Инстаграмда бошланган севги тарихининг аянчли якуни: Бишимбаев ишидан “Салтанат қонуни”гача


Сақлаш
12:04 / 29.04.2024 122 0

2023 йилнинг ноябрь ойида Қозоғистон пойтахтида фожиа юз берди: мамлакатнинг собиқ иқтисодиёт вазири Қувандиқ Бишимбаевнинг  учинчи турмуш ўртоғи ресторан кабинкасида вафот этди. Кузатув камералари қайд этган ёзувлар ва марҳуманинг яқинлари берган кўрсатмасига кўра, Салтанат турмуш ўртоғининг қаттиқ зарбалари ва бошқа жисмоний зарарлари оқибатида вафот этган. Бироқ Кувандик судни ва жамоатчиликни Нукенова ўша кеча алкоголь истеъмол қилгани, бахтсиз ҳодиса туфайли йиқилиб, вафот этганига ишонтиришга уринди.

 

Содир бўлган воқеа ва судланувчининг ўз айбини тан олмаслиги нафақат қозоғистонликлар, балки бутун дунё фаоллари эътирозига сабаб бўлди. Аёлга нисбатан зўравонлик, ноҳақлик ва собиқ мансабдорнинг муносиб жазо топиши талаб қилинди, дунё жамоатчилиги суд жараёнларига ҳам қизиқиш билдирди. Натижада, суд иши интернет орқали тўлиқ онлайн эфирга узатилди.

 

Қувандиқ Бишимбаев ўзи ким?

 

 

1980 йилда туғилган Қувандиқ Бишимбаев аввалига, собиқ Президент Нурсултан Назарбаевнинг ёрдамчиси сифатида, кейинчалик Қозоғистон Иқтисодиёт вазири лавозимида ишлаган. Ушбу тайинловга бир йил тўлмасидан, Бишимбаев катта миқдордаги порахўрлик ва давлат мулкини ўзлаштирганлик айби билан лавозимидан озод этилиб, унга 10 йиллик қамоқ жазоси тайинланади. Бишимбаев тасарруфидаги мол-мулклар мусодара қилиниб, давлат органларида мансабдор лавозимни эгаллаш ҳуқуқидан бутун умрга маҳрум қилинади.

 

Инстаграмда яралган муҳаббат тарихи ва дастлабки босим

 

Нукенова ва Бишимбаевнинг танишуви Instagram ижтимоий тармоғидан бошланади. Салтанат Бишимбаевнинг турмуш таклифини анчагача рад қилиб, кейинчалик розилик беради. Нукенова тўйдан кейинги дастлабки даврда инстаграмда вақтичоғилиги, олган қимматбаҳо совғаларию турмуш ўртоғи билан нақадар бахтли экани ҳамда уни қаттиқ севиши ҳақидаги постлар билан фаол тарзда бўлишиб боради.

 

Кейинчалик Салтанатнинг шахсий ҳаёти акс этган постлар сони камаяди – маълум бўлишича, Бишимбаев ўзининг ўта рашкчи эканини асос қилиб, рафиқасининг ижтимоий тармоқларда фаол бўлишини тақиқлайди. Унинг эркинлигини чеклаб, ҳатто қариндош ва дўстлари билан мулоқотини назоратга олади. Иш фаолиятига эса бир тарафлама нуқта қўяди. Зўравоннинг Нукеновага нисбатан руҳий ва жисмоний босими мана шу даврдан бошланади.

 

 

Салтанат бу носоғлом муносабатни бир неча бор тўхтатмоқчи бўлади. Бишимбаевнинг ўзини тутиши ва қарорларидан келиб чиқиб, қариндошларига унинг зўравонлиги ҳақида яширин маълумот бериб боради. Аммо собиқ вазир турли шантаж ва ваъдалар билан, турмуш ўртоғи билан яшашда давом этишга кўндиради. Вазият борган сари мураккаблашиб, босим ортиб боради. Шунда Нукенова инстаграм саҳифасида вазиятни ифодаловчи пост қолдиради. Унда турмуш ўртоғини қанчалик севиб, қадрламасин, унинг босим ва назорати марҳумага оғирлик қилаётгани “Бу ҳаёт эмас!” деган жумлалар билан ифодаланади. Шу орқали, Нукенованинг яқинлари у зўравонликка учраётгани ҳақида янада аниқроқ хабар топади.

 

Салтанат АҚШдаги акасига бошидаги кўкаришлар расмини юбориб, уларни сақлаб қўйишини сўрайди. Ўзи эса ёзишмалар тарихини ўчириб юборишини айтади. Шундан кейин Айтбек синглисининг илтимосига қарамай, Қозоғистонга учиб келади. Айтбекнинг синглисини олиб кетишга уринган самарасиз тортишувлари эса Бишимбаев билан қайта гаплашмаслик, Салтанат эса ортиқ акаси билан алоқа ўрнатмаслик шарти билан тугайди. 

 

Жиноят қандай содир бўлган?

 

Воқеа 2023 йил 8-9 ноябрь кунлари содир бўлиб, Бишимбаев ўша куниёқ ҳибсга олинган. Жиноят бўйича тергов 2024 йилнинг 8 январь куни ёпилади.

 

2024 йилнинг март ойида марҳуманинг акаси кўрсатма беради ва 3-4 апрель кунлари Бишимбаев судда сўроққа тутилади. Унга “ўта шафқатсизлик билан содир этилган қотиллик”дан ташқари, “қийноқлар” бўйича ҳам айблов қўйилади.

 

 

Дастлабки тергов натижаларига кўра, 2023 йилнинг 9 ноябрида Бишимбаев укасига тегишли рестораннинг VIP-кабинкасида ўзининг фуқаролик никоҳида бўлган Нукенованинг бошига мушт билан бир неча бор уриб, кафелга йиқитади ва тепади. Салтанат бошқа VIP-кабинкалардан бирига беркинишга уринади, Бишимбаев унинг ортидан бориб, яна уришда давом этади ва бўға бошлайди. Шундан кейин Салтанат ҳушини йўқотиб, 1 суткага яқин кабинка полида, шу ҳолатда қолади.  Бишимбаев сўнги бор ўша куни соат 18.30 да Салтанатни уйғотишга ҳаракат қилади. Кейинроқ укасидан тез ёрдам чақиришини сўрайди. Лекин у вақтда Салтанатнинг жони узилиб бўлганди.

 

Жиноят ишида собиқ вазирнинг укаси ҳам жавобгарликка тортилиб, у жиноятни яшириш ва хабар бермасликда айбланади – унинг топшириғи билан кузатув камерасидаги ёзувларнинг баъзилари ўчирилади.

 

Бишимбаевга кўра, жиноят содир бўлган кун Салтанат турмуш ўртоғи билан 3 шиша газланган вино ичиб, “муносабатларига ойдинлик киритган”. Нукенова жанжаллашув вақтида турмуш ўртоғини қаттиқ ҳақоратлаб, у берган қимматбаҳо тақинчоқларни ҳожатхонага ташлаб юбориш билан Бишимбаевни ғазабини қўзғатган.

 

Судланувчи марҳуманинг юзидаги кўкаришларнинг сабабини шундай изоҳлайди:

 

“У елкасини менга, юзини ҳожатхонага қарата турарди. Афтидан, у мени ушлаб қолади деб ўйлаган. Мен эса уни қўйиб юбордим. У мувозанатни йўқотиб, юзи билан унитазга йиқилди. Жуда қаттиқ йиқилди”, — дейди. Унинг айтишича, Салтанат ўрнидан туришга ҳаракат қилиб, кафель полга қайта йиқилади. Шундан кейин Бишимбаев ҳушидан кетган турмуш ўртоғини “ўзига келтириш” учун 4-5 марта тепади. Лекин бу тепкилаш “ҳеч қандай ҳаётий муҳим органга зарар етказмаган”.

 

 

Тергов давомида маълум бўлишича, Нукенова ҳушини йўқотгач, Бишимбаев фолбинга қўнғироқ қилган:

 

“Мен жуда хавотирга тушдим ва ўзим билган фолбинга қўнғироқ қилдим. Унга Салтанат уйғонмаётгани ва юзидаги кўкаришлар ҳақида айтдим. Фолбин эса Салтанат шунчаки чарчагани, ўзига келишини ва уйга кетишимизни айтди. Шундан кейин юрагим енгил тортди” — дейди ва шу асос билан тез ёрдам чақирмаганини айтади. Шундан кейин у жияни Бахитжан Байжановга қўнғироқ қилиб, аспирин ва кетонал олиб келишини сўрайди. Бундан ташқари, Бишимбаев укасидан кузатув камераларидаги воқелик телеграм каналларга тарқаб кетмаслиги учун видеоларини ўчиришини ҳам сўрагани судда маълум бўлган.

 

Бишембаев шунингдек, Нукенованинг яқинларидан унинг айни вақтдаги жойлашув манзилини яшириш, ўзидан из қолдирмаслик учун  марҳуманинг телефонини укасига бериб, уйга олиб кетишни тайинлайди.

 

Экспертиза ва видео-камера ёзувлари Бишимбаев кўрсатмасини рад этади

 

Тиббий суд-экспертизаси хулосасига кўра, Нукенова бош миянинг ёпиқ травма олиши оқибатида вафот этган. Текширувларда Нукенованинг бурни сингани, бошида бир нечта қонталаш ва жароҳатлар бўлгани аниқланган.

 

Суд-экспертиза судланувчининг кўрсатмалари ҳақиқатга мос келмаслигини айтиб, Нукеновадаги жароҳатлар йиқилиш оқибатида олиниши мумкин эмас, деган хулосани беради. Қолаверса, кейинчалик видео-камера ёзувлари ҳам тақдим қилинди. Прокурор “Бишимбаев Нукенованинг сочидан тортиб, оёғи билан тепиб, юзига уради. Кейин уни VIP-кабинкага олиб ўтишга уринади” – дея видеони изоҳлайди.

 

 

29 мартда бўлиб ўтган суднинг биринчи йиғилишида маълум бўладики, ресторан ишчилари Бишимбаев топшириғи билан видео-камера ёзувларининг баъзиларини ўчиради. Ўша куни бармен кўрсатмаси ҳам ўқиб эшиттирилади. Маълум бўлишича, полиция келишидан аввал Бишимбаев қўлида пичоқ кўтариб юрган.

 

“Биз уни ушлаган вақтимиз, Бишимбаев турмуш ўртоғини ўлдиргани, ўлик эса кабинкада ётганини айтди. Катта эҳтимол, шунинг учун у ўзини ҳам ўлдиришни хоҳлаган” – дея гувоҳ кўрсатмасини ўқиб эшиттиради прокурор.

 

Виктимблейминг ва ахборот манипуляцияси

 

Бишимбаевнинг ёлғон кўрсатмаси ва айбини тан олмаслиги қозоқ ҳамда бошқа мамлакатлар аҳолисининг эътирозига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда дунё фаоллари ўлдирилган жабрланувчини қўллаш ва ҳақиқат қарор топишига ҳисса қўшиш мақсадида #заСалтанат хештеги остида жиноят билан боғлиқ ҳолатлар ва Салтанатга тегишли хотиралар билан бўлишмоқда, Бишимбаевни эса виктимблейминг ва ахборот манипуляциясида айбламоқда.

 

Виктимблейминг – жиноятчи ўз жиноятида, бахтсиз ҳодиса, оғриқ ёки зўравонликнинг исталган турида жабрланувчини айбдорга чиқариши.

 

“...Бишимбаевнинг шахсиятига қизиқиш янада ортди. Чунки бу рецидив (судланувчининг биринчи жинояти эмас). У аввал ҳам бошқа модда билан коррупция ва фирибгарлик учун жиноий жавобгарликка тортилган. Президент уни муддатидан аввал озод қилган. Энди у яна қонунни бузди, ва бу қаттиқ шафқатсизлик билан амалга оширилган” – дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

 

Уч аёл билан ёзишма, учрашув ва иш муҳокамаси – Салтанатнинг ўлими вақтида Бишимбаев нима билан банд бўлган?

 

23 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда суд Бишимбаев телефонидаги ёзишма ва қўнғироқлар тарихини ўрганди. Маълум бўлдики, Нукенова ўлган кечада айбланувчи Гулнора Носирбекова, Юлия супер ва Айжан Бирденова исмли аёллар билан хабарлашиб, Гулнора Носирбекова билан бошқа Vip-кабинкада учрашган. Шундан кейин аёл унга сурат юборади ва “Кстати, ты пахнешь розами” деб ёзади.

 

 

Маълумот ўрнида, юқоридаги гап қийин вазиятдан кейин ўзини ёмон ва айбдор ҳис қилаётган одамга унинг яхши ва ҳақиқатгўйлигини таъкидлаш мақсадида қўлланилади.

 

Бишимбаев судда “Юлия Супер” билан бўлган ёзишмалар шахсий экани ва уларни ўқиб эшиттирилмаслигини сўрайди. Судланувчи Юлияга “Ишларинг қалай? Бўшмисан?” деб ёзади. Бишимбаевнинг сўзларига кўра, бу ёзишма ўша вақтда Салтанатни тирик деб ўйлаганига исбот бўла олади.

 

Носирбекова эса судда гувоҳ сифатида қатнашган Бишимбаевнинг гольфдаги клубдоши бўлган. Унинг сўзларига кўра, расм ва унинг остидаги гап чатда адашиб, Бишимбаевга юборилган. Аллақачон иш вақти тугаб, ёпилган ресторанда бўлган учрашувда бўлса, гольф, болалар ва блог рекламалари ҳақида суҳбат бўлган.

 

Ёзишмалар орасида Бишимбаевнинг иш бўйича суҳбатлари ҳам топилган. Унда тез ёрдам келгунига қадар Бишимбаев шериклари билан иш борасида гаплашиб, учрашув белгилагани маълум бўлган.

 

Бундан ташқари, Бишимбаев телефонидан қисқа сонияли бир нечта видеолар ҳам топилади. Суд уни оммага кўрсатмайди, бироқ қўйиб эшиттиради. Видеода Бишимбаев овозига ўхшаш овозда Салтанатни ҳақоратли сўзлар билан хиёнат қилганликда айблаб, уни тан олишга мажбурланганини эшитиш мумкин. Салтанат эса чуқур хўрсиниб, "ҳа" деган жавобни беради. Судланувчи аввалига, гап қандай видео ҳақида кетаётганини эслолмаётганини айтади. Кейин эса "Видеони WhatsApp`дан кимдир юборган, кўринади. Шуни айтмоқчиманки, видео қандайдир монтаж қилинган ва унга менинг овозим қўйилган" – дейди. Суднинг 10 дақиқалик танаффусидан кейин эса видеони ўзи тасвирга олганини тан олади.  

 

Америка ва Европадаги кўнгилли қозоғистонликлар оилавий зўравонлик ва унинг оқибатларига дунё диққатини қаратиш мақсадида, бир қанча митинглар ташкиллаштирди. Кейинчалик, яна юзлаб қозоғистонликлар ва бошқа Марказий Осиё аҳолиси ҳам намойишларни қўллаб-қувватлади. Шу тариқа, Европанинг 15 шаҳри, шунингдек, New York ва San Francisco фаоллари иштирокида тинч намойишлар ўтказилди.

 

 

Қозоғистондаги воқеа фонида Арманистон парламенти ҳам кўп овоз билан Оиладаги зўравонлик бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритди. Энди қонун фуқаролик бирлашмаларига нисбатан қўлланилади. Зўравонлик гувоҳи бўлган болалар ҳам жабрланувчи сифатида тан олиниб, жабрланувчининг тиббий шартлари соддалаштирилади.

 

Тергов якуни

 

Жиноят иши бўйича 17 та суд мажлисидан сўнг, 24 апрель куни суд тергови якунига етди. Бишимбаев суд залида рафиқасининг ўлимига сабаб бўлган зарбаларини тан олса-да, бу қасддан амалга оширилган қотиллик эканини инкор қилмоқда. Кузатув камерасидаги ёзувларни беркитган Байжанов эса айбини тан олмади.

 

 

 

Қозоғистонда оилавий зўравонлар қандай жазоланади?

 

Қозоғистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, мамлакат полициясига оилавий зўравонлик бўйича кунига ўртача 300 та ариза келиб тушади. Бир йилда ўртача 80 нафар зўравонликдан азият чеккан аёл вафот этади.

 

“Оилавий зўравонлик профилактикаси” тўғрисидаги қонунга кўра, полиция зўравонга жабрланувчи билан 30 кун алоқани чеклаш бўйича ҳимоя буйруғини беришга ҳақли бўлган. Агар буйруқ тартиби бузилса, зўравонга 10 суткагача мажбурий қамоқ жазоси тайинланган. Аммо қонунчилик оилавий зўравонни жиноий жавобгарликка тортмаган.

 

Салтанат воқеаси эса мамлакатда тегишли қонунчиликни қайта кўриб чиқилишига сабаб бўлди. Унда оилавий зўравонларга жазо тайинлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

 

2024 йилнинг 15 апрель куни президент Тўқаев бирданига икки – Аёл ва болаларнинг ҳуқуқ ва хавфсизлигини таъминлашга оид бўлган қонунларга ўзгариш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонунларни имзолади.

 

Энди миллий қонунчиликка кўра, оилада зўравонликни амалга оширган ҳар қандай фуқаро жиноий жавобгарликка тортилади: оила аъзоларининг ўлимига сабаб бўлган ёки ёш болалар билан жинсий муносабатда бўлган жиноятчи бутун умрга озодликдан маҳрум этилади.

 

Ушбу қонун мамлакат парламентига Нукенова ўлимидан анча аввал – 2020 йилда кўриб чиқиш учун тақдим қилинган. Бироқ юқоридаги воқеа қонунни зудлик билан қабул қилинишига эҳтиёж борлигини исботлаб, ўзгаришлар имзоланиши ва кучга киришига туртки бўлди. Шунинг ортидан қонун норасмий “Салтанат қонуни” номини олди.

 

Жиноят ишидан бошқа мамлакатлар ҳам сергак тортди

 

Қозоғистонликлар Салтанат иши ва оиладаги (маиший) зўравонликнинг жиноийлаштирилиши – “фуқаролик жамиятининг ғалабаси” деб атамоқда. 

 

Таъкидланганидек, Салтанатнинг ўлими билан боғлиқ тафсилотлар бутун дунё диққат-марказида бўлди. Жиноят бўйича тергов ишларининг онлайн узатиб борилиши эса Қозоғистондаги суд тизимининг янги босқичга чиққанини билдиради.

 

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Холида Ажигулованинг фикрича, суд жараёнини жонли равишда кузатган қозоқ жамиятининг кўпчилиги оиладаги зўравонликнинг даҳшатли оқибатларини кўриб,  сергак тортди. Суднинг дунё миқёсида онлайн ёритиб борилиши аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилади. Афсуски, баъзиларда оиладаги зўравонлик нормал ҳолат, деган қараш шаклланган. Консерватив доираларда эса аёл эркак (турмуш ўртоғи)нинг, болалар ота-онанинг мулки, демак, итоатсизлик қиладиган бўлса, тарбия чораси сифатида уларни уриб, жазолаш мумкин, деган тушунча бор. Салтанат қонуни шундай қарашдаги агрессорларнинг хатти-ҳаракатини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Қозоғистондаги воқеа фонида Арманистон парламенти ҳам кўп овоз билан Оиладаги зўравонлик бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритди. Энди қонун фуқаролик бирлашмаларига нисбатан қўлланилади. Зўравонлик гувоҳи бўлган болалар ҳам жабрланувчи сифатида тан олиниб, жабрланувчининг тиббий шартлари соддалаштирилади.

 

Оилавий зўравонлик Ўзбекистонда қандай “баҳоланади”?

 

Ўзбекистон оиладаги зўравонликни жиноят деб баҳолаган Марказий Осиёдаги илк давлат саналади. Авваллари мамлакат қонунчилигида хотин-қизларга нисбатан зўравонликни алоҳида жиноий жавобгарлик сифатида ўрганадиган модда бўлмаган.

 

2023 йилнинг апрель ойида оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик белгиланди. Унга кўра, вояга етмаган яқин қариндошлар билан мажбуран жинсий муносабатда бўлганлар 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

 

Турмуш ўртоғига (собиқ турмуш ўртоғи ёки умумий фарзандга эга инсонга)  нисбатан  мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини поймол қилишга уриниш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, мазкур ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима ёки 160 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

 

Агар томонлардан бири тан жароҳати етказиб, оғирлаштирувчи ҳолатларни келтириб чиқарса, масалан, соғлиғининг узоқ вақт ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш содир этилса, 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.

 

Шунга қарамай, мамлакатда маиший зўравонлик ҳолатларига тўлиқ нуқта қўйилганича йўқ. 2023 йилда 203 нафар фуқаро оиладаги зўравонлик бўйича жиноий жавобгарликка тортилиб, улардан 59 нафари қамоққа олинган. Яна 8928 нафар фуқаро эса оиладаги зўравонлик ҳолати бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган. Сўнги статистик маълумотларга кўра, 2024 йилнинг илк чорагида судлар 4477 нафар шахсни оиладаги зўравонлик моддалари бўйича жавобгарликка тортган.

 

Бироқ бу рақамлар келиб тушган даъво аризалари асосида шаклланади. Яна неча минглаб зўравонлик-у шафқатсизликлар, афсуски, тўрт девор орасида мавҳумлигича қолиб кетади.

 

Муқаддас Мусаева,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси