Мустабид тузум даврида суратга олинган “Бобур” сериали сабоқлари


Сақлаш
09:02 / 19.02.2024 213 0

Бир асар тарихи

 

Мустабид тузумда ўз юрти тарихи ҳақида бадиий асар ёзишга бел боғлаган шоир, ёзувчи борки икки ўт орасида қовуриларди. Бир томонда ҳақиқат тиғи, иккинчи томонда “дорнинг оғочи”... “Навоий” романи Ойбекни, “Мирзо Улуғбек” драмаси  М.Шайхзодани, Ибн Сино, Беруний, Форобий каби буюк алломаларга бағишланган “Жайҳун устида булутлар” китоби Миркарим Осимни, “Улуғбек хазинаси” романи Одил Ёқубовни мана шу икки ўт орасига ташлагани каби, Пиримқул Қодиров ҳам Бобурга бағишланган асари  учун не савдоларни бошдан ўтказмаган, дейсиз. Бу асарлар асосида кино ёки телефильм суратга олиш эса ундан-да оғир эди. Oyina.uz навбатдаги “Бир асар тарихи” рукнида “Юлдузли тунлар” романи ва у асосда яратилган кўп қисмли телевизион фильм тарихига тўхталади.

 

Роман ҳақиқатлари

 

“Юлдузли тунлар” тарихий романи 1972 йилда ёзиб тугалланган бўлса-да, унинг нашр этилишига олти йил тўсқинлик бўлди.  Бу ҳақда муаллифнинг ўзи асарнинг мустақиллик йилларида қайта нашри сўз бошисида шундай ёзган эди: “1979-йилда раҳматли Шароф Рашидовнинг ёрдами билан роман китоб бўлиб чиқди. 1981- йилда унга Давлат мукофоти ҳам берилганлиги мустабид тузум золимларининг қаҳрини келтирган бўлса керак. Улар “пахта иши”, “ўзбек иши” деган даҳшатли туҳматлар даврида Амир Темур ва Бобур мирзога қарши янги ҳужумлар уюштириб, мени ҳам роман билан бирга лойқа селлар гирдобига тортиб туширишга уриниб кўрдилар”.

 

Асосан “Бобурнома”га таянган Пиримқул Қодиров фақат ва фақат ҳақиқатга суянишга, Бобур шахсига мустабид тузум кўрсатмаларига кўра “босқинчи” шоҳ ниқобини ёпиштирмасликка, шу билан бирга Бобурни ҳаддан ортиқ идеаллаштирмасликка ҳаракат қилди. Шунинг учун ҳам бу асар ҳанузгача тарихий фактларга бойлиги, ҳақиқат ва  бадиий тўқима мувозанатини сақлаганлиги билан эътироф этилади.

 

“Юлдузли тунлар” нашр этилганидан сўнг асарнинг шуҳрати катта бўлди. Асар тарихий биографик роман ихлосмандлари орасида қўлма қўл ўқилди. Тарихга ҳақиқатпарвар ёзувчи нигоҳи ила холис баҳо берилгани сабабли роман халқнинг севимли асарига айланди, адабиётшунос ва тарихчилар томонидан юксак баҳосини олди. Асарни варақласак, 1494 йилдан 1530 йиллар оралиғидаги жуда катта ҳажмдаги тарихий воқелик Пиримқул Қодировнинг юксак бадиий маҳорати билан ифодалангани гувоҳи бўламиз.

 

12 ёшида отаси Умаршайх мирзонинг бевақт ўлимидан сўнг тахтга ўтиришга мажбур бўлган Бобурни беклар ўз томонларига оғдиришга ҳаракат қилишлари, ўгай укаси – ўзидан икки ёш кичик Жаҳонгир мирзони унга қарши қўйишлари, ғалаба у томонда бўлганда уни алқашларию, мағлубиятга учраса хоинлик қилишлари, Шайбонийхон темурийларнинг сўнгги авлодларини бирма бир йўқ қилиши, Бобурнинг бошига олтин ваъда этилиши, Самарқанд қамалида  опаси Хонзода бегим ўзини қурбон қилиб, укасини асраб қолиши воқеалари тарихнинг ўзи чалкаш драматик воқеликларга бойлигини исбот этади.

 

Мазкур асар орқали Бобур ўзбек халқининг чин қаҳрамони бўлиб бўй кўрсатган эди. Асарни ўқиган ҳар ўқувчи қалбини фахр ва ифтихор ҳисси қамраб олади. “Юлдузли тунлар”нинг нашри Бобур ижодига, “Бобурнома”га  бўлган қизиқишни кучайтириб юборган  бўлса, “Бобур” сериалининг  намойиши бу қизиқиш ва муҳаббатни юз чандон оширди.

 

“Бобур” телесериали тарихи

 

1990 йилда Ўзбекистон ҳали собиқ совет  мамлакатлари таркибидан чиқмаган бир пайтда “Бобур” телевизион кўп қисмли фильмининг намойиш этилиши жуда катта воқеа бўлди. Аслида бу видеофильм устида 1984 йилда иш бошланган эди. Аммо, айрим сабабларга кўра жараён тўхтаб қолади. Мақсуд Юнусов интервьюлардан бирида “Бобур” сериалининг эпизодларидан бирини суратга олиб, ёзувчи Пиримқул Қодировга кўрсатганини, ёзувчи телережиссёрнинг меҳнатларини қадрлаган ҳолда, ўзининг қимматли маслаҳатларини ҳам аямаганини айтиб ўтган.

 

“Бобур” сериалига қадар халққа манзур бўлган бир неча телевизион фильмлар суратга олган Мақсуд Юнусовнинг ижодий тажрибаси катта эди. Режиссёр “Юлдузли тунлар” романини инсценировка қилиб, телесценарий ёзади. Республиканинг барча шаҳар ва вилоят театрларидан актёрларни танлайди. Узоқ муддат тайёргарликдан сўнг, ўша вақтда Сурхондарё вилоят театрида ишлаётган Муҳаммадали Абдуқундузовга Бобур ролини ишониб топширади.

 

 

Кино-телевизион бадиий асарларда муносиб бош қаҳрамон танлай олиш асарнинг 50 фоиз муваффақияти гаровидир. Мақсуд Юнусов ҳали кинофильмда ҳам роль ўйнаб кўрмаган актёрни бош ролга таклиф этиши бир қадар хавфли ҳам эди. Чунки, театр саҳнаси билан актёр юз ифодасининг ҳар бир мимикасини рўй рост тасмага муҳрлайдиган камера орасида катта фарқ бор. Аммо, Мақсуд Юнусов нафақат бош роллар ижрочиларини, балки видеофильмдаги ҳар бир ролга театр актёрларини таклиф қилади. Актёрлар билан яккама якка ишлаган режиссёр пировардида “Бобур” сериали орқали катта муваффақиятга  эришади.

 

Бобур

 

Актёр Муҳаммадали Абдуқундузовнинг ижодий фаолиятида Бобур образи алоҳида ўринга эга. Бу образни ўзининг энг кучга тўлган даврида яратган М.Абдуқундузовни ҳанузгача томошабин ўз Бобури, деб билади. Ўзига хос овоз тембри билан ғазал ўқиган, аҳли аёлига алоҳида муомала, сарой аёнларига яна бир бошқача муомаласи билан, дўсту душманига характерининг турли қирраларида намоён бўлган Бобур – Абдуқундузов руҳиятидаги эврилишлар телесериалнинг қисмдан қисмга  ўтишда сайқалланиб боради. Режиссёр ва сценарийнавис М.Юнусов бадиий асардаги сюжет кетма кетлигига кескин ўзгартириш киритмаганлиги ва Пиримқул Қодиров қаламига мансуб диалог ва монологларни деярли ўзгартирмагани сабабли XV аср адабий туркий тилига хос нафосат, назокат ва сарой муҳитига оид кўтаринки руҳ Бобурнинг экрандаги образини ҳаққоний ва айни пайтда ҳавас қиларли даражада бадиий ифодаланишига ёрдам берган эди.  

 

Сериалнинг 1-2 қисмларида 12 ёш ва 15-17 ёш оралиғидаги икки ёш актёрларда бир оз ғўрлик, бир оз ўзига ишончсизлик ҳолатлари гувоҳи бўлсак, 3-қисмдан бошлаб Бобурдаги йигитлик шижоати, жангларда тобланган шаҳзода қатъияти бўй кўрсатади. Шу билан бирга назм ва навога бўлган кучли ҳавас Бобурнинг Самарқандни иккинчи бор қўлдан бой беришига сабаб қилиб кўрсатилади. Шунда, томошабин сифатида кўнгилдан Бобур аслида шоҳлик учун туғилмаган-да, у қалбан назм ва нафосат куйчиси деган фикр кечади. Айниқса, опаси Хонзода бегимнинг Шайбонийга сулҳ эвазига турмушга чиқиши олдидан опа ва ука суҳбати ўта таъсирли ифодаланган.  Бобур Хонзода бегим унга билдирмай Самарқанд дарвозасидан чиқиб кетганини кеч билади. Бобурнинг ноиложлик ва аламдан  азобланган қиёфасини кўриш ҳам азобли. Томошабин Бобурнинг ҳолига бир ачинса, дарвоза олдида қизининг ортидан йиғлаб қолган Қутлуғ Нигор хоним ҳолига икки ачиниб йиғлайди. Айни пайтда саройдан узоқлашиб бораётган 25 ёшли гўзал ва сарвқомат малика Хонзода бегимнинг жасоратига таҳсин ўқийди.

 

Кўплаб темурий подшоҳ ва шаҳзодалар ўз оға инилари ёки қавмлари билан тахт талашиб, бир бирининг жонига қасд қилишлари оддий ҳол бўлганини тарих тасдиқлайди. Шоҳ Бобур эса ўгай  укаси Жаҳонгир мирзога Фарғона вилоятининг ярмини бўлиб беради, опаси ва фарзандлари билан иноқликда яшайди. Ҳатто, ўғли Ҳумоюн ўлим билан олишган маҳалда Аллоҳдан ўғлининг жони ўрнига, ўз жонини олишини сўраб илтижо қилади. Ана шу тарихий факт ҳам бу видеофильмда ўзгача бир  шукуҳда ифодаланган. Сирли тарихий ҳодиса рўй бергани қайд этилган кўплаб манбаларда Бобур ўғлининг жонини сўраб бетоб Ҳумоюн боши узра айланаркан, тобора оёқларидан мадор кетиб, кучдан қолади. Мана шу саҳнада ўғли атрофида айланаётган Бобур, ҳушсиз ётган Ҳумоюн, бу ҳолни ҳайрон бўлиб кузатиб турган табиб ва бошқа аёнлар – ҳаммаси бир кадрда жамланиб, томошабинни кучли ҳаяжонга солади.

 

Бобурнинг заҳарланишига сабабчи бўлган малика Байдани тирик қолдиришга буйруқ берган Бобур – актёр М.Абдуқундузов сўзларидаги кескинлик, нигоҳларидаги учқун гўё у келажакни олдиндан кўриб тургандек,  бобурийлар авлоди 300 йилдан ортиқ Ҳиндистонда ҳукмрон бўлишини билгандек қатъият билан сўзлайди.

 

Шайбонийхон

 

“Бобур” сериалида Бобурдан кейин катта таъсир кучига  эга бўлган образ Шайбонийхон образидир. Бу рол Бухоро вилоят театри актёри Муҳаммад Рафиқовга топширилади. Айрим тарихий фактлар ва буюк мусаввир Беҳзод қаламига мансуб суратда Шайбонийхон кўркам этиб тасвирланмаган. “Бобурнома” да Бобур ҳам ғанимининг жанг бобида “пуртажрибалик” эканини тан олса ҳам, такаббур, мақтанчоқ ва ислом ақидаларига кўп ҳам амал қилмаслиги ҳақида ёзган. Булардан фарқли тарзда телесериалда Шайбонийхон хушбичим, кўркам ва ақлли инсон сифатида кўринади. Ўзининг жанговар тажрибаси, билими билан аёнлари олдида сўзамол бўлган Шайбонийхон Самарқанд тахтини жангсиз қўлга киритишда айёрлик қилади. У Султон Махмудхоннинг беваси Зуҳра бегимга сохта ишқий мактуб йўллаб, унинг ўғли Султон Али мирзони алдаб ҳузурига чорлайди. Шоҳнинг ҳийласига учган она-бола Шайбоний ва унинг аёнлари томонидан калака қилинади.

 

 

Актёр Муҳаммад Рафиқов  бу икки Самарқанднинг собиқ ҳукмдорлари сиғинган пир Хўжа Яҳёга қарата айтган гаплари эса тарихда мужмалроқ бўлган муаммоли масалалардан бирига бир оз ойдинлик киритгандек. Хусусан, Хўжа Аҳрор ҳақида у шундай дейди: “Бу мирзоларингнинг пири — сизнинг отангиз Хўжа Аҳрор эди. “Мен валийман” деб, подшоҳларга ҳукмини ўтказиб, жуда катта бойлик орттирган эди. Бизнинг хабаримиз бор, отангиздан сизга жуда кўп олтин қолған. Отангиз ўлгандан кейин, мана, ўн бир йилдан бери сиз Самарқандға руҳоний ота бўлиб юрибсиз. Сиз ҳам нафсга берилиб, жуда кўп сийму зар тўплағансиз. ...Сизнинг яна бир муридингиз аёл боши билан эр истаб келиб, пастда ўтирипти. Сизнинг қандай пирлиғингизни мана шулар кўрсатиб турипти! Сиз аввал муридларингизга хиёнат қилиб, Самарқандни Бобурга бермоқчи бўлдингиз. Кейин булар пирларига хиёнат қилиб, менинг олдимга келди. Хиёнат устига хиёнат! Бири у ёққа тортса, бири бу ёққа тортади! Подшоҳ ўзича-ю, дин раҳнамоси ўзича! Бири бирини алдайди. Бири бирининг гўштини емоқчи бўлади!”

 

1500-1510 йиллар мобайнида Мовароуннаҳрда марказлашган давлат бунёд этган ақлли ва тадбиркор Шайбонийхоннинг ўзига хос қиёфаси “Бобур” сериали орқали ажойиб талқинда намоён бўлди. Бу талқин Шайбонийхонга  бир тарафлама баҳо бериш, уни кўчманчи, саводсиз, босқинчи сифатида эмас, Бухоройи шарифда таҳсил олган, диний билимга эга, шу билан бирга жанговар ҳийлаларни кўп қўллайдиган сиёсатчи саркарда сифатида кўрсатди. Бу талқин шарқшунос ва тарихни яхши билан Пиримқул Қодировнинг қаламига мансуб бадиий воқелик бўлса-да, асосида ҳақиқат мавжудлигини кейинги вақтларда Шайбонийхон тўғрисида очиқлаётган тарихий фактлар исботлайди.

 

Тарих чархпалаги ва аёллар

 

Видеофильмда яна бир неча аёл образлари борки, барча воқеалар шу образлар атрофида бирлашади. Хусусан, Хонзодабегим, Умаршайх мирзонинг завжалари  Қутлуғ Нигор хоним, Фотима Султон, Султон Али мирзонинг онаси Зуҳра бегим, Ҳусайн Бойқаронинг беваси Хадича бегим, Бобурнинг завжалари Ойша бегим, Моҳим бегим образлари воқеалар ривожида ҳал қилувчи вазифани бажарадилар.

 

Хонзодабегим

 

Видеофильмда марказий аёл образларидан бири Хонзода бегим образидир. Бу образни талқини актриса Зуҳра Ашуровага берилди. Зуҳра Ашурова тақдир зарбаларига мардонавор чидаган ўзбек маликаси образини маромида ижро этади. Ёш ва гўзал қиёфасига монанд нафис овози, доно сўзлари Бобурни илҳомланишига, келажакка ишонишига ва ижодини ташлаб қўймасликка ундайди. 

 

 

Мавлоно меъмор Фазлиддиннинг яширин муҳаббатига бефарқ бўлмаган малика сифатида таърифланган бадиий асарда тарихий ҳақиқат мавжуд ёки йўқлиги ҳақида биз бирор бир маълумот учратмадик. Лекин “Юлдузли тунлар” да ҳам, видеофильмда ҳам  Хонзода бегим ва Фазлиддин орасидаги дардли муҳаббат тарихи томошабинни ўзига жалб этади. Хонзода бегимга Аҳмад Танбал совчи қўйганда Бобур опасининг норозилигига қарши бормаслиги, Хонзода бегим Аҳмад Танбал хоинлик қилганида жангга ўзи чиқмоқчи бўлиб мардона кийиниб олиши, уни Фазлиддин Аҳмад Танбалдан ҳимоя қилишга уриниши, меъмор Фазлиддин Хонзода бегим илтимосига кўра унинг суратини чизиши ва финалда улар иккиси Кобулда ўтмишни эслаб ғамнок бўлиши лавҳалари ниҳоятда таъсирли.

 

Тарихда жасоратли малика бўлиб ном қолдирган Хонзода бегим Самарқанд қамалидан ҳам халқни, ҳам укаси Бобурни озод қилган маликадир. У Шайбонийхоннинг сулҳ таклифи шартига рози бўлмаганида Самарқанд ичкарисидагиларнинг бари азобда қолган ва тарих чархпалаги бошқача айланган бўларди.    

 

Шайбонийхон шоҳ Исмоил томонидан енгилиб, ўлдирилгач, Бобур опаси Хонзода бегим билан қайта топишади. Манбаларга кўра, Бобур опасини узоқ айрилиқдан сўнг илк марта кўрганида танимайди. Хонзода бегим ҳам Бобурни танимайди. Видеофильмда ҳам бу саҳна телевизион имкониятлар даражасида ҳаққоний ифодаланган.  Ўн йиллик айрилиқдан сўнг Хонзодабегим образи актриса Сайёра Юнусовага топширилади. Сайёра Юнусова талқинидаги эндиги Хонзодабегим ёшлик шижоатини ғамгин нигоҳлар эгаллаган, майин табассуми ортига ўтмиш дардларини яширган малика эди.

 

 

Зуҳра Бегим

 

Актриса Маҳфуза Боботиллаева Самарқанднинг сўнгги темурий маликаси Зуҳра бегим образини яратди. Зуҳра бегим ўз номи ва хатти-ҳаракатлари тарихда қолишини ўйламаган ожиза аёл сифатида тахтни ташлаб, душмани Шайбонийхондан паноҳ сўраши ва бу билан ўғлини ҳам дунёдан эрта кўз юмишига сабабчи бўлиб қолиши томошабинни ҳайратга солади.

 

 

Шайбонийдан келган ишқ мактубини қайта қайта ўқир экан Зуҳра бегим –  М. Боботиллаева ширин хаёл оғушига чўмади. Бошқа томондан, алданаётганини тахмин қилади. Бу иккиланишлар акс этган чеҳрага боқиб, катта эҳтимол билан унинг алданаётганини томошабин сезиб туради. Аммо, барибир тарих ҳақиқатига кўра Зуҳра бегим алданади ва ўғлининг танасидан жудо бўлган бошини кўриб қон йиғлайди. Видеофильмда бу деталлар кўрсатилмаган, лекин Шайбонийхоннинг ҳийлакор ёлғончи эканлиги очиқланган.

 

 

Хадича бегим

 

Тарихда жуда катта шуҳрат топган темурий маликалардан яна бири Хадича бегимдир. Ҳусайн Бойқаронинг севимли рафиқаси бўлган бу аёл ўз мавқейидан фойдаланиб, Бойқаронинг суюкли набираси, келгусида тахт вориси бўлиши кутилган Мўмин Мирзонинг ўлимига сабабчи бўлгани қайд этилган. Бу образ актриса Ойдин Норбоевага топширилади. У Хиротда Бобурни очиқ чеҳра билан қабул қилади. Бобурнинг бирлашиб, жанг қилиш керак, деган таклифига эса беписанд қарайди. Аммо, Шайбонийхоннинг лашкарлари у яширинган қалъани забт этганларида, Хадича бегим ёш Мўминмирзо ўлимига сабабчи бўлгани эслатилади ва унга беҳурматлик билан муносабат қилинади.

 

 

Моҳим бегим

 

Ҳумоюннинг онаси, Бобурнинг севимли рафиқаси Моҳим бегим ўғли Ҳумоюнни ҳам, кундоши Дилдор бегимнинг фарзандлари Гулбадан бегим ва Ҳиндолни ҳам бир-бирларига меҳрли, илмга эътиборли қилиб тарбиялайди. Бобур бу рафиқаси билан қалбан яқинлиги учун ҳам уни қаттиқ эъзозлаган.  У билан сирлашган ва бошқа рафиқасидан бўлган фарзандлари тарбиясини ишониб топширган. Эҳтимол, шу тарбия сабаб Ҳумоюн мирзога бу икки ака сингил садоқатли чиқдилар. Гулбадан бегимнинг “Ҳумоюннома” асари ҳам дунёга машҳур воқеий асар бўлиб қолди. Моҳим бегим Бобур учун яқин ва суюкли бўлган аёллар қаторидадир. Унинг гўзалликдан тенгги йўқ чеҳраси, ҳусну хулқи, доно ва билими тарихда ёзиб қолдирилган. Шу билан бирга тарих чархпалагини тескари айлантиришга қодир бўлган Хадичабегим каби аёллар ҳам қўлёзмаларда қайд этилди.

 

 

Сериал сабоқлари

 

“Бобур”  телесериали 10 қисмдан иборат бўлиб, ҳар бир қисми 1 соати 20 дақиқа атрофида давом этади. 300 бетдан ошган катта ҳажмдаги эпик асарни 10 қисмли телесериалда акс эттириш жуда мушкул иш эди. Режиссёр Мақсуд Юнусов асарни инсценировка қилганида даврий кетма кетлик бузилмаслигига, муҳим фактологик воқеалар тушиб қолмаслигига, шу билан бирга телеасарга томошабин ишонишига қаттиқ ҳаракат қилган. Шунинг учун ҳам асосий урғуни актёрлар ансамблига  қаратган. Телесериалдаги ҳар бир образ, ҳар бир эпизод томошабин ёдида қолади. Танланган мизансаҳналар оператор, рассом  ва актёр ҳамжиҳатлигида катта маҳорат билан суратга олинган. Тўғри, телевидениенинг моддий имкониятлари тарихий сериални янада ҳаққоний суратга олишда заифлик қилган жиҳатлар йўқ эмас. Масалан, сарой муҳитини яратишда емирилиб бораётган мустабид тузум имкониятлари кўриниб қолган. Аммо, имкон даражасида санъатга хос шартли муҳит яратилгани ва бу муҳитда актёрлар яшаганини инкор этолмаймиз.

 

Бобур сиймоси мазкур сериал туфайли ўзбек томошабинига янада қадрли ва яқин бўлиб қолди. Шоҳ ва шоир ўз ҳаёти билан “Вақое” асарида илгари сурган ақида ва маслагига содиқ қолганини у ҳақида турли тилларда ёзилган тарихий ва бадиий асарлар тасдиқлайди. “Бобур” видеофильми эса мустабид тузумда суратга олинганига қарамай, бир тарафлама талқиндан чекинган, ҳақиқат тиғига дош берган асар бўлиб яшаб келмоқда.  

 

“Юлдузли тунлар” романини яна қайта телевизион сериал қилиш учун бугун асосли далиллар етарли. Бир неча юз сериали телесериал суратга олиш ва худди туркларнинг “Муҳташам юз йил” сериали каби дунёнинг бир неча мамлакатларига сотиш мумкин. Бунинг учун ҳозирги кунда маиший турмуш “ғийбатлари” акс этган сериалларга сарфланаётган беҳисоб маблағларни бир жойга тўплаш ва дунёга мақтанишга арзигулик буюкларимизни жаҳонга танитишга астойдил ҳаракат қилишимиз керак.

 

Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси