“Жарида мозори” – Миллий матбуотимизнинг илк нашрлари тақдири


Сақлаш
12:18 / 26.06.2025 12 0

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Байрам санаси барчага маълум, аммо унинг тарихини ҳамма ҳам яхши билавермайди.

 

XIX аср охирида Туркистонда юзага келган сиёсий вазият, турғунлик, мазлум халқ қалбидаги исёнлар, ҳурликка бўлган интилишлар янги бир даврни бошлаб берди. Асрлар давомида эзгин ҳаёт шароитида эзилиб келган халқ инқилобдан кейин ҳар қандай зулм кишанларини парчалаб, янги ҳаёт қуриш мумкин эканига ишонч ҳосил қилди. Мунавварқори Абдурашидхонов “...эзилган миллатнинг ҳақиқий душмани жаҳолатдир. Бир миллат жаҳолатдан қутулмагунча оёғлар остиндан туролмас”, деган аччиқ ҳақиқатни айтди. Абдулҳамид Чўлпон “Миллатни уйғотиш –уйғонганларнинг вазифасидир”, дея бурч кўпроқ жадидлар зиммасида эканини таъкидлади.

 

Миллий уйғониш – жадидчилик ижтимоий, сиёсий, маърифий ҳаракат сифатида ана шундай бир вазиятга ҳамоҳанг тарзда вужудга келди. XX аср бошида миллатни уйғотиш, ҳақ-ҳуқуқларини танитиш орқали ҳурлик ғояларини тарғиб этиш, асрий зулматдан халос этишда янгича фикрларини Абдулла Қодирий тили билан айтганда “турлик йўсунда” етказишни кўзладилар. Уйғотишнинг асосий воситаси этиб мактаб, театр, адабиёт ва матбуотни белгилади. Жадидларнинг сўзда, фикрда, ишда бирлик ғояси ва мақсадда собитлик тамойили айни шу даврда юзага келган эди.

 

1906 йил 27 июнда ўзбек миллий матбуотининг илк намунаси “Тараққий” газетаси дунё юзини кўрди. Таҳририятнинг мақсади миллатни тараққиётга олиб чиқиш эди. Бу ҳақда илк сонда шундай таъкидланади: “Газетамиз “Тараққий” номинда ўлуб, бора-бора жисми ҳам исмига мувофиқ ўлуб, миллатимизни “кейин” бормоғига асло рози эмасдурмиз. Бақадри имкон миллати исломни олий даражада ўлмоғига ва миллати исломдаги тижорат, касб ва корнинг ортмоғига йўл излаб ижтиҳод қилур”. Муҳаррир ва ношири Исмоил Обидий татар бўлиб, газетани чоп этишда жадидларнинг маънавий отаси ҳисобланган Исмоил Гаспирали ва унинг “Таржимон” газетаси иш тажрибасига таянган. Илк сон Исмоил Гаспиралига ҳам етказилган. Таҳририят ўша вақтда Тошкент шаҳар, Ўратепа кўчаси 97-уйда жойлашган. Обунаси бир йиллига 5 сўм, олти ойлиги 2 сўм 50 тийин, 3 ойлиги 1 сўм 50 тийин, бир ойлиги 50 тийин бўлиб, донаси 5 тийиндан сотилган. Ўша пайтда ҳам газета чоп этишдаги энг катта муаммо маблағ эди. Натижада газетада турли эълонлар ҳам босилган: биринчи саҳифада жойлаштирилса 40 тийин, охиргисида 20 тийиндан ҳисобланган. Газетанинг шиори: “Нажот: маслакда сабот; тўғриликда ижобат” бўлиб, “илмий, адабий, сиёсий, фаний, тижорий газета” ҳисобланган. Газетада босилган мақола ва хабарларнинг асосий мазмуни жаҳолатга ботган Туркистон учун сув ва ҳаводек зарур – миллий уйғониш, илғор ғояларни тарғиб этиш, мустамлакачи ҳокимият томонидан маҳаллий аҳолининг камситилиши оқибатларини кўрсатиш ва Туркистонни тараққиётга бошлаш йўлларидан иборат эди.

 

“Тараққий” газетаси ҳақида маърифатпарвар Абдулла Авлоний шундай ёзган: “Бу газета элнинг севиб ўқий турған бир газетаси бўла олди. Бу газета ўша замон мусулмон газеталари ичида энг сўли бўлиб, ҳукуматга ва унинг маъмуриятига қарши ўт очди. Бу газета ерли ёш ёзувчиларға саҳифаларидан кенг ўрин берди”. Афсуски, бундай фидойилик, ватанпарварлик ўша давр “цензор”ларига ёқмасди. Натижада газетанинг 20-сони чиққач, ҳукумат томонидан “маҳаллий аҳолини революцион ҳаракатга қатнашишга даъват этувчи мақолалар чоп этгани учун” айблови билан тўхтатиб қўйилади. Камига, муҳаррир Исмоил Обидийга жарима солиниб, ўлкадан чиқариб юборишга қарор қилинади. Илк газетанинг тақдири шу тарзда якун топади.

 

Орадан кўп ўтмай, 1906 йил 6 сентябрдан жадидларнинг янги бир нашри – “Хуршид” ташкил этилди. Газета ҳафтада бир марта, тошбосма, литография усулида чоп этилган. Муҳаррири “Тошкент жадидлари етакчиси” Мунаввар қори Абдурашидхонов эди. “Хуршид” газетаси ҳам “Тараққий” каби миллат ва юрт манфаатини ҳимоя қилишни, уни тараққиётга олиб чиқишни мақсад қилган. Таҳририят ходимлари “ҳеч партияга мансуб эмасмиз, миллий бетараф, тўғри – ҳаққониятчимиз” деган шиорга амал қилган. “Фельетон”, “Ахбори дохилия”, “Ахбори хорижия” рукнлари остида кундалик муаммолар, сиёсий аҳвол, халқаро вазият, миллий турмуш масалалари ҳақида маълумот бериб борган. Исмоил Гаспирали раҳбарлигидаги “Таржимон” газетаси жамоаси Туркистондаги бундай маънавий юксалишни эътироф этиб, “Ўрта Осиёликлар тушунадиган маҳаллий шевада бўлиши билан бирга очиқ туркча тилда чиққани”ни юксак баҳолайди. Дарҳақиқат, газетанинг мақсади молиявий фойда эмас, балки миллатни уйғотишдан иборат эди. Аммо газетанинг 10 та сони чиққач, 1906 йилнинг 16 ноябрида ҳукуматга қарши мақолалар чоп этганликда айбланиб, фаолияти тўхтатилган.

 

Орадан салкам 1 йил ўтгач, 1907 йилнинг 21 августидан бошлаб “Тужжор” номли ҳафтанома чиқа бошлади. Таҳририят илк сонида эълон қилинган “Матбуот олами” (“Тужжор” газетасининг таъсис сабаби) мақоласида ўз мақсадларини содда тилда ўқувчиларга баён қилади. Унда таъсисчи Саидкарим Саидазимбоев: “Тужжор” ёлғиз мен учун бўлмай, балки жами диндорларимнинг ўз ҳуқуқ, миллий ва молияларини талаб қилмоқликлари учун буюк бир адвокатдир. “Тараққий” ва “Хуршид”лар каби “Тужжор”ни ҳам ҳукумат тўхтатур, деб ҳеч бир хавф этмасин. Чунки “Тужжор”нинг сиёсий ва маиший маслаги ҳукуматга хилоф ва қарши эмасдур”, деб ёзади. Афсуски, ушбу газета муштарийлари йўқлиги учун 36 та сон чиққанидан кейин тўхтаган.

 

Халқнинг маънавий эҳтиёжи, жамиятда юз бераётган воқеалар, ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни билиш учун газета ёки журнал зарур эди. Буни чуқур англаган жадидлар 1907 йилнинг 1 декабридан Абдулла Авлоний муҳаррирлигида “Шуҳрат” газетасини чиқара бошлайди. Газета ҳафтада икки марта нашр этилиб, саҳифаларида хурофотга қарши кураш, замона талабига жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш кераклиги тарғиб қилинган. Газетанинг биринчи сонида “Хуршид” газетаси муҳаррири Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг мақоласи ҳам босилган. Унда “Хуршид” газетаси ёпилганидан кейин юз берган айрим воқеа-ҳодисаларнинг тафсилотлари ҳақида сўз юритилиб, ҳар қандай катта муаммолар ва босимларга қарамасдан жадид маърифатпарварлари ўз маслагидан чекинмагани очиқ-ойдин кўрсатиб берилган. Газетада Маҳмудхўжа Беҳбудий, Турсунхўжа Ҳамидхўжа, Мискин каби тараққийпарварлар ҳам иштирок этиб, халқни маърифатга ундовчи мақолалар эълон қилинган. Шунга қарамай газетанинг муштарийлари кам эди – дастлаб 1000, кейинчалик 300 нусхада ҳафтада бир марта чоп этилган. Афсуски, газета 1908 йил 14 февралгача, жами икки ярим ойгина фаолият юритган.

 

Орадан икки ой ўтиб, 1908 йилнинг 9 апрелидан Аҳмаджон Бектемиров муҳаррирлигида “Осиё” газетаси нашр этила бошлайди. Унда маориф соҳасидаги ислоҳотлар, дунёвий илмларни ўрганиш зарурлиги, маънавий ва иқтисодий масала-муаммолар тўғрисида ёзилган мақолалар ҳамда шеъриятга кенг ўрин ажратилади. Абдурашид Иброҳимов, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний ва бошқа жадидларининг мақолалари эълон қилинган. Таассуфки, газетанинг 5 та сони чиққач, “зарарли йўналиш”да деган айблов билан ёпилган.

 

Миллий матбуотимизнинг илк қалдирғочлари, газетчиликнинг мақсад-муддаоларини кўрсатиб, муаллифлар бурчини англата олган ушбу нашрларнинг умри жуда қисқа бўлди. Бунинг сабаби моддий ва маънавий жиҳатдан таъминланмаганида эди. Маърифатпарвар Абдурауф Музаффарзода кейинчалик “Садои Туркистон” газетасининг 1914 йил 44-сонида бу ҳақда шундай хотирлаган эди: “Бойларимиз ҳимоя ва ёрдам этмадилар, муҳаррирлар ёзмадилар, халқ ўқимади. Ул вақтларда миллий жаридаларимиз бутун Туркистон шаҳарларига бир минг миқдорда тарқалур эди...” (Афсуски, 100 йил олдин кўтарилган масала бугун ҳам долзарб) Оқибатда халқ бир неча йил матбуотсиз яшади. Аммо жадидлар бу ҳолга кўниколмасди.

 

Орадан 5 йил ўтиб, 1913 йилнинг 16 апрелида жадидларинг Самарқанддаги дастлабки газетаси – “Самарқанд” чиқа бошлади. Муҳаррири жадидлар раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудий эди. Газета учта тилда чоп этилган. Беҳбудий ўзининг “На учун илтифот этмайдурлар” мақоласида газетанинг мақсади ҳақида ёзаркан: “Самарқанд” жаридаси ўзбек, форсий, рус тилларида ва Туркистоннинг ўрта шевасида таъсис этилиб эди. Мундан мақсад шул эдики, Русия култури, илми, ҳунари ва саноатига ошина бўлишларида ожизона ташвиқ этмоқдин иборатдир. Мактаб бўлсун, мадраса бўлсун, ислоҳ ва тараққиётга ёрдам учун халқни даъват қилмоқ эди”, дейди.

 

“Самарқанд” газетаси ҳафтада 2 марта, дастлаб 2, кейинчалик 4 саҳифадан 600–800 нусхада чоп этилган. Саидризо Ализода, Ҳожи Муин, Сиддиқий Ажзий, Акобир Шомансур, Тавалло сингари маърифатпарварлар асосий муаллифлар бўлишган. Хабар ва мақолалар юборишда зиёлиларнинг сустлиги сабабли материалларнинг аксариятини Беҳбудийнинг ўзи ёзишга мажбур бўлган. Газетанинг иқтисоий аҳволи ҳам ҳавас қиларлик эмас эди. Бунинг олдини олиш мақсадида рекламалар берилган, аммо ўқувчиларнинг камлиги, молиявий муаммолар сабаб 45 та сони чиққач 1000 сўм зарар билан ёпилган. Обуначиларга “Ойина” журнали етказиб берилган.

 

1913 йилнинг 12 декабрида Убайдуллахўжа Асадуллахўжаевга “Садои Туркистон” газетасини чоп этишга рухсат берилади, аммо молиявий муаммолар сабаб газета кечикиб, 1914 йилнинг 1 апрелидан Тошкентда чиқа бошлайди. Газета янгиликларга урғу бериб, жамиятдаги эскирган урф-одатларни, иллатларни қаттиқ танқид эта олгани учун самимий қарши олинган. Унда Абдулла Авлоний, Тавалло, Саидносир Миржалилов, Ҳамза, Холид Саид, Чўлпон, Лутфулла Олимий, Саидаҳмад Васлий, Ҳожи Муин, Абдурауф Музаффарзода каби етук маърифатпарварлар долзарб мавзудаги мақолалари, шеър ва ҳикоялари билан мунтазам қатнашиб турган. Аммо ушбу нашр ҳам молиявий таназзулда эди. Дастлаб кундалик газета ҳисобланган “Садои Туркистон” тез фурсатда ҳафтада бир марта чиқишга мажбур бўлган. Охир-оқибат, 1915 йилнинг 10 апрелида маблағ етишмаслиги сабабли 66-сонидан сўнг тўхтатилган.

 

1914 йил 3 апрелда “Садои Фарғона” газетаси ташкил этилди. Обиджон Маҳмудов (Обид чатоқ) муҳаррирлигидаги газета ҳафтада 3 марта 500-600 нусхада чоп этилган. Аммо у ҳам 1915 йилнинг 26 апрелигача, атиги 1 йилгина фаолият кўрсатган. (Бундан ташқари, “Бухорои шариф” ва “Турон” газеталари, “Ойина” (1913 йил 20 августдан 1915 йилгача, жами 68 та сон), “Ал-ислоҳ” (1914 йил 14 январдан 1918 йил 15 мартгача, жами 77 та сон) журналлари ҳам бир муддат фаолият юритган.)

 

Илк газеталарнинг фаолияти қисқалиги “Туркестанские ведомости” газетасининг 1916 йил 36-сонида шундай изоҳланган: “Уларнинг бир қисми даврнинг қарашларига тўғри келмаганлиги учун ҳукумат томонидан, лекин аксарият қисми муштарийлар йўқлигидан ўз-ўзидан фаолиятини тўхтатган”. Аммо холис хулоса қиладиган бўлсак, газеталар ҳақ сўзни айта олгани ва бу жонсўзлар мустабид тузум раҳнамоларининг мақсадларини айтиб қўяётгани учун тўхтатилган... Бу ҳолат ҳақида Абдурауф Музаффарзода “Садои Туркистон” газетасининг 1914 йил 44-сонида эълон қилинган “Бизда зиёлилар ва миллий матбуот” мақоласида “Тараққий”дан сўнг ёпилган жаридалар йиғилса, жуда катта “жарида мозори” ҳосил бўлиши мумкин эди”, дейди. Гарчи бу рамзий маънодаги гап бўлса-да, Туркистон матбуотига ва унинг ожиз аҳволига берилган баҳо аччиқ ҳақиқат эди.

 

Холиёр САФАРОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19046
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//