Уларга шунчаки хомашё манбаи ёки ёқилғи учун тўхташ жойи сифатида қараш етарли эмас. Америкалик профессор Марказий Осиё давлатлари ҳақида


Сақлаш
23:16 / 29.01.2024 405 0

У бир пайтлар “минг шаҳарлар ўлкаси”, дунёнинг энг донғи таралган олимлар, шоирлар ҳамда файласуфлар ватани бўлган. Марказий Осиёнинг келажагини тасаввур қилиш учун биз унинг улуғвор ўтмишига саёҳат қилишимиз даркор.

 

Милоднинг 998 йилида бир-биридан 200 миля (322 км, – таржимон) узоқликда, ҳозирги Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудларида истиқомат қилувчи икки йигит ўзаро ёзишмага киришди. XXI аср лабораторияларида қўлланиладиган сўз тортишуви билан улар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган 18 масала борасида мунозара олиб бордилар.

 

Юлдузлар орасида қуёш тизимига ўхшаш ўзга тизимлар ҳам мавжудми, ёки биз бу коинотда танҳомизми, дея савол қўйишарди улар. Европада мазкур масала кейинги 500 йил ичида очиқ қолди, бироқ бу икки йигитга биз коинотда ёлғиз эмаслигимиз равшан эди. Улар яна – ер бир бутун (яхлит) ва тугал шаклда яратилганми, ёки у вақт мобайнида эволюцион тарзда тараққий этганми, деган саволлар билан машғул бўлдилар.

 

Ушбу ёш олимлар шундай хулосага келишди, вақт давомий, унинг на боши ва на охири бор. Бошқача айтганда, улар яратилганлик назарияси (креационизм)ни рад этиб, эволюцион геологияни ва ҳаттоки, дарвинизм асосларини Дарвиндан қарийб минг йил олдинроқ илгари суришди. Бу каби қарашларнинг барчаси ҳам ислом, ҳам ўрта асрлар насроний динида бидъат саналган.

 

Минг йил аввал амалга оширилган мазкур ёзишмалар илм-фан тарихида камдан-кам учрайдиган келажакка дадиллик билан қарайдиган интилишлар эди. Биз бу ҳақда сақланиб қолган ҳамда минг йиллар оша қайта нашр этилган қўлёзмаларнинг бир неча нусхаси туфайлигина биламиз. 26 ёшли Абу Райҳон ал-Беруний ёки қисқача – ал-Беруний (973–1048) Орол денгизи яқинида яшаб, география, математика, тригонометрия, қиёсий диншунослик, астрономия, физика, геология, психология, минералогия ва фармакология соҳаларида танилган. Унинг замондоши Абу Али ибн Сино ёки ибн Сино (тахм. 980–1037) ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида жойлашган буюк илм даргоҳи – улуғвор Бухоро шаҳридан бўлган. У тиббиёт, фалсафа, физика, химия, астрономия, диншунослик, клиник фармакология, физиология, этика ва ҳатто мусиқашуносликда ном таратган. Абу Али ибн Синонинг кейинчалик лотин тилига таржима қилинган “Тиб қонунлари” асари Ғарбда замонавий тиббиётнинг томир отишига туртки бўлган. Биргаликда бу икки нодир ақл соҳиблари антик дунё ва Европадаги Уйғониш даври ўртасидаги энг буюк илм дарғалари қаторида туради.

 

Баҳс-мунозарага мойил бўлган мазкур даҳоларни бугун кўпчилик араб миллатига мансуб деб билади (агар умуман, билса). Буни тушунса бўлади, чунки бу икки олим ҳам араб ва форс тилларида ижод қилган. Бироқ инглиз тилида ижод қилган япон миллатига мансуб инсон инглиз бўлолмагани сингари, араб тилида ёзган Марказий осиёлик одам ҳам араб бўлолмайди. Аслида, улар математика, астрономия, тиббиёт, геология, тилшунослик, сиёсатшунослик, шеърият, архитектура, амалий технология каби соҳаларда ҳозирги кунда биз Марказий Осиё деб атаётган ҳудудда яшаб ижод этган этник жиҳатдан форсий ва туркий даҳолардан ташкил топган “юлдузлар туркуми”дандир. 800–1100 йиллар орасида Марказий осиёлик бу олим, санъатшунос ва мутафаккирлар плеядаси минтақани дунёнинг интеллектуал марказига айлантирдилар. Уларнинг таъсир доираси Шарқий Осиё ва Ҳиндистондан Европа ва Яқин Шарққача тарқалган эди.

 

Бугун буни тасаввур қилиш қийин. Хитой, Покистон, Эрон, Россия ва Каспий денгизи ўртасида жойлашган, суғориладиган чўллар, тоғлар ва даштлардан иборат бу улкан минтақани осонгина дунёнинг чет ҳудуди, у ёки бу буюк давлатнинг “томорқа”си сифатида менсимай орадан суриб чиқаришга интилинмоқда. Азалдан Марказий Осиёнинг юраги бўлмиш ҳозирги қашшоқ Афғонистонда АҚШ қўшинлари ўтмишга таянган ва илмсиз “Толибон” ҳаракатига қарши уруш олиб бормоқдалар. Америкада Марказий Осиёнинг қолган мамлакатлари тўғрисида хабарлар асосан Пентагоннинг у ерда афғон кампаниясини қўллаб-қувватлаш учун ҳарбий базалар оғушида юргани билан кифояланади. Хитойда эса ушбу минтақага нефть, табиий газ, олтин, алюминий, мис ва уран каби хомашё манбаи  сифатида қаралади. Айни пайтда, Россиядаги мунозаралар Москванинг у ерда Ғарб билан ва тобора Хитой билан ҳам геосиёсий рақобати атрофида айланади. Умуман олганда, хорижда кўпчилик одамлар ибн Сино ва ал-Берунийлар юртини писанд қилмай, бу ерга бошқа бирор манзилга бориш учун кесиб ўтиш керак бўлган нотинч ҳудуд сифатида қарайдилар.

 

Мазкур ерларнинг замонавий дунёда жумбоққа айланган  ҳолатини ҳисобга олган ҳолда, ким бунга ҳайратланиши мумкин? Бир ярим аср илгари бошланган рус истилоси натижасида минтақанинг асосий қисми Россия мустамлакасига айланган бир пайтда, Британия ўзининг Ҳиндистондаги мустамлакасини Россиядан мудофаа қилиш мақсадида Афғонистонни буфер зонага айлантирди. Вақт ўтиши билан ҳозирда Синцзян (“янги ҳудуд”) деб аталмиш минтақанинг шарқдаги катта бўлагини Хитой ютиб юборди. Билим эгаллашнинг қадимий анъаналари аллақачон емирилиб кетган эди; совет ҳукумати саводхонликни қайта тиклашига қарамай, ҳам дунёвий, ҳам диний соҳада ҳур фикрлиликни бостирди. 1991 йил Совет Иттифоқи қулаши ва беш мустақил давлатлар пайдо бўлиши, ҳамда 2001 йил 11 сентябрдан кейин Афғонистонда янги ва замонавийроқ ҳукумат ўрнатиши билан минтақа учун янги кун келди.

 

Минг йил илгари Марказий осиёликлар эришган интеллектуал ютуқларни санаб чиқишни қаердан бошлашни билиш мушкул. Математикада Марказий осиёликлар биринчи бўлиб, иррационал сонларни қабул қилишган, куб тенгламаларнинг турли хил шаклларини аниқлашган, тригонометрияни кашф этишган, ўнлик сонлар тизимини ва ҳинд (Ғарбда “араб” рақамлари сифатида тан олинган) рақамларни янада такомиллаштиришган ҳамда бошқа ўлкаларга тарқатишган. Астрономияда улар яқин асрларгача тенги йўқ аниқлик билан Ернинг диаметрини ўлчаганлар ҳамда ҳайратланарли даражадаги аниқ астрономик жадвалларни тайёрлаш учун Уйғониш давридан анча аввалроқ бир неча йирик расадхоналар қурганлар.

 

Химияда эса Марказий осиёликлар реакцияларни қайтаришга, кристаллизациядан химиявий тозалашнинг бир воситаси сифатида фойдаланишган, гўё Дмитрий Менделеевнинг 1871 йилги даврий жадвалига пойдевор яратиш мақсадида муайян тортиш кучини ўлчаш ва уни гуруҳ элементларида қўллаш каби ютуқларга эришганлар. Улар хрестоматик тарзда қадимий тиббий билимларга ўз ҳиссаларини қўшдилар, фармакология асосларини кенгайтирдилар ҳамда барча билимларни Ғарб ва Ҳиндистонга узатдилар. Технологик ютуқлардан кейинчалик ғарбий йўналишда Яқин Шарққа ва Европага ҳамда шарқий йўналишда Хитойгача тарқалган шамол тегирмонларни ва сувни кўтариш учун гидравлик машинасозликни таъкидлаш мумкин.

 

Лекин бу Бағдодда халифаликда мужассамлашган араб дунёси илм-фан ва таълимининг олтин даври эмасми? Худди шундай. Офтальмологиянинг асосчиси ибн ал-Ҳайзам (тахм. 965–1040) каби ёрқин араб олимлари ўтган. Бироқ Лейпциглик олим Хайнрих Шутер биринчилардан бўлиб бир аср аввал кўрсатганидек, ўша “араб” олимларининг кўпи (аксарияти бўлмаса агар) аслида Марказий Осиёдан келиб чиққан форсий ёки туркийлардан бўлган. Буни ал-Беруний каби ҳозирги Ўзбекистон-Туркманистон сарҳадларида жойлашган Хоразм ўлкасидан келиб чиққан ва шунинг учун “ал-Хоразмий” шарифини қабул қилган математик ва астроном Муҳаммад ибн Муса ал-Хоразмий мисолида кўриш мумкин. Унинг бир қатор кашфиётларидан бири бўлган алгоритмларда унинг – бузилган шаклда бўлса-да – исми акс этган бўлиб, бизнинг “алгебра” атамамиз эса унинг математикадаги кенг эътироф этилган асари сарлавҳасидан олинган. Шунга ўхшаш тарзда, Ғарбда Алфарабиус номи билан танилган ва Аристотель этикасини инновацион таҳлил қилишда Томас Аквинас (русча – Фома Аквинский)дан ташқари барча Ғарб мутафаккирларидан илғорлаб кетган Абу Наср ал-Форобий (тахм. 872–961) араб эмас, балки ҳозирги Қозоғистон ҳудудидан келиб чиққан туркий олим эди.

 

Аббосийлар халифалиги аслида Марказий осиёликлар томонидан ташкил этилганлигини ҳисобга олсак, Марказий осиёлик даҳоларнинг Бағдодда мисли кўрилмаган муҳим роли табиий бўлиб қолади. Ҳа, халифаларнинг ўзлари Шарқда жойлашиб қолган этник араблардан эди, аммо вақт ўтиши билан араблар “маҳаллий тус олдилар” ҳамда ўзлари вояга етган форсий ва туркий дунёга ғарқ бўлдилар. Халифа Ал-Маъмун милодий 818 йилда тайинланганига қарамай, Марказий Осиёни тарк этишдан бош тортди ва мусулмон дунёсининг ҳозирги Туркманистон ҳудудида жойлашган Марв номли бетакрор воҳа шаҳаридан туриб бошқарди. Кейинчалик Бағдодга кўчар экан, у туркий лашкарлари билан бир қаторда ўзи билан форсий ва туркий маданиятлар таъсирининг “қоришмасидан” ҳосил бўлган Марказий Осиёнинг қадриятларини олиб кетади.

 

Марказий Осиёдан Яқин Шарққа кўчиш юнон билим масканларидан Римга қараб ҳаракатланган қадимий “ақллар кўчиши” йўсинида рўй берган. Фарқ шундаки, бир қатор Марказий осиёлик олим ва мутафаккирлар Бағдодга кўчаётган бўлса-да, бир пайтнинг ўзида араб даҳолари Марказий Осиёнинг буюк марказларига интилар эдилар. Гўёки, “ақллар кўчиши” икки томонлама ҳаракатни эслатади. Ал-Беруний яшаган, ҳозирги Туркманистон ҳудудида жойлашган, мислсиз даражада равнақ топган Гурганж шаҳри ҳамда шарқий Афғонистондаги Ғазна шаҳрининг бойликка тўлган саройи араб олимлари учун оҳанрабо бўлиб хизмат қилар эди. Бунинг устига, Бағдодга кетишга мажбур бўлган Марказий осиёлик мутафаккирларнинг ҳаммаси ҳам у ерда қолиб кетишга шошилмас эдилар.

 

Даҳоликнинг гуллаб яшнашини вужудга келтирган ушбу “Марказий Осиё”га қандай ҳудудларни киритишимиз мумкин? Даставвал, 1991 йилда мустақилликка эришган беш “-истон”нинг барчасини, яъни Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонни. Бу интеллектуал “гуллаш”да ҳозирги Афғонистоннинг Балх, Ҳирот ва бошқа буюк шаҳарларининг ўрни ва аҳамияти кам эмас. Бунга қўшимча сифатида ўша сермаҳсул йилларда бир қанча кашфиётчиларни берган бугунги Эроннинг шимоли-шарқида жойлашган Хуросон вилоятининг пойтахти Нишопурни ҳам келтириш лозим. Ушбу “даҳолар ҳудуди”нинг сарҳадлари ҳар доим Марказий Осиёнинг маданий орбитаси қамровига кирган қадимий Қашғар шаҳри ва бир қанча бошқа буюк марказлар жойлашган ҳозирги кундаги Хитойнинг ғарбий чегараларига қадар чўзилар эди.

 

Харитада доира чизиш бир нарса; бутунлай бошқа нарса эса – нима сабабларга кўра ушбу “Катта Марказий Осиё” деб аталиши мумкин бўлган минтақа шундай маданий гуркираш ҳосил қилиши мумкин бўлди, деган саволга жавоб бера олишдир. Гуллаб-яшнаган шаҳарлар маданий ҳаётнинг пойдевори бўлиб хизмат қилган. Ўша даврда бир араб саёҳатчиси ҳозирги Афғонистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни қамраб олган ҳудудни кезиб юрар экан, ҳайратда бу ерларни “минг шаҳарлар ўлкаси” деб атайди. Бир пайтлар ушбу минтақанинг пойтахти бўлмиш қудратли Балх шаҳрининг вайроналари ҳалигача чақиримлар оша Афғонистоннинг ҳозирги Мозори-Шарифдан ғарбда жойлашган ерларига қадар ястаниб ётган. Балх ўз гуркираган даврида Париж, Рим, Пекин ва ёки Деҳлидан каттароқ бўлган. Бошқа барча буюк минтақалар марказлари қатори унда сув айланма тизими, ҳаммомлар ва эртаклардагидек саройлар, ҳамда саройдан ташқарида яшовчилар учун қуёшда пиширилган ғиштлардан қурилган ҳашаматли уйлар бўлган.

 

Шу билан бир қаторда, Балх қитъа бўйлаб амалга оширилган савдо туфайли бойиган. Балх ва Марказий Осиёнинг бошқа тижорий марказларидан савдогарлари Яқин Шарқ, Европа, Хитой ҳамда Ҳиндистоннинг ички ҳудудларига саёҳат қилишган. Бу юртлар савдогарлари эса “Катта Марказий Осиё”нинг гуркираган карвонсаройларига ўзларининг маҳсулотларини олиб келишган. Мусулмон дунёси ва бошқа ерларда қулдорлик кенг тарқалганлиги туфайли бозорларда йирик қул бозорлари ҳам мавжуд бўлган. Олтин, кумуш ва бронзадан қуйилган пуллар ушбу тижорат томир отган тугунлардан то Швециянинг Готланди ҳамда Корея ва Шри-Ланкагача “саёҳат” қилган.

 

Марказий Осиё Евросиёнинг барча буюк маданият ўчоғларини боғловчи йўлларнинг чорраҳасида жойлашган эди. Ҳозирги кунда “Ипак йўли” деб номланмиш мазкур маршрутлар тармоғи шуҳрат чўққисига чиққан даврда барча йўналишларда турли-туман молларни ўтказган. Ҳаво ҳайдаш ёрдамида ишлаб чиқарилган ойна Яқин Шарқдан Хитойга Марказий Осиё орқали тарқалди; қоғоз ишлаб чиқариш ва ипакчилик маданияти Хитойдан ғарбий йўналишда йўлга қўйилди. Аммо Марказий осиёликлар “пассив ўтказгичлар” эмас эдилар. Ярим минг йиллик мобайнида Яқин шарқликлар ҳамда европаликлар Самарқанд қоғозини дунёда энг сифатли деб ҳисоблаган бўлсалар, Европадаги ўрта асрлар ибодатхоналари зебу зийнатлари Фарғона водийсида ишлаб чиқарилган ипакдан тайёрланган.

 

Савдогарлар динларни ташувчи бўлиб ҳам хизмат қилишган. Искандар Зулқарнайн (мил. авв. 356–23) босқини билан келган юнонлар Афғонистондаги ўзларининг янги шаҳарларига Афина, Геркулес, Афродита каби сиғиниш тимсолларини олиб келишган. У пайтда Буддизм минтақа бўйлаб томир отиш учун қулай шароитга эга бўлиб, бу ердан Хитой, Япония ва Кореяга тарқалган. Ўз йўлларида, буддавий санъаткорлар келгинди юнонлардан Буддани скульптурада тасвирлаш фикрини олдилар. Тахминан бир пайтда, минтақа ҳудудида яҳудийлар бирлашмалари, Сурия насроний епископликлари, маникеяликлар жамиятлари шакллана бошлади. Ушбу барча динлар замирида ўлканинг марказий дини – эзгулик ва ёвузлик ўртасида кураш, гуноҳ ва лаънатдан халос бўлиш, жаннат ва дўзах каби тушунчаларга урғу берувчи зардуштийлик ётар эди. Тахминан милоддан аввалги VI ёки VII асрларда яшаган Зардушт Балх вилоятидан чиққан, лекин у асос солган дин ғарбий йўналишда – кейинчалик ушбу динга дуч келган ва унинг таъсирига тушган яҳудийлар яшаган Бобилгача тарқалган. Яҳудийлик орқали зардуштийлик ғоялари даставвал насронийликка, кейинчалик исломга тарқалди.

 

Шу боис VII асрда араб қўшинлари билан келган ислом биз ҳозирда “қиёсий диншунослик” ва “фалсафий таҳлил” деб атайдиган соҳаларда етарли даражада “эксперт” бўлган аҳолига дуч келди. Кўп Марказий осиёликлар исломни қабул қилдилар, бошқалари эса маданий тўлқин мавжи босилмагунга қадар қабул қилишдан бош тортдилар. Қайси динга эътиқод қилишларидан қатъи назар, Марказий осиёликлар моҳир тизимга солувчи ва таҳлилчи бўлиб чиқдилар. Улардан бири – Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (810–870) пайғамбар Муҳаммад а.с.нинг ҳадисларини тўплади, таҳлил қилди ҳамда Қуръондан кейин иккинчи энг муқаддас китоб ҳисобланмиш тўпламни яратди. Дунёвий фикрлар ҳам минтақа бўйлаб тўсиқсиз саёҳат қилиб юрди. Астроном ал-Хоразмий ҳинд рақамлари (ҳамда “0”) ва бошқа рақамлардан фойдаланишни қиёслаб китоб ёзган бўлса, ўзга олимлар ҳинд геометрияси, астрономияси ва ҳатто календар тизимларида фойдали ғояларни излаб чуқур тадқиқ қилдилар. Бундан олдинроқ Марказий осиёликлар турли хил алифболарни (масалан, Сурия ва Ҳиндистон ёзувларини) синовдан ўтказдилар. Бир қатор маҳаллий тиллар пайғамбар Исо а.с. гапирган арама (арамей) тили алифбосини қабул қилиб олишди. Дунёнинг ҳар қандай бошқа бурчагида интеллектуал жиҳатдан бундан-да “очиқ” минтақани тасаввур қилиш мушкул.

 

Марказий осиёликларнинг араб ва хитойликлардан фарқи уларнинг полиглог, яъни кўп тилларни билишларидир. Улар учун кўп сонли тиллар ва алифболар аралашмаси ичида яшаш одатий ҳол ҳисобланган ва қайси пайтда қайси тилга муҳтожлик сезилса, ўша тилда сўзлашишган. Шу тарзда, янги дин олиб келган араб қўшинлари бостириб келганида Марказий Осиёнинг баъзи давлат арбоблари ва мутафаккирлари арабларнинг тили уларга қандай фойда беришини аниқлаш мақсадида мазкур нотаниш тилни ўргандилар. Савдогарлар тез орада классик юнон тилидан эндигина ўгирилган ёзилмалар билан келишни бошладилар. Кўпинча насроний араблар томонидан таржима қилинган ушбу асарлар Марказий осиёликлар учун кутилмаганда фалсафа ва илм соҳасида янги, ўрганилмаган ғоялар очиб берди. Вақт ўтиши билан улар бу жиҳатларни эгаллаб, мазкур соҳаларда ҳатто қадимий юнон мутафаккирларидан ҳам чуқурроқ изланишлар олиб бордилар.

 

Катта Марказий Осиёнинг гуллаб яшнаши “макон, макон ва яна макон” омилининг маҳсулидир. Савдога асосланган фаровонлик ҳамда савдо орқали кириб келган динлар ва ғояларнинг ўзаро қоришмасининг яратилиши ҳам айнан мазкур омил билан изоҳланади. Бироқ савдонинг бир ўзи рўй берган интеллектуал уйғонишга туртки бўла олмас эди, чунки ҳар қандай савдо-сотиқ даҳоликка олиб келмайди. Балки, савдони интеллектуал парвоз учун зарур шарт-шароит сифатида қараш мумкиндир, лекин бунинг ўзи етарли эмас.

 

Бу каби ижодий “портлаш”да дин омили қанчалик даражада муҳим? Кўпчилик учун ислом дини ҳал қилувчи омил бўлган. Ал-Бухорий ўз умрини бағшида этган илмга бел боғлаганида бошқа бир қатор буюк алломалардаги сингари унга ҳам, шубҳасиз, чуқур эьтиқод туртки бўлган. Ал-Форобий эса ўзининг ахлоқшунослик соҳасидаги тадқиқотлари ҳукмрон динни янада мустаҳкамлашига шубҳаланмаган. Бошқалар ал-Форобий фикрига қўшилган ҳолда таъкидлар эдиларки, ҳур фикрлаш ва тадқиқ қилиш динни чорлаши даркор, акси эмас; ва албатта, эътиқод илм-фанни чеклаб қўймаслиги жоиз. Яна бошқалар эса ал-Форобий усулларига очиқдан-очиқ қўшилмасликларини билдирарди ҳамда динга жамият оммаси учун маъқул, интеллектуаллар учун эса номақбул бўшлиқ сифатида қарашар эди. Бундай қараш ҳозирги кунда асосан ўзининг шеърияти билан машҳур бўлган 1048–1123 йилларда яшаган Умар Ҳайёмга тегишли. Ғарбда уни XIX асрда нашр этилган “Умар Ҳайём рубоийлари” деб номланган шеърий тўпламлари орқали билишади.

 

Буларнинг барчаси шундай тахминларни кучайтирадики, интеллектуал “жасорат” дин яратган шарт-шароитлар эмас, балки у яратмаган шарт-шароитлар туфайли юзага келди. Агар Ғарбдаги баъзан илм-фан ва дин ўртасидаги курашни эътиборга оладиган бўлсак, бу омил муҳим ўрин касб этади. Шу билан бир қаторда, ўзининг барча қолган асарларидан ташқари мусиқа назарияси борасида қисқа вақт ичида йирик асар яратган ал-Форобийдек одам бутун оламни ўзининг “чиғаноғи” сифатида кўриб, ўрганиш учун на рухсат ва на далдага муҳтож бўлган.

 

Марказий Осиёнинг “олтин асри”га ўз ҳиссасини қўшган буюк алломаларнинг ранг-баранглиги туфайли минтақанинг мазкур даврни ривожига сабаб бўлган омилларни таъкидлаб кўрсатиш янада мушкулроқ бўлиб қолади. Мутафаккирлардан айримларининг келиб чиқиши бадавлат ер-мулк эгаларидан бўлиб, шунинг  ҳисобига кун  кечирган бўлсалар, ибн-Сино ва ал-Беруний каби бошқалари эса даромадли, юқори лавозимларга тайинланганлар. Бироқ бу каби ҳолатлар қоидадан истиснодир. Мутафаккирларнинг аксарияти тўлиқ иш билан таъминланган олимлар, тадқиқотчилар ва интеллектуаллар, ёки шунга интилганлар эди. Уларни қўллаб-қувватлайдиган университетлар ва академиялар йўқлигини ҳисобга олганда бу бемашаққат фаолият эмас эди. Бир қанча ҳақ тўлаб таҳсил оладиган ўқувчилар йиғилган тақдирда ҳам бу уларга етарлича даромад олиб келмас эди. Шу боис, тақдир тақозоси билан, улар ҳукмдорлар ҳимояси ва ҳомийлиги остида фаолият юритишар эди.

 

Бу эса Марказий Осиёнинг энг улкан афзалликларидан бири эди. Албатта, олимликка бел боғлаган киши Марказий Осиёда туғилган халифа ал-Маъмун асос солган фанлар академияси – “Донишмандлар уйи”га қўшилиш умидида Бағдодга йўл олиши мумкин эди. Бироқ шу билан бир қаторда, минтақа бўйлаб ва ғарбда – Эронда маҳаллий ҳукмдорлар ва саройлар бўлган. Уларнинг барчаси Бағдоднинг ҳурмат-иззатини жойига қўяр экан, ўзларини амалда мустақил деб билишган. Ҳар бир ҳукмдор маълум бир маънода (ўзи учун) халифа бўлиб, мутлақ авторитар тарзда бошқарар ҳамда туркийлардан ташкил топган йирик қўшин ёрдамида ўз ҳудудларини ҳимоя қилар эди. Бироқ улар савдони қўллаб-қувватлар, солиқ йиғар, серҳашам пойтахт шаҳарлар қурар ва энг муҳими – санъат ва илм-фанга беҳисоб маблағ сарфлар эдилар. Ана шундай саройлардан бири ал-Беруний ижод қилган Гурганжда жойлашган. Яна бири ўша вақтдаёқ қадимий девор билан ўралган Самарқанд эди. У шаҳарда 850 ва 1000 йиллар оралиғида Сомонийлар сулоласи бой кутубхонага эга бўлган, мазмунга бой адабий кечаларда олимлар томонидан “Буюк Масалалар” муҳокама қилинган, ҳамда мусиқа ва шеъриятга тўйинган жўшқин ижтимоий муҳит яратилган.

 

Бу ҳукмдорларнинг баъзилари на сахий, на мулойим-меҳрибон бўлган; улар санъат ва илм-фан ҳомийлари сифатида ҳам ажралиб турмаган. Шарқий Афғонистондаги пойтахтдан туриб Маҳмуд Ғазнавий (971–1030) Ҳиндистондан ҳозирги Эроннинг марказигача чўзилган империяни бошқарган. Маҳмуд шафқатсиз ҳукмдор бўлиб, маданиятни зарурат эмас, зеб-зийнат ҳисоблаган. Шунга қарамай, у Ҳиндистон ва ҳиндуизм бўйича кейинчалик биринчи бўлиб кенг-қамровли тадқиқот муаллифи бўлган ал-Беруний ва буюк шоир Абулқосим Фирдавсийни ўз ҳомийлигига олган. Фирдавсийнинг исломдан олдинги Эроннинг маҳобатли манзарасини тасвирлаб берган “Шоҳнома” асари (тахм. 1000 й.) Францияда трубадурларга  ҳам катта таъсир ўтказиб, жаҳон адабиётининг мумтоз асарларидан бири сифатида тан олинган.

 

Марказий Осиёда охирги улкан “маданият энергиянинг портлаши”  Салжуқий турклар ҳукмронлиги остида рўй берди ва тахминан 1037 йилдан бошлаб бир асрдан кўпроқ вақт давом этди. Ўзларининг шарқий пойтахтлари бўлмиш ҳозирги Туркманистоннинг Марв ва бугунги Афғонистон-Эрон чегарасидаги Нишопур шаҳарларидан туриб, улар кўп соҳаларда кашфиётчиларни қўллаб-қувватлади. Улар эришган ютуқлардан бири сифатида кенг жойларни қоплаш учун ишлатиладиган қўшгумбазни келтириш мумкин. Эришилган дастлабки ютуқлар маҳсулини ҳозирда Марвнинг қаровсиз қолган вайроналари мисолида кўришимиз мумкин. Флоренция ибодатхонасидаги Филиппо Брунеллески гумбази ва Санкт-Петербургдаги Авлиё Николай соборидан бошланган “дунё бўйлаб саёҳат” натижасида мазкур кашфиёт Вашингтондаги АҚШ Капитолий биносининг гумбазида ҳам ўз аксини топди.

 

Нима сабабдан Марказий Осиёнинг буюк асри сўнди? “Интеллектуал бўрон”нинг сўнишига энг кенг тарқалган изоҳ сифатида Мўғулистоннинг марказий ерларидан 1218 йилда Чингизхон томонидан уюштирилган мўғуллар босқини келтирилади. Ҳақиқатан ҳам мўғул босқинчилари Марказий Осиёнинг бетакрор шаҳарларининг аксариятини вайронага айлантирди.

 

Лекин қуйидаги уч эътироз бу фаразни шубҳа остига олади. Биринчидан, саноқлиларидан ташқари барча шаҳарлар савдо ва тижорат туфайли тез орада қайта тикланди. Иккинчидан, минтақани яккалаш у ёқда турсин, мўғуллар истилоси “Катта Марказий Осиё”ни Европа ва Осиёнинг бошқа ерлари билан алоқаларини кучайтирди. Босқинчи мўғуллар ўзларининг беқиёс империяси ичида чегаралар ва тўловларни бекор қилишлари туфайли шундай шароит юзага келди. Масалан, XIII асрда Афғонистондан Хитойга саёҳатини Марко Поло ягона “патент” ёки “виза” билан амалга оширди. Маданиятлараро алоқалар интеллектуал гуркирашнинг ажралмас таркибий қисми ҳисобланар экан, мўғуллар даврида бу хусусият томир отди.

 

Учинчидан, 1221 йилда мўғуллар ҳур фикрлиликни бостириш ниятида бўлган тақдирда ҳам (улар ундай қилмадилар, бундай қилишга эҳтиёж ҳам йўқ эди) бундан бир аср олдинроқ юзлаб йиллар давомида бутун Марказий Осиё бўйлаб ҳар жиҳатдан гуллаб-яшнаган маданий юксалишнинг сўниши бошланган эди. Тўғри, XII асрда ҳам Марвда ўндан ортиқ кутубхона (улардан бирида 12 минг жилд бўлган), Бухорода эса 50 нафардан ортиқ алломалар фаолият юритган. Бироқ аллақачон, яъни 1100 йилга келиб интеллектуал ҳаётдаги илмий кашфиётлар ўрнини илмий трактатларнинг тўпламларини тайёрлаш эгаллаган эди. Ўша даврдан сақланиб қолган қўлёзмаларнинг аксарияти асарларнинг асл нусхаси эмас, балки олдинги асарларнинг нусха-кўчирмалари ёки уларга берилган шарҳлар эканлиги аввалги ёрқин аланга сўнганининг ишончли аломатидир.

 

“Кимнинг қўли бор?” деган саволга мўғулларни кўрсатмас эканмиз, унда таназзулнинг асл сабаби қандай бўлиши мумкин? Марказий Осиёдаги буюк шаҳарлар бугун саҳро қуёшида жимжитлик билан ёпилиб турган маъюс вайроналар кўринишини беради. Ғамгинликни фақат тасодифий маврак чакалакзорлари бузади. Уларга қараб киши маданий инқирозда иқлим ўзгариши ёки бошқа экологик жараёнларни айблашга жазм қилади. Лекин минтақанинг экологик тарихи борасида аксарият изланишлар шундай хулосага келадики, Марказий Осиёнинг “олтин даври”даги иқлим ҳозирги кундаги иқлим билан деярли бир хил бўлиб, асосий ўзгариш минтақанинг бир пайтлар ифтихори бўлмиш суғориш тизимида рўй берган.

 

Мўғуллар ва экологияни истисно қилганда ўлканинг таназзулга юз тутишига камида тўрт омил сабаб бўлган. Биринчидан ва балки энг муҳими, ҳеч нарса абадий эмас. Мумтоз Афинанинг олтин даври базўр бир асрга чўзилди, ундан кейин шаҳар пастроқ, кумуш даврга чўкди. Европадаги Уйғониш даври шаҳарларининг саноқлисида гуркираган давр бир ярим асрга етди. Чўққига етгач, инқироз томон юз тутиш табиий ва муқаррардир.

 

Марказий Осиё мисолида эса, ғарброқда жойлашган арабларга қараганда ҳам кўпроқ қадимги Юнонистон, Яқин Шарқ ва Ҳиндистондан келган чексиз ва нотаниш ғоялар йиғилмаларини эгаллаб, ўзларига мослаш даъвати оригинал тафаккур шаклланишига кучли туртки бўлган. 1100 йилга келиб бундай натижага эришиб бўлинган эди; ундан кейин ҳеч қандай нисбатан чуқурроқ янги изланиш қирралари топилмади. Европадаги Уйғониш даври, албатта, шундай туртки бўлиши мумкин эди, бироқ бу вақтга келиб цивилизацияларни бир пайтлар боғлаган буюк савдо йўллари сўнган, ҳамда Марказий Осиёнинг тушкунлиги ва изоляцияси “мустаҳкамланаётган” эди.

 

Иккинчидан, маданиятлар ва уларнинг бир қисми бўлмиш динлар динамизм, ўз-ўзига ишонч, тажриба ўтказиш ва ниҳоят, ортодоксал қотиб қолишдан иборат жараёнини бошдан кечиради. Марказий Осиёда бу жараён аввалроқ зардуштийлик ва буддапарастлик мисолида ўтган эди. Ислом динида эса ижодий тафаккурнинг энг юксак равнақ топиши эрта бошланди, яъни 800–1100 йилларга тўғри келди. Ортодоксал қотиш ҳам нисбатан эрта вужудга келди, лекин 1100 йилгача ўз чўққисига етмади. Ҳатто ўшанда ҳам яна тахминан бир аср мобайнида интеллектуал жўшқинлик сақланган бир неча якка тартибда “аванпост”лар қолган эди. Бироқ форсий ва туркий Марказий Осиёда араб дунёси маркази ва Эрондагидек маълум суръатлар билан мустаҳкамланаётган мусулмон ортодоксал қотишдан келиб чиққан талаблар эркин фикрлилик ва гуманизм ривож топиши мумкин бўлган соҳани тобора торайтириб борди.

 

“Катта Марказий Осиё”да эркин интеллектуал ҳаётнинг сўнишига ўз ҳиссасини қўшган ушбу “морфологик” воқеликлардан ташқари, учинчи, ўзига хос омил ётарди: ислом дини ичидаги сунний-шиа ажралиши. Мазкур фундаментал бўлиниш Муҳаммад а.с.нинг 632 йилдаги вафотидан кейинги биринчи авлодга бориб тақалади. Дамашқда биринчи халифалик вужудга келиш вақтига келиб, суннийлар бутун мусулмон дунёсида мустаҳкам ҳукмронлик қилишарди. Бунга истисно тарзда Мисрда шиа сулоласи ҳисобланган Фотимийлар 968–1171 йилларда ҳокимиятда бўлдилар. Аммо ҳатто Фотимийлар ҳокимияти қулашидан олдинроқ шиалик тарафдорлари шарққа томон қувғинга учрадилар ҳамда эътиқодлараро низо маркази Эрон ва Марказий Осиёга кўчди. Шу тариқа минтақа бўйлаб ҳукмдор сунний подшолар эътиқод бўлинишига мойил бўлган шубҳа остидагиларга нисбатан сиқувни кучайтирдилар.

 

Аёнки, ўзгаришлар ҳур фикр тарафдорларига нисбатан қаттиқ зарба бўлди, аммо суннийларга ҳам таъсири кам бўлмади. Марказий Осиё ғарбий сарҳадлари (ҳозирги шарқий Эрон)нинг Тус шаҳрида ижод қилган икки шахс бунга ёрқин мисол бўла олади. Биринчиси Низом ул-Мулк (1018–92) – юксак иқтидорли бошқарувчи ва қолаверса, даврнинг энг олди сиёсатшуносларидан бири эди. Низом ул-Мулкнинг устозлари уни Марказий Осиё Уйғониш даврининг энг ёрқин мутафаккирлари асарлари билан таништирган эди. Лекин унинг салжуқийлар империяси вазири этиб тайинланиши пайтига келиб, шиа мухолифатига қарши кураш авжга чиққан эди. Ҳар тарафдан келган хавфнинг олдини олиш мақсадида Низом ул-Мулк ортодоксал сунний исломни “мияга қуйиш” ва ёш авлодни чуқур билимли, лекин мазкур эътиқодга содиқ қилиб тарбиялаш учун мадрасалар тармоғини яратиш таклифи билан чиқди. Битирувчилар нафақат шиаларнинг ажралишини, балки ортодоксал оқимдан оғиши шубҳаланган ҳар қандай ғояларни рад этишлари зарур эди.

 

Иккинчи “ислоҳотчи” шахс файласуф ва дин арбоби Абу Ҳамид Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ғаззолий (1058–1111) бўлиб, у идрокнинг чекланмаган равишда қўлланилишига қарши бевосита ҳужум бошлади. Унинг энг машҳур¬ асари сарлавҳасидан хулоса чиқариш мумкин: “Файласуфларнинг (яъни олимларнинг) мантиқсизлиги”. Ф.Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” асари қаҳрамони буюк инквизитор сингари, ал-Ғаззолий ўзининг ғанимлари (бу ерда – ўлканинг энг олди олимларини ўзига жалб қилган Аристотель эмпиризми)ни пухта билар эди. Аристотелни танқид остига олар экан, ал-Ғаззолий вайрон қилувчи таъсир билан ўз замонасининг барча рационалистларини сиқувга олди.

 

Низом ул-Мулк ва ал-Ғаззолий биргаликда Марказий Осиёда уч аср давомида барпо этилган эркин тафаккурга парда тортдилар. Бироқ буни Марказий осиёликлар ўзларига хос топқирлик билан қарши олдилар. Эътиқоднинг сиртқи шакллари мустаҳкамланган ва қотирилган бир пайтда улар индивидуал маънавийликка янги қизиқиш уйғотдилар. Уларнинг тасаввуфга асосланган худога сиғинишга эришишнинг юксак даражадаги шахсий тизими на китоблар, на иерархия ва на масжидлар талаб қилар эди. Бу оқим сўфизм деб ном олди. Марказий осиёликлар тасарруфида тайёр ишланган бундай тасаввуф ва шахсий сиғиниш шакллари мавжуд эди. Бунга ўхшаш кўникмалар ҳиндуист Ҳиндистон билан алоқада бўлганликлари ҳамда ўлканинг савдо марказларида кенг тарқалган ва ўзларининг динига айланган буддапарастлик, Сурия насронийлиги ва ҳатто яҳудийликнинг бой маҳаллий анъаналари туфайли ҳосил қилинган эди. Сўфизмга бу каби эътиқод турларининг тасаввуф борасидаги ҳиссаси хусусида баҳслар давом этишига қарамай, бир нарса аён: дастлабки сўфийлар араблар бўлса-да, Марказий Осиё сўфизмнинг юрагига айланган. Дастлабки ва энг олди сўфий ҳаракатлар бу ерда вужудга келди ва шу ердан бутун мусулмон дунёсига тарқалди. Бугунги кунда Румий, Аттор ва бошқаларнинг сўфизмни мадҳ этувчи шеърлари Янги Даврга эргашишни келтириб чиқарди, лекин ўзларининг даврида улар ташқи омма дунёсидан қочиб, ички дунёга қарашга ундаганлар.

 

Марказий Осиё 1100 йилдан ҳам кейин жаҳон нигоҳидан асло четда қолмади. XIV асрда Ғарбда Темурланг (Тамерлан) номи билан танилган Амир Темур Деҳлидан Ўрта Ер денгизининг шарқий соҳилларигача бўлган дунёни босиб олиб, ўзининг қайта тикланган пойтахти Самарқандда олим ва ижодкорларни тўплади. Бир асрдан сўнг Бобур Фарғона водийсидан чиқиб, Ҳиндистонда мўғуллар сулоласига асос солди. Иқтидорли ёзувчи бўлган Бобур Марказий Осиёнинг қадимги анъанасини тарк этмаган ҳолда ўз саройига иқтидорли ижодкорларни жам этди.

 

Бироқ Марказий Осиё 800-1100 йиллар орасида эришган интеллектуал шукуҳини қайтара олмади. Юқори бўлган маҳаллий (божхона) тўловлар фаровонлик ва маданиятлараро мулоқотни туғдирган “олтин ғоз”ни чўктирди. Диний ортодоксаллик ўлканинг энг ўзига хос мутафаккирларини “бўғди”. Таназзулга юз тутар экан, Марказий Осиё вақт ўтиши билан бутун Евросиёнинг юксак маданияти маркази бўлишликдан маҳрум бўлиб, одам оёғи етмайдиган ва чанг босган хилватгоҳ мақомига тушиб қолди.

 

Худди ана шундай зулматга ботган жойдан Дэн Разер 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин Афғонистон ва минтақадан репортажлар олиб борди. Камуфляжли жакет кийиб олиб, репортажларини фақат кун чиқар ва кун ботарда тасвирга тушириб, у минтақани бориб бўлмайдиган, қолоқ, экзотик, чет ва хатарли, бир сўз билан айтганда – дунёнинг охири, деган маънода тақдим қиларди. Гўёки, ибн-Сино, ал-Беруний ва бошқа бир қатор жаҳон тан олган даҳолар бу ерларда яшамагандек.

 

Дэн Разернинг тасвиридаги Марказий Осиё эсга олса арзигулик минтақа сиймосида бўлса-да, бундай ҳолат бир қатор аянчли хулосалар келтириб чиқаради. Бир томондан, бу ўлка шундай жойни мужассам этадики, АҚШ ва жаҳон ҳамжамиятининг ечимини топишга умид қилса бўладиган энг асосий ташвиши – бу минтақадан келиб чиқаётган хавф-xатарни чеклаш. Бу ўз навбатида, бизга хавф солаётган ҳар қандай нарсани бузиб ташлаб, бу ерни тарк этишни назарда тутади. Бундай ёндашув билан боғлиқ муаммо шундан иборатки, бу нарса кейинчалик ўзимизга хизмат қиладиган қуролга айланиши мумкин, чунки назаримиздаги умидсизликка, тушкунликка тушган ўлка ҳақиқатан ҳам шундай бўлиб қолади ва бундан ҳам кўпроқ хавф туғдирувчи минтақага айланади. Марказий Осиё ва Афғонистоннинг тўрт – яқин келажакда, эҳтимол, беш – ядро қуролига эга бўлган давлатлар орасида жойлашганлиги масалани ечишга ёрдам бермайди.

 

Шўролар ва толиблар ҳукмидан халос бўлганидан бери бу минтақада қитъа бўйлаб қадимий савдо йўллари қайта жонлана бошлади. Европага учаётган ҳиндистонлик ва кореяликлар бу ерда тўхтаб ўтишади. Олти давлат ва шунча халқаро молиявий ташкилотлар мазкур минтақада яқин келажакда Европа, Хитой, Ҳиндистон ва Яқин Шарқни боғловчи автомагистраллар барпо этиш билан банд. Бу ишларнинг марказий бошқаришсиз амалга оширилаётгани шундан далолатки, буларнинг даражаси ва кўлами шу пайтгача эътибор жалб қилмади. Бироқ йўллар қурилиши ҳозир тўхтатиб бўлмайдиган даражадаги кучга айланди. Европа ва Хитойни боғловчи маршрутлар очилиши, Афғонистон орқали Араб денгизи, Ҳиндистон, Жануби-шарқий Осиёни Яқин Шарқ, Хитой ва Ҳиндистон билан туташтирувчи йўллар келаётган ўн йилликда бутун Евросиё қитъасини ўзгартириб юборади. Вужудга келаётган шарт-шароитларнинг камдан ками мутлақ янги кашфиётдир. Ҳақиқатан, янги барпо этилаётган транспорт тизими қандай кўринишда бўлар экан, деган савол билан қизиқаётган ҳар қандай киши аввал “олтин давр”даги савдо йўлларини ўрганиб чиқиши лозим.

 

Шу тарзда, 1991 ва 2001 йиллар оралиғида Марказий Осиёнинг “очилиши” минтақани интеллектуал жиҳатдан ҳам ўзгаришига олиб келмоқда. Минтақанинг ўн минглаб талабалари энг олди хориж университетларига ўқишга юборилди. Минг йил аввал аждодлари бел боғлаган маърифатпарварлик руҳида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари бу ёшларга энг замонавий билимлар олишлари ва уларни Ватанга олиб қайтишлари учун ҳомийлик кўрсатдилар. Бу ёшлар ўзларининг минтақасини глобал ғоялар дунёси билан қайтадан боғлаш учун астойдил ниятлар билан қайтишмоқда. Кейинги ўн йиллик мобайнида мазкур ёш йигит-қизлар жамиятларида ва бутун минтақада етакчи ўринларни эгаллайдилар. Ҳатто Афғонистонда Миллий университет, Америка университети ҳамда минглаб мактаблар ўсиб келаётган авлодга янги имкониятлар яратмоқда.

 

Ўсиб келаётган авлоднинг имконият уфқларини торайтириш ва уларнинг орзуларини чеклаш хавфи мавжуд. Баъзи ёшларнинг диний фундаментали ташкилотларга ёки тор миллатчилик гуруҳларга жалб этилиши ҳам ташвишли ҳолат. Лекин Марказий осиёликлар шахсни улуғлайдиган, ҳар бир шахсни идрок ва донолик мазмунда белгилайдиган ва ўша шахсни глобал тараққиётнинг асосий оқимларига жойлаштирадиган тайёр юксак маънавиятли ўтмиш эгаларидир. Бу – 300 йил мобайнида ўзларининг минтақаларини интеллектуал дунё марказига айлантирган буюк анъанадир.

 

Агар бу нарса ҳозирги кунда минтақада истиқомат қилаётганлар учун чақириқ бўлса, уларнинг халқаро шерикларига эса – минтақа мамлакатларини шахмат тахтасида турткиланадиган, маданий жиҳатдан инерт объектлар сифатида эмас, балки суверен давлатлар сифатида қабул қилишдир. Уларга шунчаки, Владимир Путин ҳукумати таъбири билан айтганда, “бизнинг махсус манфаатларимиз доираси” сифатида; хитойликлар назаридаги хомашё манбаи сифатида; ёки АҚШ назаридаги Қобулга сафар чоғида ёқилғи учун тўхташ жойи сифатида қараш етарли эмас. Бундан мақбулроқ муқобил шундан иборатки, буюк империяларни ва янада каттароқ савдо зоналарини бошқариш, дунёнинг бошқа маданий марказлари билан тенглар орасида мулоқотда бўлиш ҳамда ўзларининг ноёб географик жойлашувларидан фойдаланган ҳолда цивилизациялар ўртасида алоқа ва кўприкка айланиш салоҳияти қаердадир бу халқларнинг ДНКсида мавжудлигини тан олиш керак. Бу каби огоҳлик ҳамма томонларда ишонч даражасини кўтаради ва минтақанинг халқаро шерикларини Марказий Осиёга геосиёсий ўйин объектидан муҳимроқ макон сифатида қарашга ундайди.

 

Бу эса, ўз навбатида, осон кечмайди, лекин буни бошлаш учун муҳим шарт Марказий Осиёнинг ўтмиши ҳақида чуқурроқ билим ҳосил қилишдан иборатдир.

 

Стивен Фредерик СТАРР,

профессор, Марказий Осиё ва Кавказ институти директори

 

“Марказий Осиёни қайта кашф этиб” мақоласи

 

 Ушбу мақола АҚШда чоп этилган: Rediscovering Central Asia /Summer 2009. Wilson Quarterly. 33–43 p

 

Муаллиф ҳақида: Фредерик Старр Жонс Хопкинс университетининг Пол Нитце номидаги Халқаро муносабатлар олий мактаби ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси. У Вудро Вильсон марказининг Кеннан институти таъсисчи раиси, Оберлин коллежи ҳамда Аспен институти президенти сифатида хизмат қилган. У ўз иш фаолиятини Туркияда археологик тадқиқотлар ва Принстон университетида интеллектуал тарих фанидан дарс беришдан бошлаган. 2005 йил апрель ойида мутахассислар орасида баҳс ва мунозарага сабаб бўлган “Катта Марказий Осиё” концепциясининг тақдимотини ўтказди. Олим Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзоси ва жамиятнинг лойиҳалари фаол иштирокчиси.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//