Адабиёт
“Сайқали рўйи замин аст” яъни “Ер юзининг сайқали” ҳатто мустамлакачи Чор Россияси Туркистонни зулм ва истибдод исканжасида ушлаб турган даврларда-да ўзбек халқини узлуксиз етук тараққийпарвар зиёлилар билан таъминлаб турди. Самарқандда маданият ва халқ маорифининг ривожланишига катта ҳисса қўшган моҳир жамоатчи, атоқли педагоглардан бири Исматулла Раҳматуллаев ҳам ана шундай пешқадам зиёлилардан бири эди.
Исматулла Раҳматуллаев 1883 йилда Самарқанд шаҳрининг Ражабамин қишлоғида камбағал боғбон оиласида туғилган. Унинг отаси шу қишлоқдаги бойларнинг узумзорлари ва боғларида ёлланиб ишлаган.
Атоқли олим М.Фаттоевнинг маълумот беришича, Исматулла Раҳматуллаевнинг савод чиқариши ва етук педагог бўлишида Абдуқодир Шакурий оиласининг ҳиссаси катта бўлган. Жумладан, ёш Исматуллага хат-саводни Абдуқодир Шакурийнинг онаси Боби Розия ўргатган эди.
Абдуқодир Шакурий
Исматулла эски мактабни тугатиб, 1901 йилда илғор педагоглардан бири томонидан ташкил этилган янги усул мактабида ўқийди. Мактабни мувафаққиятли тамомлаб, 1905 йилдан бошлаб машҳур педагог Абдуқодир Шакурий томонидан асос солинган янги усулдаги мактабга ўқитувчи сифатида ишга қабул қилинади ва айни пайтда рус педагоги Стачков томонидан Самарқанд шаҳрида ташкил қилинган рус-тузем мактабида ҳам таҳсил ола бошлайди. Исматулла Раҳматуллаев ушбу мактабда рус тили, математика, геометрия ва география каби фанларни ўрганади. Кейинчалик у Абдуқодир Шакурий билан бирга Қўқон шаҳрига бориб, у ерда очилган янги усулдаги матаблар билан, шунингдек, қўқон тараққийпарварларининг етук шахсиятларидан бири бўлган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билан танишади.
Алоҳида таъкидлаш ўринлики, Шакурий мактабида тожик ва ўзбек болалари бирга ўқитилар эди. Бу ерда тожик тили асосий тил ҳисобланар, боланинг саводи чиққач, ўзбек ва тожик тилларида ёзилган китоблар ўқитилар эди. Шу билан бир қаторда, ўқувчиларни озарбойжон ва татар адабиёти намуналари билан таништириш мақсадида шу тилларда ёзилган айрим парчалар ҳам ўқитилар эди.
Самарқанддаги жадид мактаби. Марказда Абдуқодир Шакурий ва Исматулла Раҳматуллаев
Шакурий ва Исматулла Раҳматуллаевлар ўз ўқувчилари учун бир йилда бир марта имтиҳон уюштирарди. Имтиҳонда у ота-оналар олдида ўқувчилар билимининг натижаларини намойиш қилдирар, ота-оналар эса ўз болаларининг қисқа муддат ичида хат-саводли, ҳисоб, география ва тиббиётдан маълумотга эга бўлганини кўриб ҳайратланардилар.
Шакурий мактабининг шуҳрати кенг тарқала бошлади, Ўрта Осиёдаги бошқа маърифатпарвар кишиларнинг диққатини жалб этди. Ўз навбатида ушбу мактабнинг бутун Туркистон бўйлаб шуҳрат қозонишида Исматулла Раҳматуллаев ҳам ўзининг катта ҳиссасини қўша олди.
Исматулла Раҳматуллаев бу даврда Абдуқодир Шакурий мактабида ўқитувчилик қилиш билан бир қаторда, янги усулдаги мактаблар учун янги дарсликлар, ўқиш китоблари, алифбе тузиш ва нашр этиш билан ҳам шуғулланади. Жумладан, 1907 йилда Абдуқодир Шакурий томонидан II синфлар учун тузилган “Жомеул ҳикоят” ўқиш китобининг нашр эттирилишида Исматулла Раҳматуллаев бевосита иштирок этди.
Исматулла Раҳматуллаев Октябрь инқилобини аксарият ўзбек зиёлилари каби хурсандчилик билан кутиб олди, у ушбу инқилобда Туркистоннинг озодлигини кўрди, юртнинг, жумладан, миллатнинг келгуси тақдири энди ёруғ бўлишига умид қилди. Шу сабабли ҳам у инқилобдан сўнг Самарқанддаги халқ маорифи органларида раҳбарлик лавозимларида ишлаб, маориф соҳасида катта ташкилотчилик ишларини олиб борди. У совет ҳукуматининг назарига тушиб Самарқанд халқ маорифи бўлимининг ўзбек, тожик ва бошқа маҳаллий мактаблар сектори бошлиғи этиб тайинланди.
Исматулла Раҳматуллаев 1918–1922 йилларда Самарқандда ўзбек ва тожик мактабларини ташкил қилиш ва уларнинг ишини ривожлантириш йўлида катта ишларни олиб борди. “Самарқанд овози” газетасининг маълумотларига қараганда Исматулла Раҳматуллаев 1919 йилнинг ўзида Самарқанд шаҳрида 35 та янги мактабни ташкил этишда фаоллик кўрсатган.
Самарқанддаги жадид мактабида Исматулла Раҳматуллаев ўқувчилари билан.
Шу билан бирга Исматулла Раҳматуллаев Самарқандда маҳаллий аҳолидан педагог кадрлар тайёрлаш ишига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган тараққийпарварлардан ҳисобланади. У 1922 йилгача маҳаллий ўқитувчилар тайёрлайдиган қисқа муддатли курслар ташкил этиш ишига раҳбарлик қилди ва бу соҳада ўз қобилиятини янада тўлиқ намоён эта олди. У 1922 йилдан то 1926 йилгача Самарқанд шаҳрида ташкил этилган “Билим юрти” директори ва ўқитувчиси вазифасида фаолият олиб борди. Маълумки, Исматулла Раҳматуллаев раҳбарлигидаги ушбу билим юрти фақатгина ўқитувчилар тайёрлайдиган ўқув даргоҳигина эмас, балки бу гуруҳ ўзбек зиёлилар табақасини етиштириб берган таълим уйи ҳам эди.
Исматулла Раҳматуллаев юзлаб ёш мутахассисларни тайёрлаб, вояга етказди. Уларнинг кўпчилиги кейинчалик фан, маданият, адабиёт ва халқ хўжалиги соҳаларида кўзга кўринган машҳур кишилар бўлиб етишдилар. Жумладан, Исматулла Раҳматуллаев етиштириб берган шахсиятлар ичида шоир Ҳамид Олимжон, бастакор Толибжон Содиқов, академик А.Баҳоваддинов, профессор З.Ражабов, фалсафа фанлари номзоди М.Ҳақбердиев, доцент И.Шербоев, Республикада хизмат кўрсатган ўқитувчилар М.Узоқов, Н.Валихўжаев, Х.Ҳодизода ва М.Саломзода кабилар бор эди.
1925 йилда ЎзССР ташкил этилгач Исматулла Раҳматуллаев ЎзССР халқ маорифи комиссарияти қошидаги илмий марказда меҳнат қилган ҳолда, ўзбек ва тожик мактаблари учун дарсликлар тузиш ҳамда уларни таҳрир қилиш ишларига катта ҳисса қўшади.
1926 йилда ЎзССРда биринчи марта “Ўзбек Давлат Китоб палатаси” ташкил этилиб, Исматулла Раҳматуллаев унга директор қилиб тайинланди. У ушбу муассасада 1933 йилгача қизғин фаолият олиб борган ва катта илмий-библиографик ишларни амалга оширди.
Исматулла Раҳматуллаев Абдуқодир Шакурий мактабида катта билим ва педагогик тажриба орттиргандан кейин, Садриддин Айний ва Шакурийларнинг маслаҳати билан ўзи мустақил равишда Регистон кўчасида янги усулдаги мактабини очди. Бу мактабда у диний ва дунёвий фанлар билан бирга, рус тилидан ҳам болаларга сабоқ берди.
У 1915 йилда педагогик тажрибаларига таянган ҳолда, қолаверса, илғор рус педагоглари ва ёзувчилари бўлмиш К.Д.Ушинский ва Л.Н.Толстойлар таъсири остида “Алифбе таълими” (Алифбе таълими ёхуд раҳбари мактаб) китобини ёзади.
Исматулла Раҳматуллаев ўз хотираларида ушбу китобни тузиш ва таҳрир этишда адиб Садриддин Айнийнинг катта ёрдам берганлигини алоҳида қайд этиб ўтган.
“Алифбе таълими” (Алифбе таълими ёхуд раҳбари мактаб) китобининг муқоваси. Тошкент, 1915 йил.
Китобнинг кириш қисмида муаллиф Исматулла Раҳматуллаев тез ва осонлик билан саводли бўлиш борасида ўзининг маслаҳатларини ёш ўқувчиларга берган ҳолда “Ҳар бир саводсиз киши ғайрат ва тиришқоқлик билан ушбу алифбодан фойдаланса, озгина вақт ичида ўқийдиган ва ёзадиган бўлиб қолади” деб таъкидлаган. Қайд этиш керакки, китоб товуш-ҳарф методи асосида ёзилган бўлиб шу боисдан ҳам болалар тез фурсатда саводли бўла олишган.
Шу билан бирга, муаллиф томонидан китобнинг муқова қисмига: “Жоҳил фарзанднинг гуноҳи ота-онанинг зиммасидадир” ва “Билим – ёруғликдир, нодонлик – қоронғуликдир” каби ибратли сўзлар ёзилган.
Исматулла Раҳматуллаевнинг ушбу китоби 46 бетдан иборат бўлиб, 90 соат дарс учун мўлжалланган эди. Алифбо анализ ва синтез методи асосида тузилган бўлиб, у ўзлаштирилиши осон бўлган товуш ва ҳарфлар билан бошланиб, кейин мураккаброқ маълумотлар билан якунланади.
Алифбо 3 қисмдан иборат. Биринчи қисмда ҳарф элементларини ёзиш бўйича машқлар, иккинчи қисмда ҳарфларнинг турли кўринишлари ва учинчи қисмда тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ҳикоя ва шеърлар берилган.
Муаллиф дастлаб, ўқувчиларга араб ҳарфларининг ёзилиши ва ўқилиш турлари, ҳамда ҳарфларнинг сўз боши, ўртаси ва охирида келадиган шакллари хусусида маълумот беради. Шундан сўнг аста-секинлик билан ҳарфлар воситасида кичик-кичик сўзлар келтиради ва болаларни шу орқали осондан мураккаб вазифалар томон илгарилатиб боради. Муаллиф ҳар бир дарс учун кичик матнлар келтиради. Жумладан, китобнинг 28-саҳифасида келтирилган “Сув” сарлавҳалик матнда сувнинг ҳаёт учун, қишлоқ хўжалиги ва умуман ободончилик аҳамияти тушунтирилади: “Сувни ичамиз ва у билан покланамиз. Тегирмонларни сув юргизади. Сабзавотчилик ва деҳқончилик сув орқали ҳосил қилинади. Сув ободончилик воситасидир”. Шу билан бирга муаллиф ўқувчиларни сувни исроф қилмасликка чақиради.
Шунингдек, билим ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлган “Тўрт фасл” номли қисқа мақолача ҳам ушбу китобдан ўрин олган. Исматулла Раҳматуллаев ушбу мақолачада “Бир йил тўрт фаслдан иборат – баҳор, ёз, куз ва қиш. Ҳар йил ўн икки ойдан иборат. Бир ҳафта етти кундир. Бир кеча-кундуз 24 соат, бир соат 60 минутдан иборатдир. Ҳар бир дақиқани ғанимат билиб ўқиш ва ўрганиш керак”. Яққол кўриниб турибдики, муаллиф вақт тушунчаси тўғрисидаги маълумотларни шунчаки келтириб қўймасдан, ўзининг фикрини ибратли мулоҳазалар билан якунлаган. Натижада, болалар бундай турдаги матнларни ўқиш асносида ҳаётий хулосалар чиқариш қобилиятига ҳам эга бўлиб боришган.
Алоҳида қайд этиш керакки, Исматулла Раҳматуллаев шу даврларда Туркистон мусулмонлари ичида кенг тарқалган “Муаллими соний” асарининг муаллифи Аҳмад Ҳодий Мақсудийнинг тажрибаларини пухта ўрганган ҳолда, келгусида унинг китобидаги бази камчиликларни тўлдирди. Барчамизга яхши маълумки, араб алифбосида баъзи ҳарфлар тўрт хил кўринишда ёзилади. Масалан, “З” ва “С” ҳарфлари. Исматулла Раҳматуллаев етук педагог сифатида ўз китобининг 32-саҳифасидаги 60-дарсда араб ёзувининг бу хусусиятлари тўғрисида батафсил мулоҳазалар келтириб, бу ҳарфларнинг қандай сўзларда қачон ишлатилишини тушунтириб беради. Натижада, болалар ҳарфларни осонлик билан ўзлаштиришларига имконият яратилган. Демак, Исматулла Раҳматуллаев бу борада Аҳмад Ҳодий Мақсудийдан ҳам юқорилаган эди.
Исматулла Раҳматуллаев кейинчалик Самарқандда ташкил этилган “Билим юртининг директори бўлиб ҳам ишлади. У ўша вақтларда мусиқа дарсини ўқитишни тараққийпарварлар ичида биринчи маротаба ўқув дастурига киритади. Ушбу йўлда у машҳур халқ хофизларини ўқитувчи сифатида билим юртига ишга таклиф этади.
1937 йилнинг ёзида НКВД ходимларининг хатти-ҳаракатлари билан собиқ советлар мамлакати жаҳаннамга айланди. Ҳар куни ярим кечада “қора қўнғизлар” истаган хонадон эшигига бориб, истаганни босиб олиб кетадилар. 1937 йилнинг 19 август куни Самарқанднинг Сўфи Раззоқ кўчасидаги хонадон эшиги ҳам ярим кечада тақиллайди.
Хонадон соҳиби Исматулла Раҳматуллаев эски шаҳардаги Беҳбудий номли кутубхона мудири, маърифат фидоийларидан бири эди. Марҳум ва атоқли олим, академик Наим Каримовнинг таъбири билан айтганда “Китоб варақлаш ва мумтоз шоирларнинг асарларини мутолаа қилишдан бошқа нарсани билмаган мўмин-мусулмон киши бирпасда аскилинқилобий “Миллий иттиҳод” ташкилотининг аъзосига чиқарилди”.
1937 йилнинг 4 сентябрида бўлиб ўтган сўроқ пайтида маҳбус Исматулла Раҳматуллаев терговчининг саволига жавоб бериб: “Менинг бўйнимга қўйилган айбни тан олмайман, чунки ҳеч қачон “Миллий иттиҳод” ташкилотининг аъзоси бўлмаганман. Совет ҳокимиятига қарши тарғибот ишларини олиб бормаганман, бирорта миллатчилик ва аксилинқилобчилик йўналишидаги сиёсий фирқаларнинг яқинига ҳам бормаганман. Мен “Нашри маориф” ва “Анжумани маориф” маданий-маърифий жамиятларининг аъзоси бўлганман, холос… Бу ҳар иккала жамиятда ҳайъат аъзоси эдим. Ва ҳайъат аъзоси сифатида менга иккинчи босқич мактабини очиш вазифаси топширилган эди. Бошқа бирорта вазифа менга топширилмаган” деб таъкидлаган.
Терговчи мудҳиш мақсадига эришиш учун Исматулла Раҳматуллаевни авраш, тинимсиз сўроқ қилиш ва қийнашда давом этади. 7 октябрь куни бўлиб ўтган сўроқда маҳбус унинг талаби билан янги маълумотни беради: “Ха, – дейди у, – чиндан ҳам 1914 йилдан 1917 йилга қадар бўлган вақтда менинг усули жадид қабилидаги мактабим бўлган. Мен бу мактабни “Дорул адаб” (Одоб уйи – М.Алижонов) деб атаган эдим”.
Наим Каримовнинг қайд этишича, орадан йигирма беш кун ўтгач терговчи жадидчилик ҳаракатидан хабардор кишилардан бири – 64 яшар қозини сўроқ қилиб, дўқ-пўписа билан ундан қуйидаги маълумотларни олди ҳамда уни ўз таҳрир ва талқинида сўроқномага тушурди:
“Подшо Николай ҳукмронлигининг сўнгги йилларида Самарқандда кучли жадидчилик ҳаракати бўлган. Бу ҳаракатнинг тепасида таниқли миллатчи Беҳбудий, Мардонқул Шокиров, Акобил Махсум Шомансуров ва бошқалар туришган. Февраль буржуа-демократик инқилобидан кейин жадидлар мустақил миллий давлатни барпо этиш йўлида иш олиб бордилар. Октябрь социалистик инқилобидан кейин эса жадидлар лагеридан “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий миллатчилик ташкилоти ажралиб чиқди. Мен шу нарсадан хабардорманки, мазкур “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий миллатчилик ташкилоти Совет ҳокимиятига қарши тахминан 1923-1924-йилларга қадар кураш олиб борди. Шундан кейин мен бу ташкилотдан узоқлашдим… ўша пайтда “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий миллатчилик ташкилоти аъзолари қуйидагилар эди: Акобил Шомансуров (ўлдирилган), Шакурий Абдуқодир, Раҳмонбердиев Топилди, Абусаидов қози Ҳайдарбек, Раҳматуллаев Исматулла…”. Бу маълумот маҳбусдан зўравонлик йўли билан олингани, терговчи томонидан сохталаштирилган ҳолда сўроқ баённомасига тиркалганига қарамай, 1937 йилда яратилган шароитда нафақат Исматулла Раҳматуллаев, балки юқорида тилган олинган бошқа самарқандлик зиёлиларни ҳам омматан қамоққа олиш ва қириб ташлаш учун етарли эди. Аслида ҳам шундай бўлди.
Атоқли маърифатпарвар, моҳир педагог бўлмиш Исматулла Раҳматуллаев 1937 йил 28 октябрда 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди. У қамоқ муддатини ўташ учун Улан-Удега – НКВДнинг Жанубий лагерлар бошқармаси ихтиёрига юборилди ва 42-колоннанинг маҳбуси сифатида қора ва ўта оғир ишларни бажаришга мажбурланди.
Ўзининг айбсизлигига тўла амин бўлган Исматулла Раҳматуллаев тушкунликка тушмасдан, озод этишларини сўраб сабаб ва мантиқий далиллар кўрсатилган қатор аризалар ёзди. Натижада, у 42-колонна лагеридан озод этилиб, жазонинг қолган муддатини ўташ учун Красногвардейскийдаги темирйўл бекатига ишга юборилди. Аммо 50-йиллар арафасида бошланган қатағоннинг навбатдаги тўлқини уни яна Шимолий Қозоғистоннинг Петрапавловский вилоятидаги лагерга олиб кетди.
Ўша йилларнинг даҳшатли манзараси хусусида Исматулла Раҳматуллаевнинг қизи, қирқ йил мактабларда муаллимлик қилган филолог-мураббий Холида Рахматуллаева қуйидагиларни хотирлайди: “Отам ниҳоятда келишган, кўркам инсон эди. Характерлари юмшоқ табиатли, болаларни яхши кўрувчи, айниқса уларга таълим беришни севувчи шахс эди. Отам ўзи асос солган “Дорул-одоб” номли мактабини ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида ҳатто Қиримга ҳам бориб жадидчилик ҳаракатининг етук вакилларидан бири бўлган Исмоил Гаспирали билан кўришиб, у билан бу тўғрида суҳбатлашган. Ҳатто, илк глобусни ҳам менинг отам Туркистонга олиб келган эди. Афсуски, даҳшатли қатағон даври бизни отамиздан анча йиллар айро ҳолда тутди. Отам 1937 йилда қамоққа олингач, қарийб ўн йил мобайнида минг бир азоб-уқубатлар ичра совет лагерларида меҳнат қилди. Ўн йилдан сўнг, жазо муддатини ўтаб лагердан қайтиб келгач, “Энди хотиржам яшаймиз, отам ҳар доим биз билан бирга бўлади, энди уни ҳеч ким олиб кетмайди” деб ўйлар эдим. Афсуски, 1949 йилда отамни яна олиб кетишди. Ўша қора кун ҳамон эсимда. Отам шу куни “Мана энди лагердан қайтиб келдим, энди уйни таъмирлайман деб” лой қораётган эдилар. Шунда эшик тақиллаб, уч-тўртта ҳарбий кийимдаги шахслар кириб келди. Уларни кўриб юрагим увишди. Улар отамни ҳисбга олишди, бизлар эса ортларидан дод деб қолавердик...
Яна шу мудҳиш воқеа эсимга келади, ўша йиллари (1949 йил) мен 19 ёшда САГУ (Ўрта Осиё Давлат университети) филология факультетининг 2-курс талабаси эдим. Отамни яна Сибирга сургун қилишадими деб, онам билан иссиқ кийимлар, пайпоқ, оқ рўмолчага туршак, майиз, нонни ўраб олиб ҳар куни қайта-қайта қамоқхона маҳкамасига борардик, лекин дадам учун олиб борган нарсаларни ҳам беролмасдан, йиғлаб-йиғлаб уйга қайтардик. Бир куни соқчиларнинг бири бизга раҳми келдими, билмадим, мени секин чақириб, эртага эрталаб барча ҳибсга олинганлар, жумладан менинг отамнинг ҳам поездда бошқа ерга юборилишини, шу вақтда уни кўришимиз, қўлимиздаги иссиқ кийимларни бера олишишимиз мумкинлигини айтди. Ўша куни отамни кўра олиш умиди билан хурсандлигимиздан мижжа қоқмадик, тезроқ тун ўтиб, кун ёришишини кутардик, вақт ҳам биз каби, мудҳиш воқеалардан ҳолсизланиб қолгандай, жуда секин ҳаракатланарди гўё... Ва ниҳоят тонг отди, биз она-бола шошганимизча яна қамоқхона томон йўл олдик. Ўша даҳшатли жойга яқинлашар эканмиз, атрофни от минган пиёда аскарлар ўраб олганини ва ҳеч кимни у томонга йўлатмаётганини кўрдик. Энди нима қиламиз, қўлимиздаги тугунни отамизга қандай берамиз, деб хафа бўлиб турганимизда бирданига бир эшалонга чамаси 50–100 та маҳбуснинг қаттиқ шовқин билан олиб чиқилиши, атрофдаги отлар ҳам бу ҳолатдан пишқириб, атроф чангга буркангани ва шу ҳолатда тезда отамни излашга тушганимни эслайман. Онам ва мен кўзларимиз тўрт бўлиб турган бир пайтда, отам ўзлари бизни кўриб, “қизим” деб чақирганлари ҳали ҳам қулоғимда жаранглайди, кўз олдимдан кетмайди. Дадамга нарсаларни беришим керак деб, ўзимни улар томонга ураман, бироқ атрофдаги зобитлар мени яна орқага итарадилар. Қўлимдаги нарсалар ҳам ерга тушиб, ночорликдан отамни излашга тушаман... Ота меҳрига, дийдорига энди тўяй деганда, тақдир бизни яна ўн йилга айирди”.
Исматулла Раҳматуллаевнинг невараси, филология фанлари номзоди, доцент, жадидшунос олима Хуршида Жалилованинг қуйидаги хотиралари қатағон даврининг қора кўланкалари унинг қалбига яна узоқ йиллар соя ташлаб турганлигини кўрсатади: “1935 йил маориф соҳасида педагогик фаолиятининг 35 йиллиги муносабати билан “Меҳнат қаҳрамони” унвонини олган маърифатпарвар бобомга 1937 йил августида “Халқ душмани” деган тамға қўйилди. Онамнинг айтишларича, Шакурий домланинг ҳибсга олинганлигини эшитган бувим, қўрқувдан тинтувда бобомга қарши далил бўлиши мумкин бўлган барча қўлёзмалар, хусусан, уларнинг 1903–1911 йиллар оралиғида Шакурий домла билан жадид мактабларини ўрганиш мақсадида Оренбург, Қозон, Қирим ва Истанбул шаҳарларига қилган сафарлари қайд этилган кундаликлари, уйдаги Қуръондан ташқари барча китобларни қопларга солиб, ярим тунда Кўш Ховузга ташлаб келганларини, айримлари гулханга айланганини кўп эслардилар. Мен эса, 8 ёшлик қизалоқ у пайтларда гарчи онамнинг ёнларида бўлсам ҳам, бунинг сабабларини тушунмасдим. Лекин ўша даҳшатли манзара, қўрқув умрим давомида хотирамда, қалбимда мустаҳкам жойлашиб олган, дерди онам. Икки марта ноҳақ қамалиб, “Халқ душмани” деб айбланган бобомнинг 1957 йил реабилитация қилиниши ҳам улардаги бу қўрқувдан халос бўлишга ёрдам бермади, чунки уларда бу тизимга нисбатан ишонч синдирилган, ўлдирилган эди... Фақат мустақилликка эришганимиздагина онам ва уларнинг Самарқанддаги укалари, опалари бобомнинг руҳларини шод қилай деб, уларнинг номини ҳақиқатдан оқлашга, эзгу ишларини юзага чиқаришга бел боғлаганлар... Самарқанддаги Қизил Равот кўчаси, бобом асос солган билим юрти уларнинг номлари билан юритила бошлади. Ўзбек жадидшунос олимлари Шерали Турдиев, Наим Каримовлар билан боғланиб, ўзларидаги маълумотларни уларга етказганлар. Натижада, бобомнинг 120 йиллик юбилейлари Самарқандда ташкил этилди. Лекин ҳозирги кунда жадид адабиёти бўйича янги изланишлар олиб борилиши сабабли, Исматулла Раҳматуллаев ҳаёти ва фаолиятининг янги қирралари, янги фактлар юзага чиқмоқда.”
Хуллас, халқимизнинг зиёли фарзандларидан бири, етук педагог ва олим Исматулла Раҳматуллаев ҳаётининг қарийб 18 йилини қатағоннинг жабру жафоларини чеккан ҳолда ўтказди.
Исматулла Раҳматуллаев 1957 йилда оқланган. 1962 йилда вафот этган.
Нашрга тайёрловчи: Муслимбек АЛИЖОНОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхати
1. Фаттоев М. Aтоқли педагогларимиз. Т.: “Ўқитувчи” нашриёти. 1988. – Б. 52.
2. Раҳматуллаев И. Алифбо таълими. – Т.: 1915. – Б. 46.
3. Каримов Н. 42-колонна маҳбуси // “Тошкент ҳафтаномаси” газетаси. 2002 йил 8 август сони.
4. Амридинова Д. Самарқанд жадидчилик мактаби. Монография. – Тошкент: “Наврўз” нашриёти ДУК. – 2017. – Б. 124.
5. Голос Самарканда. 27 июня 1919 года.
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ