Дюмалар авлоди: Қулдан чиққан генерал


Сақлаш
23:22 / 30.01.2024 415 0

Дюма фамилиясини эшитган аксарият инсонлар ҳаёлига машҳур ота-бола француз адиблари келиши тайин. Ота ва ўғилдан ташқари бобо Дюма ҳам Франция тарихида ўз номини қолдира олган машҳур шахслардан. Келинг, бугун сиз билган ота-бола эмас, бобо ҳақида гаплашамиз.

 

Томас Александр 1762 йилда ўша вақтларда Франциянинг мустамлакаси ҳисобланган Сент-Доминго (ҳозирги Гаити) ҳудудида дунёга келган. Унинг онаси қора танли қул Мари Сессета Дюма бўлиб, отаси плантация эгаси — Антуан Делисле Дави де ла Пайлетри қарз ва солиқлардан қочиб юрган собиқ полковник эди. Кейинчалик Томаснинг онаси вафот этгач, қийин аҳволда қолган ота 4 фарзандининг тўнғичи бўлмиш Томас Александрни қайтариб сотиб олиш шарти билан қулликка сотади ва қарзларини тўлаб бўлганидан сўнг уни яна сотиб олади.

 

Улғайган Томас Александр қироллик гвардиясига оддий аскар сифатида хизматга киради. Бироқ собиқ полковник ота ўғлини оддий аскар бўлиб унинг фамилиясини обрўсизлантиришини истамаслигини айтган, шундан сўнг Томас отасидан фақат Александр исмини олади, фамилясини эса онаси Мари Дюмадан олган. Шу тариқа Томас Александр Дюма номи остида қиролича Мари Антуанеттага хизмат қилувчи полкка аскар сифатида ёлланади ва бу ерда 1789 йил «Буюк француз буржуа инқилоби» гача хизмат қилади. У аскарликнинг илк йиллариданоқ ўзини ҳар томонлама жасур жангчи ва ғайритабиий куч эгаси эканлигини кўрсата олган. Инқилобдан сўнг Томас Александр 1792 йилда Париждаги мўъжазгина меҳмонхоналардан бирининг хўжайини қизи — Мари-Луиз Лабоуре билан турмуш қуради. Ўзининг жасурлиги билан машҳур бўлган Томас инқилобдан сўнг ёш Наполеон Бонапартнинг қўшини сафига қабул қилинади. Қўшин таркибида ҳам фаоллиги ва шижоати билан ажралиб турган Томас Александр Дюма бир қанча жангларда кўрсатган жасоратлари учун генерал унвонига лойиқ кўрилади ва Наполеоннинг яқин одамлари сафидан жой олади.

 

Бироқ Томас Александрнинг юлдузлик даври узоқ чўзилмади. У 1798 йилда Мисрга қилинган юришда Напалеон армияси ҳарбий ҳаракатларда фаол қатнашади. Қоҳира ва бир қанча муҳим стратегик шаҳарларни қўлга киритилишида жонбозлик кўрсатади. Бироқ Напалеон Европада муваффақиятсизликка учраб Францияга қайтишга мажбур бўлганидан сўнг Мисрни бошқариш ваколати бошқа бир қўмондон Клебер қўлида ўтади. Томас ҳам унинг ёнида Мисрни назорат қилишга масъул қилиб тайинланади.

 

Қўмондон Клебер ва Томас биргаликда бир қанча жангларда Мисрни Буюк Британия, Миср мамлуклари ва Турк султонининг ҳужумларидан асраб турган вақтда Клебер ўлдирилади. Шундан сўнг Миср Буюк Британиянинг штурмига дучор бўлади. Йўқотишлар ҳақида хабар топган Напалеон Мисрни назоратдан чиқиб кетишидан хавфсирайди ва омон қолган саркардаларни ортга қайтишига буюради. Напалеоннинг асл мақсади Мисрни ҳимоя қилолмаган саркардалар ўрнига бошқаларни юбориш эди. Шундай бўлади ҳам. Генерал Томас Александр Дюма кемада ортга қайтар экан Ўрта Ер денгизида ҳужумга учраб, Неапол шаҳригача шикастланган кемада қийинчилик билан етиб келади. Томасни Неаполда зиндонга ташлашади. Шу вақтда Напалеон Бонапарт ўзининг содиқ аскарини қутқариш учун 1 дона мактуб ёзса бас эди. Бироқ Напалеон генерал Томасни ҳибсдан озод қилиш учун ҳаракат қилмайди. Қамоқхонада унинг жонига бир неча марта суиқасдлар қилинади.

 

Оғир шароитда соғлиги тезда ёмонлашган Томас 1801 йилда айнан шу важ билан зиндондан озод этилади. Бу орада император Напалеон Бонапарт Томас билан буткул алоқаларни узган ва энди касалманд бўлиб қолган Томас Александр Дюма оиласи бағрига қайтади. Беш йиллик касалликдан сўнг 1806 йилда вафот этади. Оиласига айтарли ҳеч қандай моддий бойлик беролмаган Томас Александрнинг икки фарзанди бор эди, қизи — Аиме ва ўғли Аленсандр. Кейинчалик Александр улғайиб машҳур адиб Александр Дюмага айланиши ва унинг ўғли ҳам Александр Дюма фарзанди сифатида машҳур адиб бўлганлиги сизга яхши маълум.

 

Томас Александр Дюма ҳаёти ўта қийинчилик билан бошланган ва умрининг охирида яна ночор аҳволда вафот этганлигига қарамай у тарихда ўз номини муносиб қолдира олган. Жумладан Парижда 1836 йилда бунёд этилган «Зафар аркаси» ёдгорилигининг жанубий қисмида Томас Александр Дюманинг тасвирини кўриш мумкин. Бундан ташқари 2009 йилда Парижда генерал Александр Дюмага аталган 5 метрли ҳайкал ясалган. Нетфлих томонидан Наполеонга бағишлаб ишланган фильмда ҳам Томас Александр Дюма образи мавжуд.

 

Умид қиламизки ушбу мақоладан сўнг сиз билган машҳур Дюмалар сони яна 1 нафарга ортди.

 

Нусратжон ҚОДИРОВ.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//