Али Юсуфзода – Тошкентга сургун қилинган озарбойжонлик жадид


Сақлаш
17:23 / 26.06.2025 8 0

ХIХ аср Озарбойжон учун Россия ва Ҳожарлар (Эрон) давлати босқини билан бошланди. 1801–28 йилларда Озарбойжон ҳудудида маҳаллий хонлар босқинчиларга қарши кураш олиб борган, шунингдек, 1-2 Россия-Эрон урушлари содир бўлган. Ҳарбий ҳаракатлар Озарбойжон ҳудудининг оккупация қилиниши ва бу ҳудудларнинг Араз дарёси бўйлаб Россия ва Эрон ўртасида Шимолий ва Жанубий қисмларга бўлиниши билан якунланган. (1813 йилдаги Гулистон ва 1828 йилдаги Туркманчой шартномаси). Натижада Озарбойжон давлати барҳам топди, унинг ҳудудий яхлитлигига путур етди. Шимолий қисмда руслаштириш сиёсати, жанубий қисмида эса форслаштириш жараёни борарди. Шу билан бирга, халқ, маҳаллий аҳоли доимий равишда қўзғолонлар кўтариб, миллий-диний зулмга қарши ўз норозилигини билдирган ва ўз ҳолатини яхшилашга интилган. Зиёлилар эса миллатнинг онгини ўстириш ва маданиятни ривожлантиришга ҳаракат қиларди.

 

1920–50 йиллардаги сиёсий қатағонлар тарихи собиқ совет даври илмий-тарихий адабиётларида қисман ёритилган бўлса-да, олимлар калтакнинг бир учи ўз бошларида ҳам синиши мумкинлигидан чўчиб, кам ўрганилган. Фақат мустақиллик қўлга киритилгачгина қатағон даврини очиқ, ҳаққоний, изчил ўрганиш имконияти туғилди. Тарих ҳақиқати юзидан сохталик пардаси олиб ташланди.

 

СССРдаги сиёсий қатағонларни амалга оширишнинг турли жиҳатларини ўрганишда кўпроқ эътибор алоҳида шахсга қаратилади. Бир шахс тақдири орқали унинг замондошлари қисмати, замон руҳини билиш мумкин. Бунга Али Юсуфзода ҳаёти мисол бўла олади. У журналист, шоир ва маърифатпарвар инсон бўлиб, 1937 йилда ноҳақ отиб ташланган.

 

1900 йили Шуша шаҳрида туғилган Али Юсуфнинг отаси ўқитувчи, шоир ва журналист бўлган. Али Юсуф 17 ёшида Шушадаги мактабни битиргач, ота изидан бориш истагида Бакуга келади. Инглиз, рус, француз тилларини мукаммал билган Али Озарбойжон Демократик Республикаси ҳукумат ишлари бошқармасида таржимон сифатида иш бошлайди.

 

Орадан икки йил ўтиб, у Озарбойжон Демократик Республикаси Халқ маорифи вазирлигига давлат ҳисобидан хорижда таҳсил олиш учун юборишларини сўраб мурожаат қилади. 1919 йил 1 сентябрида Парламент қарорига кўра Али Францияга ўқишга юборилади. 1920 йил 14 январда Али Юсуфзода талабалар гуруҳи билан биргаликда Батумига, у ердан Европага йўл олади. 

 

1937 йил 25 январда тузилган “Маҳбус анкетаси” ва 1937 йил апрелидаги айблов хулосасида “миллати турк” бўлган Али Юсуфзода олий маълумотга эга экани, Парижда жойлашган Сиёсий фанлар институтининг юридик факультетини тамомлагани қайд этилган.

 

Али Парижга Мусовот ҳукумати томонидан юборилган. Ҳужжатларда шунингдек, Али Юсуфзода 1917 йилдан бери Мусовот партиясининг аъзоси экани кўрсатилган. Озарбойжонда совет ҳокимияти ўрнатилгач, хорижда таҳсил олаётган талабалар қисқа вақт ичида давлатнинг молиявий қўллаб-қувватлашидан маҳрум бўлиб, ватанга қайтиш ҳақида буйруқ олишади. Бироқ, хорижга ўқишга юборилганларнинг барчаси ҳам ортга айтишмаган, афтидан улар бошларига тушажак савдоларни аввалдан таҳлил қила олган.

 

 

Аммо, ватанидан узоқда яшашни тасаввур қилолмаган, юрт уларнинг билими ва касбий тажрибасига муҳтожлигини ҳисобга олган бир гуруҳ талабалар сафида Алиага ҳам Озарбойжонга қайтади. 1923 йили Бокуга қайтган Алиага ҳаётида янги босқич бошланади. Ўқитувчи, журналист, “Маърифат ва маданият” журнали масъул котиби сифатида фаолият олиб бораркан, яширин ташкилотга қўшилади ва Мусовот партияси Боку қўмитаси аъзоси бўлади.

 

1924 йилда у Мусовот Марказий Қўмитаси топшириғи билан Грузияга бориб, грузин меньшевиклари Марказий Қўмитаси билан Совет ҳокимиятига қарши ҳамкорликда ва бир вақтда қуролли қўзғолон кўтариш масаласида музокаралар олиб борган. Профессор М.Қаҳрамонлининг монографиясида қайд этилишича, аслида Али Юсуфзода грузин меньшевиклари билан учрашган, аммо, у ерда мусовот аъзолари Озарбойжонда тўлиқ тор-мор этилгани ва қўзғолон ташкил этишга қодир эмаслигини билдирган. Афтидан, бу учрашувдан сўнг Али Юсуфнинг яширин фаолияти тўхтатилган.

 

Бироқ, 1927 йили Мусовот аъзоларига қарши янги таъқиблар тўлқини бошланганида у ҳам ҳибсга олинади. Дастлабки сўроқларда барча айбловларни рад қилган бўлса-да, зўрлик ишлатиб, тан олишга мажбурлашади. Натижада, Али Юсуф 10 йил муддатга Соловки лагерига сургун қилинади. Тадқиқотчи М. Оружлунинг китобидаги маълумотларга қарайдиган бўлсак, Али Юсуф билан бирга яна 34 киши сурган қилинган. З. Бунятовнинг “Қизил террор” китобида эса бу даврда Соловкига юборилган 111 мусовотчининг исмлари келтирилган бўлиб, қаҳрамонимиз номи ҳам зикр этилган.

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик хизмати архивининг маълумотларида қайд этилишича, Али Юсуфзода мусовотчиларнинг лагердаги Марказий қўмитаси таркибига кирган ва маҳбусларнинг оммавий чиқишларини ташкил этишда фаол қатнашиб келган. Соловки лагеридаги машаққатлар ва чекловларга қарамай, Али Юсуф омон қолади ва 1935 йил 28 январда озод қилиниб, Тошкентга сургун қилинади. У Тошкентда Чимкент тракти, 19-уйда яшаб, ҳисобчи бўлиб ишлайди. Ушбу даврда Ўзбекистонда, хусусан, Тошкентда кўплаб озарбойжонликлар кўчиб келган. Уларнинг аксарияти лагерларда жазо муддатини ўтаб бўлгач, ёки сиёсий ишончсизлик сабабли сургун қилинган. 1937 йил апрель ойида Ўзбекистон ССР Ички ишлар комиссари, давлат хавфсизлиги катта майори Загвоздин томонидан имзоланган Али Юсуфнинг айблов хулосасида у лагердан қайтгач ҳам машҳур мусовотчилар, хусусан, Абдул Ғасан Рағимов билан ёзишмаларини давом эттиргани ёзилган. Рағимов лагердан озод бўлгач, Тошкентга келиб, Юсуфзода билан бирга яшаган.

 

Али Юсуф Тошкентда яшаган бошқа мусовотчилар билан ҳам яқин алоқалар ўрнатган. Айтилишича, у ўз уйида Озарбойжон миллатчиларининг йиғинларини уюштирган ва уларга янги шахсларни, жумладан, Алиаскер Тагиев, Паша Ганиев ва бошқаларни жалб қилган. 1936 йил октябрь ойида Тошкентда Озарбойжонликлар учун ватандошлик бирлашмасини ташкил қилиш таклифини билдирган.

 

1936 йилнинг декабрь ойи охирида Али Юсуфзода Тошкентда аксилинқилобий миллатчилик ташкилоти тузишга тайёргарлик кўрганлик ҳамда Озарбойжон ва ўзбек зиёлилари ўртасида аксилинқилобий миллатчилик тарғиботини олиб борганликда айбланади. Унга яқин қариндошлари ва мусовотчи дўстлари билан алоқада бўлганлик, Тошкент зиёлилари орасида аксилбольшевик тарғибот ишлари олиб боргани, Коммунистик партия ва унинг раҳбариятига нисбатан танқидий фикрлар билдиргани ҳамда СССРнинг янги Конституциясини танқид қилганлик айби қўйилади.

 

Тергов ҳужжатларида Тошкентдаги мусовотчилар гуруҳи аъзоларининг Озарбойжон ва Туркманистонда яшовчи мусовотчилар фаолиятидан ҳам бохабар бўлгани қайд этилган. Бу алоқалар “аксилинқилобий ташкилот”ни халқаро тармоқ сифатида кўрсатиш учун асос қилиб олинган. Шу тариқа, Али Юсуфзода ва унинг атрофидагиларни давлатга қарши ҳаракатлар ташкил қилишда ва янги ҳукуматни ағдаришга қаратилган режалар тузишда айблашган.

 

1937 йилнинг апрелидаги хулосада Али Юсуфзода “Мусовот” партиясининг лагерлардаги марказий партиясига аъзоликда айбланади. Бу айблов Озарбойжон ва Туркманистонда ҳибсга олинган бошқа мусовотчилар, жумладан, Мамед Гасан Баҳарли ва Абулфайз Бабаев кўрсатмалари асосида шакллантирилган. (Уларнинг кўрсатмалари ҳам босим остида олинганига шубҳа йўқ). Кўрсатмаларда Али Юсуфзоданинг лагерларда мусовотчилар фаолиятини ташкил қилиш ва озод этилганидан кейин ҳам уни бошқаришда иштирок этгани қайд этилган. Терговчилар томонидан туҳмат ва зўрлик асосида олинган гувоҳликлар асосида унга қуйидаги айблар қўйилган:

 

- 1917 йилдан бошлаб Мусовотчилар фаолиятида иштирок этганлик;

- Лагерда аксилинқилобий фаолиятни давом эттирганлик;

- Тошкентдаги мусовотчилар билан алоқада бўлганлик;

- Сталин конституциясини танқид қилиб, буржуа Конституциясини мақтаганлик.

 

1937 йил август ойида НКВДнинг махсус учлиги қарори билан Али Юсуфзода ва сафдошлари отув жазосига ҳукм қилинади. Бу ҳукмнинг амалга оширилиши эса суд қарори ва тегишли далилларсиз, 10-15 дақиқалик “учлик” мажлисида амалга оширилади...

 

***

Сталин вафотидан кейин 1953 йилдан бошлаб, сиёсий қатағон қурбонларига оид ишлар қайта кўриб чиқилади. 1958 йил 25 августда Ўзбекистон ССР Олий суди Али Юсуфзода ишини ҳам кўриб чиқиб, НКВД “учлиги” ҳукмини бекор қилади.

 

1996 йил 15 мартдаги Озарбойжон Республикаси собиқ Президенти Ҳайдар Алиевнинг “Сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилиш тўғрисида”ги фармони билан озарбойжонликлар ишларини қайта кўриб чиқиш жараёни давом эттирилди. Озарбойжон Республикаси Прокуратурасининг 1998 йил 28 октябрдаги “маълумотнома”сига кўра, Али Юсуфзода прокуратура хулосасига асосан, 1992 йил 22 майда тўлиқ реабилитация қилинган.

 

Али Юсуфзоданинг қисмати “қизил террор” даврида ҳалок бўлган ўн минглаб миллий зиёлиларнинг фожеали ҳаётини ўзида акс эттиради. Бу йўқотишлар жамият учун ўрнини тўлдириб бўлмас даражадаги маданий ва интеллектуал зарба бўлган.

 

Али Юсуфзода каби инсонларнинг қисматларини ўйлаганда, уларнинг номини энди абадийлаштиришга эҳтиёж сезилади, зеро, бугунги авлод кимларнинг насли эканини билсин, англасин, ватанни севсин. Шу билан бирга, ҳар бир инсондан, каттами-кичикми, мустақилликни, бугунги фаровон замонларни кўз қорачиғидек асрашга масъул бўлишни талаб-тақозо этади.

 

Маҳфуза ЗЕЙНАЛОВА,

Озарбойжон Миллий тарих музейи

директор ўринбосари,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Икромжон АСЛИЙ,

мустақил тадқиқотчи

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19059
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//