Дунёнинг энг машҳур детектив ёзувчилари


Сақлаш
11:11 / 09.11.2021 1305 0

 Детектив ҳикоялар илк марта Европада 1840 йиллардан бошлаб ёзила бошлаган. Ушбу жанрнинг учта муҳим жиҳати мавжуд: жиноят, қидирув ва фош этиш. Қуйида дунё бўйича танилган 10 та энг машҳур детектив ёзувчиларни эътиборингизга тақдим этамиз. 

 

10 ўрин: Ден Браун. 1964 йил АҚШда туғилган адиб ижоддан ташқари, журналистика ва мусиқа билан ҳам шуғулланади.

“Да Винчи сири” романи Нью Йорк бестселлерлари рейтингида 1-ўринни эгаллаган. Ушбу асари, шунингдек “Фаришталар ва иблислар”, “Инферно” романлари экранлаштирилган. “Да Винчи сири” ўзбек тилига таржима қилинган.

 

9 ўрин: Ремонд Чандлер. 1884-1959 йилларда АҚШда яшаб ўтган ёзувчи ва адабий танқидчи. Аксар детектив асарларининг қаҳрамони Филип Марлоу исмли изқувар. “Чуқур уйқу”, “Хайр, азизим” каби асарлари машҳур. “Икки карра суғурта” номли китоби суратга олинганда ёзувчи ҳам тасодифан кадрга тушиб қолган.

 

8 ўрин: Жон Гришем. 1955 йилда АҚШда туғилган. Ёзувчи бейсболчи бўлишни орзу қилган, лекин отбоқар, сантехник, асфалтловчи, сотувчи, таълим олгач эса адвокат бўлиб ишлаган. Юридик триллери асосида Голливудда кўплаб фильмлар ишланган. Асарлари 42 тилга ўгирилган. “Ўлдириш вақти келди”, “Фирма” каби асарлари машҳур.

 

7 ўрин: Ян Флеминг. 1906-1964 йилларда Буюк Британияда яшаб ижод қилган. Ҳарбий-денгиз кучларида офицер, сўнг журналист бўлиб ишлаган. Жеймс Бонд ҳақдаги романлар муаллифи. Машҳур “Казино Роял” асари экранлаштирилган. Ёзувчи уруш даврида инглиз разведкачиси бўлиб ишлаган пайти Бонд образини ўйлаб топган. Агент 007 ҳақда 12 та роман ёзган.

 

6 ўрин: Эрл Стенли Гарднер. 1889-1970 йилларда АҚШда яшаб ўтган. “Қайғули қиз иши”, “Бахмал мушук иши”, “Қарғалар санай олмайди” каби асарлари машҳур. Адвокат аёл Перри Мейсон образини 82 та романига киритган. Ёзувчининг ўзи адвокат бўлиб ишлаган.

 

5 ўрин: Борис Акунин. 1956 йил Грузияда туғилган. Адабиётшунослик ва таржима билан ҳам шуғулланади. “Азазел”, “Турк гамбити” асарлари довруғ қозонган. Эраст Фандорин ҳақдаги саргузаштлар унга омад келтирган.  

 

4 ўрин: Жеймс Хедли Чейз. 1906 йилда Буюк Британияда туғилиб, 1985 йилда Швейцарияда вафот этган. “Блендиш хонимга орхидеялар йўқ”, “Ўликлар тишламайди”, “Қўғирчоқдан нохуш хабарлар” каби асарлари билан танилган. Ёзувчи аввалига юмор ҳикоялар ёзган. Илк детектив романини 12 кунда тугатган. Ҳаёти давомида юздан ошиқ роман ёзиб қолдирган.

 

3 ўрин: Рекс Стаут. 1886-1975 йилларда АҚШда яшаган.

“Чўчиган эркаклар лигаси”, “Яна ўлдириш”, “Қора орхидеялар” асарлари машҳур. Асарлари 35 та тилга ўгирилган. Романларидаги Ниро Вулф исмли детективнинг характери муаллифнинг ўзига ўхшаб кетади. Рекс қулупнайларни, Ниро эса орхидеяларни коллекция қилган. 

 

2 ўрин: Агата Кристи. 1890-1976 йилларда Англияда яшаб ўтган адиба. “Ўнта негр боласи”, “Жигарранг костюмдаги одам”, “Голф майдонидаги қотиллик” каби асарлари шов-шув билан ўқилган. Драматургия билан ҳам шуғулланган. Албатта, Кристи яратган Пуаро образини танимайдиган одам йўқ. Адибанинг кўплаб асарлари экранлаштирилган. Энг машҳур детектив қироличаси.

 

1 ўрин: Артур Конан Дойл. 1859-1930 йилларда Буюк Британияда яшаб ижод қилган. Ёзувчи бўлишидан аввал шифокорлик билан шуғулланган. “Тўртлар белгиси”, “Баскервиллар ити”, “Даҳшатлар водийси”, “Шерлок Холмс саргузаштлари” асарлари довруғ қозонган. Ёзувчига шубҳасиз, Шерлок Холмс образи шуҳрат келтирган. Конан Дойлнинг ўзи бақуввват инсон бўлган, кўплаб спорт турлари билан шуғулланган. Детектив жанрдан ташқари, фантастика ва болалар адабиётига оид асарлар ҳам ёзган.

 

Нодирабегим Иброҳимова тайёрлади.

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси