Келажак ва саводхонлик учун қилинган яхшилик! – Гутенберг лойиҳаси


Сақлаш
23:22 / 07.02.2024 396 0

Аксарият кашфиётлар инсон фаровонлиги, ҳаётий эҳтиёжларини енгиллаштиришга хизмат қилади. Oyina.uz ана шундай ихтиролардан бири, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган электрон китоблар ва уларнинг дунёдаги энг катта захирасига эга Гутенберг лойиҳаси ҳақида мақола тайёрлади.

 

 Ҳаммаси 1971 йил 4 июль АҚШ мустақиллигининг 195 йиллигига Иллинойс университети талабаси Майкл Стерн Харт ўзига хос совға тайёрлашни мақсад қилганидан бошланган. У мамлакат мустақиллиги асоси ҳисобланувчи тарихий ҳужжат «Мустақиллик декларацияси» матнини Xerox Sigma V компьютерида ўша вақтда интернетнинг прототипи ҳисобланган тармоқ Арпанетга жойлаштиради. Электрон китобларнинг ҳаётимизга кириб келиши айнан шу воқеадан бошланди.

 

Ихтиро кенг жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилинди ва олим бутун умрини унга бағишлашга қарор қилади. У инсоният тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш, саводсизликка қарши кураш, аҳолининг ахборот ресурсларидан эркин  фойдаланиш имкониятини тақдим қилувчи тизимни яратишга астойдил киришади. Лойиҳасини моддий қўллаб-қувватлаш учун турли хайрия фондларидан ёрдам олади. Тинимсиз ҳаракатлардан сўнг ихтироси асосида янги электрон кутубхона яратади. Лойиҳага илк китоб босиш дастгоҳининг муаллифи бўлган олим – Иоганн Гутенберг номининг танланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, Гутенберг 1445 йил китоб босиш дастгоҳини ихтиро қилиши ортидан инсониятнинг катта қисмини саводли бўлди. Электрон китоблар ҳам айнан шу вазифани замонавий тарзда бажариши кўзда тутилган эди.

 

Гутенберг лойиҳаси – инсоният ривожига ҳисса қўшувчи асарларнинг рақамли тўпламини яратиш ва уларни бепул тарқатишга қаратилган жамоат ташаббусидир. Унинг сайти дунёдаги дастлабки ва энг катта рақамли кутубхона ҳисобланади. Китобларнинг аксарияти кўнгиллилар томонидан электронлаштирилган ва уларни бепул юклаб олиш мумкин.

 

Хартнинг 1990 йилгача 100га яқин китобнинг рақамли вариантини электрон кутубхонасига киритади. Лойиҳанинг жадал ривожланишида муҳим босқич XXI аср бошларига тўғри келди дейиш мумкин. Бу даврда кўнгиллилардан иборат муҳаррирлар жамоаси тузилади. Энди нафақат инглиз балки, бошқа тиллардаги китобларнинг ҳам жойлаштирилиши лойиҳа кўламини ошишига хизмат қилди. Сайт ишлашини таъминлаш учун маблағ йиғиш билан Майклнинг ўзи шуғулланган. Лойиҳа кўлами интернет ривожланишига мутаносиб равишда ошиб борди. Жумладан, 1997 йил сайтдаги мавжуд асарлар сони 1000 тага етган бўлса, 2003 йилда 10 минг, 2011 йилда 40 мингтани ташкил этди. Айни вақтда эса тизимда эркин юклаб олиб фойдаланса бўладиган китоблар сони 60 мингдан ортиқ бўлиб, улар бир нечта тилларда ёзилган.

 

Барча электрон матнлар Plain Vanilla деб номланган 7 битли Америка стандарт ASCII кодида рақамланган. Ушбу формат ҳар қандай қурилмада ўқилади ва мавжуд дастурий таъминотлар билан деярли қийинчиликсиз мос келади. Қолаверса, немис ва француз тилларида қўлланилувчи махсус урғули белгиларга эга китоблар учун ҳам мос форматда ишловчи версия яратилган бўлиб, мазкур тиллардаги китоблардан ҳам осонгина фойдаланиш имкониятини беради. 

 

Портал серверлари АҚШда жойлашган ва шу мамлакат домени билан роʼйхатдан ўтган. Шу сабабли муаллифлик ҳуқуқини аниқласа-да Америка қонунлари асос қилиб олинган. Бироқ, бундай қонун турли давлатларда бир-биридан фарқ қилади. Шу боис сайт чет элдаги коънгилли таҳрирчилари билан ҳамкорликда ишлашида турли муаммоларга учраб туради. Масалан, 2018 йил Германия суди муаллифлик ҳуқуқини бузганлиги учун сайтга юкланган немис тилидаги 18 та электрон китобларни блоклаш ҳақида қарор чиқарган ҳамда эндиликда бу асарларни сайтдан немис домени остида юклаб бўлмайди. Бундай ҳолат Италияда ҳам кузатилган, порталга мамлакат интернет провайдерлари орқали кириш тақиқланган. Чекловларга қарамай сайтнинг салмоғи йилдан йилга ортиб бормоқда.

 

Ушбу электрон кутубхонанинг турдошлари бошқа мамлакатларда ҳам бор. Масалан, Ўзбекистондаги «Ziyo.uz» сайтини Гутенберг кутубхонасига ўхшатиш мумкин. Сайтда фойдаланувчилар учун электрон китоблардан ташқари аудиокитоблар, илмий-маърифий журналларнинг рақамли аналоглари жойлаб борилади.

 

Гутенберг лойиҳаси каби сайт, портал, платформалар инсониятнинг билим олиши, маънавий олами бойишига хизмат қилиши билан аҳамиятли. Қолаверса, дунёда юз бераётган экологик ҳалокатлар, ҳавонинг ифлосланиш даражаси ортиб бораётган бугунги даврда дарахтларни асрашга рақамли асарлар маълум даражада ҳисса қўшади. Негаки, китоб учун қоғоз дарахтларни кесиб, уларга ишлов бериш йўли билан олинади. Электрон китобларда эса бунга эҳтиёж йўқ. Тўғри, кўпчилик учун электрон китобни ҳақиқийсидек ҳис қилиб ўқиш қийин. Лекин, ҳозирда глобал экологик муаммоларга таъсирини камайтиришда электрон китоблар ривожи қисман ечим бўла олади.

 

Хулоса ўрнида айтганда, Майкл Стерн Харт ўз ихтироси билан келажак авлодга муносиб мерос қолдира олди. Умид қиламизки, яқин йилларда дунёнинг энг катта электрон китоблар омбори бўлмиш Гутенберг порталида ўзбек адабиёти намуналари ҳам жой олади ва ўз муштарийларини топади.

  

Нусратжон ҚОДИРОВ.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//