиб, такаббурлиги ҳам кучайиб боради. Эрадан олдинги 192 йилда бошқа бир Хан маликасини Маодунга юборади. Хан императори ёш бўлгани учун чинакам ҳокимият унинг онаси қўлида эди. Чамаси шу кезларда Маодун Хан императорининг онасига шундай хат ёзган: “Мен ботқоқлар орасида туғилиб, ёввойи даштларда, чорва ва отлар юртида ўсган ёлғиз бева ҳукмдорман. Мен Хитойга бормоқчи бўлиб чегарага тез-тез келиб турардим. Ҳазрати олиялари ҳам ёлғиз турмуш кечираётган бева ҳукмдордир. Иккаламиз ҳам завқдан маҳруммиз ва завқланиш имкониятимиз йўқ. Умид қиламанки, бизда бор нарсани бизга етишмаётган нарсага алмаштира оламиз”.
Ушбу ҳақоратли хатга Хан императорининг онаси ўз жавобида шундай ёзади: “Менинг ёшим ўтиб қолган, куч‑қувватдан қолганман. Сочларим, тишларим тўкилаяпти, ҳатто, тўғри юролмайман. Шанюй мен тўғримда бўрттирилган миш-мишларни эшитган бўлса керак. Мен унинг ўзини камситишига арзимайман. Бироқ менинг юртим ҳеч қандай ёмон иш қилганича йўқ, умид қиламанки, у бизни аяйди, кечиради”.
Кейинроқ Хо-цзин келишуви яна янгиланади. Маодун шанюй эрадан олдинги 176 йилда Хан императорига хат юборади, унда унинг жасорати янада ёрқинроқ кўринади: “Осмон томонидан ўрнатилган xунларнинг Буюк шанюйси. Жаннатнинг ёрдами, жангчиларимизнинг устунлиги ва отларимизнинг кучи туфайли биз юэчжини йўқ қилишга эришдик, қабиланинг ҳар бир аъзосини ўлдирдик ёки бўйсунишга мажбур қилдик. Бундан ташқари, биз лоуян, усун ва хуце қабилаларини, шунингдек, 26 қўшни давлатни босиб олдик, шунда уларнинг барчаси xун халқининг бир қисмига айланди. Камон тортиб яшаётган барча халқ энди бир оилага бирлашган, бутун шимолий минтақа тинч. Шундай қилиб, энди мен қуролларимни ташлаб, жангчиларимга дам беришни ва отларимни яйловга қўйишни, яқин тарихни унутишни ва эски келишувимизни тиклашни истайман”.
Ушбу таҳдид оҳангидаги хатдан кўриниб турибдики, хунлар юэчжи ва бошқа халқларни босиб олганидан сўнг Маодуннинг мавқеи сезиларли даражада мустаҳкамланиб, шимолда улар назорати кучайган. Ушбу хатни олган Хан императори сарой кенгаши чақиради ва вазирлар Хо-цзин келишувини янгилаш борасидаги Хун шанюйси истагини бажаришга бир овоздан келишиб оладилар[19].
Қисқаси, Хун империяси ўзининг энг юксалган кезларида кунчиқарда Хинган тоғларидан, кунботарда Тангритоғ этакларигача, терскайда Бойкўл ва Саян тоғ ёнбағирларидан, кунгайда Гоби чўлигача бўлган ерларни ўз қўл остига бирлаштирган эди.
Энди хунларнинг кундалик турмуш тарзига тўхталсак. Хунлар яйлов чорвачилиги, биринчи ўринда йилқичилик, овчилик билан шуғулланишган. Хитойлик сарой ёзувчиси Сима Цзан ўзининг “Шицзи” (“Тарихий эсдаликлар”, эрадан олдинги II юзйиллик) битигида Хунларнинг турмушини қуйидагича ёритган: “Улар Хитойнинг терскайидаги ерларда ўз суруви билан яйловдан яйловга кўчиб юради. Уларнинг суруви кўпроқ от, мол ва қўйлар бўлиб, ўт-сувга қараб, бир ердан бошқасига кўчиб юради. Шаҳарлари йўқ, бир ерда узоқ яшамайди, экин‑тикинчилик билан шуғулланмайди. Бироқ ҳар кимнинг ўзига ажратилган ери, яйлови бор”[20]. Ушбу битиклар кейинги хитой ёзувчиларини хунлар ва уларнинг ўрнига келган кейинги элатлар, айтайлик, эски туркларнинг барчаси кўчманчи, бир ердан иккинчисига кўчиб юради, деган қарашларга олиб келди.
1-расм. Хунларнинг кўчма ўрдалари (ХV асрга тегишли хитой манбасидаги расм
Хунларнинг турмуши ва уйларини эранинг I асри сўнггида яшаган хитойликлардан бири шундай ёзган: “тўқилган тол бутоғи уларда уй учун ярайди, кигиз бўйра эса том ўрнини ўтайди”[21]. Эрадан олдинги II асрда Хун шанюйсига узатилган хитойлик бир малика Цай Вэн-цзи ўз шеърларида деворлари тўқилган гумбазсимон чайлада яшаганини ёзиб кетган[22]. Ушбу билгилар хунларнинг чорвачилик билан шуғулланувчи гуруҳи кигиз уйларда яшаганини англатади.
Чиндан, эрадан олдинги I мингйилликнинг сўнггида хунлар даштга мослашган ва йиғилиб араваларга ортилмайдиган гумбазсимон капа (чайла)ларда яшашган. Бу чайлалар эгилувчан тол новдаларидан тўқилган ярим доирасимон қобирға (синч)лардан тайёрланган. Юқорисида тутун чиқадиган махсус қисми ёғочдан айлана қилиб ясалиб, ички томондан устунлар ҳам ўрнатилган. Ёғингарчиликдан сақланиш учун капанинг гумбази кигиз билан ёпилган. Йилнинг совуқ кунларида эса уй бутунлай кигиз билан қопланган[23]. Қолаверса, хунларда араваларга ортиладиган чодир уйлар ҳам бўлган. Аравалардаги уйлар ўлчамига қараб икки ёки тўрт ғилдиракли бўлиб, улар урушлар чоғида, доим узоқ чақиримларга юриш кераклиги учун ўйлаб топилган[24].
2-расм. Ўрда атрофида қўшиннинг ўрнашуви
Хунлар экин-тикин билан шуғулланишган. Хитой ёзувчиларидан яна бири Ши-Гу: “эрадан олдинги 89 йилда Хунларда бир неча ойга чўзилган қор ва қаттиқ совуқ мол-ҳолнинг ўлимига, кишилар орасида эса юқумли касалликларнинг кўпайишига олиб келди. Даладаги ғалла‑да пишмай қолди. Хунларнинг терскай ерларига эрта совуқ тушади, ғалла экишга қулай бўлмаса-да, xунлар ерларига донли экин экканлар”[25], деб тушунтириш бериб кетган. Чиндан, табиий шароитнинг қулай эмаслиги xунларда экин-тикинчиликнинг гуллаб-яшнашига тўсқинлик қилган, ўзлари етиштирган дон (кўпроқ тариқ ва арпа) эса миллионлаб кишини (бугунги изланувчилар хунлар ўша чоғларда чамаси 1,5 миллион киши бўлган деб топишган) қониқтирмаган[26]. Шунинг учун, донга бўлган эҳтиёжларини Хан империясидан товон ундириш, айирбошлаш ёки чегара тижоратини очиш орқали қоплаган, деган қарашлар илгари сурилган[27]. Хунларга тегишли Ноин-ула ва Иволга шаҳар қолдиқларидан чиққан топилмалар – омоч тиши, ўроқсимон пичоқлар, ёрғучоқ, дон сақланадиган чуқур ўралар ва тариқ уруғи улардаги экин-тикинчиликни кўрсатади[28].
Евросиёнинг кейинги сиёсий уюшмаларига андоза вазифасини бажарган Хун империясининг давлатчилик удумларини ҳам эслаб ўтиш керак. Хунларда давлат учга бўлиб бошқарилган: 1) Шарқий (шарқ кун чиқар томон ўлароқ муқаддас саналганлиги учун уни тахт вориси – валиахд бошқарган); 2) Ғарбий (шанюйнинг бошқа ўғиллари ёки ака-укаларидан бири бошқарган); 3) Марказий (шанюйнинг ўзи бошқарган) бўлаклар эди[29].
Одатда, Евросиё даштларининг сиёсий уюшмаларида олий ҳукмдорлар олдинига сайланган. Буни уларнинг келиб чиқиши билан боғлиқ афсоналар, хитой йилликларидаги ёзувлардан билса бўлади. Улар уруғ-қабила ичида ким энг қобилиятли ва кучли бўлса, ўша кишини ўзларига йўлбошчи қилиб сайлаганлар[30]. Бу удум ҳарбий демократия билан боғлиқ бўлиб, кейинчалик аста-секин ҳокимият акадан укага мерос бўлиб ўтадиган бўлган.
Хунлар доимо урушга тайёр ҳолатда бўлганлиги учун ҳарбий ишга ўзгача ёндашганлар. Ўғил болаларни яхши жангчи бўлиб улғайиши керак деб қарашган. Олдин болалар қўйга миниб қушлар ва сичқонларни овлашган. Улар маълум ёшга етиб от пойгаларида қатнаша бошлаганлар, қурол-яроғ ишлатишга моҳир чавандоз бўлиб етишишган.
Хунларнинг давлат бошқарувидаги айрим удумлари хитой йилликларида сақланиб қолган. Уларда ёзилишича, хунларда йилда уч бора йиғин ўтказилиб турилган: “Ҳар янги йилнинг биринчи ойида шанюй қароргоҳидаги ибодатхонада кичик йиғинга тўпланиб, қурбонлик ўтказганлар”[31]. Кейинги икки йиғин эса “Бешинчи ойда Лунчэн (сўзма-сўз ўгирмаси “Аждар шаҳри”)да катта йиғилиш бўлган. Хунлар бу йиғинда ота-боболари, ер-осмон ва руҳларга атаб қурбонлик қилишган. Шунингдек, бу йиғинда давлат ва ҳукумат ишлари-да кўриб чиқилган. Лунчэнда от ва туяларнинг беллашувлари ва сайиллар уюштирилган. Кузда йилқилар семирганда Дайлин (сўзма-сўз ўгирмаси “Ибодат ўрмонлиги”)да йиғилиб, кишилар ва мол-ҳолларнинг саноғи аниқланиб, улардан солиқ олинган”[32].
Қисқаси, бундай йиғинларда ижтимоий, сиёсий‚ ҳарбий‚ иқтисодий ва маданий масалалар кўриб чиқилган‚ тортишув ва кенгашишлардан кейингина бир қарорга келинган. Қизиғи шундаки, ана шу Лунчэндаги йиғилишда барча ўлка бошқарувчилари ва қарам ерларнинг вакиллари қатнашиши шарт бўлган[33]. Борди-ю, марказий ҳокимият кучсизлашгудек бўлса, эркинликка интилган ўлка бошқарувчилари Лунчэнга боришмаган ва шу йўл билан ўз эркинликлари, бировга қарам эмасликларини билдирган.
Кўпчилик изланувчилар Лунчэн ва Дайлинни xунларнинг ёзлик ёки шимолий ва қишлик ёки жанубий қароргоҳ шаҳарлари бўлган, деб қарашади[34]. Лунчэнни жанубда, Ордос яқинида бўлган кўринади[35]. Айрим изланувчилар эса иккисини-да шаҳар эмас, балки мўғуллардаги қурултойга ўхшаш йиғин бўлган деб топишган. Бунга сабаб қилиб Лун-чэннинг олдин Ордоснинг кунботарида бўлгани, у ер хитойликлар томонидан босиб олингач, у Сариқ дарё (хитойчаси Хуанг‑хэ) бўйига кўчирилганини кўрсатишади[36]. Бизнингча, Дайлин чиндан ҳам шаҳар бўлмай, балки йиғин ва сайил ўтказиладиган ер бўлиб, буни унинг отиданоқ билса бўлади. Лунчэн эса чинакам шаҳар бўлган кўринади. Чунки хитой йилликларида у доимо “шаҳар”ни англатувчи “чэн” атамаси билан юритилган. Устига-устак, Хан қўшинларининг Лунчэндан 700 кишини тутқин қилиб олиб кетгани тўғрисидаги ёзувлар‑да унинг шаҳар бўлганини кўрсатиб турибди[37]. Хитой йилликларида учрайдиган Лун-си (Лун-ци) – “Аждарҳо ибодатхонаси”, бизнингча, худди шу Лунчэнда бўлган кўринади. Сабаби, ибодатхона ва шаҳарнинг отлари ўхшаш, Лун-чэнга топиниш учун йиғилишлари шунчаки эмас. Демак, юқоридагилардан Лунчэн xунларнинг сиёий ва диний ўчоғи вазифасини бажарган шаҳар бўлган деган хулоса келиб чиқади.
Хунларнинг бутун Евросиё бўйлаб ўз бошқарувини ўрнатгани, қўл остидаги узоқ‑яқин ҳукмдорликлар устидан олиб борган сиёсатига тўхталсак. Хусусан, усун[38] ҳукмдори 1000 бош от эвазига Хан сулоласидан келин қилиб олган маликани кичик хотун, xунлардан олган маликани эса катта хотун ўлароқ тайинлайди. Шундан сўнг усун ҳукмдори ўзининг кексайгани баҳонасида ўз набирасини хитойлик маликага уйлантиради. Бизнингча, аслида бош ёки катта хотун мақомидаги Хун маликасини ўзига хотин қилиб олгач, хитойлик маликани набирасига берган кўринади[39]. Бу эса, аслида, хитойлик маликаларнинг Хун маликаларидан пастроқ турганини англатади. Чунки усунлар xунларга қарам бўлиб, ҳар йили шанюйнинг ўрдусига бориб, у ердаги қурултойда қатнашишга мажбур эдилар[40].
Борди-ю, хунлардан элчи шанюйнинг ёрлиғи билан йўлга отлангудек бўлса, Хун империяси қўли остидаги ҳар бир ҳукмдорлик элчини йўл анжомлари, от-улов ва егулик захиралари билан текин таъминлашга мажбур эди. Хитойлик элчилар эса егулик захираларини пулсиз ва бирор маҳсулотсиз олишолмаган, ҳатто, от-улов сотиб олишмаса, ўз йўлларини давом эттиролмаган. Хитой битикчилари бу ҳолатнинг боиси Хитойнинг узоқдалиги, қолаверса, кўп бойликка эгалиги, деб тушунтиришган. Шундан фақат харид қилиш эвазигагина керакли нарсаларни олиш мумкин эди. Умуман, хитой элчиларидан кўра кўпроқ улар (усунлар ва улардан ғарбдаги бошқа ҳукмдорликлар) хунлардан қўрқишарди, деб қўшимча қилиб қўйишган[41]. Бизнингча, аслида хитойликлардан кўра кўпроқ хунлардан қўрқишгани сабаб бўлган. Чунки шу хитой йиллигининг ўзида усунлардан ғарбга то Қорашаҳргача бўлган ҳукмдорликлар xунларга яқин бўлиб, устига-устак xунлар юэчжилар устидан ҳам бошқарувини ўрнатган деб ёзилган[42].
Эрадан олдинги 129–58 йилларда Хитойнинг Хан қўшинлари хунларга қарши фаол жанг олиб борган кезлар деб қаралади[43]. Шунингдек, Хан империяси хунларни бутунлай енга олмади. Қулай бўлмаган иқлим шароити, ўзаро ички келишмовчиликлар ва тинимсиз олиб борилган ҳарбий тўқнашувлар хунларни кучсизлантиради. Бундан фойдаланган усун, ухуан[44] ва динлинлар уларнинг ерларига бостириб киради ва хунларнинг 3/10 қисми қирилиб кетади[45]. Бу воқеа Евросиё Хун империяси ҳукмронлигининг таназзулини бошлаб беради.
Эрадан олдинги 56 йилда хунлар Жанубий ва Шимолий бўлакларга бўлиниб кетади[46]. Хухане шанюй бошчилигида Жанубий хунлар Хитойнинг Хан сулоласи вассалига айланиб, унинг маданияти ва урф-одатларини қабул қила бошлайди. Хитойга қарам бўлишга кўнмаган Чжи‑чжи шанюй бошчилигидаги Шимолий (ёки Ғарбий) хунлар эса ғарбга Жунғория ва қирғиз саҳроси орқали Тарим ҳавзасидаги ерларга кўчиб кетади[47].
Хитой йиллиги “Цян Хан-шу”да ёзилишича, усунларга қарши Шимолий хунлар шанюйси Чжи‑чжи ва Қанғ давлати ўртасида битим тузилади. Бу битимни мустаҳкамлаш учун Қанғ ҳукмдори ўз қизини Чжи‑чжига беради ва унга салтанатига кирувчи Талас дарёси бўйидан ер ажратади. Талас дарёсининг Қанғ давлатида эканлигини алоҳида кўрсатган хитой тарихчилари у ерда Чжи‑чжининг қўрғон-шаҳар қурдирганлигини ёзиб қолдирган[48].
Хусусан, “Цян‑ханшу”да Чжи‑чжи шанюйнинг Ғарбий юртлардаги ишлари қуйидагича ёритилган: “Бу уч ҳукмдорлик (усун, хакас ва динлинларни [Чжичжи] ўзига қўшиб олди. Хакаслар шарқдаги шанюй ўрдасидан 7000 чақирим йироқликда, жанубдаги Чеши (Чоч) ҳукмдорлигидан 5000 чақирим йироқликда эди. Шанюй мана шу ерда пойтахт қилиб турди. У усунларга қарши Қанғ давлати билан ўзаро иттифоқ тузади. [Чжичжи] Хитой элчисини ўлдиртиргач, ўзини ҳимоялаш учун Дулай (Талас) дарёси бўйига мустаҳкам шаҳар қуради ва шаҳарни “Талас” деб атайди. Талас дарёси Қанғ давлатида... Шаҳар қурилишида ҳар куни 500 та ишчи ишлаб, икки йилда қуриб битирилади”[49]. Ёзма манбаларда “шаҳар ташқи томондан ҳам тупроқ, ҳам ёғочдан қилинган қозиқ деворлар билан мустаҳкамланган ва тўрт томонидан миноралар қурилиб, ҳандақлар билан қуршалган” деб ёзилган[50].
Бироқ Чжи‑чжи шанюйнинг ғарбда Тяншан ва Еттисувдаги қабилаларни бўйсундирганидан хавотирга тушган Хан империяси, шимолий хунларни йўқ қилиш учун эрадан олдинги 36 йили унга қарши қўшин юборади[51]. Бу қўшин Чжи‑чжини йўқ қилиб, унинг саройи ва шаҳарини ёқиб юборади[52].
Умуман, III-IV асрларда Хун империясининг тармоқларидан янги кўчманчи уюшмаларнинг Марказий Осиёга кириб келиши бу ердаги Кушон ва Қанғ салтанатларининг қулашига олиб келди. Византия манбаларида хунларнинг Марказий Осиёга кириб келиши чамаси 350‑йилларга тўғри келиши ёзилган. Худди шу кезларда Аммиан Марцеллин илк бор Сосоний форсларининг шарқдаги душмани ўлароқ “хионитлар”ни тилга олган. “Хун” сўзига “и” ҳарфи қўшилиб, “Хун”лар “хионит”ларга айланганини Ҳиндистон ва Эрондан топилган минтақага бостириб келган халқларнинг параллел рўйхатларидан билса бўлади. Бу ёзма билгиларда ҳиндлар “Оқ Хунлар” ва “Қизил Хунлар” деб, форслар эса уларни “Оқ хионлар” ва “Қизил хионлар” деб ўгиришгани сақланиб қолган[53].
Шундай қилиб, Хитой текисликларини ҳимоялаш учун ханлик (қадимги хитойлик)ларни асрларга чўзилган “Буюк девор”ни тиклашга, Хитойнинг Цзин ва Хан сулолаларини улкан ўлпонлар тўлашга, “Осмон ўғли” бўлган Хан императорларини Хун шанюйларини ўзлари билан тенг кўришга, ён бериш ва келишиш учун қудалашиш ва совға-саломлар узатишга мажбур қилган Хун империяси эди.
Ўзининг ҳарбий муваффақиятлари эвазига тезда Евросиёнинг улкан теграларини эгаллаб, бу ерлардан ўтган трансконтинентал тижорат йўлларини назорат қилган. Тарихий жараёнларнинг боришини кўп томондан xунлар давлати асосчиси Маодун шанюйнинг ҳарбий-сиёсий иқтидори белгилаб берган. Хун империясини Евросиёнинг шимоли ва ғарбидаги Хитой сулолаларининг сиёсий ва маданий босимига узоқ вақт қарши тура олган илк империя деб атаса тўғри бўлади. Умуман, Хун империяси Хитой, Олтой ва Жанубий Сибир, Шарқий Туркистон, Марказий Осиё, Афғонистон, Эрон ва Ҳиндистон ўтмиши ва маданиятида сезиларли из қолдирган.
Мунира ХАТАМОВА,
ЎзР ФА Миллий археология маркази катта илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
[1] Barfield. 1993; Golden. 1992; Golden, Adas. 1998; Крадин. 1992; Кычанов. 1997; Кляшторный, Султанов. 2000; Крадин. 2007; Жумаганбетов. 2003; Khazanov. 2001 ва ҳ.к.
[2] Крадин. 2001. 21.
[3] Указ. соч. С. 12.
[4] Кембридж, р. 120.
[5] Айтбаев, 2004. 33-34-б.
[6] Кембридж, р. 118.
[7] Кембридж, р. 120; Крадин Автореферат.
[8] Шанюй – хунлар ўзларининг бош ҳукмдорларини “тангриқут”, яъни Тангри боласи деб атаган. Хитой манбаларида эса қадимги ўқилишида “танйи”, бугунги ўқилишида эса “шанюй” деб транскрипция қилинган. Ходжаев А. Сведения китайских источников о “юэчжи” // “Ўзбек халкининг келиб чикиши…” семинар материаллари. Т., 2004, с. 25.
[9] Хан империяси – Хитойда эрадан олдинги 206 – эранинг 8 йилигача ҳукмронлик қилган сулола.
[10] Хун давлатининг юзага келиши, бошқа ерларга юриши ва сиёсий воқеликлар борасида кенгроқ қаранг: Гумилёв Л.Н. Хунну. М., 1960; Крадин Н.Н. Империя Хунну. М., 2001; Кляшторный С.Г., Султанов Т.И. Государство и народы Евразийских степей. СПб., 2000.
[11] Кляшторный С.Г. Хунны и тюрки… с. 119-120.
[12] Кляшторный С.Г., Султанов Т.И. Государство и народы... с. 53; Кляшторный С.Г. Хунны и тюрки... с. 118-119.
[13] Ғарбий юрт – 1914 йилда япон олими Х. Рётай: “Си‑юй (Ғарбий юрт) атамаси биринчи бор Олдинги Хан чоғида учрайди, бироқ унинг мазмуни аниқ бўлмаган. Бизнингча, бу атама Хитойнинг чегара қоровуллик маҳкамалари – Юймэн ва Янгуандан ғарбдаги ўлкаларга қарата ишлатилган бўлиб, ушбу ўлкаларнинг аниқ чегараси ҳар қайси чоғнинг ўз географик билим доирасидан келиб чиққан” деб ёзиб қолдирган эди. Малявкин А.Г. Танские хроники о государствах Центральной Азии. Тексты и исследование. Новосибирск: Наука, 1989, с. 110.
[14] Бичурин Н.Я. Собрание… т. 1, с. 83-84.
[15] Бичурин Н.Я. Собрание… т. 2, с. 207; Кляшторный С.Г. Хунны и тюрки… с. 197.
[16] Крадин Н.Н. Кочевые империи: генезис, расцвет, упадок // Восток (Oriens), 5. М., 2001, с. 28.
[17] Кляшторный С.Г. Хунны и тюрки ... с. 566.
[18] Кембриж, 122.
[19] Кембриж, р. 123.
[20] Бичурин Н.Я. Собрание…, т. 1, с. 39-40. Кюнер Н.В. Китайская известия о народах Южной Сибири, Центральной Азии и Дальнего Востока. М.: Изд-во Вост. лит., 1961, с. 336.
[21] Материалы по истории сюнну. Пер. В.С. Таскина. Вып. 2. М., 1973, с. 142, прим. 147.
[22] Вайнштейн С.И. Проблемы истории жилища степных кочевников Евразии // СЭ, 4. М., 1976, с. 45.
[23] Указ. соч., с. 45.
[24] Майдар Д., Пюрвеев Д. От кочевий до мобильной архитектура. М., 1980, с. 21.
[25] Бичурин Н.Я. Собрание... т. 1, с. 76, см. прим. 4.
[26] Кляшторный С.Г., Султанов Т.И. Государство и народы Евразийских степей. Древность и средневековье. СПб., 2000, с. 61.
[27] Руденко С.И. Культуры хуннов... с. 29; Haeshi T. The role of sedentary people in the nomadic states: from the Hiongnu empire to the Uigur qaghanate // Урбанизация и номадизм в Центральной Азии: истории и проблемы. Материалы меж-й конференции. А.: 2005, р. 120-122.
[28] Давыдова А.В., Шилов В.П. К вопросу о земледелии у гуннов // ВДИ, 2. М., 1953, с. 197.
[29] Бичурин Н.Я. Собрание... Т.1, с. 48-49.
[30] Масалан, хунларда Маодун, сянбиларда Таншихай, туркларда Ашина.
[31] Бичурин Н.Я. Собрание… т. 1, с. 119.
[32] Бангу. Ханнома (араб графикасидаги уйғур тилида). Урумчи, 1994, 690, 765-бетлар; Кюнер Н.В. Китайская известия … с. 74, прим. 27; Бичурин Н.Я. Собрание… т. 1, с. 119.
[33] Указ. соч., с. 117.
[34] Кызласов Л.Р. История Южной Сибири... с. 12; Дробышев Ю.И. Природопользование… с. 54.
[35] Кызласов Л.Р. История Южной Сибири… с. 13.
[36] Дробышев Ю.И. Природопользование… с. 54; Боровкова Л.А. Царства «Западного края» во II-I веках до н. э. Восточный Туркестан и Средней Азии по сведениям из «Ши цзи» и «Хань шу». ИВ РАН: ACADEMIA, 2001, с. 190.
[37] Бичурин Н.Я. Собрание… Т. 1, с.
[38] Усун – этник келиб чиқиши тўғрисида фанда турлича қарашлар бўлиб, кўпчилик тадқиқотчилар уларни туркий халқлардан деб санайдилар. Ю.Зуевга кўра, усунлар хунларнинг айрича бир тармоғи ўлароқ протохун қабилалар уюшмасига кириб, Ордосдан бугунги Юньнан провинциясига кўчган. Шунингдек, хитой йилномаларида усунларнинг урф-одатлари “туцюэ” – туркларникига ўхшашлиги кўп бор айтилади. Уларнинг кунбеги турадиган шаҳри манбаларда “Кун-кат”, “Чигу” – “Қизил қўрғон”, “Қизил водий шаҳри” кабиларни англатган.
[39] Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах ... Т. 2. – С. 160.
[40] Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах ... Т. 2. – С. 155.
[41] Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах ... Т. 2. – С. 161.
[42] Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах ... Т. 2. – С. 161.
[43] Крадин Н.Н. Кочевые империи: генезис… с. 28.
[44] Ухуан – мўғул қабилаларидан бири.
[45] Бичурин. Н.Я. Собрание... Т. 1, с. 82.
[46] Указ. соч. С. 88, 117.
[47] Иностранцев К. Хунну и гунну. 1926. С. 118; Бернштам А.Н. Очерк истории гуннов. Л, 1951. С. 78.
[48] Материалы по истории сюнну (по китайским источникам) / Пер. В.С.Таскина. Вып. 2. М., 1973. – С. 126; Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах … Т. 1. – С. 91; Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах … Т. 2. – С. 184; Бан Гу. Ханнама. Урумчи, 1994. – 782-б.; Зуев Ю.А. Ранние тюрки ... – С. 93.
[49] Материалы по истории сюнну. Вып. 1. 1968.- С.126; Бичурин Н,Я. Собрание… Т. 1, с. 91; Т. 2, с. 184; Бангу. Ханнома. 1994. 782-б.
[50] Материалы по истории сюнну. Вып. 2. 1973. С. 128-129; Рыспаев К. Древний Тараз. Тараз, 2001. С. 8-9.
[51] Бернштам А.Н. Очерк истории гуннов. 1951. С. 78.
[52] Материалы по истории сюнну. Вып. 2. 1973. С. 129.
[53] Grenet F. Crise et sortie de crise en Bactriane-Sogdiane aux IVe–Ve s. de .n. è: de l’héritage antique à l’adoption de modèles sassanides // La Persia e l’Asia Centrale da Alessandro al X secolo. Atti dei Convegni Lincei, 127. – Rome: Accademia Nazionale dei Lincei, 1996. – Р. 388, n. 57. (367–390).
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ