Қатъий мафкуравий талаблар асосида ишланган кино. “Алишер Навоий” ҳақидаги ягона ўзбек бадиий фильми таҳлили


Сақлаш
17:02 / 08.02.2024 213 0

 

Бир асар тарихи

 

Шўро даврида тарихий фильмлар, тарихий-биографик  бадиий асарларнинг экран талқинини таъминлашда бирламчи манбанинг асл моҳияти сақланиши муҳим бўлмаган. “Санъат – бадиий умумлашма, тарих эса аниқ фактлар”, деган “қоида” совет кинорежиссёрлари ижодига бирдек тегишли бўлган. Бу ҳақда рус киносининг ривожланиш босқичларини ўрганган киношунос Е.Добренконинг фикри диққатни тортади: “Тарихни бундай чигаллаштириб акс эттириш (тарих ҳақиқий санъатлар синтезидан иборат) сталинча лойиҳанинг сиёсий-эстетик хусусиятига боғлиқ эди.”  Бу даврда кинорежиссёрлар ўз асаридаги ҳар бир кадр, ҳар бир сўз, ҳар бир образ юзасидан савол-жавобга ҳамиша тайёр бўлиб туриш ҳақида қайғурар эди. Шунинг учун ҳам ўзбек миллий тафаккури, интеллектуал захираларнинг бадиий ифодаси сифатида эътироф этилган “Алишер Навоий” фильмининг айрим кемтик жиҳатлари сабабларини  тушуниш учун фильм яратилган давр ҳақида ҳам, асл санъат талаблари ҳақида ҳам билишга арзирли жиҳатлар бисёр. Бугун Oyina.uz’нинг “Бир асар тарихи” рукнида мазкур фильм ҳақида мулоҳазалар юритдик.   

 

Фильм ҳақида қисқача

 

Яратилган йили – 1947

Сценарий муаллифлари – И.Султон, Уйғун, А. Спешнев, В.Шкловский

Саҳналаштирувчи режиссёр – К. Ёрматов.

Оператор – М. Краснянский

Бош рассом – В. Еремян

Бастакорлар – Р.Глиэр, Т.Содиқов

Ролларда: Навоий – Р. Хамроев, Гули – Т. Назарова, Бойқаро – А. Исматов, Мажидиддин – О. Жалилов, Мўмин Мирзо – Ш.Азимов

 

Фильмнинг дастлабки сюжетларида Навоий билан Ҳусайн Бойқаронинг йигитлик дамлари кўрсатилади. Улар келажак орзуларидан сўзлайдилар. Навоий: – Сиз Искандар бўласиз, камина Арастуйингиз.

Ҳусайн: – Лекин, бизга насиб этармикин Искандарнинг шуҳрати?

 

Фильмда Навоийсиз Ҳусайн Бойқаро ҳеч ким эмаслигига кўп бора урғу берилади. Жумладан, жанг майдонида Навоий ўлдирилса, Ҳусайн Бойқаро ўз-ўзидан енгилишини назарда тутиб, “Демак, қиличлар водийда-ю, Ақл чодирда экан-да. Ўша Ақлни гумдон қилсак, қиличлар ўз-ўзидан енгилади.”, дейди шаҳзода Ёдгор.

Ёдгор: – Сиз Алишернинг кўланкасисиз.

Ҳусайн:  – Алишер билан мен битта дарахтмиз!

Ёдгор: – Сиз дарахтнинг кўланкасисиз.

Ҳусайн: – Ҳм, камина кўланка бўлса, кўланкадан енгилибсиз-да!

 

 

 

“Алишер Навоий” фильмида бугунги тарихий фильмларда урф бўлганидек, аниқ саналар кўрсатилмаган. Унда 1455 йилдан 1500 йиллар орасидаги давр қамраб олинган бўлса-да, тарихий ҳодисалар билан боғлиқ биографик исми шарифлар ўзгартирилган. Жумладан, Мўмин Мирзонинг ўлими билан боғлиқ тарихий фактда Ҳусайн Бойқаронинг рафиқаси малика Хадичабегим ва вазир Низомулмулкнинг номлари келтирилади. Фильмда эса бу қабиҳ иш вазир Мажидиддин образига юклатилган. Умуман, фильм сюжетида асосан Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаронинг мактабдош дўсти, кейинчалик саройида муҳрдор ва вазир сифатида узоқ йиллар унга маслакдош, маслаҳатчи бўлгани ҳамда халқ севган раҳнамо қиёфасида намоён бўлган.

 

Фильм фабуласи Ҳусайн Бойқаро – НАВОИЙ – Мажидиддин занжири асосига қурилган. Бунда: Шоҳ – Ҳокимият, Шоир – Адолат ва тафаккур, Мажидиддин – Адоват. Яъни, Адоват Адолат ва Тафаккурнинг душмани тимсолида Ҳокимиятга интилади. Шунинг учун ҳам Мажидиддин Мўмин Мирзонинг қатл этилиши чоғида “Устозингиз тафаккур ва адолат боғини барпо этмоқчийди. Аммо, адолат борми ўзи бу дунёда мирзам? Улар ўртасидаги адоват менинг мақсадим эди... Истайманки, ниятим тириклар орасида мангу кезиб юрсин... Аминманки, сиз билан ҳозир юз берадиган  воқеадан сўнг Алишер билан Ҳусайн мен ўлгач, мангу адоватда у дунёга равона бўлгайлар. Алишернинг орзуси ҳазон бўлгай!”, дейди ғурур билан.

 

 

Фильмда шу куннинг нуқтаи назаридан катта аҳамиятга молик жиҳат шундаки, 1947 йилда, 37-йиллар бўронининг излари ўчмаган бир вақтда ўзбек халқига экран орқали туркий тил – ўзбек тили ҳақида, миллат дарди ҳақида айта олинган: “... Нима учун бугун тилдан гап очдим?”, – дейди Навоий жанг майдонидаги чодирда шогирдларига сабоқ бераркан. “... Биз салтанатимизда халқни якзабон қилурмиз. Тили камол топган халқ ўз қисматини англаб олур. Зеро, тил ҳамжиҳат қилади халқни.”

 

Навоийнинг хоин эканлигига далил сифатида Мажидиддин учун қурол бўлган мана бу сатрлар ҳам фильмда бир неча бор, турли образлар тилидан турлича янграйди. Ва, ҳар бир киши бу мисраларни турли оҳанг, маъно, ёндашув билан ўқиши катта маънога эга.

 

 “Қайсики, шоҳ ўз қўли ила юртни барбод айлагай

Хисраве Парвези янглиғ бўлғувчи беоқибат”

 

Фильм якунида Мўмин Мирзо ўлимидан қайғуга чўмган набирасининг беихтиёр қотилига айланган Ҳусайн Бойқарога қарата айтилган қуйидаги сатрлар ҳам бу фильм мухлисларининг севимли байтлари қаторидадир.

 

Аниқ тож, гарчи ёқут, гарчи зардур

Халойиқ бошига битган зарардур. 

 

Жаҳонга машҳур ўзбек шоири ва мутафаккири тимсолини экранда жонлантириш учун мустамлака сиёсати посбонлари томонидан  1 соату, 20 минут вақт ажратилган. Бу вақтда Алишер Навоийнинг сиймоси қанчалик маромига етар даражада яратилган, деб қизиққан томошабин, албатта, фильм яратилган вақт ва макондаги сиёсий-ижтимоий ҳодисаларни ҳам инобатга олиш муҳимдир.

 

 

Киносценарийнинг адабий асоси

 

Адабиётшунос олим ва драматург Иззат Султоннинг Алишер Навоий ижоди билан боғлиқ илмий тадқиқотлари 1930 йиллардан бошланган. Бу вақтларда Навоийнинг яқинлашиб келаётган 500 йиллигини давлат миқёсида кенг нишонлашга қарор қилинган эди. Шу боис Алишер Навоий сиймосининг адабиётдаги, саҳна ва кинодаги бадиий талқинларини яратиш, унинг ижодини илмий ўрганиш устида катта иш бошланади.

 

1941 йилда бошланган уруш туфайли Алишер Навоий юбилейини ўтказиш ортга сурилади. Лекин шунга қарамай, Иззат Султон ва Уйғун ҳамкорлигида бошланган иш давом эттирилиб, 1942 йилда драма ёзиб битирилади. Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейи муносабати билан 1945 йилнинг 1 апрелида намойиш этилган пьесанинг илк саҳнавий талқини жиддий танқидга учрайди. Мунаққидлар муаллифларни Навоий образини ўта идеаллаштириб юборганликда айблайдилар. 1948 йилда пьеса қайтадан тузатилиб, спектакл қайта саҳналаштирилди. Қайта тузатилишда биринчи саҳна вариантида танқидга учраган жиҳатлар олиб ташланади ва Навоий образига Бойқаро образи кескин қарши қўйилади.

 

Спектакл иккинчи марта саҳналаштирилиши биланоқ, матбуотда бир қатор мулоҳазалар эълон қилина бошлайди. Аксарият тақризларда спектаклнинг илмий хусусияти ҳақида фикрлар билдирилди. “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1948 йил 21 ноябрда чоп этилган мақола муаллифи, фалсафа фанлари доктори В. Зоҳидов жумладан шундай фикрларни ёзади: “Асардаги ҳодисаларнинг бир қанчаси тарихийдир. Драматурглар уларга катта маҳорат билан бичилган ва тикилган либослар кийгизганлар. Кўп жиҳатдан асар шу ҳодисалар заминидан қурилиб боради.”  

 

В. Зоҳидов ўз даври мафкурасининг кўрсатмалари асосида яратилган А. Навоий образи ва XV аср муҳити хусусида ўз илмий мулоҳазаларини билдирар экан, тарихий ҳодисаларга “катта маҳорат билан бичилган ва тикилган либослар”нинг яққол сезилиб турганини ҳам аниқ мисоллар билан таъкидлаб ўтади. Олимнинг фикрича Ҳусайн Бойқаро ўз даврининг ўта мураккаб шароитида катта бир мамлакатда 30 йилдан ортиқ давр ичида ҳукмронлик қилиб, марказлашган давлатни сақлаб тура олган, баъзи ижтимоий-сиёсий масалаларда маълум даражада мусбат рол ўйнаган шоҳ эди. “Асарда эса Бойқаро ўз тахтидан бошқани кўрмайдиган, маст-аластликдан, кайфи-сафодан бошқани билмайдиган, Навоийдан доимо ўз тахтини маҳкамлаш учун фойдаланиш мақсадини кутган принципсиз деспотгагина айланиб қолган... Асарда Ҳусайн ҳар қадамда хоинлик қилаётган, унинг сиёсий мавқейига, давлатга суиқасд қилаётган ашаддий тескаричи ҳеч чидаб бўлмайдиган Маждиддинларнинг ўйинчоғи, қуролига айлантирилган. Бу нарса Навоий образини ҳам бир қадар раҳланиб қўйишга олиб боради...”

 

Кўринадики, драматурглар И. Султон ва Уйғуннинг ҳамкорлигида яратилган драманинг саҳнавий талқини томошабин томонидан юксак даражада олқишлар билан кутиб олинганига қарамай, пьесанинг жузъий камчиликлари ўз давридаёқ тилга олинган. Лекин театршунос М. Раҳмонов қайд этганидек: “...Спектаклнинг бошидан то охиригача томошабин нигоҳи ва ўй-фикри ҳаяжонда кечади, Навоий маънавияти билан яшайди. Навоий даҳосига муҳаббатлари спектаклни қайта-қайта кўриш учун театрга йўлларди. Афсуски, узоқ йиллар ўйналган, ҳаммага ёд бўлиб қолган бу спектаклнинг умри Маннон Уйғур, Аброр Ҳидоятов, Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Обид Жалилов, С. Табибуллаевлар ижодининг хотимаси билан тугайди. Бундан кейинги саҳналаштирилган Навоий спектакли энди бошқача спектакл эди”.

 

Киносценарий

 

“Алишер Навоий” фильми сценарийси устида ҳам айнан ўша 1942-43 йилларда иш олиб борилган. Олим ва драматург Иззат Султон билан Уйғунга икки кинодраматург Виктор Шкловский ва Алексей Спешнев кўмаклашган. Улар кинематографиянинг ўзига хос қонуниятларига кўра саҳнабоп асарни экранбоп сценарийга айлантирилганлар. 

 

Манбаларга назар ташласак, ҳақиқатан ҳам Ҳусайн Бойқаро Хиротда маданият гуллаб яшнашига  бош-қош бўлган ва ўзи ҳам ҳеч бир шоирдан кам бўлмай назмда гўзал ғазаллар битувчи шоҳ бўлган. Унинг  Алишер Навоийга нисбатан меҳри ҳам бўлакча бўлиб, барча салтанат ва раиятга боғлиқ ишларни амир Навоий билан кенгашар эди. Бундай тафсилотлар киносценарийга умуман киритилмайди.

 

 

Киносценарийни ёзилиш вақтида бир томондан фильмга хронометражи учун ажратилган қисқа вақт, иккинчи томондан қатъий мафкуравий талаблар сабабли подшо ва шоир ўртасидаги низо янада кучайтирилди. Ҳар қандай кинофильм яратиш учун Москванинг тасдиғи олинадиган, сценарийлар, режиссёр, актёрлар тасдиғини ҳам “марказ”нинг рухсатисиз амалга ошириб бўлмайдиган замонда “Алишер Навоий” фильмини суратга олиш учун рухсат олиш осон бўлмаганлиги ҳақида режиссёр К. Ёрматов “Кечмишларим” асарида айтиб ўтган.  Эҳтимол, шунинг учун ҳам кинофильмда спектаклдан фарқли тарзда Навоий ва Ҳусайн Бойқаро орасидаги конфликт ўта кучли. Айрим ўринларда Навоий образи иккинчи планга ўтиб қолган ҳоллар ҳам мавжуд. Сценарист В. Шкловский эса Навоий образи ўз даври мафкурасидан келиб чиқиб ёндашилганини очиқ қайд этади:  “Навоий зиддиятли шахс эди. ...Унинг ҳурриятпарварлиги чегараланган эди: чунки унинг ўзи бой одам бўлиб, феодал эди.” Кўриб турганингиздек, бой одам – зиддиятли шахс ва идеал бўлиши мумкин эмаслигига чин ишонилган вақт ва маконда бу фильм суратга олинган.

 

Навоийни идеал шахс даражасига чиқариш учун Ҳусайн Бойқаро билан конфликтга чиқиш сюжетлари тўқилганини В.Шкловскийнинг қайдларидан сезиш қийин эмас: “Чунки, – дейди сценарийнавис, – биз унга замонамиз томон тўғридан-тўғри йўл кўрсатдик, гўёки бугун яратилган Навоий ҳайкалини XV асрга олиб бориб қўйгандек эдик”.

 

“Алишер Навоий” бадиий фильми режиссёр К.Ёрматовнинг шоҳ асаригина эмас, ўзбек киносининг ҳам муносиб бойлиги ҳисобланади. 

 

Ижодий тажриба мактаби

 

Биз ўзбек киносининг тарихи ва бугуни ҳақида билимдонлик қилаётган баъзи вақтларда қириш сўзимизда айтиб ўтганимиздек, ҳар доим ҳам ижтимоий-сиёсий воқелик таъсирини инобатга олмаймиз. Ижодкорнинг эркинлиги масаласи ҳар бир асрда катта аҳамиятга эга эканлигини ўтмишдаги буюкларимиз ҳаётидан англашимиз мумкин. Навоий ва Ҳусайн Бойқаро тандеми бўлмаганида, эҳтимол, Алишер Навоий номи бу кунгача етиб келмас эди. Ёки, Иззат Султон ва Уйғун, уларга ҳаммуаллиф В.Шкловский ва А.Спешнев ҳамкорлиги бўлмаганида фильм ҳанузгача мароқ билан кўрилмасди. Агарда режиссёр К.Ёрматов ўзининг ишончли ижодкорлари –оператор, рассом, актёрлар ансамбли, бастакор ва бошқа барча ижодий гуруҳни ягона мақсад атрофида жипслаштирмаганида биз айни шу дамда бу фильм ҳақида сўз юритиб ўтирмаган бўлардик.

 

Шунчаки, ўзбек киноси мактаби дейилганда “Алишер Навоий” фильми яна бошқа кўплаб миллий шоҳ асарларимиз қаторида тилга олиниши ва у шунга ҳар жиҳатдан лойиқ эканлигини тан олишимиз керак. Хусусан, сценарий композицияси, режиссёр постановкаси, рассом яратган XV аср муҳити ва ҳар жиҳатдан мукаммал ижро техникасини намоён этган актёрлар маҳоратини суратга олган оператор объективи, қалбга малҳамдек ёқувчи мусиқа – булар барчаси етишиб келаётган ёш сценарийнавис ва режиссёрлар, қолаверса ҳар бир киноижодкор учун катта ижод мактабидир.

 

Ҳозир Навоий ҳақида яна қайта фильм ёки сериал суратга олишга катта эҳтиёж бор. Бу фикрга қарши эҳтимол, маблағ масаласи рўкач қилинар – Навоий яшаган жойларга бориб, суратга олиш ишларини олиб бориш катта пул талаб қилади, дея... Аммо, уруш йилларида, Тошкент киностудиясида оч ва юпун, ғалабадан умид қилиб, ўзбекнинг буюк шоири ва мутафаккири ҳақида асар яратганлар қаторидаги XV асрнинг бетакрор Хирот, Хуросон шаҳарлари муҳитини оддий полотнода яратган рассом Варшам Еремян маҳорати ҳақида сўз айтишга ожизмиз...

 

 

Назаримизда, тарихий асар бўладими, замонавий бўладими мукаммал сценарий ва фильм бу – якка тартибдаги “тадбиркорлик” эмас. Буюклар ҳақида буюкларни ўта яхши билган ва масъулиятни юракдан ҳис этган буюк ижодкорлар ёзиши, фильм суратга олиши керакмикин, албатта, ҳамжиҳатлик ва муҳаббат билан. Ҳар ҳолда, орадан 80 йилга яқин вақт оралиғида бу асарга яқинлашадиган яна бир “Алишер Навоий” фильми ёки пьесаси ҳанузгача яратилгани йўқ. 

 

Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА,

Oyina.uz

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси