Оскар-2024 кимга насиб қилади? Даъвогар картиналар таҳлили


Сақлаш
16:02 / 23.02.2024 230 0

Тез кунда кино соҳасидаги энг обрўли мукофот – Осcар мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтади. 2023 йилда бир қанча муваффақиятли фильмлар экран юзини кўрди ва катта машҳурликка эришди. Кўпчилик бу йилги соврин пойгасида бир фильм яккаҳокимлигини таъкидлаётган бўлса-да, ҳали ҳам интрига йўқолгани йўқ. Oyina.uz йилнинг “Энг яхши фильми” номинациясига даъвогар фильмлар моҳияти ва уларнинг ғалаба қозониш имкониятларини кўриб чиқади.

 

(Эҳтиёт бўлинг спойлер бўлиши мумкин!)

 

Қулаш анатомияси” (Anatomy of a Fall) фильми

Франциялик режиссёр Жастин Трие томонидан суратга олинган ушбу фильмни 2023 йилнинг энг ўзига хос жанрли картинаси дейиш мумкин. Психодетектив жанрда олинган фильм шунчаки бир жиноят изини очмайди, балки унинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини муҳокама қилади. Одатий детектив фильмлардан фарқли ўлароқ, Трие киносида жуда кам гумондор бор (деярли битта). Қаҳрамонлар ва сценарийда фильм давомида эврилиш содир бўлади, фикрлар бутунлай ўзгаради. Масалан, бошида эри ўз жонига қасд қилмаслигини таъкидлаган Сандра кино сўнггида турмуш ўртоғи суицид амалга оширганини ишонч билан айтади. Картина интиҳоси томошабинларга худди фильмнинг бош қаҳрамони каби нимага, қайси версияга ишонишни ўзи ҳал қилиш имконини қолдиради. Киномухлис картинадаги далиллар, воқеалар ва ғоялар асосида якуний ҳукмни ўзи чиқаради.

 

 

Фильм марказида бир инсоннинг иккинчи (ёки учинчи) қаватдан қулаб, ҳалок бўлиши воқеаси бўлса-да, картина нафақат унинг қулаш анатомиясини, балки аслида замонавий оилаларнинг қулаш (яъни, ажралиш сони ошиб кетаётгани) анатомияси ҳам кўрсатади. Киномутахассислар ажойиб сценарий ва маҳоратли ижрога қарамай, “Қулаш анатомияси” мукофот совриндори бўлишига шубҳа қилмоқда.

 

Тўлин ой қотиллари” (Killers of the Flower Moon) фильми

Афсонавий режиссёр Мартин Скорсезе ўз услубига содиқ қолган ҳолда 2023 йилда жиноий тўдалар ҳақида яна бир ажойиб фильмни суратга олди. Скорсезенинг шу йўналишдаги олдинги ишлари: “Нью-Йорк бандаси”, “Шарафли йигитлар” ва “Ирландиялик” каби бу картина ҳам реал тарихий воқеаларга асосланган. Фильм АҚШ тарихидаги энг қора саҳифалардан бири – ҳиндулар қирғинини ёритади. Бу мавзу америкаликлар орасида ҳалигача катта баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда. Скорсезе эса ушбу қирғинда иштирок этган жиноий тўда тарихини экранлаштирган. Айтиш керакки, режиссёрнинг картинага ҳақиқий ҳиндулар авлодларини жалб қилгани фильмнинг савиясини оширган. Картинада пулнинг инсонлар табиати, туйғулари, оилавий муносабатларини қандай ўзгартириши ҳамда ирқий нотенглик (масалан, оқ танли қотилларга қаттиқ жазо берилмаслиги) мавзулари яхши ёритилади. Скорсезенинг бу фильми ҳам доимгидек, визуал эффектлар, ҳаяжонли саҳналарга бой бўлган. Актёрларнинг юлдузли таркиби – Де Ниро, Ди Каприо, Бренден Фрайзер, Жесси Племонс, Скот Шеперд, шубҳасиз, фильмга янада машҳурлик олиб келди.

 

 

Аммо картина бюджети ва прокат кассасидан, фильмга ўзига билдирилган ишончни оқламаётганини кўриш мумкин. 200 миллион доллар бюджетга эга фильм ҳозирча 156,4 миллион доллар маблағ тўплади, холос. Таққослаш учун режиссёр Кристофер Ноланнинг 100 миллион доллар бюджетга эга “Оппенгеймер” фильми аллақачон 1 миллиардга яқин пул йиғди. Албатта, “маэстро” Скорсезенинг бу фильми йилнинг муваффақиятли фильмлари қаторига киради, бироқ унинг асосий ҳайкалчани олиши эҳтимоли паст. Бироқ, фильмда ҳинду қизи Молли Кайл ролини ижро этган ёш актриса Лили Гледстоун “Энг яхши аёл актриса” номинациясида Осcар мукофотини олиши ҳақида кўп гапирилмоқда. Чунки актриса ўз роли орқали ўша даврдаги ҳинду халқи дардини акс эттира олган. Бироқ бу йўналишда ҳам рақобат анчагина кучли.

 

“Американча чўпчак” (American Fiction) фильми

Жамиятдаги дангасалик, реалликдан қочиш ва стереотипларга ишониш ҳақидаги ажойиб фильм. Картина юқоридаги мавзуларни сатирик йўналишда ёритади. Корд Жефферсон (“Қўриқчилар” ва “Авлодлар” фильмларида ишлаган) ўзининг илк режиссёрлик фильмидаёқ Оскарга номзодлар қаторидан жой олди. Картинада америкалик қора танли профессор жамиятнинг стереотипларга ишониш, дангасалик, чўпчакларни севиш одатларига ҳайрон бўлади. Одамлар ҳақиқий илмий, ҳаётий китобларга эмас, уйдирма, драматик асарларга катта қизиқиш билдирарди. Бора-бора бош қаҳрамон ҳам жамият таъсири остида ва моддий масалалар туфайли бу оқимга қўшилади. Бироқ у кўплаб машҳур асарлардаги каби ўзлигини, виждонини йўқотишни хоҳламайди:

“Жамият шуни хоҳлайди, улар аҳмоқликларни яхши кўради”

“Мен уларни янада аҳмоқ қилмоқчи эмасман”.

 

 

Шунингдек, фильмда оилавий муаммолар, севги, шахсий чегара масаласи, қўрқоқ университет профессорлари, очкўз продюсерлар, дангаса ҳакамлар, миллий, ижтимоий ва ирқий айирмачилик муаммоларини-да кўриш мумкин. Қаҳрамон нафақат жамият билан, балки ўзидаги ёлғизлик, ҳасад, масъулият билан ҳам курашади. У авомни, ундаги жоҳилликларни тушуна олмайди, натижада ёлғизликдан қийналади, депрессияни бошидан кечиради. “Американча чўпчак” ўзбек адабиётига бегона бўлмаган усулда – “роман ичидаги роман” (Навоий ижодидаги “ҳикоя ичидаги ҳикоя” каби) шаклида олинган. Фильм етарлича муваффақият қозонган ва бош совринга муносиб кўрилаётган бўлса-да, кўп нарсани исмлар ҳал қилиши мумкин. Чунки Жефферсон ва Скорсезени (ёки Ноланни), Ди Каприо ва Жеффри Райтни (ёхуд Киллиан Мёрфини) машҳурлик жиҳатдан солиштириб бўлмайди ва афсуски, баъзида Осcарънинг берилишида номлар ҳам роль ўйнайди.

 

“Қолдириб кетилганлар” (Оставленные) фильми

Икки бор Осcар мукофоти совриндори бўлган режиссёр Александр Пейннинг навбатдаги шедевр картинаси. Фильм баъзи жиҳатлардан “Аёл ифори” фильмини эсга солиши мумкин, бироқ маъно умуман ўзгача. Картинада қаттиққўл, омадсиз, одамови профессор; ақлли, аммо шўх, агрессив талаба; меҳнатсевар, ёлғиз ўғлидан айрилган, аламзада ошпаз бош ролни ижро этади. Фильм камбағал инсонлар моддий тақчиллик (устига-устак ирқий айирмачилик) сабаб ҳаётини қура олмаслиги (ҳатто ҳалок бўлиши), бу пайтда эса бадавлат фарзандлар шунчаки амал зиналаридан юқорилаши, ҳеч нарсани қадрламаслиги ҳақида ҳикоя қилади. Шунингдек, ҳатто қиммат мактабларда ҳам ҳалол ўқитувчилар ўртаҳол даражадан ҳам пастроқ турмуш кечириши, қўшимча даромадга муҳтожлиги (худди “Бреакинг Бад” сериалидаги каби) танқид қилинади. Кинода кўплаб бошқа фильмлардагидан фарқли асосий, ҳаяжонли саҳналар диалогларсиз, мусиқа куйи остида тасвирланади. Бу фильмнинг драматик руҳини оширган.

 

 

Картинадан инсон бир жойда тўхтаб қолмаслиги, янги чақириқлар, танқидларга тайёр туриши, одамлардан узилиб қолмаслиги кераклиги ҳақидаги ғояларни ҳам олиш мумкин. Зеро фильм интиҳосида бош қаҳрамон ҳаётида янги бир саҳифа очади. Фильмнинг Осcар мукофотини ютиши эҳтимоли юқори эмас. Лекин бош қаҳрамонлардан бири, “Олтин Глобус”нинг “Энг яхши иккинчи даражали аёл роли” мукофотини қўлга киритган Жой Рендолф Оскарда ҳам шу номинацияни қўлга киритишига кўпчилик шубҳаланмаяпти.

 

“Оппенгеймер” (Oppenheymer) фильми

Кино саноати даҳоларидан бири Кристофер Ноланнинг “Оққуш қўшиғи” (энг сўнгги иши) бўлиши айтилаётган фильм. Шубҳасиз, режиссёрнинг мухлислари ундан жуда катта премьера кутганди ва Нолан уларнинг ишончини оқлади. Бироқ, олдинги фильмлардан фарқли Нолан бу сафар мураккаб, кенг миқёсли сюжетга эга кино эмас, биографик картина яратди. Роберт Оппенгеймер атом бомбасини яратган инсон сифатида тарихда қолган. Аммо режиссёр картинада олимнинг нафақат ядро қуроли яратилиб, синовдан ўтказилишигача, балки ундан кейинги ҳаётини ҳам тасвирлаган. Картинада “атом бомбаси отаси”нинг қандай қийин болаликни бошдан кечиргани, руҳиятидаги муаммолар, севгилисидан айрилиши, ўз ишига муккасидан кетиши кўрсатилади.

 

 

Шу билан бирга буюк фан даҳоси янги дунё тартибини ўрнатувчи, юз минглаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган қуролни яратганидан баъзида афсусланиб, баъзида ғурурлангани очиб берилган. Олим сиёсий ҳаётга берилиб, ҳатто АҚШдаги маккартизм (коммунизмга қарши ҳаракат) ҳаракатига қўшилиб, ўз атрофидан коммунист душманларни қидириши ҳаёт ҳатто энг илмли инсонларни ҳам ўзгартира олишининг исботидир. Фильмга жуда машҳур, маҳоратли актёр ва актрисалар жалб қилинган. Кристофер Нолан номи ва муваффақиятли реклама кампанияси ижодкорларга жуда катта даромад келтирди: 100 миллион доллар бюджетга эга фильм аллақачон деярли 1 миллиард маблағ тўплади. Картина 13 номинация бўйича (бу борада яққол пешқадам) Оскарга даъвогарлик қилмоқда. Хусусан, бош қаҳрамон Киллиан Мёрфи “Энг яхши эркак актёр” ҳайкалчасини олишга асосий номзодлардан бири бўлиб турибди.

 

“Бечоралар-бахтсизлар” (Poor Things) фильми

Бир неча бор Оскар, БАФТА ва Олтин Глобус мукофотларига номзоди қўйилган, анча муваффақиятли фильмлар суратга олган юнонистонлик режиссёр Йоргос Лантимоснинг ушбу фильми бемалол ўша шов-шувли “Барби” билан баҳслаша олади. Ҳар иккала фильм феминистик руҳга эга. Лантимос картинасида аёлларнинг жамиятдаги ва умуман цивилизациядаги ўрни таъкидланади. Бошқа қаҳрамонларнинг фильм бош қаҳрамони Беллага нисбатан муносабати жамиятнинг аёлларга муносабатининг умумий чизмасидир. Фильм стимпанк жанрининг ёрқин намунаси, ундаги декорациялар ва кийимлар ажойиб уйғун муҳитни ярата олган. Картинадаги нозик юмор ва сатирани оддий томошабин тушуниши қийин. Шу боис ҳам жамоатчиликда турли хил таассуротлар уйғонади: ким учундир шедевр фильм, ким учундир ўрта даражадаги иш, ким учундир оддий фантастик кино. Фильмда бош ролни ижро этган Эмма Стоун иқтидори картинани барча даврларнинг энг яхши фильмлари қаторига қўша олган. Лекин, юқорида айтилгани каби, 2024 йилнинг энг яхши аёл актрисаси бўлиш учун рақобат анча кучли.

 

 

Айтиш керакки, картина номидаги “бечоралар-бахтсизлар” сўзи фақат қаҳрамонларга эмас, балки бутун инсониятга тегишли. Ҳар бир инсон ҳаётининг қайсидир қисмида, қайсидир маънода ушбу ҳолатга тушади. Зеро, фильмда айтилганидек, “Ҳаётни тўлиқ англаш учун хурсандчилик, муваффақият билан бирга оғриқ, омадсизлик, йўқотиш каби туйғуларни ҳам ҳис қилиш керак”. Картина Оскарга 11 номинация бўйича даъвогарлик қилмоқда ва бу борада у иккинчи ўринда.

 

 

Шундай қилиб, эксперт ва киноихлосмандлар айнан ана шу фильмлар шоҳсупага чиқишни тахмин қилмоқда. Булардан ташқари “Маэстро”, “Ўтган умрлар”, “Барби”, “Манфаатлар ҳудуди” каби картиналар ҳам Оскарга номзодлар қаторидан жой олган. Бу фильмлар алоҳида номинацияларда ғолиб бўлиши эҳтимоли рад этилмаётган бўлса ҳам, уларнинг бош ҳайкалчани қўлга киритишига ҳамма ҳам ишонгани йўқ.

 

Муҳаммадқодир СОБИРОВ

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси