Адабиёт
Қантар оғса, қор турмас.
Ўзбек халқ мақоли
1
Оҳунинг сояси ҳақида эшитганингиз бордир?
Кўз илғамас сонияларда қора беради-да, ўтади, кетади.
Қиш кунлари шунга менгзайди.
Бир тутам, биргина тутам, аммо тунлари...
Кечаси билан у ёнбошидан бу ёнбошига ағдарилавериб зериккан набирам тонг ғира-ширасида дик этиб ўрнидан туради-да, дераза қарайди:
– Қойил, Аёз бобо зўр рассом экан, қор босган ўрмон сувратини чизиб кетибди.
Табиат қиёси йўқ мусаввир, уй ичидаги ҳарорат ва ташқаридаги совуқ ҳаво икки тарафдан ойнага таъсир қилиб, қалин қор босган арчазор тасвири ҳосил бўлган. Набирам унга синчиқлаб тикилиб, баковул бўри, ясовул тулки, қоқимчи қарға, чақимчи чумчуқ сувратларини топиб олади.
2
– Бу йил деҳқон ҳам, чорвадор ҳам ношукрлик қилмаса бўлади, – дейди суҳбатдошим Оқмамат Хўжамов. – Ҳатто чўл ҳудудларида ерга бир-икки қор тушди, куноша ёмғир севалаб турибди, қурғоқчил келган йиллардан худонинг ўзи асрасин. Февралнинг бошида қишнинг катта чилласи чиқиб, қиличини яланғочлаб кичик чилла киради, у йигирма кун давом этади, далв ойи тугаб, ҳут дохил бўлганидан сўнг ҳам ўн беш кун қиш бор, илк баҳордаги аҳман-даҳман, Наврўз қароқчи, Ажуз момо ҳам кўп ўйин кўрсатади. Насиб этса, бу йил ёғингарчиликнинг ками қолмайди.
Ҳисобдонлик Оқмаматнинг қонида бор, отаси Жаббор домла жуда ҳокисор инсон эдилар. У кишининг бир ғалати одатидан доимо ҳайрон қолардим. Бўш вақти бўлганидан мактаб ҳовлисидаги дарахтлар орасида куймаланар, кафтини шамол йўналишига тутиб, ерга тупроқ тўплаб, орасига қўл тиқиб, нималарнидир ўзича ҳисоб-китоб қилар, кейин дарахтларнинг танасига, ён дафтарчасига белгилар қўярди. Кўпинча бу белгилар думалоқ, тўғри ва эгри чизиқлардан иборат бўларди.
Бир гал белгилар сирини сўраганимда:
– Доира шакли кун иссиқ, қуёшли келганини, тўғри чизиқ ҳаво осуда, мўътадил бўлганини, эгри чизиқлар қайси томонга эгилганига қараб шамол йўналишини билдиради, – деб жавоб берганди домла.
– Буни белгиларсиз ҳам кўриб турибмиз-ку, – эътироз билдирдим, шунинг нимаси қизиқ деган оҳангда.
– Аммо олти ойдан сўнг шу куннинг об-ҳавоси қандай бўлганини бехато эслаш қийин, булар менга табиат турланишини ҳисоб-китоб қилиш учун керак.
Дарҳақиқат, қиш ойларида Жаббор домланинг қачон қор ёки ёмғир ёғишини, қачон қуруқ совуқ билан ўтишини олдиндан айтиб берганига кўп бор гувоҳ бўлганман.
– Отам раҳматли ҳисобдон ҳисобидан адашмаслик учун синчи ва кузатувчан бўлиши, камида бир тўлиқ мучал, яъни ўн уч йиллик муттасил тажрибани умумлаштириб билиши керак деярдилар, – суҳбатимизни давом эттирди Оқмамат. – Илгари қишлоғимизда ҳисобдон кишилар кўп бўлган, ҳалигача помуқлик чорвадорлар “Хўжамқули калнинг ҳисоби бўйича” деб бобомни эслаб туришади. Ҳозир бу борада Соат бобо Вазиров, Сана бобо Эшонқуловга тенг келадигани йўқ. Ҳисобдонлар ёз билан қиш, баҳор билан куз ойларининг кунларини олти ой илгаригиси билан таққослашади.
Баъзан эса синчков, кузатувчан кишиларга об-ҳаво ўзгаришларини табиатнинг ўзи айтиб бераркан. Масалан, халқ орасида “Ой қўтонласа ойда, Қуёш қўтонласа кунда ёғар” деган гап бор. Буни ҳар бир киши ўзи тажрибада синаб кўриши мумкин экан. Изғиринли, совуқ тунда ой атрофида каттакон ёруғ доира ҳосил бўлса ойнинг, кундузи қуёш атрофида шундай доира кўзга ташланса, қуёшнинг қўтонлагани бўларкан.
Тағин бир нечта мисоллар:
– Қор-ёмғир ёғиб турганда чумчуқлар теварак атрофдаги дарахтлар шохига тарқалиб, қувноқ чирқиллай бошлаши тез орада ҳаво очилиб, кун исиб кетишидан;
– аксинча, булутли кун чумчуқлар дарахт шохида тўда бўлиб хурпайиб, тек турса-да, бирин-кетин ҳаммаси ерга қўниб, тўпроқ титкилашса, сўнгра бир хавфни сезгандек гурра учиб дарахтга қўнса, шу ҳолат бир зайл давом этаверса ёки қишнинг иссиқ кунлари чумчуқ, ола қарға, майна каби қушлар тез-тез ариқ ёки кўлмак сувларига чўмилса, ҳаво бузилиб, ёғингарчилик бошланишидан дарак бераркан.
Синчиларга ҳатто мўридан чиқаётган тутун ҳам сир очар экан. Қор ёғаётган палла тутун қийшаймай тўғри кўтарилса, тез орада қор тиниб, ҳаво очилар, тутун мўридан чиқиши билан пастга урса, ҳаво бузилиб, қор ёки ёмғир ёғаркан.
Тажрибали қўйчивонлардан бири айтган гап ёдимда қолган:
– Чўпонликдан обрў топаман, деган киши ҳисоб-китобдан, синчиликдан хабардор бўлиши керак. Айни қиш чилласи эрталаб қўтондан чиқарилган сурув кунчиқарга қараб ўрласа, ёғингарчилик бўлмайди, хавотирга тушмай, отар изидан боравериш керак. Агар сурумга чиқарилган сурув кунботарга йўл олса, эҳтиёт бўлган, жоннинг бир муддатлик ҳузурини ўйламай, қўйларни шамолга қарама-қарши томонга оғдириш лозим, чунки олдинда катта қор ёки ёмғир бор, у бошланиб қолса, шамол оқимида осонгина ўтовга қайтиб келинади. Қўй ердан бош кўтармай, шошилиб ўтлайверса ҳам, сурувни қўра томонга бурган афзал, чунки бу ёғингарчиликдан дарак.
3
Синчиларнинг ҳисоб-китоби бўйича ўлкамизда декабр ойининг бешинчи куни қиш бошланади, шундан ўн беш кун ўтиб, энг қисқа кун ва энг узун кеча – ялдода катта чилла киради. У қирқ кун – феврал ойи бошигача давом этиб, ўрнини йигирма кунга чўзиладиган кичик чиллага бўшатиб беради.
Ривоят этишларича, катта чилла кичигига ўрин бераркан:
– Мен катталигимни қилиб бўлдим, энди сен ўзинг биласан, – деяр экан.
Шунда кичиги савол бераркан:
– Хўш-ш, менга нималарни қолдирдингиз?
Каттасининг жавоби қуйидагича бўларкан:
– Нортуянинг ўркачида қолди, укам, оларсан;
Эр йигитнинг юрагида қолди, укам, оларсан;
Бўй қизларнинг билагида қолди, укам, оларсан...
Бу дегани “Менинг синовимга шулар дош берди, сенам бир силкитиб кўр-чи”, дегани бўларкан. Навқирон кичик чилла акасининг топшириғини бажариш учун қор, аёзли изғирин билан ҳамлага ўтаркан.
Кичик чилла дала меҳнаткашлари учун энг оғир синов кунлари саналади, тажрибали деҳқонлар унинг қисқа фурсатли қуёшли кунларида ҳам уйда оёқ чўзиб ўтирмай, ариқ-зовурларни тозалаб, ички сув йўлларини созлайди, техникани экиш мавсумига шайлайди. Боғбонлар новда уйғонмасидан мевали дарахтларни буташ, шакл бериш ишларини тугатиш чораларини кўради. Чўпон-чўлиқлар қўйларни қишловдан тўлиқ ва соғлом олиб чиқиш, хусусан, қўзилатиш мавсумини муваффақиятли ўтказиш учун отарга вақти-вақти билан сурум беради.
4
Отам айтиб берган ибратли воқеаларни ҳалигача тез-тез эслаб тураман, бир гал у киши шундай ҳикоя қилганди:
– Олтмиш саккизнинг кузаги ва қишининг бошланиши кутилганидан ҳам қурғоқчил келганди. Чорвадорнинг кўнгли нотинч, ахир баҳорнинг файзини қишнинг ёғини белгилаб бериши унга қўш панжасининг ўн бармоғидек аён. Ўшанда “Ўзбекистон” қоракўлчилик-наслчилик заводининг маркази Жейнов қишлоғида жойлашган, аксариат отарлар эса Помуқ яйловларида қишловни ўтказаётган эди. Хўжалик фирқа қўмитасига раҳбарлик қилардим. Аҳвол шу зайлда кетаверса, эрта баҳорда ҳам қўйларга қўлдан озуқа беришга тўғри келишини ўйлаб ташвишга тушгандик. Хайрият, февралнинг илк кунларидан изини узмай қор ёғишни бошлади.
Шундай изғиринли қор ёғаётган кунларнинг бирида яйловдан ташвишли хабар келди, бир отар қўй, чўпон-чўлиғи билан дом-дараксиз кетган эмиш. Ҳамма оёққа турди. Чор тарафга тарқаб изладик, натижа бермади, бўронда тумшуғингнинг остидан узоқни кўролмайсан. Ярим тун шу отарнинг ўтовига тўпландик.
– Энди нима бўлади, қўйлар-ку садқаисар, одамлар музлаб қолмасмикин, – барчамизнинг тилимиз учида турган саволни ўртага ташлади кимдир.
Биримиз олиб, биримиз қўйиб, адашган чўпон-чўлиқларга салкам аза очиб турганимизда бармоқ букиб нималарнидир ҳисоб-китоб қилиб ўтирган Султонёз Қурбонов бамайлихотир сўз очди, кўп сингир одам эди раҳматли:
– Буниси уларнинг ўзига боғлиқ, тун яримигача тинмай сурувга сурум бериб, кейин ухлаб қолишган бўлса, ҳам жин чалмайди, ернинг тафти илитиб, омон қолишларига ёрдам беради.
– Шундай изғиринда-я? – ишонқирамадик у кишининг айтганларига.
– Адашмасам, бу кун февралнинг саккизинчи куни-я, – бир-бир юзимизга қаради Султонёз ака.
– Шундай, шундай, – дедик ниманингдир илинжида.
– Насиб этса, ярим тун қантар оғади, қантар оққандан кейин эса ер бағри исийди.
Дарҳақиқат, тонг азонлаб майдонлашга чиққан шерикларимиздан бири шундайгина ўтовга яқин жойда сурув ҳамда чўпон-чўлиқлар ғуж бўлиб ётишгани хабарини келтирди. Шоша-пиша унинг изига тушдик. Бориб қарасак, чўпон-чўлиқлар қалтириб туришган бўлса-да, соғ-омон, сурув бут экан. Уларни ернинг юзага урган ички ҳарорати муқаррар ҳалокатдан асраб қолган, қантар оққан кун эди...
5
Нурмамат бобонинг гап халтаси очилса, турган-битгани ҳикмат, янгидан-янги ибратли воқеалар чиқиб келаверади:
– 1969 йили феврал ойининг илк кунларидан бири эди, эрталабдан кўкни лак-лак қора булутлар қоплаб олганидан севинчим чексиз. Майдаланган хашак тиғиз жойланган тележка тиркалган трактор кабинасида олис яйловлардан бирига йўл олдик. У пайтлар чўл тугул, қишлоқда ҳам асфалт йўллар йўқ, қум тепалар ичига кириб борганинг сайин эгри-бугри йўллар бири иккинчисини кесиб ўтади, бораётган манзилининг ҳадисини олмаган киши овораю сарсон бўлиб адашиши ҳеч гап эмас. Бунинг устига, элакдан эланган ундек ёға бошлаган қор кўп ўтмай забтига олиб, уч-тўрт қадам нарини илғаб бўлмайдиган даражага етди.
“Бироз тезликни оширмасангиз, ҳадемай йўлни топиш амримаҳол бўлиб қолади, шекилли” – шошилтираман тракторчи йигитни. “Энг юқори тезликда боряпман, ундан ортиғига имконимиз йўқ”, дейди у. Хуллас, қанча уринмайлик, олға боришга имкон қолмади, совуқнинг забтидан ерга тушган қор музга айланиб борар, ҳосил бўлган сирпанчиқда трактор баланд қирларга ўрлаб чиқолмас, адашиб кетиш хавфи ортиб борарди. “Бўпти, орқага бур, қуёш қораймасдан қишлоққа етиб олайлик, эртага бир гап бўлар”, дедим чорасизликдан.
Йўлда сурувни бўронга қарши суришга уринаётган Рашид чўпонга дуч келдик. “Нима бўлди, нега сурувни ёғинга қарши ҳайдамоқчи бўляпсан”, деб сўрадим ундан. “Эрталаб ёғингарчилик бўлмайдигандек кўринганди, ўтовдан сал узоқлашиб кетибман”, дея гуноҳкорона минғирлади бош чўпон. “Неча йилдан буён қўй боқяпсиз?” “Йигирма йилча бўлди, сурув изидан юрганимга”. “Наҳот шунча йиллик тажриба билан об-ҳаво ўзгариб турган вақт қўйларни шамол йўналишига ҳайдамаслик кераклигини билмасанг” – жиғибийроним чиқди.
Чўпон, тракторчи, учовлашиб икки-уч соат табиий офат билан курашиб, жон азобида сурувни отарга етказиб келдик. Бу маҳал Рашиднинг ёнашик чўпони – Жумагелди Вазиров аллақачон қўйларини қўтонга қамаб, чой ичиб ўтирган экан. Чўпонлар билан бир пиёла чой ичиб, тележкага ортилган хашакни тушириб, қишлоққа қайтдик...
6
...Феврал ойининг яна бир тонги набирамнинг шодон қийқириғидан уйғониб кетдим:
– Бобо, туринг, қор ёғяпти, пахтадек момиқ, оппоқ қор.
Набирам айтган оппоқ қор аллақачон ер юзасини қоплаган, кичик чилла ўз амалини бошлаб юборганди...
Абдунаби АБДИЕВ
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ